Мигель де Сервантес (1547-1616)

Мигель де Сервантес (Miguel de Cervantes Saavedra) — машҳур испан адиби. У Испаниянинг Алькала-де-Энарес шаҳарчасида кўчманчи табиб оиласида туғилган. “Сеҳргарлар мени омаддан жудо қилиши мумкин, аммо улар мени жасорат ва эркдан маҳрум қила олишмайди” – бу сўзлар Сервантеснинг жаҳон адабиётида машҳур “Дон Кихот” романидан олинган бўлиб, том маънода муаллифнинг таржима ҳолини англатади. Сервантес аввал Италияда яшайди ва ўша ерда 1570 йили ҳарбий хизматга ёлланади. 1580 йили Испанияга қайтиб, ҳаётини янги соҳа – театрда бошқатдан бошлайди.
Сервантес бутун ҳаёти мобайнида шеър ёзган. Аммо у шеърларини насрий асарлари таркибига киритиб, қаҳрамонларига нисбат беради. Фақат ХХ асрга келиб унинг шоир сифатида ўзига хос овози борлиги кашф этилди.

ИСПАНИЯ НИДОСИ

Эй, озод, тоғлардан юксак осмон,
Кўнгилни ёритиб турасан ҳамон,
Испания яшнар меҳринг нуридан,
Халқим севар сени кўнгил тўридан.
Аммо, тингла, тургил қошимда,
Сўйлай, нелар ўтмиш бошимдан.
Қайғуларим айлайин баён,
Тингла мени, ҳамдард, меҳрибон.
Бир замонлар бахтли эдим мен,
Ҳозир эса аҳволим ёмон.

Уйимга ўт қўйди ғанимлар,
Зилзиладан ёрилди бағрим.
Не чандиқлар қолди танимда.
Ёвуз кучлар тилдилар сағрим.
Хоинлар қулликка мени сотдилар,
Гоҳ Юнон, Карфаген ўтга отдилар.
Билмадим, не учун мунчалар сазо,
Эҳтимол, гуноҳим учун бу жазо.
Сенинг ҳукмингмиди бу, эй, осмон,
Ё тақдирда борми шум замон?

Наҳот бегоналар ҳукм этар бунда,
Жабру зулм қилар кундузу тунда.
Наҳотки мусаффо бўлмас осмоним,
Наҳот яна келмас ҳурлик замони?
Қачон эсар бунда бахтим шамоли,
Байроғим ҳилпирар очиб жамолин?
Ўйлаб кўрсам, ўзимда айб бор,
Ўғлонларим севар жангу жадални,
Урушларда шуҳрат излайди такрор,
Аҳилликни билмас, беқарор.

Уларга бегона қардошлик руҳи,
Низою жанжалдан излар шукуҳин.
Фалокатлар қанча келса ҳам бошга,
Бирлашмас, тилаги, мақсади бошқа.
Ғанимларга қўл келар бу ҳол,
Ўзаро низолар қилар бемажол.
Барбарлар гуриллаб кирар бемалол,
Юртда ҳамжиҳатлик бўлмаса доим,
Юртни ҳам, халқни ҳам севмас худойим.

Рус тилидан Маҳкам Маҳмуд таржимаси