Марио Варгас Льоса. Ёш романнависга мактуб

ГИЖЖА ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Қимматли дўстим!
Хатингизни ўқиб чиқдим, очиғини айтсам, жуда-жуда ҳаяжонландим, негаки, унда мен мамлакатни мустабид Одрия1 бошқараётган даврдаги, нурсиз ва диққинафас Лимада ўтган ўн тўрт-ўн беш яшар пайтларимни кўргандек бўлдим. Ўша кезлари Сизга ўхшаб мен ҳам кун келиб ёзувчи бўламан, дея орзу қилар, бироқ бунинг учун нималар қилиш лозим, кимлардан маслаҳат сўраган маъқул – билолмай, юрагимнинг теран қатламларида туғилиб, муттасил мени турли воқеа-ҳодисалар ўйлаб топиш ҳамда шулар асосида Фолкнер, Хемингуэй, Мальро, Дос-Пассос, Камю, Сартрлар яратган ижод намуналари каби минглаб китобхонлар эътиборини қозонувчи асарлар ёзишга ундаётган мойиллик, ҳавас-иштиёқни қай йўсин рўёбга чиқаришга ақлим етмай, руҳан қийналиб юрардим.
Бир неча бор шу машҳур адиблардан бирига мактуб йўллаб, ёзувчи бўлиш учун нималар қилиш керак, дея маслаҳат сўрамоқчи ҳам бўлганман. Бироқ, ҳар сафар тортинчоқлигим туфайлимикан, эҳтимол, инсон қалбида мавжуд бўлган ҳар қандай фаолият кўрсатиш иштиёқини ҳали ибтидосидаёқ даф қилишга қодир умидсизлик сабаблимикан, хуллас, нима бўлган тақдирда ҳам, ёзиб юборишга журъат қилмаган эдим. Уларнинг биронтаси ҳам жавоб қайтаришни лозим топмасликлари олдиндан маълум бўла туриб, хат ёзишингдан нима фойда – лекин аслини олганда, мана шу нарса, шунингдек, жамият учун адабиёт беқадр, кераксиз ва умуман, ортиқча даҳмаза, дея салкам расман тақиқлаб қўйилган машғулот сифатида қаралиши бу каби мамлакатларда, айниқса, ёш истеъдодларнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Модомики, Сиз тортинмай хат ёзибсизми, демак, мен ҳозиргина тилга олган ҳар қандай фаолиятни тўхтатиб қўювчи қўрқув юрагингизда туғилган орзу-умидларга рахна сололмаётган экан, дея хулоса чиқарсам тўғри бўлар. Агар сиз чинданам шунақа қалтис ишга қўл уриб, бу фаолиятингиз эвазига беҳад ғаройиб самараларга эришишни кутар экансиз – гарчи мактубингизда бу ҳақда бир оғиз сўз юритмаган бўлсангиз ҳам – бунга ишончим комил – бошланиши чакки эмас. Сизга фақатгина ортиқча хомхаёлларга берилмасликни, яъни муваффақият қозонишга жудаям ишониб қолмасликни маслаҳат берган бўлардим, холос. Мени тўғри тушунинг, Сиз бунга – мақсадингизга тўла-тўкис эришишингиз мумкин. Нега эришмас экансиз! Бироқ воқеаларнинг Сиз кутгандан кўра бутунлай бошқача кечишига, кескин равишда ўзгариб боришига ҳам доимо тайёр туришингиз керак бўлади. Ҳар ҳолда, қатъиян, сабот кўрсатиб ёза бошлаётган ва ёзганларини эълон қилаётган қаламкаш борки, тез орада мукофотларга, китобхонлар ҳурматига сазовор бўлиш, асарининг миллионлаб нусхаларда чоп этилиши, халқ орасида обрў-эътибор қозониш, деган нарсалар қандайдир алоҳида, мутлақо мантиққа зид қонунлар изму ихтиёрида ҳамда ҳайратланарли ва ақл бовар қилмайдиган саркашлик билан айнан бунга муносиб талантларни четлаб ўтиб, энг нолойиқ кишиларга насиб этажагининг гувоҳи бўлади. Бошқача қилиб айтганда, агарда муваффақият Сиз учун ягона рағбатлантирувчи куч вазифасини ўтар бўлса, у ҳолда, орзулар ҳар доим рўёбга чиқавермаслиги мумкинлигига руҳан ҳозирлик кўриб қўйиш лозим бўлади, қолаверса, умуман олганда, адабиётни шуҳратнинг ёлғон-яшиқ жилоси ва ҳақиқатан ижоднинг айрим ёзувчиларга келтирган моддий бойликлари билан адаштириб юриш ярамайди. Булар бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.
Шу ўринда асосий мезон, чунончи: адабий истеъдоди бор одам учун, айнан ўзини намоён этиш имконини қўлга киритиш эҳтимоли бўлган ҳар қандай ардоқли мукофотлардан юксакроқ ва азизроқ турса керак. Менинг битта нарсага ишончим комил, гарчи адабий истеъдоднинг бошқа кўпдан-кўп жиҳатлари менга қоронғи ва номаълум эканига қарамай, ёзувчи ўзи танлаган бу соҳа – адабий машғулот – илгари синаб кўришга улгурган ёки келгусида шуғулланиш мумкин барча фаолият турларидан афзалроқ эканини ич-ичидан ҳис қилади, зеро, унинг учун ёзиш ижод туфайли эришиладиган ҳар қанақа мукофотлардан (у ижтимоий ёки сиёсий қийматга эга бўладими ёинки ундан моддий манфаат кўрадими, булардан қатъи назар), қўлга киритиш мумкин бўлган ҳар қандай ҳаёт тарзидан аълороқ эканини англайди.
Бу масаланинг нозик томони, у мутлақо истеъдодлиларга тааллуқли. Мабодо истеъдоддан асар бўлмас экан, у ҳолда Сизни қизиқтирган – ёзувчи бўлиш учун нималар қилиш керак, деган мавзуни давом эттиришдан фойда йўқ.
Истеъдод, бу, табиийки, қандайдир ақл бовар қилмас, мавҳум ва ўта ноёб ҳодисадир. Шунга қарамай, ўзига-ўзи маҳлиё бўлиш васвасаси ҳаттоки баъзан қарийб диний манманликка бориб етадиган ҳар хил чўпчакларни миядан чиқариб ташлаб, ақл-мулоҳаза кучи билан тушунтирса бўлади. Хаёлпараст кишилар истеъдодларни шундай таърифлаганлар: улар ёзувчиларни хос одамлар, худога яқин кишилар ёки илоҳий кучларнинг назари тушган ва шу билан бирга инсон руҳини юксалтиргувчи илоҳий сўзни инъикос эттириш тақдир этилган хилқат, деб қарашган – ўшанда унга Нафосат олами билан бирикмоқ саодати инъом этилур ва шу тариқа у мангуликка дохил бўлур.
Эндиликда адабиёт ёки санъат соҳасидаги истеъдод ҳақида бунақа тушунчалар билан мулоҳаза юритишга ҳеч ким ботинолмайди. Ҳолбуки, ҳозирги замонда урф бўлган тушунчалар унчалар ҳам юксак ва тақдир ҳақидаги тасаввуримизга унчалик мос келмаса-да, бу таълимотни жудаям юзаки ёки мавҳум, деб бўлмайди, негаки, гап қаердан пайдо бўлгани номаълум аллақандай қизиқиш ҳақида кетаяпти – у аёлми, эркакми, фарқи йўқ, ўша инсоннинг, иттифоқо, бир куни – дилида уйғонган мойилликни, ҳатто айтиш мумкинки, нимадир шунга мурожаат қилишга ундаган ва у бирдан фақатгина шу йўл билан, айтайлик, бадиий асар ёзиш орқали ўзлигини намойиш этиш ҳамда юрагида йиғилиб, тинчлик бермаётган гапларни тўкиб солиш мумкинлигини сезган онлариданоқ – бутун ҳаётини шунга бахш этишга мажбур эканини англаши ва пировардида, ўзига иноят қилинган аллақандай бурчни табиат ато этгандан кўра аълороқ, юксакроқ бажаришга интилиши ва шу тариқа умри бекор ўтмаётганлигига ишонч ҳосил қилишидир.
Инсон боласининг тақдири она қорнидаёқ битилган бўлади, деган ақидалар наҳотки рост бўлса; тасодифан ёинки инжиқ илоҳиётнинг ҳукми билан ҳали туғилмаган болага бунча истеъдод ёки умрни бесамар ўтказиш буюрилгани, бирон ишга нисбатан мойиллик ёки нафрат ўлчаб берилганига мен ишонмайман. Бироқ эндиликда мен ҳали олис ёшлигимда эътиқод қўйган – француз экзистенциалистлари, хусусан, Сартр волюнтаризми баён этган – ҳар бир одамнинг ўзи хоҳлаган нарсани танлаши истеъдод ва ҳар бир конкрет шахснинг келажаги шу тариқа ўлчанади, деган таълимотига ҳам ишонмайман. Гарчи талант тақдир томонидан берилиб, бўлғуси ёзувчининг ирсиятига жо қилинган нарса эканига ишонмасам-да, гарчи темир интизом ва ирода баъзан беназир ижодкорларни яратишига қодир, деб ҳисобласам-да, охир-оқибат, адабий истеъдод ҳеч қачон фақатгина одамнинг эркин танлаш ихтиёрига боғлиқ эмас, деган қатъий хулосага келдим. Тўғри, танлаш ихтиёрининг ўрни бор, лекин у фақат кейинги – иккинчи босқичда аҳамият касб этади. Дастлаб, шахсий, яъни туғма ёки болалигида ё ўсмирлигида шаклланган мойиллик пайдо бўлиши керак, ана ундан сўнг онгли равишда танлаш шу мойилликни мустаҳкамлаши – янгидан яратиши эмас, мустаҳкамлаши керак.
Мен бир нарсага шубҳа қиламан, агар янглишмаётган бўлсам (назаримда, янглишаётгандекман), инсон кимлигидан қатъи назар, модомики, жуда эрта – ҳали болалиги ёки ўсмирлигидаёқ ўзи яшаётган муҳитдаги одамлар, воқеалар, ҳодисалар ҳамда ўзгача ҳаётни хаёлан яратишга ҳавасманд бўлар экан, мана шу қизиқишни, таъбир жоиз бўлса, адабий талантнинг илк аломатлари сифатида изоҳлаш мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, тасаввур кучи ёрдамида ҳақиқий ҳаёт, реал оламдан хаёлот оламига қочишга уриниш билан ёзувчилик ўртасида ўтиб бўлмас тубсиз жарлик мавжуд, зеро, бу жарликни оддий одамлар енгиб ўтолмайди. Ёзувчи, деган номга мушарраф бўлиш ҳамда сўзлар орқали янги олам яратиш камдан-кам одамга насиб этади – ўзларининг ҳавас-майлларига ирода кучини қўша олганларгина бунга эриша оладилар. Мана шуни Сартр танлаш деб атаган бўлса бордир. Бошқача қилиб айтганда, инсон қандайдир фурсат ичида ёзувчи бўлишга аҳд қилди. Ўзини шу рутбада кўришни танлади. Ёки ўзига шу тақдирни танлади. Шу тариқа у янги ҳаёт ва янгича дунё ўйлаб топиш учун (бош миянинг бизга пинҳон қисмларида) хизмат қилган мойилликни энди ёзма равишда, сўзлар орқали ифодалаш йўлига ўтади. Айтганча, Сиз айни пайтда янги реалликни яратишгагина эмас, балки қоғозга туширишга тайёр ё тайёр эмаслигингизни узил-кесил ҳал қилиш шарт бўлган жўшқин, шу билан бирга масъулиятли даврни бошдан кечираётган бўлсангиз керак. Башарти, Сиз бунга тайёр эканингизни тасдиқласангиз, табиийки, бу Сизнинг шу йўлда жиддий қадам ташлай олишингиздан дарак беради, бироқ у ўз ҳолича ҳеч нимага кафолат беролмайди. Ҳолбуки, ёзувчи бўлишга қатъий қарор қилишнинг ўзи ҳам, ўз ниятларини амалга оширишга умрни бағишлаш мақсади ҳам – ёзувчи бўла бошлаганингизнинг ифодасидир.
Ёшликданоқ хаёлий одамлар ҳамда ҳодисаларни ўйлаб топишга интилиш қаердан пайдо бўлади? Назаримда, бу исёнкорликнинг бир кўринишидан бошқа нарса эмас. Башарти, кимки чинданам ўзи яшаётган воқеликдан ажралиб турадиган ҳаётни ўйлаб топишга, шуни хаёлида “яратишга” бутунлай берилар экан, у бу орқали ўзини қуршаб олган реал оламдан юрагида пинҳон тутган норозилигини, ўз тасаввури ва хаёлларида яратган олам билан мавжуд ҳаётни ислоҳ этиш истакларини изҳор этаётганига заррача шубҳа қилмайман. Билъакс, айтинг-чи, мавжуд реал воқеликдан ва ўзининг ҳаётидан мамнун одамга ҳаётда бўлмаган, бўлмаслиги ҳам муқаррар ёлғондакам ва бир лаҳзалик сароб-ҳаётни яратишга вақтини сарфлашнинг нима кераги бор?
Начора, бошқача ҳаёт ва ўзга тақдирларни яратиш орқали мавжуд воқеликка қарши норзилик билдирган одам, табиийки, минг хил сабабларга кўра шундай иш тутган бўлади. Бу сабаблар эса яхши ниятда ёки аксинча, олийжаноб мақсадларга ёки қорахаёлларга боғлиқ ҳолатда мураккаб ва шу билан бирга жуда жўн тарзда амалга оширилиши ҳам мумкин. Реал воқеликка қилинган азалий даъво характери (ишончим комилки, ижод қилиш хоҳиши ва асар яратиш тагзаминида ҳамиша даъво ётади) ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ўз ҳолича, даъво қанчалар кескинлиги билан, даъво инсоннинг шу тахлит ҳаёт кечиришига (Дон Кихот сингари шамол тегирмони билан олишишига монанд), қайсики, моҳиятан конкрет ва объектив дунёни нореал ва хаёлий оламга тенглаштиришдан иборат бўлган ғайрат-иштиёқни алангалатишга нечоғлик қодир эканлиги билан муҳим.
Бунинг устига хомхаёл ва амалга ошириб бўлмайдиган бу вазифа, айтиш мумкинки, нохолис – ҳаққоний тарзда эмас, балки образлар воситасида бажарилади, бироқ шундай бўлса ҳам унинг реал воқеликка, яъни тирик одамларга таъсир қилмай иложи йўқ.
Таъбир жоиз бўлса, воқелик билан бу тахлит рақобат (адабиёт ва адабий истеъдоднинг пинҳоний моҳияти мана шу бўлади)нинг мавжудлиги, ўз навбатида, унинг у ёки бу давр ҳақида бирдан-бир кенг кўламли тасаввур уйғотишга ёрдам бериши олиши далилидир. Бундай тўқималардан фойдаланиб, акс эттирилган ҳаёт – айниқса, моҳирлик билан ўйлаб топилган – аслини олганда ҳеч қачон уни ёзган муаллифлар, шу билан бирга, уни ўқиган ва унинг қадрига ета олган ўқувчилар бошдан кечирган ҳаётнинг инъикоси бўлмайди, мутлақо, бу бошдан-оёқ ҳамда тўла-тўкис тўқилган ҳаётдир – бунақа яшашнинг сираям иложи йўқлиги оқибатида ёзувчи лоақал тасаввурида ва фақатгина ўзининг таъбига мувофиқ яратилган ҳаётда яшаб кўришга қарор қилган. Бадиий тўқима – ёлғон, лекин унинг замирида тенгсиз ҳақиқатлар яширинган бўлади; бу ҳеч қачон содир бўлмаган, бироқ шунга қарамай, барча замонларда яшаган одамлар уни орзу қилади ва шу сабабли уни ўйлаб чиқаришга мажбур бўлишади. Бу тарихий ҳақиқат эмас, тўғрироғи, аслида бўлмаган, аммо-лекин айнан бўлиши мумкин эмаслиги учун ҳам сўзлар билан тасаввур қилиб яратишга ва чинакам ҳаёт қондиролмайдиган талабларни қондиришга, одамлар ён-веридаги мавжуд бўшлиқни ўзлари ўйлаб топган жонли, тирик шарпалар билан тўлдириб эгаллашга уринаётган тарихий воқеликнинг сохта кўриниши ёки аксидир.
Бунақа исёнкорлик, турган гапки, ниҳоятда шартли. Аксар қаламкашлар тийнатларида шундай туйғу мавжуд эканлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, агарда, ёзувчиликка, хаёлпарастлик ва уйдирма тўқиб чиқаришга бўлган иштиёқлари қанчалар жиддий оқибатларга олиб бориши мумкинлигини аниқ билганларида эди, танг қолишган ва оддий ҳаётда қуршаб турган оламнинг асос-негизларини барбод қилувчи бузғунчилар ўзлари эканликларидан кайфлари учиб кетган бўларди. Иккинчи томондан, уларнинг исёнкорлиги унчалик ҳам таҳликали хусусият касб этмайди, айтинг-чи, тўқиб чиқарилган хаёлий олам реал ҳаётга қанақасига зарар етказиши мумкин? Бунақа рақобатнинг нимаси хавфли? Сиртдан қараганда ҳеч зиёни йўқ. Ахир, гап ўйин хусусида кетаяпти, ё нотўғрими? Башарти, ўзига ажратиб берилган чегарадан чиқиб, реал ҳаётга қоришиб кетмаса, ўйин, одатда, ҳеч қанақа хавф туғдирмайди. Айтайлик, битта-яримтаси – масалан, Дон Кихот ёки Бовари хонимга ўхшаганлар – тўқима ва ҳаёт ўртасидаги тафовутни саркашларча рад этиб, шунингдек, жон-жаҳди билан ҳаётини адабий асардагина учрайдиган тарзда қурмоқчи бўлар экан, бунинг охири, одатда, хайрсиз тугайди. Бундай ҳолатда жазо тариқасида одам умидсизликка берилади, ҳаётдан кўнгли совиб кетади.
Шунга қарамай, адабий ўйинни безиён деб ҳам бўлмайди. Адабиёт, аслида, одамнинг ҳаётдан ич-ичидан қониқмаслиги маҳсули, бироқ бадиий тўқима ҳам ўз навбатида, кўнгилда хавотир ва қониқмаслик туйғусини уйғотади. Китоб ўқиётганида ўша буюк асарларда тасвирланган, масалан, ҳозиргина мен эслатиб ўтган Сервантес билан Флобернинг романларидаги ҳаётни бошидан кечиргандек бўлган одам, реал ҳаётга қайтгач, унинг ғариб ва ночор, иллатлар кони эканлигини янаям кучлироқ ҳис қилади, ахир, у буюк тўқималарга қараганда реал ҳаёт, жонли воқелик беҳисоб даражада нурсиз, чакана эканлигини кўрди-да! Ҳақиқий адабиёт уйғотган реал ҳаётдан норозилик, айрим ҳолларда, мавжуд тузум, бошқарув тартиблари ёки таълимотлар ва маслакларга қарши норозиликларга айланиб кетиши мумкин.
Мана шу сабабли испан мустабидлари романларга нисбатан ўта ишончсизлик билан қараган ҳамда назорат ва тақиқни кучайтирган. Бу ҳам етмагандек, Америка қитъасидаги Испания мустамлакаларида ўша асарларни ўқиш уч юз йилгача ман қилинди. Гўёки бу бемаъни, куракда турмайдиган уйдирмалар ҳиндуларда худони унутишга олиб келармиш, ҳолбуки, теократия ҳукмрон жамиятнинг асосий вазифаларидан бири бундай бадхоҳликка йўл қўймаслик, керак бўлса, уни илдизи билан қуритишдан иборатдир. Нафақат инквизиция, балки фуқароларининг ҳаётини назорат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳар қандай ҳукумат ва тузум адабиётга худди шундай ишончсизлик билан қарайди, бир дам бўлсин, назардан қочирмайди ва цензура ёрдамида уни тийиб туради. Айтиш лозимки, улар ҳам, бошқалар ҳам ҳақ, чунки ҳар қанча безиён-безарар туюлгани билан бу машғулот, яъни воқеа ва ҳодисаларни тўқиб чиқариш ўз эркини намойиш этишнинг усули ҳамда шу эркни бўғишга қасд қилган дунёвий кишиларми ёки руҳонийларми – фарқи йўқ, ўшаларга қарши бош кўтаришнинг аломатидир. Мана шунинг учун ҳокимият – у қандай кўринишда бўлмасин – фашизмми, коммунизмми, ислом фундаментализми бўладими, Африка ёки Лотин Америкасидаги ҳарбий тузумми – ҳамиша адабиётни цензуранинг шафқатсиз тақиқлари ёрдамида назоратга олишни бирламчи ва салкам асосий вазифаси деб билади.
Бироқ, қарангки, шу умумий мулоҳазалар туфайли биз Сизни қизиқтирган асосий масалалардан четга чиқиб кетдик, мактубингизга қайтадиган бўлсак, Сиз қалбингизда алланечук майл-рағбат сездингиз, кейин эса сабот ва иродангиз кучини намойиш этиб, ўзингизни адабиётга бахш этишга қарор қилдингиз. Хўп, ундан кейин-чи?
Сизнинг адабиётни тақдирингизга айлантиришдек азму қарорингиз, авваламбор, унга садоқат билан хизмат қилишга тайёр бўлишингизни ва моҳиятан унинг қулига айланишингизни тақозо этади. Фикримни янада аниқроқ тушунтиришим учун тамсил қўлласак, хафа бўлмассиз, Сиз, айтайлик, маълум даражада семириб кетишдан ниҳоятда қўрқиб бежирим қоматини сақлаб қолишни орзу қилганлиги важидан узун гижжа тасмасини ютишга рози бўлган ХIХ асрнинг машҳур хонимларига ўхшаб кетасиз. Ичакларини, ички аъзоларини ўша паразит эгаллаб олган одамни қачондир кўриш насиб этганми сизга? Мен кўрганман ва Сизни ишонтириб айтаманки, ўша хонимлар қаҳрамон аёллар, гўзаллик жафокашлари дея аталишга лойиқдирлар. Олтмишинчи йилларнинг бошларида Парижда Хосе Мария деган асли испаниялик ёш рассом ва киночи дўстим бўларди. У ана шу касалликка чалинган эди. Гап шундаки, одам организмига ўрнашиб олган гижжа бамисли унинг узвий бир қисмига айланади, унинг ҳисобидан овқатланади, ўсиб, қувватга киради, хожага айланган ва дориламон яшаётган гижжани одам танасидан ҳайдаб чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Хосе Мария ичига ўрнашиб олган паразитни тўла таъминлаш учун тинимсиз еб-ичган (биринчи навбатда сут) тақдирда ҳам озиб-тўзиб борарди, агар шундай қилмаса, бечоранинг тортаётган азобларига чидаб бўлмасди. Бироқ ҳар қанча емасин ва ичмасин, унга нафи тегмас ва нафси ором олмас, ҳузур бағишламас эди. Кунларнинг бирида Монпарнасдаги ихчамгина ресторанда суҳбатлашиб ўтирганимизда Хосе Мария ўз дарду ҳасратини дастурхон қилди ва мен ҳайратдан қотиб қолдим. У: “Биз сен билан кўпинча бирга бўламиз. Кинога, кўргазмаларга бирга борамиз, китоб дўконларини айланамиз, сиёсат, адабиёт, кино, умумий танишларимиз ҳақида соатлаб тортишамиз. Буларнинг бари сенга ҳузур бағишлайди, менга эса – мутлақо. Мен нима қилсам, ўша гижжам учун қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам, энди ўзим учун эмас, ичимга кириб ўрнашиб олган, мени гўёки қулига айлантирган гижжа учун яшаётганга ўхшайман, бошқа иложим йўқ, уни боқишим шарт, шунга мажбурман”, – деганди.
Ўша-ўша ёзувчининг ҳаётини дўстим Хосе Мариянинг ҳаётига қиёслайвераман. Адабиёт – кўнгил ҳуши эмас, спорт ҳам, бекорчиликдан вақтни гўзал ўйинлар билан ўтказиш ҳам эмас. Бу “машғулот” одамдан ўз ҳаётини тўла-тўкис, бутунлигича бахш этишни ҳамда ўзини фидо этиши мумкин бўлган барча фаолият турларидан воз кечишни талаб қилади, бошқа ҳеч бир нима халал бермаслиги шарт бўлган биринчи ўриндаги нарса, у ўзини кўнгилли равишда танлаган кишиларни – бахтиёр жафокашларни қулга айлантирадиган фидойиликни талаб этадиган фаолият. Адабиёт билан доимо шуғулланиш шарт, у инсон ёзиш билан шуғулланиб ўтирадиган соатлардангина иборат эмас, у умрбод ҳаётингни банд этади; у бошқа ҳамма ишларни ўзига бўйсундиради, чунки адабий фаолият одамзоднинг ичига кириб олган баҳайбат гижжа сингари ёзувчининг ҳаётини нест-нобуд қилади. Флобер: “Адабиёт – ҳаёт тарзи”, – деган эди. Бошқача қилиб айтганда, кимки шунчалар гўзал ва чексиз шуҳрат келтирувчи соҳани танлаган бўлса, у яшаш учун ёзмайди, балки ёзиш учун яшайди.
Аммо, маълум бўлишича, ёзувчилик истеъдодини гижжага қиёслаш янгилик эмас экан. Мен буни яқингинада, ёзувчилик қисматини нозик таҳлил қилатуриб, Томас Вулф (Фолкнернинг устози, “Замон ва дарёлар ҳақида”, “Уйингга қарамасанг бўлмайди”, “Фаришта” каби ўта кучли романлар муаллифи) ўзини худди ичига чувалчанг кириб қолгандек тасвирлаганини ўқиб қолганимда билдим: “…болаликдан мерос хайрли, мавҳум ва беқарор, эсда қолмайдиган тушлар тугади. Қурт юрагимни батамом қамраб олди, у бўғим-бўғим бўлиб, ҳалқасимон шаклда ўралиб, менинг шуурим, руҳим ҳамда хотираларим шарбатини сўрганча, ўша ерда ётибди – ўз қалбим алангаси ўзимни ёндираётганини, мени ўзимнинг кеча-ю кундуз оч қолаётган нафсим кемираётганини сезаман, мен шиддатли ва ҳаётимни элбурутдан маҳв қила бошлаган, қондириб бўлмайдиган ташналигим тутқунига айлангандекман. Бошқача қилиб айтганда, бундай буён миям, юрагим ёки хотирамнинг қайсидир ҳужайралари абадулабад кечаси-ю кундузи, ухлаётганимда ҳам, бедорлигимда ҳам ёниб-ўртаниб туражагини; қуртми, ўша чувалчангми тамшанганда жисми-жоним ёна бошлаши ва ҳеч қандай дори-дармон – нон ёки сув, дўстлик, сайру саёҳат, спорт, аёл муҳаббати, бойлик ёки мансаб, обрў-эътибор – жонимга оро киролмаслигини, токи ажал охир бир куни тим қора, зим-зиё чойшабини устимга ёпгунга қадар бу дардимдан фориғ бўлолмаслигимни тушуниб етдим. Ниҳоят, мен ёзувчи бўлиб етишганимни, бинобарин, ижод йўлини танлаганимни англадим”.
Менимча, кимки ўзини динга бағишлагандек, бутун умри, куч-қувватини адабиётга бахш этишга қатъий қарор қила олсагина, ҳақиқий ёзувчи бўла олиши ва номини кўкларга кўтаргулик асарлар ёзиши мукин. Яна бир тушуниб бўлмайдиган нарса борки, у “талант” деб аталади. Даҳо бўлиб туғилмайдилар, гарчи шоир ёки бастакорлар орасида ёшлигида бирдан, кутилмаганда бунга эришганлар учраб турса-да (Рембо билан Моцарт фикримнинг ёрқин далили бўла олади), носирлар орасида бунақасини кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз – йўқ, негаки, бундай даражага узоқ йиллик тартиб-интизом ва машаққатли меҳнат орқали эришилади. Тезпишар романнавислар бўлиши мумкин эмас. Барча буюклар, жамики ажойиб романнавислар дастлаб шогирд бўлишган, уларнинг истеъдоди тиришқоқликлари эвазига йиллар давомида секин-аста ривожланиб, юксалиб борган.
Хуллас калом, эндигина адабиёт оламига кириб келаётган бошловчи қаламкашлар, ҳали ёшлигидаёқ даҳо эканлиги маълум бўлган Рембодан фарқ қилувчи, яъники ўз истеъдодини мисқоллаб юксалтирган адиблардан, уларнинг тинимсиз изланишлари, сабр-синоатларидан ўрнак олишлари лозим.
Мабодо адабий талантнинг камолотга қандай қилиб эришмоғи мавзусига қизиқсангиз, Сизга Флобернинг кўламдор, айниқса, севгилиси Луиза Колага 1950–1954 йиллар оралиғида ёзган мактубларини топиб ўқишни тавсия қиламан. Айнан шу йиллари Флобер ўзининг биринчи асари – “Бовари хоним”ни ёзаётган эди. Эндигина ижод қила бошлаганимда, бу ёзишмалар ўзимга ҳам озмунча ёрдам бермаган. Гарчи Флобер табиатан ўта бадбин, мазкур мактублари башарият шаънига ёзғиришлар билан тўла эса-да, унинг адабиётга бўлган муҳаббати чек-чегарасиз ва ибратомуз эди. Шунинг учун у беқиёс лаёқати туфайли ўзининг юксак бурчига салибчилар каби содиқ қолди, умрини унга бағишлади, зеро, ўзига бўлган талаби бағоят чексиз эдики, ҳайрон қолмасдан иложинг йўқ. Шу боис ҳам дастлаб намоён бўлган мавжуд ижодий имкониятлардан (булар унинг илк ёзганларидаги дабдабабозлик ва ўша замондаги номи чиққан романтизм дарғаларига кўр-кўрона тақлид қилишларида кўзга ташланарди) кўра аълороқ натижаларга эришди ва “Бовари хоним” ҳамда “Ҳиссиётнинг тарбияланиши”дек романлар ёзишга муваффақ бўлди – уларни ҳақли равишда янги замон романлари деса арзийди.
Мазкур хатингизнинг мавзусига тааллуқли яна битта китобни Сизга тавсия этишни ўзимга эп кўрган бўлардим. Бу тамомила бошқа, америкалик Уильям Берроуз деган ёзувчининг асари. Мен унинг “Жанки” романини назарда тутаяпман. Аслида, Берроузни романнавис сифатида тилга олмоқчи эмасман, қолаверса, унинг китобларига ортиқча ихлосим йўқ; унинг тажриба сифатида ёзган психологик романларини ўқиб зерикиб кетаман. Биронта асарини охиригача ўқиб тугатмаганман, шекилли. Лекин унинг нима учун ва қандай сабабларга биноан гиёҳвандлик кўчасига кириб қолгани (шак-шубҳасиз, буни туғма мойиллигидан, дейиш ҳам мумкин) – ўзининг камчилиги ва ожизлиги ихтиёрий равишда уни бахтиёр қулга айлантириб қўйгани, яъни бу йўлни ихтиёрий танлагани ҳақидаги илк асари – “Жанки” бундан мустасно; назаримда бу, адабий ижоднинг ишончли ва тўғри тасвири – ёзувчининг ўз ижодига тамомила қарамлиги, айни чоқда бу ижод ижодкор ҳаётининг ҳар бир дақиқасида қай тариқа унинг ҳисобидан ўзини-ўзи таъмин этаётгани тасвирланган автобиографик, ҳужжатли асардир.
Аммо, азиз биродар, мазкур хат эпистоляр жанри учун мақсадга мувофиқ белгиланган ўлчов меъёридан ошиб кетди, ҳолбуки, унинг бирламчи афзал жиҳати айнан қисқалигида намоён бўлиши лозим, шундай экан, Сиз билан хайрлашишга тўғри келади. Омон бўлинг!

КАТОБЛЕПАС

Азиз дўстим!
Кейинги кунларда ишим жуда кўпайиб, бош қашишга ҳам улгурмай, Сизга вақтида жавоб ёзолмадим, узр, бироқ шундай бўлса-да, шу давр ичида менга йўллаган хатингиз фикру зикримдан озгина бўлсин, нари кетмади. Бунинг сабаби ёлғиз Сизнинг ташаббускор иштиёқингиз эмас, балки ҳар хил бахтсизликлар, қийинчиликлару кўнгилсизликлардан осонроқ халос бўлишда адабиётдан кўра яхшироқ ёрдамчи куч йўқ, деган фикрингизни қўллаб-қувватлашимдир ва бунга ишонган ҳолда қўшимча қиламанки, Сизнинг: “Романлар асосидаги воқеа-ҳодисалар қаердан олинади?” ҳамда “Роман муаллифлари ўз китоблари учун мавзуни қандай қилиб тўқиб чиқарадилар?” деган саволларингиз мени ҳам – эндигина адабиётга кириб келган онларимдан буён – гарчи шу чоққача озмунча китобларим чиқмаган бўлса-да, ҳали-ҳануз ҳаяжонга солишидир.
Бу саволларингизга жавоб беришга тайёрман, бироқ менинг жавоб тариқасидаги фикр-мулоҳазаларимни айнан, сўзма-сўз қабул қилиш керак эмас, акс ҳолда уларнинг маъноси бутунлай ўзгариб, бузилиб кетади.
Ҳар қандай ҳикоя асосида – уни ёзаётган инсоннинг бошидан ўтган воқеалар, ҳаётда кўрган-кечирганлари ётади, яъни ҳар бир тўқиб чиқарилган воқелик ҳаётий тажрибадан озиқланади. Бироқ бу, роман, шубҳасиз, муаллифнинг ошкор бўлмаган биографиясидан иборат экан, деган фикрни билдирмайди, ҳолбуки, ҳар қандай бадиий асардан, ҳаттоки, мутлақо жиловланмаган хаёлотнинг самараси бўлган асардан ҳам уларни яратган одамнинг тажрибаси билан чамбарчас боғлиқ таянч нуқтани, кўнглида сақланган пинҳоний манбасини излаб топса бўлади. Баралла айтишим мумкинки, ушбу қоида беистиснодир, шу сабабдан, адабиёт оламида бошдан-оёқ, қип-қизил тўқимадан иборат асар бўлмайди. Ҳар қандай тўқима – бўлиб ўтган воқеаларнинг муаллиф хотирасида ўрнашиб олган персонажлар, ҳолатлар асосида хаёлан бино қилинган меъморчилик иншоотидир; ана шулар унинг ижодий тасаввурига туртки беради, тасаввур бу уруғлардан шунчалар ранг-баранг ҳолда мазмундор олам яратадики, баъзан бу йўлда унга бирламчи асос ва йўл кўрсатувчи сифатида маълум даражада хизмат қилган автобиографик материал, шунингдек, қип-қизил уйдирма билан унинг тескариси – бориб турган реал воқелик ўртасидаги пинҳоний уйғунликни деярли (баъзида “деярли”сиз ҳам) ажратиб кўрсатиб бўлмай қолади.
Бир замонлар адабий йиғинларнинг бирида сўзга чиққанимда, бу ҳодисот тартибан бир ҳисобдан тескари стриптизга ўхшашлигини тушунтириб бермоқчи бўлгандим. Роман яратишни, чинданам, томошабин кўз ўнгида кийимларини ечиб яланғоч баданини намойиш этишни ҳунар қилиб олган аёлнинг ишига қиёсласа бўлади. Романнавис буларнинг ҳаммасини ғайритартибда амалга оширади. Роман яратар экан, у бамисли ўзи тасаввур қилган янги-янги либослар, рангдор, пишиқ газламалар билан аввалбошдан яланғоч бўлган баданини бирин-сирин ёпиб боради. Мазкур жараён шунчалар мураккаб ва нозикки, гоҳида муаллифнинг ўзи ҳам тайёр бўлган маҳсулотидаги – бу унда одамлар ҳамда воқеа-ҳодисаларни ўйлаб топиш лаёқати нақадар ривожланганини кўрсатади – ўша ҳаёт инъом этган, сўнгра тасаввури ривожлантирган, хотираларида яширинган тимсоллар билан одамларнинг қиёфаларини, муаллифнинг азму ихтиёрига қанот бахш этган ҳамда мана шу асарни ёзиб ташлашга ёрдам берган омилларни ажратиб кўрсатишни эплай олмайди.
Энди суҳбатимизни роман мавзуси билан давом эттирсак. Назаримда, ёзувчи ёзаётган асари учун материални бамисли катоблепас – авлиё Антоний кўзларига кўринадиган (Флобернинг “Авлиё Антонийнинг йўлдан озиши” асарида), кейинчалик Борхес “Ғаройиб ҳайвонот дунёси дарслиги”да қайта тиклаган афсонавий махлуқ сингари ўз кўнглидан – ичидан топади. Катоблепас – панжаларидан бошлаб ўзини-ўзи еб битирадиган ғайритабиий жонзот. Ёзувчи ҳам том маънода эмас, албатта, асарига воқеалар топиш учун материал излаб, ўзининг ҳаётий тажрибаларини “ея бошлайди”. У хотиралари инъом этган материалардан одамлар, алоҳида ҳодисалар ва манзаралар яратиш учун нафақат бир манба сифатидагина фойдаланади, балки бу жараённи – романни барпо қилишдек ниҳоятда оғир ва узоқ давом этадиган жараённи – ниҳоясига етказишда сув билан ҳаводек зарур, унингсиз уддалаш мумкин бўлмаган омил – иродасига куч-қувват бахш этувчи манбани ҳам излаб топади.
Роман мавзулари ҳақидаги мулоҳазаларимни бироз чуқурлаштиришга ҳаракат қиламан. Муаллиф мавзуни эмас, балки мавзу муаллифни танлайди. Ёзувчи хаёлига нима келса, ўша нарсалар ҳақида ёзади. Мавзу танлашда унинг эрки анча-мунча чекланган, ҳатто айтиш мумкинки, унинг хоҳиш-ихтиёри умуман инобатга олинмаслиги ҳам мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, ёзувчининг эркинлиги, яъни масъулияти адабий шакл танлаш олдида ҳеч нарса эмас. Бу хусусда фикрим қуйидагича: ёзувчига мавзуни ҳаёт – узр, бу сўз жуда баландпарвоз эканлигини ўзим ҳам яхши биламан – беради: умри давомида бўлиб ўтган муайян воқеалар ҳаётий тажрибалар сифатида унинг шуури ва хаёлларида хотира бўлиб қолади, кейинчалик бошидан ўтган бу кечмишлар уни таъқиб қилади, баъзан яшашга халал беради, ёзувчи пировардида улардан қутулиш истагига тушади, бунинг учун ҳар турли тўқималарни ҳикояларга айлантириб юборади. Ҳаётий тажриба туфайли туғилган мавзулар қандай қилиб ёзувчи кўнглидан жой олишига алоҳида мисоллар келтириш шарт эмас – бунга ҳар қандай хотира гувоҳ бўла олади, манави воқеа, манави персонаж, юз берган анави вазият, ўша ишқий саргузаштлар мени тинч қўймади, худди юрагимнинг чуқур қатламларидан даъват келаётгандек мен уларга бутун вужудим билан мубтало бўлган эдим, охири ўша чақириқ овозини ўчириш мақсадида шуларнинг барини қоғозга туширишимга тўғри келди, деган дил сўзларини эшитиб қолиш шундан. Турган гапки, шунақа пайтда хаёлимга биринчи бўлиб Прустнинг номи келади. Уни чинакам ёзувчи-катоблепас, деса бўлади, нима дедингиз! Ўзининг ҳаёти ҳақида шунақа маҳобатли ва улуғвор бадиий асар ёзиб, оиласи, дўстлари, қуршаб турган табиат манзаралари, ўзаро муносабатлар, дид-маданиятлар, улар ҳақида очиқчасига гапириши мумкин эмаслигидан қатъи назар, ҳузур-ҳаловатлар ҳамда тушкунликлар, шу билан бирга, инсон қалбининг сирли ва нозик фаолияти: орттириш, танлаш, ажратиш, дафн этиш, тағин ковлаб олиш, бирлаштириш, ўтмиш даврдан хотира бўлиб қолган қиёфа-образларни қайтадан излаб топиш, умумлаштириш ва такрор саралаш, сайқал бериш ё бузиб акс эттиришларни “Йўқотилган вақтни излаб” роман-достонларининг яратувчисидан кўра кўпроқ яна ким ўз хотиралари харобаларида археологларга хос синчковлик билан тадқиқот ўтказиб, бунинг оқибатида катоблепасга ўхшаб шунчалик фидойилик ва сабот-матонат кўрсатганча ўзини-ўзи маҳв этган экан? Биографлар (масалан, Пейнтер) Пруст роман-достонларида тасвирланган дабдабали ифодалар ортида яширинган реал воқеалар ва персонажлар рўйхатини ипидан-игнасигача тузиб чиқишга эришганлар ва бу билан муаллиф ҳаётдан олган материаллари асосида бу мафтункор асарнинг қандай яратилганлигини ишонарли тарзда тадқиқ этиб берганлар. Аслини олганда эса, тадқиқотчилар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган автобиографик деталларнинг тафсири бутунлай бошқа хулосаларни беради: Прустнинг ижодий даҳоси бу тахлит ўз-ўзини таҳлил қилиб, ўтмиши қаърига шўнғиш орқали ҳаётида рўй берган ҳаддан ташқари оддий ҳодисаларни бамисли гўзал ва ранг-баранг гиламдек тасвирлашга қодирлигини, инсон тийнатини мукаммал ифода этиш орқали нурафшон, эсда қоларли манзаралар яратишда беқиёс эканлигини кўрсатади.
Мана шу нарса аввалгиларидан кўра аҳамиятлироқ хулоса чиқаришга ундайди. Гарчи ёзувчининг ҳаётида рўй берган ёки у кўрган ва кузатган воқеа-ҳодисалар оқибатида ҳосил бўлган ҳаётий тажрибалар тўқиманинг асосий ғоясини ташкил этса ҳам, реал ҳаёт ҳеч қачон ягона таянч бўла олмайди. Улар ўртасидаги тафовут жуда катта, ҳатто, айтиш мумкин, беҳад улкан, чунки орадаги жараёнда – қачонки, мавзу сўз орқали ўз ифодасини топиб махсус тартиб берилган ҳикояга айланаётганда – автобиографик материал ўзгармасдан қолмайди, у хотирадаги бошқа борлари билан – ё тўқилган, ё қайта ишланган материаллар ҳисобига бойийди, баъзан эса саёзлашади ҳам. Бу жараёнда мавзу, табиийки, роман бадиий жиҳатдан юксак даражада яратилган бўлсагина, структурага айланади, бунинг ҳисобига тўқима тўла-тўкис мустақиллик касб этади – бадиий матн бундан бу ёғига мустақил ҳаёт кечириши учун айнан шундай бўлиши керак. Бадиий ижод жараёнида муаллифнинг хотиралари етказиб бераётган материал ўзгаришга учраб, сўзлардан тўқилган объектив оламга, яъни романга айланади. Шакл эса тўқимани конкретлаштиришга хизмат қилади, ана шунда, агар бадиий ижодни тўғри тушунишимга инонсангиз (такрор айтаман, бунга ўзимнинг ишончим унчалик комил эмас), романнавис тўла-тўкис эркин бўлади, бинобарин, шунинг таъсирида, роман савияси қандай чиқишини белгилайди. Эҳтимол, Сиз юқорида айтилган мулоҳазалардан келиб чиқиб, ёзувчи тўқир экан, ўзи топган мавзулар учун жавобгар эмас, чунки уларни ҳаёт зўрлаб ўтказади, дейишингиз мумкин. Бироқ у кейинги – адабий асарга айлантириш фаолиятига масъул, шу боис, охир-оқибат ёзганларининг муваффақиятли чиқишига ҳам жавобгар. Ахир, моҳият эътибори билан қараганда, истеъдод ва истеъдодсизликни асарида намоён этаётган айни унинг ўзидир. Ҳа, албатта, мен айнан мана шундай, деб ўйлайман.
Нима учун ёзувчининг ҳаётида сон-саноқсиз воқеалар юз беради-ю, бир хиллари – бунақалари жудаям кам – ижодий тасаввур учун ниҳоятда самарали таъсир этади, бошқалари эса – бу аввалгиларига нисбатан анча-мунча кўп учрайди – унинг кўз ўнгида содир бўлгани билан илҳом уйғотиш тугул, заррача таъсир қилмайди? Мен бунга аниқ жавоб беролмайман. Очиғи, тахмин қиламан, холос. Афтидан, ёзувчининг ижодида асқотадиган, уни ҳар хил воқеалар ўйлаб топишга ундайдиган шахслар, қизиқ-қизиқ воқеалар, кескин вазиятлар ва зиддиятлар айни реал ҳаётга, у яшаётган муҳитга тўғри келмайдиган ҳодисалар жумласига киради – бу эса, эсласангиз, аввалги хатимда айтиб ўтганимдек, ёзувчи бўлишга интилишнинг асоси, инсонни мавжуд муҳитга қарши чиқишга ундовчи яширин куч, энг муҳими, бу муҳитни уйдирма билан алмаштиришнинг рамзий кўринишидир.
Сон-саноқсиз мисоллар орасидаги шу фикрни тасдиқлаш учун намуна сифатида унчалик донг таратмаган, аммо ҳаддан ташқари сермаҳсул ижодкор – ХVIII асрда яшаб ўтган француз ёзувчи Ретиф де ла Бретонни тилга олишни истардим. Уни истеъдодли деб билганим туфайли эмас, аслида, у ўртамиёна ижодкор, балки муаллиф ўз норозилигини баён қилиш учун китобларида реал воқеликни бутунлай бошқача, яъники исёнкор қалбининг даъватларига биноан тасвирлаш орқали мавжуд оламга исёнини аниқ намойиш эта олгани учун танладим.
Ретиф де ла Бретонн қаламига мансуб энг машҳур асар – “Жаноб Никола” автобиографик романидир. ХVIII аср Франциясида ҳукм сурган ҳаёт тарзи, урф-одатлар, кундалик ҳаётда учрайдиган удумлар, байрамлар, ҳунармандчилик, оддий халқнинг кийиниши, хурофоту эътиқоди ҳар бир нарсанинг тагига етмагунча қўймайдиган жамиятшунос – ўзига хос одат-қилиқлари билан бошқалардан ажралиб турадиган инсонлар тоифасининг инжиқ коллекционери – томонидан акс эттирилгандек таассурот қолдирадики, тадқиқотчилар, муаррихлар ёки жамиятшунослар тиниб-тинчимас Ретиф яратган бу манбадан бекаму кўст фойдаланишади. Ижтимоий-тарихий воқеа-ҳодисалар унинг романлари таркибига киргач, батафсил, майда-чуйда деталларига қадар тасвирланади, шу билан бирга, улар кескин ўзгаришга учрайди, шу важдан улар ҳақида баайни тўқимадек гапиравериш керак. Реал ҳаётга жуда ўхшаш бепоён ва гўзал оламда эркаклар ҳурлиқо аёлларни нозикниҳол хипча бели, латофати, назокати, бокиралиги учун яхши кўриб қолмайдилар, йўқ, уларни, асосан, аёллар оёқлари хушбичимлиги ўзига маҳлиё этади. Ретиф де ла Бретонн бориб турган фетишпараст эди, шу боис замондошлари орасида эксцентрик, жуда ғалати инсон сифатида ном қозонган, тушуниксиз феълли, таъбир жоиз бўлса, реал муҳитга нисбатан “диссидент” ҳолатида бўлган. Ижодни ҳаракатга келтирувчи бунақа шаккоклик боис ҳаёт бизга Ретиф тимсолида ва унинг шахсига монандликда тузатилган ёки ўзгартирилган тарзда кўриниш беради. Ретиф қайта яратган муҳитда аёлдаги жамики гўзалликларнинг бош белгиси, эркаклар ҳирсини қўзғатадиган лаззат объекти – нозик оёқлар ва табиийки, уларни янаям чиройли кўрсатадиган нарса – пайпоқлар ҳамда бошмоқлардир, дея ҳисоблаш одатий ва табиий ҳол саналади.
Ниҳоят, адабиётда кутилмаган оқибатларга олиб борадиган хусусиятлар: аниқлик ёки ҳаққонийлик ҳақида гаплашиб олиш учун қулай фурсат келди, шекилли. Ҳаққоний ёзувчи бўлиш нима дегани? Бадиий тўқима ўзининг мазмун-эътиборича ёлғон эканлигини ҳеч ким инкор қилолмайди, бу – бор-йўғи ясама реаллик. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар қандай роман – ҳақиқатни даъво қилувчи (ўзини ҳақиқат қилиб кўрсатувчи ёлғон) ёлғондир, унинг ишончлилиги ёзувчининг циркдаги кўзбойлоқчилар каби ўз машқини қанчалар муваффақиятли бажаришига боғлиқ. Модомики шундай экан, бу жанрга, ҳаттоки энг ишонарли романга нисбатан ҳам унинг ишончлилиги ҳақида гапиришга ҳақимиз бормикан, ахир, минг қилганда ҳам, у ёлғон, сохта, хомхаёл бўлса? Ҳа, ҳақимиз бор, бироқ муаммони бошқача қўйишимиз керак бўлади: ҳаёт талабига қулоқ соладиган ва бу талабларни сезгирлик ила амалга оширадиган, башарти бошдан кечирилмаган, руҳияти, онгу шууридан ўрин олмаган бўлса, ёзишдан сақланадиган ва ёзмаса туролмайдиган ижодкорларни ҳаққоний ёзувчи дейиш мумкин. Бошқача айтганда, романнависнинг ҳаққонийлиги ўз юрагига қулоқ солиб, иложи борича унга хизмат қилишидир.
Муаллиф ўзини безовта қилган, ҳаяжонга солган нарсалар ҳақида ёзмай, бефарқлик билан, бирон манфаатни кўзлаб мавзулар ёки сюжетлар танласа ва гўёки улар ёрдамида муқаррар муваффақиятга эришаман, дея хаёл қилса, бундай ёзувчи ҳаққоний бўлолмайди, умуман олганда, бундай ёзувчидан бирон нима кутиш ҳам амримаҳол (баъзан шунақаларнинг ёзганлари ҳам ўта машҳур асарлар рўйхатидан ўрин олади, ўзингизга маълум, бу рўйхатда ҳеч нарсага арзимайдиган, уч пулга қиммат романлар жуда кўп). Юрагингизда дард бўлмас экан, ич-ичингизда жўш урган илҳом сабабгина қўлингиз қаламга бормас экан, дилга тинчлик бермай қўйган, уйқумизни бузган туйғулар биз, романнависларни ҳаётни янгитдан яратувчи исёнкорларга айлантирмас экан, реал воқеликни тубдан ўзгартиришга қодир ижодкор бўлиш мумкин эмас. Менимча, бизни безовта қилаётган, илҳом бахш этаётган маслак, некбин ва озод хаёллардан юз ўгирмай, юрагимизда биз билан бирга яшаган, қон-қонимизга сингиб кетган, баъзан неданлигини билмасак-да, ана ўшандай тўлқинларда “афзалроқ”, ишончлироқ ва қудратлироқ ёзиш мумкиндек туюлади. Зеро, зарурат бор экан, мафтункор, бироқ ниҳоятда машаққатли ва тушкунлик уруғлари сочилган, изтироблар тўла йўлга тушиш – роман ёзишни бошлаш керак.
Руҳиятидаги дарду аламларидан воз кечишга уринадиган, ўзларини у ёки бу мавзуларга урадиган ва бу юмуши жозибадор туюладиган ёзувчилар ҳаддан зиёд янглишадилар. Адабиётда ҳеч бир мавзу ўз ҳолича яхши ҳам, ёмон ҳам бўлолмайди. Ҳар қандай мавзу яхшиям бўлиши мумкин, ёмон ҳам, яна такрор айтаманки, бу нарса мавзуга боғлиқ эмас, балки мутлақ мавзунинг нимага айланишига боғлиқ. Негаки, форма моддийлашиб, яъни ифода услуби эвазига айнан романга айланган олган шакл асарни ўзига хос ёки сийқаси чиққан, салмоқли ёки саёз, мураккаб ёки жўн ҳолатга келтиради; шакл воқеага жон бахш этади, унинг мазмундор, ҳаққоний бўлишини таъминлайди, шунингдек, аксинча, қаҳрамонларни руҳсиз ва ўхшовсиз қўғирчоқ қилиб қўяди. Бу, назаримда, адабиётдаги истисносиз қоидалардан бири бўлса керак. Мавзулар ўз ҳолича романда ҳеч нимани белгиламайди, улар ёзувчи маҳорати билан яхши ҳам бўлиши мумкин, ёмон ҳам, мароқли бўлиши мумкин ёки зерикарли.
Ўйлашимча, ёш дўстим, суҳбатимизни шу нуқтада тўхтатсак бўлар. Саломат бўлинг!

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 1-сон