Озод Яшар (1961)

Озод Илёс ўғли Фаражов (Fərəcov Azad İlyas oğlu) 1961 йилда туғилган. Илк шеъри 1998 йилда босилган. Асарлари Москва, Истанбул, Киевнинг нуфузли адабий журналларида чоп этилган.
Дунё адабиётининг 150 дан зиёд ёзувчилар асарларини озарбайжон тилига таржима қилган. Шулар орасида Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан ҳикоятлар, Г.Мопассаннинг “Танланган асарлари”, Е.Капеттининг “Кўрлашма” романи, абсурд театр намуналари, рус постмодерн антологияси бор.

КИЧИК ШЕЪРЛАР ЁЗИШИМ БОИСИ

Кичик шеърлар ёзишимнинг боиси
Аслида уларни
Кичик қоғозларга шеър ёзишдандир.
Кичик қоғоздаги кичик буш жойни
Шеърим ёзиб тор жойни
Кичик ашъор билан тўлғазишдандир.

Кейин эса айни шу кичик шеърларим
Кичик китобларда чоп этилади.
Буларнинг ҳаммаси тузатилади,
Чунки ўқувчимнинг юраги мени
Тушуна олмас даражада кичик,
Кўзи эса тор бўлади.

Ҳаттоки эгнимга кийганим кўйлак
Яшаб турган мўжаз манзилим каби
Мурғак фикрларимга ҳам тор келади:
Бу қоғоз,
Бу дунё,
Бу кўк юзи,
Бу ер юзи,
Жой йўқлигидан.

Ҳали мўъжаз-митти расмлар
Чизганимни айтиб нима қиламан.
Жойсизликдан ҳеч қандай расм
Чизмаганимни ҳам фақат ўзим биламан.

ҚОҒОЗ ПУЛ ВА ПУЛ ҚОҒОЗ

Орасира дўкондан
Уйга нарса олганда,
Чўнтагимдан қоғоз пул
Излагай пайтим
Пулдан ҳам кўпроқ
Қўлимга қисқа шеърлар ёзганим
Қоғоз пул илашганин
Яхши фарқлай оламан.

Шу боисдан ҳам,
Анови жуфт олд тиши
Йирик ва сийрак бўлган
Сотувчи қизнинг ҳар сафар
“Пиқ-пиқ” кулишларига
Чидамоқдан бошқа
Чорам қолмайди.
Чунки моддийликка
Асослаган ушбу дунёда
Шеър ёзилган қоғоз парчасининг
Бир панжача қоғоз пул ўрнини
Боса олмаслигини ўша қизчалик
Мен ҳам биламан.

Лекин орамизда битта фарқ бор:
У бу аҳволга кулади ширин-ширин,
Мен бўлсам аччиқ-аччиқ.
Аслида эса
У менга кулганчалик
Мен ҳам ҳар борада
Тузалиб улгурмаган
Замонага куламан.

МУШКУЛ МАСАЛА

Сендан нима истаганини
Ўзи ҳам билмаган кимсага
У истаган нарсани бериш
Жуда-жуда мушкул масала.

ҲА БИЛАН ЙЎҚ

Ҳаёт —
Тангри бизга берган
Ажиб бир неъмат,
Чунки яшаб бўлмас
Хотинлар билан,
Лекин уларсиз ҳам
Яшаб бўлмайди.

СЕВГИ КУБИ

Сенсизликда миям
Рубик кубигини эслатар мудом.
Ундаги майда кубларни
Истаган томонга буравераман.
Ҳар сафар
Ҳар тарафида
Сен кўриниб тураверасан.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси