Ўлжас Сулаймонов (1936)

Қозоқ шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бири Ўлжас Сулаймонов (Олжас Омарұлы Сүлейменов) 1936 йили Олмаотада таваллуд топган. 1954 йилда Қозоғистон Давлат университетининг геология-қидирув факультетига ўқишга кириб, уни битиргач, 1958-61 йилларда Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олади.
Шоирнинг 1961 йили чоп этилган «Арғумоқлар» номли илк шеърий тўплами адабий жамоатчилик орасида катта эътибор қозонади. Кейинчалик унинг «Қуёшли тунлар», «Тун – парижлик қиз», «Маймун йили», «Сопол китоб» номли шеърий тўпламлари ҳам нашр этилади.
1961 йили шоир бир неча кун ичида Инсоннинг коинотга илк парвозини куйлаган «Замин, инсонга таъзим айла!» достонини яратади. Бу достон унга оламшумул шуҳрат келтиради.
Шоирнинг 1975 йили чоп этилган «Аз и Я» асари катта шов-шувга сабаб бўлади, бироқ 100 минг ададда босилган мазкур китоб дўконлардан, кутубхоналардан йиғиштириб олинади. Ўша давр салтанатининг юксак доираларида бу нашр мафкурага қарши руҳда ёзилган китоб сифатида қаттиқ қораланади.
Америкада чоп этиладиган «Коммунизм муаммолари» журнали 1986 йилдаги нашрида «Аз и Я»ни қайта қуришни тайёрлаган саноқли китоблар қаторида қайд этиб, А.Солженициннинг «Гулаг архипелаги»дан кейинги – иккинчи ўринга қўйган.
Сўнгги йилларда шоирнинг туркий дунё тарихига доир кўплаб йирик тадқиқотлари эълон қилинди. Унинг фаолияти кўплаб юксак мукофотларга, шунингдек, «Туркий дунёга қўшган ҳиссаси учун» (2002 йил, Туркия) мукофотига ҳам сазовор бўлган.
Шоирнинг шеърлари, янги илмий мулоҳазаларга бой асарлари жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинган ва қилинмоқда.

АРҒУМОҚ

Йилқиси билан машҳур,
Қадим қипчоқ ерида
Оқиб боради уюр
Куйган ўтлар селида.
Томиримда қайнар қон,
Тулпоридан сайлаб бер.
Елдирай мисли бўрон,
Остин-устин бўлсин ер.
Еллар аланга солсин
Арғумоқнинг қонига.
Қиёқ,алафлар қолсин
Туёқлар тўзонида.
Ҳужум,яшаш — бу надир,
Арғумоқ билиб қўйсин.
Жасорат бизга тақдир,
Сўқмоқлар гулдурасин!

ОҚСОҚ ҚУЛОН

Еттисув даштида ёввойи отлар
Уймаланиб турар,
Қирлардан ногоҳ
Намхуш ел кифтида келар булутлар,
И-и-и,
Дупур-дупурларга тўлар ҳаммаёқ.
Гумбур-гумбурлар.
Қуёшни бўйлар излар.
Туёқлар чатнайди шўрхок ерларда.
Қора қулон
оқсаб-тўқсаб югурар,
И-и-и,
Қонлари кўпирар томирда.
Қора қулон
Очликка балогардон,
Чўнг олишув – пайтида синган оёқ-ла,
Ожизлигин билдирмай,
Қари билимдон
Қулонларни шитоб ҳайдар сувлоққа.
Ҳар тун у тепада турар қаққайиб,
Оёғин кўтариб,
қўриқлар уюрни.
Отлар онт ичганлар “Қуръонни қўйиб”–
Мангу итоаткорлик буюрилган.
Ўзиш мумкин эмас..
Сочилиб ёллар,
Ҳилпирайди айғир ортидан бутун.
Уриб-суринишар терлаган танлар,
Бул оқсоқдан ўтиб кетмаслик –
Қонун!
Майсалар топталган.
Дарёлар лойқа.
Айғир сувга кирар биринчи бўлиб.
Сув ичар.
Дам берар салқи қовоққа,
Оёғин сездирмай қўяр кўтариб.
Уюр тек, тош қотди.
Ҳидлайди… Даҳшат.
Бўрилар ҳидлари сузар ҳавода.
Ич!
Бўлма безовта.
Қоровул – сергак.
Тўлқинлар сут каби оппоқ – дарёда.
Ҳа, булар ёввойи.
Титрашмас бироқ,
Вужудин қамраган туйғулар қизғин.
Жангларда асқотар – тишлайман сиртмоқ,
Ҳам шукроналикни ўрганаман мен.
Айғир сувга қонди.
Чиқди қирғоққа,
Силкинди ва кетди тепалик томон.
Отлар-чи, отилди бирдан сувлоққа, –
Бўғзигача сувга ботдилар шу он.
Дашт дарёси, ёҳу, қуриди секин,
Бетоқат тутоқар пастлик – этаклар.
Ҳансираб, ютоқиб ичишар бетин
Тентаксой сувини ёввойи отлар…

Азим Суюн таржимаси

САРАТОН

Оҳ, бир хотин,
Чанг босган олма тагида
Ухлаб ётар чалқанча,
Шилдирар ариқ,
Ўйнайди кун нурлари кўкрагида,
Эзилган бедазорда ғўнғиллар ари.

Отда оғиб бораман ўқ ариққа,
Ваҳ, бир хотин,
Сочлари вайрон хотин,
Ўйнар кафтдек кун нури кўкрагида,
Уялиб четга қарар қариган отим.

Шавкат Раҳмон таржимаси

САМАД ОҚИННИНГ АЙТГАНЛАРИ

(19-аср)

Самад Озарбой оқиннинг ёш,чиройли заифасини олиб қочди. Айтичлари-ча,илгаритдан аҳду паймонлари бор экан.Ушлаб келдилар.Иккаласининг тақдири Озарбой қўлида қолди.
Чилвирда бўғланган Самадни ўтовга кираверишда отдан ташладилар.Самад қийналиб ўрнидан турди.Озарбойнинг ўғли Алибек эса кулимсираб бир силтовда арқонни икки жойидан кесди.Самад оёқлари остида кулча бўлиб ётган икки бўлак чилвирга ижирғаниб қаради-ю тепворди.
Қора терга ботган отлар пишқирганча,ўтов атрофида босилган майсаларни искар.
Самад увишган билакларини уқалаб,ўтовнинг нимқоронғИ ичкарисига тикилиб туриб бир сўз айтар:

«…Аксимга тикилдим
совуқ бодлардан
Жимирлаган кўлда —
қайғирмадим-а.
Ҳар кимнинг юкини тортдим отлардай,
Оч ётдим оч чўлда —
қайғирмадим-а.
Яхши-ла ҳамиша борим бўлишдим,
Ёмон-ла ўлишдим —
қайғирмадим-а.
Саҳарлар — қурумда,
қаро тунлари
Қорларда чўмилдим —
қайғирмадим-а.
Йўл олди хуржунга ёвош аёлим
нону туз солмади —
қайғирмадим-а.
Бир дўстим бўлса деб,эзилди жоним,
орзум ушалмади —
қайғирмадим-а.
Тиззамга ўтқизиб, силаб, суюниб
суймадим ўғлимни —
қайғирмадим-а.
Қувиб бўлмади бахт — учқур буғуни
ҳаттоки бурулда —
қайғирмадим-а.
Ҳар тош панасида пойлади ўлим —
Эгри пичоқ билан,
қайғирмадим-а.
Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
мумкинмас умрни қайта бошламоқ.
Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
ўтарман юзлардан сирғалган елдай,
ўтарман, оғриқни сезмас вужудим,
ҳасрат-да,соғинч-да қайтадан келмас.
Фақат бир нарсадан қайғирар дилим,
сесканиб тураркан ўлим сасидан,
ҳеч қайда кўрмадим сулувроқ келин
Озарбой оқиннинг заифасидай.

Самад буни бир нафасда куйлади. Шошилмай,зўриқмай куйлади. Қоронғида гавдаси келишганроқ,юзи кўркамроқ туюлди.
Кундузи у хунук кўринар — қиёфасига овози етишмасди.
Шундагина йиғинларда уни кўп кўрганимизни,бироқ овозини эшитмаганимизни эсладим.
Бирдан ўтовга киришдаги парда кўтарилди.Ичкаридан паст бўйли Озарбой қария чиқди.
— Алибек! — чақирди ўғлини.
— Шу ердаман,ота.
— Иккита от бер,кетишсин!
— Ота?!
— Эсон-омон кетишсин!
Озарбойнинг ортида юзини гулдор рўмолда қия тўсган Баян кўринди.Самад бурул отига Баянни ўтқазди.Ўзи Алибекнинг отини тутиб,бир сапчиб эгарга минди-ю,иккаласи қоронғИ чўл қаърида ғойиб бўлди.
— Ота! — қичқирди Алибек чўнқайиб ўтирганича аламидан йиғламсираб.
— Қулоқ сол,болам.Сизларам эшитинг! Йигит Самад мени шарманда қилди.Бироқ шоир Самад Озарбой оқин довруғини давом эттиради.Гўшт пишдими,айланайлар?
— Пишуб қолди,ота, — жавоб берди жаранглаган овозда оқ жовлик кийган жувон.
— Ким очиққан бўлса,кирсин, — деди-ю мўтабар қария ўтовга кириб кетди.

Шавкат Раҳмон таржимаси

АРҒУМОҚ

Тулпори билан машҳур,
Эй, поёни йўқ диёр!
Қара, кезар ҳов уюр,
Яшнар чўлда майсазор.
Бергин
Қоратўриғин,
Шамолларга келур бас.
Устида эгиб бўйин,
Парвоз этай бир нафас.
Сезсин ел алангасин
Арғумоқ ҳам ўзида;
Қизғалдоқлар порласин
Унинг қора кўзида.
Майли, кураш нелигин
Билиб қўйсин арғумоқ.
Олға йўл бору доим,
Ортга йўл йўқдир бироқ…


ҚИЗҚУВДИ

Қувиб ет қани, йигит,
Аяма отни, йигит,
Севсангу бўлсанг ўктам,
От етажак ўлса ҳам.
Севаман сени, йигит,
Етгину тез,
Ўп маҳкам.
Бўсага интиқ юзим
Қизиб кетди уятдан.
Еллар мени қувмоқда,
Кўкрагимга тўшалиб
Қучмоқда, эҳ, қучмоқда…
Сен эса ортда, йигит!
Кўкда ой ҳам кулар жим,
Мен ёлғиз,
Ҳамон ёлғиз.
Тизгин тутган қўлларим
Қаҳрдан бўлар қонсиз.
Одамлар,
Эҳ, ношуд одамлар,
Ер бўлди-ку чавандоз донғи.
Тутқазибсиз жасур йигитга,
Тутқазибсиз ёвқур йигитга
Ва келишган, мағрур йигитга
Учқур тулпор эмас,
Қирчанғи!..

* * *

Ёзда бир қиз келди
жануб шаҳарга, бир
жуфт кокилида
бир жуфт оқ бантик.
Кўҳликкина қиз,
исми унинг — Белла.

Шу ерлик болалар кўнглида ғулу.
Ювиниб-таранган,
оёқда шиппак,
дераза тагида ўралишарди,
гап отишарди.
Фаррошлар, негадир, жеркиб беришди:
бундай шўхликларга йўл қўйилмайди.

Лек қизча,
барибир биттаси билан дўстлашиб олди —
дераза тагига келар ҳар тонгда
кичкина бир бола
ва бўйин чўзиб,
қизчани чақирар чўчиб, аланглаб:
— Бел-ла…

Қизча олмахондай тушар зинадан,
сўнгра қўл ушлашиб сойга чопишар.
Онаси ҳам дилдан ўзича хурсанд:
зўр қуёш, соф ҳаво, сув ва қизчаси.
Бир куни келдию телеграмма,
тунги самолётда учиб кетишди.
Ёз-ку тугамовди. Тонг пайти эса
бола овоз берар одатдагидек:
— Бел-ла…
Балконга чиқаман ва кузатаман.
Бола чақиради секин, хотиржам:
— Бел-ла…
Ясаниб кийинган — тунги шиппакда,
озода калта шим тиззасигача:
— Бел-ла…
Уришиб бердим мен:
— Учиб кетди у.
Гўдак шахт қаради
йигитларга хос.
Тўнғиллади (балки “Сенга дахли йўқ”),
сўнгра давом этди ўз қўшиғини.

Ҳар куни эрталаб,
сиз ишонмайсиз,
бевадек бўзлар у
ойна остида.

* * *

Ҳа, мағрурсан,
Сен фақат менга мағрурсан,
Бошқаларга ювош, ҳатто меҳрибон.
Йиллар ўтиб борар йиллар ортидан,
Сен эса қошимда мағрурсан ҳамон.

Жуда соз,
Хуш кўрмайман мен
Қаршимда бировнинг таслим туришин.
Лекин ўзгаларга шундоқ бўлган сен,
Менга оғир ботар улар олдида
Мағрур юришинг.

Дилдан ўтинаман,
Мағрур бўл лоақал ёлғиз мен билан.
Мен сени севмасман ожиз, хафаҳол.
Йиллар учиб ўтар йиллар ортидан,
Барча мағрурлигинг сенинг —
Мен учун,
Мағрур бўлиб қол.

ҚОРАТЎРҒАЙ

Эдуард Багрицкий қушларни севарди.
Авжга чиқардилар тор кабинетда
тўти, канарейка, булбул, саъвалар…
Жим фақат –
қоратўрғай.
Тўрғай ўлкасининг муқим қушчаси,
зериктириб юборган у ўз даштларин.
«Жанубга уч», — десак,
йўқ, хоҳламайди.
Дийдираб ин излар Тўрғай юртида.
Жунжикар.
У ёқда қиш қаттиқ.
Ёқимсиз бўронлар чиқар жунбишга.
Ғарамга киргандек,
қўйлар юнгига —
беҳадик кўмилиб олар, эркатой.
Чўпон уни бир кун топди чалажон
ва бир газетчига бериб юборди.
У учувчига сотди қоратўрғайни.
Учувчи ҳадя қилди шоир дўстига.
Иккиланди шоир,
аммо қабул қилди ҳадяни.
Қафасга солди-да, қўйди бир четга.
Чой ичишди.
Меҳмон тўғрилади кўк пилоткасин.
Жилмайди. Учиб кетди.
Ҳалок бўлди осмон бағрида
Багрицкий йиғлади машъум хабардан.
Саъвалар қичқирар, тўтилар эса
жаврарди лоқайд…
Жим эди қоратўрғай чекка бурчакда.
Менинг тўрғайгинам сақларди сукут.
О, сукунат — у ҳам бир нидо.
У сукутда.
Йўқотганди яна бир марта
ўз Тўрғайи, қорли ўлкасин.

Дарвешфеъл зотларга гоҳ лол боқаман!
Яшаш шартларидан воз кечиб, айниб,
саъвани эрмакка сақларди одам,
олди мангуликка қоратўрғайни.
Ва мен бу ўлкага келганда ҳар гал,
сокин оқшомларда тинглайман бот-бот:
улкан булутларнинг остида тўрғай
учувчи ҳақида жим чекар фарёд.

* * *

Қабри Чингизтоғин пойида унинг,
Чечакка кўмилиб ётар анвойи.
Такаллуфсиз, разил тўда бир куни
Келиб давра қурди бунда
ёввойи.
Ичдилар,
кулдилар,
сакрашди ғаддор…
Тўлғанди чечаклар чиқармай унин –
Бу бадбин тўдадан чекди жим озор…
Қабри Чингизтоғин пойида унинг.

* * *

Кургальжино кўлларида
куз тўполони,
Ёз тугаган бу диёрда
ташвиш ҳукмрон.
Паррандалар ўйларида
сафар туғёни –
Гала-гала кўчмоқдалар
жанубга томон.
Йўқ, уларни қайтаролмас
ҳеч нарса шу тоб.
Уялари узра бир бор
доира қуриб,
Сўнгра учиб кетадилар
қайрилмай, шитоб –
Ҳароратли юртлар уфқи
сари тўш уриб.
Оқ галалар,
о, номуқим, саргашта ғозлар,
Қўйвормаймиз,
ошиқмангиз ўзга юрт сари.
Тутиб қолар сизни
ошна, қадрдон жойлар –
Йўлингизга тўсиқ бўлар
ғусса тўрлари.
Тутиб қолар,
қўйвормайди Ватани уни,
Ўз бағрига қайтаради
ўқ билан шу он.
Куз пурвиқор кезиб юрар
боғлар қўйнини,
Отилган ғоз кўл устига
қулар чалажон.
Ҳеч қаерга мотамсаро
учмади хабар,
Ахир, бу на йўқотишдир
ва на оғир ғам.
Анқо эмас,
семурғмас эди бу жонивор –
Шунчаки ғоз,
нари борса уч килограмм.
«Ўлдирсалар нима бўпти,
фожеами, хўш?
Бунинг учун шеърлар битиб,
фарёд урмоқ бас.
Юзта эмас – ахир битта,
тағин оддий қуш.
Қолаверса, шеър қонун ҳам,
қарор ҳам эмас.
Яхшиси, сен ташбеҳ этиб,
«хол» деб атагин –
Ўқ изларин,
гарчи улар жароҳат танга.
Ва бу кўлни,
атай қолгин,
унинг Ватани.»
Шундоқ эса,
лаънат бўлсин қаттол Ватанга!

Куз келди.
Илк паға қорлар чарх урур ғужғон.
Пардай заррин зарраларда
қаҳрли нуфуз.
У баҳорни келтирганди,
ахир, бир замон –
Энди учай деса,
қўйиб юбормайди куз.


ТУНГИ ТАҚҚОСЛАР

Сен болсан гўё,
эсладимми — лабим тамшанар,
сен бир кулгу,
шиддатидан кўзлар ёшланар.
Мен ғарибман, ким ҳам хафа қиларди!
Дўзах кўрдим, энди жаннат истар дил.
Эҳ, бошқалар нечун сени севадир,
севма сен, одаммас улар, ахир…
Уларда дард ва изтироб не қилар,
улар фақат кишнаб юрган йилқилар!
Айт, қачон тилларим сўйласин бийрон!
Қай лаҳзада кўзларим сочсин аланга?
Ношудликни кўриб туриб беисён,
итоатда чидашни ҳам ўргатгин менга
ва тунлар қурбақадек бўзламасликнинг
айт чорасини!..
Мен сени севаман,
бева — оҳ уришни,
балиқ — тез сузишни
севса қанчалик;
мен сени севаман
ожиз — шуҳрат-шонни,
қуёш — кенг осмонни
севгани каби.
Сен зиқнасан, сенга яшаш осон,
менга ризқин тутди ҳатто гадо ҳам
мурғак чақалоқни эмизган каби.
О, мен Хайём бўлсайдим агар,
о, мен Ҳофиз бўлсайдим агар,
о, Маҳамбет бўлсайдим агар,
муродимга етардим балки!..
Асл шеърлар эса ёзиб битилган.
Шундоқ севишарлар тоғу даштда ҳам —
юракларга солиб орзу ва алам.
Ўзгача севиб ҳам бўлурми ёки?..
Мен сени севаман,
шундай севаманки…

БОЛАЛИК, БОҒЛАР, САРАТОН…

Йўқ, мен тўлмагандим ўн иккига ҳам.
Болалик. Ёз. Олис фронт орқаси. Уйча.
Арава йўлларида сузиб юрар чанг, Саратон,
Боғлар, сийнасида ғубор кўрпаси.

Ва шўхчан бир аёл бизнинг ҳовлида.
Ижарачи аёл,
Уни шундай атарди бобом,
Ёноқларим ловулларди эрталабданоқ,
Йўқ, ўн учда эдим ўша чоқ.

Жилмаяр эдим мен у кулган онда,
Лақмалик қилардим сўз тополмасам.
Гоҳ, у ювинишга сойга тушганда,
Ҳайдардим болаларни пана-панадан.
Булар бари – ўтмиш,
Ҳозир эса келар ёдимга: Тун,
мўъжаз деразали пахса иморат.
Мен ўша торгина дарча остида
Оқланган деворга суянганимча,
Турар эдим дилгир, бетоқат.
Урушдан қайтганди у –
Буни англардим,
Ўша йигит билан қучоқлашарди…
У ношуд, ярамас қучди-кўтарди
Ва у ҳам йигитни тинмай ўпарди…

Билмасдим,
Қўлларим титрар нимага,
Дераза ортида қоронғи, жимлик
Ва енгил шивир-шивир…
Э-э, қандоқ чидайсан бундай таънага –
Тош билан ойнани синдирдим чил-чил.

Югуриб чиқди кимдир:
– Сенми?
Унинг кўзларига боқардим карахт,
Худди тушдагидек, келмай ҳушимга,
Шунда мен, бир гўдак,
Дедим илк бора:
– Бўлди, бас, нари бор, эҳ онанг шунга…

У эса йигитни итарди нари:
– Тегма!
Сўнг мени юпатиб, деди жимгина,
Юмшоқ кўкрагига босганча маҳкам:
– Оҳ, менинг кўнгли бўш ақлсизгинам.

