Малик Фаль (1929-1978)

Малик Фаль (Malick Fall) — таниқли шоир ва ёзувчи. Асосан француз тилида ижод қилган. “Бўртма нақшлар” шеърий тўплами ва “Жароҳат” романи эълон қилинган. Малик Фалнинг “Қоронғилик”, “Сайёҳларга” шеърларини атоқли шоиримиз Шавкат Раҳмон ўзбек тилига ўгирган.

ҚОРОНҒИЛИК

Қишлоқларим қўрқар қоронғиликдан,
қоронғилик мангу уларни қувар.
Тун келар пайтида
онам ўт ёқади ўчоққа,
ҳайдаб келар эчкиларни болалар уйга,
отам дуо билан қаршилар тунни,
Шунда қоронғилик тишлаб-тишлаб туриб қолади
қишлоқларнинг этакларини.

Африкали қишлоқларим
тунларингиз хайрли бўлсин!

САЙЁҲЛАРГА

Сандаг бозорида
филларни кўргингиз келар жудаям,
Жудаям сувратга олгингиз келар
бошларида кўза кўтарган
қора қизларни,
Бир лаҳза бўлса ҳам яқиндан
кўрмакни истайсиз одамхўрларни.
Озодлик майдонида ухлаётган
тимсоҳларни кўрмоқ учун
жонингиз ҳалак.
Энди билиб қўйинг, жаноблар,
бор билетлар сотилган бугун
бирорта жой йўқ.

Шавкат Раҳмон таржималари

ЎЗАРО СЎЗ

Мен қандай юксалдим маънан,
Сўрама мендан,
Менинг ажиб шаънга тан
Бежаб сўзлашларимни
Гапирма менга,
Йўқ, шудир мақбули сенга,
Бетин жилган жилғадай,
Собит дарё янглиғ оғишмай,
Ўрнак олиб кучли оқимдан
Мен денгизга ошиқаман.
Сен айтки,
Мен сизларга аждодлар заковатин
Назр қиламан,
Мени руҳлантирар халқимнинг руҳи.
Сен бирла ўқирман миллатим хатин,
Бу менга шунчаки кўнгил шукуҳи.
Йўқ,
Сен менга кескин айт, ахир,
Менинг ҳар сўзим
Янги ташбеҳдир.

ИЖОД

Мен бурнимнинг тагидаги
Кўҳна деворларнинг сертуман
Оқ-қора ранглар ҳақидаги
Манзараларин
Ёза олмайман.

Мен ёзаман
Елда учган бадиий асарни –
Кўҳна деворлардаги шамс тумани жаранглатган
Гуллар кулин –
Рангдор сонаталарни.

Сен кўз юмасан,
Зийрак тинглайсан,
Иситмали бўёқларда бир сас яширин,
Сен кўрасан
Жодуларнинг сирли шивирин,
Ҳам ёмғирнинг кечиккан қўшиқларин,
Ҳам муҳаббатнинг олтинранг гардида
Боларининг шира дардида
Ғувиллашини ва ҳатто –
Қамашган қулоқларинг бекитсанг –
Менинг тасвирим
Дунёга кенг ва тенг тарқалган
Азалий гўзалликнинг
Яккаш номаси сирин
Кўрсатар сенга.

ТУҒИЛГАН КУН

Агар дўстлар сизга билдирмай
Қай зум
Ажиб совға ҳозирлар аллақандай –
Китоблар, гуллар,
Ўйинчоқлар, ашъорлар
Ёки шунчаки табассум.

Агар дўстлар сизга ғоят пинҳона
Совға ҳозирлашар дўстона –
Марҳамат, уларнинг бағрини тилманг,
Пайқаб қолишга ҳаракат қилманг,
Зотан, совға бу.

Дўстларни ранжитманг чиндан
Ғаройиб фаҳмингиз билан!

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси