Амал Дунқул (1940-1983)

Амал Абулқосим Дунқул (أمل ابو القاسم دنقل‎; 1940–1983) – миср шоири. Миср адабиётидаги модернистлардан бири.

ҲАМДУ САНО

Шамол маъбудасига
Ҳамду санолар бўлсин!
Жасоратига олқиш,
Рағбат-дуолар бўлсин!
Ҳамма “Ҳа” деган пайтда
У-чи, жасорат билан,
Қарши чиқди, “Йўқ!” деди,
Инкор қилди қатъиян.
Унинг яна бир иши
Арзир олқиш айтишга,
Инсонни у ўргатди
Сир пардасин очишга.
“Йўқ!” деди, адолатга
Ўлмас тимсол бўлди у,
Эзгулик ва армоннинг
Мангу руҳи бўлди у.

СУЛҲ ТУЗМА

Душман билан сулҳ тузма
Бошга қилич тушса ҳам,
Шоҳлик тожин келтириб
Сенга кийдиришса ҳам.

Ахир, дўстлар жасадин
Ҳатлаб ўтиб бўлурму?
Мунофиқлар ошини
Қўлга тутиб бўлурму?

Кўришиш учун сенга
Чўзса душман қўлини,
Қўлидаги қон юқин
Тавоф этиб бўлурму?

Менга душман ўқ отди
Туриб орқа томондан,
Бир кун сени ҳам мўлжал
Олажак у камондан.

Атрофингга ҳушёр боқ,
Хавф-хатар кўп, бўл огоҳ,
Душман билан дўстлашма,
Зиён етмасин ногоҳ!

Душман билан сулҳ тузма
Бошга қилич тушса ҳам,
Шоҳлик тожин келтириб
Сенга кийдиришса ҳам.

Гар шуҳрат лаҳзасида
Бойлик, айшу ишратни,
Афзал кўрсанг, чув тушиб,
Ҳамроҳ тутсанг ғафлатни,

Сен минган тахт оёғи
Лиқиллаб қолса нолон,
Сен тутган қиличнинг ҳам
Ранги ўчиб ўшал он

Сохталиги билиниб,
Кулгига қолиб юрма!
Душман билан сулҳ тузма,
Душман билан сулҳ тузма!

ҲАЁТ ВА МАМОТ

(Ибтидоъ шеъри)

Мен дедимки: заминда
Ишқ яшасин беда ранг!
Аммо бундай бўлмади,
Бундай бўлмади, аттанг…

Дедим: дарё айлансин
Ҳайқирган денгизларга,
Денгизлардан таралсин
Булутлар паға-паға.
Булутлар бўшансинлар
Заминга ёға-ёға.

Қурғоқ замин ҳосилдан
Семирсин, неъмат бўлиб.
Сувларга тўлиб оқсин
Минг-минг йиллик чашмалар.
Оч қолган нонга тўйсин,
Сувга тўйсин ташналар.

Ерда ўсган майсадан
Чорва моллари тўйсин,
Дарахтлар япроқ ёзсин,
Дарахт сояларида
Саҳрода адашганлар
Роҳат-фароғатлансин,
Яъни, бошпана топсин!

Аммо, мен кўрдим, Одам
Болалари кўплашиб,
Аллоҳ берган майсани
Ўриб олаётирлар.
Атрофни чегаралаб,
Милтиқли соқчи қўйиб,
Ўзидай одамларга
Нон, сув сотаётирлар.

Мен дедим: ер устида
Ишқ яшасин беда ранг!
Аммо бундай бўлмади,
Бундай бўлмади, аттанг…

Муҳаббатни мулк этди
Кимки тўласа пуллар.
Пок туйғуни эгаллаб
Олди ўша жоҳиллар.

Мен дедим: ер устида
Ҳукм сурсин Адолат!
Лекин бундай бўлмади,
Бундай бўлмади ҳайҳот!..

Кўргин ернинг юзида
Неча-неча ҳайвонни,
Улар емас ўз қавмин:
Бўри бўрини емас,
Илон емас илонни.
Жонивор ўз қавмига
Емас мансуб бўлганни.

Мен дедим: эй одамзод,
Ўз қавмингни маҳв этма!
Аммо мен кўрдим баъзи
Одам болаларини
Улар ўлдирмоқдалар
Одам болаларини.

Шаҳарни лов-лов ёқиб,
Ҳомиладор аёлнинг
Қорнига тиқар найза!
Қани, менинг сўзимни,
Бирови ёдга олса!
Ҳайҳот, акси, Адолат
Ўлимга айланмоқда.

Жангчилар болаларни
Отар шаҳар-қишлоқда,
Кафандан либос кийган,
Суякдан ясаган тахт,
Нокасларнинг мулкига
Айланмоқда Адолат!

Мен дедим: ер юзида
Ҳукм сурсин Ақл-заковат.
Унинг вазмин чорловига
Қулоқ солайлик ҳар вақт.
Мен дейман: қушлар уя
Қурмас илон ёнида,
Қурт-қумурсқа урмайди
Ўзин аланга томон.
Буғдой ундириш учун
Уруғ сепилар доим,
Аммо уруғ ўрнида
Туз сепмаслар ҳеч қачон.

Ҳайҳот, кўрдим Одамнинг
Ақлини йўқотганин,
Бўй чўзган дарахтларни
Кесиб ташлаётганин.
Сув олиб, сўнг сув ичган
Қудуғини ифлослаб,
Туфлаб, ув қилиб, уни
Тамом булғаётганин.
Ажал ракеталарин
Кўмиб уйнинг ичига,
Сўнг ўша уйда ўзи
Яшайверар шод-хуррам.
Гўё чаённи ўпиб
Эъзозлайди қучоқлаб,
Қачон чақиб олишин
Ўйлаб кўрмас бу одам.
Фарзандлари ворисдир
Нафақат унинг номи,
Обрў, эътиқодига,
дини, эҳтиросига.
Балки ворислик қилур
Жунунлик либосига.

Ақл қайда дейсизми?
У айланди қувғинга,
У энди кезиб юрар
Қашшоқ, дарбадар, дайди.
Болакайлар мазахлаб
Тош, кесак отар унга,
Соқчилар олдин тўсиб,
Баттар туртиб, хўрлайди.
Ҳукумат аллақачон
Уни фуқароликдан
Маҳрум қилиб, номини
Сотқинлар аро ёзган…

Мен девдим: ҳукм сурсин
Ерда ақлу-заковат,
Аммо бундай бўлмади,
Бундай бўлмаган ҳеч вақт.
Ақл бўлди бадарға
Бориб тушди қамоққа.
Ўзлигидан кечганча
Ўтирибди – боши хам.
Аланглаб ҳам қўймайди
Боқиб уёқ-буёққа…

Музаффар Аҳмад таржимаси