Роберт Луис Стивенсон (1850-1894)

Роберт Луис Стивенсон (Robert Louis Stevenson, 13 ноябрь 1850, Эдинбург — 3 декабрь 1894, Уполу, Самоа) — шотландиялик ёзувчи ва шоир, бир қанча роман ва қиссалар муаллифи.Дастлаб Эдинбург академиясида, сўнг Эдинбург университетининг юридик факультетида таълим олган.Унинг биринчи китоби «Пентланде қўзғолони» номи билан 1866 йили чоп этилган. Уни дунёга машҳур қилган асар эса «Хазиналар ороли» («Treasure Island» 1883) саргузашт романидир. Шундан сўнг ёзувчининг «Қирол Отто» («Prince Otto» 1885), «Ўғирланган» («Kidnapped» 1886), «Қора найза» («The Black Arrow» 1888), «Баллантре соҳиби» (The Master of Ballantrae, 1889), «Катриона» («Catriona» 1893), «Меросхўр», «Сент-Ив» («St. Ives», Стивенсо ўлимидан сўнг А. Квиллер Куч томонидан тугатилган, 1897) романлари дунё юзини кўрди. Стивенсоннинг сўнгги романи «Уир Гермистон» («Weir of Hermiston» 1896) тугалланмай қолган.

“БУ УЙ МЕНГА БЕГОНА…”

Бу уй менга бегона, қайга олиб кетай бош?
Очлик азоблайди, лек кетмоқлигим шарт.
Аёз шамол елар тепаликлар узра,
Қуяр шаррос ёмғир, кулбам омонат.
Бир замонлар шундай оқиллар яшаб,
Дилдан сўзлашлари қалбга бўлган чўғ.
Гулхан ёнидаги ёришган ҳар юз
Бугун ўтмиш бўлди, энди қайтиш йўқ.

Ўшанда уй эди уйим, азизим,
Меҳрибонларим-ла бут эди ҳаёт.
Гулхан нури ўйнаб деразаларда,
Ёқимли бир қўшиқ янграрди бот-бот.
Энди тонглар отар маҳзундан-маҳзун,
Уйим ёлғиз қолди, мўри ҳам совуқ.
Қандай ёмон – дўстсиз танҳо қолмоқлик,
Энди яқиним ҳам, ғамгузор ҳам йўқ.

Кўклам келар яна, сайрагай қушлар,
Кўклам олиб келгай қуёшни, гулни.
Тепаликлар узра гуллар арчагул,
Майин ёмғир ёғар сийпалаб уйни.
Кунлар шундай бўлган болалигимда,
Энди эшик очиқ, кулбам омонат.
Мўри устида ҳам куйлар қушчалар,
Бироқ мен қайтмасман, кетгум тоабад.

ЎТИНЧ

Кенг, юлдузли осмон остидан
Қабр кавлаб, ётқизинг мени.
Бахтли яшаб, бахтли ўлгум мен,
Шундай якунлайман умримни.
Ваҳоланки бу қабр эмас,
Руҳим Арши Аълода кезгай.
Менинг уйим ҳув денгиз эди,
Ўзим эса ўтдим овчидай.

ОРЗУ ЎЛИМИ

Гар беқарор, тинимсизман мен
Толеъ излаб бўлдим саросар.
Магар бахтим бой бериб қўйсам
Ҳаёт нури чеҳрамда сўнар.
Бахт куларкан бахтиёр кўзда,
У умримдан кетди барибир.
Ёз ёмғири китобим ювиб,
Қилар маъюс кўнглимни дилгир.
Ё, Худойим, роҳат ато эт,
Пичоқлама руҳимни бир зум.
Гарчи бебахт ўлиб кетсам ҳам
Раббим, сенинг номинг ёд этгум.
Қисматимни шўр қилди, э-воҳ,
Аччиқ азоб, шармисор гуноҳ!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси