Луис Гарсиа Монтеро (1958)

Луис Гарсиа Монтеро (Luis García Montero) – замонавий испан шеъриятининг таниқли вакили. Гранада шаҳрида туғилган. Гранада университети Испан филологияси кафедрасининг катта ўқитувчиси. У Федерико Гарсиа Лорка номидаги мукофот, Севилья шаҳри мукофоти, 1982 йили “Хорижлик боғбон” шеъри туфайли қўлга киритган Адонаэ мукофоти, Гранада олтин медали, Сервантес номидаги мукофот ва бошқаларга сазовор бўлган.

МАЪЮС ҚЎШИҚ

Уч йил ўтди, юзида ҳамон
Тонг саҳардан узилган калом.
Юрагингни парчалар мудом –
Қоронғилик ҳар ённи босар.
Йўлакларда зимистон, қаранг,
Елкам узра эшикни қоқар.
Юрагингни парчалаб шу дам,
Судраб кетар зулмат қаърига.
Музлаб кетган эҳтирос мудом
Танҳо турар сўзлар ортида.
Одимлар у оҳиста, сокин,
Қайғу олар ўз қаърига жим.
Кулбам сари бир кетар шарпа,
Маъюс куйни эслатар, у ким…
Кўча узра сунъий нур балқар,
Учта кема лангарин ташлар.
Ёнимда ногаҳон ўшал нур ўтар,
Бамисли зарб уриб эшкагин эшар.

MЕНИ ТАЪҚИБ ҚИЛАР…

Таъқиб қилар мени тинмасдан,
Ғарнотанинг қўнғироқлари.
Толиқсам гар сени излашдан,
Далда берар кенг кўчалари.

Қамраб олар момоқалдироқ,
Денгиз ичра тин олар тўлқин.
Сукунатга чўмса-да, бироқ,
Тошиб борар унда ҳансираш.

Боғлар мункиб чиқарар ҳордиқ,
Ёз ҳам эшик қоқиб тинмайди.
Аста-секин кичраяр борлиқ,
Мен уларда яшайман аммо.

Бўса истаб севишган диллар,
Кўзларимга ташлар нигоҳин.
Хавотирдан юрагим гуллар,
Безовта қалб ёришар тинсиз.

Сокин шаҳар хаёлга чўмиб,
Қушларига қараб яйрайди.
Бизни бу чарх сирларга кўмиб,
Наҳот яна имдод истайди.

Испан тилидан Зиёдулло Жониқулов таржимаси