Одатда кинофильмларда энг хавфли, энг қалтис вазифаларни каскадёрлар бажарадилар, лекин уларнинг номлари суратга тушган кишилар рўйхатига киритилмайди. Ҳаётда ҳам умр бўйи ўзгалар меҳнатини юзага чиқариш учун заҳмат чекиб яшайдиган одамлар борки, мен уларни ана ўша каскадёрларга ўхшатгим келади. Зеро, бугунги суҳбатдошим Маҳмуд Саъдийнинг суратини кўриб, «Ёш ленинчи» муштарийларининг кўпчилиги танимаётган бўлсалар улардан гина қилмайман. Чунки бу инсон ойнаи жаҳон орқали хонадонларимизга тез-тез ташриф буюрмаганлар, радио тўлқинларида оташин маърузалар ҳам сўзламаганлар. Унинг номи Ўзбекистон ССР Ёзувчилари уюшмасининг аъзолари рўйхатида ҳам йўқ, фақат қувончлиси, ўзларини ҳамиша энг яхши ижодкорлар орасидан топиш мумкин. У эл хазинаси — сўз мулкини, инсон қадрини ҳимоя қилишдек мушкул юмушни бўйнига олиб яшаётган, курашаётган одамдир.
Маҳмуд акани ўз тенги ижодкорлар ҳам «устоз» деб атайдилар. Рассомлар ижодига назар ташласангиз, қуёшнинг расмига кўзингиз тушмайди, уни болаларгина чизади. Эҳтимол биз ҳам шу боис, асл инсонларни мақташ, улуғлаш учун ўзимизда куч, журъат тополмаётгандирмиз. Биз, ёшлар машқларимизни Маҳмуд аканинг назаридан ўтказишни унутмаганимиз ҳолда, шу йили устозимизнинг 50 ёшга тўлганини биримиз эрта, биримиз кечроқ эшитдик. Ҳолбуки, у ўзининг 25 йиллик фаолияти мобайнида қанчадан-қанча янги номлар учун курашди, улар юзага чиққан кунда муаллиф билан баб-баравар қувонди. «Шарқ юлдузи», «Гулистон» журналлари, «Ленин учқуни», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси саҳифаларида чоп этилган ва этилаётган энг яхши мақолаларда Маҳмуд Саъдийнинг бармоқ излари бор. У сиздан билимини, кучини, вақтини меҳрини аямайди, хатоларингизни тузатишдан эринмайди. Бағрикенгликда у кишига тенг келадиган ҳотамтой кам топилади. Ўзгалар шодлигини ўзиникидек қабул қилиб, қувонолган инсон ҳаммадан бахтлидир.
Мен Маҳмуд аканинг қалин-қалин китобларини ўқимаганман, бироқ китоб танлашни у кишидан ўрганганман. Унинг самимий ўгитларини ҳеч бир китобга алишолмаслигим ҳам рост! Мен уни адабиётшунослигимизнинг холис хизматкори, ёшларга беминнат маслаҳатлар берадиган мураббий деб биламан, қадрлайман. Зотан, мураббийлик ўзига хос қобилиятки, у ҳамма ижодкорларда ҳам бўлавермайди.
Шу пайтга қадар Маҳмуд Саъдий тўғрисида мақолалар, очерклар йўқлигидан қийналардим. Энди билсам, яхши инсон ҳақида яхшилаб — кўнгилдагидек ёзиш, мен ўйлаганча, осон эмас экан… Келинг, яхшиси, ўз эътиқодидан чекинмаган, уни бутунлигича омон сақлаб қололган инсон — «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси танқид ва адабиётшунослик бўлимининг мудири, адабиётшунос Маҳмуд Саъдий билан қилган суҳбатимизга ўзингиз гувоҳ бўлинг…
— Маҳмуд ака, мана, бу йил Сиз эллик ёшга тўлдингиз. Ҳамма шогирдларинтиз сингари, менинг ҳам сизга ҳавасим келади. Демоқчиманки, ҳаётда ҳар бир одамнинг кўзлаган манзили, ўз идеали бўлади, лекин, барибир, ҳар биримиз ўтмишимизни синчиклаб таҳлил қиладиган бўлсак, жуда кўп хатолар топамиз. Сизнингча, киши янглишмаслик учун асосий нуқтаи назарни нималарга қаратса тўғри бўлади? Идеал қандай бўлиши керак? Нимага интилиб яшашни маъқул кўрасиз, умуман одам ўзидан қониқиб яшаши мумкинми?
— Йўқ, одам ўзидан қониқиши мумкин эмас. Агар у ўзидан қониқса, ҳамма нарса тамом бўлади. Ўйлайманки, имкон топиб, вақти-вақти билан инсон ўзига-ўзи ҳисоб бериб турса, бир ҳафтами, ўн кунми борингки, бир йил ичида нима яхши иш қилдим, нима ёмон иш қилдим, деб ўзини-ўзи тергаб борса, одамга ўхшаб яшаяпман, деса бўлади. Акс ҳолда, одам издан чиқиб кетиши, кўп нобоп ишлар қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳозир ҳаёт мураккаб, айрим масалаларда баъзан ён беришга тўғри келади. Оқлаш мумкин бўлган ён беришлар бор, оқлаб бўлмайдиган ён беришлар бор. Агар ўз шахсингизга, манфаатингизга тегишли масалада ён берсангиз, оқлаш мумкин; бироқ халқ тақдирига, бошқалар қисматига боғлиқ бўлган масалалардаги ён беришни оқлаш мумкин эмас, айрим кишилар ўзининг бир сўми учун сизнинг минг сўмингиздан воз кечиб юбориши мумкин.
Мен биринчи синфдалигимдаёқ ғирт етим бўлиб қолганман. Лекин одам болаликда барибир катта ниятлар билан яшайди. Ҳар бир одамга хос орзу-ниятлар менда ҳам бўлган. Мен ўзимча, катта ишлар қиламан деб ўйлаганман. Учувчи бўлмоқчи эдим, ле-ин имкони йўқлигини тушунганимдан кейин у ҳақда ўйламай ҳам қўя қолдим. Биласизки, ўзбек сағирини бегонага бермайди, мени ҳам амаким — Мамарасул акам ўз фарзандидек тарбиялаган. Ҳар ҳолда, биз Сталин замонасининг болалари бўлганмиз-да, ўзим қариндошимнинг уйида яшасам ҳам, ота-онам бўлмаса ҳам, ватаним СССР, бу — менинг онам, отам — доҳий Сталин, деган тушунча менда ҳам бор эди. Тўғриси, биз бахтсизлик ҳақида кўп ҳам ўйлайвермасдик, анча хотиржам яшаганмиз. Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмоқчиман: бизнинг авлодимиз анча кеч етилди шекилли, яқин-яқинларда ҳам қирқ-эллик ёшдаги ижодкорларни ёш адиблар деб ҳисоблардилар…
Учинчи синфда Миркарим Осимнинг «Ўтрор» қиссасини, тўртинчи синфда Ойбекнинг «Навоий» романини ўқидим. Шу китобларни, айниқса, «Навоий»ни ўқиганимдан кейин қандайдир бошқача бўлиб қолдим. Ойбек Навоий дунёсини анча яхши очган. Менда ғалати бир туйғу пайдо бўлдики, кўзимга кўп ишлар бачкана, майда-чуйда бўлиб кўрина бошлади. Ўзим ҳам бирдан улғайиб қолгандек эдим. Навоийнинг одамийлиги, улкан қалбли инсон эканлиги менга қаттиқ таъсир қилганди. Боя айтганимдек, яхши китоблар одамга ўз-ўзини тафтиш этишни ўргатади, аммо ўқилган китобларнинг ҳаммаси ҳам яхши китоб бўлавермайди, албатта. Лекин бир адаштирмайдиган жиҳати борки, классик асарлар деб тан олинган китобларни ўқисангиз, ҳар ҳолда, ютқазмайсиз. Нима бўлишидан қатъи назар, одам ўзини граждан сифатида тарбиялаб, шакллантириб бориши керак. Масалан, мен «Навоий»ни ўқиган пайтимда Алишер Навоийга тақлид қилдим, кейинчалик «Пўлат қандай тобланди» романини ўқигач, Павел Корчагинга ўхшашга интилиб кўрдим. Одам изланади-да. Лекин узинг севган бирорта қаҳрамонингга ҳам ўхшай олмаслигинг мумкин. Шунда нима бўлади? Бир куни шундай қарорга келганманки, нега энди, мен бировларга ўхшашим керак, айтайлик, Навоийга ёки Абайга? Нега энди, мен — ўзимга ёки бошқалар менга ўхшамасликлари керак?.. Шундай қилиб, одам ўзининг ҳаётий, ахлоқий принципларини белгилаб оларкан. Қисқаси, одамда яхши томонга ўзгариш учун ҳам, ёмон хислатларни камол топтириш учун ҳам имконият бор. Биз инсонни онгли мавжудот деймиз. У ҳаётда кўп ёмонликларга, бемаза ишларга ҳам дуч келади. Демак, ҳаётдан безиб кетмаслик, одамларга нисбатан меҳр туйғусини йўқотмаслик учун инсон ҳар доим бошқалардаги яхши томонларни кўришга, юрагидан йўқолган меҳрнинг ўрнини тўлдириб, бойитиб боришга ҳаракат қилгани маъқул. Бўлмаса, унинг ўзи истамаган ҳолда ҳам асабий, ичи қора, ёмонликни соғинадиган кимсага айланиб қолиши ҳеч гапмас. Мен шундай истеъдодли кишиларни биламанки, улардан яхшилик кутиб бўлмайди, ичи қора. Чунки, уларнинг юрагида меҳр етишмайди, энг инсоний туйғулар камол топмай қолган.
Одам умр бўйи комил инсон бўлишга интилади, балки комил инсон бўлолмас, лекин, ҳар ҳолда, киши олдинга қараб интилса, анча жойга бориб қолади. Масалан, Алишер Навоийни идеал деб олсангиз, унинг умматига айланиб қоласиз. Машрабда бор-ку: «Ул Иброҳимдан қолган эски дўконни на қилай…» Каъбани шундай деб айтаяпти у! Чунки ундан юксакроқ худо бор. Худонинг олдида Каъба нима! Макка нима деган гап! Машраб ҳаддан ташқари максималист бўлган. Демак, у энг юксак, энг муқаддас тушунчани биринчи ўринга қўйган. Навоийнинг буюклиги, гражданлик жасорати шундаки, у ўзбек халқининг қаддини кўтариш, бағрини бутун қилиш учун, ўзбек тилининг бошқа ривожланган тиллар билан баравар имкониятга, қудратга эга эканлигини исботлаш учун курашди. Навоий ижоди эса чинакам маънодаги бир уммонки, ундан ҳар ким имконияти даражасида олиб фойдаланиши мумкин. Навоий тугамайди-да… Лекин, ачинарлиси, уни тушунишга бизнинг савиямиз етмаяпти… Идеал юксакроқ бўлгани яхши. Шунда сиз майда, резги нарсаларга камроқ аҳамият берасиз, ўйлаган катта ниятларингизни кўздан қочирмайсиз. Эътиқод ҳақида дейсизми?… Эътиқод масаласида мен ўзимнинг мақсадимга эришганман. Эсимни таниганимдан бери эътиқодимдан чекинганим йўқ. Эҳтимол, шунинг учун ҳам моддий жиҳатдан бирим икки бўлмаётгандир, бироқ, маънавий томондан менинг ҳеч кимдан ўзимни камситадиган жойим йўқ. Худога шукур, ўзимнинг мақсадларимни оғишмай амалга ошириб келаётирман.
— Баъзи кишилар бугунги кунда санъат сиёсатга аралашмаслиги керак, деган фикрни илгари сурмоқдалар. Санъаткорларнинг, хусусан, ўзбек ёзувчиларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизга бевосита аралашувига Сиз қандай қарайсиз?
— Ёзувчилар аралашиши керак. Аралашмаса қандай бўлади? «Ёзувчи-граждан бўлиши керак» деган гап жуда тўғри. Пахта якка ҳокимлигига қарши кураш, тил, тарих, экология масалалари ҳаёт-мамот масалалари-ку!
— Маҳмуд ака, мана шу масалалар «ёзувчилар аралашмаганда ҳам ҳал бўларди», деган даъволарнн эшитиб қоламиз…
— Ҳал бўлмасди! Масалан, рус адабиётини олсак, тарихдан маълум: Пушкинлар даврида француз тилининг мавқеи жуда баланд бўлган. Демак, Пушкин, Крилов сингари адиблар рус тилининг софлиги, унинг гражданлик ҳуқуқи учун курашмаганларида, миллатга онг киритадиган зиёлилар рус тилини тарғиб қилмаганларида, у ҳозиргидек қудратли тилга айланмаган бўларди. Масалан, Крилов «Қизгиналарга сабоқ» комедиясида рус тилининг жамият томонидан хўрланишига кескин қарши чиқади. Комедия қаҳрамони — Фекла сингари ойимтиллалар ўзлари рус бўлишларига қарамасдан, рус тилидан, умуман руслардан нафратланадилар. Фекла «Бир руснинг сўзини эшитгандан кўра, тўтиқуш Жаконинг овозини эшитганим афзал» дейди. Ҳолбуки, Жако француз тилида «Сиз аҳмоқсиз» деган гапнигина айтарди, холос… Ўзбекистонда ҳам она тилининг ҳуқуқи учун кураш колхоздан ёки совхоздан бошланмади, балки матбуот саҳифаларидан бошланди. Дастлабки мақолаларни шоирлар, ёзувчилар ёздилар. Улар ҳаракат қилмаганларида Бўстонлиқдаги зарарли завод қурилиши ҳам давом этган бўларди. Хуллас, ёзувчиларнинг халқ ҳаётига алоқадор ҳамма масалаларга аралашишга ҳаққи бор ва аралашишлари шарт. Чунки ёзувчи — халқнинг виждони. Халқнинг виждони бўлишга интилган ёзувчигина чинакам ёзувчи бўла олади. У ўзининг нафсониятига тегишли ҳамма гапларни йиғиштириб, халқнинг манфаатини биринчи ўринга қўйиши ва ҳамма эзгу ишларнинг бошида бўлиши керак, деб ўйлайман.
— Тил ҳақида ўзингиз гап бошлаб яхши қилдингиз. Мана яқинда Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақидаги Қонуни қабул қилинди. Мен Сиздан мана шу Қонун ҳақидаги мулоҳазаларингизни сўрамоқчиман.
— Бизда ҳалиям ҳадиксираш, «бир чўқиб, икки қараш» бор-да! Қуллуқ қилиш, мутелик бизнинг руҳимизга ниҳоятда сингиб кетган. Қонуннинг матбуотда босилган иккинчи лойиҳаси яхши эди. Менга қолса, ўша лойиҳани янада мукаммалаштириб, қонун шаклида қабул қилинса яхши бўларди. Аслида турғунлик йилларида «сайланган» депутатлардан яна нимани ҳам кутиб бўларди!.. Лекин бу Қонуннинг қабул қилиниши Совет давридаги 70 йилдан зиёд вақт ичида юз берган энг буюк воқеалардан бири бўлди. Ахир, ўзингиз ўйланг, 1938 йили ВКП(б) Марказнй Қомитети билан СССР Министрлар Совети рус тилини бошқа халқларга мажбурий ўргатиш тўғрисида қарор қабул қилган. У гаплар олдида бу жуда прогрессив Қонун! Умуман ҳар қандай қонун вақт ўтиши билан эскиради, тузатишлар киритилиб, тўлдирилиб, такомиллаштирилиб борилади. Шу ҳолатда ҳам бу Қонун жуда катта ютуқ.
— Мамлакатимизда янгиланиш жараёни бошланганидан буён салкам беш йил вақт ўтди. Лекин бу эзгу сиёсатнинг тантанаси борган сари чўзилиб кетмоқда. Сиз қайта қуришга халақит бераётган асосий тўсиқлар нималардан иборат деб ўйлайсиз?
— Қайта қуришга халақит бераётган нарсалар жуда кўп. Биз ўтган давр мобайнида сталинча социализм жамиятида яшадик. Энди йўл қўйган хатоларимизнинг ҳаммасини тузатишимиз керак. Халқимизда лоқайдлик кайфияти ниҳоятда кучли, кимдир биров келиб қилиб бериши керакдек, ҳамма кутиб туради. Сизга янги бир мисол айтай: шу йил 7 ноябрь арафасида Тошкент метросининг яна иккита бекати ишга тушди. Бирига «Ғофур Ғулом», иккинчисига «Чор-су» деб ёзилган. Қаранг, биз ҳатто бекатларнинг номларини ёзишда ҳам хатога йўл қўймоқдамиз. Ахир, шу қурилишда ҳам ўзбеклар қатнашган бўлишлари керак?! Куни-кеча Тошкентдаги марказий кўчаларнинг яна бирига «Правда» номи берилди. Нега энди, энг катта кўчамизнинг номи «Правда» бўлиши керак? Майли, бу газета омон бўлсин, лекин ҳали ҳам марказий кўчаларимизга буюк юртдошларимизнинг номларини қўйиш вақти, наҳотки, етиб келмаган бўлса?! Нега, Абу Алн ибн Сино номини, Низомиддин Хўжаев номини, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон номларини шаҳарларимизга, кенг кўчаларимизга қўймаймиз? Ал-Хоразмий номидаги кўчани олинг. Чилонзор даҳасининг бир чеккасида. Шу ҳам инсофданми? Айтмоқчиманки, биз — ўзбеклар тепса, тебранмас, танбал халққа айланиб қолдик. Бизнинг осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтириш одатимиз ҳеч қолмаяпти, қолмаяпти-да! Ёки тил учун кураш «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидан бошланди, кейин унинг ёнига «Ёш ленинчи» қўшилди. «Ёшлик» журнали анча ишлар қилди, лекин бошқа газета ва журналларимиз нимани кутди? Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилса нима бўпти! Дуппа-дуруст бир қаламкаш шу фикрга қарши чиқиб ўтирибди. Мен буни ўзбек ёзувчисининг тўғри позицияси деб билмайман. Ахир, унинг «иш қуроли» ўзбек тили эмасми?! «Ўзбек тили кўпдан-кўп маъноларни ифодалашга ноқобил, қашшоқ тил» эмиш! Жумҳуриятимиздаги матбуот органларининг ҳаммаси ҳам халқимизнинг дардини, фикрини ўз саҳифаларида ёритаяптими? Йўқ!.. Ёки матбуотда қатнашаётган муаллифларни олайлик. Таҳрир этилмайдиган мақола ёзадиган муаллифларимиз бармоқ билан санарли, санъат соҳасида-ку, ўзбек тилида яхши мақола ёзадиганлар йўқ ҳисобида. Ўзбек тилининг бузилиб кетаётганида Ўзбекистон телеграф агентлигининг пала-партиш таржималари ҳам катта «ҳисса» қўшмоқда. ЎзТАГ жумҳурият марказий газеталаридан район газеталаригача думбул тилдаги материаллар билан кенг таъминлайди. Ўзбек терминологиясида ҳам аҳвол жуда ёмон, ўзбек шеваларидаги жуда кўп сўзлар йўқолиб, истеъмолдан чиқиб кетмоқда. Бу ишларни қиладиган одамлар эса кўринмаётир. Бинобарин, «Она тили» деб номлаш мумкин бўлган янги газета ташкил этиш ҳаёт тақозосидир. Бундай газетани СССР Маданият фондининг Ўзбекистон бўлими чиқариши мумкин. «Она тили» газетаси тил ҳақида баҳслар олиб боради, имломизни: тартибга солишга, алфавитимиздаги камчиликларга барҳам беришга ҳисса қўшади, сўз бойликларимизниг тўплайди ва ҳоказо. Қисқаси, бундай газета жуда-жуда зарур деб ўйлайман.
Очиғини айтиш керак, ҳозирги аҳволимиз жуда мураккаб. Бутун бир мамлакат у ёқда турсин, битта оиланинг ўзида қанча муаммо бор. Шундай муҳитда ўсган одам курашга дарров отланолмайди. Курашиш учун кучли билим, журъат керак. Жамиятимиздаги етишмовчиликлар ҳам кўпчиликнинг эътиқодидан қайтиб, яхши одамларнинг нотўғри йўлларга кириб-кетишларига сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман. Ижтимоий адолат қарор топмаган юртда ҳамиша «Сув келтирган хор, кўза синдирган азиз» бўлаверади!
— Маҳмуд ака, тарихдан бизга жуда яхши маълумки, ҳар бир халқ ҳамиша ўз мустақиллиги учун кураш олиб борган. Халқлар ўртасида турли хил ихтилофлар, диний низолар бўлган. Лекин миллий низолар ҳеч бир даврда, айниқса, Ўрта Осиё халқлари ўртасида бугунгидек юзага чиқиб қолмаган. Ахир, бобомиз Амир Темур жуда катта марказлашган давлат барпо қилган-ку! Нега энди шу бугунга келиб халқларимизнинг беғараз дўстлигига путур етди? Мана шу фожианинг ижтимоий илдизларини қаердан қидириш мумкин?
— Тўғри, Темур Ўрта Осиёни мўғул босқинчиларидан озод қилиб, марказлашган давлат тузди. Маркс айтадики, Темур ўз мамлакатига тузуклар, яъни қонунлар берди. Қонунчилик қарор топган жойда адолат, тартиб-интизом бўлади. Темур замонасида яшаган испан элчиси Клавихонинг тасвирлашича, салтанатдаги (империядаги) барча йўлларга қўриқчилар қўйилиб, қароқчилик, босқинчиликларга йўл қўйилмаган. Мамлакатга келган меҳмонлар ҳам, карвонлар ҳам бехавотир юрганлар. Бу билан биз унинг жаҳонгирлик юришларини инкор этмоқчи эмасмиз. Ҳар бир подшо салтанат тузар экан, у аввал ўз мамлакатини, халқини бирлаштириб, давлатни мустаҳкамлаб олгач, кейинги қадам албатта жаҳонгирлик юришлари бўлади, бу тарихий қонуниятдир.
Сиз мендан бугунги кунда юз бераётган фожиаларнинг ижтимоий сабабларини сўрадингиз. Мен уларни давр, муҳит, шароит, қолаверса, сталинизмнинг оқибатлари деб тушунаман. Назаримда, чоризмнинг халқларни бир-бирларига гиж-гижлаб қўйиш сиёсатининг давом эттирилиши натижасида Сталин сиёсати кенг қулоч ёйиб кетди ва миллий чегараланиш пайтида ҳам анчагина хатоликларга йўл қўйилди. Сталинча принциплар чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини давом эттирди. Урушдан кейин Ўрта Осиё республикаларига бутун-бутун халқлар қувғин қилинди. Эндиликда ўша халқлар ўз юртларига кетиш хоҳишини билдириб курашмоқдалар. Одам дунёга бир марта келади, аммо ҳар хил яшаб ўтиш мумкин. Баъзилар ўзидан «катталар»нинг олдида боши ерга етгунча эгилиб, пойи-патак бўлади, ўзидан «қуйироқдагилар»ни эса оёғининг учи билан кўрсатади. Ўз фикрига эга бўлган кишилар эса ҳар доим қадр топавермайди. Демоқчиманки, инсон дунёга бир марта келар экан, ўзининг қадр-қимматини билиши керак. Қадр-қимматни сақлаш ҳам осон иш эмас. Бу унинг учун жуда қимматга тушади: фирқага қабул қилинмайди, ҳар хил тазйиқлар кўради ва ҳоказо. Нима бўлишидан қатъи назар, ўз қадрини билган киши, албатта, қадр топади. Агар бутун бир халқ ўз қадрини юксак тутса, жуда катта гап бўларди!
Ўзбек халқининг ноҳақ жабр кўриб, қатл этилгани улуғ фарзанди, адабиётимизнинг буюк вакили Абдурауф Фитрат шундай дейди: «Ҳиммати ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдир». Демак, миллат ҳимматли, саботли, курашчан бўлиши керак, қўли очиқ бўлиши керак. Ҳар қандай фожиалардан устун турган халқгина яшашга ҳақлидир.
— Мен ҳам аямдан «Ўз қадрини билмаган киши ўзгаларни ҳам қадрламайди» деган ўгитни кўп марта эшитганман. Келинг, энди шу фикрларни адабиётга боғлайлик. Сиз айтган Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир сингари халқимизнинг асл ўғиллари ўзини ҳам, халқини ҳам қадрлаган, севган эдилар-ку! Тарихнинг юзига сачраган улуғ инсонларнинг қонини нима билан ювиш мумкин? Ўтмишнинг устидан ҳукм чиқариб бўлмайди-ку! Ҳар бир даврда бўлганидек, 1937 йилларда ҳам мадҳиябоз адиблар ўтган бўлишлари керак. Менинг назаримда, ҳаётдан бевақт кўз юмган устозларимиз ўша замонасоз ижодкорларимиз қилган гуноҳларнинг касрига қолгандек туйилади. Албатта, турғунлик йилларида ҳам замон билан «ҳамнафас» қалам тебратган адиблар оз эмасди. Мен Сиздан ана шундай энг оғир шароитларда ҳам эътиқодини бутунлигича сақлаб қололган ижодкорлар ҳақида сўрамоқчиман. Ўз қадрини билган ижодкор сифатида Сиз кимларни қадрлайсиз?
— Тўғри, Замирахон, ҳамма замонларда ҳам замона зўрларининг ноғорасига ўйнаган қаламкашлар ҳам, ўз ижодида собит турган ижодкорлар ҳам бўлган.
Бир вақтлар Сталин ҳақида мадҳиялардан иборат китоблар чиққан. Ундан кейин партияни мақташ ниқоби остида анча «асарлар» чоп этилган. Ёппасига ҳамма замонасозлик қилиб юрган пайтларда ҳам эътиқодида мустаҳкам турган ижодкор сифатида мен Шукур Холмирзаевни жуда қадрлайман. У халқнинг юрагидагини ёзди, ҳеч ким қўл урмаган, қалтис мавзуларда иккиланмай ижод қилди. Улуғ немис адиби Иоганнес Бехер, адабиёт агарда халқнинг юрагидагини айтмаса, миллатнинг кўзини очиб, онгини уйғотмаса, у адабиёт эмас, эрмакдир, деган эди. Шу маънода, Шукур Холмирзаевнинг «Оғир тош кўчса…» ҳикояси халқнинг кўзини очадиган асардир. Унда ўзбек халқининг ёппасига уйғона бошлагани ҳаққоний тасвирланган. Яқинда адибнинг «Қора камар» асари асосида яратилган спектакль Ҳамза мукофотини олди, мен буни қонуний деб биламан. «Қора камар» босмачиликка бирёқлама қарашга зарба берган дастлабки асарлардандир.
Шоирлардан эса Чўлпон Эргашни эътиқоди учун ҳурмат қиламан. Рауф Парфи, Маъруф Жалил тўғрисида ҳам шундай илиқ гаплар айтиш мумкин.
— Маҳмуд ака, сиз кўпроқ шеър ўқисангиз керак. Негаки, ижодкор тенгдошларимнинг кўпчилиги Сизнинг ҳузурингизда тез-тез бўлиб туришлари менга сир эмас. Ўша ёш шоир дўстларингизнинг ижоди тўғрисида қандай фикрдасиз?
— Сизга очиғини айтайми? Ҳозирги шеърлардан шеърият қочиб кетмоқда. Кўпчилик шоирлар, айниқса, ёшлар ижодида қулоч-қулоч жозибасиз, образлардан холи тизмалар ниҳоятда кўпайиб кетди. Масалан, ҳозир ҳаётдаги камчиликларни айтиш, турли идораларни, раҳбар ва раҳбарчаларни сўкиш, дашном бериш урф бўлиб, тобора «анъана»га айланиб бормоқда. Ҳар қадамда қоқилаяпмиз, ёмон раҳбарлар ҳам оз эмас, лекин шундай экан деб, шоир одам шеър ёзаётганини унутиши керакми? Бунақа гапларни оташин публицистик мақолаларда ҳам айтиш мумкин-ку! Мирза Кенжабоев, Азиз Саид, Сирожиддин Саидовнинг публицистик мақолалари фикримни исботлайди деб ўйлайман. Биз шеър ўқиганда пароканда мақола ўқигандек бўлмайлик. Ахир, шеър инсон юрагига таъсир этиб, унинг руҳини, онгини уйғотиш учун хизмат қилиши керак-ку!
Ёшлар орасида яхши шоирларимиз жуда кўп, яна ҳам кўпайсин. Мен уларни номма-ном санамоқчи эмасман, лекин ёш адиблардан Назар Эшонқулов ижоди тўғрисида озгина тўхталмоқчиман. Яқинда Назарнинг «Хароба шаҳар сурати» ҳикоясини ўқиб, улуғ немис ёзувчиси Герман Гессенинг «Шоир» деган ривоятини эсладим. Бу муаллифнинг ҳикояларини ўқиганннгизда асарнинг ғояси ҳақида ўйламайсиз, балки унинг ҳар сўзи, ҳар жумласи сизнинг вужудингиздан ўтаётгандек бўлади. Унда халқ тақдири, инсон тақдири учун қайғуриш ниҳоятда кучли. Агар «Жаҳон новеллалари антологияси» тузилса, мен Ўзбекистондан энг аввал Назар Эшонқуловнинг ҳикояларини тавсия этган бўлардим.
— Халқимиз ҳаётига алоқадор масалалар ҳақида анча гаплашдик. Энди адабиёт, хусусан, ўзбек адабиётининг тақдирига боғлиқ бўлган ва сизни ташвишлантираётган энг муҳим муаммолар тўғрисида тўхталсак…
— Америка олимларининг аниқлашларича, ҳар бир одам ўз умри давомида имкониятларининг бор-йўғи 5—6 фоизинигина рўёбга чиқараркан. Менингча ижодкорнинг имконияти кенгроқ бўлади. Биласизми, мен нимадан ташвишланаман, ҳар бир халқнинг тарихи бадиий жиҳатдан ҳам исботланган бўлиши керак. Ўзбек адабиётида ҳозиргача ана ўша бадиий тарих яратилган эмас. Рус адабиётини олсак, бир образ яратилдими, сўнгра унинг янги-янги томонлари очилиб бораверади. Масалан, Тургенев «Дворянлар уяси» романида дварянлар табақасининг маънавий таназзулини кўрсатади. Ундан кейин Салтиков-Шчедрин «Жаноб Головлевлар» романини ёзади ва инсоннинг маънавий таназзули унинг жисмоний ҳалокатига олиб келишини бадиий тасвирлайди, бинобарин Шчедрин бу мавзуни ишлашда анча илгарилаб кетади. Рус адабиётида ана шундай давомийлик, ворисийлик бор. Бизда-чи? Масалан, Абдулла Қодирий зиёли образини яратди. Отабекдан кейин қайси образ келади? Айтишга қийналасиз. Ёки Юсуфбек Ҳожини олайлик. Зиёли. Отабек илғор қарашли бўлса, у ўзи яшаб турган муҳитдан чиқиб кетолмайди, лекин диёнатли пок одам, улуғ одам. Қани, менга бу образнинг давомини айтинг-чи? Йўқ, Бизда мана шунақа узилишлар бор. Адабиётимизда бутун-бутун даврлар йўқ. Урушдан кейинги давр ҳақида биттаю-битта асар — Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Дашту далаларда» қиссасидир. Коллективлаштириш даврининг фожиалари ҳақида бирорта ҳаққоний асар яратилмаган! Қисқаси, биз бадиий тарихимизни тиклаб олишимиз керак. Қаранг, Жўржи Зайдон ислом динининг Ўрта Осиёга кириб келиши, Испанияга кириб бориши, қўйингки, исломнинг дунё бўйлаб ғолибона юришларини акс эттирган, романлар туркумини яратган. Қани, бизнинг Вилям Шекспирларимиз, Валтер Скоттларимиз, Бласко Ибаньесларимиз.
Ҳозирги жаҳон маданияти билан бўйлашиш учун бугун ёшларимиз зиммасида жуда катта вазифалар турибди. Бугун бўш асар ёзган ёзувчи эртага зўр асар ёзиши мумкин. Умидсиз бўлмаслик керак. Некрасов ҳам ўзининг биринчи чиқарган китобини сотиб олиб, ёқиб юборган. Мен ёшларимизнинг кучига ишонаман. Ахир, алгебранинг ватани шу ер бўлса, биринчи марта минорадан қанот боғлаб учган Ал-Жавҳарий ўзбек бўлса, бунга шубҳа қилиш мумкинми! Тарихимизнинг, адабиётимизнинг кемтик жойларини тўлдириш учун бизга Яҳё Ғуломов, Мақсуд Шайхзода даражасидаги алломалар жуда зарур.
— Маҳмуд ака, киши ташвишларини тўкса кўнгли анча бўшаб, таскин топгандек бўлади. Яна қандай дардларингиз бор, айтаверинг!
— Э, дардимнинг ҳаммасини айтсам, жуда кўп… Сиз қудуқ эмассизки, мен «Искандарнинг шохи бор» деб қичқирсам. Бу ташвишларнинг ҳаммасини айтадиган бўлсам, сизга оғирлик қилади. Ҳар ҳолда, бизни жуда катта курашлар кутаётгани аниқ. Биз Орол учун курашни давом эттиришимиз, Хева ёдгорликларини сувга бостирмаслик учун имкониятимиз борича ҳаракат қилмоғимиз керак! Хиросима, Нагасакининг ҳавоси ҳозир бизникидан тозароқ эмиш. Худога шукур, бизнинг юртимизда атом бомбаси портлаган эмас-ку? Ўзбек шу даражада хокисор халқки, қорнини нонга тўйдириб, «Ҳа, баракалла!», деб қўйилса, ҳамма жойни гуллатиб юборади…
Сталиннинг ўнгқўл жаллодлари бўлган Будённий, Ворошилов, Жданов номлари қасабаларимиздан, кўчаларимиздан ҳали ҳам ўчирилмаган. Калининнинг қанчадан-қанча машъум ҳужжатларга имзо чекканлиги бугун ҳеч биримизга сир эмас. Энди тасаввур қилиб кўринг: ўша кимсалардан нафратланган ҳолда, «Калинин даҳасиданман», дейишнинг нақадар оғирлигини!… Бизнинг юрагимизни бадбин бир қўрқув эгаллаб турибди. Отамизнинг зўрлигини билсак ҳам, бир вақтлар кимдир уни «ёмон» деб қўйган бўлса, «Отам», дейишга қўрқадиган бўлиб қолганмиз…
Бир ривоятда айтилишича: одам бахтли яшаган кунларинигина умрга ҳисобларкан, қолганларини йўқ! Шу ривоятда ҳикмат кўп. Инсон дунёга бир бор келгандан кейин — бахтли яшаши керак-да! «Халқинг ўлса ўлиб, тирилса тирил» деган гап ҳеч баландпарвоз гап эмас. «Туя миниб, узоқни кўзла», дейишади-ку, узоқни кўзласангиз, халқингиз эркин, ҳур бўлса, сиз ҳам шу юртнинг бир чеккасида бахтли бўлиб юраверасиз…
— Маҳмуд ака, гарчи сизга бермоқчи бўлган саволларим тугамаган бўлса-да, суҳбатимизга шу ерда кўп нуқта қўймоқчиман. Ўйлайманки, халқимизнинг дардларига малҳам қидираётган одамларнинг сафига ўгитларингиздан баҳраманд бўлган муҳтарам муштарийларимиз ҳам қўшиладилар. Ўзбекистоннинг болалари кўпайсин, уларнинг ҳаммаси сиз каби жонкуяр, соғлом фикрли бўлсин деб орзу қиламан. Сизга катта раҳмат!
Замира Эгамбердиева суҳбатлашди
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 8 декабрь