Вийви Луйк (1946)

Вийви Луйк (Viivi Luik) — таниқли эстон шоираси ва адибаси. 1946 йил 6 ноябрда Эстониянинг Вильянди шаҳрида туғилган. Илк шеъри матбуотда 1962 йилда чоп этилди. Табиат мавзусига оид шеърлари жамланган илк тўплами “Булутлар байрами” номи билан 1965 йилда нашр этилди. 1970 йиллардан бошлаб шеърият, адабиёт мухлислари орасида танилиб, ижтимоий ҳаётда ҳам фоал иштирок эта бошлади. 1985 йилда “Еттинчи осуда баҳор” номли лиро-психологик романи эстон адабиётида анча шов-шув бўлди.
Вийви Луйк Болтиқбўйи халқлари адабиётида ажойиб шоира сифатида кенг шуҳрат қозонди.

***

Менда жасорат йўқ, яна етишмас
Энг зарур лаҳзада қатъият бироз.
Ўзимга ишонч йўқ,
йўқолган тамом,
Эзгу орзу-ният, умид ва ҳавас.
Биламан,
Мен юрар йўллар машаққат,
Кундузларим рангсиз, жилосиз, сўник.
Ҳар куни чарчоқдан қурийди илик.
Минг шукрки, аммо бор икки қўлим,
Қўлимда қаламим, кўзимда нурим,
Ва кўксимда оташин юрак.
Биламан,
Бошқалар мендан-да қашшоқ,
Уларда мендаги қалам йўқ, дард йўқ,
(Майли, бу унчалик муҳиммас, бироқ),
Муҳими, уларнинг кўплари ҳатто,
Кўзсиз ва юраксиз бўлсалар-да, оҳ,
Ўзлари бу гапдан бехабар, гумроҳ.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси