Николай Карамзин. Бечора Лиза (қисса)

Москваликлар орасида мазкур шаҳар теварак-атрофини менчалик яхши биладиган киши топилмаса керак, чунки мен ҳеч бир сабаб ва мақсадсиз дала-ю чакалакзорлар, тепаликлар бўйлаб кўп сайр қиламан. Шу туфайли ҳар ёз янгидан-янги роҳатбахш манзараларни кашф этаман ё бўлмаса эски жойларда янги гўзалликларни излайман.
Лекин ҳаммадан ҳам менга ёқадиган маскан – бу Cимонов монастирининг готик услубидаги хўмрайган миноралари қад кўтариб турган тепалик. У ерга чиқиб ўнг томондаги пастликда ястаниб ётган Москвани томоша қилиш мумкин. Узоқдан бир-бирига туташиб кетган черковлар ва уйлар худди каттакон ва ҳашаматли амфитеатрга ўхшайди. Айниқса, бу маконга қуёш кечки нурларини сочганда кўринг: кўпдан-кўп олтин қуббалар ва салиблар офтобда жилоланиб, осмонга бўй чўзиб туришади. Тўқ-зангор ўт-ўлан, чечаклар билан қопланган ўтлоқлар ортида сарғиш қумлар узра кумушсимон дарё – унинг суви балиқчи қайиқлар ҳамда Россиянинг бой ўлкаларидан келиб Москвани боқадиган юк кемалари остида чайқалиб оқади.
Дарёнинг нариги томонидаги эманзор ёнида ўтлаб юрган подалар кўринади, подачи йигитлар бўлса дарахтлар соясида ўтириб олиб, мунгли хиргойи билан ёзнинг узундан-узун зерикарли кунларини ўтказишади. Ундан нарироқдаги қадимий қайрағочларнинг қуюқ ва яшил барглари орасидан Данилов монастирининг олтин қуббалари ярақлаб кўринади, уларнинг ортида эса нақ уфқ билан туташиб Чумчуқуя тепаликлари кўм-кўк бўлиб кўзга ташланади. Чап томонда бепоён буғдойзорлар, уч-тўртта унча катта бўлмаган қишлоқлар ҳамда Коломенское қишлоғидаги ҳашаматли сарой кўриниб туради.
Эрта кўклам баҳорни қаршилаш учун, кеч кузда эса табиат билан йиғлашиб юракни ёзгани тез-тез бу ерга келиб тураман. Бўм-бўш монастир, ўт босиб кетган қабр тошлари орасида ва ташландиқ ҳужралар ичида шамол даҳшатли увиллайди. Баҳайбат хароба тошларига суяниб ўтмишнинг инграшларига қулоқ солсам, юраклар орзиқиб титрай бошлайди. Гоҳ-гоҳ ҳужраларга ҳам кираман-да, бир пайтлар бунда яшаган роҳибларни кўз олдимга келтириб кўраман: ачинарли манзаралар! Мана бу ерда бир қария тиз чўкиб, умрининг охирги дақиқаларида Худога илтижо қилиб, тезроқ бу дунё азобларидан халос қилишини сўрамоқда. Анави ерда юзида қони қолмаган ёшгина роҳиб бола темир панжара олдида ғамнок турибди. Унинг осмонда эркин, муаллақ учиб юрган қушларга тикилган кўзлари жиққа ёшга тўлган. Черков кўнғироқларининг мунгли овози бола борган сари сўниб бораётгани ва унинг бу дунёдан бевақт кўз юмишидан дарак бераётгандек туюлади. Баъзида мен қачонлардир шу монастирда содир бўлган ва унинг дарвозасида тасвирланган мўъжизани томоша қиламан. Мана, қамал қилинган монастирда истиқомат қилувчилар учун осмондан балиқлар тушмоқда, бу ерда бўлса Биби Марям сиймосини кўрган душманнинг қувғинга айланиши тасвирланган. Бу тасвирлар ватанимиз тарихидаги энг оғир вақтларни, яъни ваҳший татарлар-у литваликлар томонидан рус пойтахтининг теварак-атрофи ёндирилган ва аҳолиси қиличдан ўтказилган пайтларни ёдимга туширади. У пайтлар бечора Москва худди ҳимоясиз қолган тул хотиндай Худодан бошқа нажот кутмасди.
Лекин Симонов монастири атрофида мени, одатда, энг кўп ҳаяжонга солган нарса бу Лизанинг, шўрпешона Лизанинг аянчли тақдири ҳақидаги хотиралар. О-оҳ! Қалбнинг нозик торларини чертадиган нарсалар менинг кўнглимга қанчалар яқин ва булар ҳақида кўз ёши қилиш менга одат бўлиб қолганини билсангиз эди!
Монастир деворларидан икки юз қадамча нарида, навқирон қайинзор олдидаги ям-яшил ўтлоқ ўртасида бўм-бўш, эшик-деразалари йўқ, томлари чириб тушган хароба кулба бор. Ўттиз йилча бурун бунда Лиза исмли бир гўзал қиз онаси билан истиқомат қилар эди.
Лизанинг отаси ўзига тўқ деҳқонлардан бўлган. У меҳнатни севарди ва бунинг эвазига ҳавас қилса арзигудек ҳаёт кечирарди. Аммо деҳқон вафотидан сўнг унинг хотини ва қизи тезда қашшоқлашиб қолишди. Бировнинг ишига саратонда қўли музлайдиган мардикор яхши қарамаслиги оқибатида уларнинг ерида ҳосил битмай қолди. Она-бола арзимаган пул учун ерларини ижарага беришга мажбур бўлишди. Бунинг устига бева марҳум эрини эслаб, тўхтовсиз кўз ёши қилаверар (қишлоқликларнинг муҳаббати ҳам қаттиқ бўлади), оқибатда борган сари мадорсизланиб, ишга яроқсиз бўлиб борарди. Отасидан ўн беш ёшлигида етим қолган ёлғиз фарзанд Лиза ўзининг попукдек ёшлигини-ю, беқиёс чиройини аямасдан ишларди: тўқиш, бичиш-тикиш билан шуғулланар, баҳор бўлса гул, ёзда эса ўрмон меваларини териб, Москвага олиб бориб сотарди. Қизига раҳми келган бечора онаси уни бағрига босиб: “Суянчиғим! Сени менга худонинг ўзи етказган экан” – дея ҳамиша яратгандан қизига бахт тилар эди.
– Худо ишлашим учун менга қўл бериб қўйипти. Сен мени ўз сийнанг билан боқиб катта қилдинг. Энди бўлса сенга қараш менинг бурчим. Ҳадеб қайғуриб йиғлайверма, бу билан отам тирилиб келмайди, – деб овунтирарди онасини Лиза.
Аммо ўзи ҳам, кўпинча, кўз ёшларини тўхтатиб қолишга ожиз эди. Ахир у яқингинада отаси ҳаёт бўлганлиги-ю, энди эса бу дунёда йўқлигини унута олармиди! Лекин, онасини ўйлаб, дардини ичига ютишга ҳаракат қилар, хотиржам ва қувноқ кўринишга уринарди.
– Нариги дунёда, Лизагинам, – жавоб қиларди юраги куйишдан тўхтамаган онаси, – кўз ёшларим нариги дунёда тўхтайди. У ерда ғам-ғусса йуқ, ҳамма шод-хуррамликда юрармиш, отангни у ерда учратсам, менинг ҳам кўнглим кўтарилар, албатта. Лекин ҳозирча ўлгим йўқ – менсиз ҳолинг не кечади? Сени кимга ташлаб кетаман? Аввал сени бирор жойга қўндиришим керак! Балки тез кунларда бирорта олийжаноб киши топилиб ҳам қолар. Ана шундан кейингина сиз азиз болаларимга фотиҳа бериб, сўнгра қаро ер қаърига хотиржам кетаверишим мумкин.
Мана, яна баҳор келди. Лизанинг отаси қазо қилганига ҳам икки йил бўлди. Яна ўтлоқларни гуллар қоплади. Лиза марварид гуллардан териб, Москвага келди. Кўчада истараси иссиқ, башанг кийинган бир ёш йигитни учратиб, унга гулларини тутди-ю, ўзи қизариб кетди.
– Сен гулларни сотасанми, қизча? – жилмайиб сўради йигит.
– Сотаман, – жавоб қилди қиз.
– Қанча сўрайсан?
– Беш тийин.
– Мунча арзон. Мана сенга бир рубль.
Лиза олийжаноб йигитнинг юзига қарашга журъат қилди-ю, яна ҳам қизариб кетди ва кўзларини ерга тикиб, пулни олмаслигини айтди.
– Нега энди?
– Ортиқчасининг кераги йўқ.
– Менинг фикримча, шундай гўзал қизнинг қўллари билан терилган бу ажойиб марварид гуллар бир рублга арзийди. Агар сен олишни хоҳламас экансан, мана сенга беш тийин. Мен сендан доимо гул олиб туришни, аниқроғи – сен фақат мен учун гул теришингни истардим.
Лиза гулни тутқазиб беш тийинни олгач, қуллуқ қилиб йўлга равона бўлмоқчи эди, нотаниш йигит унинг қўлидан ушлаб тўхтатди:
– Сен ҳозир қаерга борасан?
– Уйга.
– Уйинг қаерда?
Лиза қаерда яшашини тушунтирди. Ўткинчилар уларга эътибор бериб, мийиғларида кулимсирай бошлаганларида, йигит қизни ортиқча ушлаб туришга ботинмади…
Уйга келгач, Лиза онасига бўлган воқеани гапириб берди.
– Пулни олмай яхши қилибсан. Ёмон одам бўлса керак у…
– Йўқ, ойижон! Менимча, ундай эмас. Кўринишидан яхши, олийжаноб одамга ўхшади.
– Аммо, қизгинам, текин садақадан кўра, ўз меҳнатинг эвазига яшаганинг маъқулроқ. Ҳали кўп нарсаларга ақлинг етмайди. Ёмон одамлар учун бечора қизни бебахт қилиш ҳам ҳеч гап эмас! Сен шаҳарга кетган пайтларда юрагим така-пука бўлади, икона олдига шам ёқиб, ундан сени бало-қазолардан асрашини илтижо қиламан.
Лиза кўзлари намланиб, онасини қучди.
Эртасига қиз, энг яхши марварид гуллардан териб, яна шаҳарга равона бўлди. Унинг кўзлари беихтиёр кимнидир изларди. Одамлар келиб ундан гул сотиб олмоқчи бўлсалар, уларга: “Сотилмайди,” – деб жавоб қилар ва дам у йўлга, дам бу йўлга кўз тикиб, қарагани-қараган эди. Қуёш ботиб, уйга қайтар вақт ҳам бўлди. Қиз гулни Москва дарёсига улоқтирар экан, қалбида хомушлик билан: “Ҳеч кимга буюрмасин!” – деди.
Эртасига кечки пайт Лиза дераза олдида маъюс овоз билан мунгли бир қўшиқни хиргойи қилиб, чарх йигириб ўтираркан, бирдан “вой” деб сакраб ўрнидан туриб кетди. Ўша нотаниш йигит дераза қаршисида турарди.
– Сенга нима бўлди? – қўрқиб кетди нарироқда турган онаси.
– Ҳеч нима, ойижон… – қўрқиб жавоб қилди Лиза, – мен уни кўриб қолдим.
– Кимни?
– Мендан гул сотиб олган жанобни.
Кампир деразага қаради. Йигит унга ҳурмат-эҳтиром ила таъзим қилдики, онада ёмон фикрларга ўрин қолмаган эди.
– Салом, эй саховатли она! Она, мен чанқаганман, бироз сут топилмасмикан хонадонларингда?
Лиза онасининг жавобини кутмасданоқ, ертўла томон чопди. Топ-тоза ёғоч қопқоқча ёпилган озодагина хурмача кўтариб келди-да, стакан ювиб, уни оҳорли оқ сочиқ билан артиб, сут қуйиб деразадан узатар экан, нигоҳини қуйи қилди. Йигит сутни олиб ичди. Бу пайт ёшлик тангриси гўзал Геба ўз қўли билан ҳаётбахш шарбат тутганда ҳам унинг учун бунчалик ширин туюлмаган бўларди…
Шундан сўнг йигит қизга ўз миннатдорчилигини билдириши турган гап. Лекин у миннатдорчилигини оддий сўзлар билан эмас, балки чексиз муҳаббатга тўла кўзлари билан ифода қилди. Бу орада кампир ўзининг ғами-ю, овунчоғи — эрининг ўлими, яккаю-ягона қизининг ажойиб фазилатлари, меҳнатсеварлиги, меҳрибонлиги ва ҳоказолар ҳақида гапирарди. Йигит эътибор билан тинглагандай туюлса ҳам, кўзлари-ю ақл-ҳуши бошқа томонда эди. Лиза-чи? У уялганидан ботинмаса-да, аҳён-аҳён йигит томон кўз ташлаб қўяр эди, холос. Лекин бу нарса чақмоқ чақнашидек, балки ундан ҳам тез содир бўларди.
– Бундан буён, – сўз бошлади йигит онага қараб, – сенинг қизинг мендан бошқага ўз ишларини сотмаслигини истардим. Шунда у шаҳарга кўп боришдан, сен эса бу ерда ёлғиз қолишдан халос бўлардинглар. Мен ўзим вақти-вақти билан сизлардан хабар олиб тураман.
Шунда Лизанинг кўзларида қувонч ўтлари чақнади (буни қанчалик яширишга ҳаракат қилмасин), унинг яноқлари саратон қуёшидек ёнарди. Қиз чап енгига тикилганча уни ўнг қўли билан чимдир эди. Кампир бўлса жон деб таклифни қабул қилиб, ҳеч қандай ёмон ният сезмасдан, Лиза тўқиган пайпоғ-у матоларининг сифатини мақтай кетди. Қоронғи туша бошлагач йигит кетмоқчи бўлди.
– Исминг нима, эй олийжаноб йигит? – сўради кампир.
– Исмим Эраст.
– Эраст, – пичирлаб такрорлади Лиза. – Эраст! – бешт-олти марта, худди ёдлаб олишга ҳаракат қилгандай қайтарди қиз.
Эраст хайрлашиб, жўнаб кетди. Лиза унинг ортидан тикилиб қолди, она бўлса ўйга чўмган қизининг қўлини ушлади:
– Оҳ, Лиза! Бунчалар келишган ва хушфеъл экан бу йигит! Сенинг қаллиғинг ҳам шунақа бўлганда эди!
Қизнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди.
– Онажон! Онажон! Бундай бўлиши мумкин эмас. У – бой, биз бўлсак… – Лиза ортиқ гапиролмади.
Энди китобхонга қуйидагиларни маълум қилиш жоиздир. Хушбичим йигит Эраст анча бой дворян оиладан бўлиб, ақлли, юмшоқ кўнгил, хушфеъл эди. Лекин енгилтаклиги, бетайинлиги ҳам йўқ эмасди. Унинг ҳаёти бекаму кўст бўлиб, фақат кўнгил хушлашни ўйлар ва у нарсани киборий базмгоҳлардан излар, лекин қониқмасди. Шу боисдан у ўзининг зерикарли ҳаёти ва тақдиридан нолирди. Лизанинг чиройи эса бир кўришдаёқ унинг қалбини ўзига ром қилди. Эраст оддий кишиларнинг мусаффо ҳаёти ҳақидаги китобларни кўп ўқиган ва улар таъсири остида хаёл оғушига чўмарди: шоирлар тасвирлагандек, тип-тиниқ булоқларда чўмилиб юришни, атиргуллар орасида сайр қилиб, эркин мусичалардай ўпишиб, ям-яшил ўтлоқларда бамайлихотир юрса бўладиган дунёни орзу қиларди. Лизани кўргандан сўнг эса анчадан буён қидираётганини топгандай бўлди. “Табиат мени ўзининг соф, қувончга тўла қучоғига чорламоқда!” – деган фикрга борди-да, вақтинчалик бўлса ҳам киборлар жамиятини тарк этишни ихтиёр қилди.
Энди Лизага қайтсак…
Тун. Она одатдагидек қизини дуо қилиб, унга тинч уйқу тиларди. Лекин бу гал волида истаги бажо бўлмади: Лиза жуда ҳам ёмон ухлади. Кўз олдидан Эраст сира кетмасди. Тун бўйи у ёнидан бу ёнига ағдарилиб, “оҳ” тортиб чиқди.
Қиз қуёшдан эрта туриб, Москва дарёси бўйида табиатнинг зангори гилами узра марварид заррачалар сепаётган оппоқ туманга тикилиб қолди. Ҳамма ёқда жим-житлик ҳукм сурмоқда. Лекин бироздан кейин бошланган янги кун нурлари табиатни уйғотиб юборди; ўт-ўланлар-у дов-дарахтларга жон кирди: атроф қушларнинг сайрашига тўлди; гуллар эса ҳаётбахш қуёш нурларини симириш мақсадида кўтаринки руҳ ила нозик бўйинларини чўза бошлашди. Биргина Лиза ҳамон қайғуга ботган.
Эҳ, Лиза, Лиза! Сенга нималар бўлди? Авваллари худди шабнамнинг биллур томчиларида қуёш нури жилвалангандек юз-кўзингдан беғубор шодлик нури тараларди. Энди бўлса маъюссан, борлиқ қувончи сен учун ёт.
Шу замон чўпон йигит найини чалиб, дарё бўйлаб подасини ҳайдаб борарди. Лиза ўша томон кўз тикиб, хаёлга чўмди: “Оҳ, қани энди, ўша менинг ақл-ҳушимни олган оддий бир чўпон бўлса-ю, ёнимдан подасини ҳайдаб ўтса! Мен унга мулойим табассум билан: “Салом, эй чўпон йигит! Сурувингни қаерга ҳайдаяпсан? Шу ерда ҳам ям-яшил майсалар етарли-ку улар учун, шу ерда ҳам гуллар қизариб ётибди; улардан қаллиғинг бошига гултож тўқиш мумкин”, – деган бўлардим. У бўлса менга жилмайиб боқиб, балки қўлимдан ушлаган бўлармиди… Оҳ, бу ширин хаёл!” Чўпон найини чалганича узоқлашиб, подаси билан тепалик ортида ғойиб бўлди.
Шу дам Лиза эшкак овозини эшитиб қолди: дарёда қайиқ кўринди, унда эса Эраст…
Қизнинг вужуди титраб кетди, – лекин қўрққанидан эмас. У ўрнидан турди. Кетмоқчи бўлди, аммо кетолмади. Эраст сакраб қирғоққа тушди-да, бир зумда Лизанинг қаршисида пайдо бўлди. Қизнинг ширин орзуси қисман бўлса ҳам ушалган эди: йигит қизга мулойим боқиб, қўлидан ушлади… Лиза-чи?.. Лиза бўлса ҳеч нарсани кўрмас, яноқлари ёниб, юраги қинидан чиққудек талпинарди. Унинг юзига йигитнинг қизғиш лаблари яқинлашганда, на қўлини тортиб олишга ва на юзини ўгиришга мажоли бўлди. Йигит қизни шундай шиддат билан ўпдики, қизга бутун олам алангалангандай бўлиб кетди!
– Лиза, жонгинам! – деди Эраст, – жоним, мен сени севаман!
Бу сўзлар худди илоҳий тарона каби қиз қалбини тўлқинлантириб юборди. У ўз қулоқларига ишонмасди ва… Бас! Тўхта қалам! Фақат шуни айтиш керакки, шу дамда Лизанинг қўрқуви йўқолди. Эраст ҳам ўзининг севилишини англади. Севганда ҳам мусаффо, пок ва жўшқин қалб уни севарди.
Улар бир-бирининг пинжига кириб ўтиришарди. Нигоҳлар бўлса бир-бирларига: “Мен сени севаман”, – дегандай бўларди…
Ўтган икки соат бир лаҳзадай туюлди. Лиза онаси хавотир олиши мумкинлигини эслаб қолди. Хайрлашиш пайти келганди.
– Эҳ, Эраст! – деди Лиза, – ҳамма вақт шундай севармикансан мени?
– Бир умр, Лизажоним!
– Шунга онт ича оласанми?
– Бўлмасам-чи, менинг Лизам, бўлмасам-чи!
– Йўқ, қасамнинг кераги йўқ. Мен ишонаман сенга, наҳотки сен бечора Лизани алдайсан? Бундай бўлиши мумкин эмас, ахир.
– Мумкин эмас, жонгинам Лиза!
– Қандай бахтлиман! Мени севишингни онажоним эшитса, қандай хурсанд бўлади-я!
– Йўқ, йўқ, Лиза! Онангга ҳеч нарсани айтишнинг ҳожати йўқ!
– Нега энди?
– Қариялар ҳамма нарсадан ҳадиксирайдиган бўлишади. Яна ойинг ёмон фикрга бориб юрмасин.
– Бундай бўлиши мумкин эмас.
– Мен сендан ойингга ҳеч нарсани айтмасликни илтимос қиламан.
– Яхши, ойимдан ҳеч нарсани яширгим келмаса ҳам, сенингча бўла қолсин.
Улар хайрлашув олдидан ҳар куни кечқурун шу ерда ёки дарё бўйидами, қайинзордами, бўлмаса Лизанинг кулбаси атрофидами, албатта, учрашиб туришга келишиб олишди. Охирги марта ўпишиб, Лиза кетди. Лекин кўздан ғойиб бўлгунча, ҳамон дарё бўйида қиз ортидан тикилиб турган Эраст томон юз марталаб қайрилиб қаради.
Лиза кулбасига у ердан чиқиб кетаётганидагидек кайфиятда эмас, балки ўзгача, кўтаринки руҳда қайтди. Унинг юзида нозик табассум жилва қилар, қалбида хурсандчилик бор эди. “У мени севади”, – деган фикрдан қалби қувончга тўла эди…
– Оҳ, ойижоним! – гап бошлади Лиза энди уйғонган онасига. – Қандай гўзал кун бошланди-я! Атроф шунчалар гўзал! Ҳеч қачон тўрғайлар шундай сайрамаган! Қуёш бунчалик чарақлаб чиқмаган! Гуллар бу қадар хушбуй бўлмаган!
Кампир ҳассага таянган ҳолда Лиза таърифлаётган эрталабки гўзал манзарадан ҳузурланмоқ учун ташқарига чиқди. Манзара ҳақиқатда ҳам тароватли кўринди онага: қизнинг шодлиги табиатга ҳам ўтгандек эди.
– Оҳ, Лиза! – деди у, – Худонинг қудрати нақадар чексиз! Мана мен олтмишга бориб қолган бўлсам ҳам, унинг кароматидан лолман; гумбазга ўхшаш мусаффо осмонга-ю, ҳар йили янгидан-янги майсаларга, гулларга бурканадиган заминга қараб ҳайратимни яширолмайман. Парвардигор одамзотни шунчалик севса керакки, унинг учун дунёни бунчалар гўзал қилиб яратиб қўйибди. Оҳ, Лиза! Баъзи-баъзида бахтсизликлар, қайғу-аламлар бўлиб турмаганда, бу дунёдан бирор кимсанинг кўз юмгиси келармиди?! Лекин ҳаёт шунақа экан… Кўзимиздан ёш тўкилмаса, биз иймонимизни унутиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Лиза бўлса ўйларди: “Оҳ, мен иймонимни йўқотсам йўқотаманки, лекин севгимни йўқотмасман!”.
Ўшандан кейин Лиза ва Эраст ҳар кеч (Лизанинг онаси уйқуга кетган пайтларда) дарё бўйида ёки бўлмаса қайинзорда, кўпинча эса, кулбадан икки юз қадамча наридаги тиниқ сувли, қадим пайтларда чуқур қилиб қазилган, атрофи асрий эманлар билан ўралган кўл ёнида учрашиб турадиган бўлишди.
Сокин тун. Яшил япроқлар орасидан тушаётган ой шуъласида майин шабада билан биргаликда йигит бармоқлари қизнинг нозик сочларини силарди; ойдинда аҳён-аҳёнда ялт этиб Лизанинг кўзларида пайдо бўлаётган севинч ёшларини Эраст, қизнинг белидан қучган ҳолда, бўсалари билан қуритиб турарди. Бу ҳолат шундай табиий, туйғулари шундай самимий ва беғубордек кўринардики, уларга ой ҳам доимо кулиб боқар, буталар ортига беркинмасди.
“Мен сени севаман, азизам!” – деган пайтларингда, – мулойим овоз билан Лиза Эрастга гапирарди, – сен мени бағрингга босган пайтларда, жодули кўзларингни менга тиккан дамларингда, бахтдан эс-ҳушимни йўқотиб, ҳамма нарсани унутаман, Эрастдан бошқа ҳаммасини эсдан чиқараман. Ҳайронман, сени танигунга қадар мен қандай тинч ва қувноқ ҳаёт кечириб юрган эканман? Энди билсам, мен учун сенсиз ҳаёт йўқ экан. Сенинг кўзларингсиз ёруғ ой ҳам қоронғи кўринади; энди билсам, овозинг олдида булбул навоси ҳам зерикарли; нафасингсиз майин шабада ҳам ёқимсиз…”
Лизанинг бундай чексиз муҳаббатидан Эраст мағрурланарди. Киборлар жамиятида бўладиган ҳар қандай айш-ишратлари ҳам бу пок қалб бағишлаётган ҳузур билан тенглашолмасди. Ўзининг бурунги юриш-туришини жирканиб эсларди. “Мен Лиза билан чин дўст бўлиб яшайман. Унинг муҳаббатига ҳеч қачон хиёнат қилмайман ва бир умр бахтиёр яшайман!” – деб хаёл сурарди Эраст.
Эҳ, нодон йигит, сен ўзингни, ўз қалбингни яхши билармикансан? Ақл-идрокинг ҳис-туйғуларинг устидан ҳамиша ҳукмрон бўла олармикан?
Лиза Эрастдан онасини бот-бот зиёрат этиб туришни илтимос қиларди.
– Мен онамни беҳад яхши кўраман ва ҳамма вақт кўнглини олишга интиламан, – дерди у, – менимча, сен ундан хабар олиб турсанг, анча кўнгли кўтарилган бўларди. Сен билан суҳбатлашиш ҳамма учун ҳам ҳузур бағишлайди, билсанг.
Кампир ҳақиқатдан ҳам Эрастни кўрган чоғлари беҳад қувонарди ва унга марҳум эри Иван тўғрисида, биринчи учрашувлари, улкан муҳаббату осуда ҳаётлари ҳақида гапириб беришни яхши кўрарди.
– Бир-биримизни қанчалик севганимизни билсангиз эди! Машъум ажал олиб кетгунга қадар бир-биримизга тўймасдик. У қўлимда жон берди!
Эраст кампир ҳикояларини эътибор билан тинглар ва ундан Лиза тиккан ва тўқиган буюмларни сотиб оларди. Буюмлар учун Эраст ўн баравар ортиқ ҳақ тўлашга ҳам тайёр эди. Лекин кампир бирор марта бўлса-да ортиқча пул олмади. Шу тарзда бир неча ҳафта ўтди. Бир кеч Эраст Лизани анчагина кутиб қолди. Ниҳоят у келди, лекин кўзлари қизариб кетган ва анча ғамгин эди.
Йигит бундан қўрқиб кетди:
– Лиза, Лиза! Сенга нима бўлди?
– Оҳ, Эраст! Мен роса йиғладим!
– Нега энди? Нима учун?
– Сенга барини айтишим керак. Қўшни қишлоқлик бир бой деҳқон ўғли менга совчи қўйди. Ойим мени ўшанга узатмоқчи.
– Сен бунга розимисан?
– Шафқатсиз! Шу саволни бергани уялмадингми? Тўғри, онажонимга ачинаман: “Менга раҳминг келмайди. Тириклигимда сени куёвга узатсам, бу дунёдан азобланмасдан тинчгина кўз юмардим”, – дейди. Онажонимнинг сендай севгилим борлигидан хабари йўқ!
Эраст Лизани ўпди:
– Мен учун сенинг бахтингдан қимматли нарса йўқ. Онангга бирор гап бўлса, сени бу ерда ташлаб қўймайман. Биз доимо бирга бўламиз; ишонавер, худди жаннатдагидек ҳаёт кечирамиз.
– Лекин сен менга уйлана олмайсан, – деди хўрсиниб Лиза. – Мен бир камбағал деҳқон қизиман.
– Сен мени ранжитаяпсан. Дўстинг учун энг муҳими, бу соф муҳаббатга тўла қалб, сенинг меҳрли ва нозик қалбинг. Сен юрагимнинг тўридан жой олгансан.
Қиз йигит қучоғига отилди – худди шу дақиқадан бошлаб улар ўртасидаги поклик барбод бўлган эди. Эраст ҳаяжонга тушди, унинг қони мисли кўрилмаган даражада жўш уриб кетди. Лиза ҳар қачонгидан ҳам гўзал, латофатли кўринарди, унинг бўсалари эса ҳеч қачон Эрастнинг вужудини бу қадар куйдириб алангалатмаганди. Қиз эса нима бўлаётганини тушунмас, фаҳмламасди. Ҳамма ёқни кечки зулмат қоплаб, биронта ҳам нур нопокларни ёритмасди. Эрастни титроқ босар, Лизани ҳам, лекин нима учунлигини тушунмасди. Эҳ Лиза, Лиза! Қани энди сенинг иффатинг? Қаерда қолди сенинг қизлик номусинг?
Бир зумда бари барбод бўлди. Лиза нима бўлаётганини яхши тушунмас, ҳиссиётлари чувалашиб кетганди. Эрастдан сўраса у жим, чунки жавоб учун қидириб сўз тополмасди.
– Оҳ, нима бўлди энди, – деди қўрқув аралаш сал ўзига келган Лиза, – ўлиб қоламан деб ўйловдим, худди жоним чиқиб кетаётгандай бўлди. Нима дейишни ҳам билмайман. Нега жимсан, Эраст? Ё Худо, нима қилиб қўйдик?
Шу пайт чақмоқ чақиб момақалдироқ гумбурлади. Лиза титраб:
– Эраст, Эраст! Мен қўрқаяпман. Гуноҳим учун мени яшин уриб ўлмасайдим! – деди.
Бўрон даҳшат солиб ўкирар, қора булутлар челаклаб жала қуярди. Гўё табиат Лизанинг барбод бўлган номуси ҳақида қайғуриб, мотам тутаётгандек эди.
Эраст Лизани юпатган бўлиб, уни кулбагача кузатиб қўйди. Хайрлашаётганда қиз кўзидан ёш тирқирарди:
– Оҳ, Эраст! Аввалгидай бахтиёр бўлармиканмиз бундан буён?
– Бўламиз, Лиза, бўламиз!
– Илоҳим шундай бўлсин! Мен сенга ишонаман, чунки севаман сени. Лекин юрагим… Йўқ, йўқ! Нималар деяпман. Кечир! Эраст, кўришамиз-а?
Учрашувлари давом этиб турди. Лекин ҳамма нарса энди ўзгача эди. Эндиликда Эраст учун Лизанинг оддий эркалашлари камлик қиларди. Бўса ва нозик белдан қучишлар уни энди қондирмасди. У кундан-кун кўп нарсалар истар ва ниҳоят, муҳаббатдан меъдаси тўйгандай эди. Унга энди ҳеч нима керакмасди. Қалб сирларини яхши билган кишиларни бундай ҳолат ажаб­лантирмайди: ҳамма нарсага эришгач, муҳаббат одатда инқирозга учрайди. Эраст учун Лиза аввалгидек қалбга ўт солиб, хаёл оғушига чўмдирадиган бегуноҳ, сутдай оппоқ фаришта эмас эди. Йигит қалбида соф муҳаббат ҳақидаги ширин хаёллар ўрнини бошқа ҳислар эгаллади. Бу ҳислар унинг учун азалдан таниш ва шу сабабдан унга ҳеч ҳам қувонч бағишламасди.
Лизага келсак, у эс-ҳушини бутунлай йигитга олдириб қўйган, бор вужуди билан унга берилган, худди қурбонликка келтирилган қўзичоқдай итоаткор эди. Эрастнинг ҳирси қонса, у ўзини бахтиёр сезар, унинг кўнглини овлаш билан банд эди…
Шундай бўлса-да, Эрастда кўзга чалинган ўзгаришлар Лизанинг эътиборидан четда қолмади.
– Авваллари қувноқроқ кўринардинг, иккимизнинг ҳам кўнглимиз тўқ ва бахтиёр эдик, муҳаббатингдан айриламан деб, ҳеч қачон ташвишланмасдим! – дерди у шикоятомуз.
Хайрлаша туриб, баъзан Эраст: “Лиза, эртага мен сен билан учраша олмайман. Жуда муҳим иш чиқиб қолди”, – дер эди. Бундай пайтларда Лиза хўрсинарди.
Бир сафар Эраст бирданига беш кун йўқ бўлиб кетди. Лиза бундан қаттиқ ташвишга тушди. Ва ниҳоят у олтинчи куни пайдо бўлди. Анча хомуш кўринарди.
– Азизам Лиза. Сен билан вақтинча хайрлашишга тўғри келади. Уруш давом этаётганидан хабаринг бор. Мен эса хизматдаман. Менинг полким шу кунларда юриш бошлайди.
Лизанинг ранги ўчиб, ҳушини йўқотишига оз қолди.
Эраст уни, мен сени бир умрга севаман, умид қиламанки, уруш тезда тугайди ва қайтиб келиб, сен билан ҳаётимнинг охиригача бирга бўламан, деб юпатган бўлди.
Лиза анчагача лом-мим деёлмай қолди. Сўнгра аччиқ кўз ёшлари билан Эрастнинг қўлидан ушлаб, унга меҳр-муҳаббат билан тикилиб, сўради:
– Қолишнинг иложи йўқми?
– Бор, лекин бу шаънимга катта доғ туширади. Қўрқоқ деб ном чиқараман ва ҳамма мендан ҳазар қилади.
– Ундай бўлса, бориш керак. Худонинг иродаси шу экан. Лекин сен ҳалок бўлишинг мумкин!
– Ватан учун ҳалок бўлишдан қўрқмайман, жонгинам Лиза!
– Сенга бирор нарса бўлса, мен чидаб туролмайман, ўлиб қоламан…
– Нега ёмон хаёлларга бориш керак энди? Мен эсон-омон ёнингга қайтиб келишга умид қиламан, жоним.
– Илоҳим, илоҳим! Мен ҳам Худодан шуни тилаб тураман. Қани энди, ёзишу ўқишни билганимда! Сен менга ҳамма воқеаларни ёзиб турардинг, мен бўлсам кўз ёшларим ҳақида ёзардим.
– Ортиқ қайғурмагин, Лиза. Сен ўзингни мен учун, дўстинг учун асрашинг керак. Мен йўқлигимда ҳеч йиғламагин.
– Бағритош! Мени шундан ҳам маҳрум қилмоқчимисан? Юрак-бағрим қуриб қолгандагина йиғламаслигим мумкин.
– Қўй бу гапларни, яхшиси биз учрашадиган ширин дамлар ҳақида ўйлагин.
– Албатта, ўйлайман. Қани энди ўша дамлар тезроқ келса! Эраст, жоним, Лизани, бечора Лизани унутмагин. Мен сени жонимдан ҳам ортиқ севаман!
Афсус, уларнинг дил изҳорларини бу ерда тўла келтириш анча мушкул…
Эртаси куни охирги марта учрашишлари керак эди. Эраст Лизанинг онаси билан хайрлашмоқчи эди. Меҳрибон, ёқимтой бойваччанинг урушга кетишини эшитиб, у йиғидан ўзини тутолмади.
Эраст бир оз пул бериб, оласизлар, деб қаттиқ туриб олди:
– Мен йўқлигимда Лиза ўзи тўқиган нарсаларни бировларга сотишини хоҳламайман. Унинг қўллари ила яратилган буюмлар фақат мен учун. Биз бу ҳақда бошда келишганмиз.
Кампир уни дуоларга кўмди.
– Илоҳим, эсон-омон қайтиб келгин. Бу дунёдан кўз юмгунимча, сени яна бир бор кўриш насиб қилсин менга. Балки унгача менинг Лизамга муносиб қаллиқ топилиб қолса ҳам ажаб эмас. Бизнинг тўйимизда иштирок этишингни Худодан тилайман! Лиза фарзанд кўрса, сен уни чўқинтиришинг керак. Оҳ, ўша кунларни кўрармиканман?
Лиза онасининг юзига қаролмасдан турарди. Шу дақиқада у нима ҳис қилаётгани-ю, нималар ҳақида ўйлаётганини, менимча, китобхон яхши тасаввур қилса керак.
Лекин Эраст Лизани охирги марта қучиб, сўнгги бора бағрига босиб: “Кечир мени, Лиза!..” – деганида қиз нимани ҳис қилди экан?!
Оҳ, қандай дил ўртар манзара! Тонг шуъласи худди алвон денгиз каби бутун шарқ осмонига ёйилган. Қайғуга ботган, ранги оҳакдек Эраст баланд эман дарахти ёнида ўз бахти – Лизани қучоқлаганича турарди.
Лиза ҳўнграб йиғлар, Эрастнинг ҳам кўзлари тўла ёш эди. Ниҳоят, Эраст Лизани қўйиб юбориб, кета бошлади. Қиз тиз чўкди-да, икки қўлини кўкка чўзиб, нола билан унинг кетидан қараб қолди. Йигит кўздан ғойиб бўлди… Бу орада қуёш ҳам кўтарилди. Шўрлик Лиза эса ҳушсиз ётарди.
У ҳушига келганда бутун дунё қоронғи кўринарди кўзига. Табиат гўзалликлари ҳам суюклиси билан бирга ғойиб бўлгандай эди. “Оҳ, нега энди бу дашту биёбонда ёлғиз ўзим қолдим? Нега азизим Эраст кетидан учмадим? Урушдан қўрқмайман, севгилимдан ажралиш урушдан даҳшатлироқ-ку! Мен у билан бўлишим керак! Унинг учун жонимни қурбон қилишга ҳам тайёрман! Фақат у омон бўлса бас! Тикон ҳам кирмасин унга! Тўхта, шошмай тур, жонгинам! Мен ҳозир сенинг ортингдан учаман!” Шундай хаёл билан бечора Лиза Эраст ортидан қанот чиқариб учмоқчи эди, лекин уни: “Ахир, менинг онам бор-ку!” деган фикр тўхтатди. Чуқур хўрсиниб, бошини қуйи солганича кулбаси томон аста йўл олди. Шу дамдан бошлаб ёруғ кунлари қаро тунга айланиб кетди. Қайғусини онасидан беркитишга мажбурлиги қизни яна ҳам азобларди. Вақти-вақти билан ўрмонга кириб зор-зор йиғлаб, суюклисини эсларди. Бунақа пайтларда дарахт тепасида ўтирган мусича, қизга раҳми келгандай, хаста овоз билан унга ҳамдард бўларди. Фақатгина аҳён-аҳёнда умиднинг заррин нури ғурбат босган қиз кўнглини ялт этиб ёритиб ўтарди: “У қайтиб келгач қандай бахтиёр бўламан-а! Ҳаммаси жойида бўлади!” – ўйларди у ўзича. Бундай ширин хаёлдан қизнинг кўзлари порлаб, ёноқлари бир дам қизарарди, шунақа пайтлардаги Лизанинг жилмайиши бўронли тундан сўнг келадиган завқли ва серсаховат май тонгини эслатарди.
Шу тарзда икки ойча ўтди.
Кунлардан бир кун онасининг кўзига суртгани атир суви олиш учун Лизанинг Москвага бориши зарур бўлиб қолди.
Катта кўчаларнинг бирида қизнинг кўзи чиройли каретага тушди. Унда Эраст ўтирарди. ”Оҳ!”, – деб қичқириб, Лиза карета томон талпинди. Лекин карета тўхтамади. Нарироққа бориб, бир ҳовли ичига бурилди. Эраст тушиб, каттакон уйнинг зинапояси томон юрмоқчи бўлганда, бирдан ўзини Лизанинг қучоғида кўрди. У қоғоздек оқариб, бир нарса ҳам демай, Лизанинг қўлидан ушлаб ўз кабинетига олиб кирди-да, эшикни ичидан беркитди:
– Лиза, вазият ўзгариб қолди. Мен уйланишга мажбур бўлдим. Сен мени тинч қўйишинг керак, мени унут, ўзинг учун ҳам бу яхши бўлади. Мен сени ҳозир ҳам аввалгидек севаман ва сенга бахт тилайман. Мана бу юз сўмни олгин-да, – у пулни Лизанинг чўнтагига солди, – охирги марта ўпишга рухсат бер менга… Энди уйингга боргин.
Лиза эс-ҳушини йиғиб улгурмай, Эраст уни кабинетдан олиб чиқиб, хизматкорига буюрди:
– Бу қизни ташқарига кузатиб қўй.
Шу дамда менинг юрагим қонга тўлиб кетганди. Эраст одам қиёфасини, шубҳасиз, йўқотган! Мен уни лаънатлашга тайёрман, лекин тилим лол, гапга келмас бу манзарадан! “Э Худо!” дейман-у, кўзимдан ёш тирқирайди.
Эҳ, нега энди мен роман эмас, қайғу тўла воқеий қисса ёзаяпман?
Демак, армияга кетаяпман, деб Эраст Лизани алдабди-да? Йўқ, у ҳақиқатдан ҳам армияга борди, лекин душман билан жанг қилишдан кўра қарта ўйинига кўпроқ берилиб, бор бисотини ютқазиб қўйди. Тез орада уруш ҳам тугади ва қарзга ботган Эраст Москвага қайтиб келди. Аҳволини ўнглаб олиш учун унга бирдан-бир йўл қолганди – қари, лекин бой ва анчадан бери унга ошиқ бўлиб юрган бир тул хотинга уйланиш. Шундай қилиб, Эраст Лизани ўйлаб чин “оҳ” тортса ҳам, бой хотин уйига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Лекин чин “оҳи” унинг разиллигини оқлармиди?
Лиза қандай қилиб кўчага чиққанини ҳам билмай қолди. Унинг шу пайтдаги ҳолатини тасвирлашга ҳар қандай қалам ожиз. “У… у мени ҳайдаб чиқардими? Наҳотки у бошқани севади? Мен ўлдим!” – мана унинг миясини тирнаётган фикрлару ҳиссиётлар. Лиза ҳушидан кетди. Ўткинчи бир раҳмдил аёл ерда ётган Лизанинг олдига келиб, уни ҳушига келтиришга ёрдам берди. Шўрлик кўзини очиб, аёл ёрдамида ўрнидан турди ва унга ташаккур билдириб, йўлга тушди. Лекин қаёққа боришини билмасди. “Мен учун энди яшашдан маъно йўқ, – деб ўйларди у, – яшашим мумкин эмас! О, қани энди фалак устимга қуласа! Қани энди мен бахтиқарони ер ютиб қўя қолса! На осмон тушади бошимга, на ер қимирлайди! Оҳ, шўр пешонам!” Шу қайғули ўйлар билан Лиза шаҳардан чиқиб, бундан бир неча ҳафта олдин унинг қувончли дамларининг тилсиз гувоҳлари бўлмиш қадимий эман дарахтлари билан ўралган чуқур кўл лабига қандай келиб қолганини сезмай қолди. Ўтган ширин дамларини эслаш Лизанинг қалбини ларзага келтирди. Бир неча дақиқадан сўнг у чуқур хаёлга ботди. Атрофига назар солиб, йўлда кетаётган қўшни ўсмир қизга кўзи тушди.
– Айланай Анюта, ўртоқжон! Шу пулларни ойимга элтиб бергин. Буларни ўғирлаганим йўқ. Яна шуларни айтгин: мен онам олдида гуноҳкорман, бир аблаҳ одамга бўлган муҳаббатимни ундан яширдим. Унинг исми Э… Исмини билишингнинг не кераги бор? У мени ташлаб кетди. Онамдан мени кечиришларини сўрагин, Худо ўзи мададкор бўлсин унга. Унинг қўлларини, мана сеникини ўпганимдек ўпиб қўйгин, албатта. Бахтиқаро Лиза “ўпиб қўй” деб сўради дегин, яна айтгинки, мен…
Шу заҳоти Лиза ўзини сувга отди. Анюта додлаб қичқирди, лекин қутқаришга ожиз эди. У қишлоққа қараб югурди, одамлар йиғилиб Лизани тортиб чиқаришди, лекин унинг жони аллақачон узилганди.
Пок қалб ва гўзал чеҳра соҳибаси ҳаётига мана шундай нуқта қўйди.
Лизани кўлга яқин жойдаги баҳайбат эман тагига дафн этишди. Қабр устига ёғоч хоч ўрнатишди…
Мен у ерда тез-тез бўлиб, Лизанинг қабри ёнида ўйга чўмиб узоқ-узоқ ўлтираман, кўз ёшларим кўлга қўшилиб кетади, тепамда барглар шивирлайди…
Лизанинг онаси қизининг фожиали ўлимини эшитиб, даҳшатдан қони музлади ва кўзлари абадий юмилди. Кулба бўм-бўш қолди. У ерда ҳамма вақт шамол увуллайди.
Буни эшитган хурофотчи одамлар: “У ерда марҳума инграяпти! У ерда бахтиқаро Лиза инграяпти!” – деб қўйишади.
Эраст умрининг охиригача бебахт бўлиб ўтди. Лизанинг фожиасини эшитгач, ўзини қотил ҳисоблаб, бошини қаерга уришни билмай юрди, руҳан азобланди. Мен Эраст билан унинг ўлимидан бир йил аввал танишиб қолдим. Бу воқеани ўзи айтиб бериб, Лизанинг қабрини ҳам кўрсатган эди. Балки улар энди ярашишгандир!

Рус тилидан Қодиржон Носиров таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 11-сон