Юхан Вийдинг Таллинда, атоқли шоир ва адиб Паул Вийдинг оиласида таваллуд топган. Юри Юди (Jüri Üdi) – унинг тахаллуси. 1972 йил Таллин Давлат консерваториясининг театр санъати ва драматургия факультетини тамомлаган. Унинг кўплаб шеърий тўпламлари, драмалари чоп этилган, шу билан бирга у актёр сифатида ҳам шуҳрат қозониб келаётган эди. 1995 йил фожиали ҳалок бўлган.
***
Куйдиради, бевош, безори,
Юрагимга ботар озори.
Кеча уйга келиб бемаҳал,
Ўзин солди кўзгуга аввал.
Алмаштириб эгни-бошини,
Яна такрор кўзгуга боқиб,
Кийиб кўрди бошқа тусини.
Сўнг яна бир қараб кўзгуга,
Қиёфасин айлади тафтиш.
Кетди.
Мен эса – отаман, унинг отаси
Уйда қолдим ёлғиз,
Уни соғиниб.
***
Бу шоир.
Нималар ҳақда ёзар у?
Ҳаёт ҳақида.
Шеърларида йўқдир ҳеч нарса
Ҳаётдан бошқа.
Бир ўзи
Ҳамманинг диққатин жалб этиб,
Нени ўргатади ҳаммага ?
Ухлаб қолмасликни
Ўзни унутиб.
Бу эса жуда муҳим.
Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси