Наим Каримов. Таржима санъати ва жаҳон адабиёти

Одамзод қаерда, ер куррасининг қайси бир гўшасида яшаган бўлмасин, янги ҳаёт манзилларини кашф этиш, дарёлар, денгизлар, ҳатто уммонларнинг нариги соҳилидаги  ҳаёт билан ошно бўлишга, ўша ердаги ҳаёт манбаларидан баҳраманд бўлишга интилган. У шу мақсадда сузишни ўрганган, қайиқлар ясаган, кўприклар қурган. Инсоният тараққиётнинг муайян босқичига кўтарилганидан сўнг бошқа мамлакатлар ва қитъаларда яшаган халқлар бадиий маданиятидан, нафис адабиёт оламида эришган ютуқларидан баҳраманд бўлишга катта эҳтиёж сезган. Одамзоднинг ана шу эҳтиёж тақозоси билан адабиётлар аро қурган “кўприги” ҳозир кунда “бадиий таржима” деб аталади.

Жаҳондаги қайси бир ривожланган мамлакатнинг адабий ҳаётига назар ташламайлик, бошқа халқлар адабиётининг мумтоз намуналари таржима қилинганини кўрамиз. Ўзбекистон ҳам бу масалада истисно эмас.

Жаҳон икки улкан қисмдан – Ғарб ва Шарқдан иборат. Ўзбекистон жаҳоннинг араб, форс, ҳинд ва туркий тиллар устуворлик қилган шарқий қисмида жойлашган. VII асрдан бошлаб Ўрта Осиёда, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида араб тили, маълум сабабларга кўра, иккинчи она тили мақомида фаолият кўрсатган. Ўзбек олимлари илмий асарларини араб тилида ёза бошлаганлар. Шу даврдан эътиборан араб тилидаги асарлар форсий ва туркий тилларга таржима қилина бошлаган. Айни пайтда араб оламида ҳам форсий ва туркий тилларидаги асарларга қизиқиш уйғонган.

Шу нарса ҳайратланарлики, Шарқда араб тили ҳукмронлик қилаётган бир даврда, 1340 йилда, туркий (ўзбек) тилига илк бор таржима қилинган асар араб муаллифининг эмас, балки форсийзабон Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидир. Тарих Қутб Хоразмий ташаббусидан илҳомланиб, 1390 йилда форсийзабон Саъдийнинг “Гулистон” асарини туркийга ўгирган Сайфи Саройига хоразмлик устози билан бирга мумтоз ўзбек таржима мактабининг асосчилари бўлиш шарафини берди. Шу даврдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистонда бадиий таржима ўзбек маданиятининг таркибий қисми сифатида яшаб, даврдан-даврга камол топиб келди.

“…ХIV асрдан бошлабоқ, – деб ёзган эди академик Воҳид Зоҳидов, –  сўз санъати усталари томонидан қатор бошқа халқлар адабиётининг анчагина намуналарини, дунё адабиётининг шоҳ намуналаридан ҳисобланганларини меҳр ва матонат билан, кенг ижодий йўсинда  ўзбек тилига таржима қилиб келдилар, ўзбек халқи орасига ёйдилар, уларга кўра ўзбек китобхонлари ўз тилларида улкан ва нодир асарлар ҳисобланган “Хусрав ва Ширин” (Низомий Ганжавий), “Гулистон” (Саъдий), “Шоҳнома” (Фирдавсий), “Калила ва Димна”, шунингдек, А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, И.А.Криловнинг баъзи асарларини ўқишга муяссар бўлдилар”[1].

Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистонда янги таржима мактабининг шакл­ланиш йўли ҳақида мухтасар тасаввур бериш бўлгани учун энди устоз Воҳид Зоҳидов билан бирга рус мумтоз адабиёти асарларининг таржима қилиниш тарихига ўтсак.

В.В.Бартольднинг “Туркистоннинг маданий ҳаёти тарихи” (1927) китобидан аён бўлишича, ХIХ асрнинг сўнгги йилларида Тошкентнинг Эски шаҳаридаги маҳаллий аҳолини “русларнинг ақлий ҳаёти билан таништириш” учун “халқ китобхонликлари” кечаси ўтказилган. 1901 йил 18 мартда Самарқанддаги Шердор мадрасасида  4-5 минг киши иштирокида ўтказилган “халқ китобхонлиги”да Мулла Маҳмуд Л.Н.Толстойнинг “Одамлар нима билан тирик?” ҳикоясини Н.П.Остроумов таржимасида ўқиб эшитирган. “Окраина” газетасининг 1894 йил сонларидаги хабарга қараганда, Самарқандда Пушкиннинг “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак” асари ўқилганида, 200 киши ҳозир бўлган. 1898 йили рус олимлари ташаббуси билан ташкил этилган “халқ китобхонликлари”нинг қачонгача давом этгани ва қандай самара бергани маълум эмас. Лекин шу нарса аёнки, бу “китобхонликлар” ташкил этилишидан аввал – 1870 йилдан бошлаб Тошкентда “Туркистон вилоятининг газети” нашр этила бошлаган. 1875 йили рус шоири И.А.Крилов масаллари газетада биринчи марта ўзбек тилида чоп этилган. 1899 йили Пушкин таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан шу газетада “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак”дан ташқари, “Шоир” ва “Шоирга” шеърлари, шунингдек, “Боқчасарой фонтани” достонидан олинган парча ўзбек газетхонлари эътиборига ҳавола этилган. Маҳаллий аҳолига тушунарли бўлиши учун Пушкин эртаги  ҳам шеърий, ҳам насрий таржимада босилган. Шу йилларда рус шоирлари асарларини таржима қилишга, Остроумовдан ташқари, газетанинг Сатторхон, Мулла Абдулла сингари маҳаллий таржимонлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган.

ХIХ аср охири – ХХ аср аввалида рус-тузем, шунингдек, жадид мактаб­лари учун Саидрасул Азизий, Асқар ибн Байрамали Калинин, Абдулла Авлоний дарслик ва мажмуаларининг яратилиши шеърий ва насрий таржиманинг изчил тус олиши ва ривожланишида муҳим омил бўлди. 1917 йилдан кейин эса рус адабиёти намуналарининг ўзбек тилига таржима қилинишига катта эътибор берилди ва шу даврда бадиий таржима соҳасига қатор истеъдодли журналист, шоир ва ёзувчилар кириб келдилар.  1922 йилдан бошлаб М.Ю.Лермонтов, Н.В.Гоголь, И.С.Тургенев, Л.Н.Толстой, А.П.Чехов, М.Горький, А.Блок асарлари таржима қилина бошлади. 1917 йилдан аввал Саидаҳмад Сиддиқий томонидан ўзбек тилига таржима қилинган,  аммо чор охранкаси чийриғидан ўтолмаган Гоголнинг “Шинель” қиссаси, ниҳоят, 1926 йилда китобхонлар қўлига бориб тегди.

Агар шоир ва ёзувчилар шундай ғайрат билан таржима қилишда давом этсалар, яқин орада Шекспирдек жаҳон адабиёти байроқдорлари асарларининг ҳам ўзбек хонадонларига кириб келиши ҳеч гап эмас эди. Афсуски, худди шу ҳол адабиёт ва санъат атрофида ўралашиб юрган айрим жоҳил кимсаларни чўчитиб юборди. “С” имзоли танқидчи “Туркистон”  газетасида босилган “Ўзбек театри” деган мақоласида Шекспир сингари буюк жаҳон ёзувчилари асарларининг ўзбек тилига таржима қилинишига кескин қарши чиқди. “Халқимиз ҳозирги даврда, –  деб ёзди у, –  санъатни, айниқса, Европа санъатини  хоҳламайдир. Бизнинг театримиз қимор ва бачча ўйинлари, сафсата ва бачча мажлислари, чойхона манзаралари ва чапани полвонлардан чиққан воқеалардан иборат бўлмоғи лозимдирки, буни халқимизга таъсирини Шекспир ва Шиллернинг қўйилишида кўрсатиладиган санъаткорликдан тополмаймиз… Бизнинг турмуш ва руҳимиз нуқтаи назаридан бирор қийматга эга бўлмаган Шекспир, Гоголь, Камолларни ҳозирги театримиз доирасидан чиқариб турмоқ керакдирки (таъкид бизники – Н.К.), биз уларни эплай билмасмиз ва улар бизга бирор таъсир қила олмаслар”[2].

Афсуски, нафақат ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида, балки ХХ асрнинг 20-йилларида ҳам қиморбоз ва баччабозлар ҳаётидан олинган асарларни хуш кўрадиган, олис даврларнинг ис босган кавагида яшаётган шундай бадфеъл кимсалар бўлган. Аммо бизнинг бахтимизга, халқимиз ва адабиётимиз бахтига, Шекспир ва Шиллер сингари жаҳон адабиётининг буюк намояндаларининг асарларини юксак бадиий савияда таржима қилишга чоғланган ижодкорлар оз бўлмаган. Улар туфайли 20 – 30-йиллардаёқ Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Толстой, Чехов сингари буюк рус; Сервантес, Шекспир, Шиллер, Мопассан, О`Генри, Твен, Тагор, Роллан сингари машҳур жаҳон ёзувчиларининг ҳам асарлари ўзбек тилига таржима этила бошлаган.

Шундай мураккаб туғилиш ва шаклланиш йўлини босиб ўтган ўзбек таржимачилиги 1935 йилда “Ҳамлет” трагедиясини буюк маҳорат билан таржима қилган Чўлпон туфайли муҳташам бадиий мактаб мақомини олишга муваффақ бўлди. Шекспир “Ҳамлет”ининг ўзбек саҳнасида илк бор саҳналаштирилиши маданий ҳаётимизда қандай катта маданий воқеа бўлган бўлса, Чўлпоннинг олтин қаламидан чиққан “Ҳамлет” таржимаси ҳам ўзбек таржима адабиёти тарихида шундай улуғ ва унутилмас адабий воқеадир.

Агар аср бошларидаги жадид адабиёти асарлари у ёқда турсин, ҳатто 20-йиллар ўрталарида яратилган ўзбек адабиёти асарларининг  тили билан қиёс қилсангиз ҳам, “Ҳамлет”ни таржима қилиш жараёнида Чўлпоннинг А.Қодирий билан биргаликда янги ўзбек адабий тилига пойдевор қўйганига ишонч ҳосил қиласиз. Ҳолбуки, Чўлпон ва Қодирийгача бўлган ўзбек адабий тили ХVI асрнинг иккинчи ярми –  ХVII аср бошларида яшаган Шекспир ва бошқа Ғарб мумтоз шоир ва ёзувчилари асарларини таржима қилишга тайёр эмас эди. Шекспир тилида шундай ғаройиб халқ мақоллари ва мутойибалари, муаллифнинг ўзи тўқиган ҳикматли сўз ва иборалар, тарихий шахс, жой, либос, таом номлари бисёр эдики, уларни ўзбек тилида ифодалаш ва ХХ асрнинг 30-йилларидаги ўзбек китобхонларига етказиш учун Чўлпон араб, форс ва туркий тиллар оламида яшаган ўзбек тили хазинасини “титкилаб”, эскирган ёки бегона ҳисобланган сўз ва ифодаларга янги ҳаёт бағишлади, ўз бадиий тафаккурининг лисоний имкониятларини ишга солиб, янги сўзлар ва ифодаларини ижод қилди, уларни янги ўзбек тили тароналарида янгратиб юборди.

Аслида, буюк асарларни таржима қилишнинг муҳим ва аҳамиятли томонларидан бири ҳам худди шудир.

1937 йил – совет мамлакатида нафақат “Катта қирғин” бошланиб, минг­лаб давлат, фан ва маданият арбоблари қамоққа олинган, балки Пушкин отилган куннинг 100 йиллиги нишонланган сана ҳам. Шу сўнгги воқеа  муносабати билан 1936 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига мувофиқ Пушкин асарларини таржима этишга киришилди. Шайхзода ва Миртемир Пушкин лирикасини, Ҳамид Олимжон “Кавказ асири”ни, Абдулла Қаҳҳор “Капитан қизи”ни, Темур Фаттоҳ “Лўлилар”ни, Усмон Носир “Боқчасарой фонтани”ни, Ойбек эса “Евгений Онегин” шеърий романини ўзбек тилига таржима қилдилар. (Бундан аввал Чўлпон “Дубровский” қиссаси ва “Борис Годунов” трагедиясини ўзбек тилига ўгириб, китобхонларга ҳадя қилган эди.) Чўлпоннинг “Ҳамлет” устида олиб борган ижодий тажрибасини ўрганган Ойбек ва Усмон Носир Пушкин  асарларини шундай илҳом билан таржима қилдиларки, бу таржималар ўша даврнинг маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Ойбек олдида турган вазифанинг машаққатли томони шунда эдики, французча жой, киши, асар, таом номлари билан тўлиб-тошган, айниқса, шу асар учун Пушкин томонидан махсус ишлаб чиқилган  9 ямб (9 ҳижо)ли, абаб, аабб, абба, аа тартибидаги қофия тизимига асосланган 14 сатрли “Онегин банди” билан ёзилган шеърий романнинг барча бадиий хусусиятларини сақлаб қолиш амримаҳол эди.

“Шуни айтиш керакки, – деган эди Ойбек “Евгений Онегин” таржимаси муҳокама қилинган илмий анжуманда, – биз гарчанд Пушкин асарларининг таржимонлари бўлсак-да, таржима борасида бизда катта тажриба йўқ эди. Ваҳоланки, Пушкинга қадар биз кўпгина шоир ва адибларнинг асарларини таржима этиб, маълум ижодий тажриба орттиргач, Пушкин асарларига ёндашишимиз керак эди. Биз, аксинча, Пушкин асарларини таржима қилиш орқасида тажриба орттирмоқдамиз (таъкид бизники – Н.К.).

Бевосита таржима масалаларига келсак, эркин таржима қилиш керакми ёки айнан таржима йўлидан бориш маъқулми, деган савол туғилади. Шубҳасиз, бадиий асар таржимасида энг тўғри йўл – эркин таржима йўлидир. Лекин эркин таржима методини ҳам ҳар қандай асар ва ҳар қандай шоирга нисбатан қўллаш мумкин эмас… Лекин “Евгений Онегин”дек ўзида бутун бир даврни ифодалаган 5 минг йўллик романни эркин таржима қилиш қийин. У кичик шеър эмаски, таржимон унинг ички хусусиятларини англаб, уни янгидан, ўзича шеър тарзида бера билса…

…асардаги ҳар бир деталь маълум бир маънога эгадир. Ҳар бир деталь, ҳар бир чизиқ даврнинг кенг ва ҳар томонлама образини яратишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам биронта чизиқни, биронта детални тушириб қолдириш ёки уларни бошқача бериш таржимада ўша давр образини ҳаққоний ифодалашга путур етказади. Масалан, романдаги “фагот, флейта” сўзларини “карнай” деб таржима қилиш тўғри бўлмайди. Романнинг бир эпизодида эса Ленский клавикордда ўйнайди. Бу сўзни ҳам таржимада бошқа бир тушунча билан алмаштириш маҳолдир. Роман қаҳрамонлари балларда мазурка, вальс каби рақсларга ўйин тушадилар. Бу рақс куйларини сегоҳ, чоргоҳ сингари ўзбек миллий куйлари билан алмаштириш тўғри бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу ўринда, менимча эркин таржима йўлидан бормай, мумкин қадар оригинал руҳини сақлаб қолишга интилиб, адекват таржима қилиш керак бўлади. Бундай таржима методи Пушкин романининг руҳи ва маъносини бузмаслик имконини беради”[3].

Пушкин асарини таржима қилишнинг бошқа мураккаб томонлари ҳам оз бўлмаган. Шулардан бири романда французча сўзларнинг, французча киши, асар, таом номларидир. “Евгений Онегин”да шундай жойлар ҳам борки, – деб давом этган Ойбек, – уларда французча сўзлар француз тилининг имло қоидалари асосида ёзилган. Бундай сўзлар ёзилишига нисбатан бошқача ўқилади. Бундай сўзларни тўғри талаффуз этиш, умуман, асарни тўғри тушуниш учун китобхон маълум даражада тайёрланган бўлиши керак. Китобхон асарда тасвирланган даврдан ташқари, Европа маданияти билан ҳам танишган бўлиши лозим. Масалан, Ленскийнинг табиатини тушуниш учун Кантнинг кимлигини ёхуд Онегиннинг нима учун Адам Смитни ўқишини билиш керак бўлади. Пушкин асардаги бир-икки чизиқлар орқали уларнинг, шунингдек, бошқа ёзувчи ва олимлар ижодининг моҳиятини очиб беради”[4].

Таржимон олдида турган шундай жумбоқлар Ойбекка “Евгений Онегин”ни эркин таржима этиш имконини бермаган. Айниқса, “Онегин банди”нинг шаклий белги ва талабларига таржима давомида тўла риоя қилиш ва айни пайтда Пушкин шеърининг бадиий жозибасини сақлаб қолиш  масаласи Ойбек олдига ҳисобсиз тўсиқларни қўйди. У шу вақтга қадар поэтик асарлар таржимасида катта тажриба ортирмаганига қарамай, Пушкин асарини юксак савияда таржима қилишга эришди. “Евгений Онегин”, “Боқчасарой фонтани” ҳамда “Демон”нинг Ойбек ва Усмон Носир қаламига мансуб таржималари замонавий ўзбек таржима мактабининг 30-йилларда эришган энг катта ютуқларидан бири бўлди.

Пушкин романини таржима қилиш, шубҳасиз, ўзбек шеъриятининг, шу жумладан, Ойбек шеъриятининг янги ижодий босқичга кўтарилишида муҳим омил бўлди. Унинг таржимадан ҳориган кезларида жаннатмонанд Чимён бўйлаб кезиниб, табиатдан олган таассуротлари билан тўйинган лирик шеърлари бу фикрнинг далилидир. Биз Ойбекнинг Чимён туркумига кирган шеърий дурдоналарини ўқиганимизда, унинг: “Пушкин ижодиётининг кўркам, гўзал дарахти бутун илдизлари билан она-Ватан заминидадир”[5], – деган сўзлари ёдимизга келади.

Ойбек Пушкин асарини таржима қилиш жараёнида кўп нарсани ўрганди. Ҳаттоки, 1946 йил октябрида “Қизлар” достонини ёзишга киришганида, ўзи ҳам абаб, абаб, аа тартибида қофияланган 10 сатрлик янги банд тизимини яратди. Афсуски, Ойбек бу банд тизими  поэтик тафаккурнинг эркин ва равон оқимига халал бериши мумкинлигини сезгач, ундан воз кечди.

Чўлпон ва Ойбекнинг таржима мактабида шаклланган Миртемир бутун ҳаёти давомида қозоқ, қирғиз, туркман ва озарбайжон адабиётлари намуналаридан ташқари, рус ва жаҳон шоирларининг асарларини ҳам ўзбек тилига қойилмақом қилиб таржима қилди. Лекин Миртемирнинг 50-йилларда Н.Некрасов ижодига мурожаат этиб, “Русияда ким яхши яшайди” достонини таржима қилиши ўзбек таржима мактаби учун фавқулодда катта воқеа бўлди. Айниқса, жулдур рус қишлоқларининг номларию, мужиклар оғзидан чиққан халқона сўз ва ибораларнинг ўзбекона нусхаларини топгани таржимани аслият турган юксак поғонага кўтариб юборди.

Ўтган асрнинг 40 – 50-йилларидаги уруш, тикланиш, янги мафкуравий сиқувлар ва шахсга сиғиниш оқибатларининг фош этилиши каби сиёсий кампаниялардан сўнг, 60-йилларда совет мамлакатида эркинлик шабадаси эса бошлади. Даврнинг шу ҳаётбахш тўлқинида ўзбек адабиётига икки ўта истеъдодли шоир – Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов далил кириб келди. Тарих улардан бирининг зиммасига буюк Гётенинг “Фауст”, иккинчисининг елкасига эса буюк Данте “Илоҳий комедия” асарининг “Дўзах” қисмини таржима қилиш масъулиятини юклаган эди. Улар жаҳон адабиётининг шу икки дурдонасини катта илҳом, маҳорат ва сабр билан таржима қилдилар. Бу таржималарнинг майдонга келиши ўзбек таржима мактаби ва ўзбек шеъриятининг янги тараққиёт босқичига кўтарилишига туртки берди.

“Евгений Онегин”нинг “Онегин банди” билан ёзилганлиги Ойбек олдида қандай қийинчиликни туғдирган бўлса, “Дўзах”нинг терцет билан ёзилганлиги ҳам А.Ориповга яйраб таржима қилиш имконини бермаган кўринади. Шу сабабли у “Илоҳий комедия”нинг қолган қисмини таржима қилишга журъат этмади. Лекин у умрининг сўнгги йилларида Дантенинг уч сатрлик банд тизимидан истифода этган ҳолда бир неча гўзал ва пурҳикмат шеърларни яратди. Бу, Данте билан ғойибона мулоқот А.Ориповнинг руҳий оламида чуқур из қолдирганидан дарак берди. Гёте асарини таржима қилиш таржимондан қанчалик катта энергияни талаб қилганига қарамай, Э.Воҳидов “Фауст” таржимасини муваффақият билан тугатди. У шу жараёнда турли-туман сирлар, жумбоқлар билан тўла “Фауст”нинг мағзини чақиб, улуғ немиснинг ижодий лабораториясига дадил кира олди.

Бу икки гениал асарнинг ўзбек тилига таржима қилиниши ҳар икки шоир учун катта мактаб бўлди.

Мустақиллик йилларида “Жаҳон адабиёти” журналининг майдонга келиши адабий-маданий ҳаётнинг тақозоси билангина эмас, балки устоз таржимонлар ижодий ишларини янги тарихий шароитда давом эттириб, халқимизнинг маданий ва маънавий оламини янада бойитиш талаби билан ҳам рўй берди. Журнал ўтган давр ичида ўзбек таржима мактаби хазинасини бойитган ўнлаб романлар, қиссалар, достонлар ва драмаларни эълон қилди; янги таржимонлар авлодининг етишиб чиқишида бош-қош бўлди. Уларнинг ижодий меҳнатлари туфайли ҳанузга қадар ўзбек китобхонларига таниш бўлмаган тўрт қитъа ижодкорларининг асарлари Навоий ва Қодирий тилида сўзлаб юборди.

Биз юқорида академик Воҳид Зоҳидовнинг ўзбек таржима мактаби ҳақидаги фикрини: “…шунингдек, А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, И.А.Крилов-нинг баъзи асарларини ўқишга муяссар бўлдилар”, деган сўзлари билан тугатган эдик. Олим шу сўзлардан кейин давом этиб, ёзган: “Бу билан сўз санъаткорлари  – таржимонлар ўзбек халқининг бошқа халқларга ҳамда шу халқларнинг маданиятига, тилига бўлган муҳаббатларини, ҳурматларини ифодалаган эдилар; ўзбек халқи билан бошқа халқлар орасидаги дўстлик, ҳамкорликни мустаҳкамлашда иштирок этган эдилар ва, ниҳоят, ўзбек маърифати, ўзбек адабий тилини бойитишда муҳим хизмат қилган эдилар”

Академик олимимизнинг бу сўзларига қўшилган ҳолда яна шуни айтиш керакки, бадиий таржима мактаби шаклланмаган миллий адабиётнинг келажаги бўлмайди. Ҳар бир миллий адабиётнинг ривожланганлик даражаси миллий адабий анъаналарининг барқарорлиги ва ўзига хослиги билангина эмас, балки шу анъаналарнинг бошқа миллий адабиётлар билан ижодий алоқада бойиб, шу адабиётлардаги энг яхши адабий-бадиий тамойиллардан, ижодий ютуқлардан баҳраманд бўлиб борганлиги билан ҳам белгиланади.

Яқинда – ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланган “Жаҳон адабиёти” журнали ва журнал атрофида уюшган ҳозирги ўзбек таржима мактаби вакиллари ана шу йўналишда самарали фаолият олиб бормоқда.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон

[1] Қаранг: “Ўзбек адабиёти”. Тўрт жилдлик. 1-жилд. – Т.: Ўздавнашр, 1954. – Б. 9.

[2] Ўзбек театри, – “Туркистон”, 1922 йил 22 сентябрь.

[3] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. XVIII жилд. – Т.: “Фан”, 1981. – Б. 13.

[4] Ўша асар. – Б. 17.

[5] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами, 20 жилдлик. XVI жилд. – Т.: “Фан”, 1979. – Б. 262.