Римантас Ванагас (1948)

Римантас Ванагас (Rimantas Vanagas) – литвалик шоир, таржимон ва жамоат арбоби. 1979 йилдаёқ илк тўплами учун литва шоири Зигмас Геле номидаги ёшларнинг энг яхши тўпламига бериладиган мукофотга сазовор бўлган.

ОНАМНИНГ ХАТИ

Олисда,
Ўрмонлар ортида,
Ота маконимда қадрдон,
Менга хат ёзади онам
ҳар кун паришон.
Лов-лов ёнар ёнида ўчоқ,
Қизил лавлагини артиб-тозалаб,
Менга хат ёзади онам.

Мен буни уддалай олмайман бироқ.

Бир бевош ўғилман, бечора онам
Ҳар гал хатларида тайинлаётир:
“Шаҳар кўчалари суронли ахир,
Бир кор-ҳол бўлмасин!” – олар хавотир.
“ – Кечалари тўйиб ухлагин, аммо,
Оч қоринга чекма, дайдима узоқ.
Иссиқроқ кийингин, чиқсанг кўчага,
Ёқалашиб юрма ҳеч беҳудага”.

Мен буни уддалай олмайман бироқ.

Унутарман ҳануз емоқ-ичмоқни,
Вақтида тополмай уйқумдан дарак.
Ўтга ҳам, чўққа ҳам ургум ўзимни,
Шаҳарлик олифта каби жонсарак.
Баъзан сабаб топиб арзимас, майда,
Муштумзўрликни ҳам қилмайман канда.
Бироқ, иш ораси, вақти-бемаҳал,
Фикратимда олис қишлоқ жонланар:
Олисда, ўрмонлар ортида,
Ўша маконимда қадрдон,
Менга хат ёзади онам
ҳар кун паришон.
Узоқ-узоқларга термулар маҳтал,
Унутилар гоҳи қозону ўчоқ.
Менга хат ёзади онам
Бўлиб паришон.

Мен буни уддалай олмайман бироқ.

ҚИШ

Уйма-уй, томма-том тентираркан қиш,
Сенинг айвонингга келиб қўнармиш.
Уйингга элтувчи йўлларда оппоқ
Мавжланар, гўёки бўлгандай маёқ.
Енгил тортар юрак, ёришар дунё,
Кўк юзидан қуёш боққандай гўё.
Булутлар ортида қилгандайин ноз,
Гоҳ чордоқ-томлардан беради овоз.

Қоронғуда учиб шўх қор парчалар,
Ҳуркак оҳулардек сувга шўнғишар.
Тортқилаб заминнинг оппоқ кўрпасин
Қор остида қий-чув қилар майсалар.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси