Эжоз Ҳусайн Баталавий. Эътиқод ортидаги зулмат (ҳикоя)

Ниҳоят, ижтимоий фанлар магистри Нисор Ҳасан Козимий иш топди.
Унинг бу хабарни эшитганига уч кун бўлди. Шу кунгача онаси қўни-қўшнилардан бир эмас, бир неча бор “қуллуқ бўлсин”ни эшитиб улгурди. Бугун эса эски ишхонаси қаҳвахонасида кузатув кечаси бўлди. Кетишидан олдин у ўзи ўтирган хонадаги стол, стул, деворларни қўли билан сийпалаётиб ҳўнграб юборди. Худди ота уйини тарк этаётган келиндек дилгир бўлиб, дўстлари билан хонасидан чиқди. Кейин хайр-хўшлашиб, уйига кетди.
У оҳиста-оҳиста қадам ташлаб, уй томон кетиб борар эди. Оёқлари бу йўлни минг марта ўлчаб чиққан бўлса, ажаб эмас: Кришна Нагар коллежидан қаҳвахонага, қаҳвахонадан яна ортга. Ҳар бир дарахт, ҳар бир устун, ҳар бир муюлиш унга қадрдон. Эртадан эса янги ҳаёт, янги йўллар ва янги одамлар унинг ҳаётига кириб келади.
У бирдан ўйланиб қолди – шаҳардан иш топмаган бўлса, нима бўпти? Ахир ҳақиқий Покистон, бу – бошдан-оёқ қишлоқ-ку?! Мамлакатни тараққий эттириш учун, энг аввало, ишни қишлоқдан бошлаш керак-ку.
Шуларни ўйлаб, у Кришна Нагарга бурилди. Бу ер унинг туғилган жойи. Худди шу ерда, мана шу тор-танқис кўчаларда унинг болалиги ўтган. Барели шаҳри унинг ёдида йўқ. Бу ердан унинг ота-онаси Покистонга кўчиб ўтган. Ўшанда у тўртинчи синфда ўқирди.
Лоҳурга кўчиб келгач, улар мана шу тумандан уй-жой қилишди. Отаси муниципиал судга ишга жойлашди. Оилада ҳамма урдуча гапирар эди, аммо у маҳаллий панжобийни анча-мунча биларди. Баъзан биронтаси соф панжобийда гапирса, нотаниш сўзни тушунмай, Нисор ўзини йўқотиб қўяр ва гапирган одамга анграйиб қараб қоларди.
Ўқиш пайтида сидқидилдан меҳнат қилишга ўрганди. Оилавий аҳволи ҳаминқадар бўлгани учун қўшимча иш қилар эди: ўзига тўқ кишиларнинг болаларига дарс берар, рўзномалар учун керакли хабарларни таржима қилар эди.
Магистратурани тугатгач, иш қидиришга тушди. Солиқ қўмитасига мурожаат қилди, божхона хизмати, акциз департаменти ва яна бир қанча идораларга қатнади. Ниҳоят, омад кулиб боқди. Оилани режалаштириш қўмитасида иш тавсия қилишди. Маоши ҳам ёмон эмасди. Аммо бир “лекин”и бор эди – иш қишлоқда эди. Нисорнинг бошқа чораси йўқ эди. У рози бўлди. Қишлоқ Лоҳурдан анча узоқда эди.
Округ марказида оилани режалаштириш қўмитасининг энди ишга олинган ходимлари тўпланди. Улар учун айни шу мавзуда маърузалар ўқилди. Биринчи бўлиб вилоят бошлиғи ўринбосари сўзга чиқди. У бу муаммонинг мамлакат миқёсида ҳар бир оила учун ўта муҳимлиги ҳақида гапирди. Шу боис ҳукумат унинг ижобий ҳал қилиниши учун ҳар қандай ёрдамга тайёр эканини, бунинг учун мамлакат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, бу муаммони муваффақиятли бартараф этиш учун бу ёш мутахассисларнинг зиммасига катта масъулият юклатилади.
Сўзга чиққан одам яхшигина нотиқ экан. Ҳаммани лол қолдирди. Сўзини тугатаётиб, “Бизнинг фарзандларимиз соғлом, саводли ва масъулиятни ҳис қиладиган бўлиб етишиши керак”, – деди тугилган муштумини у ён-бу ёнга сермаб.
Унинг маърузаси асносида ҳамма бир-бирига қараб қўяр, айни пайтда бу улуғ вазифани амалга ошириш учун юклатилган масъулиятни ҳис қилар эди.
Семинарлар икки ҳафтача давом этди. Шифокорлар, руҳшунослар, иқтисодчилар, яна бир қатор мутахассислар маъруза ўқишди. Хуллас, бу икки ҳафта янги билим ва янги дўстлар орттириш билан ўтди.
Ўша кунларда Нисор маърузалар билан шунчалик банд эдики, ҳатто қариндош-уруғларини ҳам, эски дўстларини ҳам эсламади.
Семинарлар тугагач, янги мутахассислар темирқанот бўлиб, энди уясидан учиб чиққан палапонлар каби мамлакатнинг турли туманларига тарқаб кетди.
Нисор Ракҳанвала қишлоғига йўлланма олди. Қишлоқ вилоят марказидан етмиш мил узоқда эди. Унга етгунча деярли олти соат юриш керак эди, чунки йўл деярли бошдан-оёқ хароб аҳволда эди. Катта кеманинг моҳир дарғаси ўз манзилига етиш учун денгизда учраган қояларни четлаб ўтгани каби, юк машинасининг ғилдираги ўнқир-чўнқирга тушиб қолмаслиги учун ҳайдовчи бор маҳоратини ишга солар эди. Юк машинасидаги йўловчилар Нисор ва полиция ходимидан ташқари аёллар, эркаклар, болалардан иборат қишлоқ одамлари ҳам эди.
Йўл бўйи машина бир неча бор кичик-кичик қишлоқларда тўхтади. Чунки одамлар бироз дам олиб, ўша жойдаги дўкончаларда маза-матрасиз бирон нарса еб олмаса бўлмас эди. Бир неча соат юргач, ёнгинангда ўтирган қўшнингни ҳам таниб қоласан, киши. Машина юрганда, унинг атрофида кўтарилган чанг-тўзон одамларнинг юз-кўзига, энгил-бошига қўниб, таниб бўлмас даражага келиб қоларди. Ҳамма ҳориб-чарчаб, бўларича бўлар эди.
Ракҳанвала қишлоғи кичикроқ дарё соҳилида, баландликда жойлашган эди. Нисор уст-бошини қоқиб, чор-атрофга кўз югуртирди. Йўловчилар машинадан лаш-лушларини олиб, бошларига қўйганча уй-уйларига кетдилар. Унинг ёнига бир киши келиб: “Сиз Оилани режалаштириш дастури бўйича келдингизми?” – деб сўради. “Ҳа, ҳа”, – деди Нисор суюниб.
– Мен сизни кутиб олгани чиқдим. Ўзим маҳаллий маъмурият идораси котибиман. Юринг.
Улар ёмғир суви тўпланадиган бир ҳандақ ёнидан ўтди. Сувнинг юзини қандайдир яшил сувўтлари қоплаб олган эди. Бироз нарида чиқинди уюми атрофида товуқлар изғиб юрар, тумшуқлари билан ниманидир кавлар эди. Худди шу ерда бир масжид ва бошланғич мактаб ҳам бор экан. Унинг пештоқига “Ким яхшилик қилса, ҳурмат топади” – деган лавҳа осиб қўйилибди. Яна бир ёмғир суви ювиб кетган ёзувга кўзи тушди. Ҳойнаҳой, “Хуш келибсиз” деб ёзилган бўлса керак. Шу ердан кичкина кўчалар бошланиб, уларнинг ҳар икки томонида деворлари нураб кетган пахса уйлар қад кўтарган эди.
– Сиз маҳаллий маъмурият идорасида турасиз, у қишлоқ чеккасида жойлашган. Битта хона сизники.
Бу жой эски эҳром бўлиб, ҳиндулар бу ердан кетганидан кейин Ҳиндистондан келган мусулмон муҳожирлар жойлашиб олган эди. Уларга ер ажратилгач, улар ҳам бу ердан кўчиб кетган эди. Ҳувиллаб ётган бино таъмирланиб, маҳаллий ҳокимият идораси шу бинога келиб ўрнашган эди.
Нисорга ажралган хонада битта ёғоч чорпоя, синиқ стул ва стол бор экан.
Котиб Нисордан мақтов кутгандай бўлиб, унга юзланди:
– Ҳар ҳолда шаҳарликсиз, шуни ўйлаб, ҳамма шароитни қилиб қўйдик. Ёқади деган умиддаман. Кечки таомни ўзим олиб келаман. Эртага раис келиб учрашади, у бугун банд. Сиз дам олинг.
Нисор ўринга чўзилди. Кеч кирди. Қуёш дарахтлар ортига беркинди. У ўриндан туриб, хонадан чиқди ва дарё томон юрди. Қаршисида бепоён дала ясланиб ётарди. Ҳар жой-ҳар жойда шўралаган тупроқ кўринади. Атроф сукунатга чўмган. Ҳатто дарё ҳам сукут сақлаб оқаяпти. Чор атроф зулматга чўммоқда. Узоқдаги масжид гумбазию баланд-паст уйлар қоронғилик оғушида. Теварак-атрофдаги сукунат туфайли қалбини қандайдир хотиржамлик чулғаб олган ва бу хотиржамлик соғинчдан тирналаётган юрагига малҳам бўлмоқда эди.
Эртаси куни 40-45 ёшлардаги маҳаллий ҳукумат бошлиғи Нисор билан учрашди. У эгнига қимматбаҳо матодан тикилган бичими кенг узун кўйлак – курта кийган эди. Учи тепага қайрилган мўйлови ва сочига мой суртиб олган эди. Ҳовлида у миниб келган оппоқ от боғлоғли турар эди. Бошлиқнинг келишидан анча олдин бир гала одам тўпланди. Булар шу ернинг таниқли ва ҳурматли одамлари бўлиб, маҳаллий ҳокимият ходимлари эди. Барчаси Нисор билан бирма-бир танишди. Сўнг ўзига юклатилган вазифа ҳақида гапириши учун Нисорга сўз берилди. У ҳам вилоят бошлиғи ўринбосари каби нутқ ирод қилди. Ҳамма жим туриб тинглади. Кейин бирданига боши-кети йўқ саволлар ёғила кетди.
– Қаерликсиз?
– Қайси ижтимоий табақадансиз?
– Ота-онангиз муҳожирми, уйланганмисиз?
Ҳамма уй-уйига тарқади. Аммо ҳалигача унинг қулоғи остидан одамларнинг шивир-шивир қилиб айтган гаплари кетмасди: “Дунёга келиши керак бўлган жонни тўхтатиб бўладими? Яратганнинг ишига ким дахл қила олади?”
Наздида, охирида айтилган бу гап унинг йўлидаги энг катта ғов бўладигандай, у ё унга қулаб жон таслим қилади ёки ундан ҳатлаб ўтиб жон сақлаб қолади.
Нисор бутунлай ўз ишига шўнғиб кетди. Семинарда берилган кўрсатмадан оғишмаган ҳолда у қилаётган ишининг, энг аввало, аёл-эркакларнинг ўзи учун манфаатли эканини тушутириши керак эди. Оилани режалаштириш дастури уларга қандай афзалликлар беради? Бунинг учун у ўзига аҳоли орасидан ёрдамчилар танлаб олиши керак. Булар доялар ва табиблар, ҳакимлар бўлиши мумкин. Нисор барча тўпланганлар билан биргаликда ўша эски ҳинду эҳроми биносида биринчи дарсини бошлади.
Қаршисида ўттиз нафарга яқин ёши улуғ аёллар ўтирибди. Орасида бир-иккита ёшроғи ҳам бор – баъзиси бева, баъзиси моддий аҳволи танг аёллар.
Афтидан, ҳаммаси ўз ишининг устаси кўринади. Нисор бироз каловланиб турди. У гапни нимадан бошлашни билмаётганди.
– Ҳурматли опа-сингиллар! Мен сизлар билан ўзингиз неча йиллардан бери қилиб юрган иш юзасидан гаплашмоқчи эдим, яъни боланинг дунёга келиши ҳақида…
У бироз ўзини ўнглаб олди. Кейин мамлакатда дон ўрими, катта оила муаммоси, иқтисодий қийинчиликлар ва таълим билан боғлиқ масалаларни тилга олди. “Сиз кўп йиллар аҳолининг ўсишига ёрдам бериб, бундан ўзингиз завқлангансиз. Бунинг учун одамларнинг раҳматига сазовор бўлгансиз. Энди бир ўйлаб кўрсак, сиз қилаётган хайрли ишдан озгина зиён бормикан?” Шундан сўнг у аҳоли ўсишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўзлай бошлади. Нисор бир неча кўргазмали қуроллар ва жадвалларни осиб қўйди.
– Қаранг, ҳомила бир ҳужайранинг бошқаси билан қўшилишидан пайдо бўлади, – деди, қўлидаги таёқчасини расм устидан юргизар экан. – Бу ерда аёл киши тасвирланган.
Нисор гапини тугатиб улгурмасидан аёлларнинг рўмоли учи билан юзларини яшириб олганини кўрди. Яна баъзилари расмдан юзини буриб, деворга ўгирилиб олди. Яна бири шивирлаб: “Вой ўлай, беҳаё гапларини эшитяпсизми?” – деди. Хонадаги вазият танг эди. Борган сари гапириши қийинлашиб борарди. Энди жойига бориб ўтирмоқчи эди, миясига бир гап келиб қолди.
– Ҳурматли аёллар, афсус, сиз ўзингиз неча йилдан бери қилиб юрган ишингиздан хижолатга тушаяпсиз. Барчангиз мусулмонсиз, динимизда буюрилган – нимаики шариатда кўрсатилган бўлса, бунинг уяти йўқ. Акс ҳолда Қуръон ва ҳадисларда боланинг туғилиши ҳақида айтилмаган бўларди. Туғиладиган боланинг соғлиғига қайғуриш Оллоҳ ва унинг расули иродасини адо этиш эмасми?
Хонадаги чўккан танглик бироз юмшади. Рўмоллар юздан кўтарилиб, деворга қадалган кўзлар яна тасвирга юзланди. Орқадан бир кекса аёлнинг товуши эшитилди:
– Ҳой, синглим, ахир у тўғри гапиряпти. Ўзимиз доим кўриб юрган нарсадан нега уялаяпмиз?
Нисор бир амаллаб биринчи маърузасини тугатди. Аёллар билан ишлаш осон эмас экан. Улар билан ўн саккиз кун бирга ишлади. Нисор улар қалбидаги қўрқув ва шубҳаларни йўқотиши керак. Аммо биргина билимнинг ўзи камлик қилаётган эди. Уларни ўзи уқтирган нарсаларга ишонтира олиши керак эди. Агар Нисор бирон нарсани ўта илмий тилда тушунтирса, ўтирганларнинг юзида лоқайдлик ва норозилик аломатларини кўрар, агар оддий тилда сўзлай бошласа, уларнинг очилиб гаплашаётганини сезарди.
Бир куни у аёлларнинг бола бўлиб қолишдан сақланиши ҳақида берилиб гапираётган эди, бир доя: “Ўзингиз бўйқиз бўлсангиз, булар барини қаердан била қолдингиз?” деса бўладими. Нисор нима дейишни билмай, қора терга ботди.
Ҳар ҳолда аёлларнинг бу гуруҳи Нисор қилаётган ишнинг аҳамиятини тушуна борди.
Нисор уларга ҳомиладан сақланиш усуллари ва дори-дармонларини тушунтирди.
Унинг кўнгли тўқ эди – аёллар дарсларни тинглаб бўлгач, ишнинг биринчи босқичи тугайди.
Иккинчи босқичда Нисор эркаклар – ҳакимлар, табиблар билан иш олиб бориши керак. Унга рўйхатни тутқазишди. Бир кунда ҳамма шу ерга тўпланди. У шунча кўп эркак келганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Нисор уларнинг ҳар бири билан самимий кўришди, оти­ни ва манзилини ёзиб олди. Эркаклар билан ишлаш аёллар билан ишлашдан анча осон эди. Нисор уларга эркакларсиз бу ишни амалга ошириб бўлмаслигини уқтирар эди. “Бунинг учун ҳукумат миллион рупиялик маблағ ажратаяпти, ана шу маблағдан одамларга моддий ёрдам кўрсатиш керак, яъни сотиш сизнинг зиммангизда бўлади”. Қутичани очаётиб, Нисор бу ерда жуда арзон ҳапдорилар борлигини айтиб, “мана бу резинкаларнинг ўнтаси олтмиш пайса туради, шаҳарда эса бир донаси ўттиз, – деди. – Ҳукуматимиз аҳолининг моддий аҳволи танглигини ҳисобга олиб, шундай қилаяпти. Мен сизлардан ўз дўконларингиз растасига шу икки нарсани сотувга қўйишингизни сўрардим. Агар ҳомиладан сақланишнинг шу икки воситасидан бири сотилса ҳам ишимиз олдинга кетарди”.
Нисорнинг бу гапларига табиблар зиғирча эътибор бермадилар. Аксинча, улар Нисорга: “Бизни ким деб ўйлаяпсан, наҳотки шу ишни қилади, деб ўйласанг?” – дегандек қарашди.
Мана шу ерда Нисор Козимий иштирокчиларнинг нозик жойидан олди:
– Ҳурматли табиблар! Шу хайрли ишда қатнашаётганингиз учун сизнинг манфаатингиз ҳам инобатга олинади. Ҳукумат нафақат Оилани режалаштириш дастурини амалга оширишни ўйлайди, балки сизларни ҳам унутмайди, яъни агар сиз бу ердан товарни ўн рупиядан олсангиз, уни сотгач, бизга фақат беш рупия берсангиз, кифоя. Қолган беш рупия сизнинг хизмат ҳаққингиз бўлади.
Энди табиблар ҳам бу ишга қизиқиб қолишди. Бирдан таклиф ва тавсиялар ёғила кетди. Ўтирганлардан биттаси ҳатто бу ишга имом-хатибни ҳам жалб этишни маслаҳат берди. Нисор бунга кўнмади.
Мактаб болалари билан суҳбатлар фақат мактаб доирасида ўтказиладиган бўлди. Хуллас, бу ишни тарғиб қилишни ҳар қанақасига қўллаб-қувватлаш кераклигига келишиб олинди. Майда дўконлар учун воситалар тарқатилаётганда эркаклар жон-жаҳди билан кўпроқ олиб қолишга уринардилар. Нисор яна бир бор сақланиш воситасининг ҳар бирини ўн рупиядан бериб, беш рупиядан тўлашларини таъкидлади. “Бу ерда сизнинг бошлиғингиз ҳам ташаббус кўрсатаяпти. Сиз юз рупиялик молни текинга олганингиз ҳақида тилхат бериб, уни сотгандан кейингина эллик рупия берасиз”, – деди. Бу ёғини сўрасангиз, ҳакимлар ва табиблар ҳапдори ва резинкаларни, худди бозорда арзонлашган молларни кўриб қолган чайқовчига ўхшаб, талаб ташладилар.
Дастурнинг иккинчи йўналиши ҳам жонланиб қолгандай эди. Нисор мунтазам равишда раҳбариятга ҳисобот жўнатар, улар Нисорнинг ишидан хурсанд эди. Унинг ўзини айтмайсизми? Олдига доялар келиб, уй иши билан банд аёллар ўзларининг кўрсатмаларига қош қоқмай амал қилаётганини айтиб беришар эди.
Баъзан у ҳакимлар юритадиган дўконларга кириб турар, улардан иш қандай кетаётганини суриштирар ва ўзича хулосалар чиқар эди. Сотилган товар учун пулларни йиғиб олаётиб, меҳнати зое кетмаётганидан суюнар эди. Айниқса, у оддий уй бекалари орасида иш олиб бораётган доялардан жуда мамнун эди.
Нисорнинг иши муваффақиятли бораётганидан хурсанд раҳбарият эса уни яна бир қадам олдинга юришни – воситаларни дистилляция қилиш бўйича тозалаш ишига тайёрлаш учун эркакларни танлаб олиш, аёлларни эса бундан кейин ҳомиладорликнинг олдини олишга ўргатишни тавсия қилди. Аммо ҳали бунга Нисорнинг ўзи ҳам тайёр эмас эди.
Қишлоқ аҳли унга ҳали ҳам бегонадай қарар, ўзи эса ҳеч бўлмаганда кўринишдан бўлса ҳам қишлоқдаги ҳаёт тарзини ўзлаштиришга уринарди. Аммо уни ҳеч ким ҳурмат қилмас, ҳатто қўрқмасдилар ҳам, чунки унинг амали ҳам, курсиси ҳам йўқ.
Бир куни ундан “Ҳурматли доктор! Сиз роса кўп ўқиган экансиз-а, шу ростми? Рост бўлса, нега амалдор эмассиз? – деб сўраб қолишди.
– Мен бунга интилмаганман.
– Жуда баланд дор бўлмаса ҳам, кичикроқ бир жойнинг эгаси бўлсангиз…
Нисор айлангани ташқарига чиқса, кун бўйи юзини очиб юрадиган аёллар уни кўрганда, рўмолини юзига тортар эди. Буни кўриб, Нисор барибир улар учун ўзи ҳали ҳам бегона бўлиб қолаётганини сезарди. Баъзилар Нисорни кўриб, унинг ўзини ҳам, бошлиқларини ҳам роса қарғарди. Агар бошлиқ келиб қолса, унга тилёғламалик қилиб, таъзим қилишга тушарди. Оёқлари тагига гул сочқи қилар эди. Чунки унинг қўлида ҳокимият бор эди-да.
Миршабга ҳам худди шунақа муомалада эдилар. Қишлоққа келиб қолса, ҳамма хушмуомала ва босиқ-вазмин бўлиб оларди.
Шу тариқа Нисор бу оламнинг шу пайтгача ўзига қоронғи бўлиб келган сиру асроридан воқиф бўла бошлади. У борган сари қишлоқда ишлаш азоб эканлигини тушуниб борар эди. Биргина юпанч – юрт равнақи учун қилаётган саъй-ҳаракатларининг ўта муҳимлиги унга куч бағишлар эди, шу боис ҳамма қийинчиликларга бардош берар, балки уларга кўникиб ҳам бўлган эди. Аммо соғинч ва ёлғизлик ич-этини қуртдай кемирар эди.
Далада деҳқонлар ҳосил ўрим-йиғимига киришган палла. Кун тобора қаттиқроқ қизитмоқда. Жойларда ҳайитга тайёргарлик бошлаб юборилган эди. Нисор маъмурий марказ ҳовлисида китоб ўқиб ўтирарди. Бир пайт қишлоқ оқсоқоли унинг олдига келди-да, қулоғига нималарнидир шипшиди. Оқсоқолнинг овози борган сари дағаллашиб борарди. “Мен сизга айтиб қўяй, яқин орада бутун қишлоқ оёққа туриб, ҳаким ва табибларнинг дўконларига бостириб боради-да, ҳамма нарсани дабдала қилиб ташлайди. Ахир бу шармандагарчиликнинг чек-чегараси борми?”
– Ташвиш чекманг, – Нисор уни тинчлантирди. – Мен бугуноқ бориб, аҳволни суриштираман.
Тушдан сўнг Нисор қўшни қишлоққа йўл олди. Тўғридаги ялангликда бола-бақралар ҳеч нарсадан бехабар ўйнаб юришибди. Гармсел эсмай қўйган бўлса-да, аммо чанг-тўзон ҳануз босилмаган эди. Болалар эса бепарво – баттар чанг-тўзон кўтариб, шаталоқ отар эди. Улар ўнтача пуфакни учирар, оёқлари билан футбол тўпидай тепар, пуфаклар эса ҳар ёнга учар эди. Нисор ёнгинасида турган болакайдан сўради: “Менга қара, пуфакларни қаердан олаяпсизлар, қанча туради?”
– Биз уларни ҳакимнинг дўконидан оламиз, олти пайсадан.
Нисор унга майда пул узатиб деди:
– Бор, сен ҳам ўзингга битта пуфак сотиб ол.
Бола пулни олди-да, югуриб кетди, Нисор унинг ортидан эргашди. Бола ҳакимга олти пайсани узатди. Ҳаким эса қутисини очиб, ичидан бир резинка олиб, пуфлаб шиширди. Пуфак шишиб, каттагина тарвуздай бўлди. Нисор бу дардисар резинка шунча катта бўлиб кетишини тасаввур ҳам қилмаган экан. Шу орада ҳаким пуфакка ип боғлаб, болага узатди. Бола пуфакни олиб, болалар ичига қўшилиб кетди.
Нисор майдон чеккасида бошини чангаллаганча туриб қолди, кўз олдида эса ҳар бири олти пайса турадиган, шаҳарда эса ундан беш баравар қиммат пуфакчалар чор-атрофга тарқалиб, учиб юрарди.

Урду тилидан Муҳайё Абдураҳмонова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон