Жан-Мари Леклезио. Эҳ, ўғри, ўғри, шу ҳам ҳаётми?! (ҳикоя)

Хўш, ҳаммаси нимадан бошланди?
Билмайман, бунга анча бўлган, ҳаттоки, аниқ вақтини ҳам эслай олмайман. Мен Португалиянинг Эрисейра шаҳрида туғилганман. Лиссабондан унча узоқ бўлмаган денгиз бўйидаги бу маскан ўша пайтда балиқчиларнинг кичик бир қишлоғи эди.
Отам сиёсатни деб бизларни тарк этгач, ойим, холам ва мен Франциядан бошпана топдик; бувамни ҳам қайтиб кўрмадим. Айни уруш тугаган йили эди, у ўша пайтда қазо қилган бўлса керак. Аммо мен уни яхши эслайман, у балиқчи эди, менга кўп ҳикоялар сўзлаб берарди, ҳозир эса португалчани бутунлай унутганман.
Онам ишлашга мажбур бўлди. Мен уйларни таъмирлаш корхонасига ишга кирдим, ишим юришиб кетди. Ўша пайтлар эл қатори яшардим: ишим бор, уйлангандим, дўстларим кўп, эртанги кун ҳақида ўйламасдим. Мени на касаллик ва на кулфат ўйлантирарди, тинимсиз ишлардим, холос, маошим эса кам, қачондир тақдир менга кулиб боқадими-йўқми, буни ҳам билмасдим.
Кейинроқ электр соҳасига ишга ўтдим: электр симларини тортардим, маиший электр жиҳозлари, ёритгичларни ўрнатардим, уларни улаб, ўчирардим. Ишим зўр эди, ўзимга ҳам ёқарди.
Бунга анча бўлди, баъзан ўзимдан чиндан ҳам шундай бўлганмиди, дея сўрайман; ё ҳар куни соат еттида уйга қайтиб, эшикни очишим билан ўз гўшамнинг тафтини сезган, қулоғимга болаларимнинг қувноқ овозлари эшитилиб, хотинимга кўзим тушгач, у менинг истиқболимга чиқиб, бўйнимга осилган, тинкам қуригани сабабли овқатдан олдин ўрнимга бироз чўзилиб шифтга термилган ва унда ажабтовур кўланкаларни кўрган пайтларимдаги туш эмасмиди, дея хавотирланаман. Ўшанда ҳеч нарсани ўйламасдим, мени на келажак ва на ўтмиш қизиқтирарди.

Энди-чи?
Эҳ, энди ҳаммаси ўзгариб кетди. Энг ёмони, ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Айтишларича, корхона инқирозга учраб, хўжайин бўйнигача қарзга ботган, ҳамма нарса гаровга қўйилгач, жуфтакни ростлаган, оқибатда уч ойлик маошимиз хўжайиннинг гарданида қолди. Бунинг устига у янги бир буюртманинг ҳақини олдиндан олган экан. Газеталарда у ҳақда ёзишди, аммо уни қайтиб кўрмадик – на ўзини, на пулни. Ҳаммамиз худди жарликка қулагандек эдик. Қолганларга нима бўлганини билмайман, назаримда, улар бошқа ёқларга кетишди, чунки уларнинг ёрдам берадиган ёр-биродарлари бор эди. Аввалига ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб ўйладим, осонгина бирор иш топсам керак дедим, аммо иш дегани топилмасди, чунки корхона эгалари оиласиз одамларни, асосан, ажнабийларни ёллашар, мабодо бирор кор-ҳол бўлиб қолса, улардан қутулиш осон эди. Электр соҳасидаги ишга келсак, менинг дипломим йўқ, ҳеч ким мени дипломсиз ишга олмасди. Ойлар ўтар, бироқ омадим ҳеч юришмасди; уйда қозон қайнамай қолган, ўғлимнинг ўқишига тўлашга пул йўқ, хотинимнинг соғлиги ёмонлиги учун ишга ярамас, ҳатто дорига ҳам пул тополмасдим. Ўша пайтда дўстларимдан бири уйланди ва мен унинг ўрнига уч ой Бельгияда туриб, домна печларида ишладим. Бу иш оғир эди, мен меҳмонхонада ёлғиз яшардим. Яхшигина пул топиб, “Пежо” русумли кичикроқ юк машинаси сотиб олдим, ҳозир ҳам уни ҳайдаб юрибман. Ўша пайтларда миямга машинамда қурилиш майдонларига юк ташиш ёхуд бозорларда мева-чева олиб-сотиш билан шуғулланишим мумкин-ку, деган фикр келди. Бироқ бу қийин эди, ёнимда ҳемири ҳам йўқ, ҳатто ишсизлик учун оладиган нафақамдан ҳам айрилгандим. Оилам оч қолди – хотиним, болаларим очдан ўлишлари мумкин эди. Ана шунда бир қарорга келдим. Бошида бу иш вақтинча, озгина пул топгач, ташлайман, фақат сабр қилсам, бас, дедим. Аммо, мана уч йилдирки, бу иш давом этмоқда, энди бу ёғига ҳам бирор нарсанинг ўзгаришига амин эмасман.
Агар хотиним ва болаларим бўлмаганида, бу ерлардан бош олиб кетган бўлардим, Канадагами, Австралиягами, фарқи йўқ, бу билан ўз ҳаёт тарзимни ўзгартирган бўлардим…

Улар-чи, улар билишадими?
Болаларимми? Йўқ, улар ҳеч нима билмайди, улар жуда ёш, оталари ўғри эканлигини айтиб бўладими?! Бошида хотинимга ҳам билдирмоқчи эмасдим. Мен унга тунги қурилишда қоровул бўлиб ишлаяпман, дедим, аммо у уйга телевизор, мусиқий марказ, маиший рўзғор буюмлари, сейф, тақинчоқ ва бошқа буюмлар олиб келаётганимни кўриб турарди. Бу матоҳларнинг ҳаммасини гаражда сақлардим. Хотиним барибир шубҳаланиб қолди. У бу ҳақда менга ҳеч нима демади-ю, аммо сезганини билардим. Нима ҳам дея оларди? Иш шу даражага бориб етдики, бизнинг йўқотадиган ҳеч нарсамиз қолмади, ё шундай яшаш керак, ё кўчада тиланчилик қилишга тўғри келарди.
Омадим чопиб ўша пайтда бир яхши харидор топдим, у қалтис ишга қўл урмай мўмайгина пул топарди. Шаҳарда унинг катта маиший электрон жиҳозлар дўкони ва қаердадир – билишимча, Париж атрофида – камёб буюмлар дўкони бор эди. У ўғрилик молларни сув текинга сотиб оларди. Буюмларга яхшироқ ҳақ тўларди-ю, бироқ дуч келган нарсани олавермасди, айтишича, бу қалтис иш эмиш. Бир куни у менинг кўҳна осма соатимни олмади, чунки бундай соатлар дунёда уч-тўртта экан, қўлга тушиб қолишдан қўрқди. Шунда мен соатни хотинимга бердим, у хотинимга ёқмади, шекилли, билишимча, бир неча кун ўтиб соатни чиқиндиларга қўшиб ташлаб юборибди. Балки у ҳам қўрққандир.
Ҳа, ўша куни гаражда машинамдан нарсаларни тушираётган пайтимда хотиним кириб келди. Жилмайиб турса-да, аслида ғамгин эди. “Бу хатарли эмасми?” деб сўрагани ёдимда. Уялиб кетдим ва ундан чиқиб кетишини сўрадим, чунки ўша дамда харидорим келиши керак эди ва у хотинимни кўришини истамасдим. Боз устига болаларим ҳам буни билиб қолишидан қўрқардим, чунки улар ҳали гўдак эди. Улар мени аввалгидек ишлайди, деб ўйлашарди.
Мен фарзандларимга энди тунда ишлайман, шунинг учун кечқурун кетишим, кундузи эса бироз мизғиб олишим зарур, дегандим.

Сенга шу ҳаёт ёқадими?
Йўқ, ўзимга ҳам ёқмайди. Аммо нa илож.

Сен ҳар куни кечқурун чиқиб кетармидинг?
Ишга қараб. Бу жойга ҳам боғлиқ. Шундай даҳалар борки, ёзда ҳеч ким бўлмайди. Баъзилари қишда бўм-бўш ётади. Баъзан уйда узоқ қолиб кетар, кўчага ҳам чиқмасдим, чунки ҳушёрлик керак, бундай пайтлар хатарли эканлигини яхши билардим. Аммо баъзан оилам пулга муҳтожлик сезарди, кийим-кечак, дори-дармон дегандай. Ётоқ учун, электр тўловлари учун ҳам пул керак бўларди. Мен бу вазиятдан чиқишим керак эди. Кўпроқ ўликларни қидирар эдим.

Мурдаларни?!
Ҳа, биласанми, газетадан бирор бадавлат кишининг вафот этганини билиб оласан, сўнг дафн куни бемалол унинг уйини тунашинг мумкин, чунки ҳамма қабристонга кетган бўлади.

Одатда ҳар доим шундай қиласанми?
Ҳар доим ҳам бир хил эмас. Тунда узоқ даҳаларда ишласам, ўзимни бехавотир сезаман. Баъзан кундузлари ҳам ишлайман, то тушгача. Лекин кундузи ишлашни ёмон кўраман, кўпинча қош қорайишини кутаман, тонг-саҳар энг қулай пайт, чунки кўчада ҳеч зоғ бўлмайди, ҳатто миршаблар ҳам ухлайди. Аммо мен ҳеч қачон одам бор уйга кирмайман.
Одам бор-йўқлигини қаердан билардинг?
Менинг ўрнимда бўлсанг, биласан, бу шундоққина кўриниб туради. Остонадаги чанг, тўкилган барглар ёки почта қутисидан олинмаган газеталар ҳам уйнинг кимсасизлигидан дарак беради.

Эшикдан кирасанми?
Осон бўлса, ҳа, қулфни бузаман ёки ясама калитлардан фойдаланаман. Агар эшикдан кириб бўлмаса, деразадан кираман. Доим ёнимда олиб юрадиган тўқмоқча билан дераза ойнасини синдириб, ичкарига кираман. Аввало, из қолдирмаслик ва жароҳатланмаслик учун қўлқоп кийиб ишлайман.

Огоҳлантириш қўнғироқлари бўлса-чи?
Агар қўнғироқни ўчириш қийин бўлса, тегмайман. Кўпинча уларни узиш қийин эмас. Бир қарашдаёқ биласан, симларни узиб қўйсанг, бас.

Одатда нималарни ўғирлайсан?
Биласанми, нотаниш уйга кирганингда, аввало, у ердан нима топишингни билмайсан. Сени сезиб қолмасликлари учун тез ишлашинг керак. Яхши сотиладиган ва муаммо туғдирмайдиган нарсаларни, масалан, телевизор, мусиқий марказ, маиший рўзғор буюмлари, сейф, ялтироқ нарсалар ва портретлар, вазалар, ҳайкалчаларни олишинг керак.

Тилла тақинчоқлар-чи?
Йўқ. Одамлар тақинчоқларини кўзга кўринадиган жойга ташлаб кетмайди. Виноларни олишинг мумкин, чунки улар доим харидоргир. Яна одамлар ертўлага унча эътибор бермайди, ҳатто эҳтиёт юзасидан ҳам у ерга қулф осмайди, у ерда нималар бўлаётганига қизиқмайди ҳам. Тезда ҳамма нарсани йиғиб жуфтакни ростлаш керак. Бахтимга машинам бор, агар у бўлмаганида мен бу ишларни уддалай олмасдим. Бирор жиноий гуруҳга қўшилиб, босқинчига айланардим, тўғрими? Аммо бу менга тўғри келмасди, чунки, билишимча, улар муҳтожликдан эмас, эрмак учун, бойлик орттириш мақсадида ўғрилик қилишади, бирданига катта-катта ўғирлашади, мен эса кун кўриш учун ўмараман, хотиним ва болаларим оч қолмаслиги, яхши кийинишлари, билим олишлари, яхши касб эгаси бўлишлари учун ўғрилик қиламан. Агар эртага бирор иш топсам, барини бас қилиб, яна уйимга хотиржам қайтаман, оқшомлари овқатланишдан олдин ўрнимга чўзилиб шифтдаги кўланкаларга боқаман, ҳеч нимани ўйламайман, келажагимдан қўрқмайман…
Ҳозир эса ҳаётим бўм-бўш идишга, ортида ҳеч нарса йўқ пардага ўхшайди. Назаримда, уйлар, одамлар, машиналар – бари ясама, пайти келиб кимдир менга булар қуруқ масхарабозлик, эгасиз нарсалар дейиши мумкин. Шундай экан, бу ҳақида ўйламаслик учун пешиндан кейин кўчага чиқиб кетаман ва бошим оққан томонга юраман, юравераман, қуёш чарақлаб турибдими, ёмғир ёғаяптими – менга фарқи йўқ, ўзимни бегонадек ҳис қиламан, гўёки эндигина поезддан тушганману, шаҳарда ҳеч кимни танимайман.

Дўстларинг-чи?
Эҳ, дўстларми, улар бошингга бирор кулфат тушса, ишингдан айрилсанг, пулинг йўқлигини билиб қолишса, бироз мулозамат қилиб туришади-ю қочишади. Пул сўрашингдан қўрқадилар, кейин у ёғи ўзингдан қолар гап йўқ. Бошида аҳамият бермайсан, бир кун келадики, атрофингда ҳеч зоғ қолмайди, ҳеч ким сени танимайди ҳам… Чиндан ҳам ўзингни худди бегонадек, эндигина поезддан нотаниш шаҳарга тушгандек ҳис қиласан.

Ҳаммаси олдингидек изга тушиб кетади деб ўйлайсанми?
Билмадим, илгари мен бу омадсизлик ўтиб кетади, яна ғишт теришми, монтёрликми, илгариги ўз ишимга қайтаман, деб умид қилардим…
Баъзан эса ўзимга ўзим, бу ҳеч қачон тугамайди, дейман. Чунки бойлар қашшоқларни бир чақага олмайди, уларнинг устидан кулади, холос, совуқ уйларига яширилган сейфдаги пулларни фақат ўзлари учун йиғади. Кун кўраман десанг, нон топаман десанг, уларнинг уйига киришинг, оладиган нарсангни ўз қўлинг билан олишинг керак.

Ўғри бўлиб қолганингни сезганингдан кейин нима ўзгарди?
Ҳа, менга нимадир бўлди, томоғимга нимадир тиқилди, ҳаётдан тўйдириб юборди. Биласанми, уйга кечки овқат маҳали қайтганимда, совиб қолган сендвични еб, телевизор кўраману, ёнимдаги болаларим ҳеч нарса демайди. Илгарилари сира бундай эмасди. Хотинимга ҳар қараганимда, у ҳеч нарса демаса-да, кўриниши ҳорғин, кўзлари нурсиз ва ғамгин туюлади, ана шунда у мендан биринчи марта “Бу ишинг хатарли эмасми?” деб сўрагани ёдимга тушади. Мен уни алдагандим – “Йўқ”, деб жавоб бергандим, аслида бу иш фалокатли эканини, ташвиш келтиришини билардим. Уч-тўрт маротаба шундоқ бўлишига бир баҳя қолган. Одамлар менга қараб ўқ уздилар. Мен қоп-қора кийинган эдим, бош кийимим, қўлқопларим ҳам қора, боз устига ҳаммаёқ зимистон эди. Бахтимга ўқ менга тегмади. Аммо бир куни фалокат рўй беришини биламан, балки бугун тунда, балки эртага, яна ким билсин…
Балки мени тутиб олишар, турмада ҳам ўтириб чиқарман ёки ўқларга чап беролмай, ўлиб кетарман…
Фақат хотинимни ўйлайман, ўзимнимас, чақачалик қадрим йўқ. Мен фақат хотиним ҳақида ўйлайман, болаларим ҳақида ҳам, уларга нима бўлади, улар ҳақида ким жон куйдиради?
Ҳали Эрисейрада яшаган пайтларимда бувам менга айтиб берган қўшиқ ёдимга тушади. Нима учун айнан шу қўшиқни эслайман, бошқасини эмас, деб ўзимдан сўрайман, тақдир дегани шудир балки. Оз-моз бўлса ҳам португалчани тушунасанми? Бу қўшиқ шундай куйланарди, эшит:

O ladraõ, ladraõ
Que vida e tua?
Comer e beber
Passear pela rua.
Era meia noite
Quando ladraõ veio
Bateu tres pancadas
A’porta do meio*.

Француз тилидан Раҳима Ширинова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2016 йил, 4-сон

___________________

* Эҳ, ўғри, ўғри!
Шуми сенинг ҳаётинг?
Емак, ичмак дардида
Кўча дайдиш одатинг.
Тун қоқ ярим бўлганда
Насибангни терасан.
Омад деган эшикка
Тинмай зарба берасан. (Мутаржим таржимаси).