Аревшат Авакян – шоир, журналист ва рассом. 1966 йили Ереван давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Қўним билмас парвозлар”, “Нурли траектория”, “Моддият руҳи”, “Сўз қулфи” ва “Бошпана” каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. Рассом сифатида ўз китобларига безаклар ҳам ишлаган. Асарлари қатор хорижий тилларга таржима қилинган.
* * *
Умримнинг олис бир тонгида
Оқ эди булутлар шитири,
Чағалай қаноти сингари.
Ғуссага ботгандим,
Эҳ, олис манзил.
Ерга сингиб кетган булутлар аро
Тушлар кўрар эдим фақат ям-яшил.
Кўнглим ёритарди оппоқ кенгликлар,
Кўзим яшнатарди далалар мавжи.
Бир қиз табассум-ла олмиш хаёлим,
Қиё боқмаса ҳам бўларди гарчи.
Шу қиз бўлармиди ҳамроҳим, аммо
Ғойиб бўлди зумда субҳидам чоғи
Тасаввур эдими, эдими рўё?
Энди субҳ ўзгача, ўзгача фалак,
Биламан, қўшиқлар битмасдим балки,
Балки юз бурмаса мендан ўша қиз,
Куйламас ҳам эдим бундай жонсарак.
Кетиб борар эдим ғамнок, озурда
Олис эди манзил ўшанда жуда.
МОКАЦ ТОҒЛАРИДА
Бехавотир ухларди қишлоқ,
Сокин бошпаналар устида
Кезар эди сирли хаёлот,
Жуда ҳолдан тойган уйқунинг
Тепиб турар эди томирида қон.
Бедазор далалар қўйнида
изғирин шамолни
афсунлар чўпон.
Эртага ҳосил мўл бўларми дея,
барвақт туриб одатдагидан
ғаллазор далага отланар деҳқон.
Кулолларнинг моҳир санъати
Киритарди тупроққа-да жон.
Муҳаббат – рашк билан яшар ёнма-ён.
Ногоҳ бахт тўрини отганда инсон,
Тўрига муҳаббат илинар ҳар он.
Ҳузур бахш этарди қадрдон булоқ
Ул сабаб ташналик билмасди қишлоқ.
Ярим тун, ярим ой мўралаган чоғ
Гўё ажалга дуч келган қўзичоқ
Бўри тўдасига қасдма-қасдига
Яшашни истарди ҳар недан кўпроқ.
Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси