Николай кичрайиб бораётганини англаб етган кундан бошлаб, унинг янги ҳаёти бошланди.
Дастлабки ойлар у докторлардан умид қилди, аммо улар инсон табиатига оид консерватив қарашларини ўзгартиришни истамай унга ёрдам бергилари келмади. У буни кўриб, сира тортинмасдан, уларга расмана арзи дод қилди, шундан сўнг докторлар пича саросимага тушдилар, унинг гапларига гумонсираб қулоқ тутдилар. Николай шундай пайтларда хаёлан эшикни тарақлатиб ёпганича шу заҳоти улар ҳузуридан чиқиб кетди.
Уйга келгач, эшик кесакисига суянганча бўйини ўлчаш усулини топди. Қизил қалам билан бўйининг пасайиш жойига белги қўя бошлади.
Ота-онаси унинг бу ҳаракатини ўзларича тушундилар. Улар уйларига келган ҳар бир кишига фахр ва ғурур билан ўғилларининг қанчалик ўсганлигини эшик ёндоридаги белгиларни кўрсатиб мақтандилар.
Николай, агарда бир ойда уч миллиметрдан йўқотадиган бўлса, Исонинг ёшига келиб, циркда ўйнаши ҳам мумкинлигини чамалаб қўйди. Ўйлаб-ўйлаб, Николай энди бир юз олтмишдан пастга тушмасликка аҳд қилди. Кейин унинг яна бир имконияти бор эди – ихтиёрида улғайиш олди бўлажак ажойиб беш йил турарди.
Ҳарбий хизматга чақирувчи йигитчалар ечиниб олганларича қўлларида рақам ва карточка билан у столдан-бу столга ўтиб юрардилар. Озғин ҳамда қилтириқ ўспиринлар кетма-кет ва осонгина тўсиқлардан ўтиб, жойларини эгаллаб борардилар. Барзангилари эса ногиронликларини расмийлаштириш учун тоқат билан кутиб ўтирардилар.
Биринчи турдан ўтган Николай ва бошқа ўспиринларни шаҳар тиббий комиссиясига ҳарбий хизматга чақирилувчилардан бирининг онаси – ориққина хотин ҳам келди. Аёл ўғлини Гордеев деб чақирди. Йўлда Николай аёлнинг гапларига қулоқ тутиб келди, айтишича, армия оиласидаги бари эркакларини тортиб олибди. Эри ҳарбий сабоқ пайти жон берибди.
Тўнғич ўғли Афғонистонда бедарак йўқолибди. Она бошини адл кўтарганича сўнгги Гордеевни қурбонликка олиб келмоқда эди.
–… Бошмоқларинг ҳали бус-бутун, келаси ҳафта Шумилинларникидан келиб опкетишади…
Она билан ўғилнинг пойабзал ҳақидаги гаплари беихтиёр Николайнинг миясига ҳарбийча кийим берилганда, «гавдасининг ўсишини» назарда тутиб, ўз ўлчамимдан кичикроғини олишим керак, деган фикр келди. Бироқ комиссияда ўтирган докторлардан бирининг илгари Николайни дардидан қилган шикоятлари эсига тушдию, у ҳарбий хизматга яроқсиз, деб топилди.
Николай кўчага чиқди, бир йил мобайнида ўз дарди билан андармон бўлиб юраверибди, энди бу ҳодисалар уни тарк этгандай, атрофида бўшлиқ пайдо бўлгандай сезди ўзини.
– Зўрку! – деди қувончи ичига сиғмай Юля. – Демак, чоршанба куни фестивалга борарканмизда. Бўлмаса текинга олиб кирақолгин, деб Рудикдан илтимос қилмоқчи бўлиб турувдим. – У ҳурпайган малла сочларини тузатганича ойнадан ўгирилиб, унга қаради: – Ҳая, эртага нима қилмоқчи эдик? Дала-ҳовлига боришимиз керак эдия. Биз онам билан кетамиз, сен ҳам бирга борасан. Ер ковлашворасан.
– Албатта…
– Бирор нима дедингми?
Бундан икки йил муқаддам, энди учраша бошлаганла пайтлар, Юлянинг ўзидан бўйи баландлиги унга сира таъсир қилмасди. Жиллақурса, ландавур ўспиринлар кўрганларида уларни қўлларини майна қилиб кўрсатмасдилар. Николай ўша пайтлардаёқ ўзининг қусурини билар, шунинг учундир аёллар пошналарини кўргани кўзи йўқ эди. Устига-устак, Юля ўсиш бобида фавқулодда қобилиятини тобора намоён қилмоқда эди. Қиз Николайдан фарқли ўлароқ, ўз ютуқларини қайд қилиб бормасди, лекин бунингсиз ҳам ушбу муваффақиятлар, айниқса, пасайиб бораётган шериги фонида яққол кўзга ташланиб турарди.
– Шошмай тур, сени севгилимдан хушторимга тушириб қўймасамми, – деб ҳазил қилди тўсатдан Юля.
Бир куни Николай ўзида қандайдир тушуниб бўлмас қатъият билан юр, суратга тушамиз, деб Юляни олиб борди. Аслида қиз биан бирга майдонда суратга тушмоқчи эди, лекин у сўнгги лаҳзада фикридан қайтди ва Юляни хиёбонга судради, улар бу ерда маймун билан бирга суратга тушдилар. Шу тариқа улар: Юля маймунча билан; Николай биргаликда суратга тушдилар.
Николай сураткаш билан савдолашгунича, Юля маймунча билан ўйнашди, унга ёнғоқ берди, силамоқчи бўлди. Қуйидаги тасвирдаги сурат пайдо бўлди: Юля маймунча билан; ва Николай.
Николай кичрайишига босқичма-босқич назар солиб чиқаркан, баданида фақат битта оқиш доғдан бошқасини кўрмади.
Бу ҳали хасталик энди бошланаётган дамлар эди. Докторлар бу борада бари умидни беморнинг руҳиятига боғладилар ва ёрдам беришга ожизлигини билдирдилар ва сўниб бораётган умид чора излаб, тепасида чарх уриб айланди.
Энди Николайнинг сўнгги умиди дипломли ҳамкасабалари ҳайдаб солган, яқин-орада бузилажак шаҳар касалхонасига ёндош бинода беморларини қабул қилаётган экстрасенс Любов Александровнада қолди. Экстрасенс аёл Николайни шаффоф клеёнка солинган столга ётқизди, баданида турган қўлини ушладида, чакралар1 ҳақида сўзлади. Фақат шу аёлгина Николайнинг гапларини охиригача ҳам ишонқирамай, инкор қилишга интилмай, гап қўшмай қулоқ тутди.
Бу ҳолатдан миннатдор Николай соғайиб кетиши билан экстрасенсни сийлашга ҳам тайёр бўлди. Аммо учинчи сеансга келиб, шу нарсани англаб етдики, у энди вужудида чакраларнинг тозаланишини эмас, балки фақат халоскорининг қайноқ қўлларини ҳис эта бошлади.
Энди Николайга Любов Александровна, унинг энергетикага бўлган эҳтиёжидан эмас, балки беморнинг болаларга хос бўлмаган нигоҳидан ўнғайсизланаётганлиги туфайли жуда кўп гапираётгандай туюлди.
– Букчайма, тўғри ўтир! – унга танбеҳ берди отаси. – Неча марта айтиш керак ахир. Келишган йигитсан, қара, энгашсанг, иштонинг халта бўлиб, бужмайиб қоляпти!
Бувиси дастурхон атрофига келиб ўтирди. Агарда бувисининг хотираси фаромушлигини айтмаса, Николай унга ишонган бўларди. Бувиси эртасига бемалол унутиши учун ҳар қандай сирни оиланинг бари аъзоларига етказишга шошиларди.
Хотирасининг заифлашиши бувисига фақат ноқулайлик туғдирибгина қолмаганди. Энди буви урушгача қадар бўлган дўлвор самимият билан алмисоқдан қолган оқ-қора тасвирдаги «Уфқ» суратидан завқ олиб кулиши мумкин эди. Буви учун ҳар бир кун театр томошасига айланарди, бесабр бола-чақаларининг дашномлари эса одатий ҳол бўлиб қолган эди.
Бундан беш йил илгари уларникига кўчиб келган буви яна ўн йил яшашни ваъда қилган ва гўё келгуси умрининг узунлигига кўра кампир Николай билан тенгқур эди. Буви худди невараси Николайга ўхшаб ҳажман кичрайиб бораётган эди. Лекин у ўз ваъдасини йилма-йил ҳеч бир ўзгаришсиз такрорлагани такрорлаган эди.
Николай дала-ҳовлига кетишини хабар қилиши билан ўртада айтилган гаплар кўп марталаб ўйналган сценарий бўйича кечди:
– Ҳа, сенинг уйда қиладиган бирор ишинг йўқда. Уйга фақат қорнингни тўйғазиш учун келасан, – жавради онаси.
– Шу ҳафтада ишга кирасан, – писанда қилди отаси гўё онасининг фикрини қувватлагандай.
Бувиси эса кўзларини ажабланиб пирпиратди, сўзлай деди, аммо керакли сўзларни топа олмай учовига бирма-бир қараб чиқди.
Николай эрта билан саҳарда уйқуга қонмай, ўрнидан енгил қўзғалди. Автобус йўлкирасига пули етмаслиги ҳамда ҳали олдинда электрпоездни кутиш борлиги ва бу манзарани бошдан кечириш уни белгиланган соатдан анча илгари уйдан қувиб чиқарди.
Трамвайлар чўчиши мумкин бўлган бирор кимса кўринмаган кўчада овоз берди. Сариқ кийимли фаррошлар илк йўловчини йўл супуриб қарши олди.
Николай одам ичида ўзи электрпоезд бормикин, деб турган ва бунга ишониш қийин бўлган дақиқага улгургиси келди. Шамол темир йўл шпаллари орасида яшнаган майсаларни тебратар, кассирнинг квадратсимон уйча дарчаси тим-тирс ёпиқ, унда-бунда турган уйқучан йўловчилар кераксиздай туюлган бостирма остида ачинарли кўринарди.
Бироқ қуёш олис мавзе уйлари томлари узра кўтарилади, перрон турли-туман овозларга тўлади, касса ойнаси очилади – шунда электрпоезднинг пайдо бўлиш эҳтимоли янада ойдинлашади.
Йўловчилар кўплашиб ўзаро бесабр гапиришадилар, ёнида турган одам қўлидаги соатга қараб қўядилар ва ўзларини гўё ҳозирча ҳудуддан маҳрум ягона давлат фуқароларидай ҳис қиладилар.
Тўдалашиб турган одамларга яқин тишсиз сомса сотувчисининг пайдо бўлиши кутишнинг бари босқичлари ўртасидаги довонни белгилаб беради. Бу дақиқадан бошлаб электрпоезднинг келиши муқаррар бўлиб қолади.
Юля онаси билан поезд жўнашига етти дақиқа қолганда келдилар, бу вақт Николайнинг юрагида уларнинг кечикишларига умид туйғуси ғимирлаб қолган эди.
– Чипта олдингми? – сўради Юля унинг саломлашишига жавобан.
Кассадан сал нари силжишлари билан электрпоезд кўзга ташланди. Электрпоезд узоқдан жимитдай, сассиз ва ёт кўринди. Ана, электрпоезд буёққа бурилди. Энди поезд вагонлари қатори тўхтаган лаҳза эшик рўпарасида туриб олиш учун перрондан жой эгаллаб қўйиш керак.
Бироқ поезд илгариладида, вагон эшиги нарига бориб қолди ва унга одамларни итариб чиқишга тўғри келди.
Николай Юляни чиқариб қўйишга чўчиди ва тортинганидан зинада қоқилиб кетди.
Кейинги бекатда Николай вагонда ўтирган аёлга кўзи тушди, уни синф раҳбари Надежда Георгиевнага ўхшатиб юборди. Аёлни ён томонидан бегона кишилар башаралари тўсиб олганидан у бу аёлни ўқитувчисими ёки у эмасми, билиб ололмади. Николай, ўқитувчиси уни кўриб, қарая, қанчалик улғайибсан, дейишини эшитгиси келди.
– Қаёққа? – унинг курткасидан тортди Юля. – Жойни эгаллаб олишадику.
– Чекиб келмоқчиман.
– Йигирма дақиқадан сўнг бирга чиқамиз. Тағин тушиб кетма, Худо сақласин, яна бошқа жойда тушиб қоласанми.
Николай бу сафар Юлянинг онаси қизини бўлғуси қайлиғига қўпол муомала қилгани учун койиётганини лоқайд тинглади.
Поезддан тушишга ҳозирлик кўраётганларида, охирида келаётган Николай юзи билан қопга урилиб кетди. Қоп орқалаб олган йўловчи, қаерда тушасиз, деган саволга жавоб бераман, деб, дам ўнг, дам чапга ўгирилди ва қопи билан ўтирганларнинг бошларига тегиб кетаёзди. Унинг кейинги бекатда тушишини билиб, тинчланди ва жойида туриб қолди. Бу пайтга келиб, поезд тўхтади.
– Коля, эй аҳмоқ, тушь! Поезд ҳозир юриб кетади! – қичқирди Юля қоп орқасидан.
– Тушолмаяпман, – деди у қимирлаган сари гуруч доналари тўкилаётган йиртилган қопнинг тўр тешигига қараб.
Поезд жадаллади. Николай, перронда қолган одамлар каби ҳажман кичрайиб бораётган станциянинг бесўнақай соябони тобора ўз шаклу шамойилини йўқотиб бораётганини кўрди. Кўзи шу лаҳзада бармоғини чаккасига нуққан Юляга тушди. Қизнинг саросимага тушган юзи хушрўй кўринди. Николай бу чеҳрани ёдида сақлаб қолмоқчи бўлди, аммо энди тез орада бу юз эскириб кетган суратга ўхшаб фақат хаёлдагина намоён бўлади. Ақл бовар қилмас маҳобатли, мох босган, антиқа эгри-бугри тоғлар борган сари темир йўлнинг чизиқ тасмасига яқинлаша борди.
Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси