Вадим Муратханов. Мактуб (ҳикоя)

Кириллнинг бир яқин таниши Москвага кетяпман, агар бировга бирор нарса юбориш керак бўлса, марҳамат, дея ўз хизматини таклиф этди. Таниши, очиғи, шунчаки одамгарчилик юзасидан шундай таклиф қилди. Балки шунинг учундир Кирилл бу гапни ушлаб олди.
Шунда Кириллнинг Москвада бир дўсти яшаши, хайрлашишлари олдидан у билан манзил алмашгани ёдига тушди. Агар ёзув столининг бир бурчида ёндафтарчаси бутун турган бўлса, у албатта дўстининг адресини топади, фақат унинг исми шарифини эсласа бўлди.
Ёндафтарча дастлаб қидирганида топилмади, Кирилл бунга парво қилмай, бирдан мактуб ёзишни бошлаб юборди.
«Салом, Юрий! – бутун диққатини жамлаб хат ёза бошладида, бирдан тўхтаб қолди. Сўнг иккиланмай, давом этди: «Менинг ишларим ўша-ўша. Таҳририятда ишлаяпман, ҳар хил бир онлик нарсаларни ёзяпман ва бир онлик қониқиш ҳосил қиляпман, чунки ҳеч қачон ҳеч қандай абадиятга дахлдор нарсаларни ёзишнинг уддасидан чиқмадим ва ҳатто йиллар мобайнида улар миямда пайдо бўлган заҳотиёқ қораламаларни йўқ қилишни ўргандим».
Кирилл ҳозир ёзганларини ўқиркан, матн тумтароқ бўлиб чиққандай, аниқлик етишмаётгандай бўлиб туюлди, сўнг у хатни мияси тиниқ ишлаётган пайти эрта билан қайта ёзишга аҳд қилди.
«Эсингдами, сен мендан танлаган касбимдан пушаймон қилмайсанми, деб сўрагандинг, – деб мурожаат қилди эртаси куни у дўстига. – Тан олиб айтаман, бундан зерикарли машғулот бўлмаса керак. Бошқа бир оддий одамники сингари журналистнинг ҳаётида воқеа-ҳодиса­лар ўз-ўзидан, кутилмаганда пайдо бўлмайди. Журналистнинг ўзи бу воқеа-ҳодисани топади, шиширади ёки ўзи, ё муҳаррирнинг талабига кўра уни писанд қилмай ўтказиб юборади. Мақоланинг ҳажмига қараб тўғриланган, таъбимизга мосланган воқеа-ҳодиса бизнинг қўлларимизда ўзининг илк, онаси ўпмаган жозибасини йўқотади.
Яқинда таҳририятимиз ҳовлисида сўнгги урушдан қолиб кетган миналарни топиб, уларни қазиб чиқардилар. Бу ҳақда ёзишимизни ман этдилар, газета ходимлари мина қазилган хандақлардан ҳатлаб ўтганларича таҳририят топшириқларини адо этиш учун шошдилар.
Кирилл ёзганларини ўқиб чиқдида, сўнг, «илк, онаси ўпмаган жозибасини» жумласини яна қайта кўриб чиқишга қарор қилди.
Матн катталашди. Тани­шининг Москвага жўнаши номаълум муддатга орқага сурилганини эшитган Кирилл буни ёзаётган мактубининг янада яхшироқ чиқиши учун бир имконият деб қабул қилди.
«Мен хизмат тақозоси билан шоирлар билан мулоқотда бўлишимга тўғри келади. Ёшлари ва қиладиган ишларидан қатъи назар, ора-сира ўзларининг ночор, ёрдамга муҳтож ижодий «нотавон»лари ҳақидаги оғриқли ташвишларини яширишга ури­нишларидан уларни ҳеч бир хатосиз таниб олиш мумкин. Улар таҳририятимизга нашр қилинаётганига атиги беш йилгина бўлган «болаликдан бери бизнинг газетамизни ўқишлари» учун эмас, балки бошқа жойлардан рад жавоби олганлари учун ҳам келардилар. Шундай эсада, ана шу тан олинмаган туғма истеъдодлар ижодлари мевалари қанчалар кулги уйғотарди менда! Мен улар таж­риба орттирсинлар, деб бирортасини қайтармадим. Шунда беихтиёр менинг қандай қилиб адабиётнашри таҳририяти остонасидан ҳатлаганим ёдимга келди. Наср бўлими мудири ўшанда менга, «очилмаслигимни авжига чиқаришимни, яъни ҳадеганда ўзимни намоён қилмаслигимни ёки Асар ёзиш учун ақлдан озишимни маслаҳат берган эди. Ғалати одам эдида у…»
Баъзан Кирилл бирдан эсига келиб қолгандай, дўстидан ҳол-аҳвол сўрай кетар, саломатлиги, иши, кайфиятини суриштирарди. Хотираси панд бериб қолишидан қўрқиб,бундан нари тайинли мавзуларга ўтишга журъат этмасди.
У Москвага ҳеч нима жўнатмаслигига аниқ кўзи етар, шунинг учун ҳам танишининг кетиши хабари унга кутилмаганда янгилик бўлмади.
Кирилл худди шу куни хижолатпазликни енгиш учун мактуб ёзишда давом этди.

Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси