Василий Шукшин. Олдидан ва ёнидан (ҳикоя)

Дарвоза ёнидаги ёғоч ўриндиқда бир қария ўтирарди. Унинг афт-ангори рангсиз, ўзи анча чарчаган эди. Қариянинг ҳам анча авваллари қуёшли кунлари бўлган, у ер юзида енгил қадамлар билан юрган, ернинг борлигини ҳис қилган ҳам. Энди эса бошқача. Қишлоқдаги кечки тутунли оқшом. Ўриндиққа ориқ, қўллари узун, юзлари ажин босган йигит келиб ўтирди.
Бунақалар кўринишидан рамақижонга ўхшашса ҳам, ишга чидамли бўлишади, худди отларга ўхшаб. Ҳаммомда ҳам бошқалардан кўра кўпроқ терлашади. Йигит чуқур хўрсинди ва чека бошлади.
– Айланиб юрибсанми?
– Бу сайр эмас, бобой, –деди Иван бирпасдан кейин. – Кучукнинг кўз ёши. Бир ярим сўм йўқми сенда?
– Қаердан бўлсин?
– Бошим тарс ёрилай деяпти.
– Ишинг масаласи нима бўлди?
– Ҳеч қандай. Паншахани ол-да, молхонага бор дейишаяпти
– У ким? Директорми?
– Ҳа-да. Менинг эса чўнтагимда учта мутахассислигим турибди, бундан ташқари, деярли тўққизинчи синф маълумотим бор. Ўзи ишласин эшакдай, агар шунчалар ақлли бўлса.
– Ҳайдовчилик гувоҳномангни қанча муддатга олиб қў­йишди?
– Бир йилга. Бор-йўғи бир куружка (сархум) пиво ичгандим! Ва бир стакан қи­зилидан. У бўлса ёпишиб олди. Ўтган йилдан буён пойлаб юрарди, мараз. Ҳув ўша пайти мен уни «онасиникига жўнатгандим», тиш қайраб юрарди…
– Сен ўзинг ҳам қандайдир… жудаям келишолмайдиганлар хилидансан-да, йигит. Сал муомалалироқ бўлиш керак. Хўш, мана энди нима қиласан уларни? Улар – бошлиқлар…
– Хўш, нима бўпти?
– Энди жимгина ўтираверасан. Учта мутахассислигингдан нима фойда. Лозим жойда жим бўлиш, тилни тия билиш керак.
Экинзорларда поя ёқишарди. Ҳадемай ерни ағдариш керак. Ҳар йили шу иш такрорланар, одамларнинг жонига ҳам тегмасди, ҳар доим шу ачимсиқ ҳиддан – ердан кўтарилган буғ аралаш намхуш ҳаводан нафас олиш, нафас чиқариш оғир кечарди.
– Керак пайт тилни тия билиш керак, йигит, – такрорлади қария экинзорлардан кўринаётган гулханларга тикилиб. –Бизнинг ишимиз шундай.
– Эй, мен унча кўп ҳурганим ҳам йўқ эди, – истамайгина жавоб қайтарди Иван. – Агар ҳар нарсага ёпишиб олаверишмаса… Энг асосийси, мен йўл қоидасини бузмаганман! – яна аччиғланиб хитоб қилди у. – Бир стакан вино, бир сархум пиво учун одамни транспорт бошқариш ҳуқуқидаги маҳрум қилиш… Маразлар.
– Четандан узалиб қара-чи, менинг кампирим экинзордамикан?
– Нега?
– Уйда, печканинг тагида қўлболасидан бор. Мен сенга бош оғриққа олиб чиқардим.
Иван шошиб ўрнидан турди, бўйнини чўзиб экинзорга қаради.
– Ўша ерда, – деди у, – тўрдаги бурчакда. Бу томонга умуман қарамаяпти.
Қария уйига бориб келди. Бир шиша қўлбола ароқ билан озроқ газак ва стакан келтирди.
– Нега сен шуни дарров айтмагандинг, – деди шоша-пиша Иван. – Индамай ўтиришингни қара-я!..
У стаканга ароқ қуйди-да, бир кўтаришда сипқорди.
– Мен мана шунақасини ёқтираман. Бу­на­қасини кўп ҳидлаб ўтирмай, шартта ичиш керак. Ки-ҳ-ҳи… Ич. Фақат бирданига.
Қария шошилмай ичди, бататдан олиб газак қилди..
– Ростдан ҳам бензиндай, тўғрими?
– Қўлболага ўхшаган, қўлбола. Қанақанги бензин?
– Мана, кўрдингми?! – Иван кафти билан кўкрагига урди. – Энди яшаса бўлади. Раҳмат, бобой. Мановиндан. Хоҳлайсанми меникидан? – У «Помир» қутисидаги сигаретдан узатди.
Қария букилмай қолган бармоқлари билан бир дона сигаретани қутидан аранг чиқарди, эзғилаб-эзғилаб унга диққат билан тикилди-да, тутатиб олди.
– Петька ёзаяптими ўзи?
– Ёзаяпти. Яқинда мен ўламан, Иван.
– Э, қўйсангчи..
– Қўйсанг, қўймасанг… жойига тушади, – қария хотиржам гапирарди.
– Бирон еринг оғрийдими?
– Йўқ. Сезаяпман. Сенам шунча ёшга кирсанг, сеза оласан.
Иваннинг кайфияти чоғ бўлганлиги учун ўлим ҳақида гаплашишни истамасди.
– Э, қўй, ҳали яшайсан. Гармонни олиб чиқсаммикан?
– Олиб чиқ.
Иван йўлни кесиб ўтди-да, уйига кирди… У узоқ вақт чиқмади. Кейин гармонни кўтариб келди, аммо қовоғи яна солиқ эди.
– Онам, –деди у, – умуман-ку, ачинаман…
– Ҳалиям кетмоқчимисан?
– Бошқа нимаям қиламан? – Иван ҳо­зиргина онасига ҳам шундай деб чиққанди. – Ахир, мен қилолмайман ану ишни… Э бори, кирса кириб кетмайдими шайтоннинг…
уясига? Мен Шимолий денгиз йўлини босиб ўтганман… Мотор устасиман, бешинчи разрядли чилангарман. Хўп, майли, бир йил ҳайдамасам ҳайдамабман, наҳотки… Эй, шайтон кўтарсин!
У гармонни олди ва бирор нарса чалишга уринди, кейин яна қўйди. У ғамгин бўлиб қолди.
– Ҳеч омадим келмаяпти, бобой. Ҳечам. Узоқ Шарқда уйланган эдим, тўғрими? Қизим туғилди… У бўлса қулоғимга лағмон осди-да, Ленинградга, онажонисиникига кетди-қолди. Билдингми? У турмуши ҳақида тез-тез гапирарди.
– Нимага энди Ленинградга, а?
– У Узоқ Шарққа техникум йўлланмаси билан келган эди. Менга унинг кераги ҳам йўқ. Қизимга ачинаман. Тушларимга киради.
– Сен энди унинг ёнига борасанми?
– Хотинимнинг ёнигами? Унинг эрга текканига икки йил бўлди. Ёш, чиройли, каламуш.
– Бўлмаса, қаёққа?
– Бир жўрамнинг ёнига… Шахтага. Балки бутунлай эмасдир. Балки бир йилга.
– Бир йилга, сизларда бунақа бўлмаяпти-да. Осонгина ҳамма кетиб қолмоқда.
– Хўш, мен бу ерда нима қиламан?! – Яна қизишди Иван. – Бояги жойга бориш… Эй бор-эй , шайтон олсин!
У гармонни олди-да, чала бошлади. Худди зарда қилгандай, қўшиқ куйлай бошлади:

Севганим билан яшаяпман, мана,
Оҳ пра-ра-ра-ра-пра-ра,
Севганим-чи, кетиб боради,
Мени ташлаб, сен ҳам бир қара.
Жажжигинам, қўрқмагин асло
Азоблашга яралган дунё…

Қария ҳамон хотиржам тингларди.
– Ўзим тўқийман, –деди Иван. – Бирдан, тўппа-тўғри тўқиб кетавераман. Кечаси билан айтиб чиқишим мумкин:

Биз сизга таъзим қилмаймиз
Олддан ҳам, ёнбошдан ҳам:
Тилла ҳал берилган «рамкадан»…

– Вайсақисан, Иванжон, – деди қария, – хўш, борсанг нима бўпти, бир ишлаб берардинг чўчқахонага… Онангга раҳминг келмайдими? У ахир бир умр мана шундай ёлғиз яшаб келаяпти.
Иван чалишдан тўхтади. Анча вақт жим қолди.
– Гап бунда эмас, бобой. Менга алам қилади-да. Нима, ўйлайсанки, мени жойлаштириш учун уларда бошқа иш жойи йўқми? Нима, уларга яна битта чилангар халақит қиладими? Директор ҳам менга тиш қайраб юрибди. Мен унинг қизини икки марта клубдан кузатиб қўйган эдим, у хавфсирай бошлади. У хавфсираши мумкин: чунки ақли яримта. Мен гаплашишни қойиллатаман… Мен унга яхши бир совға ҳадя қилишим мумкин эди. Афсуски, бу ишни қилмабман.
– Нима деб келтирардинг совғани?
– Аҳа. Шундоқ камтаргина, саккизинчи мартга атаб.
– Ҳа, сизлар буни эплайсизлар.
– Умуман кайфиятим йўқ, бобой. Нима учун бунақа? Ҳеч нарса қилгим келмайди… нимага… худди гувоҳдек. Мен бир марта гувоҳ бўлганман: биттаси бировнинг кўзойнагига туширди, уни эса кўзи хиралашиб қолибди. Шундай қилиб мен судда ўтирибман ва ҳеч нимага тушунмайман; нима учун мен бу ерда ўтирибман, бунга менинг нима алоқам бор? Жудаям бемаъни иш! Хўш, кўрганман, нима бўпти. Суд тугагунча қийналиб кетдим. – Иван экинзорда ёнаётган гулханларга тикилиб хўрсинди ва жим бўлиб қолди. – Бу ерда ҳам гўё шундай. Ўтирибман-у, ўйлайман: «Менинг нима алоқам бор?». Суд узоқ чўзилса ҳам тугади ва мен чиқдим. Бу ердан қаёққа борасан? Чиқолмайсан.
– Бу ердан битта йўл – нариги дунёга йўл бор.
Иван стаканга қуйди-да, ичди.
–Бу ҳаётда бахт йўқ, –деди у ва туфлади. – Сенгаям қуяйми?
– Етади.
– Мана, сенга яшаш ширин бўлдими?
Қария узоқ вақт жим бўлиб қолди.
– Сенинг ёшингда мен бундай деб ўйла­масдим, – деди у астагина. – Билардим, уч кишининг ишини қилардим. Ноннинг ўзидан қанча тайёрлардим… Агар ҳаммасини йиғса, қишлоқни бир йил тўйғизса бўлади. Ўйлашга вақт бўлмаган.
– Мен эса нима учун ишлаётганимни билмайман. Тушуняпсанми? Худди ишга ёллангандайман. Хўш, «Нима учун?» – деб сўра – билмайман. Наҳотки фақат қорин тўйдириш учун бўлса. Хўш, қорним тўйди. Кейин-чи? – Иван жиддий сўради ва қариянинг нима де­йишини кутди. – Кейин нима? Кўнгил худди латтага ўхшаб қолган…
– Чарчаб етилган,– тушунтирди қария.
– Сен ҳам билмайсан. Сизларда ҳеч қа­нақа улуғ ният бўлмаган, шунинг учун қониқтирган… Сизлар уйқусираб юргансиз. Мен сизларга ўхшаб яшай олмайман. Менга нимадир, улканроқ нарсалар керак.
– Қани қуй-чи, – деди қария. Ичди. У ҳам туфлади. – Қирқоёқлар, –деди бирдан жаҳли чиқиб. – Ер юзида у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан- у ёққа юриб каловланасизлар, ҳеч қандай маъно йўқ. Ҳар хил машиналарни ясаб ташлашган… Тфу-у. Рак қаердан пайдо бўлаяпти? Сизларнинг бензинингиздан, унинг тутунидан. Ҳадемай бола туғишни ҳам эсдан чиқарасизлар.
– Йўғ-э, ундаймасдир.
– Ўзларинг бошқача яшаётганларингни биласизлар, яна «улкан ишлар» деб, дод соласизлар. Унда нимага жирканасан?
– Сенга қайси гапим тегиб кетди? Сизлар «уйқусираб» деганимми? Хўш, унда сизлар қанақасизлар?
– Дангасасизлар. Оқсуяклар. Сизлар ҳо­зир шундай: сиз ярамасларга бир қатнов учун бир сўм йигирма тийин тўлайдилар, бир кунда тўрт сўм ишлашинг мумкин, улар эса икки қатнов қилади-ю, отни бўйинтуруғидан чиқаришади. Ўзи эса чўч­қани бир уриб ағдаргудек бақувват. Масалан, менга бир қатнаб бориб келганимга йигирма беш тўлашарди, кунига беш марта қатнардим, уч-тўртта аравада. Меҳнат кунларини ишлардик-да, йил бўйи қилган меҳнатинг учун қанча тўлашларини кутардик. Бизга эса мойланган шимилдириқ («шиш» икки бармоқ орасидан кўринган учинчи бармоқ) беришарди. Сизлар эса нима учун ишлайин деб нолийсизлар! Сен ойига бир ярим минг сўм ишлаб топгинг келмайди, мен эса бунақа пул учун ёз бўйи меҳнат қилардим.
– Э-э, менга бунча пулнинг кераги йўқ, – деди Иван худди кариянинг жиғига тегмоқчидек. – Сен буни тушуна оласанми? Менга нимадир бошқа нарса керак.
– Керак эмасмиш, бош оғриғига эса бир ярим сўминг йўқ. Юрибсан, худди тиланчидай… Унга керак эмас! Онанг меҳнатдан адо бўлди. Иблислар… Дангасалар. Қуёш ҳали тиккада турибди-ку, булар ишдан қайтиб келишади. Яна машинада қўшиқ айтиб! Ўргилдим, сизлардака ишловчидан, сизлар фақат клубда ҳуштаквозлик қилишга-ю, ота­ларга «совға» ясашга устасизлар.
– Йўқ, энди аввалгидай ҳаёт кечирмайман, энди… Умуман олганда, расман сен ҳақсан, аммо от ҳам ишлайди-ку…
– Бу кишим чўчқахонада ишлашдан уялармиш! Гўшт ейишдан уялмайсан-ку?
– Бобой, барибир, тушунмайсан, – хўрсин­ди у.
– Бизга йўл бўлсин!
– Мен сенга айтаяпман, тўйдим. Кейин-чи, мен билмайман. Лекин битта нарсани биламан, бу мени қониқтирмайди. Мен фақат қорним учун ишлашни хоҳламайман.
Қария заҳарханда кулди.
– Ландовур. Хотининг нимадан кетиб қолди? Ичишингдан безибми?
– Мен олифта эмасман, лекин зўр денгизчи мутахассис эдим. Кетганиними?.. Билмайман. Айнан, олифтароқ бўлмаганим учун бўлса керак.
– Сен ким бўлмаган эдинг?..
– Бу ҳалигидақа… – Иван гармонини тахтага қўйди-да, чекди, узоқ вақт ўйланиб қолди. Қўққисдан эси оғиб эмас, қандайдир хавотир билан касалга ўхшаб деди:
– Ростдан ҳам нима учун яшаётганимни билмайман.
– Уйланишинг керак.
– Ҳайрон қоламан. Мен аҳмоқ эмасман- ку, кўнглимни қандай хотиржам қилай? У мендан нима сўраяпти? Нега мен уни тушунмаяпман!
– Уйлан, саланглаб юрмайсан. Бунга вақтинг ҳам бўлмайди.
– Йўқ, бунақа эмас. Мен севгидан оташ бўлиб ёнишим керак. Бу ерда қандай ёнасан! Тушунмайман: фақат мен шундай аҳ­моқманми ёки бошқалар ҳам аҳмоғ-у, индамай юришадими. Ишонасанми, йўқми: кечаси ўйлайман, ўйлайман-у, ўзимни шу даражада ёмон ҳис қиламанки, додлаб юборгим келади. Нимага?
– Тфу-у! – Қария бошини сарак-сарак қилди. – Халқ умуман бузилиб бўлди.
Кун эса аста-секин оғиб, намхуш илиқ­ликдан эриётгандай қорайиб борарди. Полизлардаги гулханлар ёрқинроқ кўрина бошлади. Тутун яна ҳам аччиқроқ тараларди. Ҳали анча вақтгача гурунглашиб, бататни ёқишади. Овозлар ҳам тиниқроқ эшитила бошлайди, қишлоқда шовқин ва ғала-ғовур аста-секин тинади. Қоронғулик қуюқлашади. Экинзордаги гулханлар ўчади. Ва қаердандир – яқиндан эркак кишининг тиниқ овози эшитилади.
– Хўш, кетдик энди.
Бугунги кун қанчалик секин, осойишта ва хомуш ўтган бўлса, эртага шу даражада ёруғ, шодон, янгроқ янги кун келади. Қишлоқ бўйлаб хўрозларнинг қичқиргани эшитилади. Одамлар шошилиб ғимирлашади. Кечикишади.
Иван вақтли турди. Каравотда ўтириб, полга тикилди. Кўнгли ғаш, тушкун аҳволда эди. Кийина бошлади. Онаси печкани ёқди, яна тутун ҳиди келди, аммо бу бошқачароқ – қуруқ, тонгги қишлоқ ҳиди эди. Онаси ташқарига чиқмоқчи бўлиб эшикни очганида, кўчадан тоза ҳаво кирди. Бу тоза ҳаводан музлаган шишадек кўлмаклар ҳиди анқирди.
– Бориб директорга учрашсаммикан-а, илтимос қилардим, – гап қотди онаси.
Иван соқолини олаётганди.
– Яна нима! Оёғининг остига йиқил, хурсанд бўлади.
– Хўш, унда энди нима қилсак бўлади? – Онаси бу гапни ялингандай бўлиб туюлмаслиги учун ишончлироқ, қатъийроқ қилиб гапирди. У бу балки охирги суҳбатлари бўлиши мумкинлигини тушунарди. – Одамлар боришаяпти, илтимос қилишаяпти, тиллари кесилгани йўқ.
– Мен бордим. Илтимос қилдим.
– Сен танқай бурунни биламан-ку, қандай сўраганингни. Ҳуришни биласан фақат…
– Она, бўлди қил.
Онаси бошқа чидай олмади, ўриндиққа ўтирди-да, секин йиғлаб юборди ва аста ко­йий бошлади:
– Айт, қаерга бормоқчисан? Шайтоннинг ўчоғигами. Менинг пешонамга бутун умр қийналиб яшаш ёзилган экан. Ўғлим, нима учун ёлғиз ўзинг ҳақингда ўйлайсан-а?
Кўз ёшлари тўкилишини Иван биларди. Шунинг учун ҳам кўнглининг тубида оғир тош ётарди, юраги зирқиради. Шу сабабдан ҳам у вақтидан аввал қовоғини уйиб олганди.
– Нима, сен мени… урушга жўнатаяпсанми? Мен у ерда нима?.. Э, ҳаммаси йўқ бўлсин. Бирдан кўз ёши. Бу кўз ёшларингдан менга кун йўқ.
– Бориб келсам, сўрасам бўларди, у тош эмас-ку, бирор юмуш топиб берар. Бўлмасам, инспекторга бориб учраш. Нимага дарров кетаманга тушасан. Ана Колька Завяловнинг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишганди, борди, гаплашиб тўғрилади… Одамлар билан гаплашиш керак…
– Ҳайдовчилик гувоҳномам энди мили­цияга ўтиб кетди. Кеч.
– Унда милицияга борсанг…
– Хо-хо! – қизишди Иван. – Гапини қаранг!
– Эй Худо, эй Худо… Бир умр шундай. Нега энди менинг пешонамга бундай қисмат битилган экан! Нима, менга қарғиш текканмикан?..
Ноқулай вазият рўй бераётганди. Иван ҳовлига чиқди, қўлювгич ёнига бориб ювинди, майкачан ҳолда дарвоза ёнида туриб қолди. Қишлоққа қаради. Бу ердаги ҳамма нарса кўнглига яқин. Узоқ йўл олдидан эса кўнглида хотиржамлик туймасди. У йўлга чиқишдан қўрқмасди, аммо кўнгли хотиржам эмасди, жўнаётганда хурсандчилик билан жўнаш керак эди. Қаердандир чиройли ити Дик келиб қолди ва эркаланиб суйкала бошлади.
– Қоч! – Итни нари итариб, уйга қараб кетди.
Онаси дастурхон тузаётган эди.
– Чўчқахонада ишлаб турсанг бўлади-ку…
Улар – оналар қатъиятли ва доим ёрдамга муҳтож.
– Ҳеч қандай қистов ўтмайди, – деди узил-кесил Иван. –Бутун қишлоқ кулади, мен ях­ши биламан нима учун улар мени чўчқахонага тиқиштираётганларини. Фақат, уларнинг айт­­гани бўлмайди.
– Вой Худо, вой Худо…
… Нонушта қилдилар.
Онаси буюмларни жомадонга жойлади-ю, шу ернинг ўзида – очиқ жомадон ёнида полга ўтириб олди ва яна йиғлай бошлади. Энди ҳеч нарса демай йиғларди.
– Қўй энди. Бир йилча ишлайман-у, келаман?
– Балки учрашиб келарман, ўғлим? – Пастдан туриб ўғлига қаради онаси, кўзларидаги ғам шундоқ сезилиб турарди, умид ва илтижо, тоқатсизлик аксланарди. – Ундан илтимос қиламан. У яхши одам.
– Она… менга ҳам оғир, ахир.
– Балки милициядагиларнинг бирортасига бериш керакдир. Нима, олмайди деб ўйлайсанми? Ҳа, олишмайди! Колька Завялов бермаган дейсанми? Берган… Қандайдир йўл билан беришган.
– Ҳали бу ерда ҳеч нима маълум эмас, ким кимга тиқиштирганиям. Мен уларгами ёки улар менгами.
Олдинда печка билан хайрлашиш ҳам бор эди. Ҳар доим Иван бирор ёққа – узоқроққа жўнаётганда, онаси уни печка билан хайрлашиб, уни уч марта ўпишга мажбур қиларди ва: «Онажоним печ, сен мени қандай едирган, ичирган бўлсанг, шундай оқ йўл тилаб, фотиҳа бер, узоқ йўлга чиқмоқдаман», деб айттирарди. Бундан ташқари, у Иван бу гап­ларни анча олдин ёдлаб олган бўлса ҳам, ҳар доим қандай сўзлар айтилиши кераклигини сўзма-сўз эслатиб турарди.
Иван уч марта пешонасини печга тегизиб: «Печка, онажон, сен мени қандай едирган, ичирган бўлсанг, узоқ йўл олдидан менга шундай оқ фотиҳа бер», – деди.
… Она, ўғил ва ит кўчада кетиб боришарди: Иван онасининг кузатгани чиқишини истамасди, одамлар деразаларидан кўз тикиб: «Ванька кетаяптими… қаёққа?» дейишларини хоҳламасди.
Йўлда кеча кечқурун гаплашган қарияга дуч келди. Иван тўхтади. У онасини бирпасдан сўнг қўшни қария билан уйга қайтар, деб ўйлади.
– Кетаяпсанми?
– Кетаяпман.
Чекишди.
– Балиқ тутдингми, дейман?
– Бир-икки тузоқ қўйгандим, ҳали эрта экан.
– Ҳа, ҳали эрта.
Онаси қўллари билан фартугини ғи­жимлаганча, суҳбатга эътибор бермай, ўғли кетадиган томонга ўйчан тикилиб турарди.
– У ёқларда кўп ичма, – тайинларди қария. – Шаҳар – бу шаҳар, ҳамма бегона. Аввал кўникиб ўрган…
– Нима, мен пиёнистамидим?
Улар яна бирпас туришди.
– Худо ёр бўлсин! – деди қария.
– Омон бўл.
Қария ўз йўлига кетди. Иван онасига қаради… У ҳамон узоқ-узоқларга тикиларди, она-бола озроқ юришди.
– Она… уйга қайтсанг бўларди.
Онаси эшитиб тўхтади, Иван уни оҳиста қучоқлади… Ўғлининг кўксига қўйган боши қалтираб кетди. Энг оғири шу эди. Ҳозир уни ўзидан ажратиб, кетиши керак.
– Майли, она, борақол. Борган заҳоти хат ёзаман. Шундоқ етиб бораман-у… Менга жин ҳам урмайди! Бошқалар нима, кетишмаяптими? Борақол.
Онаси уни чўқинтирди… Ва жойида туриб қолди. Иван эса кетиб борарди. Ити унинг ортидан эргашди. У доим хўжайини билан ишга борарди.
– Йўқол! – деди жаҳл билан Иван.
Дик эса думини ликиллатиб, ҳамон унинг олдида югуриб борарди.
– Дик! Дик! – чақирди Иван.
Дик югуриб келди. Иван уни қаттиқ тепди, ит вангиллаб четга қочди. Ва ҳайрон бўлиб хўжайинига боқди. Иван тескари қаради. Дик думини ликиллатди-ю, ўрнидан турди, аммо унинг ортидан чопмай жойида қолди. Лекин, барибир, хўжайинига қараб ҳайрон тикиларди.
Ундан сал нарида эса онаси турарди… «Йўқ, ҳаётда ёлғиз яшаш керак. Шунда осон бўлади», ўйлади Иван тишларини маҳкам қисиб. Тезда катта-катта қадам ташлаб, автобус томон юра бошлади. Онаси эса унга тикилганча жойидан қимир этмай турарди.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси