Абдул ал-Мажид. Шайхнинг ўлими (ҳикоя)

Уни орқасидан қўндоқ билан итариб, оғир, нағалли этиклари билан тепкилаб олиб кетишарди.
Туманга чўмган тонг. Қуёш одамларнинг қил­мишидан уялгандек булутлар ортига беркинди. Йи­гирма кунлик қийноқдан сўнг тор уйчага қўл-оёқлари боғланган ҳолда улоқтирилганлардан ёлғиз унга ёруғ кунни кўриш насиб этди.
У қишлоқнинг шайхи эди.
Ҳар бир зарба аста-секин, лекин тўхтовсиз уни биродарларидан узоқлаштирар, ўлим томон етакларди. Ҳар бир қадам ҳаётдан ўлимга олиб борувчи занжирга янги ҳалқа қўшар ва бу занжир тириклар марҳумлар­ни бир-бири билан боғлагандек, бирлаштиргандек бўлиб кўринарди.
Унинг бутун умри азоб-уқубатда ўтди.
– Бу сенми Қуръонни ўқиган?
Жавоб ўрнига сукут. Қўндоқ билан берилган зар­ба чап жағга тушди. Унинг фақатгина киприклари беихтиёр пирпиради. Шайхни уйқу элитарди. Шундай бўлса-да, ерга букчайишга мажбур этган чарчоққа қарамасдан, тик туришга уринарди. Унинг юзи совуқ ва нафратли эди, у бутун вужуди билан титрар ва ҳар бир нотўғри босилган қадам қўндоқнинг кучли зарбалари билан “сийланарди”.
– Шошмай тур, ҳали сен шундай сайрайсан-ки…
Шайх французчани тушунмасди. У биродарларидан айрилди, видолашди. Улар сўнгги кунларига қадар шайхга ғамхўрлик қилишди.
Аскарлар совқотишар, қўлларини бир-бирига иш­қашарди.
Уни меваларининг оғирлигидан ерга эгилган зай­тун дарахти шохлари тагида тўхташга мажбур этишди. Шайх сариқ тупроқда қолган ўзининг яланг оёқлари ва соқчининг изларига боқди.
Илк бора нигоҳлари қадалган ва бутун умри да­вомида қадрдон бўлиб қолган қишлоғига сўнгги бор назар ташлаганча “Умримнинг интиҳоси шу ер”, дея пичирлади. Қўрқув йўқолди. Шайх ўзини сезмасди. Ғайриоддий қўрқув шайх учун иснод эди, қўрқув энди ёлланма аскарлар қишлоққа келишган дамлардагидек жонни қийнамасди.
Аскарлардан бири белкурак келтирди.
– Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ (Ла илаҳа иллаллоҳ)… – Қўндоқнинг зарби уни йиқитди, – ва Муҳаммад унинг расулидир (Муҳаммадур расулуллоҳ).
Шайхни бошқалар билан бирга узоқ азоблаб қий­нашди. Кўпчилик қийноқларга чидай олмади. Ҳо­зир шайх учун энг муҳими Худонинг марҳамати эди. Тарсакидан шайхнинг боши силкинди, милтиқ билан қорнига берилган зарбанинг чидаб бўлмас оғриғи уни букчайтириб қўйди, баданида соғ жойнинг ўзи қолмади ва ҳаттоки зарбанинг кучидан суяклари­нинг қирсиллагани эшитилди. Мурдадек рангпар юзида аж­­ралиб турган, ёрилган лаблари орасидан хирилла­ган товуш чиқди. Шайхнинг қўлларини ечишди. Темир симлар ўрнида икки из жой қолди. Бармоқларининг учлари шишиб кетганди. Учли гугурт доналари сан­чилган тирноқлари остидан оққан қон қотиб қол­ганди.
Бир неча сониялик сукут абадийдек туюлди. У ҳаммаси тезроқ тугашини хоҳларди, ахир тақдирда шундай ёзилган, ўлим — қутулмоқ.
Зобит ниманидир ўйларди. Унинг қайрилма кип­риклари остидаги кўз қорачиқлари кенгайди, юзи шафқатсиз тус олди.
Аскарлар ишни тугатишга шошилардилар. Зобит эса олдиндан роҳатланарди. Шайх бутун ўтмиш ва келажак авлодларининг нафратига тўлган нигоҳи билан уларга қаради. Узун, тўзиган, кир соқоли унинг юзини қоплаганди.
– Қани, қўлингга ол-чи! – деди аскар ўзи олиб келган белкуракни оёғи билан тепиб. Буйруқ ҳақорат билан тўлдирилди.
Зобит шайхни ўзига-ўзи гўр қазишга мажбурлашни хоҳларди. У шу пайтгача одамларга ўзи учун қабр қаздиришга бўлган иштиёқини босиб келарди. Ҳеч нарса — ҳатто мана шу уруш ҳам, бу ғалаба билан тенглаша олмасди: курашувчан инсонни ўзига қабр қазишга мажбурлаш, уни жонсиз жисмга айлантириш, онги ва иродасидан маҳрум қилиш, инсон қадр-қимматини ваҳшиёна таҳқирлаш.
Зобит ғазаб-ла ўзининг азалий орзусини амалга оширишга тиришарди.
– Демак, сен экансан-да уларнинг раҳнамоси? Бу­ сен­ми қурол-яроғ учун пул йиққан? Иқрор бўл, ни­ма билсанг, ҳаммасини айт, шундагина сени қўйиб юбо­раман…
Зобит олдиндан ўз қилмишини оқламоқчи ва бу билан танбал виждонини аллаламоқчи эди. Аммо виждон уйғонишидан умид йўқ эди. “Нима ҳам қилардик, – деди у, – уруш кетяпти, уруш муқаддасдир”.
Шайх аниқ биларди, агар у гапирса ҳам барибир ўлдиришарди.
На зобит, на шайх ўзларини алдашга уринишар­ди. Бири ўлдиришини, иккинчиси эса ўлдирилишини биларди. Шайх худди мушукнинг чангалига тушган сичқондек ҳимоясиз эди.
Шайх оёғи остида ётган белкурак томон эгилди. Зобит иршайди, у ниятига етгандек мамнун эди. Аммо шайх белкуракни четга суриб қўйди, холос.
Бу ғазабни қўзғатадиган ўйин эди.
Шайх хотиржам қаддини ростлади.
– Жазоирлик ҳеч қачон ўзига қабр қазимайди!
Бу гап ўқ овозидек янгради. Зобит муштини тугди, тишини тишига шундай босди-ки, яноқларида шиш пайдо бўлди ва шайхнинг юзига кафтининг орқа тарафи билан қулочкашлаб туширди.
Зобит ўзига бўйсунмасликларига чидай олмасди. Шайх қонли табассум қилди… бу табассумда бечора зобитга ачиниш бор эди.
“Иродали бўл, иродали бўл” биродарларининг далда бериб айтган бу сўзлари унинг шуурини эгаллаганди. Юзидан қон оқар, чаккалари зирқирарди. Қулоғининг шанғиллашидан бошқа ҳеч нарса эшитмасди.
Шайх зобитнинг юзига тупурди, шу он кўзининг четида бир қатра ёш кўринди. Шу пайтгача тупроққа кўмилган отаси учунгина кўз ёш тўкканди. Гўё қонга бўялган юзига бир дона гавҳар юмалади. У тили билан лаълни ушлаб қолди, тупроққа туширмади.
Аскарлар ҳамон интизорлик билан кутишарди. Улар шайхни тезроқ тинчитишни хоҳлашарди. Буларнинг бари одамни зериктирадиган ҳолат эди. Ёш аскарлардан бири хижил бўлиб, лабларини тишлаганча, бошқалар каби юзини тескари ўгирди.
Шайх ўзини электр токи силкитгандек ҳис қилди, нам қўлларини қимирлатди, пешонасидан дона-дона тер чиқди. Ногаҳоний қувонч тўлқини унинг бутун вужудини чулғаб олди, кўзларига нурни қайтарди. Энг қийин ҳал қилувчи онларда аждодларимизнинг қалбимиз тубида беркитилган жасурлиги, ботирлиги кутилмаганда жонланади ва чексиз жисмоний ёки­ руҳий азобнинг ортидан эътиқоди мустаҳкам ин­соннинг ғурурини ҳам уйғотадиган, ҳам ҳайратга со­ладиган хотиржамлик пайдо бўлади.
Аскарлар ҳайратдан лол қолишди. Шу лаҳзада шайх ғазаб оловида аскарлардан бирига ташланди, уни ерга ағдариб, милтиғини тортиб олди ва зобитни нишонга олди… Қаторасига эшитилган автомат товуши тонги сукунатни бузди — аскарлардан бири ўқ узган эди. Шайх совуқ милтиқни ушлаганча, қақшаб йиқилди… У қуролни ишга солишга беҳуда уринган эди. Ахир уни ҳеч қачон бунга ўргатишмаганди.
Ўлимнинг нафаси бутун танага ёйилди. Нурсиз кўзлар туманли шафақ қаршисида очиқлигича қотиб қолди.
Лойда думалаган тана ёпишқоқ кафанга бурканди.
Ғазабдан титраган зобит тўппончасини суғуриб олиб, шайхнинг юзига тўғрилади. Жасадни оёғи билан босиб, унга тупурди, зобитнинг юзида лоқайдлик акс этди.
Ёш аскар ўзини тутиб тура олмади, қайт қилиб юборди.
– Ҳеч қиси йўқ, аста-секин ўрганиб кетасан, эртага сен ҳам бундай ишларни бажарасан… Кўрасан бунинг қанчалик осонлигини…
Эртага яна бошқа қотил туғилади.
Улар кетишди…
Осмон баайни уларнинг кетишларини кутаётгандек, кўз ёшларини тўкиб юборди…

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси