Хорхе Луис Борхес. Медальон (ҳикоя)

Мен ўтинчиман. Исмимни айтганим билан, барибир, ҳеч ким танимайди. Мен дунёга келган ва шу ерда оламдан ўтадиган кулбам ўрмон чеккасида жойлашган. Айтишларича, ўрмоннинг бир томони бутун қуруқликни қоплаб, меникига ўхшаш ёғоч уйлар сузиб юрадиган денгизга бориб тақалар экан.
Ўрмоннинг нариги тарафини кўрмаганман. Акам болалигимда мени икковлашиб ўрмондаги дарахтларни битта қўймай кесиб битиришга қасам ичишга мажбур қилганди. Акам аллақачон оламдан ўтиб кетган, мен эса ҳамон бир нарсани излаяпман ва уни сираям хаёлимдан чиқара олмаяпман.
Қуёшботар томондан оқиб ўтадиган каттакон дарёдан қўлим билан балиқ тутишга уринаман. Ўрмонда бўрилар изғиб юришади. Аммо мен бўрилардан қўрқмайман: болтам шу пайтгача менга панд бермаган. Умримнинг ўтаётган йилларини ҳисобламайман, неча ёшга кирганимни билмайман ҳам, аммо анчагина қариб қолганим аниқ. Кўзларим хиралашган. Йўлда адашиб қолишдан қўрқиб, оёқ босмай қўйган қишлоқда мени хасис деб ўйлашади, хасис эмасман, ўтинчининг топган пули нимаям бўларди.
Кулбамга қор кириб кетмаслиги учун эшикка тош тираб қўяман. Бир куни оқшомда оғир қадам товушларини эшитдим, кейин эшик тақиллади. Эшикни очиб, нотаниш бир йўловчини ичкарига киритдим. Баланд бўйли, кекса бу одам катак ёмғирпўшга бурканиб олганди. Юзини чандиқ кесиб ўтганди. Афтидан йиллар ҳам унинг қаддини эга олмаган, куч-қуввати жойидага ўхшайди, аммо мен унинг ҳассасиз юришга қийналишини пайқадим. Биз бир-икки оғиз гаплашдик. Нима ҳақида гаплашганимиз эсимдан чиқиб кетди. Ўшанда у тўсатдан:
– Менинг уй-жойим йўқ, тўғри келган ерда тунаб юраман. Бутун Саксонияни айланиб чиқдим, – деди.
Бу ном мени ажаблантирмади. Чунки отам ҳозир ҳамма “Англия” деб атайдиган Саксония ҳақида кўп гапирарди.
Менда нон ва балиқ бор эди. Камтарона кечки овқатимни биргаликда жимгина еб тугатдик. Ёмғир кучайди. Йўловчи ётиши учун бир вақтлари акам жон берган жойга пўстак тўшаб бердим.
Эртаси куни уйдан чиққанимизда кун ёришиб кетганди. Ёмғир тинган, ерни қор қоплаб олганди. Меҳмон қўлидаги ҳассасини тушириб юборди. У менга ҳассасини олиб беришимни буюрди.
– Нега менга буйруқ беряпсиз? – деб сўрадим мен.
– Чунки, – деди у, – мен ҳали қиролман!
Мен уни жинни деб ўйлагандим. Аммо баҳслашгим келмади, индамай ҳассасини олиб бердим.
У бироз тинчланиб, босиқроқ оҳангда деди:
– Мен секгенларнинг қиролиман. Минг марталаб уларни оғир жангларда музаффарликка бошлаганман, аммо вақти-соати келиб, қироллигимдан айрилдим. Исмим – Изерн, асли Один наслиданман.
– Ҳеч қанақанги Одинни танимайман, мен фақат Исо алайҳиссаломни тан оламан, – тўнғилладим мен.
У гапларимни эшитмаётгандек, сўзлашда давом этди:
– Мана энди қувғинди бўлиб юрибман. Шундай бўлса-да, ҳозирча – қиролман, чунки медаль ҳамон менинг қўлимда. Уни кўришни истайсанми?
У мушт қилиб олган қоқ суяк қўлини очди, аммо кафтида ҳеч нарса йўқ эди. Шундагина мен у чап қўлини ҳатто ухлаётганида ҳам мушт қилиб олганига кўзим тушганини эсладим.
У менга тикилиб деди:
– Ушлаб кўришинг мумкин.
Мен хавфсирабгина унинг кафтига бармоғимни теккиздим – қандайдир муздек нарсани сездим. Нимадир ярақлаб кетди. Қирол қўлини дарров мушт қилиб олди. Мен миқ этмадим. У худди болага уқтираётгандек, ҳижжалаб тушунтира бошлади:
– Бу – Одиннинг медали. Унинг фақат битта тарафи бор. Ундан бўлак дунёда бошқа биронта ҳам орқа томони бўлмаган нарса йўқ. Бу медаль менинг қўлимда экан, қироллигимча қолавераман.
– У олтинданми? – деб сўрадим мен.
– Билмайман. Бу – Одиннинг медали. Фақатгина битта томони бор, холос.
Шу пайтда негадир жудаям ўша медалга эга бўлгим келиб қолди. Агар у меники бўлганида эди, уни бир дунё олтинга сотардим ва қирол бўлиб олардим.
Мен ўзим шу пайтгача нафратланиб келаётган бу дайдига:
– Кулбамга олтин тангалар тўлдирилган сандиқни яшириб қўйганман. Агар менга Одиннинг медалини берсанг, ўрнига сенга ўша сандиғимни берардим, – деб таклиф қилдим.
У қатъий оҳангда:
– Бермайман, – деди.
– Бермасанг йўлингдан қолма! – дедим мен.
У ўгирилди. Гандираклаб, юзтубан йиқилиши учун болтамнинг биттагина зарби етарли бўлди. У ерга йиқилгани ҳамони кафти очилиб, ёрқин учқун чақнаганини илғадим. Мен болта билан дарахтга белги ўйдим ва унинг жасадини илгари ҳозиргига нисбатан анчагина чуқур бўлган дарё томон судраб кетдим. Уни сувга улоқтирдиму, ортимга қайтдим.
Уйим ёнига қайтиб, ўша медални излай бошладим. Аммо топа олмадим. Шундан бери уни излаш билан машғулман…

Инглиз тилидан Гулноз Тожибоева таржимаси