Отилиб чиқдим мен унинг бағридан,
Томга кўтарилиб,
Ёйиб қўйилган
Эски гилам узра тушдим узала.
О, катта бўлсайдим шу бир кечада!
О, агар ҳозироқ етсайди кучим,
Бу қаттиқ хўрликнинг қасоси учун!
…Болалик унутилди,
Йиллар учар, ҳа.
Бироқ менга қийин бўлар сен билан,
Қўшнининг боласи
Суқланиб бизга
Кечирилмас соғинч-ла термулса баъзан.
Тикилиб турар у, оппоқ деворга
Суянганича,
Қоракўз, тунд, бир изтироб ёқар қонини.
Ўзининг илк меҳрин бағишлар сенга,
Болалиги,
Боғлар,
Саратонини.

САҲРО ТУНИ

Шабнам йўқ,
Во ажаб, қўлимга тегмас сира нам,
Туннинг бағридаги совуқ қумда ҳам,
Юзда ҳам, ўтовнинг сирти – наматда
Йўқ зарра шабнам.
Тўғралган тошларнинг
Қотган мавжлари
Жилоланар ойнинг нурида бирам;
Изғийди қашқирлар ҳар ён сарсари,
Йўқ зарра шабнам.
Туннинг оғушида
Оппоқ шуълага
Беланди саҳронинг кўкси – сийм тан,
Лекин гезарар дил
Чиқмайди саси –
Бир томчи шабнамга ташна, зорликдан.
Ой совур ниҳоят,
Қуёш нуридан
Бир чети ярқираб кетар оламнинг…
Heгa?
Қўнган эди юзига шабнам
Саҳрода тунаган танҳо одамнинг.


ҚАЙРАҒОЧ

Пастликда — тераклар,
чашма ва ўтлоқ,
соя эса оғу каби қуюлар.
Бу ерда илдизлар калта,
куз ҳам ҳақ,
моғор ичра хазон бўлади улар.

Аммо ҳов юксакда —
шамоллар куйлаб,
бўрилар тўдаси йиғлар жойда оч,
менинг юрагимга илдизин қадаб,
чайқалиб турибди
ёлғиз қайрағоч.

Уни йиқа олар на ёмғир,
на қор,
на сарин кунларнинг армон роҳати.
Турар у,
кўкрагин керганча пойдор,
шамолларга очиқ чайир қомати.

Омади кулган бир йўлчи чавандоз
унга кўзи тушиб – йиғлар,
сўнг кетар.
Пастликда отини суғорар бесўз,
қайрағочни алқаб,
жим тавоф этар.

* * *

Бетбак-дала
Ҳамиша тунд, мудом яйдоқ,
От кўзига қарашга ҳам, оҳ, уялар…
Тулпорларим
Аёзларда туюб титроқ –
Йўларини олдингамас,
Ортга солар.
Бетбак-дала –
Қозоғимга ёзуқ бўлган Бадбахт-дала,
Ялангликдир
Уфқлардан уфққа қадар.
Кимлар бунда
Юрагига умид қалаб,
Кезмадилар зор-саргардон шому саҳар.
Алмашдилар насл-авлод бирин-кетин,
Тебранади кенг эгарда суворий жим
Тарашлайди офтоб тафти
Унинг бетин,
Термилади кенгликларга,
Уфқлар — тилсим.
Бош устида қайноқ осмон,
Саҳро — сархуш.
Қоврилади бундай палла
Учган ҳар қуш.

ЛУВР

Севаман сени, Франция.
Сенинг номинг-ла аташган барча
босқинчиларни –
«Фаранглар» деб.
Сенинг аскарларингни
Отда судраганман арқон билан
Ва олтин-кумушлар уюми устида ўтириб
Заргарлик қилганман,
Тиллаларга нақшлар чизганман,
Энди эса кўзларимда
Ғусса ва соғинч.
Тентираб залларни кезаман,
Боқаман бебаҳо олмосларга.
Қотаман ҳайрон-лол:
«Осиё, сен қаердасан?
Асл олмослардадирсан балки?
Балки дудама ханжарлардадирсан –
Сени қарши олиш учун ясалган?
Қачонлардир довруғ солдинг дунёга
Ва қолдинг жим.
Ким бузар, айт,
Сенинг бу сукунатингни?
Қайси улуғ етиб борар Ғарбга
Ва забт этар,
Қилич билан эмас,
Бу залларни,
Бўм-бўш залларни?..


САДОҚАТЛИ ДЎСТ

Агар сўраб қолсалар мендан —
ҳаётингда қанча дўст орттирдинг, деб.
Дўстим, шунда сени эсга оламан
ва жавоб бераман ўйлаб ўтирмай — кўп.
Дейман — у ҳам софдил, ҳам жасур,
танти кўплардан,
ихтиёрим унинг қўлида фақат,
унинг изми бошлар мени йўллардан.
Сен мени қайтардинг жар ёқасидан
яна менга кулиб боққанда омад,
сен ундадинг мени ютуқларимдан
мамнун бўлишга
ва янада кучга тўлишга,
кимгадир курашда аччиқма-аччиқ.
«Мамнун бўлиш мумкин ҳозирча, бироқ —
чинакам қувонишга ҳали эртароқ».
Сен қаттиқ уришдинг
лабда кулгум кўриб —
маҳзун рақибимга шод боққанимда.
Баҳслашиб ўтирмадинг,
жеркиб бердинг сен
иш учун чўчиб, суст тортишганимда.
Сенга юзланаман, сокин юрагим,
сен — менинг виждоним ҳамда иродам,
сен — менинг имоним,
қувватим-кучим,
сен дўстлар бахш этасан, сира толмайсан,
тафтли қадамларсиз йўлларим менинг
бир лаҳза ҳам совиб қолмасин учун…

АЙЛАНАЙИН

Яқин инсонга «айланайин» дейилади. «Атрофингда
айланай» – сўзма-сўз таржимаси. «Дардингни олай»,
«мушфиғим менинг»– мазмунан таржимаси.

Дерлар менга – кўркам иморатлар қур,
мен эса
дунёни кезаман масрур,
қулай имконият туғилдими, бас,
яна отланаман йўлга шу нафас.
Нью-Йоркда достонлар ўқийман жўшиб,
Мисрда шеър битгум андуҳим қўшиб.
Қайтаман,
ҳамёним яна тап-тақир,
тағин пул ғамлайман –
йўл чорлар, ахир!
Сўнгги қипчоқ –
сўнгги денгизгача то!
Қаршимда тағин дашт-саҳролар пайдо!
Бизни
шаҳдимизни билиб кўмганлар –
оёғимиз ғарбга қилиб кўмганлар.
Миллиардлар шукуҳи бўлиб кунботар
сарғайган чўлларнинг остида ётар —
нўғайлар,
булғорлар,
саҳройи қозоқ
билмасдан Осиё –
Ғарбдан ҳам ғарброқ!
Чорлади Ғарб мудом тилсим яратиб,
ва бизни кўмдилар ғарбга қаратиб!
Тегрангда чарх уриб тинмадим бир он,
Айланайин сендан,
Замин-онажон!
Бағринг доғланмишдир бу кун шунчалик,
ҳеч ким тушунолмас сени менчалик —
дардларингни олай,
бўлма ғамга ғарқ,
кезгум йўлларингда
мудом уриб чарх…

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси

ҚУМ УСТИДАГИ ҚЎШИҚ

Саҳро устида турар ёлғиз лочин,
Саҳро устида қотар пахмоқ бургут,
Саҳро устида ёнар август қуёши –
Танҳо қиёфаси одам ишончининг.
Мен қояга бораман яқин,
мажусий сингари
уриб пичоқни,
шивирлаб,
аврагандай,
ниманидир оламан ўйиб.
О, мени кечиргин, қуёш,
ножоиз шивирладим, мен,
майли,
эшитсин сариқ
саҳро.
Лекин, сўнг?
Лекин, сўнг,
дукур-дукур қитиқлайди жимликни…
…Тулпорларнинг туёқлари зирқирар
мана шундай кечада,
қачон силатади суворий
ёлларга юзини…
…Саҳро устида турар битта осмон.
Тинчигин, учқур от!
Бу кўкка кўтарилаётган ой.
Эҳ, шундай шабада
ва жимлик –
қанийди,
мен бўлсам?!.
…Хайр, сариқ саҳро…

“НИҲОЯТ”

Ниҳоят!
О, ёзнинг дағал жаласи –
яхлит селоби ҳавонинг,
қуриган боғимнинг қаролиларин
кесмоқ ниятида оқар
ёшариб.

Замин қаърига яширар
заранг илдизларни,
силкитиб айлантирар поясин
Замин ва осмон орасида –
устунлар,
кўллар,
дарёлар,
биз –
бугунги жаламиз.
Биз учун бугун
ҳамма нарсага топилади иш.
Келиш ҳам,
кетиш ҳам
бу ишнинг бир зуваласи.
Жала – замин ва осмоннинг тўйи!

ҚОРА ВА ҚИЗИЛ

Fas – Рим қонунларининг олий ҳуқуқи.
Fas est – “Ҳамма нарса раво”.
қаҳқаҳа билан
ойналар ичига кирмоқчи осмон.
бўйсунмаган шаҳарлар устига
аскарларни,
беҳисоб ҳуқуқлар билан қуроллантириб:
фас!
Fas – ғажиб ташланг, дунё илкингизда турар.
Fas – бошқа ҳаёт ва мулкка очиқдир йўллар.
Fas – қаҳр-ғазаб довруғидан қисилган кўзлар.
Одамийлик шундайми, ахир?!.
ХХ асрда
чақмоқдай ёнди бирдан:
Римнинг чорраҳаларида
бемаъни ибора –
Fas est!
Биринчи файласуф қора кўйлакли тилшунос эди.
Аждодлардан мерос ёввойи дунё унга
(у тарихчи бўлган),
нияти ҳам қоп-қора,
қораларнинг ғаними у зот
(телба эди ўзи).
Бизга
ҳамма нарса раво!
Ҳатто мантиғу қиёс
ва ҳуқуқ ҳам хотирлар
бўрини эмиб ўсган
Ромул ва Ремни.
Қаранг, яна такрорланмоқда –
асрлар қаърига сингиб кетган
қисматнинг нишабларини
бўри каби ваҳшийлик билан
қўйдек бемажол шўрлик,
рангпар Рим.
Ишқ изҳор қилинмас лотин тилида,
Араз йўқ, тортишув йўқ лотин тилида.
Биз ёш ва навқирон бўлган бир пайтлар,
Биз ҳақда сўз айтилмаган лотин тилида.
Лотин товушлари куйламас бизни,
Ром этолмас бизни лотин сўзлари зарра,
Ушлаб кўрар экан шифокорлар томиримизни –
Гапирмас кўҳна Римни қўриқлаган ибора ила:
Fas est!
Демакки, бу жасад чириб бормоқда,
Сўнг бор таом еб ол ёғли, мазали,
Коньяк ич, эътибор бермай, оғриққа, бироқ,
Сен интиҳога маҳкумсан –
Ҳамма нарса раво!
Умринг қисқа,
ҳозирча яшаяпсан –
Fas est!
Ҳали тушга айланганинг йўқ.
Кўкрагингни қашилар озғин панжараларинг.
Қора либосингда,
майли,
сайр этиб ол, фашист!..
…Лекин Брест бўсағасида бор,
Бордир бир хандақ…
…Ўқлардан чилтешик бўлган
қип-қизил дўнглик…
…Хушчақчақ прусслар тўккан қонлар бор бу ерда
Ва менинг ҳимоясиз миям чаноғи.
Асаб таранг,
юрак тортар у томон,
Бошлар у томонга сўқмоқлар, йўллар.
Қайда бўлмай,
кўксимда энг сўнгги имкон –
Ўша хандақ сари чўзилган қўллар…

“СИЗ МЕНИ СЕВАСИЗМИ, ТОҒЛАР?”

Сиз мени севасизми, тоғлар?
Севасизми, қайинлар?
яшил ва оқ кийинтирган йиллар
менинг билан елмоқни истаб,
олиб кетар гиёҳлар исмин,
фавқулодда йўллар
ўзининг жарангдор рангларига
сингдириб
сукунатнинг борки хилларин.
Тоғнинг чизма асбоби
текисламоқ бўлар бирдайин –
аср юрар нишаблардан
кўчган қор уюмлари
ва қор гардлари тахлит,
енгилгина чўктириб,
бурама изларин қолдириб
менинг тезлашимга.
Жимжимадор метеор –
хомхаёл йиллар.
Сиз мени севасизми, тоғлар?
Севасизми, одамлар?
Сизни тузатилмайди,
яссиликка айлантирилмайди,
нурашингиз унутилмайди, тоғлар,
сизнинг.
Ажойиб парчаларингиз,
Чунонам, чатоқ
лекин,
сизни қиёслаб бўлмайди,
тоғлар,
Сиз – қиёссиз.

Рус тилидан Икром Отамурод таржималари