Альфред Теннисон (1809-1892)

Альфред Теннисон (Alfred Tennyson) Англиянинг Сомерсби манзилида таваллуд топган. “Улисс”, “Тритонус”, “Артур Холламнинг хотирасига”, “Қиролнинг хаёллари”, “Парчалан, о, денгиз, парчалан” каби юксак лирик шеърлар муаллифи.

“ПАРЧАЛАН, О, ДЕНГИЗ, ПАРЧАЛАН…”

Парчалан, о, денгиз, парчалан,
Муздай, қора тошлар узра, сен.
Менинг эса тилим айланиб,
Хаёлларим қайта уйғонсин.

Қандай фараҳ – балиқчи ўғли
Опаси ила кулмоқда яна.
О, бир ёқда денгизчи йигит
Куйлар кўрфаз томонда, ана.

Тепаликлар олдидан сокин
Сузиб ўтар улкан кемалар.
Ҳайҳот, улар қолдирган соғинч,
Айрилиқ дилимни тимдалар.

Сен эса парчалан, парчалан,
Қояларинг остида, денгиз.
Эвоҳ, менга қадрдон кунлар
Жўшқин ҳаёт қайтмагай ҳаргиз.

ЁЗ ОҚШОМИ

Қандай гўзал ухлар қирмизи гулбарг,
Мавж урма тўлқин – сувлар оқиши.
Балиқлар ҳам ором оларлар сувда,
Мени уйғотади ари товуши.

Кўз олдимда оппоқ товус товланиб,
Оппоқ руҳдай ял-ял ёнар қаршимда.
Замин бошин қўйиб само кўксига
Гўё кўнглин менга этар бахшида.

Кўкдан думли юлдуз учиб тушару
Бутун ўйларимга солар қасирға.
Нилуфаргул чўчиб йиғар баргларин
Ва аста беркинар кўлнинг бағрига…

“ЁШЛАР, МАЖРУҲ ЁШЛАР…”

Ёшлар, мажруҳ ёшлар, билмам, не улар,
Илоҳий ғариблик қаъридан чиқиб
Кўзимдан тўкилар, тўкилар…
Кузги далаларга боқарканман жим,
Ўйларман кунларим ҳеч қайтмаслигин.

Асов денгиз узра милтираб илк нур,
Эслатади менга сотқин “дўст”ларим.
Йиғидан қизарар тағин кўзларим –
Денгизга кўмаман бори меҳримни,
О, қанчалар азоб – қайтмас кунларим.

Оқара бошлаган ёз саҳарида
Энг эрта куйлаган қушлардай ҳазин
Сўнган кўзларимга дард тўлар маҳзун.
Хандон отган боғлар қайғумни билмас,
Шунча ғам дилимда – кутган кун келмас.

Бир кун ўлиб кетсам, эслашар балки
Умидсиз, чорасиз хазон баргидай.
Барибир севаман ҳаммани бирдай!
Илк севгимдай чуқур, дардимдай оғир,
Нетайки, янги кун тугади охир!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси