Анатолий Алексин. Узоқ қариндош (ҳикоя)

Баъзан тунда ғалати қўнғироқлар бўлади – бир қарасанг жуда узоқ, бир қарасанг жуда қисқа. Дадамнинг собиқ беморлари ёки институтдаги дўстлари қўнғироқ қилади. Дадам улар билан худди бизда ҳали ҳеч ким ухлашга ётмагандай гаплашади. Ойим ажабланади, дадам эса тушунтиради:
– Айни шу пайтда одамни уйидан топиш осонроқлигини билишади-да! Улардан хафа бўлиб бўлармиди?
Ёки:
– Ахир улардан хафа бўлиб бўлармиди? Узоқлардан қўнғироқ қилишяпти. Уларда эрта тонг ҳозир. Уларни тушунса бўлади.
– Улар ҳам бизда ярим тун эканини билсинларда, – дейди ойим.
“Улардан хафа бўлиб бўлармиди?” – дадам шу сўзларни кўп қайтаради.
– Оқловчи бўлишингиз керак эди, – деди бир куни ойим.
– Қораловчи бўлгандан кўра, шу яхши.
– Вазиятга қараб! – эътироз қилди ойим.
Дадам эса индамай жарроҳлик фаолиятида давом этарди.

Баъзан тунги узундан-узоқ ёки қисқадан-қисқа қўнгироқларнинг якунида дадамнинг қайсидир оғайниси бизнинг шаҳарга келаётгани маълум бўлади.
– Жудаям яхши, – дейди дадам шунақа пайт. – Вокзалдан тўғри бизга келинг! Бизда йиғма каравот бор.
– Яхшиям, ўша каравот битта! – дейди ойим хўрсиниб. – Одамлар ғалати! Йўлига бўлсаям йўқ деб қўймайди-я! Ҳеч йўқ тил учида! Ахир шунча меҳмонхона бор-ку…
– Меҳмонхонада жой йўқ, дейди дадам. – Устига-устак ҳамма ҳам ўз яқинлари дийдорини соғинади.
– Яқинлари эмиш! Юзиниям эслолмайсиз-ку!

Эртасига бувим дадамни тарбия қила бошлайди. Буни доимгидек, ўз одатича қилади.
– Қўшнимни эри, – дейди у, – ҳеч қачон хотини билан маслаҳатлашмасдан бирор қарор қабул қилмайди.
Шундан дадам бу қадар мустақил бўлмаслиги кераклигини тушуниши керак бўлади.
– Сендан атиги икки курс тепада ўқиб, аллақачон профессор бўлган Петя боши билан фанга шўнғиб кетиб, унга бегоналар халақит қилишига йўл қўймаётган экан!
Дадам хулоса қилиши керакки, агар бошқа шаҳарлик оғайниларини уйга таклиф қилмаса, тез орада у ҳам профессор бўлади.
Навбатдаги узундан-узоқ қўнғироқлар бошланганда, албатта, ҳаммамиз уйғониб кетдик. Ойим дарров:
– Йиғма каравотни тайёрла! – деди.
Ойим адашмади, дадам бир дақиқадан сўнг гўшакка жавоб берди:
– Сўраб ўтирасизми?! Келаверсин… Бизникида туради. Мен уни мутахассисларга кўрсатаман. Кенгашиб кўрамиз! Керак бўлса… – гўшакни қўйгач, онамга тушунтирди: – Ўғлида жиддий касаллик бор экан…
– Уларнинг шаҳрига тиббиёт етиб бормабдими?
– У кичкина бир шаҳарча. У ерда йирик мутахассислар йўқ.
– Албатта йирик бўлиши шартми?
– Ўзингни боланг касал бўлиб қолса, – деди дадам менга имо қилиб. – шовқин қилиб, ҳаммани оёққа турғизмасмидинг? Бечора онаизор гўшакка йиғлаб юборди: “Ўғилчамни кўриб беринг…”, деб. Ундан хафа бўлиб бўладими?
Ойим хўрсиниб, индамай қўя қолди.
Эрталаб ойим сўради:
– Ҳалиги…қўнғироқ қилган аёл ким эди?
– Узоқ қариндошимиз.
– Жуда узоқми?
– Шунақароқ.
– Хўп, ким ахир?
Дадам бутун нонушта давомида ўйлаб ҳам, эслай олмади.
– Ишқилиб, ота томондан қариндош-да, – деди у. – Умуман, буни нима аҳамияти бор…ахир ўғилчаси оғир касал бўлса?
“Ўғилча” уч кундан кейин келди. Бу ўттизга борган эркак эди.
– Мен сизни исм-шарифингиз билан чақираман, – деди у, – чунки онам қанақа қариндош эканимизни ҳеч қанақасига эслолмади.
– Ўхшашликни қаранг! Биз ҳам эслолмадик, – деди онам.
– Нега энди? – эътироз қилди дадам. – Ниманидир эсладик-ку. Аниқ биламан, ота томондан қариндошмиз.
– Тушунаман, – деди меҳмон, – узоқ қариндош оддий танишдан ҳам пастроқда туради. Таниш-билишни, масалан, юзидан танимаслик имконсиз. Узоқ қариндошни эса бирор марта кўрмаган-эшитмаган бўлиш мумкин. Очиғини айтсам, Агар улар онамга анави “тахминий ташхис” ҳақида айтишмаганда, келмаган бўлардим. Мен онамга бу “тахминий ташхис” ни адашиб қўйишганини дарҳол исботлашим керак.
– Ўзи сизда нимани тахмин қилишяпти? – сўради ойим. – Қанақа касаллик?
– Э ўша касалликда! – жавоб берди меҳмон (Исми Игнатий экан).
– Қайси… “ўша”? – тушунмади ойим.
– Ҳалиги, нимадан бошланиши номаълум, лекин кўпинча нима билан тугаши маълум бўлган касаллик.
– Нега энди “кўпинча” бўларкан? – қарши чиқди бувим. Бу соҳада янгиликлар кўп!
– Албатта! – тасдиқлади дадам баланд овозда. Ўзи, умуман, паст овозда гапирар, бувим тиббиёт ҳақида гап бошлаганда эса, деярли доим чекиш учун йўлак қидириб қолар эди. Бу сафар хонада қолди.

Бувим умрида мигрендан бошқа касаллик билан, ҳозирча, оғримаган, лекин қайсидир яқини касал бўлиб қолишидан қўрқар эди.
У ҳар хил газеталарда чоп этиладиган “Шифокор суҳбатлари”ни батафсил ўрганар, шундан сўнг бир неча кун уйда аксириб ёки йўталиб бўлмас эди.
“Мен ҳаётини ўқиган одамларда ҳам ҳаммаси оддий йўталдан бошланган”, – дерди бувим. Игнатийга эса бошқача гапирди:
– Сиз у касалликка чалинганларга умуман ўхшамайсиз. Учта танишимда шу касаллик бор эди. Сиз умуман уларга ўхшамайсиз. Айтганча, уларнинг ҳаммаси тузалиб кетган. Яъни олиб ташлашган…Уларда ҳозир ҳаммаси жойида!
– “Тахминий ташхис” ни қаердан билдингиз? – сўради дадам.
– Дўхтирлар бирдан шошиб қолишди. Ҳаммаси яхши, деб ишонтиришга ҳаракат қилаверишди. Мен сокин бўлсам ҳам улар мени тинчлантираверарди. Кейин яширинча қоғозларга қарадим. Лекин қўрқмадим. Ташхиснинг ёнида каттагина сўроқ белгиси турарди. Хўш, дўхтирлар сўроқ қўйганда, нега энди мен ундов қўйишим керак? Лекин, негадир улар онамга айтибди. Ана шунисига жаҳлим чиқди! Нима кераги бор эди?
– Расмий жиҳатдан улар ҳақ, – деди дадам, – қариндошларга билдириш керак.
– Ахир улар бирор қариндошга эмас, онамга айтишган! – қизишди Игнатий. – Шунинг учун ҳам бу ерга келдим. Ойимнинг шубҳаларини тарқатиш учун. Тушуняпсизми? Лекин, безовта бўлманг! Мен ошхонада ҳам ухлайвераман. Ёки, йўлакда, йиғма каравотда.
– Йиғма каравотда бу ётади, – деди онам мен томонга ишора қилиб. – Сиз каравотда ухлайсиз. Шу ерда, мана шу хонада.
– Фақат илтимос, овора бўлманг, йўқса, менга қўйилган ташхис тўғри экан, деб ўйлаб қоламан, – деди Игнатий. – Тушуняпсизми, давом этди у, – онам мени бир ўзи катта қилган…отасиз. Доим йил санардик: “Яна икки йил мактаб, кейин беш йил институт. Демак, жами етти йил!” Кейин бир йил-бир йилдан камайиб борди. Ва ниҳоят, институтни тугатдим, ишлай бошлаганимда… бирдан бу гап…Ахир шу инсофданми? Онам мени қанча йил кутди! Энди омон-омон кунларга етганда, мана сизга совға деб ўтирсам…Ўтакетган нонкўрлик қилган бўлмайманми? Тезроқ телеграмма юборсам дейман: “Ҳаммаси жойида! Кетяпман!” деб!
– У телеграммага барибир ишонмайди, – деди онам.
– Мен фақат ҳақиқатни айтаман, деб қасам ичганман. Унинг нозик нуқтаси бор…Қасамларни яхши кўради. Мен ҳам бир гап бўлса соғлигим билан қасам ичаман. У бўлса: “Менинг соғлигим билан қасам ич! Шунда алдамайсан”, дейди. Одатда мен инкор қиламан. Лекин шу сафар кўндим.
Эртаси куни эрта тонгда дадам Игнатийни қандайдир институтга, сўнгра ўз касалхонасига олиб кетди.
– Кечқурун натижалар чиқади, – деди дадам бизга.
– Йўқ, ишхонамга телефон қилиб, ҳаммаси яхши деб айтиб қўйинг, – деди ойим.
– Ёки ҳаммаси ёмон деб, – луқма ташлади Игнатий.
– Бунақа вариант йўқ! – деди ойим. – Мен ишонаман…
– Ҳар қандай касаллик билан курашиш мумкин, – деди дадам.
– Ғалаба қилиш-чи? – сўради Игнатий.
– Албатта…Ғалаба қилиш ҳам! Онангиз, албатта, ҳаловатини йўқотган. Сизни кутяпти! Ундан хафа бўлиб бўладими? Лекин сиз, эркак сифатида, ишонишингиз керак: бу касалликни кўпчилик енгади.
– Барибир, ойимни аралаштирмаган маъқул, – деди Игнатий. У нуқул куларди – демак, жудаям ҳаяжонланяпти.
– Менгаям хабар беринглар, илтимос, дедим мен. Дадам бош силкиди.

Бешинчи соатдан сўнг фототўгарагим бор эди, лекин мен қолмадим.
Бувим одатда оқшомлари онамга ёрдам бериш учун келарди.
Бугун бўлса кундузи келиб, латта билан телефонни, кейин телефон турган думалоқ столни, сўнгра стол атрофидаги ҳамма нарсани артиб чиқди.
Бувимнинг уйида телефон йўқ. Шу сабабдан, бувим кечалари ойимга қарашиш учун келганида, бизга телефон қилиб, туша олмайсиз. Ҳар бир қўнғироқдан сўнг бувим ким билан суҳбатлашганини маълум қилади. Кўпроқ “Бу синфдош дугонам эди” дейди хўрсиниб. Синфдош дугоналари шу қадар кўпки, худди кечагина ўнинчи синфни битирганга ўхшайди. Аслида эса бувим гимназияда ўқиган.
Лекин ўша куни бувим ҳеч кимга қўнғироқ қилмади. У кутарди. Мен ҳам.
Ниҳоят, кутилган он келди: дадам қўнғироқ қилди. Одатда, бувим катталарнинг ишига аралашишимни ёқтирмайди. Лекин, ўша пайт дадамнинг ҳар бир гапини битта қўймай айтиб турди:
– “Игнатийда у касаллик йўқ. Аниқ. Лекин у жиддий касалликка чалинган. Мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш керак. Лекин анави касаллик йўқ!”
– Худога шукр! – деди бувим, кейин хонага кириб, диванга ўзини ташлади. Кўриниши жуда ҳорғин эди. Мен ҳам шу тобда қандайдир чарчоқ ҳис қилдим….
Лекин ярим соат-қирқ дақиқалардан кейин қандайдир ноодатий қўнғироқлар бўла бошлади – жуда узоқ ёки жуда қисқа қўнғироқлар эди. Йўлакка учиб чиқиб, гўшакни кўтардим.
– Игнатий яшайдиган шаҳарчадан экан, – хабар бердим бувимга, – Гўшакни қўймай, кутиб туришни сўрашди. Онасига ўзим айтаман. Ҳаммадан аввал!
– Қўшнимнинг ўғли ҳеч қачон катталарни йўлини тўсиб, югурмайди, – деди бувим.
Демак, гўшакни бувимга беришим керак. Лекин бундай қилмадим. Бувим эса дивандан турмади, шунчаки бошини саволомуз кўтарди холос…Менга йўл берди.
– У соғ-саломат! – қичқирдим гўшакка. – У нарса йўқ экан унда. Аниқ! Ўз соғлигим ҳаққи қасам ичаман! Сизнинг соғлигингиз билан ҳам!..
Симнинг у томонида Игнатийнинг онаси йиғлар эди.
Шу маҳал телефонист қизнинг овози эшитилди. У нимадир демоқчи эди-ю, фақат “Сиз..” дея олди. Шаҳарлараро қўнғироқларда телефонистлар бегона суҳбатга аралашишлари мумкин эди.
Игнатийнинг онаси йиғлар эди.
Шунда мен шодон қичқирдим:
– У жиддий касал! Мураккаб операция қилишади уни! Лекин ҳалиги касаллик йўқ. Қасам ичаман. Соғлигим билан. Соғлигингиз билан! Хавотирланманг. У соғ ва саломат бўлади!
Мактабда кўпинча “Келажакда ким бўлмоқчиман?” мавзусида иншо ёзамиз.
Такрор бўлмаслиги учун, бир сафар, геолог бўлишни исташимни ёзган бўлсам, бошқа сафар биолог, яна бошқа сафар эса космонавт бўлишни истайман, деган эдим. Аслида эса ҳали касб танламагандим.
Ўша куни келажакда ким бўлишим ўзимга ҳам номаълум эди. “Қандай яхши, – ўйлардим, – жарроҳлик хонаси ёки рентген кабинетидан чиқиб, онанинг қўрқув ва кутишдан қотиб қолган кўзларига ҳорғин қараб, сокин овозда: “У яхши…яшайди. Хавотир олманг. Яшайди!” дейиш.

Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси