Муқағали Мақатаев (Мұқағали Сүлейменұлы Мақатаев) Олмаота вилояти Норинкўл туманидаги “Қорасоз” манзилида таваллуд топган.
М.Мақатаев қисқа ижодий фаолияти даврида қозоқ шеъриятида инқилоб қилган новатор шоир саналади.
У бадиий таржима соҳасида ҳам катта ишлар қилди. Жумладан, Дантенинг “Илоҳий комедия”сини, В. Шекспирнинг сонетларини, Уолт Уитменнинг шеърларини қозоқ тилига таржима қилган.
Унинг “Ҳорманг, дўстларим”( 1966), “Қалдирғочим, келдингми?” (1968), “Мавр”(1969), “Водариғ, юрак”(1972), “Оқ қушлар ухлаганда” (1974), “Шуълам менинг”(1975), “Умр достони”(1976), “Умр ўзани” (1978), “Басира”( 1981), “Юрак зарблари” (1982), “Чўлпон” (1984) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.
ДАСТУРХОН УСТИДА
(Ўзбек йигитига)
Тегрангда турфа неъмат ҳамда қимиз.
Ўйда — шеър, кўнгилда — куй, жонда — тамиз
Жаннатнинг дуркун файзи шу заминда,
О, дўстим, кўп гўзал-а Олмаотамиз?
Айниқса ажиб бунда манзаралар,
Олатов бағридан бир сас таралар.
Оҳудай бир-бирининг изин қувиб,
Отилар қоялардан шаршаралар.
Юракда шаҳримга бор чин садоқат,
Ҳаво ҳам ҳаво эмас — истироҳат.
Томошага келгин бир,
Ўзбек дўстим,
Сояларда ўйнаб-кул, айла роҳат.
Қимиз ич, қазидан ол, тортинмагин,
Тоққа чиқ, дарёга туш, салқинлагин.
Ўзингнинг халқинг каби бағри очиқ,
Унутма, қозоқ деган халқнинг борин.
Эсингга солиб қўяй мен яна бир,
Албатта, Олмаотанинг боғига кир.
Кийикдай шўх ва маъсум қизларимиз
Жонига жонинг билан ўт ёқа бил.
Тегрангда турфа неъмат ҳамда қимиз,
Ўйда—шеър, кўнгилда—куй, жонда—тамиз.
Тошкентдек чўнг шаҳардан ташриф этган,
О, дўстим, кўп гўзал-а Олмаотамиз?!
ХАЙР, ОҚҚУВЛАР!
Кўлни ташлаб кетиб борар оққув-ғозлар,
Хайр энди, яхши боринг, сулув нозлар!
Юрагимда маҳзун-мунгли достон қолди,
Оққордайин қаноти-ла оққув ёзган.
Оққувлар сизга боқиб дилда доғлар,
Термулар ортингиздан ҳазин тоғлар.
Адашиб сиз-ла бирга кетди балким,
Бокира туйғуларим, маъсум чоғлар!
Ҳавони қанотингиз тебратган он,
Туйғулар оғушида титрайдир жон.
Уфққа сингаркансиз, кўнглим оқиб —
Кўзимни тикиб қолдим мен нигорон.
Оқ кўлни ойдин мавжлар чулғаб олди,
Сизлардан далам кўзи қиймай, толди.
Нега мен яралмадим оққув бўлиб,
Одам бўп ўз-ўзимга сиғмай қолдим.
Оққувлар, армонларим дилда бисёр,
Учмоққа менинг на бир қанотим бор!
Қирларим унсиз ўкраб қолди менинг,
Кўлларим етимдайин қолди зор-зор!
ЭЙ, ЎЛАН!
Эй ўлан, менга теккан энчим эдинг,
Юксалайин, қонимга кел-чи менинг.
Менинг сенда азалдан кўнглим бордир,
Сен ҳам мени хуш кўриб, кўнглим, дединг.
Қошимга кел, қалбимни уққин — тушун,
Тез кела қол, бобом Абай руҳи учун.
Беҳиштдаги уянгни қўйиб тургин,
Сен умримга кераксан, ардоқ қушим.
Эй ўлан, жон берайин сенга қандоқ,
Жонсиз ўлан жонимни сўрар ҳар чоқ.
Бир ўйим — юрагимда қазо топиб,
Бир ўйим — бўғизимда турибди нақ.
Эй ўлан, жон берайин сенга қандоқ?
УМР ЎЗИ НЕ ДЕСАМ
Умр ўзи не десам,
Умр учқур тулпор, ҳа.
Чўчиб кетдинг нега сен?
Қўйгил, жоним, чўчима.
Ўз-ўзингни аямай,
Умр деган — чин ёнмоқ.
Бир нарсага хумордай,
Бир нарсадан жирканмоқ.
Бировларни алдаш — у,
Бировларни алдамоқ.
Кимдадир кўрсанг қайғу,
Қўлдан келса қўлламоқ.
Дил тўла ҳасрат ва ғам,
О, дўстим, берсин тўзим!
Умр ўзи не десам,
Ўзим экан, ҳа, ўзим…
КУЙЛА, ЖОНИМ
Қарши олмаган
Қарши олмасин ҳеч қачон.
Сен куйлаб бер,
Куйинг ила бахш айлагин жон!
Янгроғинг етсин яшил тоғларга,
Акс садо берсин унга қирлар қадрдон.
Куйла, жоним, бобонг қўшиғин куйла.
“Кўкжендет” таралсин уфқлар бўйлаб.
Ажиб эртакларнинг дунёси сари
Етакласин мени туйғулар, ўйлар.
Куйла, жоним,
Дардларни кўкракдаги!
Тинсин бир зум ҳаёт
Ер-кўкдаги!
Қир тингласин,
Акс садо таратсин тоғлар,
Мангулик қўйнида — йўргакдаги.
Мирпўлат Мирзо таржималари
АЁЛЛАР
Аёллар-ай, аёллар-ай, қандайсиз?
Гўзалликда Қуёшдайсиз, Ойдайсиз!
Биров қовоқ уйса – ундан қолмайсиз,
Биров севдим деса – сизлар бормайсиз.
Аёллар-ай, аёллар-ай, қандайсиз?
Ширинликда асалдайсиз, болдайсиз!
Аёллар-ай, муғомбирлар, қувлар-ай,
Аёл деса – кўзлар порлаб турган-ай.
Ҳаммасини билиб туриб, индамай,
Кетасизлар тинглаб туриб, тингламай.
Аёллар-ай, муғомбирлар, қувларсиз,
Аёллар-ай, барчангиз сулувларсиз!
… Аёлларни эркаклардан кўп дейди,
Ўй-бай, ўй-бай, бўлаверсин кўп, майли!
Аёл ахир гўзаллик-ку, гўзаллик,
Гўзалликлар сира кўплик қилмайди!
* * *
Туғилади чин шоир, туғилар у,
Ҳализамон бол – заҳар томизар-ку.
Есирларнинг айрилмас сирдоши бўп,
Жаллоднинг ҳам кўзидан ёш оқизар у.
Шеър сўзлари ёмғирдай отилганда,
Отилганда, осмондан ўқилганда,
Соқовларга тил битар,
Кар эшитиб,
Кўз пайдо бўлажакдир сўқирларда.
Туғилади чин шоир ҳализамон…
КУЙЛАСАММИКАН?..
Куйласаммикан, йиғласаммикан – билмайман,
Олдимда турган одамни манов ким дейман?!
Олдимда турар адашиб юрган орзуйим,
Йиғлатсаммикан, юпатсаммикан – билмайман…
Олдимда менинг адашиб кетган ҳув армон,
Айирув қийин чеҳрасин бунинг мунглардан.
Етилмаётиб гулларин унинг ким юлган?
Олдимда менинг – оғоч-ку кўклай қувралган!
– Танимадим-ов… тополмадим-ов сени мен,
Кўзларинг ўхшаш, жоним-ов, қайда кўрганман?
– Охирги марта адашиб келиб, сен билан,
Сирлашмоқ учун, мунглашмоқ учун келганман…
Самарим менинг кўклади, бироқ ўсмади,
О, қачон менда ёшликнинг ўти ўчгани!
Бир пайтлар мени орзу қилгансан, тўғрими?
Эсингга ол-чи… (эсига олди – эслади!..)
– Эсимда, ҳа-я, эсимга тушди қора қиз,
Унутилиб кетган, совушиб кетган орамиз.
Кечаги хумор, мастона жоннинг ўрнида
Тандир бўп қолган аёл ўтирар, қарангиз!
Ёшликдан ёлғиз қовоқ билан бир қош қолган,
Қоп-қора сочлар энди оқара бошлаган.
Олов бўп севган, жонидай кўрган “жон ёри”
Ўқилган хатдай тўрт буклаб йиртиб ташлаган.
– Эсимда менинг ёнингга сенинг борганим,
Парво қилмадинг, сўзимни менинг олмадинг.
Осмонда эдинг, кулгу билан сен алдадинг,
Алдаган кўйи олислайвердинг, армоним!..
– Олислайвердинг, олислайвердинг, армоним,
Адашиб сендан, довонлар турар олдда минг.
Зуввлатиб ўтган, чанглатиб кетган йўлингда
Гул бўлиб ўсиб, қурай бўп қотиб қолганман.
– Эсимда менинг, эсингга сен ҳам олиб кўр,
Ул кундан қолган эсдалик борми, олиб кел.
Илашиб кетган, адашиб кетган сен билан
Ёшлигим қайда, ёз куним қайда – топиб бер!
– Эшикни очиб, йўлга кузата олмадим,
Хуш бўл деб энди қўлингни қисиб қолмадим.
Пайқамабман ҳам, не бўлиб кетди ён-ёғим,
Чўрт кесилдими умидсиз менинг армоним?!
Жонимда менинг армон бўп мангу юр, майлинг,
Лоп этиб сўнган умиднинг несин пуфлайин?
Ёшлик-ов, сени тушуниш қийин, билмайин,
Куйласаммикан, йиғласаммикан, билмайман…
Музаффар Аҳмад таржимаси
АЁЛЛАР-ЕЙ
Аёллар-ей!
Аёллар-ей!
Қалайсиз?
Жа очилиб кетибсиз-у, билмайсиз!
Бири кел деб суйганда ҳам келмайсиз,
Ошиқман деб куйганда ҳам жилмайсиз.
Аёллар-ей, аёллар-ей, қалайсиз?
Аёллар-ей,
Оққушлардай сузасиз,
Кўзларингиз чақнаб-чақнаб кезасиз,
Эшитасиз,
Эшитмаганга олиб,
Ташлаб кетиб, бизни тағин эзасиз,
Аёллар-ей!
Аёллар-ей, аёллар!
…Аёлларни эркаклардан кўп дейди,
Вой-бўй!
Вой-бўй…
Бўлаверсин, хўп, майли!
Аёл деган гўзалликдир, чиройдир,
Бизга чирой ҳечам кўплик қилмайди.
ОҚ РЎМОЛ КЎРИНСА
Ача, сен яшарсан мен билан бирга,
Кўнглим ўлганингга кўникмас сира.
Оқ рўмолли кампир кўринса баъзан,
Қараб тургандайсан рўмол остидан.
Худди сенга ўхшар юзи-ю кўзи,
Неварасин тергаб айтган ҳар сўзи,
Товуши, чеҳраси жудаям таниш,
Ўтдай кўринади кўзимга ўзи.
Ўхшайди оқлиги, поклиги сенга,
Мос юриш-туриши хулқ-одобингга,
Дунёда бувилар ҳаммаси бирми?
Ача, етиб кепсан сен ҳам бугунга.
Йўлни кесиб ўтмас – ўрнак ахлоқда,
Унга қараб ўзин эл тузатмоқда,
Оталардан қолган урфу одатни
Бажариб, бир-бирин халқ кузатмоқда.
Ача, сен яшарсан мен билан бирга,
Кўнглим ўлганингга ишонмас сира.
Оқ рўмол кўринса, сени кўраман,
Оқ рўмол йўқолса – нени кўрарман???
НЕ КЕЛИБ, НЕ КЕТМАГАН
Не келиб, не кетмаган бу оламдан,
Сувлар оққан жилғалардан, даламдан,
От қўйганлар орзу, армон кетидан,
Не бор бунда бошқа менинг ноламдан –
Не келиб, не кетмаган бу оламдан.
Вақтни тўхтатгани чаманг борми?
Ўтмаган даврон борми, замон борми?
Умр ўтмас деганга ачинаман,
Дунёдан ўтмай қолган инсон борми?
Ўтади… Ўтар бари ҳув нарига,
Тонг илашиб кетади кун барига,
Жоним ачир менинг бари-барига,
Одамзот тақдирига, тонг нурига…
Менинг жоним ачийди ўтганларга,
Ҳаётга янги келиб-кетганларга,
“Умр кечар, сиз умрдан кечманг” деб,
Шиор ёзиб қўяйми осмонларга?!.
Бари ўтар,
Кун ботар, кеч киради,
Ўзгаради бу дунё, эскиради,
Келажакдан – нотаниш наслимиз ҳам
“Бўлди-да, ўрним бўшат!” деб туради.
КЎЧАЁТГАН ТУРНАЛАР
Яна қайтиб кетяпсизлар, турналар,
Саф-саф учиб… Маъюс бўлиб қир қолар.
Хайр дейди сизга беклар, мирзалар,
Орқангиздан йиғлаб қолар жилғалар.
Тизилганча борасизлар қаёққа?
Сизсиз жон йўқ манов ўлка, аймоққа.
Йиғлаб келиб, йил қушлари топишди,
Иши битган бошлайдими тоймоққа?..
Гур-гур келиб, солсангиз минг-минг уя,
Байрам қилди ўлка “Хуш келдинг!” дея,
Бугун овлоқ бўлди паст тулкиларга
Сиз яшаган ҳар тепа-ю ҳар қия.
Манзилингиз қайда, ҳамма ҳайронда,
Аскарлардай саф тортгансиз майдонда,
Эркин қушлар яратилмиш сайронга –
Озодсиз-ку, сайранглар-да сайронда!
Оқ йўл сизга, бораверинг куз билан,
Эркин кўчинг яна сиз оқ юз билан,
Эҳ, бизларда қанот йўқ-да, қанот йўқ,
Бирга кўчиб кетар эдик сиз билан.
БОШИМДАН ҚЎРҚАМАН
Мен бошимдан қўрқаман атомми деб,
Урушётган бошимда отамми деб,
Жангни сенга ким қўйибди, дер-ку эл,
Ўлсам кулар, шунгаям мотамми, деб.
Мен бошимдан қўрқаман атомми деб,
Унда бир не портловчи турар ўйнаб,
Миям қайнаб боради, миям қайнаб,
Ундан қай бир олимлар турар бўйлаб…
Ўз гавдамга ўз бошим буюрмасми?..
Шу оламнинг тагига етай дейди,
Синов қилиб, қўрқинч тарқатай дейди,
Мен бошимдан қўрқаман, қўйиб берсам,
Атом – миям ёрилиб кетай дейди.
Умрим ўтди маҳалла ёғчисидай,
Куймандим кўп тепалик боғчисидай,
Бошим қолди яширин полигон бўп,
Ғўдаяман ҳокимнинг соқчисидай.
Мен бошимни асрайман мос бўлар деб,
Миямдаги синовлар босилар деб,
Ишонаман миямга, ажал келмай,
Бу дунёга нур бўлиб сочилар деб.
АРИЗА ЁЗИБ КЕТАЙИН
Мен туғилган кун бугун,
Бир дам олай.
Табрикламас ҳеч ким бироқ, эҳ, найлай.
Ёзардим-ку дастурхон бир қўй сўйиб,
Унутилган бандаман-да ҳар қалай.
Нега дунё жимжит, кимса индамас?
Ўт ёқилмас, нега қозон қайнамас?
Қучоқ-қучоқ гул келтирмас яқинлар,
“Мана тўн, кий,
Мана от, мин, дўст!” демас.
Шу юртга бир ёқмаган иш қилдимми?
Шу элга ё керак бўлмай қолдимми?
Халқим, cенинг буюклигинг кўрсатиб,
Беҳудага заҳмат чекиб, толдимми?
Айтаман деб қувончингни, ғамимни,
Бошқа йўлга бурдимми қадамимни?
Мен барибир сенинг ўша ўғлингман,
Не қилсанг ҳам ўчирмасман шамимни.
…Қутланмаса қутланмасин, нетайин,
Тантанасиз, мукофотсиз ўтайин,
Қаламимни узатвор, эй хотинжон,
Келажакка ариза ёзиб кетайин!
КЕНГ ДУНЁ
Мен келяпман, қучоғинг оч, кенг дунё,
Олинмаган ҳаққим кўп сенда аммо.
Қумтепалар узра ёниб кезаман,
Қора булут остинда бўп шалаббо.
Осмонингдай гоҳо тунд бўлиб кездим,
Ниҳол каби бағрингда униб-ўсдим.
Эй кенг дунё, менинг шу вужудимга
Юрак бўлиб кира қолгил, кел, дўстим!..
Чексиз юртим,
Ёш боғларим,
Бўз далам –
Бари менга мерос қолган, шу олам.
Бўридай ўз улушимни топурман,
Эй кенг дунё, ҳатто муҳтожликда ҳам.
МАЙГУЛГА
Муштдайгина эдинг,
Муштдай қабринг ҳам,
Туғилиш, ўлишдан иборат олам.
Миттигина бўлиб тур, қабрингдан тур –
Қир бошидан шаҳар томон боқ бу дам.
Қизим менинг!
Гулим менинг!
Баҳорим!
Қуёндай дўппайиб турар мозоринг.
Жонсиз мозортошин нетай – бир тийин!
Унга қараб, силаб, кетмас ғуборинг.
Гўрингга тош қўймам,
Қўй, ўтлар ўссин,
Қишда қор боссин-у, ёзда гул боссин.
Сен келган май ойи ёғсин ёмғирлар,
Бизларга қўшилиб, юм-юм йиғласин,
Керакмас,
Қўймасман мозортошини…
БАНДАЛИК
Қутулай дедим кўп шу бандаликдан –
Бўлмади,
Иззаман шармандаликдан.
Югурдим, тўхтадим, йиқилдим гоҳо,
Урилдим, сурилдим, ўлмадим аммо.
Жоним азобланди ўгай муҳитда,
Тиришдим, тортишдим,
Эзди муаммо.
Ёвдан узоқ турдим, ҳеч от солмадим,
Кўрсам, ғоздай қочиб, миқ этолмадим,
Кўп бор айтар сўзим ичимда ўлди,
Вақтида кўп гапни айта олмадим.
Яхшилик ҳам қилмадим кўп инсонга,
Ёмонлигин айтмадим ҳам ёмонга.
Бажара олдимми бандалик шартин?
Энди айбим юклайинми замонга?..
Ошириб сўз айтмадим, озайтиб ҳам,
Яширмадим ҳеч ҳақни, чинни ҳар дам.
Бормикин лек бандаликка бош эгмай,
Бунда ақл излаб юрган бир одам?..
ОДАМ НАСЛИ
Ўн йил ўтиб, юз йил ўтиб, ким билади,
Шу кўчадан ўша пайтда ким юради?
Буни фақат ўша замон, кун билади,
Ўша чоғда ўтаётган тун билади,
Улар қалби вақт билан бир юради.
Ким салқинлаб ўтираркин анов боғда,
Ўйин-кулги анов ёқда, манов ёқда.
Аммо бу не? Ўша боғда,
Айни чоғда
Инсон бир-бир йиқилмоқда, йўқолмоқда.
Эҳ, нелардан айрилмадим яшаб пурғам,
Мангу ҳаёт бер, деб бироқ ҳечам сўрмам,
Не дей сенга, эй табиат, инсонларга
Бермадинг-ку бир дарахтнинг умрини ҳам.
У бояқиш Ер юзини ясантириб,
Қийин ишни қилар доим осон туриб.
Бу дунёдан ўтар у уй, ҳайкал қуриб,
Тиним билмай тоғу тошни кезиб юриб.
Давом этсин ҳаёт, борни йўқ олмасин,
Ширин сўзу меҳр ўрнини дўқ олмасин,
Ёруғ дунё, тирикликка тирак бўлган
Одамзотниннг насли ҳечам йўқолмасин.
ОРЗУ
Айтмасанг ҳам айтма, барин биламан,
Ранжимайман, билганимдан куламан.
Энди кўзим очиқ,
Очиқ кўнглим ҳам,
Ҳара илонни энди таний оламан.
Балки сенинг мақтанишга ҳаққинг бор,
Фақат ҳаддан ошиб кетма, эй маккор.
Ким тепада,
Кимлар эса супада,
Кунлар ўтар олатасир, беқарор.
Бахтинг чопиб, юлдузинг ҳам кулади,
Инсонда кўп умид, орзу бўлади.
Бир орзуга эришаркан севиниб,
Бир орзуйинг армон бўлиб қолади.
Одам сира муродига етганми?
Орзу-армон қилмай кимса ўтганми?
Ҳар ким бахтли бўлай дейди дунёда,
Заҳмат чекмай, бироқ орзу этганми?
