Нушоба Асад Маммадли. Имтиҳон (ҳикоя)

Қанийди, ёмғир ёғса, салқин тушса, у ҳам худди болалик пайтларидагидек ёмғир тагида оёқяланг чопқиллаб юрса… Қулоғининг остида отасининг овози жарангласа:
— Улви, бу ёққа кел, ёмғирнинг тагида шамоллаб қоласан!
Худди шу онда Улви орқасига ўгирилди. Оёғи сирпаниб, кўлмакка йиқилди.
“Улви, қўрқма, тур ўрнингдан, йиқилдингми, дарҳол туришга ҳаракат қил” – отасининг овози бу гал шундоққина яқиндан эшитди. Ўрнидан турди. Юз-кўзлари, тиззалари лойга ботганди. Отаси уни кўтариб, ваннахонага олиб кирди. Илиқ сувда ювинтирди…
Улвининг иссиқда томоғи қақраб кетганди. Уйқусизликдан кўзлари қизарганди. Поезднинг ичи худди тандирдек қизиган. Кечаси билан ухлолмай, эндигина кўзи илинган экан… Тоғасиникида уч-тўрт соат ухлаб олишни, кейин туриб ювиниб, тамадди қилиб, имтиҳонга боришни мўлжал қилганди. Лекин бундай бўлмади.
Вокзалнинг кутиш зали гавжум. У аранг бўш ўриндиқ топиб жойлашди. Имтиҳон бошлангунча шу ерда бўлиб туради. Ҳали соат беш ярим. Шунинг учун ҳали сув ичишга ҳам бормади. Қайтиб келгунича жойини биров эгаллаб олиши мумкин. Ҳеч бўлмаса шу ўриндиқда ёнбошлаб, бир-икки соат мизғиб олиши мумкин.
Онаси у билан Бокуга келмади.
— Ортиқча харажатнинг нима кераги бор? Эртага нон пули ҳам қолмади. Бокуга борсанг, тоғанг беш-тўрт манат берар, фақат тежаб ишлат.
Бокуга чиптани аммаси олиб берди. У Улви билан бирга отасининг қабрини зиёрат қилгани борди. Аммаси мозор бошида анча кўз-ёш қилди. Бир пайтлар, отасининг жасадини Жожуқ Маржонлидан Ганжага олиб келишганида ҳам аммаси дод солиб йиғлаганди. Лекин бу гал аммаси бошқача йиғлади. Худди тирик одамнинг олдида дийдиё қилаётгандек эди:
–Ака, кўряпсизми? Атрофга қаранг, Ватанни, юртни сотганлар иззатда, Ватан деб ёниб-куйиб юрганлар хору зор. Сизга зарил келганмиди? Жувонмарг бўлиб нима топдингиз? Лоақал шу болани ўйламадингизми?
Улви ич-ичидан хўрлиги келиб йиғлади. Кечқурун уни аммаси кузатиб қолди.
–Жиян охирги узугимни Мудофаа вазирлигига бермаганимда, мен ҳам сен билан борган бўлардим, энди шуни амалларсан, — деб жиянига йигирма манат (тахминан 120 минг сўм – тарж) тутқазди. Улви пулнинг ярмини онасига ташлаб кетмоқчи эди. Онаси олмади. Улвининг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Ахир уйда нон пулди ҳам қолмаган…
Уч ойдан бери онаси ишлаётган кутубхонадан ойлик беришгани йўқ. Отасининг нафақасини ҳам беришмаяпти. Шу вақт ичида онаси қарз-ҳавол қилиб рўзғорни тебратиб турганди. Икки кундан бери уйда картошка ҳам, нон ҳам ҳам қолмади. Совуткичда бир стакан қатиқ, уч тўғрам нон қолганди, холос. Онаси шу қатиқ билан нонни ўғлига уввало едиришга уринди. Улвин “ўртоғимникидан дўлма едим” деб онасини алдади. Онаси ҳам “ишхонада қизлар билан овқатландим” деб уни алдашга тиришарди. Аслида икки кундан бери она-боланинг ичига иссиқ кирмаганди. Иккови ҳам сув ичиб очликни енгишди…
Улви кутиш залини кўздан кечирди. Ҳаёт ҳам худди шу вокзалга ўхшаркан. Одамлар келиб кетавераркан. Имтиҳондан олдин шу ерда тунаб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўз тоғасининг уйида ҳам унга жой топилмади. Тоғаси Бокуда катта лавозимда ишлайди. Унинг Анталияда, Италияда муҳташам виллалари, хизматкорлари, тансоқчилари бор. Тоғаси тез-тез телевизорга ҳам чиқиб туради. Улви ҳар гал тоғасининг сўзларини телевизордан эшитиб, хижолат чекади. Чунки унинг гапи бошқаларникидан фарқланмайди. Телевизорда асосан маош билан аранг кун кўрадиганлар, олимлар, муаллимлар, талабалар, қочоқлар гапирарди. Уларнинг уйида бир чакса унлари йўқ, аммо, бутун ҳаётларини кимлар учун қурбон қилишга тайёр.
Улвининиг лаблари қуруқшаб борарди. Очлик ва уйқусизликдан кўз олди қоронғилашди. Беш манат пулини ишлатса, битта дўнер, бир стакан чой олиши мумкин. Қолган пули билан бир амаллаб, автобусда Ганжага етиб олади.
У тоғасининг ўғли уни вокзалда кутиб олишини, машинасида уйга бориб, меҳмон қилишини кутганди. Лекин бундай бўлмади. Ҳечқиси йўқ. Яхшиям бу дунёда вокзаллар, вокзалларда эса кутиш заллари бор.
Кечагидек эсида: урушдан илгари тоғаси перионит туфайли операция столига ётқизилганда унга шошилинч қон кера бўлиб қолди. Тоҳғаси ўлим тўшагида ётарди. Ўша пайтда отаси нима учун отаси Улви билан бирга Бокуга, дўстининг уйига келганди. Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайдиган қайнисиникига телефон қилган отасининг ранги ўзгарди:
–Қайси касалхонага?
У такси тутиб, Улви билан қайниси ётган касалхонага етиб борди. Унинг ёнидаги каравотга ётиб, ўз қонини унга берди. Тоғаси тирик қолди. Касалхонадагилар тоғасининг атрофида парвона эдилар. Отаси Улвининг қўлидан тутиб, зинапоялардан тушаётиб, мункиб кетди.
Улви “отамга ёрдам беринг” деб қичқирди. Боланинг овозини эшитиб югуриб келган ҳамширалар отасига укол қилишди. “Тез ёрдам” машинасида уни Аҳмадлида яшайдиган дўстиникига жўнатишди. Отаси машинада кетаётиб, ўғлига қараб жилмайишга уринди, аммо уддасидан чиқолмди.
Отасининг дўсти ҳам худди у каби оддий ишчи эди. Бир мактабда ўқишганди. Яхши одам эди. “Дўхтирлар отангдан жуда кўп қон олиб юборишибди” деганди ўшанда. Икки кун ўтиб, Улви отаси билан Ганжага қайтди. Икки ой ўтиб, кўнгиллилар қатори урушга кетди. Жожуқ Маржонлини арманлардан озод қилиш вақтида шаҳид кетди.
Айни дамда Улви ўша тоғасига умид боғлаганди. У поезддан тушиши билан отасига телефон қилди. Телефонни янгаси олди.
-Ҳа, Улви, яхшимисан? Онанг қалай? Тоғангми? Тоғанг ухлаяпти. Уйимизда одам кўп, қариндошларимиз болаларини ўқишга олиб келган… Сен қаерга ҳужжат топширдинг?
-Ҳуқуққа?
-Чакки қипсан, ҳозир билим билан ўқишга кириб бўларканми? Отангни дўстининг уйида турибсанми?
–Мен… ҳалиги…
-Бўпти, майли омад…
Аёл шундай деб гўшакни илиб қўйди. Улвини совуқ тер босди. Дафъата ўзини оломон орасида қанчалик ёлғиз эканини ҳис этди. Телефон-автомат ёнида Қорабоғ уруши қатнашчиси ҳарбий гувоҳномасини одамларга кўз-кўз қилиб, тиланиб ўтирарди.
Бирданига отасининг ҳам ногирон аҳволда тиланиб ўтиришини тасаввур қилиб, юраги увушди.
Охирги бор отаси урушга кетаётганида кўрганди. Отаси бағрига босди. Кейин орқасига ўгирилмасдан кетди.
Оёғдан мадор кетганини ҳис қилди. Агар ҳозир тамадди қилса, имтиҳон бошлангунига қадар яна қорни очқайди. Кейин имтиҳонга оч-наҳор киришига тўғри келади. Демак, чидайди. Имтиҳонгача сув ичиб қорнини алдаса бўлади.
Улви йўлга чиқишдан аввал ўша ерда бир пиёла чой ичиб, чиптани олдида, хайрлашди. Беш-олти қадам юрмай орқасидан аммасининг овозини эшитди:
–Болам, тўхтаб тур,
Улви тўхтади. Аммаси унинг чўнтагига пул солиб, йиғлади. Улвининг ҳам томоғига нимадир тиқилди. Ёнидан ҳар дақиқада бир чет эл машинаси шитоб билан ўтиб кетарди. Дарвозаларнинг аксарияти “уй сотилади” деган жумлалар битилганди. Улви орқасига қаради. Аммаси оқсоқлана-оқсоқлана уйи тарафга кетиб борарди. Газ, чироқдан маҳрум шаҳар худди бу юрт учун ўгай ҳудудга айланганди.
Улви ҳам ўзини тангрининг ўгай бандасидек ҳис қилди.
У кетиб борарди. Шамол унинг кўзларига қум уфурарди. Кўзлари ачишди. Кўзлари ачиша-ачиша отасининг кулиб турган чеҳрасини хотирлади. Отаси урушга кетишидан аввал униннг кўзларига тикилиб шундай деганди: “Болам эркак иши йиғламайди. Эркак кучли бўлиши керак!”
Улви айни дамда кутиш залида йиғламоқдан бери бўлиб турганида отасининг сўзларини эслади.
У аранг жойлашиб олган чоғида ёнида ўтирган семиз одам ўрнидан туриб кетди. Унинг ўрнини иккита челак кўтирб олган ўрта ёшли аёл эгаллади. Аёл қаттиқ чарчагани унинг ҳорғин юзларидан кўриниб турарди.
-Сенга йўл бўлсин, йигитча?
-Мен… боя келдим.
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан?
— Борадиган жойим йўқ.
Отасининг Аҳмадлида турадиган дўстини эслади. У уч йил аввал Россияга кўчиб кетганди. Улвининг жавобидан кейин аёл анча пайт жим қолди. Кейин унинг исмини сўради.
-Меники эса Сарител… имтиҳон топширгани келдингми?
-Ҳа.
-Яхши тайёрландингми?
-Ўқитувчиларим яхши дейишди-ку…
-Қаерга ҳужжат топширдинг?
–Ҳуқуқшуносликка.
Аёл кулиб қўйди ва “ниятингга ет” деди.
-Мениям кўриб турибсан, мева сотяпман. Уч етимчани боқишим керак. Эрим апрель урушида шаҳид кетди.
Шу гапларни эшитгач, негадир Улви қадрдон одамини топгандек ичи ёришди.
–Маош билан яшаш қийин бўлиб қолди, — хўрсинди аёл.
— Ишлайсизми?
— Ҳа, мен ўқитувчиман. Университетни имтиёзли диплом билан тамомлаганман. Кейин академияда аспирантурада ўқидим. – деди у бўш челакларга маҳзун тикилиб қоларкан. — Бу юртда ақлли, ор-номусли одамларга жой йўқ экан.
Сарител Улвини сўроққа тутди. Тарих, география, адабиёт, инглиз тили бўйича маслаҳатлар берди, тушиши мумкин бўлган айрим саволларнинг жавобини ёздирди…

Рустам Жабборов таржимаси