Аҳмад Ҳижозий (1935)

Аҳмад Абдулмуътий Ҳижозий (أحمد عبد المعطي حجازي‎) (1935, Ал-Мануфия, Миср) – миср шоири. Франциянинг Сарбонна университети социология бўлимини тамомлаган (1979). Илк шеърий китоби “Юраксизлар шаҳри” номи билан 1959 йили чоп этилган.

СЎЗ РИЦАРЛАРИ

Жўмард шоирларга

Сотмадим мен сўзни олтинга, дурга,
Қилич кўтармадим, дўстлар, шоирга.
Тилёғлама бўлмадим, мадҳлар битмадим,
Жўмард деб айтмадим сўзсиз амирга.

Қўшиқлар юксакда янграши учун,
Уйғониши учун маҳзун далалар.
Қишлоқда зулматлар ёришсин учун,
Сўз жўмардларининг шеъри яралар.

Узоқ қишлоқдаги оддий инсонга
Етиб бормас экан менинг сўзларим –
Гўё саҳроларда изсиз йўқолган
Йўлчидай беманзил йитар ҳисларим.

Ундай ҳис-туйғулар кимга ҳам керак,
Сўнар қарғаларнинг овозидай бад.
Яхшиси бу сўзлар чормих қилиниб,
Тупроқда чирисин мисоли жасад.

Йўқ, мен истамасман сўз ўлимини,
Йўқ, улар яшасин, олсинлар нафас.
Оғиздан-оғизга ўтиб яшасин,
Ҳаётга ярасин, мамотга эмас.

ЮРАКСИЗ ШАҲАР

-1-

Одамлар ўтарлар уёндан-буён,
Улар танимаслар бир-бирин сира.
Мен каби ғарибга ўхшайди нолон,
Ёнимдаги манов ғариб бечора.

Унга нима бўлган?
Нега гапирмас?
Кўзин ерга тикиб турибди жимжит.
Ҳеч бўлмаса салом сўзини билмас,
Ёнига келганни хит қилади, хит.

Шаҳар аҳли шундай.
Жонинг қақшайди,
Кўзларидан маъюс боқади тақдир.
Уларга не бўлган?
Нима мақсади?
Ўтмишлари қандай?
Жавоби йўқдир…

-2-

Ёшлигимда денгизлар оша
Шу чиройли шаҳарга келдим.
Чор атрофдан излаб томоша,
Руҳим топсин фароғат дедим.

Ғишт, ойнадан қурилган шаҳар,
Ҳукмрондир йиллар бўйи ёз.
Йўқдир ёздан бошқа мавсумлар,
Юзларда ҳам хурсандчилик оз.

Уст-бошлар чанг. Иссиқ. Ҳарорат.
Барча одам турмуш ғамида.
Гар сўз қотиб қолишса, фақат
Сўрашарлар:
– Соат неччи, а?

-3-

Ҳаёт – мисли бир карвон,
Ўтар, тўхтамас замон.
Майдондаги ҳув соат
Вақтни ўлчар онма-он.

Бизлар ухлаб ётганда,
Кетибди улкан карвон.
Ўзгармиш ҳамма нарса,
Ҳатто теварак – жаҳон.

Кўз очамиз бир маҳал,
Ғафлат ичра, эй инсон.
Карвон ўтиб кетибди,
Биз-чи уйқуда ҳамон.

Ўзгармиш кийимлар ҳам,
Устимизда зил чопон.
Тарк айлаб ҳужраларни
Йўлга тушамиз нолон.

Карвон ортидан шошиб,
Интиламиз андармон…

Музаффар Аҳмад таржималари