Жан Пол Сартр. Мен нега мукофотдан воз кечдим?

1964 йил 23 октябр куни Парижда швед журналистлари олдида сўзланган нутқ

Бу иш машмаша тусини олаётганидан ғоят афсусдаман: каминани мукофотга лойиқ кўришган, мен эса уни олмоқчи эмасман.

Машмашанинг сабаби шуки, мукофотни менга беришмоқчи эканлиги ҳақида фақирни олдинроқ хабардор қилишмаган. «Фигаро литтерэр»нинг 15 октябрдаги сонида газетанинг Стокҳолмдаги мухбирининг Швеция академияси мукофот борасида менинг номзодимга мойиллиги, аммо ҳали қатъий бир қарорга келинмагани ҳақидаги хабарини ўқигач, менга мукофотдан воз кечишим тўғрисида академияга хат ёзиб — хатни эртасигаёқ жўнатганман — масалани узил-кесил ҳал қилиш мумкиндай туюлганди.

Ўшанда мен Нобел мукофоти бўлғуси лауреатга унинг бу борадаги фикри қандай эканлигидан қатъи назар тақдим этилишини билмас эдим, шу боис ҳали бунинг олдини олиш мумкин деб ўйлаганман. Бироқ яхши биламан, Швеция академияси ўз қарорини айтгандан кейин лафзидан қайта олмайди. Академияга йўллаган хатимда тушунтирганимдек, мукофотдан воз кечишимнинг сабаблари Швеция академиясига ҳам, Нобел мукофотига ҳам тааллуқли эмас. Бу хатда мен икки хил — шахсий ва объектив сабабларни баён қилганман.

 

Шахсий сабаблар

Мен мукофотдан бемулоҳазаларча воз кечаётганим йўқ, расмий тақдирлашу орден-медалларни ҳар доим рад этиб келганман. Иккинчи жаҳон урушидан кейин, 1945 йили мени «Фахрий легион» ордени билан тақдирламоқчи бўлишганда, ҳукуматда дўстларим бўлишига қарамай, буни рад этганман. Дўстларимдан баъзилари таклиф қилишса-да, мен ҳеч қачон Француз коллежига киришни хоҳламаганман.

Ушбу қарашнинг асосида менинг ёзувчи меҳнати ҳақидаги тушунчам ётади. Сиёсий, ижтимоий ёки маданий соҳада аниқ позициясига эга ёзувчи фақат ўзигагина тегишли воситалар, яъни нашр этилган асарлари орқали иш тутмоғи лозим.

Ҳар қандай унвону мукофот унинг ўқувчиларига таъсир ўтказади, мен эса буни номақбул деб ҳисоблайман. «Жан-Пол Сартр» ёки «Жан-Пол Сартр, Нобел мукофоти лауреати» деган имзолар ўртасида фарқ бор.

Шунга ўхшаш мукофотга рози бўлган ёзувчи бу билан уни мукофотлаган ассоциация ёки институтни ҳам ифода этадиган бўлиб қолади. Масалан, мен Венесуэла партизанларини ёқтирсам бу туйғу фақат ўзимгагина тааллуқли бўлади. Бироқ «Жан-Пол Сартр, Нобел мукофоти лауреати» Венесуэла қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг ёнини олиб чиқса, бу билан у Нобел мукофоти институти ҳам Венесуэла қаршилик кўрсатиш ҳаракатини ёқлашини ифодалайди.

Ёзувчи ўзини институтга айлантиришларига йўл қўймаслиги керак, ҳатто бу, ушбу ҳолатда бўлганидек, энг нуфузли институт бўлган тақдирда ҳам.

Албатта, бу менинг мутлақо шахсий нуқтаи назарим бўлиб, аввалроқ ушбу мукофот билан тақдирланганларга каминанинг ҳеч қандай хусумати йўқ. Мен ўзим билган кўпгина лауреатларни қаттиқ ҳурмат қиламан ва уларга тасанно айтаман.

 

Объектив сабаблар

Ҳозирги вақтда маданий фронтда кураш олиб боришнинг мумкин бўлган ягона усули — икки маданият: шарқона ва ғарбона маданият биргаликда, тинч-тотув мавжуд бўлиши учун курашишдир. Бу билан маданиятларнинг биродарлашуви керак демоқчи эмасман. Ушбу икки маданиятни таққослашнинг ўзи муқаррар зиддият тусини олишини яхши биламан. Аммо бу таққослаш одамлар ва маданиятлар орасида институтлар аралашувисиз кечиши шарт.

Мен ушбу икки маданият ўртасидаги қарамақаршиликни теран ҳис қиламан: ўзим шу зиддиятлар маҳсулиман. Ким нима демасин, каминанинг социализмга ва шарқий блок деб аталадиган блокка мойиллиги бор, лекин мен буржуй оиласида туғилиб, тарбия топганман. Айнан шу нарса менга икки маданиятни яқинлаштиришни хоҳловчи ҳар ким билан ҳамкорлик қилиш имконини беради. Аммо, табиийки, мен уларнинг яхшиси, яъни социализм енгиб чиқади деб умид қиламан.

Шу боис мен, турли-туман мукофотлари борлигини яхши билсам-да, маданият соҳасидаги шарқий энг юқори инстанциядан ҳам, ғарбий энг юқори инстанциядан ҳам бирон-бир мукофот олишни истамайман. Гарчи социализм менга жуда ёқса-да, масалан, Ленин мукофотини қабул қилишга ҳам рози бўлолмайман, кутилмаганда уни кимдир каминага таклиф қилса албатта.

Тушунаман, Нобел мукофоти ўзи ғарбий блокнинг адабий мукофоти ҳисобланмайди, аммо уни шундай қилиб қўйишди, Швеция академияси олдини ололмайдиган ҳар хил воқеалар юз бера бошлаганлиги шундан.

Мана нима учун ҳозирги шароитда Нобел мукофоти амалда Ғарб ёзувчилари ёки Шарқдаги «исёнчи»ларга мўлжалланган мукофотдай бўлиб қолган. Масалан, Жанубий Американинг энг буюк шоирларидан бири бўлган Неруда тақдирланмаган. Арагон мазкур мукофотга лойиқ бўлса-да, унинг номзоди ҳеч қачон жиддий муҳокама қилинмаган. Нобел мукофоти Шолоховга эмас, Пастернакка берилгани, мукофот олган ягона совет асари хорижда нашр қилинган ва ўз юртида таъқиқланган китоб экани афсусланарлидир. Худди шунга ўхшаш, аммо тескари хатти-ҳаракатни амалга ошириб вазиятни ўнгласа бўлар эди. Жазоирда уруш кетаётган бир даврда, мен ва бошқалар «Бир юз йигирма бир зиёли манифести»ни (121 зиёли манифести (французча «Мanifeste des 121»; тўлиқ номи: «Déclaration sur le droit à l’insoumission dans la guerre d’Algérie or Declaration on the right of insubordination in the Algerian War», яъни «Жазоир уруши даврида бўйсунмаслик ҳуқуқи тўғрисидаги декларация») — 121 нафар зиёли томонидан имзоланган ва 1960 йил 6 сентябрда «Vérité-Liberté» журналида эълон қилинган очиқ хат. Декларацияда Мишел Дебре бошчилигидаги Франция ҳукумати ва жамоатчилик Жазоир урушини жазоирликларнинг мустақиллик учун қонуний кураши деб тан олишга чақирилган) имзолаган пайтимизда мен бу мукофотни жон деб қабул қилган бўлур эдим, чунки бу билан камина тақдирланибгина қолмай, биз интилаётган озодлик учун кураш ҳам шуҳратга бурканар эди. Бироқ бундай бўлмади ва уруш тугаб бўлгандан кейингина фақир мукофотга лойиқ кўрилди.

 

Эркинлик ва пул

Швеция академиясининг изоҳида эркинлик ҳақида сўз боради: бу сўз турлича талқин қилиниши мумкин. Ғарбда уни доим фақат эркинлик сифатида тушунишади. Менга келсак, фақир эркинликни янаям аниқроқ маънода: бир жуфт ботинкадан кўпроқ оёқкийимга эга бўлиш ва иштаҳага яраша овқатланиш ҳуқуқи сифатида тушунаман. Менимча, мукофотни рад этсам уни қабул қилгандан кўра камроқ маломат қилинадигандайман. Агар мен мукофотни қабул қилганимда бу «бу — чеккан азоб-уқубатларингнинг ажри» дейишгача боришимни англатар эди. Мен «Фигаро литтерэр»да «мунозарали сиёсий ўтмишим учун айбситилмаслигим» ҳақида ўқиб қолдим. Биламан, бу мақола академиянинг фикрини акс эттирмайди, лекин у, мабодо рози бўлганимда, розилигим айрим тескаричи доираларда қандай талқин қилиниши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди. Гарчи ўз дўстларим ичида ўтмишда содир этган айрим хатоларимни тан олишга тайёр бўлсам-да, мен «илгариги мунозарали сиёсий қарашларим»да собитман.

Мен бу билан Нобел мукофоти — «буржуазияга хос мукофот» демоқчи эмасман. Бироқ менга яхши маълум доиралар бу воқеани шундай буржуйларча талқин қилишлари аниқ эди.

Ниҳоят, мен пул масаласига ўтаман: Швеция академияси умумбашарий ҳурмат-эътиборга катта миқдордаги пулни ҳам қўшиб лауреат зиммасига оғир вазифа юклайди. Шу масала мени жуда қийнади. Ё мукофотни қабул қилиб, олинган суммани муҳим фаолиятни амалга ошираётган ташкилот ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга сарфлаш керак эди. Шахсан менинг хаёлимга Апартеидга қарши кураш бўйича Лондон комитети келди (апартеид — Жанубий Африка Республикасида 1948 йилдан 1994 йилгача юритилган ирқий камситиш сиёсати). Ё умумий принциплардан келиб чиқиб ундан воз кечиш ва ушбу ҳаракатни муҳтож бўлиб турган мададдан маҳрум қилиш керак эди.

Аммо мен бу сохта алтернатива деб ўйлайман. Фақир, шубҳасиз, 250 минг крондан воз кечаман, негаки на шарқий, на ғарбий блокка расман боғланиб қолишни хоҳламайман. Лекин шу билан бирга мендан 250 минг крон эвазига нафақат ўзимнинг, балки барча дўст-ёрларимнинг ҳам қарашлари акс этган принциплардан воз кечишни талаб қилиш керак эмас.

Каминани мукофотга лойиқ кўрганлари учун ҳам, ундан воз кечаётганим учун ҳам жуда мушкул аҳволдаман.

Ушбу арзи ҳолимни швед жамоатчилигига ҳурматим баландлигини изҳор этиш билан якунламоқчиман.

Рус тилидан Ҳасан Карвонли таржимаси

«Маънавий ҳаёт» журнали, 2018 йил, 1-сон