Содиқ Ҳидоят. Ватанпараст (ҳикоя)

Саййид Насрулло Валий кунига тўрт марта Ҳаммом вазир кўчаси орқали уйидан идорага ва идорадан уйига қатнайди, ўзининг етмиш тўрт йиллик умрини ана шу тахлитда ўтказди, мана, у энди биринчи марта хорижга, яъни Ҳиндистонга сафар қилмоқда.
Шу пайтгача у мамлакат ичкарисида ҳам уйидан узоққа бормаган, лоақал авлоду аждодларининг ватани Кошонни ҳам кўрмаган эди. Ҳа, умри давомида бор-йўғи уч кунгина Дамовандда бўлган. Йўл азоби – гўр азоби қандай бўлишини ўшанди билганди, сафардан юраги ёмон бўлиб қайтганди, ўлганни устига тепган дегандек, кўп ўтмай уйини ўғри урди, сафар деса Ўшанда йўлда жуда қийналган ва азоб чекканди, қалби нотинч қайтганди, устига устак сафардан қайтгач, уйини ўғри урганди. Шу сабабли сафар деса Саййид Насрулло Валийнинг қўрқувдан лабига учуқ тошади.
Саййид Насрулло умрини илм-фанни ўрганишга сарфлагани учун оила қуриб яшаётганига эндигина икки йил бўлганди. Мана шу қисқа вақт ичида битта фазилат ва маърифат қаймоғи башарият сонига қўшилган эди. Чунки Саййид Насрулло форс, араб, француз адабиёти, ғарб ва шарқ фалсафасини тадқиқ этиш ва ирфон, эски ва янги илмларда ўзидан бирон-бир жўяли асар қолдирмаган бўлса-да, халқ орасида таниқли эди. У, ўзларини ҳимоя қилиш учун узундан-узоқ мақолалар ёзадиган, кўпчиликнинг ёдидан чиқиб кетган эски китобдан қофия ўғирлаб, алмойи-алжойи шеърлар ёзадиган ёки лаганбардорлик ва ва тиғёғламалик ила шуҳратга эришган уламою фузалолардан ҳам эмасди.
Борди-ю, китоб ёзишга жазм этгудек бўлса, обрўйи тўкилишини у яхши биларди, чунки у арабча сўзларни махражи билан шундай тўғри ишлатардики, эшитувчида ўзининг фозиллиги ва маълумотлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа ва иккиланишга ўрин қолдирмасди. У сўзлар ва жумлаларни жуда секин ва дона-дона талаффуз қиларди. Лекин мантиқ, бадиият ҳамда сарфу наҳв жиҳатидан ер юзидаги ҳеч бир луғатшунос аллома ундан қилча хато тополмасди. Чунки Саййид Насрулло, агар сўз зар бўлса, сукут гавҳардир, зарурат бўлганда ва ё бошқалар ишлатиши учун сўзни етти марта дилда пишитиб, кейин уни тилга чиқариш керак, деган фикрни ўзига қоида қилиб олган эди.
Шу сабабли ҳам у ўзига хос шуҳратга эга эди. Бир куни маориф вазири Ҳакимбоши Пур Саййид Насруллони муҳим бир масала бўйича хонасига чақиртирди. Не-не илтифотлар кўрсатиб, не-не таърифу тавсифлардан сўнг ўта ширинзабонлик ва тилёғламалик билан Саййид Насруллога шундай таклиф қилди: қадимий ва кўҳна мамлакатимизда маорифнинг мўъжизали тараққий этиши бутун оламни ҳайратга солаётгани боис орийлар бешиги бўлган, миллионлаб мусулмон ва форсийзабон эл-элатлар яшайдиган Ҳиндистондек мамлакат бизнинг маориф соҳамиз беқиёс ўзгаришлар ва махсусан янги ихтиро қилинган сўзлардан етарли маълумотларга эга бўлмасликлари афсусланарли ҳолдир ва ўзининг шарафли тадбирларининг далили сифатида “Фарҳангистон академияси” томонидан тузилган ва шаҳаншоҳ томонидан маъқулланган, аср уламолари ва фузалолари тасдиқлаган “Янги сўзлар луғати” китобини, унга қўшиб ўзининг ён ва олд томондан тушган бир даста фотосуратини унга берди. Кейин бу суратларни ўз рўзномалари саҳифаларини безаш учун Ҳиндистондаги барча мухбирларга тарқатишни ҳам тайинлашни ҳам эсдан чиқармади.
Саййид Насрулло Ҳакимбоши Пурнинг хос илтифотларидан жуда таъсирланиб кетди. Лекин бир томони ҳаётга қизиқиши ва хотин, бола-чақасидан йироқда бўлишни, иккинчи томондан йўлнинг узоқлиги ва денгиздан сузиб ўтишни ўйлаб, қип-қизил туксиз ва ялтироқ калласини бир силкитди. Доноларча кулимсиради ва ёшининг улуғлиги ва бир неча касалликларини сабаб қилиб Ҳакимбоши Пурнинг таклифини рад этди. Яна бу муҳим хизмат сафарини бошқа адиблар ва тарғиботчилардан бирига юкланса яхшироқ бўларди, деб маслаҳат берди. Аммо Ҳакимбоши Пур жаноблари махсусан унинг олий адабий мақоми, ёши ва шуҳрати бу иш учун бошқалардан кўра унга кўпроқ имтиёз беради, деб туриб олди. Чунки ушбу хизмат сафари идора сирларидан ҳисобланиб, фақат унга ўхшаш инсонларгина уни бажаришга лойиқдирлар ва, ниҳоят, Сайид Насрулло истаса-истамаса юқоридаги бошлиқларнинг таклифини камоли ифтихор билан қабул қилди.
Саййид Насрулло Ҳакимбоши Пурнинг хонасидан чиқар экан, Дамовандга қилган қисқа сафари вақтида чеккан машаққатларию Ҳиндистон сафарининг нечоғ узоқлигини кўз олдига келтириб юрагини мавҳум изтироб ва қўрқув қамраб олди, боши айланиб, оёғи остидаги ер ларзага келди. Идора столи олдига келиши билан қўнғироқ тугмасини босди ва ичгани сув сўради. Бир оз ўзига келгач, ўйга толди. Бир томондан, хотини ва фарзандларидан узоқда бўлиш ва сафар асносида вужудга келадиган ўзгаришлар ва саксон тўққиз килолик вазни бир оз камайиши мумкинлигини, иккинчи тарафдан, моддий манфаат, ифтихор, давлат ҳисобидан қилинадиган зиёфатлар ва музокараларни фикр тарозисига солиб кўрди. Шунга қарамай, ғулғула босилмади. Чунки у ҳамма нарсадан кўра кўпроқ ўзининг тинч ҳаёти ва соғлиғини ўйлар, аллақандай суду зиён деб тинч ҳаётини хатарга қўйиш ақлдан эмас дерди. Натижада Ҳакимбоши Пурга нисбатан дилида қандайдир бир кучли кудурат пайдо бўлди. Лекин бу вазифанинг шахсан вазир томонидан топширилиши расмий бурч ҳисобланарди. Шунинг учун сафарга отланишдан бошқа чораси йўқ эди, қолаверса шарақ-шарақ пулларни кўз олдига келтирганда нафси ҳакалак отишини ҳам инкор этиб бўлмасди.
Саййид Насрулло пул жамғаришда пишиқ-пухта бўлгани устига бу мусофиратда унга сафар “об-ҳаво” пули берилар, иш ҳақини ҳам икки баробар олиши мумкин эди. Бундан ташқари яна бир томони бор эди: балки Барзия табибга ўхшаб Ҳиндистондан “Калила ва Димна” қабилидаги бирор китоб олиб келар ва ўз номини мангу ўчмас қилиб қолдирар. Ўзича пичирлаб қуйидаги шеърни хиргойи қиларди:

“Бенгалияга кетаётган бу форс қандидан
Барча ҳинд тўтилари баҳраманд бўлгайлар”

Унинг миясида минг хил хаёллар чарх урарди. Кўп ўтмай бу янгиликдан ҳамма бохабар бўлди ва Саййид Насруллонинг идорадаги касбдош дўстлари гурас-гурас келиб, уни табриклай ва Алло таолодан унга муваффақиятлар тилай кетишди. Лекин Саййид Насрулло лоқайд қиёфада кўзларини пирпиратар ва “Нима ҳам қилардим, мажбурман” деган маънода бошини қимирлатиб, эшитилар-эшитилмас қилиб, “азиз ватанимизга хизмат қиламан”, дерди яккаш.
Ниҳоят, бир ойлик фол очишлар ва мунажжимлар билан маслаҳатлашишдан сўнг хосиятли кун ва соатда Саййид Насрулло ойна ва Қуръон остидан ўтди, ундан бир қанча сурат олган рўзнома мухбирларининг олқишлари остида керакли расм-русумларни адо этиб йўлга тушди, лекин ундан олдин ўз васиятномасини хотинига топширди.
Теҳрондан Аҳвозгача йўл жуда оғир ўтди. Аҳвозда фурсат топиб маориф бўлими билан танишди, ўқувчиларни қисқа имтиҳондан ўтказди. Аҳоли араб тилида яхши сўзлашса-да, уларнинг арабча талаффузларини қаттиқ танқид остига олди. Кейин идораларнинг раислари унга пешвоз чиқишди ва бири олиб-бири қўйиб уни ўз уйларига таклиф қила бошлашди. Лекин у қаттиқ чарчаб, тинкаси қуригани сабабли уларнинг таклифини қабул этолмади. Чунки ҳамма жойда бир хилда такрорланадиган нутқлар ва қуруқ расмиятчиликлар кўнгилга зиғир ёғдек уради, тилёғламаликлар унинг тоқатини тоқ қилиб юборган. Ўзининг тинч ва бир маромда кечаётган ҳаётида бирор ўзгариш рўй беришини истамаган Саййид Насрулло асил арабча сўзлар, илмий иборалар, фалсафий ва илоҳий таърифлар билан Ҳакимбоши Пурни мадҳ этувчи катта мақола ёзишда ўзга иложи қолмаганди.
Аммо шу кунгача бунга ҳеч вақти бўлмаганди. Ундан ташқари, йўл машаққатлари ва ҳаяжонлари унинг бу мақсади амалга ошишига тўсқинлик қиларди. Ҳар гал машина нотекис ва хатарли жойлар йўлдан ўтаётганида Саййид Насруллонинг юраги шув этиб кетарди. Пичирлаб “Оятал курси”ни ўқир, кейин чўнтагидан букланган рўмолчасини чиқариб пешонасидаги терларни артарди.
Хуррамшаҳрда уни катта иззату икром билан кутиб олишди. Кемага чипта ва сафар давоми учун керакли барча нарсаларни олдиндан тайёрлаб қўйишган эди. Сайид Насрулло тунни маориф раисининг уйида ҳаяжонли тушлар кўриб ўтказди, эрталаб соҳиби хонадон билан биргаликда дарёни томоша қилгани борди. Мақсади кўпроқ денгизни томоша қилиш эди. Дарёнинг ҳар иккала соҳилида саф тортган хурмо дарахтлари, қайиқлар ва узоқда лангар ташлаган бир нечта кемани таажжуб ва қизиқиш билан кузатди. Шу пайтгача у денгизни жуғрофия харитасида, хурмо дарахтини эса китоблардагина кўрган эди, ҳозир буларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб турарди! Дарҳол қадимгилар ўз китобларида жаҳонгашталик ва сафарларнинг фойдали ва ажойиб томонларини мақтаганликларини эслади. Дунё кўзига кенг ва сеҳрли кўрина бошлади. Ўзича: “Иложи борича жуда кўп сафар қилиши керак!” – деб ўйларди. Вужудида фараҳбахш бир ҳисни туйди, аммо бугун кечқурун кемага чиқиши кераклигини эслаши билан юраги бирдан дук-дук уриб кетди ва беихтиёр ҳолсизланди.
Саййид Насрулло кема ҳаракат қиладиган шомгача вақтини зиёфатда ўтказди. Лекин ҳаяжон ва изтиробдан қалби нотинч эди. Гўё яқин орада хавфли амал учун жарроҳлик хонасига кириши керак бўлган одамдек атрофдаги одамлардан тўғридан-тўғри ёки ўсмоқчилаб, денгиз сафари қанақа бўлади, деб сўрар эди. Шомга яқин кеманинг гудоги маъюс ва чўзиқ садо берди. Саййид Насруллонинг юраги шув этиб кетди. Мезбонлар дарҳол унинг юкларини божхонадан олиб қайиққа жойлашди. Бошқа қайиқда уни ўртага ўтқазиб, кема томон йўлга тушишди. Саййид Насрулло “Янги сўзлар луғати” китоби ва Ҳакимбоши Пурнинг расмлари солинган папкани қорнига маҳкам босиб олган эди. Қайиқ чайқалар, денгиз тўлқинлари ой нурида кумушдек ярақлар ва икки соҳил ёқалаб, тўқ кўк хурмо дарахтлари саф тортган эди. Саййид Насрулло булар барчасига нафрат ва шубҳа билан қарамоқда эди, гўё қурбонлик учун танланган туяни сўйишдан олдин безатишаётгандек эди. Бу расмиятчиликлар уни алдаш учун қилинаётганини ҳис этди. Қайиқ чайқалар, денгиз суви қирғоққа уриларди. Назарида унинг ҳаёти бутунлай хавф остида қолгандек эди. Ўзининг ички ҳаяжонини яшириш учун қайиқчи билан соф араб тилида суҳбат қуришга ҳаракат қилди. Лекин қайиқчи унинг сўзларини тушунмади ва Саййид Насруллонинг ғашига тегадиган бузилган араб тилида жавоб қайтарди. Саййид Насрулло соф араб тилида суҳбатлаша оладиган бирон одамни кундуз чироқ ёқиб топа олмаслигини англади.
Кемалар узоқдан чироқлар терилган баркашлардек ярақларди. Бомбейга қараб йўл олган кема ҳаммасидан чиройлироқ ва чароғонроқ кўринарди. Денгиз узра намкин шамол эсиб, ўзи билан эски балиқнинг қўланса ҳидини олиб келарди. Тўфон ҳали ўзининг янги нафаси билан тарқатиб юбормаган аралаш бадбўй ҳидлар. Дастлаб докторнинг моторли қайиғи кемага яқинлашди ва кейин атрофдан бошқа қайиқлар ва савдо моллари ортилган елканли кемачалар ёпирилиб кела бошлади. Йўловчиларнинг талашиб- тортишишлари, араб ҳаммолларнинг бақириқ-чақириқлари ҳамда кема моторларининг шовқини Саййид Насруллонинг қулоғини батанга келтирди. Ниҳоят, одамлар бир оз селгигач, гўё ҳомиладор аёлдек уни икки қўлтиғидан олишди ва у минг бир таҳлика билан кема зинапояларидан юқори кўтарила бошлади. Унинг ранги ўчган лабларида заиф бир доноларча табассум пайдо бўлди. Буюмлари ва чамадонларини махсус хонага жойлаштиришгандан кейин ҳамроҳлари таъзим ва ҳурмат изҳор қилиб, у билан хайрлашишди.
Сайид Насруллонинг боши айланарди, иккинчи тоифа хонасининг энсиз каравотига чўкди ва “Янги сўзлар луғати” китоби ва расмлар солинган жилдни ёнига қўйди. Гарчи Саййид Насрулло биринчи тоифага лойиқ одам бўлса-да, лекин тежамкорлик юзасидан иккинчи тоифада кетишни афзал кўрган эди. Агар унга ман этишмаганда учинчи тоифа хонак ҳам тешиб чиқмасди. Хона деразасидан йўловчиларнинг шовқин-сурони ва шатакка олган кеманинг гув-гув овози келарди. У ўрнидан турди ва ташқарига қаради: соҳилдаги чироқлар узоқдан милт-милт қилар, кема хоналари даҳлизида тўда-тўда араб ҳаммоллар иш билан машғул эдилар. Буни кўриб, Саййид Насрулло ғалати бўлиб кетди ва ич-ичидан пушаймон бўла бошлади. Ҳали кема йўлга тушмасдан бир неча марта соҳилга қайтиш, ўзини касалликка солиш ёки умуман истеъфога чиқишга қарор қилди. Лекин, афсуски ғишт қолипдан кўчган эди! Кейин ўзича соҳилда қолдирган хотини, боласи ва тинч ҳаёти билан хайрлашиб, лабини тишлади. Қайрилиб атрофи ва янги хонасини диққат билан кўздан кечирди. Темир ва ёғочдан қурилган мўъжазгина оппоқ хона. Иккитаси устма-уст қўйилган пружинали каравот, қўлювғич, кийимилғич ва оёқ қўядиган столча. Кўринишидан пухта ва ихчамгина эди. Ҳиндистон ҳақида ўқиган барча ажойибу ғаройиб ҳикоялар хотирасида жонланди. Шу пайт озода ва оқ кийимли қора ҳинд хизматкор хонага кириб келди ва инглиз тилида нимадир деди, аммо Саййид Насрулло тушунмади ва ўзининг маълумоти заифлигидан хижолат бўлди. Дунёқарашининг чегараси уйининг тўрт деворидан нари эмаслигини, оламда бошқа тиллар, одамлар ва ҳаёт ҳам борлигини, буларни илгари тасаввур ҳам қила олмаганини тушунди ва беихтиёр унинг барча ғазабу гина-кудратлари хизматкор ҳиндга ёғилди, гўё Саййид Насруллонинг сафар машаққатларига дучор бўлишига у сабабчидек. Ниҳоят, хизматкор чойшаб ва адёл олиб келди ва каравотлардан бирини шай қилиб қўйди.
Бу пайтда ташқаридаги шовқин хийла пасайган эди. Саййид Насрулло тинка-мадори қуриган ҳолда каравотга чўзилди, аммо каравот унга энсизми, ётишга ноқулай эди. Хизматкор яна эшик тақиллатиб кирди ва имо-ишора билан кечки овқат тайёр эканини тушунтирди. Ўзи олдинда юриб зинапоядан пастга тушди ва Саййид Насруллони кема ресторанига бошлаб борди. У ўтирган столда икки нафар йўловчи форс тилида гаплашиб ўтиришарди. Саййид Насрулло ҳар бир овқатнинг соғлиққа нечоғли фойда-зарарини ҳиндча зираворлар солинган-солинмаганини билиш учун диққат билан татиниб кўрмоқда эди. Қадимги табобатга биноан овқатларнинг иссиқлик ва совуқлигига ишонганидан у керак пайтда мижозини сақлаш учун ўзи билан оз-моз иссиқлик зираворлари олиб юрарди.
Унинг столида ўтирган эронликлардан бири инглиз тилида буюртмалар берар ва ҳинд хизматкорини “чекро” деб чақирарди. Саййид Насрулло инглиз тилини биладиган одам топилганидан хурсанд бўлди ва “Чекро”ни баҳона қилиб, тил ҳақидаги суҳбатни бошлаб юборди: “Ҳиндий тили форс тилининг боласидир, бундан ташқари Дорюш Кабир (Буюк Доро), Искандар, Султон Маҳмуд ва Нодиршоҳлар қўшин тортган замонлардан буён Эрон ҳарбийлари форс тилини тадрижий равишда Ҳиндистонда ёйганлар, мен ҳам мана шу мақсадда Ҳиндистонга кетаяпман. “Чекро” ҳам, қулингизнинг фикрича, форс тилидаги “чокар”, яъни “хизматкор” деган сўздир. Ёки сиз айтаётган мана шу ҳиндий “чатни” форс тилидаги “чошни” сўзидан олинган бўлиб, “зиравор” деган маънони билдиради. Умуман олганда, дунёдаги барча тилларнинг ўзаги араб, форс ва турк тилларидан олинганлиги ва башариятнинг барча ирқлари Ҳом, Сом ёки Ёфас ёки Салм, Тур ва Ираж авлодлари бўлган, худди шундайин, масалан, “самовар”ни русча сўз деб ўйлашса ҳам, менинг ақли қосиримга, учта: форсий, арабий ва туркий сўздан таркиб топган. Унинг биринчи бўғини “касра” (э товуши) билан ўқилиши керак, яъни аслида “сэ – мо – вар” бўлган. Бунда “сэ” форсча, “мо” арабча ва “вар” туркча сўзлардир, яъни “Учта сув олиб кел”деганидир. Бундай сўзлар жуда кўп”. Эронлик йўловчилар Саййид Насруллонинг тарихий ва луғавий маълумотларидан ҳайратга тушишди. Саййид Насрулло саволлар орасидан инглиз тилини биладиган йўловчи илгари Ҳиндистонда бўлганини ва ҳозирда идора ишлари билан Бушаҳрга хизмат сафарига кетаётганини тушунди.
Қаҳвани ичиб бўлгач, Саййид Насрулло ўз хонасига қайтди, у қаттиқ чарчаган эди. Ойнага қараб ранги қув ўчганини кўрди. Пичирлаб, “Оятал курси”ни ўқиганча ўринга чўзилди ва уйқуга кетди.
Атроф ғира-ширасида Саййид Насрулло кеманинг енгил чайқалишини ҳис қилди ва уйқу аралаш мотор овозини эшитди. Кўзини очган эди, ҳайратдан донг қотиб қолди, гўё кемада уйғонишини асло кутмагандек эди. Боши симиллаб оғрирди. Нонушта қилиб бўлгач, деворга қизил рангда қуйидаги ёзувлар битилган катта варақ ёпиштирилиб қўйилганини кўрди, ундай эди: “B. IS. N. Co Ltd. Emergency Instructions Passengers”.
Ёзув остидан инглиз тилида узундан-узун изоҳ берилган ва учта эркак расми бор эди, биридаги киши махсус қутқарув нимчасини кўкрагига боғлаш билан машғул, қолган иккитасидаги одам учун кўкрак устига айлантириб ўраш билан овора эди.
Саййид Насруллонинг инглиз тили ҳам француз тилининг ўзи, фақат унинг имлоси ва талаффузини бузишган, деган фикри ўз тасдиғини топди. Ўзича Emergency сўзи французча emerger сўзидан олинган, деб ўйлади ва ёзувни “Йўловчиларнинг сувдан чиқишлари учун кўрсатма”деб таржима қилди. Шу пайт шифтда биттасининг ичида иккита қутқарув нимчаси ва бошқасида битта қутқарув нимчаси солинган иккита мослама осиб қўйилганини кўрди. Баданига титроқ югурди ва ўзича европа илмига ҳам тўла ишониб бўлмайди, деган хулосага келди, чунки бу кема шунчалик катта бўлишига қарамасдан чўкиши мумкин экан-да!
Бир муддат луғат китобини қидирди, аммо тополмади. Инглиз тилидаги изоҳни ўқимоқчи бўлди, аммо унчалик кўп нарса тушунолмади. Фақат бир нечта сўзни тахминан тушунгандек бўлди. Лекин бу эълон ғарқ бўлишнинг олдини олиш учун эканлиги ҳақидаги шубҳа уни тарк этмади.
Шошиб кийимларини кийди ва палубага чиқди. Икки нафар ҳинд ҳалигача мўри ёнида ухлаб ётар, яна бир ҳинд матроси зангори либосда югурарди. Кўз илғаган жойгача ҳаммаёқ сув бўлиб, тўлқин устига тўлқин уриларди. Фақат узоқдан соҳилнинг рангсиз кўлкаси кўриниб турарди. Кеманинг атрофига диққат билан қаради, биринчи даражали панжарасига устига “Волеру” деб ёзилган оқ камарлар боғлаб қўйилганди. Овқатлар расми устида ҳам шундай ёзувга кўзи тушди. Бундан, демак, кеманинг номи “Волеру” экан, деган хулосага келди. Сарийга ўраниб олган, қулоғи ва бурнига сариқ ҳалқалар осиб олган бир ҳинд аёли келиб унинг ёнидан ўтиб кетди.
Минг хил даҳшатли фикрлар Саййид Насруллонинг миясида ғужғон ўйнарди. Икки йил олдин рўзномада Атлантика баҳри муҳитида битта катта кема ғарқ бўлганини ўқимаганмиди? Бир қанча вақт илгари Қизил денгизда ёниб кетган бир француз кемасининг расмини рўзномада кўрмаганмиди? Агар икки миллиард тахминдан биттаси рост чиққанда ҳам! Инсон жонини хатарга қўйишига арзийдими, яна нима учун денг!
Кун сайин рангига ранг кириб, доим ўзи учун ўлиб-тирилаётган Ҳакимбоши Пур эсига тушди. Ўзи бесавод ва алдоқчи бўлганидан хонасидан қайтиб чиқаётган қораламалар сарфу наҳвий ва луғавий хатоларга тўла эмасми? Ундан кейин, дастлаб яҳудий бўлгани, кейин насронийлик тасдиқномасини олиш учун америка мактабга киргани ва ҳозирда эса катта амалдорларнинг оёғини ўпиш билан оворалигини ҳамма билади. Карлайлнинг нотўғри таржимасини яҳудий куёвидан олиб, суҳбатлар уюштирар, исломга қарши китоблар топар, бошқа тарафдан эса янгилаш ва динсизлик ҳақида жар соларди. Рўзномаларда исмини Афлотун, Суқрот, Абу Али ибн Сино, Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз ва бошқа исмлар қаторига қўйиб мақолалар чоп эттирарди! – Энди у ҳаётини, кейинчалик қорнини олдинга чиқариб, менинг расмимни Ҳиндистондаги рўзномаларда чоп этишди, деб мақтанадиган мана шундай одам учун хатарга қўйиши керакми? Саййид Насруллодек ҳурматли ва эътиборли бир шахсни ўзининг аҳмақона амалпарастлигига восита қилиб олиши ва у на форсча, на арабча бўлган бемаъни ва кулгили сўзларни Ҳиндистонга туҳфа қилиб олиб бориши керакми? Кошки у ерда бирор нарсага ақли етадиган битта-яримта одам топилса! Унда нима бўлади? Нега бу ишни айнан унга топширди? Ваҳолонки, келгусида унинг тарафдори ва сиёсатчиси бўлишни ният қилиб, хуфия мутолаа баҳонасида Европада миллат пули ҳисобига ялло қилиб юрган ва бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган бошқа ёшлар ва фидойилари бор эди-ку! Ёки, масалан, “Авлиё Георгий ва унинг башарият оламидаги таълимоти” ҳақида китоб ёзиш ва уни давлат ҳисобига нашр эттириш учун ҳар ойда уларнинг ҳар бирига икки-уч минг туман пул юбориб турарди-ку. Нима, Саййид Насруллонинг шохи бормиди? Уйининг бир бурчагида хотини ва боласининг ёнида тинчгина ўтириб, мана бундай тутуриқсиз асарларни ёки уларнинг таржимасини чоп эттиролмасмиди? Ҳозир иғвогар ва дайди одамлар каби сувга ҳам, ўтга ҳам парво қилмасдан, Ҳакимбоши Пурнинг бир гуруҳ тарафдорларининг исқирт нарсаларини Ҳиндистонга олиб бориб, ўзини ва халқини шарманда қилсинми? Маорифни четга олиб чиқишнинг бошқа обрўлироқ йўли йўқмиди? Саййид Насрулло тўсатдан инон-ихтиёрини ҳиссиётлар қўлига топшириб қўйганини тушунди. Чунки ҳаёт тажрибалари давомида нон ва ош мана шу жўжахўрозларнинг авомни чалғитувчи сиёсий ўйинлари ва пуч томошаларида қўлга киришини учратган эди. Халқни алдайдилар ва ўз киссаларини пулга тўлдирадилар. Хўш, унинг ўзини порлоқ келажак ғояларини яратиш учун маддоҳлик қилишга мажбур этишмаганмиди? У ҳам санъатини кўрсатиш ва нотиқлик қилиш, ҳамда шунингдек бошқалардан тариқча кам эмаслигини тушунтириб қўйиш учун рози бўлганди! Ҳақиқатан ҳам теша тегмаган мавзуни танлаган эди: Она ватанни юзини қиблага қилиб ётган беморга ўхшатган, Ризохон ҳуқна шишаси ва қон олиш идиши билан унинг тепасида турарди ва охирги уни қутқарганди! (Дили хира бўлишига қарамай, истеҳзоли жилмайди). Анави бошқалар мана шундай вазмин ва ёқимли лафзу иборалар билан нутқ сўзлай олишлари амри маҳол эди. У уламою фузало борки, барчасини катта қилган ва яхши танирди. Европага борганлар, янгилар ва эскиларнинг ҳаммаси бир гўр эди, фақат уларнинг унвонлари фарқ қиларди. Илгарилари Нажафга бориб, Ҳужжатул ислом бўлар эдилар, ҳозир эса Европага бориб, фан доктори бўлиб қайтишмоқда. Ишлари халқни алдаш, ўйлари вазирнинг қурсоғига нима кириб, нималар чиққанида! Ҳаммаларининг фикру зикри уч қаватли уй, машина ва хорижга хизмат сафарига чиқиш. Гарчи Саййид Насрулло хорижга сафар қилмаган бўлса-да, аммо Эронга келган жуда кўп европалик одамлар ва олимлар билан ҳамсуҳбат бўлган эди. Масалан, бир эронлик табибнинг орзуси бошлиқ, депутат ва вазир бўлиш эди. Ваҳолонки, доктор Тулузан бутун умрини мутолаа билан ўтказганди. Унинг ўзи нима учун бошқалардан орқада қолган? Илм ва мутолаа аҳли бўлгани учун! Минбарда ваъз айтаётганида унинг оғзидан чиқаётган сўзларни қандай иштиёқ билан тинглашгани ва кейин унга қанчалик илиқ табриклар айтишгани эсига тушди! У шоҳнинг эътиборига сазовор бўлганди! Аммо кейинги сафар яна нутқ сўзлашга мажбур қилишди! У бош тортди ва ҳозир балки ана шу айби учун уни мана шу хавфли хизмат сафарига юборишгандир! Бошини сарак-сарак қилиб пичирлаб деди: “Кимга товус керак бўлса, Ҳиндистон заҳматини чексин”.
Саййид Насрулло тушлик қилиб бўлиб, ресторандан ташқарига чиққанида даҳлизда инглиз тилини биладиган эронликни учратди, аввало у билан танишди ва ҳавонинг иссиқлигидан шикоят қилди. Кейин ундан: “Сиз ёлғизмисиз? – деб сўради.
– Ҳа.
– Агар Исфаҳон гази ейишни истасангиз, каминанинг хонасига ташриф буюринг.
Уни ўз хонасига бошлади. Кейин газ қутисини базўр чамадондан олди! Газ қутисини унинг олдига қўйиб, жуда секин суҳбат бошлади: “ Гарчи инсон бутун азиз умрини тил, илм-фанни ўрганишга сарфласа-да, яна кам. Афсуски, бизнинг қисқа умримиз хотиржамлик билан барча вақтимизни мутолаага бағишлашимизга кифоят қилмайди. Ҳаётдаги кичиккина бир ўзгариш янги бир тушунарсиз нарсаларга дуч келишимиз учун етарли бўлади ва ҳар бир кичик нарсага ибрат кўзи билан қараб, тадқиқ этсак, ўйлаганимизнинг ростлиги маълум бўлади… Агар битта қуриган баргни микроскоп остига қўйсак, ўз қонунлари ва усулларига эга бўлган янги дунё кўз олдимизда намоён бўлишини кўрамиз. Ерда ётган озгина хашак йиллаб чўзиладиган фалсафий баҳслар, тафаккур ва чуқур изланишларга мавзу бўлиши мумкин. Орифлар айтишгандек:

Ҳар зарранинг дилини ёргин,
Ичидаги офтобни кўргин!

Бугунги назарий илм бизга шуни исбот қиладики, қадимгилар энг кичик зарра деб атаганлари ва бошқа бўлиниши мумкин эмас деб ўйлаганлари бутун бир тизимдан иборат экан. Агар осмонга назар солсак, фалаклар гардиши ва уларнинг ўзгармас қонунлари бизни фақат ҳайратга соладики, умримиз охирида виждонан иқрор бўлишдан ўзга чорамиз қолмаганди:
Билимим шу жойга келиб етдиким,
Ҳеч не билмаслигимни энди тушундим!
Бизнинг атрофимиз номаълум нарсалар ва сирларга тўлиб-тошган. Менга Гермес Трис Мажистнинг фикри ёқади. У айтади: “Бузуқ дунёдаги ҳамма нарса илмлар дунёсида ҳам бор”. Гапни чўзишдан мақсад шуки, бутун жаҳонда шунчалик кўп қавмлар, халқлар, элатлар ва тиллар мавжудки, уларнинг қанақалиги ҳақида баҳс юритиб, сир-асрорларини англаб олишимизга умримиз етмаслиги аниқ! Менинг афсусланадиган нарсам – ёшлик давримда инглиз тилини ўрганишдан ғафлатда қолганим. Ҳозир сўзлар ва жумлаларни жуда қийинчилик билан бир-биридан ажратаман. Англо-саксон тилининг асосан ўзаги лотин тилларидан фарқ қилгани учун бўлса керак, инглизча сўзлар ва жумлаларнинг маъносини яхши тушунмайман. Масалан, девордаги огоҳлантирувчи ёзув (зарурий қўлланмани кўрсатди) сарлавҳасини тахмин қилиб тушундим, гўё бу қўлланмани ёзишдан мақсад йўловчиларни чўкишдан қутқариш бўлса керак.
Янги келган одам оғзида газ билан донишмандоналарни таажжуб билан эшитди ва Саййид Насруллонинг мақсадини тушунмаган бўлса-да, унинг сўзларини тасдиқлади:
– Албатта. Албатта. Худди шундай, ўзингиз айтганингиздек.
Ростдан ҳам кеманинг ғарқ бўлиш хавфи борми?
– Ҳеч қачон! Бу нима деганингиз? Фақат эҳтиёткорлик юзасидан ёзишган. Европача фикрлашнинг белгиси. Лекин ҳар доим ҳам шундай ҳодиса юз бериши мумкин.
– Ҳа, мақсад шуки, ҳодиса ман этилмаган, балки юз бериши мумкин.
– Албатта.
– Аммо кутилмаган ҳодисадан эҳтиёт бўлиш йўлини топишган.
– Албатта.
– Агар малол келмаса, ушбу огоҳномани, менга қисқартириб, таржима қилиб бера оласизми?
– Камоли ифтихор билан!
Инглиз тилини биладиган киши ўрнидан турди, эълонни ўқиб, қутқарув нимчаларидан фойдаланиш ҳақида муфассал ёзилган йўриқномани Саййид Насруллога таржима қилиб берди. Эълонда йўловчилар нимчадан қандай фойдаланишни билиши учун олдин уни синаб кўриш лозимлиги таъкидлаб ўтилганди.
Сайид Насрулло диққат билан эшитди, пешонасидаги терни артди ва сўради: агар кемага ўт тушса ёки бошқа сабабли ғарқ бўлса, албатта, мумкин ва маҳол эмас, тўғрими? Масалан, ўтган йили бир француз кемаси Қизил денгизда ўт ичида қолди. Эсимда, бир лотин рўзномасида ўқигандим, бир катта кема Атлантика океанида ғарқ бўлган ва йўловчилар то ўладиган дамларигача айш-ишрат қилган эканлар.
– Лотинча рўзномада?
– Ҳа, мен француз тилини лотин тили деб атайман. Кечирасиз, агар менинг саволларим сизни чарчатса, узр сўрайман. Бу фақат оллоҳ таоло менга ато этган табиий қизиқувчанлигимдан. Чунки мен ўзимни доимо талаба деб биламан ва ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, маълумотларимни бойитишни хоҳлайман. Мақсадим шуки, кема чўкаётган пайтда сузиш илмидан бебаҳра одам нима қилади?
– Ўзингиз айтганингиздек, кеманинг икки тарафида катта-катта қайиқлар бор ва уларни дарҳол сувга туширишади. Қутқарувчи кема келгунча аввал болаларни, кейин аёлларни, кейин эркакларни қайиқларга чиқаришади.
– Лекин хавфли балиқлар бор, улар дарҳол зарар етказар?
– Ҳа, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Масалан, агар, худо сақласин, симсиз телеграф аппарати ёниб кетса ва кема соҳилдан узоқда бўлса. Фараз қилайлик: йўловчиларни қутқарув қайиқларига ўтқазилган тақдирда ҳам агар қутқарув кемаси жуда кеч келса ва озуқа захиралари бўлмаса, ҳалок бўлишлари мумкин. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин!
Сайид Насрулло мутафаккирона бошини қимирлатди ва ўзича пичирлади: “Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин!” Кейин сўради:
– Кеманинг икки тарафида катта қайиқлар бор, дедингизми?
– Ҳа, наҳотки кўрмадингиз? Келинг, кўрсатаман.
– Катта раҳмат. Айтинг-чи, бу кема бошқа катта портларда ҳам тўхтайдими?
– Бу тезюрар маршрут бўлгани учун фақат Бушаҳр, Карачи ва Бомбейда лангар ташлайди, бугун кечқурун бир-икки соат Бушаҳрда тўхтайди.
Сайид Насрулло фикрга чўмиб, раҳмат, сизни анча қийнаб қўйдим, деди ва кейин жим қолди. Инглизча биладиган киши хайрлашиб, чиқиб кетди. Саййид Насрулло рўмолчасини олиб, ёнаётган пешонасини артди. Кейин ўрнидан туриб, эҳтиёткорлик билан кема саҳнига чиқди. Диққат билан қараб кеманинг икки тарафида илгари у пайқамаган иккита катта қора қайиқ осиб қўйилганини кўрди. Қайиқларга “Оксфорд” деб ёзиб қўйилганди. Кеманинг номини қутқарув нимчаларида ҳам учратди ва бир неча марта “Волеру, Волеру?” деб такрорлади. Гўё бу ном унга танишдек эди. Ўзича балки юнон ёки айсор худоларидан биридир, деб ўйладимикин? Кейин ўкириб, жўш ураётган, бақириб кемага ҳамла қилаётган, кейин бир-бирининг устига чиқиб узоқлашаётган денгиз тўлқинларига тикилди. Денгизнинг яшил ифлос суви қорайиб кетганди. Унинг назарида денгиз тўлқинлари жонли суюқлик ёки ҳассос судралувчи жисм бўлиб туюлди. Улар кучли дард ва ғазабдан асабий титроқ билан ғужанак бўлар, гўё бекордан-бекорга дард чекаётган ва азобланган ва юзлаб мана шундай кемалар ва йўловчиларни барча фазилат ва маърифатларига қараб ўтирмасдан бир лаҳзада ўзида чўктириб юборишга тайёр жисмдек эди улар! Қўрқув ва табиатнинг сўқир қувватига нисбатан нафрат аралаш бир нав ҳис туғилди унда. Бундан ташқари мана шу сув остида унинг қонига ташна хавфли ҳайвонлар ва балиқлар бор эди. Хуррамшаҳрда аёллар ва болалар кир ювиш учун дарё соҳилига боришганда уларни акула тортиб кетиб иккига бўлиб ташлаганини бир неча марта эшитмаганмиди? Оёғи остида кеманинг енгил титраганини ҳис қилди. Мотор гув-гув қилар ва кўз етганча сув бўлиб, ўзини орқага ташлар ва кемага ҳамла қиларди. Кема сувни ёриб борар ва жароҳатлардан оқаётган қондек унинг орқасидан кўпик парчалари чўзилиб қоларди. Инлари қаердалиги номаълум бир жуфт жажжи қушча кема ортидан учиб келарди. Буларнинг ҳаммаси унинг назарида ажойиб ва ғаройиб эди. Хўш, кеманинг пастки қаватида жойлашган бошқа кишилар кимлар эди? Лекин йўловчилардан ҳеч бири изтиробда эмасди. Аммо бу Саййид Насруллонинг хотиржамлиги учун етарли эмасди, чунки башар авлодининг ифтихори бўлган унинг вужуди билан бошқалар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор эди!
Саййид Насрулло Кошон аҳолисини бесабаб қўрқоқ дейишларига ишонади. Геродот қадимги эронликларсув ва денгиздан қўрқишарди, деб ёзмаганмиди, бундан ташқари Ҳофиз Шерозий ҳам денгиздан қўрқмаганмиди? Бир китобда Акбаршоҳ Ҳофизни Ҳиндистонга таклиф қилгани, лекин Ҳофиз денгиз ва кемага нигоҳи тушибоқ, капалаги учган, манзарасидан қўрқиб, дарҳол сафардан бош тортгани ҳақида ўқигани эсига тушди. Ҳофиз бу ҳақда шундай деганди:
Қоронғу кеча ва гирдоб шундай даҳшатлики,
Соҳилдаги беғамлар бизнинг ҳолимизни қаердан билсинлар?
Бурни ва қулоқларига тилла ҳалқалар осиб олган ҳинд аёли унга эътибор ҳам қилмасдан бемалол унинг ёнидан ўтиб кетди. Кеманинг барча йўловчилари Саййид Насруллонинг назарида даҳшатли, касал ва айёр туюлиб кетди. Гўё улар тил бириктириб олганлар ва уни ғафлатда қолдириб, усталик билан унинг жонини олишмоқчи! Саййид Насруллонинг боши айланиб кетди, мияси қаттиқ чарчаган эди. Аста ўз хонасига кетди. Кийимини ечиб, ўзини ўринга ташлади. Миясида минглаб қўрқинчли фикрлар ғужғон ўйнарди. Кеманинг бир хилда титрашини ҳис қиларди ва гўё бу ҳислари одатдагидан аниқроқ ва ўткирроқ бўлиб борарди. Титроқ энди унинг юраги овози билан ҳамоҳанг бўлиб қолганди, секин-аста киприклари оғирлашиб, уйқуга кетди.
Тушида бир гуруҳ араб кема палубасида қутқарув нимчалари кийишар ва “Волеру!”деб бақиришар, қутқарув нимчалари кийиб олган иккинчи бир гуруҳ эса денгиз ичидан уларга “Волеру!..”деб жавоб қайтарарди. Унинг ўзи ҳам ҳар доим уйида кийиб юрадиган бушаҳр чопони устидан қутқарув нимчаси кийиб, болаларини опичиб олганди. Энди денгизга сакрайман деганда хотини чопонининг этагидан ушлаб қолди. – Даҳшатдан чўчиб уйғониб кетди. Аъзойи-баданини совуқ тер босган, боши оғриқдан тарс ёрилай дер, оғзи бемаза эди. Кўзи кема хонасига тушганда моторнинг темир овозини эшитди ва яна кўзини юмди, гўё бу жаҳаннамдан қочиб кетмаса бўлмайдиган эди. Беихтиёр уйини эслади: хонасидаги устига қизил кашта матоли ўриндиқ, ҳар икки ёнида иссиқ ва юмшоқ ёстиқчалар ва ҳ.к. Энди тили чиққан ўғилчасининг сўзларни махражи билан тўғри талаффуз қилиши, хотини ликопчага майдалаб солган анор бўлаклари, идора столи, бу жилдларнинг ҳаммаси армонли дунёдек ундан узоқлашиб кетганди! Қайтишда қуруқлик орқали ва яхши поезга чиқаман деб ўзига сўз берди. Ич-ичидан уни мана шу балога дучор қилган, ўзи эса қизил бўйни ва сохта табассум билан стол ортида ўтириб, фикри-зикри қизлар ва болаларни йўлдан уриш, шу орқали олий мақомдаги раҳбарлар учун иш яратиб бериш бўлган Ҳакимбоши Пурга лаънатлар ўқиди. Ўзининг бир гуруҳ ўғри, ёлғончи ва кўрнамакларига фойдали ишларни берар ва уларга турли унвонлар тўқирди. Бемаъни ва кулгили сўзларни ичидан тўқиб чиқарар, одамларга зўрлаб ҳуқна қилишсин деб уларни Тил Академиясига аъзо қилиб қўярди! Ваҳолонки, бутун дунёда сўздан халқ ва ёзувчилар фойдалангандан кейин луғатлар киритиб, тилга татбиқ этишади, у эса луғат илмида беназир одам. Унинг ўзи мана шу болаларча бемаъни, дидсиз сўзларнинг ҳаммолига айланиб қолганди. Балки атайлаб уни рогатканинг тошига айлантиргандирлар? Чунки унинг қўлидан ишбилармонлик келмасди ва Венера юлдузидан дипломи бор ёшларга гувоҳнома беришга қарши чиққан эди. Шу пайтгача бунга эътибор бермаганди, чунки тинч ва осойишта яшар ва шахсан лойқа сувда балиқ овларди. Аммо ҳозир унинг ҳаётини арзимас ва пуч нарсаларни деб хатарга қўйишганди. Ўрнидан туриб ўтирди, гўё фикрлари ўзгаргандек бўлди. Ич кийимининг тугмаси узилгани эсига тушди. Чалғиш учун уни қадаш билан шуғулланди. Агар хотиним шу ерда бўлганда, мендек фозил ва олим одамга мана шу аёллар ишини қилиш ярашмаган бўларди, деб ўйлади.
Шу пайт кема гудок чалиб, тўхтади. Йўловчилар ўртасида шовқин-сурон бошланди. Саййид Насруллонинг юраги шув этди ва бирор нохуш воқеа содир бўлди, деб ўйлади. Лекин тезда Бушаҳрга етиб келишгани маълум бўлди. Шошиб кийимини кийди ва кема айвонига чиқди. Бандаргоҳ кўринмасди. Фақат узоқдан заиф бир чироқ нур сочиб турарди. Бир-иккита моторли қайиқ кўзга ташланар, бир нечта елканли кема юк ортиш билан машғул эди. Ҳаммолларнинг бақириқ-чақириқлари унинг тушини ёдига солди. Назарида уйғоқлигида даҳшатли туш кўраётгандек бўлди. Денгиз соҳили шу қадар узоқ ва қоронғи эдики, қуруқликка қайтишни тўламаса бўларди. Соатига қаради, кечки овқат вақти бўлганди. Бирор фойдали маълумот оларман деб ресторанга борди. Столда ўтирган ҳамма ва ҳатто инглиз тили биладиган киши ҳамда барча хизматчилар унинг назарида жим ва қовоқлари солиқ кўринди. Гўё машъум бир хабарни ундан яширмоқчи эдилар, юраги бир нохушликни сезиб, кечки овқат ҳам оғзига ёқмади, умуман иштаҳаси йўқ эди, фақат ошқозонига жабр бўлмасин деб битта банан билан шўрвани ичди. Инглиз тили биладиган киши имо-ишоралар қилиб у билан хайрлашди-да, гўё қаёққадир шошаётгандек эди. Саййид Насрулло умидсизликка тушиб, ўйга толганча хонасига қараб кетди. Ташқаридаги шоқин-суронни эшитмаслик учун эшикни ёпиб, пардани тортди. Гарчи ҳаво дим, иссиқ бўлса-да, электр парракни ёқишни маъқул топмади. Ручка ва қоғоз олиб, ўзининг фалсафий нутқи ҳақида баъзи нарсаларни қоралаб қўймоқчи бўлди. Аммо хаёли паришон эди. Қоғозга ёзган мавҳум фикрлари ўзига ёқмади. Ёзганларини диққат билан ўқиди: “Ватан, бу, яъни мен. Мақсадим – фақат ўша қон олиш банкасини қўйиб, миллатнинг қонини сўрган шон-шавкатли йўлбошчини мақташ. Мажбурий таълимдан мақсад – халқни саводли қилиш эмас, балки фақат бутун халқ унинг ва охир натижада Ҳакимбоши Пурнинг таърифини рўзномаларда ўқий олсинлар, рўзномалар тилида фикрласинлар ва гапирсинлар, форс тилининг асл намунаси бўлган маҳаллий тиллар унутилсин, яъни на араблар ва на мўғуллар қилолмаган ишни қилиш, на хошоёршо тили ва на машҳадий Ҳасан тилига оид бўлган сохта сўзларни уларга мажбуран сингдириш манманликдир, ҳаммаси турган-битгани манманлик. Манфаатларини ватаннинг муқаддас манфаатлари қилиб кўрсатади. У ўзи қаердан чиққан ва қандай салоҳиятга эгаки, Ватан манфаатларини мендан яхшироқ англай олса…” Яна ўқишда давом этди: ўзидан, жинни бўлиб қолмадимми, деб сўради. Заҳархандали кулги. У шу пайтгача бундай гапларни на ўйлаганди ва на тилга олди: номаълум бир ташқи куч юрагига ғулғула солганмиди ёки сафар унинг руҳиятини ўзгартирганмиди? Балки, ёмон ухлаганидандир. Қисқаси, қоғозни йиртиб ташлади.
Бу пайтда шатакчи кеманинг бир зайлдаги овози тинган эди. Кема ҳаракатга тушган эди, Сайид Насрулло ўрнидан туриб, кийинди ва кема саҳнига чиқди. Йўловчиларни кўриб кўнгли таскин топди. Чунки уни кемада ёлғиз қолдиришган, деб ўйлаганди. Қора булутлар тўдаси қўрқинчли бир тусда осмонда айланар, порт маёғи узоқдан милтиллаб кўринарди. Денгиз суви қора рангга кирган, осмон очиқ бўлган бошқа томонда эса Сайид Насрулло Катта Айиқ ва Кичик Айиқ юлдузларини кўрди. Ой осмон четида пастга иниб-тушгандек туюлар, пастда кумушранг дарё суви ярақлар ва кема томон оқарди, ҳаво дим эди.
Саййид Насруллонинг юраги сиқилди. Изтироби камайди. Бир нав осойишталик пайдо бўлди унда. Гўё биринчи марта табиат билан ярашиб олгандек. Ўтган бутун ҳаёти назарида узоқ, мавҳум ва азоб берувчи туш бўлиб туюлди. Унда болалик даври ҳиссиётлари уйғонди ва улар ёлғизлик ва жудолик ҳислари билан қоришиб кетди. Натижада ўзига нисбатан бир нав дардли тараҳҳум ҳис қилди. Оғир қадамлар билан яна ўз хонасига қайтди. Қоғоз ва ручкани олиб, бир оз фикрга чўмди ва кейин ёзди: “Ҳиндистон мамлакати форсий адабиётнинг бешиги бўлган. Маърифат тождор отасининг диққат-эътибори соясида кун сайин тараққий этиб бораётган бугунги замонда…”
Миясига бошқа ҳеч гап келмади. Кейин ойнинг денгиз сувидаги таъриф ва тавсифини бадиий либосга ўрашга ҳаракат қилди. Яна қўлига ручкани олди ва ёзди: “Тимқора сув момақалдироқдек ўкириб, кемани жангга чақиради. Ой осмоннинг бир четидан бетараф гувоҳдек ўзининг кумуш совутини тўлқинлар устига ёйиб табассум қилади”. Бу ҳам ўзига ёқмади, гўё номаълум куч унинг барча маънавий ва фалсафий маълумотларини ташқарига улоқтирган бўлди.
Кейин хотинига мактуб ёзмоқчи бўлди. Боши оғрирди, ногаҳон кўзи шифтдаги қутқарув нимчасига кўрди, ўрнидан туриб, эшикни ёпди. Шиша ва ёғоч тўсиқ, парда ва деразани ҳам зичлаб ёпди. Бутунлай беркиниб олганига ишонч ҳосил қилгач, қутқарув нимчаларидан бирини жойидан олиб, оғирлигини чамалаб кўрди. Гўё тўрт бўлак енгил ёғоч бўлагидан узунчоқ куб шаклида ясалган бўлиб, қопга ўхшаш кулранг қалин матога қопланган эди. Бир-бирига латта билан боғлаб қўйилган пахтали тўртта чўп орасидан эҳтиёткорона бошини чиқарди. Чўпларнинг иккитаси кўкрак устига ва бошқа иккитаси сафархалтага ўхшаб, орқа курагига жойлашди. Кўрсатмада берилган расм олдига бориб турди ва ундаги ёзувга биноан боғични қаттиқ тортди. Қутқарув нимчаси танасига чиппа ёпишди. Кейин ойна олдига бориб, ўз қиёфасига разм солди.
Рангининг ўчганидан ўзи қўрқиб кетди. Ўлим соатини кутиб қамоқда ойлаб очлик ва уйқусизликдан азоб чеккан маҳбусга ўхшаб қолганди. Кўрган тушини эслади, агар денгизга тушиб кетса, қандай даҳшатли аҳволда қолишини тасаввур қилиб, баданини титроқ босди ва тиззалари бўшашиб кетди, тишларининг такирлаган овози эшитилиб турарди. Томирини ушлаб, юрак уришини текширди, беихтиёр бир неча марта пичирлаб “Волеру… Волеру” деди. Овози хирилларди. Бошининг қаттиқ оғриғи тобора кучайиб борарди. Ичида хотини ва болалари билан видолашди, кўзларига ёш қалқди ва лоақал ўз юзини кўрмаслик учун юзини бурди. Қутқарув нимчасини ечмоқчи бўлди, аммо хавфли вазият туғилганда уни боғлаш осон иш эмаслигини эслади ва ҳар эҳтимолга қарши уни ечмасдан ухлаганим маъқул деб ўйлади. Аъзойи баданидан совуқ тер оқарди ва ҳақиқатан ҳам касал эканини ҳис қилди. Икки хапдори аспирин ичди ва “Оятал курси”ни ўқиганча ўринга бориб ёнбошлади. Безовталаниб юрагини тобора тез уришини эшитиб турарди.
Кўзи батамом уйқуга кетмай, ёмон туш кўра бошлади – кемага ўт тушганмиш, у палубадаги минбарда турарди, лекин эгнида қулоғи ва бурнига тилла ҳалқа осиб олган ҳинд аёлининг сарийсига ўхшаш аёллар кийимини кийиб олганмиш. Қутқарув нимчасидан фойдаланиш ҳақида ҳаяжонли нутқ сўзларди. Чалинаётган сигналлар ва қўнғироқлар орасида овозини доимо янада баландроқ кўтаришга мажбур бўлар, вақти-вақти билан қўлини портфелига тиқиб қандайдир расмларни олар ва одамлар устидан сочарди. Йўловчилар умидсизликдан ўзларини денгизга отар, лекин кўзлари ғазабли чақнаб турган улкан балиқлар уларни қоқ ўрталаридан иккига бўлиб ташлар, сувнинг юзи нимталарига тўлиб кетганди. Бирдан болалари оқ рангда “Оксфорд”деб ёзилган қора қайиқда ўтиришганини ва инглиз тили биладиган эронлик киши эшкак эшиб, уларни номаълум томонга олиб кетаётганини кўрди.
Олов шуъласи унга яқинлашгани ҳамон ўзини сувга ташлади. Шу пайт бир қўрқинчли катта балиқ оловли кўзлари билан унга ташланиб, кўкрагини гўё тўрт бўлак ғиштдек ўзининг тўртта ўтмас тиши орасига олиб қаттиқ сиқди ва у ҳушидан кетди.
Эрталаб хизматкор ҳинду хонага кириб, гарданига қутқарув нимчаси боғланган Саййид Насрулло хонасида ўлиб ётарди.
Икки ойдан сўнг Ҳаммом Вазир кўчасида Саййид Насруллонинг қўли билан портфелни қорнига босиб олган ва иккинчи қўли билан Ҳиндистон томонни кўрсатиб турган ҳолатдаги ҳайкали атрофида катта жамоа тўпланиб турарди. Оёғи остида кўршапалак – талваса ҳолатидаги жаҳолат иблисининг аломати ётарди. Ҳакимбоши Пур ғамгин ва мотамзада қиёфада минбарда туриб, ушбу марҳумнинг қилган хизматлари ҳақида муфассал нутқ сўзларди. Нутқ мобайнида такрор ва такрор ўша мудҳиш ва унитилмас фожиа, дунёнинг саккизинчи сайёраси, замона файласуфи ва илм денгизидан жудолик ҳақида тўхталди, сўнгра Ватан навниҳоллари ва ёшларига хитоб қилиб, сўзига шундай якун ясади: “Сизлар доимо Ватан йўлида беназир фидоийлик ва қаҳрамонлик кўрсатиб, оқибатда шаҳидлик шарбатини татиган бу даҳо ватанпарварнинг ишлари, сўзлари ва ўгитларини ўзингиз учун ибрат қилиб олишингиз керак ва бу зукко адиб, фозил инсоннинг ҳайкали ёки лоақал расмига қараб туриб, шундай фидойи инсонлар борлигидан фахрланиш ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Яна ҳар доим ватанга ҳамда маърифатга хизмат қилиш йўлида тинмай ҳаракат қилиш… (томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди).
Уч дақиқа жимликдан сўнг: “Махсусан, Ҳаммом Вазир кўчасини “Ватанпараст” деб аташни Академия мажлисида ўртага ташлайман ва тоза форс тили ва аждодларимнинг юртига бўлган қизиқишим туфайли марҳум Сайид Насруллони “Пируз яздон” деб атаб, унга “Ватанпараст” лақабини бераман”.
Адашманглар, бу марҳум ўлган эмас, балки ватан йўлида қилган фидоийлиги ва қаҳрамонлиги орқали ватаннинг, бутун халқининг юрагида буюк мақомни эгалладики, шайхул-урафо айтади:

Вафотимиздан сўнг бизнинг тупроғимни ердан қидирманг,
Бизнинг мозоримиз ориф одамларнинг сийналаридадир.

Сўзимнинг якунида у абадий жаннатмаконнинг қатлгоҳи бўлмиш “Волеру” йўловчи кемасини компаниядан сотиб олиш ва уни маориф музейида сақлаш учун сиз саховатпешалардан иона тўплашингизни илтимос қиламан.
Кейин қўлидаги портфелга қўлини тиқиб, Сайид Насруллонинг ҳаракат олдидан олинган охирги бир нечта расмини олди ва йиғилганлар устидан сочди. Одамлар унинг расмларини бир-бирларининг қўлидан юлиб олишиб, қалблари устига босишди. Кейин кўзларида ёш, қалбларида ўт билан наврасниҳоллар аста тарқашди.

Миродил Обидов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-сон