Тошкентда Жазоир меъморчилигига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди

Тошкентдаги Фотосуратлар уйида “Жазоирнинг қадимий ва замонавий архитектураси” деб номланган фотокўргазма очилди. Ушбу маданий лойиҳа Жазоир халқ демократик республикаси мустақиллигининг 60 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида амалга оширилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, дипломатик корпус намояндалари, маданият, санъат арбоблари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Жазоирнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Носир Бушерит ўз қутлов сўзида бу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги маданий робиталарни янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги англашувни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

19 июнга қадар давом этадиган кўргазмада Жазоирнинг турли тарихий даврлар (Рим-Византия, мустамлакачилик ва Усмонийлар) ҳамда замонавий меъморчилигига доир обида, бино ва иншоотларнинг суратлари намойиш этилмоқда. Фотосуратлар Жазоирнинг нафақат меъморчилиги, балки ушбу халқнинг тафаккур тарзи, менталитети ҳамда дунёқараши ҳақида ҳам тасаввур уйғотади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 17 май куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Сиз Жазоирни биласизми?” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтганди. Мазкур тадбир ҳам Жазоир мустақиллигининг 60 йиллиги ҳамда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида ташкил этилганди. Тадбир доирасида Жазоир элчиси Носир Бушерит қаламига мансуб “Жазоирлик боланинг аччиқ қисмати” деб номланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.