Ибрат (Комилжон Отаниёзов)

“…Санъаткор билимли, ориф, сўз ва созни юракдан ҳис қиладиган инсон бўлиши керак. Қўшиқ матни мазмунини, руҳини, оҳангини, дардини тўла англаши зарур. Шоир шеърни ўйнаб ёзмайди, уни дард, эҳтирос, ақлий нафосат билан битади. Шу сабабли санъаткор ҳам уни шундай дард, эҳтирос, нафосат билан куйлай олсагина тингловчига етказа олади. Қалбдан чиққан сўз, куй бошқа қалбларга етиб боради…”

Комилжон Отаниёзовнинг шогирдларига насиҳатларидан

Мусиқанинг сирли олами ҳар қандай тингловчини ўз домига тортиб, ҳар кўйга солишга қодир. Зеро, унинг кучи ва таъсири чексиз эканлиги барчага аён. Шу боис, тингловчини мафтун этадиган, мукаммал ва сеҳрли садо таратувчи ҳар бир санъаткор инсониятнинг эъзозидаги ижодкорга айланиши муқаррар. Халқимиз оташнафас хонишлари билан донг таратган хонандаларни эъзозлаб “ҳофиз” деб ардоқлайди. Бунинг замирида шундай маъно ётадики, у истеъдод, сабоқ, билим, тафаккур, ижод, овоз ва талқиннинг гўзал фалсафий уйғунлигини ўзида мужассам этади.

Ҳаёт мазмунининг кўламдорлиги ҳам ана шундай хислатларга эга бўлган забардаст ижодкорларнинг мавжудлигидандир. Ўзбек мусиқа дунёсида эл фахрига айланиб, қалбларда яшаб келаётган санъаткорлар кўп. Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Ҳамроқул Қори, Акмалхон ва Бобохон Сўфихоновлар, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Расулқори Мамадалиев, Муҳаммаджон Каримов, Орифхон Ҳотамов каби бетакрор овоз соҳиблари ва ижрочиликда халқимизнинг эъзозига айланган ҳофизларни ким билмайди дейсиз?! Дунё мусиқа санъати хазинасига агар ҳар бир халқ ўз миллий оҳанглари билан дахлдорлик касб этса, бу маънавий мулкка бизнинг ҳиссамиз, шубҳасизки, ана шу беназир номлар билан ҳам муҳрланган бўлади.

Хоразм воҳасида таваллуд топиб, санъаткор устозлар тарбиясида вояга етган, сирли овоз эгаси, сеҳрли садоларнинг чинакам махзани Комилжон Отаниёзов ана ўшандай халқ эъзозидаги санъаткорлардан эди. У ўзбек мусиқа санъати ижодиёти ва ижрочилиги тарихидан алоҳида саҳифани эгаллашга муяссар бўлган оташин ва фидойи ижодкор эди.

Комилжон Отаниёзовнинг санъатда эришган ютуқлари борасида сўз кетса, унинг энг мақбул шарҳи санъаткорнинг ўз битикларидир:

Етим эдим асрадинг, улғайдим ғани бўлдим,
Илму ҳунарлар берди, бахтли давроним менинг.

Меҳнатим кўп ёшликда, подачилик касбинда,
Меҳнат эвази ҳурмат  давлатим берди менга.

Мактаб очиб кўзимни, устозлар илгин тутдим,
Маърифатни ўргатди, раҳнамо бўлди менга.

Устозларимни десам, Абдукарим, Матпано,
Тўйчи Ҳофиз, Шерозий, Юнус ака пир менга.

Тўхтасину Ҳалима, Карим Зокир, Мукаррам,
Бола бахши, Лутфихон, Зуҳрлар устоз менга.

Отаулло эшону, Ҳожихону Жўрахон,
Маъмур ҳофиз, Маткарим, Акбар қори фан менга.

Мандан олдин ким келса, гўзал санъат­ ичинда,
Барчасини пеш тутдим, бўлди ҳодироҳ менга.

1917 йилнинг 20 июлида Хоразмнинг Шовот туманида туғилган Комилжон ёшлик чоғларида замонасининг устоз санъаткорлари Жумалоқ бахши, Маткарим Абдураҳмонов, Мадраҳим Ёқубов (Шерозий), Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши)ларга эргашиб халқ қўшиқ ва достонларини ижро этиш усулларини ўрганди. Ёқимли овози билан тингловчилар назарига тушди. “Гўрўғли” туркумидаги достонларни, “Юсуф ва Аҳмад” қиссасини, “Бозургон”, “Саётхон ва Ҳамро”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” каби достонларни маҳорат билан ижро этди. “Етти йилга кетган ёрим”, “Душимда бир булбул кўрдим”, “Раънони кўрдим” каби достон қўшиқлари, шунингдек, Махтумқули сўзи билан айтиладиган қўшиқлар ижроси билан халқ орасида довруқ қозонди. Санъаткорнинг ўзида энди бастакорлик истеъдоди ҳам ниш ура бошлади. Зеро, бу Комилжон Отаниёзов ижодига хос бўлган характерли хусусиятдир. “Найлайин”, “На бўлди, ёрим келмади”, “Айрилмасин нигоридан”, “Отлан”, “Хуш қол энди”, “Оғанг келар мард бўлиб”, “Хайр энди” каби қўшиқлар устоз бастакорлик фаолиятининг илк намуналаридир. Достонлар таъсирида ва заминида у “Кел, ёр, ўйланма-ўйланма”, “Гулдаста”, “Ишқинг ўтида девона бўлдим”, “Керакмас” каби ашулаларни ижод этди.

Хоразм воҳасининг сўнмас оҳанглари мужассам этилган суворалар Комилжон Отаниёзовнинг ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. У даврининг улкан санъаткори Ҳожихон Болтаев раҳнамолигида сувораларнинг асл моҳияти, оҳанг жозибаси, уларнинг ижродаги сир-синоатларини ўзлаштиради. “Якпарда сувора”, “Хушпарда сувора”, “Кажҳанг сувора”, “Чапандози сувора”ларни қунт билан ўрганиб, гўзал талқинга эришди. Суворахонлик амалиётининг юқори чўққисига етган паллада устознинг сувораларга бўлган ижодий ёндашуви намоён бўлади. У сувора ижодиёти анъаналарини давом эттирган ҳолда, улуғлар сабоғини мукаммал ўзлаштириб, ўзининг ижро услубига хос қилиб бир намуна, яъни ўз “Сувора”сини яратади. Ижрочилик амалиётига бу асар “Сувораи Комил” номи билан кириб келди ва халқимиз орасида кенг тарқалди.

Комилжон Отаниёзовнинг ўзбек мусиқа санъатидаги амалларидан бири Хоразм ижрочилик услубини бутун Республика, қардош мамлакатлар ва чет элларда кенг оммалашишига қўшган ҳиссасидир. У Фарғона-Тошкент ижрочилик анъаналари доирасида ҳам “Суворийхонлик”, “Сувора ижодиёти”ни хонанда ва созандалар ҳамда ижодкорлар орасида кенг оммалашишига замин яратиб берди. Пировардида, мусиқа ижодиётида Фарғона суворалари, Тошкент суворалари каби асарлар мусиқий меросимиз хазиналаридан жой олди.

Комилжон Отаниёзов нафақат Хоразм мусиқа мероси, балки Фарғона-Тошкент мусиқа мероси билан ҳам чуқур танишди. Уларни ўзлаштиришда замонасининг моҳир санъаткорлари Мулла Тўйчи Ҳофиз, Юнус Ражабий, Жўрахон Султонов, Маьмуржон Узоқов, Акбар қори Ҳайдаров каби устоз ҳофизларнинг сабоқларига таянди ва уларнинг бой ижодиётидан унумли фойланди.

Устознинг Хоразм мақомларига бўлган муносабати ҳам ижоди ва ижрочилик фаолиятининг чўққисига айланди. Хоразм мақомларининг билимдони, ўз даврининг забардаст санъаткори Матпано ота Худойберганов раҳнамолигида Хоразм мақомларини ўрганди. Устозидан “Наво”, “Сегоҳ”, “Рост”, “Дугоҳ” каби Хоразм мақом йўлларининг назарий, амалий ва ижровий жиҳатларини моҳирлик билан ўзлаштирди. Устозлари Ҳожихон Болтаев ва Мадраҳим Шерозийлар билан биргаликдаги ижрочилик фаолиятлари давомида мақомлар ижросини янада мукаммаллаштиришга муваффақ бўлди. Айниқса, Хоразм мақомларидаги “Дугоҳ”ни ўзига хос усулларда шундай маҳорат билан ижро этишга муяссар бўлдики, бу мақом ҳали-ҳануз халқимизни илҳомлантириб келмоқда.

Комилжон Отаниёзов мусиқа ижодкорлигида Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Огаҳий, Машраб, Фузулий каби улуғ шоирларнинг шеър ва ғазаллари, Махтумқули ва Мулланафас каби буюкларнинг ҳикматларидан озуқа олди. Ўзининг амалий фаолияти давомида “Салом ҳинд халқига!”, “Муборак”, “Салом сизга Хоразмдан”, “Олқиш”, “Азиз Ватаним”, “Муборак тўй, муборак”, “Айрилмасин нигориндан”, “Найлайин”, “Олма юзли нигорим” каби 100 дан ортиқ куй ва қўшиқлар яратишга эришди. Таъби назмга майил бўлиб, мазмундор шеърлар ёзди. Аввалига “Комий” кейинчалик “Комил” тахаллусида шеърлар битиб, уларга ўзи куй басталаб, ижро этди.

Комилжон Отаниёзовнинг созанда ва хонандаликда беназир устоз даражасига етганлигини унинг мактаби давомчилари, яъни шогирдлари маҳоратидан ҳам билса бўлади. У бу соҳада ҳам халқимизга ўрнак даражасида хизмат қилган буюк санъаткордир. Устозга эргашган шогирдларининг саноғи йўқ. Коммуна Исмоилова, Шариф Султонов, Олмахон Ҳайитова, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Раҳматжон Қурбонов… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Халқ дилини, қадрини куйловчи сўнмас асарлар ижод этиб, хонандаликда ўз ижро мактабини яратган забардаст санъаткор Комилжон Отаниёзов қисқа, лекин бошқа санъаткорлар ҳавас қилгулик мазмунли ҳаёт кечирди, ўзидан бетакрор ва беқиёс мерос қолдирди. Унинг ижоди, санъаткорлик одоби, мусиқа санъатимиз учун қилган хизматлари юксак маънавияти намунаси ва келажак авлодга ҳамиша ибрат бўлиб қолаверади.

Қуйида ҳавола этилаётган беназир ҳофизнинг этагини тутган садоқатли шогирди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбоновнинг ибратли хотиралари ҳамда ҳофизнинг шеърий машқларидан намуналар юқоридаги фикрларимиз тасдиғи бўлса ажаб эмас.

Соибжон Бегматов,

санъатшунослик фанлари номзоди, профессор.

УСТОЗ ҲАҚИДА ИККИ ХОТИРА

Шаъм бўлиб ёритдим санъати жаҳон,
Ўзим эрисам ҳам, олам чароғон.

Жондан жонга бердим, кўп жонли наво,
Шунинг-чун эл ичра бўлдим  Комилжон.

Бу воқеа такрорланмас овоз соҳиби, ўзининг илоҳий санъати, сози билан жумлаи жаҳонни ром этган устоз хонанда Комилжон Отаниёзов ҳақида ҳозирги вақтда ривоятга айланган, аслида эса яқин ўтмишда содир бўлган ҳақиқатдир. Устознинг довруғи Ўрта Осиё республикаларидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва яна ўнлаб мамлакатларда тарқалган эди. Зеро, ер юзи иқлимларида устозни бир кўриб, санъатидан, овозидан, нолаларидан баҳраманд бўлиш орзусида юрган шинавандалари, шогирд тушаман деган хонандалар, у кишига ҳавас қилиб фарзанди ёки неварасининг исмини Комилжон қўйган кишилар ҳисобсиз эди.

Шундай инсонлардан бири Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшар экан. У мусиқа асбобларининг, айниқса торнинг устаси сифатида машҳур бўлиб, ясаган торларининг довруғи бутун мамлакатга тарқалган эди. Машҳур уста Комилжон Отаниёзовнинг ўзи билан учрашмаган бўлса-да, у кишининг санъатига чин ошиқ бўлиб, устознинг радио ва телевидениедаги ашулаларини мароқ билан эшитар ва грампластинкаларини йиғарди. Кунларнинг бирида тушида Комилжон Отаниёзов устага қараб қўлидаги торни оҳиста чертиб хиргойи қилаётган эмиш. Шундан сўнг уста: “бу тушни бекорга кўрмадим, бу Аллоҳнинг иродаси” деб, севимли хонандаси Комилжон Отаниёзовга атаб, юрак меҳрини бериб бир тор ясайди. Собиқ иттифоқ даврида бир мамлакатдан иккинчисига ўтиш ёки бир буюмни иккинчи бир мамлакат фуқаросига бериб юбориш анчагина мураккаб эди, шу сабабдан тор устахона деворида кўп йиллар осилиб туради. Бу вақт давомида уста ҳар куни Худодан омонатини олгунга қадар “ушбу торни эгасига топширсам, армоним қолмасди” деб умид қиларкан. Кунларнинг бирида Комилжон Отаниёзов Туркияга хизмат сафари билан келган делегация сафида ташриф буюради. Меҳмонлар гўзал Истанбул кўчаларини, бозорларини айланиб, иттифоқо чолғу асбоблари ясайдиган усталар растасига келишади. Машҳур усталарнинг ишларини зимдан кузата туриб, устознинг эътибори устахона деворида осилган бир торга тушади. Устоз торни қўлига олиб, завқ билан кўздан кечиради. Чертиб кўргач, устадан унинг нархини сўраганда, табиийки, меҳмонларни танимаган уста: “Тор сотилмайди, у эгасини кутаяпти” – деб, совуққонлик билан ўз ишини давом эттираверади. Комилжон Отаниёзов торни истар-истамас устага қайтариб берар экан, бироз ранжигандай туюлади. Унинг торга ниҳоятда ишқи тушганини кўриб турган туркиялик мезбонлар бир оз ҳижолат тортиб, устадан “ҳеч бўлмаса, торнинг эгасини айтинг” – деб сўрашади. Шунда уста бу тор туркий халқлар мусиқа маданиятининг довруғли ижрочиларидан бири, моҳир созанда ва хонанда ўзбекистонлик қардош Комилжон Отаниёзов учун ният қилиб, бир неча йиллар олдин ясалганини айтади. Ва ана шу, омонатни қачон ўз эгасига тақдим қилса, дунёдан армонсиз кетишини таъкидлайди. Агар умри вафо қилмаса, бу истагини фарзандларига васият қилиб қолдиришини, қачондир, кимдир шу торни эгасига етказса, қиёмат қарзи узилишини бир қадар шикасталик билан сўзлайди-да, ҳар куни шу торни олиб, бир марта “Хоразм лазгиси”ни чалишини айтади ва меҳмонлардан узр сўраб, торни яна қайтадан жойига илмоқчи бўлади. Шунда мезбонлардан бири мамнун ҳолда: “Уста, Аллоҳдан сўраганингиз ижобат бўлди, умидингиз ушалди, торни ушлаган киши ўша сиз кутган табаррук инсон, шу торнинг ҳақиқий эгаси Комилжон Отаниёзов бўладилар”, – деб устозни таништиради. Бу хабарни эшитган уста бир муддат саросимаю ҳаяжонга тушиб, турфа ҳаракатлар ила Комилжон устознинг ёнига келиб: “Агар сен ҳақиқатдан ҳам Комилжон бўлсанг, ма, шу тор билан бир ашула айтиб бергин-чи”, – деб торни узатади.

Устоз меъёрида созланган торни қўлларига олиб, оҳиста чертиб устага қараб хиргойи бошлайди. Ушбу манзарани кўрган машҳур тор устаси устоз Комилжонга қараб “ё Аллоҳ, ё Аллоҳ” дея, ҳаяжон билан у кишининг пойига тиз чўкиб, этакларини кўзларига суртиб, кўзида ёш билан: “Мен Аллоҳга яна бир карра иймон келтирдим. Кўзим очиқлигида омонатни эгасига топшираётганимга шукрона айтаман!” – дейди. Кейин маълум бўлишича Илло, Комилжон Отаниёзовнинг бу хиргойиси устанинг бир неча йиллар муқаддам тушида кўрган ҳодисанинг айнан ўзи эди…

Устоз Комилжон Отаниёзов кулиб: “Уста, минг бора қуллуқ, аммо, сиз тор учун озмунча меҳнат қилмагансиз”, деб нархига ишора қилади.

Шунда уста: “Мен меҳнатимга розиман. Сиз айтган қўшиқларни радио орқали, грампластинкалардан тинглаганман, ишим қобилиятингизга бахшида. Сизнинг моҳир бармоқларингиз остида сеҳрли наво янграб, элларни мамнун этса, дуосини олсангиз, шунинг ўзи мен учун ҳам улкан бахт”, – деб, яна кўзларига ёш олади.

Устоз Комилжон Отаниёзов Туркия сафари тугагунга қадар устани ўзлари билан бирга олиб юрадилар. Уюштирилган концертларда эса ҳалиги турк устани олдинги қаторга ўтқазиб, ҳадя қилинган торнинг сеҳрли нолаларидан элни ҳам, устани ҳам баҳраманд этади.

Яна шундай воқеалардан бири ўз юртимизда бўлиб ўтган. Устоз Комилжон Отаниёзов буйрак касаллиги билан хасталаниб, Ўзбекистоннинг энг машҳур шифо масканларидан бири – Бухорои шарифда жойлашган Моҳи-Хоссага келадилар. Устоз сиҳатгоҳда чоғроққина, аммо шинам бир хонага жойлашиб, қадим Бухоронинг Қизилтепасидан келган 28-30 ёшлардаги Собиржон исмли навқирон йигит билан ҳамхона бўлиб яшайдилар. Муолажалар давомида устоз 3–4 кун бетоб бўлиб ётиб қоладилар. Собиржон Комилжон устознинг у-бу юмушларига имкон қадар кўмаклашиб туради. Устоз анча тузалиб, оёққа туриб кетганларидан сўнг ҳамхоналарига ўзларини яқиндан таништирадилар ва йигитнинг ҳам яшаш тарзи, оилавий аҳволи, у яшаётган қишлоқ ҳақида сўрайдилар. Суҳбат асносида йигит санъатга жуда ошуфта эканини, яқин орада ўғлига тўй қилиш нияти борлигини айтиб ўтади. Собиржоннинг соф Бухоро шевасида самимий сўзлашидан, қалбининг тозалигидан меҳрланиб устоз сафарлари қаригач, Тошкентга кетаётганларида йигитга турар манзилларини ёзиб бериб, “мабодо ўғлингга тўй қилиб, дастурхон ёзсанг мени чорласанг, тўйингда хизмат қиламан”, дейдилар. Кунлар ўтиб, тўй куни белгиланганда Собиржон кайвониларга Комилжон Отаниёзов билан бўлган воқеаларни, у кишининг “тўйга таклиф қилсанг, бораман”, деган гапларини айтиб, маслаҳат сўрайди. Улар: “Эй йигит, кўрпангга қараб оёқ узатгин, ахир сен кимсан-у, Комилжон Отаниёзов ким, у киши келмайди, ўзимизнинг ҳофизлар билан тўйни ўтказавер”, деб айтишади. Лекин Собиржон барибир устозга телефон қилиб тўйга таклиф қилади.

Устоз сафарга отланиб, ҳамроҳлари билан Чўли Малик орқали Қизилтепа туманига қарашли бир қишлоққа яқинлашганида кўп узоқ бўлмаган жойдан ашулани меъёрига етказолмай чиранаётган ҳофизнинг овози эшитилади.

Мусиқа эшитилаётган жой – чоғроққина тўйхона бўлиб, маҳаллий ҳофиз “Феруз” ашуласини билганича куйламоқда эди. У пайтлар ҳали телевизор, тасвирий реклама деган гаплар йўқ ҳисоби. Тўйхонадагилар устоз ва унинг ҳамроҳларини танимасалар-да, ўзбекона урф-одатларга мувофиқ, меҳмон сифатида эътибор билан кутиб олиб, давранинг тўрига ўтқазадилар. Бир оз паришонхотирроқ юрган Собиржон туйқус меҳмонларни кўриб, Комилжон Отаниёзовни таниб қоладию, қувончдан ўзини устознинг бағрига отади. Бироз фурсат меҳмондорчиликдан сўнг, устоз микрофонга яқин келади ва Собиржонни тўй билан табриклаб, фарзандига эзгу тилаклар билдиргач, микрофонни бир чеккага суриб, “бугун микрофонсиз ашула эшитасизлар”, дея, қўлига тор олиб халқ орасига кириб, тўй аҳлини ўзининг такрорланмас санъатидан баҳраманд қилади. Шу орада тўйда хизмат қилаётган хонандага санъат борасида анчагина ўгитлар ҳам беради. Тўйдан кетаётиб машҳур ҳофизнинг кўрманаси учун берилган барча тўёналарни бир бўғчага боғлаб, Собиржонга тақдим қилади. Қувончдан эсанкираб, чексиз миннатдорлик ҳислари билан турган йигит кўзларида ёш билан устани кузатиб қолади…

Устоз Комилжон Отаниёзовнинг бу олийжаноблиги ҳаётий ривоятга айланиб, ана шу қишлоқ аҳолиси томонидан, нафақат қишлоқ, балки ҳофизнинг барча мухлислари томонидан то ҳозиргача хотирланиб, айтиб келинмоқда. Комилжон устоз ҳақида, хофизнинг, мусиқанинг буюк қудрати, сеҳри ҳақида халқимиз орасида тарқалган шу каби хотираларни кўплаб келтириш мумкин. Дарҳақиқат, буюк санъаткорларгина бундай эътирофга – афсонаю ривоятларга ноил бўладилар.

Раҳмон Қурбонов, Ўзбекистон халқ артисти

Шуҳрат Ўроқов, санъатшунослик фанлари доктори.

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон