Роберт Рождественский (1932-1994)

Роберт Иванович Рождественский (ҳақиқий исми — Роберт Станиславович Петкевич; 20 июнь 1932, Косиха қишлоғи, Ғарбий Сибирь ўлкаси, ҳозирги — Олтой ўлкаси — 19 август 1994, Москва) — рус шоири, таржимон, қўшиқлар матни муаллифи. «Олтмишинчи йиллар авлоди»нинг таниқли вакилларидан бири. Ленин комсомоли мукофоти лауреати, СССР давлат мукофоти лауреати.

АСКАР АЛЁШАГА ПЛОВДИВДА ҚЎЙИЛГАН ҲАЙКАЛ

Бундан кўринади
йироқ-йироқлар
кўкка сингиб кетган уфқлар оша.
Пловдив қошида ўйланиб турар,
ҳайкалга айланган
аскар Алёша.
Алёша, адашган ҳайкалтарошлар,
сенинг қиёфангнинг
тасвири хато.
Эҳтимол
сен ҳақда камроқ билишар,
аслинг тасаввур ҳам қилишмас ҳатто.
Ахир бу тош уйқу
сенга хос эмас,
мудом ҳамдам эди лабингга кулгу.
Ғамгусор турибсан,
тинмасдан бирпас сўзлардинг –
яшардинг, хуллас, серғулу.
Залворли, қорайган
ўрмон устига
туман йиқилади тушдай оқариб.
Мен йўлга чиқаман энди,
Алёша,
мен сендан
ўн йилга
каттаман, қарийб.
Алёша, дунёга келдим мен кечроқ,
аслида менда ҳам қалб мардонавор.
Кўп нарсани кўрдим,
сен мендан кўпроқ –
ҳатто
ўлимни ҳам
учратдинг бир бор.
Тинчгина ухлашга
ҳақлидир марҳум,
Узр.
Аммо сенга саволим талай.
Сўрагим келади:
“Ёмонми ўлим?”
бироқ шивирлайман:
“Яшамоқ қалай?”

Ғалат туюлмасин сенга саволим,
Дилда бир тугун бор,
юборай ёзиб.
Жон фидо этганинг ҳаётда, ахир,
яшай оляпманми сенга муносиб?
Ишонгин!
Сен менинг муаллимимсан –
ҳар бир қадамимга
қўясан баҳо.
Алёша, шу синчков нигоҳинг билан
ишиму режамга
боқдим доимо.
Шу нигоҳ олдидан йилларим ўтар,
кунларим
унга тик боқиб келажак.
Икки одам умрин,
эй, елкам,
кўтар,
гувилла кўксимда, иккита юрак.
Ёлғончи дунёдан
зарра қўрқмайман,
қалбимда нима бор –
аскар қилар қайд…
Энди
Россияга мен қайтаяпман,
Алёша,
онангга нима дейин,
айт?..

Усмон Азим таржимаси

КИМСАСИЗ ОРОЛЛАР

Спортчи тушига кирар зафарлар,
Шоирлар тушида кўради сўзни.
Севишганлар эса,
тушида ҳар гал
кимсасиз оролда
туярлар ўзни.

Улкан шаҳардаги
энг олис, сирли,
еллар ифор сочган ажиб макон бу;
кўзга кўринмаса ҳамки,
у нурли –
сочар ошиқларнинг
қалбига ёғду.

Ҳатто ўқувчи ҳам –
зўрдир мияси,
эслаб қололмаган
бу жой қайдадир, –
ошиқларнинг бор ўз географияси,
бор ўз харитаси уларнинг, ахир!
Ўзгалар чорасиз,
қилманг таажжуб,
кимки ошиқ агар
етгай унга, бас.
Кимсасиз ороллар –
бор гап, у мавжуд,
зинҳор эртакмас у,
уйдирма эмас!..

Бунда бари жўндир,
бари жайдари –
ана, кумуш мавжли
сокин оққан сой
ҳамда осмондаги
булутлар ҳарир
ва улар ортига яширинган ой.
Еллар
бунда эркин қоқар қанотин,
қушлар чуввос солар
тинмайин сира,
уммон –
юрагида мудом талотум,
тоғлар –
ишончи зўр ўзига бирам.
Бунда шаршаралар
учқур, шарорли,
майсалар
тонгларда беланар зарга…
Толе бундай ноёб,
ажиб оролни
раво кўргай
фақат севишганларга!..

Бунда – иккита қалб,
икки қалб – бунда!
Бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқдир.
Майли,
қалдироқлар жўшсин очунда,
улар бирга токи –
кўнгиллар тўқдир!
Лекин бу жўн эмас,
жўн эмас ғоят,
ҳар қанақасидан-да, минг бор мушкулроқ.
Шаҳар
тинч уйқуга чўмар ниҳоят,
жимжит боғчаларда жимирлар чироқ.
Рангин жарномалар
ниҳоят толар,
сўнади неонлар,
энди олар дам.

Ойналар сўнади,
сўнар ойналар
ул ажиб,
кимсасиз оролларда ҳам.

САРОБ

Навбатчи қичқирар
боқиб уфқ сари:
– Ҳой, қаранглар – сароб!
Келингиз илдам!..
Ҳамма таомини итарар нари,
отилиб чиқамиз эшикдан…

Боқмоққа шай эдим,
гарчи рўё бу:
кўкка етган сарвлар,
чаманлар – рангин,
уммоннинг кумуш ёл
тўлқинларию
кунгураларига
қадим кентларнинг…

Ахир, ўқигандим бир пайтлар
қумда,
бу гўзал ёлғонлар
тикканини қад.
О, не-не карвонлар,
йўлдан бир зумда
адашган
саробдан лол бўлиб беҳад.
Ахир, ўқигандим,
биламан илло:
одамлар чошгоҳ пайт
тундагидек нақ-
қуёшни лаънатлаб юрганларин
ё
сув кечганин
сувсиз саҳрода мутлақ…

Бироқ бунда…
– Сароб – мўъжиза қани?!
– Ахир, жуда оддий бунда сўл-соғлар.
Кўрдим мен уфқда
жўн бир лавҳани –
сузиб борар эди
улкан музтоғлар.
Улар кун нурида
қиларди жилва…
Ҳар қандай рўёга
тайёр эдим мен.

О, Арктика,
ҳатто саробларинг-ла
ҳеч кимни
алдашни истамайсан сен.

“САКСОН САККИЗ”

Радистларнинг алоқа коди бўйича “88-С”
бирикмаси “ўпаман” сўзини билдиради.

Сенга ғалатидир
мен айтар сўзлар,
Чунки шаҳрингизда
қордан йўқ нишон.
Оқ фартуқда юрар
ўқувчи қизлар,
кўчаларда гуллар сотилар ҳамон.
Ҳамон шовиллайди сизда дов-дарахт…
Бизда эса нуқул
қорнинг ғарч-ғурчи,
изғирин
вужудни айлайди карахт,
оқ уюмлар фақат –
бу юрт ҳар бурчи…

Хатларим кечикиб борар.
Кечиргин.
Почтани айблаб бўлмайди,
ишон…
Менга айтишдики,
урушдан олдин
бир радист яшаган экан,
шу Диксон
оролида, бўлиб ошиқи адо.
Менга айтишдики,
аввал у ҳаргиз
севмаган,
сўнг ёнган ишқ ўти аро –
келгач шу оролга
бир кун радист қиз…

Буйруқ,
ҳисоботлар ичра беҳисоб
бир куни
одатга хилоф дафъатан
йўллади “Ўпаман!” сўзин ва жавоб
келди унга: “Нима? Тушунмаябман…”

Кўнглида ўзини лаънатлаб ортиқ,
йигит сўзларидан
қайтмади сира.
Ҳаводан
бўсасин қилганча тортиқ,
яна хитоб қилди:
“Саксон саккиз! Ҳа!..”
Суҳбатнинг давоми
кечди оташин:
“Жонгинам,
қалбимни тушунгин, ахир!
(Саксон саккиз!)
Гапим эрур чин.
(Саксон саккиз!)
Ёлғони йўқ тақир”.

Йўлларди бир сўзни
кечаю кундуз,
саксон саккизни у
уриб басма-бас,
жавоб қилмагунча
унга радист қиз:
“Англадим мен сизни —
саксон саккиз, бас…”
Балки бу воқеа
бўлмаган сира,
бошқача кечгандир
балки – зиёда…
Лек менинг ишонгим
келади жуда –
шундай телбалар ҳам
бор-ку, дунёда…

Мен ҳам
дилда севгим туғён қилган дам,
йўллайман
юрагим сасин изма-из:
“Саксон саккиз,
жонгинам!
Жонгинам,
саксон саккиз!..”
Бир оташ беаёв
ёқади қоним,
олисда соғингум
сени бетоқат.
Мен сени севаман жуда ҳам,
Жоним!
Саксон саккиз!
Севгум сени тоабад.

АРКТИКА ХУРУЖИ

Ахтариб ўтирма дорию дармон,
китоблар титкилаб бўлма овора…
Бу хасталик сири
ҳали ноаён,
тиб илми ҳам унга
топмаган чора…
Бир йигит мунғайиб
юракни эзса,
чодирга қамалиб
хўрсинса ҳар бор:
“Менинг дардим оғир…
Арктика…” деса,
ҳеч ким чақирмагай унга шифокор…
О, бу дард хуружи!..
Руҳинг чирмар ва
ажиб оташида
қиздирар қонни–
шафқатсиз аёзи ила
Арктика
қошига чорлаган, демак,
инсонни!
Энди кезмагин сен
қай юртлар аро,
кутсанг ҳам баҳорни
бўлиб бетоқат,
Қутб сарҳадида юрсанг ҳам ҳатто,
тушингга киради оқ қорлар фақат…
Хўш, у не риштадир –
ўзига боғлар,
қай жозиба ўрар мангу музларни?
Суви илиқ дарё,
сарбаланд тоғлар
четлаб ўтмаганми, ахир, уларни…
Булар бари гарчи
арзимас, сабаб,
рўй-рост кўрсайдингиз сиз ҳам бир бора,
кошиндор музларнинг
нақшин беадад
ва зулмат бағрини
айлаб чилпора,
қуёш чиқишини кўрсайдингиз бир!
Шаффоф ҳаволарга
тўлдирсайдингиз
кўксингизни,
шунда, шубҳасиз, асир
бўлардингиз
мовий бу маъвога сиз!
Туярдингиз шунда –
бахт нима асли,
шу яйдоқ заминда дўст меҳри нима…
Шунга аминманки,
сўзимнинг рости,
қилмайин сиз шунда ҳеч кимдан гина,
такрорлар эдингиз
шу каломни, ҳа,
қалбингиз чирмаган ҳовурни енга:
– Чалиндим
Арктика хасталигига!
Чақирманг, шифокор керакмас менга!

МЕВАЛАР

Болалик бамисли ўқилган китоб…

Ўрмон – ортда энди,
икки қанотдек.
Эсимда:
ул ўрмон ичра беҳисоб
мевалар ғарқ пишган – тансиқ ва тотли.
Улар гарчи офтоб тафтин суярди,
энди барглар аро
топганди ҳузур.
Оҳиста бошини чайқаб қўярди
ўтлоқ бағридаги ола-чалпоқ нур.
Фароғат туярди
бу жилва-нурдан
жимжит ўрмон ичи,
турфа анғизлар.
Сариқ гуллар узра қўнарди бир дам
жимиту залварли қорақўнғизлар.
Қайинлар тепаси – зангори осмон,
Унда қушлар саси
эриб-сўнарди.
Рангдор ниначилар –
кўзи каттакон
оҳиста елкамга келиб қўнарди…
Мен мева конига дуч келган эдим,
ўзим тўйсам ҳамки,
кўзим оч, тўймас…
Шапкам-ла юзимни артдим-да, дедим,
барин еёлмайман,
етар энди, бас.
Ўзим-ла олиб ҳам кетолмам, аён,
бироқ бир нарсадан эди кўнглим тўқ:
менга тегишлидир
энди бу макон,
бошқа ҳеч кимсанинг бунга ҳаққи йўқ!
Қайтдим оромгоҳга
шу ўй-ла шаҳдам,
ва бир ой бу сирни қилмадим ошкор.
Бу орада
тугай бошлади ёз ҳам,
боришга шайландим
у жойга такрор.
Гуруҳ раҳбаримиз қатъий тайинлар:
“Йўлинг ботқоқ сари сира солмагин!..”
Тарбиячи Вера Николаевна
деди:
“Мевалар йўқ, энди қолмаган!
Уларнинг мавсуми тугаган, тушун…”
Мен эса аҳдимдан қайтмасдим тақир.
Нима қибди?
Қайта боришим учун
ўзим кўзлаб қўйган макон бор, ахир…
Яна йўлга тушдим шох-шабба аро,
муздек булоқларга чайдим мен юзни.
йўлимга кимлардир атайлаб гўё
ташлаган ўргимчак ипларин уздим.
Ортимда
ҳапқириб мен босган сўқмоқ
эгилиб боради бамисоли ёй…
Яна бир бурилиш,
сўнг ўша ўтлоқ –
мен кўз остимга олиб қўйган жой!
…. Унда, аввалгидек,
гиёҳлар дуркун
чирмашиб ётарди,
капалак ғужғон.
Ўрмон гувилларди…
Бағри бус-бутун.
Фақат мевалардан йўқ эди нишон.
Бордир на маймунжон,
на-да қарағат.
Қани у мевалар –
мен бир пайт терган?
Ётар бир чеккада унут бўш сават,
Нима содир бўлган,
нима юз берган?..
Ғалати туйғуга тўлдию кўксим,
қадам босолмайин
тўхтадим таққа.
Эсимда:
ўшанда йиғладим ўксиб,
узала тушганча қалин ўтлоққа.
Илғаб ололмадим дафъатан –
не гап,
офтоб чиқди аста булут қўйнидан.
Донишманд табиат
боқарди менга
мунис бўтакўзлар нигоҳи билан.

ГУЛХАН

Гулхан жон берарди одамдек худди…
Дам сўниб,
пасайиб,
ёлқинланиб дам –
ҳаволарни бот-бот чангаллар эди,
ожиз қўлларига кучин қилиб жам.
Тирмашиб юксакка
тутунлар ила,
гўёки чамалаб сўнгги имконни –
олиб кетмоқ бўлар эди ўзи-ла
қоронғи,
димиққан кабир ўрмонни –
айириб тик қомат оққайинлардан,
қушлар чуғуридан
аста айириб,
олиб кетмоқ бўлар ўтлоқларни ҳам;
пахмоқ туманларни
барин қайириб –
олиб кетмоқ бўлар
осмон юзида
чечакдек сочилган юлдузларни-да.

ЭШИТЯПСАНМИ?!

Қанийди чой бўлса!
Қайноқ, аччиқ чой!
Мурабболи бўлса, оҳ, ҳузури жон!
Лекин бу бир истак,
орзу ҳойнаҳой!
Теграм – бужур қайин,
пашшалар ғужғон…

Бу кун сен олиссан
болалик мисол,
кетдим мен қошингдан
жуда ҳам йироқ.
Хаёлдадир энди
кўришув, висол,
юраклар тубида
адоқсиз фироқ…

Чиқаман
елларга кўксим очиб тик,
изғирин заҳридан қўрқмайман сира.
Айрилиқ нимадир –
мен танидим илк,
ҳижрон бу кун қалбга
яқиндир бирам.
Ғуссани кўксимдан итқитиб нари,
ғам-қайғуга
барҳам беришим мумкин.
Келмаса келмасин, майли,
хатларинг,
бўлсин нигоронлик умримнинг мулки.

Паноҳ деб билдим мен еру осмонни,
ҳар қандай ғанимга
бас келгум ҳар он,
майли,
ҳар не мушкул қийнасин жонни,
фақат бир таскинсиз яшашим гумон!
Майли,
сен учун бу – ғавғо беҳуда,
қаттиқ ботган бўлсам, кечиргин агар.
Эшитяпсанми?!
Мен истайман жуда –
мен шунга ишонгим келар
муқаррар:
шу некбин,
навқирон,
маъсум,
елвагай
курраи заминнинг
бир бурчагида
ҳислар қуюнига ҳаргиз бўлиб шай,
энг сўнгги нажотнинг
ўй-истагида
бағрингни аламлар
чирмаркан қат-қат,
ёзғириб,
сен
мени ўйлайсан фақат!

ЗАЛДАН ТУШГАН ХАТГА ЖАВОБ

Унда эзгу сўзлар эди мужассам.
Сўнгига битилмиш
юракдаги сас:
“Мен ҳавас қиламан
сизга жуда ҳам!
Хотинингизга ҳам
қиламан ҳавас…”

Унга қандай жавоб айлаганим соз?
Зал-ку –
мухлислардан гувиллар тошиб.
Майли, улар вақтин олсам ҳам бир оз,
жавоб бергумдир мен,
қалбимни очиб.

Сиз туясиз шеърлар,
олқишлар тотин,
афишаларга ҳам
боқиб тўймайсиз.
Шундандир эҳтимол,
шоир ҳаётин
байрамдан иборат
дея ўйлайсиз.
Фақат хуш-хандонлик!
Мисли саҳнада
тантана олдидан янграгувчи сас…
Ахир,
ўйлаб кўринг,
ҳатто армия
фақат намойишдан
иборат эмас!
Ҳа, аскар чиройли
ва кўркам роса –
шаҳдам юриб ўтса
ўзга бериб зеб.
Лекин ер қазмаса,
юк ташимаса,
ким айтади уни
“Ҳимоячи” деб?!

Бизда ҳам шунақа –
ишимиз нозик,
заҳматлар чекамиз
гоҳ тунлар бедор.
Шон-шуҳрат –
бир кўпик
ва бундан рози
бўлмайдиган
инжиқ
ёрларимиз бор…
О, илҳом! –
Бу дамлар фараҳли бешак.
О, илҳом! –
Бемаврид туғилган сурон.
Шунда –
исён бошлар оташин юрак
совуқ тафаккурга қарши, бегумон!
Бу –
мисли фарзанднинг туғилишидир!
Қайта туғиласан
ўзинг ҳам мисли!
Асли энг қора иш,
дейдилар,
шудир.
Санарлар
энг эзгу деб ҳам
бу ишни.
Ва у –
мангу жабҳа,
умринг берурсан,
рангин уфқлардан
қамашар кўзинг!
Бунда –
ўз-ўзингга
сен халқ эрурсан,
бунда –
салтанатсан
ўзингга ўзинг!
Кетмас бу борада
зарра ғирромлик!
Ер-осмон қоришар
чайир жонингда.
Қисмат чорлар сени –
ажиб суронли,
сурур шарорадек
оқар қонингда!
Шаҳду имконларинг ўлчовли,
бироқ
туриб бермоқ керак
сўнгги он қадар!
Мана,
яшаяпмиз қилмай ноз-фироқ,
юракда гоҳ шодлик,
гоҳ қайғу, кадар…
Хуллас,
хат битган қиз,
сизнинг хуморли,
маъсум қалбингизга
ғусса тўлмасин.
Тилайман мен сизга
мунис бир ёрни,
ким бўлса бўлсин у,
шоир бўлмасин.

* * *

Қайдадир шаҳар бор,
ўхшар нақ тушга,
ҳарир туманларда
ётар чулғаниб.
Иссиқ,
тансиқ меҳри ёдимга тушса,
боргим келар
уни тавоф қилгани.
Ўтган унда
олис болалигимиз…
Тунлар ошиқаман унга қайтмоққа.
Вокзалга чопаман:
“Чипта беринг тез!..”
“Чипта йўқ…” дейдилар,
тўхтайман таққа.
Йўқ бўлса йўқ, ошна!
Нима ҳам дейсан?
Болаликка чипта
тағин қайда бор?
Балки соғинч гоҳо
юракни эзса,
унга
хаёлан биз қайтамиз такрор.
Яшар бу шаҳарда
ажиб эртаклар,
бокира қалбларда –
туйғулар чақин.
Унда
жуда юксак эди тераклар,
унда иморатлар –
қуёшга яқин…
Қисматдаги олис,
қўл етмас қўшиқ,
мунис,
мовий шаҳар,
ташаккур сенга!
Бизнинг йўлимизга термилма ортиқ,
қайтмаймиз ҳеч қачон
энди бағрингга.
Курраи заминда йўл турфа, бисёр,
теран боқсанг,
умр тўла жумбоқ, сир…
Болалик,
биз сенга қайтмаймиз зинҳор.
Бизлар улғайганмиз.
Сен бизни кечир.

* * *

А. Агроновскийга

Таққиллаб тинмайди
тошли йўлкалар.
Дўстлар
йиқилган жой –
энди дўнгчалар.
Ўтларга кўмилган,
кўраман баъзан;
бироқ уйларида
то мудом аза.

Бошқалар кетдилар
йўллардан ўзга.
Панага ўтишиб,
тушмаслар кўзга;
майда илинжлар-ла
гирён, овора –
бу ҳақда сўз очмоқ
шартмас ошкора.
Кимлардир бахт учун
чангал солдилар –
ёғлиқ ўринларни
топиб олдилар.
Ҳаёти уларнинг
бирам фаровон –
тиллари бийрон,
кўнгиллари чароғон…

Мен-ла гаплашишдан
қиладилар ор…
Телефон рақамим
дафтарларда хор.
Номим
рўйхатлардан
четга сурилган,
балиқман –
қирғоққа
улоқтирилган.

Менинг дафтарчам ҳам
дилни тортмас кўп.
Аввал семиз бўлса,
энди озган хўб.
Аввал денгиз бўлса,
энди унда – муз.
Аввал баҳор бўлса,
энди унда – куз.

Мирпўлат Мирзо таржималари

* * *

Кичик бир
бешафқат заминда
Яшаб ўтар эди
кичик бир одам,
Кичик эди унинг
иш лавозими
Ихчамгина эди
портфели, ҳатто
Маоши ҳам
шунга яраша.
Кунларнинг бирида –
Сокин саҳарда –
Деразасин чертиб
чорлади, ногоҳ
Кичикдай кўринган
даҳшатли уруш…
Кичик бир автомат
берилди унга.
Кичик бир этик ва
кичик бир каска
Кичиккина шинел
бўйига мослаб…

Аммо у йиқилгач бехос,
тўсатдан,
Хужумга ташланиб
хайқирган чоғи,
Ёвга ғижинганча
бўлиб қолгач жим
Етмади ер юзин
мармар тошлари
Бўй- бастига ҳайкал
ўймоқлик учун!

ЖОКОНДА

Қанчалар кўп
билар мен ҳақда
бу аёл!..
Сезаман:
Пистирма
ғижирлар
ҳар ён!
Таралгай шамолнинг хушбўй ифори.
Ранг олар қорамтир шарбатдек дарё.
У менинг беҳаё фикримга,
Ёприлар хаёлий, қиров мисоли.

У жойда – имкон йўқ ўтмоқлик учун,
Жонсиз ўт-ўланлар, чакалакзор ғиж.
У жойда изғир гунг шафқатсиз қўрқинч.
У жойлар гўёки ярим тундан сўнг
Хувиллаб қолгандай суронли вокзал.
У келиб урилар кўзга тиғ каби,
бехосдан кўринган шарпа галма- гал!..
Буларнинг ҳаммаси айтилган унга.
Пичирлаб,
бўрттириб,
ҳайрат шавқида…
Қанчалар кўп билар бу аёл
менинг ҳақимда!..
Шаббода кўтаргай боғ қадларини,
Қутура бошлагай мушуклар…
Ва биз яна росладик, мана
Товусларнинг нозик патларини.
Гоҳ тўю томоша, гоҳида аза
Узилиб, узилиб ўтгайдир йиллар…
Биз эса у ҳақда – кўз қисиб ҳамон
Дегаймиз: эй гўзал!
Юр!
Юргин! – шарқироқ оқимлар томон.
Юр! – елвизак сари.
Шошил! – тунги майхоналар
ланг очиқ, ахир!
Бизнинг измимизда уларнинг бари
Чириб кетмагунга қадар бу аср !..
У эса хоҳламас сўзлашни.
Боқар юксакдан.
Чорасиз.
Киборли …
Тақдир ўти аччиқ,
аримайдир, бас.
Қанчалар кўп билар бу аёл,
фақат индамас.

ВАҚТ НИСБАТИ

Юлдузлар сочилар тўсатдан
Гўёки бебошвоқ оломон,
Ёзнингми, қишнинг қоқ белида
Куз пайдо бўлгандай ногаҳон.
Гарчандки икки пок юракнинг
Беозор уриши муҳимдир,
Ундан-да муҳимроқ, сабаби
Муқаррар бу – вақт нисбати.

Мен оддий яшадим, жўнгина
Ва бефарқ бўлмадим севгига,
Шеър ёздим сен учун беминнат
Юборгум яна ўн саккиз хат.
Сен бирдан олмайсан уларни
Боиси бу – вақт нисбати.

Югургим йўл бўйлаб тонг саҳар
Гар нафас олсам-да оғирроқ,
Ўзимни ишончга тўлдириб,
Тошириб боргайман мен бироқ.
“Севаман” деб қандай қичқирай,
“Севаман” дейишинг маҳолдир,
Олисдир туйғулар, сабаби
Шубҳасиз бу – вақт нисбати.

Йўлимни тўсадир кун нури,
Тўсадир бетиним шамоллар.
Қўрқитмоқ бўладир, йўлимга
Ғов бўлиб баҳайбат гунг тоғлар.
Кўз тутма, қўнғироқ қилмайман,
Сабр қил, бу тақдир қисмати,
Мен четлаб ўтаман ғовларни
Беилож қолар вақт нисбати.

* * *

О, шоирлик иши!
На мисралар тўкис,
На сатрлар соз…
Кўниккан ўқувчи,
Чидар оқ қоғоз.
Истаса ўтказар
ғалвирдан сувни,
Истаса ёзайми
Уними, буни,
дея беҳафсала
ўтказар кунни.
Қофия баҳсини
ўйнар истаса,
Ё қилиши мумкин
унинг аксини.
Шундай телбаликлар
қиларки, ҳатто
Ҳайратдан танқидчи
оғзини очиб,
Унутар юмишни,
Эс-ҳуши қочиб.
Насиб этган унга
шундайин амал.
Мен-чи, қандай ростгўй
бўлай ҳар маҳал?
Қандай кирсам бўлар
Эшикни қоқмай
Уйларингизга.
Қандай кирсам экан
Қитмирликларсиз
Юрагингизга?!

Рус тилидан Музаффархон Маматхонов таржимаси