Жуда Уотен. Тийиқсиз болалар (ҳикоя)

Сўнгги кунларда Том Сэмпсон отаси Альбертга кўп ташвиш орттирди.
− Мен Том билан очиқчасига гаплашиб олмоқчиман, − деди у хотини Элленга.
− Том, барча болалар каби ғўр бола-да, − эътироз билдирди рафиқаси. − У соддадил, тўғри бола. Ҳеч кимга зиёни тегаётгани йўқ.
− Ҳа, шундай дегин! − қичқирди Альберт. − У дўстлари билан кўчани чангитиб, мотоциклда у ёқдан-бу ёққа пойга қўйиб юрганда ҳеч кимга халақит бермайди, деб ўйлайсанми! Унинг пахмоқ сочли дўстларини айтмайсанми! Уларнинг орасида биттаси бор − чамаси бир ойдан бери бетига сув тегмаган, исқирт!
Хотини ошхонада куйдириб-пишириш билан овора эди. У индамай елкасини қисиб қўя қолди. Альберт эса ўғли билан юзма-юз гаплашиб олишни гольф ўйнаб келгандан кейинга − шанба кунига қолдирди. Альберт Сэмпсон ёши элликни қоралаб қолган омадли, уддабурон, ишбилармонлардан эди. Унинг эс-ҳуши ҳафтасига бир-икки кун қатнаб турадиган гольф клубида эди.
У уйига кириб келганда, меҳмонхонада телевизор кўриб ўтирган ўғли Томга кўзи тушди. Том йигирма уч ёшли, барваста қомат, юзида кулгучи бор, қувноққина бола эди.
Илиқ оқшом. Деразалар ланг очиқ. Қўшни уйдан телевизорда сигареталарнинг янги навини тарғиб қилаётган овоз эшитилиб турарди. Узоқдан, паст-баланд уйлар ёнидан ўтган кўчадан машиналарнинг тинимсиз шовқини қулоқни қоматга келтирарди. Юракка ваҳима солувчи бу шовқиндан қочиб қутулишнинг сира иложи йўқ. Ёшларнинг бундай шовқин-суронга парво қилмасликларидан Альберт ажабланиб, ҳайратга тушарди.
Альберт Сэмпсон ўғли Томга нигоҳини тикди, соқоли қиртишланган чеҳрасида нафрат ва ғазаб пайдо бўлди.
− Биласанми, Том, агар сен ва ўртоқларинг мотоциклда кўча чангитиб юришни бас қилмасаларинг, ўзингга бошқа уй топишингга тўғри келади. Қўшнилар олдида гап-сўз бўлиб уятга қолишни истамайман.
− Нега бизни гап-сўз қилишаркан? − ажабланиб сўради Том.
− Ўлгудай манмансан-да. Ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси шунақа безбет, ҳеч нарсага ақлинг етмайди.
Альберт эшик томон кетатуриб, нимадир эсига тушди-ю, ўгирилиб Томга нафрат билан тикилди.
− Гапларим ёдингдан чиқмасин!
− Хўп, яхши, сиз айтгандай бўламан! − деди ўғли.
Альберт Сэмпсон меҳмонхонадан чиқатуриб, катта ўғли Томга бу ғаройиб қаср ҳам, шинам боғ ҳам уч пулга қимматлиги ҳақида хаёл суриб борарди. Афсуски, Томнинг ўсиб-улғаяётган даври кўнгилдагидек эмасди, у ҳунар мактабида ўқиб, мотор тузатиш бўйича техник мутахассислик касбига эга бўлди. Бунинг ёмон жойи йўқ. Ҳунар – ҳунардан унар, дейдилар-ку. Альберт Сэмпсоннинг ўзи ҳам радиоприёмник ва телевизор мутахассиси. Аммо буни қарангки, унинг ўғли оддий ишчи бўлиб қолаверди. Ишларида эса ҳеч унум йўқ, хуллас, яхши ҳаёт кечириш учун унда интилишнинг ўзи йўқ эди. Кўча бошидаги гаражни сотиб олишдан воз кечиши бу ғирт аҳмоқлик-ку, ахир. Гаражни сотиб олиши учун отаси пул бермоқчи эди-я.
Альберт Сэмпсоннинг радиоприёмник ва телевизор савдоси гуллагандан-гуллаб бормоқда эди. Ўрта Шарқ ва Янги Гвинеяда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Сэмпсон тез орада банкка пул қўя бошлади ва Мельбурн туманидаги янги дўконга эга бўлди. Бу ердан узоқдаги тепаликларнинг гўзал кўринишини айтмайсизми! Бир пайтлар у ерлар яланглик бўлиб, унда-бунда ёлғизоёқ йўллар ва бир неча кўча бор эди, холос. Ҳозирда бу ерда бир қарич ҳам бўш жой қолмаган. Альберт Сэмпсоннинг дўкони жойлашган кўча ўз-ўзига хизмат қилиш савдо магазинига айланган. У ердан бир миль нарида турли рангдаги юзлаб уйлар саф тортган қишлоқ пайдо бўлганди. Альберт Сэмпсон тепалик устига қурилган ана шундай шинам уйлардан бирини сотиб олганди. Бу туманни баъзан “Янги Турек” деб ҳам аташарди. Унинг уйи ғаройиб усулда қурилган бўлиб, сўлим боғчаси ҳам бор эди. Шу кўчанинг бошқа уйларида истиқомат қилувчилар бу уйга ҳавас қилишарди. Улар обрўли кишилар бўлиб, бири машҳур қурувчи, бири кимёгар – хуллас, турли касб-корли кишилар эди. Булардан уч нафари гольф клуби аъзоси эди.
Ўғли ҳақида ўйлайвериб, Сэмпсоннинг мияси ғовлаб кетди. Якшанба кунлари ҳам барвақт туриб, нонушта қилиб оларди. Гольф клубига жўнашдан аввал унинг кечки “Геральд” газетасини ўқиб чиқиш одати бор эди.
Рафиқаси эса эридан ҳам барвақт турар, гулларга сув қуяр, сўнгра чой қўйиб, нонушта ҳозирларди.
− Эллен, ўғлимиз Том билан гаплашдим, − деди Сэмпсон.
− Ҳа, менга ҳам айтди.
− Ростданми?
− Яхши қилибсан, − деди Эллен.
Эллен тўладан келган, мулойим аёл эди; ҳаёт унга ниҳоятда кулиб боққанди. Футскренлик оддий тикувчининг қизи учун орзу қилганидан ҳам зиёда бахт қуши бошига келиб қўнганди. Эрининг иши яхши кетаётган бир пайтда нега ташвишга тушиб, жиғ-биғ бўлаётганини ҳеч тушуна олмаётганди.
Альберт Сэмпсон қуймоқ ва дудланган гўштни тановул қилиб, газетани ўқиб чиқди, фарзандлари эса бирин-кетин ошхонага йиғила бошлади. Биринчи бўлиб Жек исмли ўғли кириб келди, у университетда санъат ва ҳуқуқшунослик талабаси. Яқинда йигирма ёшга тўлганди, иягида сийрак туклар кўзга ташланар, сочини пешонасига тушириб олган, бир тутам кокили энсасида осилиб турарди.
Сўнгра отасининг эрка қизи, педагогика коллежи талабаси Полин кириб келди. Гарчи у ўта замонавий кийиниб юрса-да, бу отасининг ғашини келтирмасди, қайтанга “ҳозирги қизларнинг бари шунақа” деб ўзини бепарволикка оларди.
Шу орада эгнига ҳаворанг куртка, ёпишиб турган жинси шим ва оёғига мўйнали чарм этик кийиб олган Том кириб келди. Бўш стул устига у эҳтиёткорлик билан темир қалпоғини, кўзойнаги ҳамда транзистор радиоприёмнигини қўйди.
− Сен худди фильмда суратга тушиб келаётганга ўхшайсан.
− Ҳозир ҳамма мотоциклчилар шундай кийинаяпти.
− Ёввойи одамларга ўхшаб кийинасизлар. Бундан бошқа айтадиган гапим йўқ, − деди Альберт қизишиб.
− Ота-оналаримиз ҳам ўз вақтида биз кийган кийимимизни жуда ғалати дерди, − гапга қўшилди печ ёнида турган Эллен Сэмпсон.
− Эҳтимол, − деди Альберт Сэмпсон, − лекин бизнинг даврда…
− Бўлди-да, энди, − отасининг гапини бўлди талаба Жек.
− Хўп, бўлди, энди, овқатларингни енглар, − деди печ ёнидан силжимай турган Эллен.
Альберт Сэмпсон яна газета ўқишга мук тушди, сўнг нигоҳини хотинига тикиб:
− Эсингдами, Эллен, дўконим ёнида радиоприёмник ва телевизор сотадиган дўкон очмоқчи бўлган бир йигит тўғрисида сенга айтгандим. Ўша ерни шартта сотиб олдим, − деди ва кулиб қўйди.
− Демак, рақибни ўлдирибсиз-да, − деди Жек. − Тағин “маънавият, маънавият”, деб жағ урасизлар.
− Сен университетда юксак ғояларни кўп ўқигансан, − деди ўғлининг гапини шартта бўлиб Альберт Сэмпсон. − Лекин бу сенга маънавияти тубан одамни ҳимоя қилишингга халақит бермайди. Ҳа, ҳечам халақит бермайди, шундай эмасми?
Бу сафар гапга Полин аралашди:
− Бўш келманг, дада.
− Қўрқма, бўш келмайман, − деб кулиб қўйди отаси. “Қизим қандай гўзал-а”, – ичидан ғурурланиб қўйди у, “Гўзаллар танловида у бемалол биринчиликни эгаллай олади”.
− Хўш, энди йўлга ҳам тушсак бўлади, − деди Том ва ўрнидан туриб стул устига қўйган анжомларини қўлига олди.
Оиланинг барча аъзолари мотоциклнинг тариллаб, ўт олганини эшитдилар. Томнинг мотоцикли соатига 130 милдан ортиқ тезликда юрадиган ажойиб мотоцикллардан эди.
− Охири бахайр бўлсин, − деди ота мулойимлик билан. Ўзида катта ўғлига нисбатан қандайдир меҳр ҳисси пайдо бўлганини ҳис этди.
− Ўғлимиз Том эҳтиёткор, − деди онаси.
− Талабалар ҳақида бундай деб бўлмайди.
Полиннинг янги дўсти Питер Бэйли ҳам талаба эди. Бир куни у кечқурун Полинни олиб кетиш учун уйларига келди. Унинг пахмоқ сочлари, соқоли ўсиб кетган, юзига тушиб турарди, бўйнига эса маржон тақиб олганди.
Ёш жуфтлар кетганларидан сўнг Альберт Сэмпсон хотинига қараб:
− Тавба, мен дунёдаги ҳамма нарсани кўрганман деб юрардим, аммо Бэйли каби тасқарани биринчи бор кўриб туришим, − деди.
− Йўғ-е, нимаси тасқара, − жавобан деди хотини. − У отаси каби адвокат бўлмоқчи.
Аёлнинг наздида бу йигит қизига мос жуфт бўлиб кўринганди. Эҳтимол, йигит ҳозир бу ҳақда ўйламаётгандир ҳам. “Йигитларнинг барчаси уйланиб бўлган”, – деган фикр ўтди унинг хаёлидан.
Кўчада кетаётиб Питер Бэйли Полинга:
− Отанг жуда ғалати-я. У, ҳойнаҳой, сўнгги динозаврлардан бўлса керак, – деди танаомуз.
Қиз отасини жуда яхши кўрганидан уни ҳимоя қила бошлади. Улар театрга тушиб чиққанларида ҳам қизнинг юраги бир тутам эди. Охири иккаласи айтишиб қолди. Талабалар кечасида Питер Полинни тиббиёт факультетининг аспиранти билан таништириб қўйди. Баланд бўйли папуас Жон Майпун йигирма тўрт ёшда эди. Унинг қуюқ сочи ҳам, кўзлари ҳам қоп-қора эди, тишлари кўзни қамаштиргудек даражада оппоқ эди. Охирги йилларда у Мельбурнда яшаган эди.
− Ҳаётимда биринчи марта катта шаҳарга келиб қолишим, − деди у.
У каучук плантациясида дунёга келган эди. Отаси каучукли ўсимликларнинг ширасини йиғарди. Жон болалигида плантация бўйлаб ўйнаб юрар ва ялангликдаги дарахтлар остига тўкилган баргларни йиғарди.
− Баъзан бизникига бобом билан бувим келиб туришарди, улар ярим кўчманчи қабиладан бўлиб, худди тош асридагидек ҳаёт кечирардилар.
Полин коллежда Янги Гвинея ҳақидаги бир неча маърузаларни тинглади. У бу мамлакатга мафтун бўлиб қолди. Лекин нима учун Жон тиббиётни танлади экан?
− Болалигимда мен мактабга боришни ёқтирмасдим. Ота-онам мени мубашширлар жамияти мактабига ўқишга беришди. Яхши ўқидим. Мактабни тугатгач, менга университетга ўқишга киришимга имконият яратиб беришди. Аввалига мен “оқ” Австралия сиёсати сабабли Фижига кетиб қолдим.
− Ирқий камситилишни муҳокама қилишга вақтим йўқ менинг, − Жоннинг гапини бўлди Полин.
− Охири бу ерга келишимга рухсат беришди, − тиниб-тинчимаётганди Жон.
Кечадан кейин, хайрлашаётиб улар яна бир бор учрашишга келишиб олдилар. Жон касалхонада ишларди, шунинг учун дам олиш кунларида учрашиб туришга қарор қилишди.
− Сен бизникига боришинг керак, сени уйимдагилар билан таништираман, − деди қиз бир куни унга. − Якшанба куни бўшмисан? Тушлик пайтида кела қол.
− Якшанба куни дейсанми? Майли, бораман.
Эртасига эрталаб коллежга кетишдан аввал у уйдагиларга бир папуас-шифокор билан танишганини, уни якшанба куни тушликка таклиф этганини айтди.
− Нима ҳам дердик. Яхши қилибсан, − деди онаси Эллен Сэмпсон.
Ўша куни кечқурун Эллен эрига:
− Якшанба куни Полиннинг дўсти бизникига тушликка келар экан, − деди.
− Анови театр шайдосими? − сўради Полиннинг отаси.
− Йўқ, у эмас, − жавоб қайтарди Эллен. − Қандайдир янги папуас. У шифокор эмиш.
Альберт Сэмпсоннинг дами ичига тушиб кетди. Уруш вақтида у Папуа ва Янги Гвинеяда бўлган эди. Унинг қизи ва папуас! Тавба, папуас уларнинг кўчасида сайр қилиб юрса-я… Унинг қора танлилар ҳақидаги тасаввурлари ва дўзах ҳақидаги тушунчалари аралаш-қуралаш бўлиб кетди.
− Йўқ, биз уни уйимизга киритмаймиз, − деди у шартта.
− Лекин мен келаверсин деб айтдим, − эрининг гапига эътироз билдирди Эллен.
− Ундай бўлса қизимизга ўзим айтаман. Уйдан ташқарида истаганини қилсин, аммо уйда мен хўжайинман.
Ўша куни кечки овқат устида отаси қизига:
− Менга қара, Полин, мен уйимда у нусхани кўришни истамайман, − деди.
Полин саросимага тушиб қолди:
− Дада, нима учун?
− Мен нима десам, шу бўлади, − жавоб қилди отаси. − Нима сабабданлигини тушунтириб ўтирмайман.
− У жуда яхши йигит, − деди Полин. − Шифокор.
− Унинг кимлиги мени қизиқтирмайди, − деди отаси.
− Ахир, отажон…
Кўзи ёшга тўлган Полин жим бўлиб қолди.
Қизининг кўз ёши отасининг юрагини эзса-да:
− Дийдиё қилмай, эс-ҳушингни йиғиб ол, − деди қатъий.
− Ёшлар ота-онанинг гапларига қулоқ солиши керак, демоқчисиз-да, − гапга аралашди Жек.
Альберт Сэмпсон ўз сўзида қатъий туриб олиши учун айнан шу керак эди.
− Етар, бас, сенинг сафсаталаринг жонга тегди!
− Дада, ҳайронман, нимага қизишасиз? − деди Том. − Полин уни яхши йигит деб айтаяпти-ку.
− Сен ҳам шу талабаларнинг биттасисан, − деди отаси.
− Ундай бўлса мен якшанба куни нонушта қилмайман, − деди Полин аразлаб.
Хонага шундай жимлик чўкдики, Альберт Сэмпсон ўз нафасини ўзи яққол эшитиб турарди. Сўнгра эшикнинг ғийтиллаб ёпилгани эшитилди.
Альберт Сэмпсон хотинига қаради, лекин унинг юзидан ҳеч нарсани уқмади. Ота ўзини ноқулай ҳис эта бошлади. Лекин ўғилларига гинали қараб қўйди. Кечки овқатни тановул қилиб бўлгач, барчалари дастурхондан туриб кетишди.
Альберт Сэмпсон хотинининг ёнида телевизор кўриб ўтирса-да, фикрини бир ерга жамлай олмаётганди. Альберт ноқулай вазиятдан чиқиш баҳонасида ўгирилиб, хотинига гап қотди:
− Сенингча, мен ҳам қизишиб кетдимми?
− Ҳм-м-м… Ҳа, топдинг. Замон ўзгараяпти.
У суҳбатни давом эттиришни хоҳламади. Юрагига телевизор кўриш ҳам сиғмади. У бир оз ҳаво олгани боққа чиқиб кетди. Осмонда унда-мунда юлдузлар чарақларди. Ой сокин сузиб борарди.
Альберт Сэмпсон боғда узоқроқ ўтириб қолди. Осмонни булут қоплади. Аммо тун қоронғусида на ой, на булут кўринарди. У ўрнидан туриб, уйи томон юрди.
− Уларнинг ноғорасига ўйнамаслигим керак, − ғўлдираб қўйди у, лекин ташқаридан хотиржам кўринса-да, барибир ичини ит таталарди.

Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 1-сон