Кўнглимизни бахт деб алдаб келамиз,
Орзу отин миниб, доим еламиз,
Орзу, армон бор экан, ҳеч тинмаймиз,
Жон бор экан, доим орзу қиламиз.
САФАР ОЛДИДАН
Хайр!.. –
Дейди менга учган қушлар ҳам,
Хайр!.. –
Дейди эркалаб қучган далам.
Омонат деб биларлар бари мени,
Омонат дер уямдан учган болам.
Видолашиб гуллар ҳам айирилмиш,
Бутоқлар ҳам хайр деб қайирилмиш.
Нечун бари мен билан хайрлашар,
Менга олдда не тақдир буюрилмиш?
Нега гуллар хайр дея чайқалди?
Кўклар хайр деган садо қайтарди…
Шалвираган тоғларнинг ҳув ортидан
Ўчми, алам – билмам – видо айтарди…
Видолашиб, ҳар не ўз ҳаққин олар,
Қўй-чи, ҳар не хайрлашгани уринар.
Телеграф симлари ҳам зинғиллар,
Совуқ хабар бергандай тунд кўринар.
Қаршимдаги йўллар чуқур жар солар,
Бутун ўлка видолашар, жар солар,
Отланганча мен ҳам кетиб бораман,
Билмайман ҳеч, қандай тақдир қаршилар?..
УМР
Бу дунёнинг оқини-ю қорасин
Миқ этмасдан қабул қилиб, кўрасан.
Қораси-ла курашгани кучинг йўқ,
Умрим, мунча сен тез ўтиб борасан?
Елланганча еру кўк орасинда,
Сузадирсан оқ суву қорасинда,
Шамол ҳайдаб бораётган қонғоқдай
Ихтиёрсиз сурилиб борасан-да.
Ўтирибман шу денгиз ёқасинда,
Кўзим йўқдир дур, олтин, чақасинда.
Оқасан-да, тўлқинлар, мени ташлаб,
Долғаланиб, умримни ёқасан-да.
Чанг чиқариб ортидан қуюнлаган
Умрим ўтар… Яшаш ҳам қийинлаган.
Эй умрим, қол!
Тез ўтма, мен билан қол!
Кўрасан сен – суюнар ҳар суюнмаган.
Қийин, қийин, қийин-ов… Бор кучни йўллар олган,
Ёна олмай биқсиган ўчоқда ўт йўқолган.
Сўнса бўлмас… қанийди, йилт-йилт этиб чўғланса,
Гуриллаб ёнса яна, қолмасди сира армон.
ТУНЛАР
Тунлар менга ухлаш учун яралмаган,
Сафарини битирганлар ухлар зотан.
Кўз ўнгимда сафар йўли тарам-тарам,
Ухласам гар, мен бўламан боролмаган.
Тунлар менга ухлаш учун берилмаган,
Тунда йўлбарс бўламан мен зийрак, тийран.
Йўқотганим ахтараман… Боролмаган –
Ерларимни ўйларканман, кўнглим вайрон.
Алдаб-авраб ҳам аллалаб кеча-бугун
Йўлларимни ютди… қолди қанча ой, кун?
Ухлаб, қанча орзу, ўйни ўлдирдим-ку,
Ёстиғимнинг остида қай тирик очун?..
Туннинг оғир муҳитида қайғу босиб,
Қанча ўйлар қолиб кетмиш уйқу босиб?
Қанча вақтим, бахтим ғойиб бўлди экан?
Уйғонганда, чиқармикан қовоқ осиб?..
Тунлар менга ухлаш учун берилмаган,
Донолар ҳам уйқу – ўлим, билгил, деган.
Эвоҳ, билмам, қанча вақтим, замонимни
Қора тунда оппоқ кўрпам кафанлаган?..
СОҒАЙИБ КЕЛАМАН
Мен соғайиб келарман бор дардни ортга ташлаб,
Табибларга раҳмат деб, кулумсаб-кўзим ёшлаб.
Менга умрим эшиги беркилгани йўқ ҳали,
Кенгликларга чиқарман яна дўст-ёрни бошлаб.
Саломат кун ўтишин соғиндим, соғинмас ким.
Соғайиб, эсим йиғиб, келсам дейман, ҳақ пирим.
Тоқатим бор эканда кучим йиғай, интилай,
Ёнмай туриб ўчишни ёзмагандир тақдирда.
Қозоқ тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси