Антон Чехов. Хотин (ҳикоя)

— Мен сизга столимнинг устидаги нарсаларни йиғиштирманг деб айтган эдим-ку, — деди Николай Евграфич. — Сиз йиғиштиргандан кейин ҳеч қачон ҳеч нарсани топиб бўлмайди. Телеграмма қани? Қаёққа ташладингиз уни? Ахтариб кўринг. У Қозондан келган, кечагина ёзилган эди.
Рангсиз, новдадай ингичка хизматчи хотин, бепарволик билан, столнинг остидаги саватдан бир неча телеграммани топди-да, ғинг демасдан уларни докторга узатди; бироқ булар ҳаммаси шаҳардаги ўзига боқизган касаллардан келган телеграммалар эди. Сўнгра меҳмонхонани ва Ольга Дмитриевнанинг хонасини ахтаришди.
Кечаси соат ўн иккидан ошган эди. Николай Евграфич, хотинининг ҳали-бери келмаслигини, лоақал соат бешларда қайтишини билар эди. У хотинига ишонмас, хотини узоқ вақтгача уйга келмаса, ухлолмас, сиқилар эди ва шу билан бирга хотинидан ҳам, унинг ўрнидан ҳам, ойнасидан ҳам, бонбоньеркасидан ҳам ва ҳар куни ҳар кимлардан келиб турадиган ва бутун уйга гул дўконидагидек ўткир ҳидлар сочиб турувчи марварид гулларидан ва сунбулларидан ҳам жирканар эди. Мана шундай кечаларда инжиқ, серхархаша, ўчакувчи бўлиб қолар эди; шу пайтда, унга, кеча акасидан келган, мазмуни байрамини табриклашдангина иборат бўлган телеграмма жуда ҳам керакдек туюлди.
Хотинининг хонасидаги столдан, почта қоғоз қугичасининг тагидан у аллақандай бир телеграмма топиб олди-да, унга бир қараб қўйди. У Ольга Дмитриевнага бериб қўйиш учун қайнанасининг номига ёзилган, Монте-Карлодан, Michel деган имзо билан келган эди… Доктор телеграмманинг бирор сўзига ҳам тушунмади, чунки у қандайдир бир чет тилда, инглиз тилида ёзилганга ўхшар эди.
— Бу Мишель ким экан? Нечук Монте-Карлодан? Нега қайнанамнинг номига ёзади?
У рўзғор тебратган етти йил мобайнида шубҳаланишга, ўйлаб топишга, далилларни текширишга ўрганиб қолган, ана шундай хонаки тажрибалар орқасида ажойиб изқувар бўлиб еташажаги унинг ақлига кўп марта келган эди. Хонасига қайтиб кириб, мулоҳаза этиб кўргач, унинг дарров эсига шулар келди: бир ярим йилча илгари — хотини билан бирга Петербургга борган эди ва Кюбада ўзининг бир мактабдош ўртоғи, темир йўл инженери билан бирга нонушта қилган эди ва бу инженер унга ва хотинига йигирма икки-йигирма уч ёшлардаги бир йигитни таништирган эди, уни Михаил Иванович деб айтган эдилар; фамилияси қисқа, сал ғалатироқ: Рис эди. Шундан икки ой ўтгач доктор хотинининг альбомида ўша йигитчанинг расмини кўрган эди ва у расмга француз тилида: «Ҳозиргининг хотираси учун ва келгусининг умидида» деб ёзилган эди; кейин уни икки марта ўз қайнанасининг уйида кўрган эди… Бу ҳодиса, айни, унинг хотини тез-тез чиқиб кетиб, уйга эрта соат тўрт-бешларда қайтадиган бўлиб қолган бир даврга тўғри келган эди. Бу даврда хотини ундан менга чет эл паспортини олиб беринг деб сўрай берар, у эса рад этар, уларнинг уйида кун бўйи уриш-жанжал бўлар, ҳатто уй хизматчиси — аёл олдида уялиб ҳам қолар эди.
Ярим йил муқаддам унинг ўртоқлари сизда сил касаллиги бошланибди, бунақа қилиб юрмай, Қримга жўнанг, деб маслаҳат беришган эди. Буни билиб Ольга Дмитриевна гўё жуда қўрққандай бўлиб кўринган эди; у эрига эркаланиб, ҳадеб Қрим совуқ, унда одам зерикади, яхшиси Ниццага бора қолинг, у ҳолда мен ҳам бирга бораман, сизни парваришлайман, жонингиз ҳузур топади, фароғатда яшайсиз деган эди.
Энди у хотинининг нима учун Ниццага бормоқчи бўлганига тушунди: Michel Монте-Карлода тургани учун экан.
У инглизча-русча луғатни олди, унга қараб сўзларни таржима қилиб ва маъноларини фаҳмлаб, секин-аста шундай жумлани тузди: «Қимматли севгилимнинг соғлиги учун ичаман, унинг оёқчасини минг марта ўпаман. Келишини сабрсизлик билан кутаман». Агар у хотинининг гапига кириб, Ниццага боришга кўнса, у ҳолда қандай ночор, кулгили аҳволга тушиб қолишини англади-ю, аламидан йиғлаб юборишига сал қолди ва ортиқ ҳаяжонланганидан у хонадан бу хонага юра бошлади. Унинг ори келди ва иззат-нафси койиди. У муштини сиқиб, жирканишдан афтини буриштириб, мен қишлоқ попининг ўғли, диний мактабда таълим олган, ростгўй, дағал, касби хирург бўлсам-у, қандай қилиб ўзимни қулликка соламан, шундай арзимас, пастарин, сотқин махлуққа ем бўламанми? деб ўз-ўзига савол берар эди.
— Ҳим, кичкинагина оёқча! — деб ғўлдиради у, телеграммани ғижимлаб. — Кичкина оёқча!
Уни яхши кўриб қолган ва хотин бўлишга таклиф этган, сўнгра етти йил бирга турган вақтдан бери унинг хотирасида фақат узун муаттар сочлар, бир қучоқ юмшоқ уқа ва ҳақиқатан ҳам жуда кичкина, чиройли оёқча ҳақидаги хотиралар сақланиб қолган эди; энди ҳам, илгариги қучоқлардан унинг қўлларида ва юзида ипак ва уқалардан таъсир сақланиб қолган, бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. Агар ҳушдан кетишларни, қий-чув, таъна, дўқ ва гапиришларни, безбетлик билан хиёнаткорона алдашларни ҳисобга олмаганда, унинг хотирасида бошқа ҳеч нарса қолмаган эди… Қишлоқда, отасиникида, паррандалар тўсатдан уй ичига учиб кириб, ўзини ойнага парт-пурт уриши ва нарсаларни тушириб юбориши эсида қолган эди; шунга ўхшаш, ўзига тамоман хил келмаган бу хотин ҳам бунинг рўзғорига учиб кириб, уни чиндан ҳам вайрон этган эди. Ҳаётининг яхши йиллари дўзахда ўтгандай бўлди, бахтга эришув йўлидаги умидлари узилган ва масхараланган, соғлиги йўқ, унинг уйидаги жиҳозлар пасткаш сатангларникига ўхшайди, у ҳар йили топадиган ўн минг сўмча пулдан онаси — поп хотинига юбориш учун лоақал ўн сўм ҳам ажратиб қололмайди, бунинг устига вексель билан олган қарзлари ўн беш мингга етиб қолган. Агар бунинг уйида ўғрилар шайкаси турганда ҳам, унинг ҳаёти бу хотин билан турганидагидек умидсиз, ўнғалмас даражада вайрон бўлмасдек туюлар эди.
У йўталди ва нафаси қисилди. У ўринга ётиб исиниши керак эди, аммо ётолмади, бирдай хонадан-хонага юрар ёки столга ўтирар ва асабийлик билан қаламни қоғоз устида тебратиб, беихтиёр:
«Перони синаб кўриш… Кичкинагина оёқча…» деб ёзар эди.
Соат бешларга яқинлашгач, унинг мадори қуриди ва ўтган ишларнинг ҳаммаси учун бир ўзини айблади; у ўз ичида — агар Ольга Дмитриевна бошқа кишига тегса, балки у эр унга яхши таъсир этар эди, — буни ким билади? — у ҳолда Ольга Дмитриевна яхши, тўғри хотин бўлиб кетар деб ўйлар эди; ўзини эса, мен яхши психолог эмасман, хотинларнинг руҳини билмайман, бунинг устига чиройли ҳам эмасман, қўполман… дерди.
«Менинг умрим оз қолди, — деб ўйларди у. — Мен ўликман, тирикларга халақит бермаслигим керак. Эндиликда эрингман деб хўжайинлик қила бериш қизиқ ва бемаънилик бўлур эди, майли у севганига борсин… Талоқ хатини бераман, ҳамма айбни ўз устимга оламан…»
Оқибат, Ольга Дмитриевна келди ва оқ пўстин, бошида шапка, оёғида калиш бўлгани ҳолда кабинетга кириб, креслога ўзини ташлади.
— Ифлос, бақалоқ бола, — деди у оғир нафас олиб ва хўрсиниб. Ер тепиниб: — Бу виждонсизлик, ярамаслик. Шўрим қурсин, вой нима қиламан энди!
— Нима бўлди? — деб сўради Николай Евграфич, унинг олдига келиб.
— Ҳозир мени студент Азарбеков олиб келиб қўйди, у менинг сумкамни йўқотиб қўйди, ичида ўн беш сўм пули бор эди, онамдан олган эдим.
У худди қиз болаларга ўхшаб, астойдил йиғлади ва кўзидан оққан ёшларига рўмолчасигина эмас, қўлқопларини ҳам ивитиб юборди.
— Нима қилолардинг энди! — деб чуқур нафас олди доктор. — Йўқолибди, йўқолибди, бош-кўзингдан садақа. Қўй энди, менинг сенга айтадиган гапларим бор.
— Мен миллионер эмасман-ку, ҳа, майли деб қўя қолсам. У тўлайман деб айтди. Аммо мен ишонмайман, у камбағал…
Эри уни юпатиб, гапига қулоқ солишни сўради, у эса ҳадеб студент тўғрисида ва йўқотган ўн беш сўми тўғрисида гапирар эди.
— Ҳаҳ, мен сенга эртага йигирма беш сўм берай, фақат жим бўлгин, худо хайр бергур! — деди у ғазабланиб…
— Кийимимни алмаштиришим керак, — деб йиғлаб юборди. — Мен пўстинда туриб, тузукроқ гаплаша олармидим! Қизиқ гапирасиз!
У хотинининг пўстинини ва калишини ечиб олди. Шунда у яхши кўрган оқ винонинг ҳидини сезди (у нозиклигига қарамай овқатни жуда кўп ер ва кўп ичар эди). Ўз хонасига кириб кетди, бир оздан кейин кийимларини алмаштирган, упалар суртган, кўзлари қизарган ҳолда қайтиб чиқиб, ўтирди ва ўзининг уқа тутган юпқа капотига ботиб кетди, қат-қат пушти ранг варақлар ичида эри унинг фақат тарқоқ сочларини ва туфли кийган кичкина оёқларини ажрата олди.
У креслода чайқалар экан:
— Сен нима тўғрида гапирмоқчисан? — деб сўради.
— Мен бехосдан мана буни кўриб қолдим… — деди доктор ва унга телеграммани берди.
Хотини телеграммани ўқиб кўриб, елкасини қисиб қўйди.
— Нима бўбди? — деди у, яна қаттиқроқ чайқалиб. — Бу янги йилни табриклаган телеграмма, бошқа ҳеч нарса эмас. Бунда ҳеч қандай сир йўқ.
— Сен мени инглиз тилини билмайди деб ўйлайсан-да. Ҳа, мен инглиз тилини билмайман, аммо менда луғат бор. Бу Рисдан келган телеграмма, у ўз севгилисининг соғлиги учун ичади ва сени минг марта ўпади. Майли, буларни қўя турайлик, қўя турайлик… — деб гапира кетди шошилганича доктор. — Мен сени таъна қилмоқчи эмасман ёки жанжаллашмоқчи ҳам эмасман. Шунча жанжаллар ва шунча таъналар етар энди… Сенга айтмоқчи бўлган гапим шуки, энди сенинг бошинг очиқ, қандай хоҳласанг, шундай тура оласан.
Жим қолишди. Ольга Дмитриевна секин йиғлай бошлади.
— Мен сени ҳийлаю найранг ишлатишдан ва ёлғон гапириш заруратидан қутқазиб қўяман, — деб давом этди Николай Евграфич. — Агар у йигитни севсанг, сева бер, агар чет элга унинг олдига боргинг келса, бора бер. Сен ёшсан, соғламсан, мен бўлсам, яримжон бўлиб қолдим, умрим ҳам оз қолди. Қисқасини айтганда… У ёғини ўзинг тушунасан.
У ҳаяжонланганидан ортиқ гапиролмади. Ольга Дмитриевна йиғлаб ва ўзига-ўзи ачинган овоз билан гапириб, Рисни севишини, у билан извошда шаҳар атрофига сайр этишга чиққанини, унинг номерига бирга борганларини ва эндиликда чет элга жуда ҳам боргиси келаётганини эътироф этди.
— Кўрдингми, мен ҳеч нимани яшираётганим йўқ. — Менинг кўнглим очиқ. Мен сендан яна ялиниб сўрайман, мурувват қилиб, менга паспорт олиб бергин!
— Такрор айтаман: сенинг бошинг очиқ!
Ольга Дмитриевна эрининг юзидаги маъноларни билиш учун унга яқинроқ ўтирди. У эрига ишонмас эди, эндиликда эса, унинг дилида нима муддао борлигини билишни истаб қолди. У ҳеч қачон, ҳеч кимга ишонмас эди, кишининг нияти қандай яхши бўлса-да, унинг тагида бузуқ ғаразлар бўлса керак деб гумон қилар эди. У эрининг юзига тикилиб қараганида, эри унинг кўзлари баайни мушукнинг кўзидек яшил тусда ялт этганини кўрди.
— Мен қачон паспортни оламан, — деб сўради у.
У тўсатдан «ҳеч қачон» деб юбормоқчи бўлди-ю, аммо ўзини босди ва:
— Хоҳлаган вақтингда, — деди.
— Мен бир ойгагина бораман.
— Сен Риснинг олдига бутунлай кетасан. Мен талоқ хатингни бераман, айбни ўз бўйнимга оламан, Рис ҳам сенга уйлана олади.
Ольга Дмитриевна ҳайрон қолган бир қиёфада:
— Мен сендан талоқ хатини бутунлай олмайман, — деди дадиллик билан. — Мен сендан талоқ хати сўраётганим йўқ! Менга паспорт олиб берсанг бўлди, вассалом.
Докторнинг ғазаби келди ва:
— Нима учун сен талоқ хати олишни истамайсан? — деди. Сен ғалати хотинсан. Сен жуда ғалатисан-а! Агар сен уни яхши кўриб қолган бўлсанг, у ҳам сени яхши кўрса, у ҳолда иккиларингиз ҳам эр-хотин бўлиб кетишдан бошқа нарсани ўйламай қоласизлар. Наҳотки сен яна эринг билан ўйнаш ўртасида лўттибозлик қилиб юрасан?
У эрининг олдидан кетар экан:
— Мен гапингизга тушундим, — деди. Унинг важоҳати бузилиб, худди ўч оладиган қиёфага кирган эди. — Мен гапингизни жуда яхши тушундим. Мен сизни зериктирдим, сиз мендан қутулиш учун қўйиш-чиқишни ўртага қўяяпсиз. Раҳмат сизга, мен сиз ўйлаган аҳмоқлардан эмасман. Мен сиздан чиқмайман, чиқмайман дедим — чиқмайман! Биринчидан, мен эл-юртнинг олдида эътиборимни кетказишни хоҳламайман, — деб шошилиб гапирди у, гўё гапириш учун биров унга халақит бераётгандай, қўрқиб, — иккинчидан, мен ҳозир йигирма етти ёшдаман, Рис эса, йигирма учда; бир йилдан кейин мен унинг кўнглига тегаман, сўнг у мени ташлайди. Учинчидан, агар билишни истасангиз, менинг унга кўнгил беришим узоқ даво этишига ақлим етмайди… Гап шу! Мен сиздан чиқмайман.
— Мен сени уйдан ҳайдайман! — деб қичқирди Николай Евграфич ва ер тепинди. — Ҳайдайман сен паст, ярамас хотинни!
— Кўрамиз! — деб чиқиб кетди хотини.
Ҳовлида аллақачон тонг ёришган бўлса-да, доктор ҳамон столда ўтирар ва қоғоз устида қалам тебратиб:
— «Карамли шоҳим… кичкина оёқча…» деб ёзар эди.
Ёки уй ичида юрар ва меҳмонхонада, бундан етти йил илгари олдирилган фоторасм қаршисига бориб тўхтар ва уни узоқ кўздан кечирар эди. Бу бутун бир оила аъзолари: қайнатаси, қайнанаси, ўзининг йигирма яшар хотини Ольга Дмитриевна ва ёш бахтиёр куёв — ўзи эди. Қайнағаси соқол-мурти қирилган, тўлагина, хомсемиз тайний саветник, муғомбир ва пулга ўч, қайнанаси — юз-кўзининг тузилиши кичкина ва сассиқ кўзанники каби қаҳрли, ўз қизини жуда ҳам севувчи ва унга ҳар жиҳатдан ёрдам берувчи семиз аёл эди; агар қизи бирор кимсани бўғиб ўлдираётган бўлса, онаси унга бирор сўз демас, ҳатто уни ўз этаги билан яширар эди. Ольга Дмитриевнанинг юз тузилиши ҳам кичкина, қаҳрли, аммо онасиникига қараганда ҳам ўткир ва дадил эди; бу сассиқ кўзан эмас, каттароқ йиртқичга ўхшар эди! Николай Евграфичнинг ўзи эса, бу расмда содда, очиқ кўнгил, камтар йигитчадек кўринади; унинг юзида семинаристларга хос оқкўнгиллик сезилади ва у, соддадиллик қилиб, ўзи ораларига тасодифан кириб қолган бу йиртқичлар гуруҳи бахт-саодатга эриштиради деган ҳамда «Севмаслик — ёшлик ҳаётини сўндиришдир…» деб, студент бўлиб, қўшиқ айтиб юрган чоғларида хаёл қилган ҳамма умидларим юзага чиқади деб ўйлаган эди.
У ҳайрон бўлар ва мен қишлоқ попининг ўғли бўлсам, диний мактаб тарбиясини кўрган, содда, қўпол ва ўжар одам бўлсам-у, нечун шундай паст, ёлғончи, ярамас, ўзимга бутунлай ножинс бўлган бир махлуқнинг қули бўлиб қоламан, деб ўз-ўзига савол берар эди.
Соат ўн бирда у кийим-бошини кийиб, касалхонага кетишга ҳозирланиб турганида хизматчи хотин кабинетга кириб келди.
— Нима керак сизга? — деб сўради доктор.
— Бариня турдилар ва кеча сиз ваъда қилган йигирма беш сўмни сўраяптилар, — деди.

С. Иброҳимов таржимаси