Велимир Хлебников (1885-1922)

Шоир Велимир Хлебниковнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти кишини ҳайратга солади, ажаблантиради. Нега деганда, у қисқа ҳаёт йўлида улкан ҳамда бетакрор адабий меросни келажак авлодга қолдириб кетади. У 1885 йилнинг 9 ноябрида Астрахан губерниясининг Мало Дербет қишлоғида биолог олим оиласида дунёга келади. 1903 йили Қозондаги гимназияни тугатиб, Қозон университетининг физика-математика факультетига ўқишга киради. Талабалар қўзғолонларида иштирок этгани учун бир қанча вақтга қамоққа олиниб, ўқишдан ҳайдалади. Фақатгина 1911 йили Петербургуниверситетида ўқишни битиради.
Хлебниковнинг биринчи ижод намуналари 1905 йилги паррандашунослик бўйича ёзилган мақолалардан иборат бўлади. Унинг адабий асарлари эса 1908 йили дунё юзини кўради. Кўп ўтмай, яъни 1910 йили Будетлянин тахаллусида ижод қилаётган (айнан шу тахаллусда “Кулги жодуси”, “Ҳайвонотхона”ва бошқа бир қатор шеърлар битади) Хлебников ижоди ҳақида сўзлай бошлашади. Шоир “Гилея” номли авангард уюшмага қўшилиб, поэтик тилнинг ислоҳоти билан яқиндан қизиқади. 1916-1917 йилларда Хлебников захира полк таркибининг оддий аскари бўлиб хизмат қилади, айнан шу даврда унинг урушга қарши шеърларидан таркиб топган ва бутунжаҳон дўстлик орзуси билан суғорилган “Қопқондаги уруш” (1919 й.) достони яратилади. Шоир 1917 йили инқилобий воқеаларни олқишлайди, бироқ “қизил террор”ни кескин танқид остига олади.
Хлебников 1920 йили “Окопдаги тун”, “Ладомир”, “Осмондаги чақалар” достонларини, 1921 йили эса “Тунги тинтув”, “Чека раҳбари”, “Советлар қаршисидаги тун” шеърий асарларини яратади. Хлебников 1921 йили “Қизил Эрон” газетасининг мухбири сифатида Қизил армия қўшини билан бирга Форсга ташриф буюради. Бу эса унинг шеъриятида ўзига хос ўрин қолдиради.
Умрининг сўнгги йилларида шоир Москвага кўчиб ўтади ва кўп ўтмай безгак касаллигига чалинади. Велимир Хлебников 1922 йилнинг 28 июнида Санталово қишлоғида вафот этади.

ИРОДА

У томонга – озодлик учун
Туғ кўтариб ўтар одамлар.
Оққушларнинг қанотида жим,
Тўкилади ҳаёт куйи – зар.

Эркинликнинг ғамли кўзлари,
Оловланар ғимирлаб – совуқ.
Ҳа, ердаги қиёфасин у,
Ўзига-да кўради ёвуқ.

Интиламиз оташ қўшиқ-ла,
Олға дея озодлик сари.
Тирилгаймиз ҳалок бўлсак-да,
Танамизга жон ҳам киради.

ҚАЧОНКИ ЎЛАЁТГАНДА…

Отлар ўлар чоғи жим нафас олар,
Ўт-ўланлар сўлса, қурийди бедоғ.
Қуёш жон берар пайт сўнару тинар,
Одамлар-чи қўшиқ куйлар ўлар чоғ.

БУГУН ЯНА БОРАМАН…

Мен бораман бугун ҳам яна,
Бозорга, ҳа, қайноқ ҳаётга.
Курашмоқлик кўҳна анъана,
Жўр бўлганча оташ баётга!

ЮЛДУЗЛАРГА ТЎЛА ТУН

Юлдузларга тўлганида тун,
Тақдирлардан фол очар беун.
Китобмисан? Тараяпсан нур,
Истибдоду эркмисан, ёҳу?
Қисматимдан ўқдинг не маъно,
Ярим тунда ҳадсиз осмонда?

АФСОНАВИЙ МАХЛУҚ

Афсонавий махлуқ чўққида
Яшар, боқсанг чўлғайди қўрқинч.
У кўзани олиб қўлига
Нигоҳи-ла ахтарар илинж.

Тебранади мевадек беҳуш,
Бароқ қўллар шохида бетин.
Афсонавий махлуқ – бадбуруш,
Ўз бўш вақтин овутар беун.

ЯНА БИР БОР…

Яна бир бор, ҳа, яна бир бор,
Мен сиз учун ёруғ юлдузман.
Денгизчининг ҳолига вой – хор,
Маҳбубасин тополмай жисман.

Юлдузлар-чи
куйлайди ғамгин,
Парчаланган тошлару тағин
Сувостининг бўрлари ҳақда…
Бу қандайдир мавҳум ақида.

Парчаланган қалбим устидан
Тошлар мазах қилиб кулади.
Қандай мазах қилиб устимдан,
Кулганингиз каби.

ЙИЛЛАР, ОДАМЛАР…

Тез оқар сув янглиғ жўшқинлик аро,
Мангу югуришар одамлар, йиллар,
Табиатнинг рангин кўзгусида, о,
Изидан эргашар сўқмоғу йўллар.
Юлдузлар – ёйма тўр, биз балиқмиз бир,
Худолар зулматнинг шарпаларидир.

ОҚШОМ, СОЯЛАР…

Оқшом. Соялар.
Беҳол лопиллайди гўнг кўланкалар.
Оқшомни ичганча ўлтирардик биз,
Ҳар кўзда буғунинг югуриши,

Найзалар учиши ҳар бир нигоҳда
Акс этар.
Шафақда жаҳоннинг ғазаби қайнаб,
Ҳаволанган чоғи дўкондан учиб
Чиқиб-да болакай қичқирди:
“Иссиқ!”
Ўнгга қараганда чапроқ, мен эса
Чапга қараганда кўпроқ сўз эдим.

* * *

Чўлдирабу ҳам сайраб,
Қушлар учишдан тинди.
Титроқ барглар-ла яйраб,
Учишмади, жим кўнди.

Патларин тўзғитиб сўнг,
Учди булут-ла бирга.
Сакрадим булутга мен,
Тушунмадим бу сирга.

ОДАМЛАР, ҚАЧОНКИ УЛАРНИ СЕВИШГАНДА

Одамлар, қачонки уларни севишганида,
Бир-бирига узоқ солишарди назар.
Узоқ нафас олиб чиқаришарди…
Ёввойи отларни қачонки севишганида,
Кўзларига ғашлик қўйилиб,.
Сувлиғидан кўпик кўпирарди.
Қуёшни қачонки севишганида,
Заминдан тунни мато билан ёпарди.
Худолар қачонки уларни севишганида,
Коинотнинг меъёрида титрашини ўраб оларди,
Худди Пушкин сингари –
Волканский оқсочининг қайноқ севгиси.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси