Абдулла Қодирий. Қуёш билан ҳам курашаман (ҳикоя)

13 июлнинг тонг салқини бу кунги қуёшнинг туғуши олдида узоққа чидаб бора олмади. Ёқимли салқин ва ингичка эсатурғон тонг ели оқ тутун ичида барқ уруб чиққон қуёш ҳарорати билан нафас олиш учун ёқимсиз илиғ буғға айланди. Эрта билан бирор соат тинғон сув каби шаффоф ҳолда турадурғон ҳаво ҳам буғға тутулғон ойнадек хира туска кирди. Суви кўллаш орқасида сизот-изза ҳолиға келган, теварагини барди, саломатлик ўтлари босқон ва поёнсиз ғўзапоялар орасидан айланиб оққон ариқ устларидаги чибинлар тоқатсизланғондек ғивирлаша бошладилар. Ёнғоқ остиға ўчоқ қазиб ўн кетмон тупроқ тортиш билан манглайи терчиган Юнус ота кетмонига суяниб нос отар экан, ўз-ўзига:
– Бу кун кабоб пиширсак ҳам бўладир, – деб қўйди.
Аравадан чиқарилғон бурул айғир ғўза уватиға экилган экин баргларини искаб қарамоқда эди. Аваз буғчамаланғон кўрпа, ёстиқ ва озиқ-овқатларни арава олдидан тушуриб, ёнғоқ қаторидағи ўрук остиға тахламоқда эди.
– Одамданми, – деди бир буғчамани аравадан кўтариб ола-ола, – чопиқчилар бу кун энасини кўради десангиз-чи.
Юнус ота жавоб бермади, ярим очилғон ўчоққа тушуб, ўчоқ теварагини теша билан чопа берди.
Аваз аравадан тушурилган сўкни кўтариб ўчоқ яқиниға келтириб қўйди. Арава устидаги юк тугалиб олдинғи томонда бир хуржун нон ва орқада хашакка ўраб танғилғон қозондан бошқа нарса қолмади. Олдиндағи хуржунни кўтармакчи бўлғон эди, қозон оғирлиқ қилиб арава “лайлак” бўлаёзди. Аваз хуржунини қайтариб қўйишға мажбур бўлди.
– Ота, қозонни тушурайлик-чи.
Юнус ота ўчоқдан тупроқ чиқармоқда эди. Ишдан тўхтаб бироз аравага қараб турди-да, оғзидағи носни туфлаб ташлади.
– Хуржунни ол!
– Хуржунни олсам, қозон ағнайдир.
– Кўтармадаги гўштли челакни олдингми?
Кўтармадаги челак Авазнинг ёдидан кўтарилган эди: араванинг остиға кириб челакни ешиб ола бошлади. Юнус ота лабидаги нос ушоқларини яхтагининг енгига арта-арта арава ёниға келиб яланг оёғи билан шотини босди.
– Нонни ол!
Аваз хуржундаги нонни олиб қўйди. Юнус ота аста-секин шотини линг ҳолға келгунча қоринға бостирди. Аваз арава орқасидан чиқиб ўралғон хашакларни олди.
– Тағин озроқ жўнатинг!
Юнус ота шотини бироз ўз ҳолиға қўйди. Қозон Авазнинг олдиға силжиди.
– Ҳозир бўлиб кўтар, ерга қўйма, ўчоқнинг ёниға олиб бор!
Аваз иҳраб-сиҳраб қозонни бошиға кийгансумон ўчоқ ёниға келтириб қўймоқчи бўлғон эди, қўли толиқиб қозоннинг бир қулоғи Авазнинг бурниға тегиб кетди.
– Бурни(нг) қора бўлди, ҳувари! – деб ота илжайган эди, оғзидағи онда-сонда қолғон носвой билан кўкарган чугур тишлар кўриниб кетди. – Бир пут қозонни эплолмайсанми, боласи тушкур.
Аваз бурнини қўли билан ишқаб тозалади:
– Бир пут? Бу қозон баҳазур бир пут ўттиз қадоқ келадир.
Юнус ота кетмонини қўлиға олиб ўчоқдағи тупроқларни чиқаришға тутунди.
– Майли, икки пут десанг ҳам ҳақинг кетмайдир. Отингни олиб боғла, ғўзани новит қиладир; челакларни олиб сувға бор, қайтишингда ариқдан сув очиб кел!
Аваз отини четроқдағи тутка боғлаб, қўлиға челакларни олғон пайтда ернинг этагидан елкасига кетмон қўйғон бир тўда йигитлар кўриндилар, йигитларнинг орқасида от олдиға каттакон бир самоварни ўнгарган яна бир отлиқ ҳам кўринар эди.
Юнус ота ўчоқни тозалаб, қозонни ўчоққа қўндирғон пайтда йигитлар ёнғоқ тагига етиб келдилар, тарс-турс қилдириб елкаларидаги кетмонларини ерга ташладилар. Уларнинг уч-тўртларини истисно қилғонда, кўплари деярлик олди очиқ қалами яхтак, қалами иштон, оёқларида кўн этик, бошлариға ҳар турли дўппи кийиб, белларини бир метр чамаси қилиб кесилган, яхшиғина кирлаб сарғайғон хом сурф билан боғлағон эдилар. Кўбчилик йигирма билан қирқ орасидағи йигитлар бўлиб, орада уч-тўрт нафар қирқ беш-эллик ёшлиқлари ҳам йўқ эмас эди. Улар кетмонни ерга қўйғоч, сўз қўйишғондек белбоғларини ешиб манглайларини тангға бошладилар.
Орадағи икки-учта яланг оёқ ёшларнинг бириси бўлғон йигирма икки-йигирма уч ёшлар чамалиқ, суяги йўғон қадди қисқа – яъни бўйдан олиб энига урулғон беўхшоқ катта бошлиқ, кишига қарағон пайтда, айниқса, ёш болаларни қўрқутарлиқ даражада ғилай кўзлик, филники каби йўғон ва тўмтоқ оёқлиқ, қизилмағиздан келган бир йигит кўбчилик ичидан чиқиб келди-да, янги қазилиб қозонни ўрнаштирилғон ўчоққа энгашиб мўралади:
– Ўчоқни қотирибсиз, ота, чопиқни битирган кунимиз ўхшатиб бир норин қилиб иккита “мўйсафид”дан ҳам чақира турғон бўлибмиз-а, – деди.
Қозон теварагини тупроқ билан кўмаётқон Юнус ота унинг сўзига илжайди.
– Агар бу кун қизил саллани олсанг, албатта…
Йигит ўчоқ ёнидан қўзғалиб, ғилай кўзини “даҳшатли” туска киргизди.
– Оламан, албатта, оламан, – деди ва теварагига аланғлаб, ўзидан олти қадам нарида икки метр чамаси қизил сатинни бошиға чулғаб ётқон, чуваккина ва афтидан улуғсимонлиғи кўриниб турғон бир йигитга қаради, – қизил саллани берасан, оламан!
Бошиға қизил чулғовчи йигит илжайиб қўйди.
– Оласан, – деб пичинг отди Юнус ота, – қизил саллани деб етти йигит йиқилди, сен саккизинчи қурбон бўлмасанг яхши эди…
– Самоварни ол, каллахом, – деди отда келиб тўхтағон бригадир Ислом новча.
Ғилай йигит нима ҳам демакчи эди, сўзи бригадир томонидан бўлинди, самоварни олиб четка элтиб қўйди.
Ғилай йигит, яъни бригадирнинг таъбирича, “каллахом”нинг асли исми Розиқ бўлиб, фавқулодда яратилғонлиғидан бўлса керак, унинг шахсиға анчагина лақаб тўқуғон эдилар. Сийлағон киши уни ўз исми бўлғон “Розиқ” билан атаб чақирар эди, бировлар “каллахом” деб ундар эди. Учунчилар “пўлоғўр” ва тўртинчилар, ҳазилмандлар эса, тўғрудан-тўғру “кўр” деб қўяқолар эдилар. Лекин “ғилай” деб ҳеч ким атамас, эҳтимолки, Розиққа нисбатан “ғилай” сўзини “ҳайф” ёки “эссиз” ҳисоблар эдилар. Бу лақабларни Розиқнинг ўз томонидан қаршиланиш масаласига келганда, у бундай лақаблардан чумоли чаққанча ҳам ранжимас, билъакс, табиатига “қўшимча” тариқасида бағишланғон “қизиқлиқ”ларидан озғина ишлатиб қўйишға рухсат берилганлигини сезар, Розиққа тақилғон лақаблардан “Пўлағур” сўзи, унинг яратилиш сифатини яхши гавдалантирганликдан биз ҳам бундан сўнг Розиқнинг асил исмини атамай “Пўлағур” деб юрутамиз.
Пўлағур самоварни олиб қўйғондан сўнг белидаги рўмолини силлиқ тахлаб манглайини боғлади. Олди очиқ яхтагининг кўкрак тўғрусиға тақилғон боғичларини бир-бирига келтириб тугди, сўнгра қисқа семиз билагини очиб, яхтак енгини тирсагигача чиқариб шимарди-да, кетмонини икки қўллаб ушлаганча қизил саллали йигитнинг олдиға келди.
– Имонингни ўгуравур, Бадал, – деди Пўлағур кетмонини ерга қўйиб ва сопининг устига юм-юмалоқ мушти билан гурс этиб уруб қўйди, – ё бўлмаса оёғимни ўп, саллани бер!
Пўлағурнинг бу сўзидан ёш-яланглар хо-холашиб кулиб, кексалар илжайишдилар.
Бригадир Ислом новча кетмонини қўлиға олиб ҳаммадан ярим газ юқори турғон қадди билан ғўзанинг устига юриб келди, унинг орқасидан бошқалар ҳам эргашдилар. Кейинги суғориш билан анчагина кўтарилиб қолғон ғўзанинг ҳозирғи кўлага жойлари бир қадар лой, беш-олти одимгача серхато ва қисқа бўйли эдилар. Қолмиш ғўзалар эса, кўз илғамай сойға тушиб кетканча элли сантиметр чамаси дуркун ўскан ва аксар тупларининг қуйи бўғумларида сарғиш-пушти капалак қўнғон каби гуллар кўринар эди.
Ислом бригадир эгатдан бирини чопиб синаб кўрди.
– Бу ерлар лойроқ, кетмонга ёпишадир! – деди ва беш-олти қадам ғўзадан ташлаб ичкарилади ва яна чопиб кўрди. – Шундан бошлайиқ, бу ёқни кечки пайт боплаймиз.
Бригадир уват ёнидағи чет қаторға ўтиб, ён қаториға Пўлағурни чақирди:
– Қани, каллакдор полвон, меним ёнимдағи эгатка, сиз, Бадал қаҳрамон, каллакдорнинг ёнидағи қаторға, сиз, ўртоқлар, ўз қаторларингизға жойлаша берингизлар.
Пўлағур бригадирнинг ёниға келиб, унинг қаториға Бадал келиб тушди. Бошқа қаторлар ҳам колхозчилар билан тўлиб, йигирма беш метр қадар жойға ерлашдилар.
Бригадир уларни санаб чиқди:
– Бир, икки… йигирма уч, мен билан йигирма тўрт, тўғру, қани, оғалар, бошладиқ! Каллахом, сепламага йўл йўқ, Бадалбой, сизга ҳам! Кесаклар ушалсин, ўтлар ўлсун, бўғузлар тўлсун! Кетмонни илдиздан қочириб юритасиз; башарти бир қатордан зарарланган ғўза уч тупға етса, ош бир коса, нон яримта!
Пўлағур қўлиға туплар экан, кўзини ола-кула очиб, қаторнинг бошиға қараб олди ва “шарманда қилма”, деди-да кетмон ташлади, бошқалар ҳам чопиққа кирдилар.
Кетмонлар олдин-кетин кўтарилиб туша бошладилар. “Тирс-турс”, “чақ-чуқ” эткан товушлар чиқиб, юқори кўтарилган кетмонларнинг ялтироқ сиртиға тутулғон қуёш нури ялт-юлт чақнаб турди. Пуштадаги қуруқ тупроқлардан озроқ чанг кўтарилиб кетмонлар билан ўйнаша ва атрофға тарқала бошладилар. Чопиқдан чиққон жойлар силлиқ манзара ола бордилар.
Пўлағур бироз шошинқирағон ҳолда тарс-турс кетмон солмоқда эди. Бадалнинг кетмони у қадар шошиб тушмаса ҳам, лекин ҳар бир кетмони керакли жойға тушиб, бир тупни икки кетмон билан саришталаб бормоқда эди. Ҳар иккисининг чопиғиға кўз қирини ташлаб борғон бригадир бир вақт кетмонига суяниб тўхтади.
– Сен, каллахом, чопиқда бироз чала экансан, кучинг бекорга сарф бўлмоқда! – деди. – Кетмонни мўлжаллаб ташла, биринчи кетмонда ўт ўлсин, кесак ушалсин, илдиз бўшалсин ва шу тупроқ билан нариги ғўзанинг бир ёқ бўғози ҳам тўлсун, иккинчи кетмонда бериги бўғози тўлиб, учинчидан чала қолғон ўрунлар қумлансин; онда-сонда учраган катта кесакларни кетмоннинг муҳраси билан бир ур-да, кета бер. Ҳозир Бадал билан баравар бораётғон бўлсанг ҳам, бироқ узоққа чидамайсан, негаки бирининг ўрниға икки куч сарф қилмоқдасан.
Пўлағур сўз тинглаш учун ишдан тўхтамади, чунки “душман” ҳазил эмас эди. Ишлар экан бригадирнинг сўзини тинглади.
– Тўғри, – деди Пўлағур, – ишимнинг пўлқилиғини ўзим ҳам пайқаб қолдим.
Чопиқчилар кулиб юборадирлар.
– Бали, – деди бригадир, – сенда Бадалнинг икки кучи бор, бироқ ҳадис йўқ. Кетмонни ҳамма вақт баланд кўтариб бир хил қўнуқда тушурма; кесак кўчиратурғон бўлсанг баланд кўтар-да, ўрта дамини ишлат, қумлашда миёна кўтариб ўнг даминигина ишлат, керак бўл(ма)ғонда сўл дамини ишлата кўрма! Ана, ана, тамом!
– Оббов, – деди ишдан тўхтаб Бадал, – таълимингизнинг ҳаммаси бу кунга йиғилиб қолғон экан-да.
Бригадир илжайиб олди:
– Мақсад си(з)ларнинг мусобақаларинг устуда эмас, – деди, – колхоз учун уста чопиқчилар керак, мен буни ҳамма вақт айтиб келаман, тўғрусини айтғанда, Розиқ бу турғонларимизнинг ҳаммасидан ҳам зўр, бироқ чопиққа келганда малакаси оз. Агар шу каллахом чопиққа роса уста бўлса, бир кунда икки одамнинг ишини қилаберадир. Бу нима деган сўз? Агар чопиққа омилкор бўлғон Розиқ биз билан йигирма кун иш қилса, ўзи тўрт гектар ерни ортиқ ишлаб, мана шу турғонларни бир кун ишдан қутқорғон бўлиши устуга, чопиқни ҳам ўз вақтида бажаришка имконият берган бўлади.
Йигитлардан “тўғри-тўғри” деган тасдиқлар эшитилди.
– Ўзаро мусобақа керак, – деди давом этиб бригадир. – Шу билан бирга билган ҳунарларимизни бир-бирларимиздан яширишимиз яхши эмас, тўғри келган сайин бир-биримизга тажрибаларимизни ўргатишимиз зарур.
– Қойил(ча)ман, улуғим! – деди Пўлағур кетмон(н)и тарсиллатиб. – Ғаламисқа адаб беринг, ғаламисқа.
Чопиқ давом қилар эди. Мусобақачилар кўбчиликни беш-олти одим орқада қолдириб илгариладилар. Қуёш бетини янгича оқ булут қоплағандек бўлиб ёруғлиқ лойқади ва тиқ эткан шамол юрмай нафас олиш анча қийинлашди, чопиқчиларнинг манглайларидағи рўмоллари тер билан ҳўлланса ҳам, ҳали сиқиб ташлайтурғон даражага етмаган эди. Сергўшт йигитларнинг яхтак елкаларида бирмунча тер нишонлари кўринди.
Ислом бригадир манглайиға терилиб қолғон терни бармоғи билан сидириб ташлағач, олди очиқ яхтагининг бир бари билан ўзини елпиди, иккинчи қўли билан кетмонга суяниб орқасиға – ёнғоқ томонға қаради:
– Аваз, ҳа-ай!!
– Ҳовв!
– Отларни пастка тушуриб, ўт босқон бедага боғла, қайтишингда ўша жойдағи қўрғонлардан коса йиғиб кел. Ҳозир самоваринг қайнағон бўлса, бир қумғон чой дамлаб келтир!
– Хўб.
– Бормисиз, улуғ! – деди Пўлағур ҳаракатдан тўхтамағон ҳолатда. – Ҳалқумлар қуриди-ку.
Мусобақачилар бошқаларни ўнлаб одим орқада қолдирдилар. Ҳар иккиси ҳам баравар бормоқда, ора-сира Пўлағур бир-икки одим олдинласа ҳам, Бадал буни сезди дегунча бир чираниб етишмакда эди.
Пўлағур кутмаганда Бадал ишдан тўхтаб, манглайидағи рўмолини ешиб бет ва гардан терларини артиб елпинди ва липпасидан носқовоғини чиқарар экан:
– Тўхта, каллахом, нос отиб оламиз! – деди.
Вақтни ғанимат билган Пўлағур тўхтамади.
– Носинг нимаси, мен носни ташладим… кўзинг тиндими! – деди.
– Қўйма, кўр! – деди орқадан аллаким.
– Қўймайман, бу кун Бадалингни(нг) ийиғини чиқараман!
Вазиятнинг ёмонға айланишини билган Бадал қўлиға олғон носқовоқдан нари-бери оғзиға тўкди-да, кетмонига ёпишди. Бадалнинг шошиб қолғонлиғини орқадан кўриб турғон йигитлар қийқириқ урдилар.
– Бадални шоштирди! Бадални эсанкиратди!
– Бўш келма, Бадал! Савалай бер, Розиқ.
– Қийнаб ўлдираман, қийнаб! – деди Пўлағур.
Нима бўлса ҳам ҳалиги тўхталишда Пўлағур тўрт одим олдинлаб қолди, Бадал эса етиб олиш учун ҳамма ҳунарини сарф қила бошлади. Ҳозир ҳар иккиси ҳам буҳронли минутларни кечирар эдилар. Буларнинг жон аччиғида қилаётғон ҳаракатларини ва чопиқ сифатларини кўздан кечириб турғон Ислом бригадир орқадан қичқирди.
– Сеплама(га) айланмангиз, йигитлар! Сен, каллахом, бояғи таълимни эсингдан чиқарма!
Пўлағур орқасиға қарамай жавоб берди:
– Таълимингиз тошқа битилган.
Қумғонда чой келиши билан оғзидағи тупуги қуриғон чопиқчилар чуғурчуқдек қумғонға ёпишдилар. Ҳар ким пиёлани илгари тўлдиришға шошилди, бироқ мусобақачилар жойларидан қўзғолмадилар.
– Сизлар ҳам чой ичиб олинг, йигитлар, – деди Ислом бригадир.
Улардан жавоб бўлмади.
– Улар ҳали ёш, – деди кекса бир колхозчи, – уларға чойдан ҳам юз суви керак.
– Бу кун Бадал қизил салладан ажралади-ёв.
– Ажралмайди, – деди кечаги кун Бадалдан енгилган Соҳибтой, – Бадал чапдаст.
– Қанча чапдаст бўлса ҳам, бир ҳафтадан бери курашиб чарчағон, – деди кекса колхозчи, – беш қадам ўзидан ўтқаздими, бу энди бўлмайди, деган гап бўладир.
– Бадал чўзилиб қопти, кечаги дабдабаси йўқ.
– Кўринг, бизлардан хили қувроқ экан, Жалил, – деди ўткан кун Бадалдан енгилган Раҳимберди, – бу итдан туққон кўр Бадалнинг мазаси кеткан кунни чоғлаб беллашди-да!
– Мен сўзларингга қўшилолмайман, – деди орқароқда чой ичиб ўлтирғон хондиқ йигит, – ҳумсонгнинг илиги тўла.
Бир пиёладан чой ичиб сурнайни ҳўллагач, улар чопиққа тушдилар.
Бадал Пўлағурни қувлаб кетмакда, Пўлағур ўзига етказиш ўрниға, билъакс, ундан аста-секин узоқлашиб бормоқда эди. Бу кичкина муваффақият Пўлағурға қанчалиқ руҳ ва куч бағишласа, Бадални ўшанчалиқ бўшаштириб, руҳсизлантирмоқда эди. Ҳар иккиси ҳам обдон терлаб олдилар. Айниқса, Пўлағурнинг яхтаги сувға солиб олғондек шалаббо бўлди. Шалоп-шулип қилиб халақит бера бошлади.
– Ешсам қутуламанми! – деб ҳайқирди бир вақт Пўлағур ва яхтагини ешиб чопилғон пуштага итқитди. Иштонини липпа уриб яна кетмонга ёпишди. Орқадағилар кулушдилар.
– Офтоб уради, каллахом! – деди орқадан бригадир.
– Эй, мен бу кун офтоб билан ҳам гаплашаман.
– Бироздан кейин энангни кўрсатадир, – деди аллаким.
– Икковинг келиб чой ич! – деди бригадир.
Бироз жавобсиз чопиқни давом этдириб бордилар. Пўлағур чопиб борғон ҳолда орқасидағидан сўради:
– Ичамизми, шерик?
– Ичсанг, ичамиз.
Иккиси кетмонни баравар ташлаб пуштадаги қумғон ёниға келди. Пўлағур бир пиёлани Бадалга қуйуб, иккинчисини ўзига солар экан, “душманға” манглай остидан мўралади.
– Тобинг қалай, шерик?
– Яхши.
– Саллани уринтирмай топширсанг дейман!
– Ҳали топширишимға вақт бор.
– Анови кетмонларнинг бир-биридан туруш фарқиға ҳам қараб қўй.
– Беш қадам нари-бери билан бир ерга бора олмайсан.
– Хўб, носингни ол бўлмаса.
Чойли пиёлаларини ғўза кўлагасига қўйиб нос чекишдилар. Пўлағурнинг қуёшда куйиб қорайғон елка ва бўйинларидан тўхтовсиз тер қуйуб турар эди, бўйун томири тез-тез ташқарини туртиб, бурун катаклари нафас олиб чиқорғонда сиқилиб, керилар эди. Бадалнинг чекка томирлари ўқлоғидек ташқарини туртуб, кўзи қон қуйғон каби қизарғон эди.
Пўлағур носни туфлаб, қўлиға чойни олиб оғзини чайқади.
– Сен, Бадал, иним, боя бир янглишдинг.
– Нега янглишдим?
– Иш пайтида нос чакиб янглишдинг, занталоқ носни чакканингдан кейин чўллатади, бир нарса ичмасанг, кишини абгор қиладир. Сен нос чакиб олғон кейин, мен арвоҳингға фотиҳа ўқиб қўйдим. Дарҳақиқат, ҳар қанча урунсанг ҳам менга етиб келмадинг, қайтаға борғон сайин судралдинг… Агар мен чой ичишка кўнмасам, пуштада ўлиб қолғон бўлар эдинг… Сўкма-сўкма, даъюс, сенга ўхшағон одам тарашлари кўр Розиқни аҳмоққа ҳисобласалар ҳам, лекин мен сенга ўхшаш хом даъюсға қирқ йил дарс бераман.
Иккови икки пиёладан чой ичиб олғунча эрмак учун “ширин-ширин” сўкушиб олдилар-да, яна кетмон билан олишиб кетдилар.
Пахтанинг боши бир юз элли метр чамаси бўлиб, яноққа келиб битар ва яноқдан эътиборан сойға тушкунча кўндаланг эгатли алоҳида тахта бошланар эди. Эгатнинг боши яқинлашқон сайин Бадалнинг кўзи Пўлағурнинг қаториға туша бошлади. Чунки Пўлағур Бадалдан тўққуз одим чамаси илгарилаган эди.
Орадан яна беш дақиқа чамаси фурсат ўтиб, Пўлағур Бадални ўн одим чамаси орқада қолдириб ўз ҳиссасини битирди ва ҳеч нарсага қарамай яланғоч елкасига кетмонни қўйиб, чопиқларнинг энг четдаги қаториға юрди. Ёқимсиз қилиб: “Савлатингга – ғайратингга қойилман”, деган яллани айтиб қўйди, гўё бу билан ўзининг муваффақиятиға жар солғон эди. Колхозчилар илжайишиб олдилар.
– Каллахом бажо! – деди кекса колхозчи.
– Бажолиғин айтишға ҳали вақт эрта, – деди бригадир.
Бригадирнинг бу сўзи махтов кутиб турғон Пўлағурға унча ёқмади
– Етти ярим газлик соянгиз бу ёққа оққанда-а? – деди-да янги қатордан чопиқни бошлай берди. Бу сўз билан бирдан ҳамма хохолаб юборди. Чунки Пўлағур “етти ярим газлик соя” деб бригадирнинг узун бўйидан киноя қилғон эди.
– Оббо тўймағур, улуғни олди!
– Асло ҳам ёмон тишлади!
Бир неча вақт кулгу орқаси узулмай турди. Ислом бригадир ҳам қотиб кулар эди.

* * *

Пўлағур янги қаторни Бадалдан ўттуз одим илгари битириб, Юнус отанинг олдиға келди. Манглайини тангғиғон рўмолини ешиб, устудан челакдаги сувдан қуйди, сиқиб ташлағач манглайини янгидан танғиб олди. Қозонидағи аста-секин қайнаб турғон ошқа узоқдан мўралаб, “меникини серқатиқроқ қиласиз!” деди ва Бадал келаётқон қаторнинг ёниға, ўзининг бу кунги учунчи қаториға тушди.
Негадир ҳозир чопиқ(чи)лар орасидағи боя давом этиб турғон чоқ-чоқ ва борди-келди гаплар битиб, ўртани бир жимлик қоплаб бормоқда эди. Мусобақачилардан бошқаларнинг кетмонлари ҳам суви озайғон обжувознинг пойкўпидек саланғлаб-саланғлаб ерга туша бошлади. Улар иккинчи қаторни битираёзғон пайтда бу саланғланиш яна бошқача тус олиб, баъзан юқори кўтарилган кетмонлар алжиб бир-бирларига тарақ-туруқ тўқуниб ҳам кетдилар. Кетмонлар туқушғондан кейин ўзаро ола-ғовурлар кулгу ва гап бошланди.
– Мастмисан? – деди кетмони тўқунишқоннинг бири иккинчисига.
– Маст эмасман, дўлда ҳеч гап қолмади.
Бригадир буларнинг сўзидан илжайди ва ўз яқинида юрган Юнус отаға ҳайқирди:
– Буларнинг жанжалини эшитасизми?!
– Эшитиб турибман, – деди ота тишсиз оғзини илжайтириб. – Ошнинг ўтини боя ўчурганман, бироз совиса, қатиқлайман.
Ислом бригадир чопиқчиларға ўзларини озғина тетик тутушка тавсия қилиб, “сув бўйиғача” сал қолғонлиғини айтиб ўтди.
Ўз қаторини битирганлар бирин-сирин ишдан чиқиб, Юнус ота сув сепиб кийиз тўшаган жойға – ўрук тегига келиб ўлтира бошладилар. Аваз уларға бир пиёладан кўк чой бериб турди.
Бригадир ҳам ўз қаторини битириб кетмонини пуштага юмалатди. Елпина-елпина қозон устуга келди.
– Кечлик кулчатойнинг гўштини кўтариб қўйғонмисиз? – деб сўради отадан.
– Ҳа, челакка солиб ўрукка осиб қўйдим.
– Кўпчиликка етар?
– Бемалол етадир, йигирма беш қадоқ гўшт етмасинми?
Бригадир қозон бошидан мусобақачилар қаториға борди. Пўлағур янги қаторнинг ярмидан ҳам ўткан, Бадал эса ундан йигирма метр чамаси орқада борар эди.
– Бас энди, ошқа чиқинглар.
Бригадир чопиқчилар ёнида қўлини ювар экан, Пўлағурнинг бояғи пайрави эсига тушиб кетди.
– Каллахомнинг мендан аччиғланғони ҳам тўғри, бу кун Бадалнинг мазаси йўқ.
– Мазаси қочди, деб айтдим- ку.
– Энди ҳам мазаси қочмасинми, етти кундан буён жон отиб келадир, – деди ёнбошлаб ётғон кекса колхозчи.
Мусобақачилар ҳам ишдан чиқдилар. Бадал қизил саллани бошидан олиб ўзини елпиб келар эди, орқада Пўлағур манглай рўмоли билан яланғоч баданини артиб терини қурғатар эди.
– Ҳа, Бадал, маза жўқпа? – деди Соҳибтой.
– Маза қочди, – деди Бадал бошини чайқаб.
“Душман”нинг ўз оғзидан чиққан “маза қочди” сўзи билан Пўлағур диринглаб юқори сакради ва айғирча кишнаб юборди. Колхозчилар қийқириб кулдилар.
– Оббо, ҳаром қотқир-ай! – деди Раҳимберди. – Бадални енгдингми?
– Бу ҳали ҳисоб эмас, – деди бригадир, – лоақал юз одим олдинламаса, мен ҳисобға олмайман.
– Хўб, хўжайин, хўб, – деди Пўлағур, – кечки пайт колхознинг новча муфтиси (кулгу) мендан икки юз одимни ҳисоблаб олсин, фақат ҳозир меним нонимни иккита, ошимни уч табоқ қилишға фатво берсангиз, бас.
Аваз колхозчиларға биттадан нон улашиб чиқиб бригадирга ҳам битта нон бериб ўтди. Навбат Пўлағурға етканда Аваз бригадирга қараб тўхтади.
– Тўймағурға иккита нон бер, Бадалга ҳам иккита, – деди бригадир.
Чопиқчиларға бир тобоқдан ош берилди, тўрт кишига товоқ етишмаган эди, икки пиёласи бир товоқ ҳисобидан улар ҳам тинчитилдилар. Биринчи навбат ош ичилиб, иккинчи қайта ош сузилди. Лекин буниси биринчи товоқ каби тез бўшамади, чопиқчилар манглай ва бўйинларидағи терларини артиб турушға кўбрак овора бўлдилар.
Пўлағур иккинчи товоқни бўшатиб нонни ҳам еб битирган эди.
– Фақирники уч товоқми, улуғ? – деб бригадирдан сўради.
Бригадирдан “ҳа” жавобини олғондан сўнг товоғини Авазга узатди:
– Жуда ҳам тўлдирма, буниси ўзи итлик!
Гурр этган кулгу кўтарилди.
– Шошма, Аваз ўғлон, – деди Пўлағур, – жазни сал ортиғроқ ташла, домла Розиқ охунға десанг, ўзи билади.
Чопиқчиларға яна ярим товоқдан ош тегди. Ошдан кейин бир пиёладан чой ичиб, оғизни тозаладилар, ариқча ичида ўлтирмай чопиққа тушдилар. Чунки яна бир соат чамаси ишлангандан сўнг қуёш тик кўтарилиб кун обдон қизғонда ҳаммалари ишдан чиқиб, бир ярим-икки соат чамаси ухлаб олар эдилар. Шунда улар тилаганча чой ичар эдилар.
Кечки ош тўғрисида Юнус ота билан Авазга баъзи таълимотларни бергандан сўнг бригадир ҳам чопиққа келди.
Қуёш қизиғондан қизиб борадир, кўкдаги қушлар учушдан тўхтадилар, ғўза устуда учуб юрган оқ-сариқ капалаклар ғўза бағриға кириб яшириндилар, чумоли ва чигирткалар ҳам кесак ва ўт остиға кириб ётадирлар. Атроф оғир бир сукутга кетадир, аммо бу жимликни колхозчиларнинг кесакка тўқунғон кетмон товушлари бузиб турди. Қуёш тиғи баданга ясмоқ ойнадан ўткан каби жозиллаб тўқунадир, шамол йўқ, кетмоннинг кўтарилиб-тушуш суръатидан ҳосил бўлғон шамол ҳам, иссиғ бўғ бўлиб димоққа урадир. Айниқса, ҳозир кўбрак бурқий бошлағон чанг, тонғлойни қақратиб, чопиқчиларни ўқчитадир. Йигитлар дам-бадам тўхталиб елпинадилар, манглайларидан фавқулодда қуйиб турғон терни артиб рўмолларни сиқиб ташладилар. Этиклиларига унчалик сезилмаса ҳам, яланг оёқлариға қизғин кесакда узоқ босиб туруш мумкин бўлмай қолади: тез-тез бир ўрундан иккинчи ўрунға сакрай бошладилар.
Мусобақачилардан Пўлағур ўзининг учинчи қаторини битириб тўртинчини ҳам яримлатадир. Аммо Бадал учинчи қаторни битириш олдида турадир. Бошқалар учун учунчини битиришга ҳали анчагина бор.
Ҳамма ҳозир мўлжалли чопиқни ҳам битириб олишдан бошқани ўйламайдир. Гапиришга ҳам тоқат йўқ, чунки оғиз елимланиб тупуклар қуриғон, тўғрисини айтканда, гап эшитиш ҳам кўнгилни беҳузур қилади. Мана шундай буҳронли нозик бир вақтда, ҳеч ким кутмаган ва ўйламағон бир пайтда Пўлағур ашула қилиб юбормасинми?
Шундай ҳаммани чор-ночор кулдириб “маттасўф” Пўлағур ҳамма товшини қўйиб оғзиға тўғру келган “терма” байтлардан “ўнлар” эди.
Қоплоғонинг сомонми, хоним,
Чопиқчилар омонми, бегим.
Узоқ қир ҳам Пўлағурни жавобсиз қолдирмайди:
Чопиқчилар омонми, бегим…
Чопиқчилар Пўлағурнинг намойишкорона ашулаларига илжайиб олсалар ҳам бу ҳақда ёнларидағи ўртоқлари билан фикр олишиб турмадилар. Чунки қуёш ҳозир золимона тўн кийиб колхоз болаларини мажбурий сукутка юборғон эди.
Ўз қаторларини битирган чопиқчилар сўзсизгина кетмонларини елкаларига қўйиб шилқиллағон ҳолда ёнғоқнинг салқиниға жўнай бошладилар. Келиб кетмонларини четка ташлағонча самовар теварагидаги пиёлаларга совутилиб қўйилғон кўк чойни ичиб узун нафас олғоч, янги пиёлани тўлдириб Юнус ота томонидан ёзилиб қўйилғон бўз кўрпача ва ёстиқлари устига яслана бердилар.
Мусобақачилардан бошқалар ишдан чиқиб бир-икки пиёладан чой ичиб олғонларидан сўнг нафаслар ростланиб, оғизлар сувланди. Баданга жон киргандек бўлди. Орада бир-ярим сўз ҳам эшитилиб қолди.
– Сенлар ҳам ишни тўхтат! – деб бақирди мусобақачиларга бригадир.
Шуни кутиб турғондек Бадал кетмонни эгатка юмалатиб ёнғоқ остиға қараб юрди. Аммо Пўлағур ҳануз ўзининг “макки-чакки” ашуласини айтиб, бориб етишка ўн одимча қолғон қаторни битириш учун интилмакда эди. Бадал бошидағи қизил саллани олиб Пўлағурнинг йўли устига ташлади.
Ислом бригадир йўл устуда Бадални бир пиёла ярим совитилғон кўк чой билан кутиб турмакда эди. Кўк чойни Бадалга узатар экан: “Балли, йигит, етти кунга чидадинг-а, ич чойни”, деб қаршилади. Ясланиб ётқон колхозчилар ҳам Бадалнинг етти кун ичида кўрсаткан қаҳрамонлиғини тақдир этдилар.
– Яна уч кун чидайман, деган эдим, – деди Бадал терини қотириш учун ўзини елпинар экан.
– Одам фўлод эмас, ҳолбуки, фўлод ҳам ейилади, – деди кекса колхозчи.
Бироздан кейин қизил саллани бошиға ўраб, яланғоч Пўлағур ҳам чиқиб келди. Яланғоч бадани мисдек куйиб, ёмғур каби оқаётқон тери иштониға оқиб тушмакда, иштон эса сувға солғондек терга бўккан эди. Бунинг ҳозирғи кўриниши ҳиндиларнинг ўлук ёқатурғон гўрговлари(ни) хотирлатмоқда эди.
Ислом бригадир Пўлағурни ҳам Бадал каби йўл устида ярим совуқ кўк чой билан қаршилади. Аммо қўлидағи кўк чой бу гал икки пиёлада эди. Булардан бирини Пўлағурға тутди.
– Бу кун Бадални енгдик, балли, йигит! – деди. – Бироқ у етти кишини енггандан сўнг енгилди, чунки Бадал чарчағон, енгилишга мажбур эди. Шунинг учун биз уни сендан енгилди деб айтолмаймиз. Башарти сен ҳам етти кишини енгсанг, Бадал билан тенглашкан бўласан, саккизини енгсанг-чи, Бадални енгган бўласан… А, шундай эмасми, ўртоқлар?
Ясланиб ётқонлар бир оғиздан:
– Тўғри, шундай… – деб жавоб бердилар.
– Хўб, – деди Ислом бригадир ва Пўлағурни чойни ичишка буюруб, ўзи қўлидағи бир пиёла чой билан бир-икки қадам олдинға юрди. – Оғайнилар! – деди ясланғон колхозчиларға хитобан. – Биз ҳозирғи сингари ва бошқача мусобақалар билан колхозимизнинг бошқа бригадаларига қарағонда анча илгарида борамиз; бошқалар иккинчи чопиқни бажариб турғонда биз учунчи чопиқни битириш арафасида турамиз. Бу нимадан? Бу албатта шунинг сингари мусобақаларимизнинг ҳамиша давом этканлигидандир. Ҳозир бизнинг кўб бўлса ўн кунлик чопиғимиз қолди, шу чопиқни бир кун илгарида битирсак, аввал бизнинг, сўнгра мамлакатимизнинг фойдасидир. Мана шу лоақал бир кун илгаррак битиришимизнинг биринчи шартларидан бўлғон орамиздағи мусобақани давом эттиришни тилаган ўртоқ ўрнидан туриб келсин-да, меним қўлимдағи кўкчойни ичсин; бу кунмас эрта учун ўртоқ “каллакдор рўйинатан” билан (кулгу) қўл олишсин.
Бригадирнинг Фирдавсий таъбирича кеткан “каллакдор рўйинатан”и бошида қизил салласи, яланғоч тани, ҳўл иштони билан сўл қўлини чап биқиниға тираб, ўнг қўли билан бўш пиёлани ғоз ушлаб, ғилай кўзини кўкка қаратғон ҳолда олдинға томон беш-олти қадам босди, колхозчилар ўз ролини жойида адо қилғон Пўлағурнинг бу ҳаракатидан кулиб қотдилар. Кулгу ораси анов кун Бадалдан енгилган Носир ўрнидан туриб келиб бригадирнинг қўлидағи совуқ чойни сумуриб ичди ва шу ҳолда устига “каллакдор рўйинатан” етиб келиб, қаддини юқори чўзиб гўё шер каби қурқирағон товуш чиқарди:
– Эртага мен билан панжалашатурғон сенми?
Носир ҳам қурқураб жавоб қайтарди:
– Мен! Номим Носир сайёр Тошкентий!
Яна кулгу кўтарилиб, серкулгуларнинг кўзларига ёшлар чиқди.
Икки соатғина вақтға колхоз болаларини ишдан қочирғон қуёш ўт тўнини кийиб ер юзига олов пуфлади. Ғўза устлари оқ тутунли кўринишга кириб барглари ҳам този итнинг қулоғидек шалпаядир. Узоқ-узоқда боя кўкариб кўринган ғўзалар, ҳозир оқ туманга бурканиб кўз илғамай турғон ҳолға келадирлар. Оқ туманнинг устроқлари қуйидан ўт ёққондек яллуғ берадирлар. Негадир ёнғоқ дарахтининг танасида, атрофлаб сув сизиб туша бошлади. Тартибсиз ҳолда чўзилиб ухлағон колхозчиларнинг ҳам чаккаларидан сув сизадир… Атроф жимжит. Ўттиз-қирқ қадам наридаги кичкина чакалак ичида йигитларнинг уйқусиға халал бермасликка тиришғон Юнус ота шитирлатмасданғина чўпчак териб юрийди.

Битди.
Абдулла Қодирий.
Тошкент. 20 июл 1932 й.

(“Ўзбек шўро адабиёти”, 1932 йил, 3-сон. 27–34-бетлар)

*************

Бир ҳикоя қисмати

Тўғриси, Абдулла Қодирий ижоди бўйича шу кунга қадар қайта нашр қилинган асарлар адиб ижодий лабораторияси тугал манзарасини намоён қиладигандек таассурот қолдирар эди. Адибнинг хаёлда пишитиб, режага олган романларининг, афсуски, номлари маълум, ёзиб-ёзилмагани аниқ эмас; қўлёзмаларидан эса ҳалигача дарак йўқ. Шунингдек, Абдулла Қодирийнинг ўз даври матбуотида ва китоб ҳолида босилган бадиий асарларининг барча нусхалари ҳам махсус қиёсий ўрганилиб, ҳозиргача тугал тадқиқ ва табдил қилинмади.
Абдулла Қодирий адабий меросига оид муҳим ва янги бир гап шуки, “Ўзбекистон шўро адабиёти” журналининг 1932 йили чиққан 3-сонида адибнинг “Қуёш билан ҳам курашаман” номли ҳикояси босилади. Бироқ бу ҳикоя адиб тўпламларида қайта нашр бўлмаган; ҳатто номи асарлари рўйхатига ҳам киритилган эмас. Бунинг маълум сабаби бор, албатта…
Ҳикоянинг умумпафосида “Обид кетмон”га яқинлик сезилади. Зотан, қиссани ёзувчи 1932–34 йиллар оралиғида, Ҳабибулла Қодирий таъбири билан айтганда, “…елкасида рюкзак, қишлоқма-қишлоқ, ялангоёқ юриб, далаларни кезиб, қўлида кетмон, пахта чопиқларида қатнашиб, бободеҳқонлар билан суҳбатлашиб ёзган”. “Қуёш билан ҳам курашаман” ҳикояси ҳам худди шундай ижодий сафар, саёҳат, меҳнат-машаққатлар ҳосиласи эканига шубҳа йўқ.
“Эй, мен бу кун офтоб билан ҳам гаплашаман” – бу шахду шижоат ҳикоянинг бош қаҳрамони Пўлағурга тегишли. Ҳикояда ХХ асрнинг 30-йилларидаги ўзбеклар ҳаёти, хусусан, ғўза парвариши, пахтачилик билан боғлиқ турмуш тарзи тасвирланади. Унда бўртиб, кўзга яққол кўриниб турган тўлақонли образ бор: Пўлағур. Барча воқелик, далада кечаётган мусобақа шу – ташқи кўриниши ҳам, табиати ҳам бошқалардан анча фарқ қиладиган, Бадал билан баҳслашиб, чопиқда уни енгиб чиқадиган Пўлағур – Розиқ кўр теграсида кечади. Бошқа интригалар, тасвир, тавсия ва суҳбатлар шу қаҳрамон табиатини очишга хизмат қилади.
Чопиқчилар ўртасидаги бўлиб ўтган ўзаро турли қитмир гаплар, ҳазиллар, беғараз пичинг ва киноялар ҳикоянинг самимиятини таъминлайди.
Бизнингча, ушбу ҳикоя “Обид кетмон” қиссасини ёзиш арафасидаги жиддий бир тажриба саналади. Зеро, Обид кетмон ва Пўлағур-Розиқ қайсидир даражада, дейлик, мардлиги, меҳнаткашлиги, куч-қувватга тўлгани, индивидуал характери билан ўзаро яқин образлардир.
Ҳикояда Абдулла Қодирийнинг инсонни тасвирлаш санъатига хос бадиий маҳорат кўзга ташланади: “Ғилай йигит, яъни бригадирнинг таъбирича “каллахом”нинг асли исми Розиқ бўлиб, фавқулодда яратилғонлиғидан бўлса керак, унинг шахсиға анчагина лақаб тўқиғон эдилар. Сийлағон киши уни, ўз исми бўлғон “Розиқ” билан атаб чақирар эди, бировлар “каллахом” деб ундар эди. Учинчилар “пўлағур” ва тўртинчилар, ҳазилмандлар эса, тўғридан-тўғри “кўр” деб қўяқолар эдилар. Лекин “ғилай” деб ҳеч ким атамас, эҳтимолки, Розиққа нисбатан “ғилай” сўзини “ҳайф” ёки “эссиз” ҳисоблар эдилар. Бу лақабларни Розиқнинг ўзи томонидан қаршиланиш масаласига келганда, у бундай лақаблардан чумоли чаққанча ҳам ранжимас, билъакс, табиатига “қўшимча” тариқасида бағишланғон “қизиқлиқ”ларидан озғина ишлатиб қўйишға рухсат берилганлигини сезар, Розиққа тақилғон лақаблардан “Пўлағур” сўзи, унинг яратилиш сифатини яхши гавдалантирганликдан биз ҳам бундан сўнг Розиқнинг асил исмини атамай, “Пўлағур” деб юритамиз”.
Маълумки, адиб бошқа асарларида ҳам ўз қаҳрамонларини шунга яқин услубда, уларнинг характери-табиатига хос хусусиятларни бир нуқтага жамлаб тавсифлайди; исмлари маъно ташийди.
Ҳикояда ёз манзараси, пейзаж, қуёш тафти, димиққан ҳаво, чопиқчилар юзидан оқаётган терлар ҳарорати аниқ ҳис этилади; тилида деҳқончиликка оид кўплаб атама-сўзлар учрайди. Бу эса ёзувчининг деҳқон тилини махсус ўрганганидан далолат беради… Шижоат билан далада ишлаётган Пўлағурни ёнидаги шериклари: “Бошингга офтоб уради”, дея огоҳлантирганида у: “Эй, мен бу кун офтоб билан ҳам гаплашаман!” деб юборади. Ҳикоя сарлавҳаси шу диалогдаги гапдан ўзгартириб танланган.
Энг қизиғи шундаки, бу ҳикоясини ёзувчи кейинчалик “Обид кетмон” қиссаси ичига, айнан шу ном остида бир фасл қилиб киритади.
“Обид кетмон” қиссасида жуда кўп образлар бор. Батафсил ўтмиши, тарихи берилган Мулла Обид, Берди татар, Рафиқов ва бошқалар асарда бошдан-охир қатнашади. Иккинчи даражали қаҳрамонлар сон-саноғи ҳам кўпчиликни ташкил этади; уларнинг айримлари гапдон, серҳаракат. Бироқ “Қуёш билан ҳам курашаман” фаслидаги образлар бошқалардек жуда фаол эмас. Ҳикоядаги Пўлағур, Бадал, Юнус ота, Ислом бригадир, Аваз каби образлар қиссанинг иккинчи бўлими еттинчи фаслида, яъни асарнинг тўртдан уч қисми баёнидан кейин саҳнага чиқадилар. Шунгача ёзилган саҳифаларда, бирор эпизодда улар умуман қатнашмайди. Ҳикоя бироз мослаб, адабий матни тўқимасига сингдирилгандан кейинги саҳифаларда ҳам Ислом бўлтакбоши, Пўлағур, Бадал образлари бир-икки марта тилга олинади, холос: Ислом бўлтакбоши бир йиғинда икки оғиз гапиради; пахта терими кунлари бешинчи бўлтакда “ҳануз Пўлағур билан Бадалбойлар орасида мусобақа” давом этаётгани эсланади.
Бундай алоҳидалик ҳикоянинг мустақил асар сифатида ўзига хос поэтик структураси билан майдонга келганидан дарак беради.
Адиб “Қуёш билан ҳам курашаман” ҳикоясини “Обид кетмон” таркибига ҳеч қийналмасдан жойлаштиради. Биринчидан ҳар икки асар мавзуси бир хил: деҳқон хўжалигининг аҳволи. Иккинчидан, қиссага киритилган маҳалида Ислом бўлтакбоши раҳбарлик қилаётган бўлим Обид кетмон раис бўлган “Четан” колхозининг таркибида зикр этилади. Ҳикоя воқелиги ўқувчи хаёлида жамоа хўжалигининг биридаги иш жараёнида кечаётгандек таассурот қолдиради. Журнал нусхасида “Четан” деган хўжалик номи умуман тилга олинмайди. Учинчидан, ҳикоя қисса ичига олиб кирилар экан, асар бошидан иштирок этиб келаётган образлардан бирининг номини Пўлағур: “Хатиб домланинг ола сигири ҳам шуники, денг”, дея ҳазиллашиб эсга олади. Бу усул ҳам ҳикоянинг қисса таркибига табиий сингиб кетишига ёрдам беради.
Алоҳида таъкидлаш керакки, ҳикоя матни “Обид кетмон” таркибида келган матндан маълум даражада фарқ қилади. Ҳикоядаги айрим сўз ва сўз бирикмалари таҳрир этилган; заруратга кўра қисқартирилган ҳамда поэтик нутқ қиссанинг умумпафосига, ритмига мослаш учун баъзи ўзгартиришлар киритилган. Ҳикояда танланган баён усулини қисса оҳангига мослашда барча гапларнинг кесим қисмида бир-икки товуш ўзгариши бор. Ҳикоядаги барча гапларнинг кесимлари “буғга айланди“ “чопиққа тушдилар”, “тарқала бошлади”, “отаға ҳайқирди”, “деди Пўлағур”, “кўзларига ёшлар чиқди” шаклида аниқ ўтган замон феъли ифодаланади. Буларнинг барчаси қисса бошидан бери давом этиб келаётган баён манерасига, матн ритми ва пафосига мосланиб, бир-икки товуш қўшилади. Дейлик, унда гапнинг кесими “буғга айланади”, “чопиққа тушадилар”, “тарқала бошлайди”, “отаға ҳайқиради”, “дейди Пўлағур”, “кўзларига ёшлар чиқади” тарзида ҳозирги замон феъллари кўринишини олади. Аммо бу ифодадан ҳам воқелик бўлиб ўтгани аниқ ўз аксини топган, албатта. Шунингдек, ҳикоя қисса таркибига киритилганда “бригадир – бўлтакбоши”, “ингичка – нафис”, “эгат – пушта”, “ғилай – беўхшоқ”, “сергўшт – этлироқ”, “сурнай – ҳалқум”, “чоғлаб – жуплаб”, “рўмол – хом сурп”, “оқ туман – оқ тутун”, “атроф жимжит – теварак тинч”, “Ошнинг ўтини боя ўчирганман – Ошнинг ўтини яқинда тўхтатдим”, “Номим Носир сайёр Тошкандий – Номим Носир сайёри Самарқандий” каби таҳрирлар амалга оширилади. Албатта, бундай ўзгаришларнинг қайсилари ўринли ёки ўринсиз эканини бадиий матндан ташқарида, узиб олинган бундай сўз, сўз бирикмаси ва содда гаплардан илғаб олиш ҳамда уларга баҳо бериш қийин.
Ҳикояда Пўлағурнинг ғолиблик нашидасини адиб: “Бунинг ҳозирғи кўриниши ҳиндиларнинг ўлук ёқатурғон гўрковларини хотирлатмоқда эди”, деган ўхшатиш билан тасвирлайди. Бу тасвирий гап қисса нусхасида йўқ. Эҳтимол, ҳинд гўрковини ўзбек ўқувчиси тасаввур қилиши қийинлигини ўйлаб, ёзувчи уни қисқартиргандир. Баъзан ҳикоя таркибида келган: “Ислом бригадир Пўлағурни ҳам Бадал каби йўл устида ярим совуқ кўк чой билан қаршилади. Аммо қўлидағи кўк чой бу гал икки пиёлада эди. Булардан бирини Пўлағурға тутди” жумласи қиссада “Исломбой уни ҳам кўк чой билан қаршилайди” кўринишида ихчамлашгани, шунингдек, ҳикоядаги баъзи диалоглар, сифатлаш ва ўхшатишлар ҳам таҳрирга учрагани кузатилди.
Аслида адиб журналда босилган бу асарини “Обид кетмон” қиссасининг бир парчаси ўрнида эмас, балки алоҳида сюжет ва композицияга эга ҳикоя сифатида эълон қилди. Сарлавҳадан кейин қавс ичида “ҳикоя” деб жанрини аниқ ёзди. Иккинчидан, ҳикоя охирида адибнинг барча тугал асарларига хос бутунликни англатадиган “Битди. Абдулла Қодирий. Тошкент. 20 июл, 1932 й.” аниқлиги ҳам бор.
Тахминимизча, ёзувчи замонавий қишлоқ ҳаёти, деҳқонларнинг турмуш тарзи тўғрисидаги нисбатан улкан ҳажмли “Обид кетмон” қиссасидан олдин шу ҳикоясини ёзиб, қаламини синаб, бир чархлаб олган кўринади.
Умуман олганда, бир сарлавҳа остида берилган иккита адабий матнга алоҳида ҳодиса, яъни қиссанинг бир парчаси ва алоҳида ҳикоя сифатида қараш ўринлидир. Шу боис адибнинг “Қуёш билан ҳам курашаман” ҳикояси бошқа кичик асарлари қаторидан ўрин олиши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳам Абдулла Қодирий бадиий маҳоратининг бир қиррасини англашга ёрдам беради.
Шу қисмати муносабати билан айтмоқчимизки, Абдулла Қодирий қўллаган бу усул ва тажриба дунё адабиётида, ҳатто бугунги адабий жараёндаги ўзимизнинг адибларимиз ижодида ҳам учрайди. Бу муаммо бошқа мақоланинг мавзуси.
Ҳикояни нашрга тайёрлаш жараёнида ўша давр журнал таҳририяти томонидан йўл қўйилган айрим техник нуқсонлар, имловий хатолар “Обид кетмон”нинг 1935 йилги нашрига қиёсан ўзгартирилди, жузъий ўринларда ҳикоя тили бугунги адабий тилга мослаштирилди, айни пайтда муаллиф имлоси сақлаб қолинди.

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон