Исҳоқ-Лейбуш Перес. Олмос ҳақида қўш ҳикоят

ТОШЛАР УЮМИ

– Бурунги замонларда бир мусофир яшаган экан, – дея ҳикоясини бошлади реб Шлойме. – У қишлоққа еттиёт бегона экан: ўзи қўни-қўшниларга ҳечам аралашмас, қўни-қўшнилар ҳам ундан ўзини тортар экан.
Лаҳжаси ҳам аллақандай бошқача экан: гапини ҳеч ким тушунмас, тушунишни хоҳламас ҳам экан.
Ўша мусофир бир куни олмос топиб олибди.
Олмос ўзи қанақа бўлади – уни ҳеч қачон кўрмаган бўлса-да, ҳартугул, эс-ҳуши жойида эмасми: бу – арзон-гаров матоҳ эмаслигини фаҳмлабди.
“Гўё бир парча қуёш-а, чарақлаб нур сочяпти, – деб кўнглидан ўтказибди у. – Озмунча пул турмаса керак!”
Аммо еттиёт бегоналар орасида қимматбаҳо тошни деб жонингдан айрилиб қолишинг ҳам ҳеч гап эмас.
Олмосдан хабар топишса борми, ўша кечасиёқ девордан ошиб тушишади-да, молингга қўшиб жонингни ҳам тортиб олишади.
Демак, дарров яшириш керак!
Мусофир олмос ҳақида хотинигаям ҳеч нима демабди. Уни яхши кўрса ҳам, барибир, сочи узун, ақли калта бир аёл, тилини тиёлмайди, гуллаб қўяди, деб чўчибди.
Мусофир уйига қайтибди-да, олмосни томорқага кўмибди.
Тағин адашмай дея, олмос кўмилган жойга оғир бир тош бостириб, белги қўйибди. Дориломон кунлар келиб, қўни-қўшни орасидан адоват кўтарилса, хазинамни қазиб оламан-да, ҳаммага кўз-кўз қиламан, деб хаёл қилибди у.
Бир пайт хотини уйдан чиқибди-ю, кўзи ҳовлидаги тошга тушибди. У бир парча ерни бекор эгаллаб ётгани кўнглига ёқмабди. Шу ерда бир тупгина пиёз ё бодринг ўсса бўласмиди!
Ҳайф-ей, ҳайф!
Ўзи кўтарай деса, кучи етмайди, шунда эрини чақирибди. Эри эса:
– Ҳай-ҳай, Худо асрасин! Тошга тега кўрма! – деб ўшқириб берибди.
– Нега? – дея ҳайрон бўлиб сўрабди хотини.
– Бу – хосиятли тош. У бизга бахт ва бойлик келтиради, – дебди эр.
– Шу оддий тош-а?
– Ҳа, шу оддий тош! Унинг кучи шу оддийлигида-да!
Хотиннинг юзига таажжуб қалқибди: шу гап чинми ё ҳазил, ҳеч ақли етмасмиш. Эрига боқса, юзи-кўзида жиддият, ҳатто қаҳр акс этармиш.
Жуфти ҳалолини севса, уни ақлли, софдил одам деб билса, иложи қанча! Қолаверса, у – бир аёл бўлса! Аёл киши эса ҳар доим бирор нимага ишониб яшаши керак: азайимхоннинг сеҳрли куф-суфигами, ғойибдан келажак илоҳий муждагами… Бунинг устига, ҳозир гап талашиб ўтирадиган пайт ҳам эмас – томорқага экин экиш керак. У эрига “ҳай, майли”, деб қўйибди-да, ўз ишига уннаб кетибди.
Эртасига эр томорқага боқса, тош иккита бўлиб қолганмиш.
– Бу нимаси! – деб ўшқирибди у. – Иккинчи тош қаердан келди!
Хотини жилмайибди.
Кечаси хотинининг уйқуси қочган экан. Деразадан ой сирли мўралар-миш…
Юраги сиқилиб, маҳзун тортибди, ваҳима босибди…
Эрини уйғотишга юраги бетламабди. Аста каравотдан тушибди-да, эшикни сассиз очиб, томорқага… яна бир тош қўйиб қайтибди.
Шу билан кўнгли таскин топибди.
– Тош иккита бўлса, – дебди жилмайиб хотини – кучи янаям ортади.
Хотингинанг оппоқ билакчасини елкангга ташлаб, ойдек манглайини лабингга тутиб, гўдак мисол ширин жилмайиб турса, тилингга ҳақорат келармиди?!
У хотинининг ойдек манглайидан баҳузур ўпибди-да, мовий кўзларига боқиб, нега тунда уйқуси бузилди экан, деб кўнглидан ўтказибди. Аммо оғиз очиб, лом-мим демабди.
Хотин эса эри манглайидан ўпиб қўйганини чин дилдан қилган савоб ишининг мукофотига йўйибди. Шундан сўнг у қачон эрининг ўпичини соғинса, томорқага биттадан тош ташийверибди.
Эри манглайидан ўпиб қўймаса, кўзида ёш милтиллар эмиш.
Эр-хотиннинг бир ўғил, бир қизи бор экан.
Қизи ҳеч нимадан ҳайрон бўлмас, ҳеч қанақа савол бермас, онаси нима қилса, шуни қилиб кетавераркан.
Онаси каттароқ тош келтирса, у кичиқроқ тош келтирар экан. Қизнинг ёшига ёш қўшилгани сайин тошлар сони ҳам ортиб бораверибди
Зийрак ўғил эса ҳадеб “Бунда қандай маъно бор?” деб сўроққа тутаркан.
– Тош бизларга бахт келтиради, – деб жавоб берибди онаси унга ўз донолигидан мағрурланиб.
– Қандай қилиб? – дея сўроққа тутибди яна ўғил. – Бахт дегани нима ўзи? Меҳнатсиз ҳам бахт бўладими?
Она шўрлик бу саволга қандай жавоб берсин!
– Бориб, отангдан сўра, – дебди шунда қовоқ уйиб она.
– Катта бўлсанг, билиб оласан, – деб гап уқтирибди ота эса.
Ўғил катта бўлганда, ота олмос ҳақидаги сирни очибди.
Шу тариқа сир бир авлоддан бошқасига ўтаверибди.
Оталар сирни ўғилларига мерос қолдиришар экан.
Ҳар авлоддан фақат бир киши олмос сирини билар, бошқалар эса тош бахт келтиради, деб инониб юраверар экан. Бунақалар қанча кўп бўлса, шунча яхши-да сирни билган одамга! Хулласи калом, улар ҳам тош йиғаверибди.
Қўшнилар бу томошага ҳайрон бўлиб қарар эмиш.
Баъзилар бу ғалати урф-одат устидан яширинча кулса, баъзилар, ҳойнаҳой, бир ҳикмати бор-ов, деб зимдан ҳурмат кўрсатаркан.
Аксарият одамлар мана бундай ўйлар экан: бу урф-одат фаришталар осмонга шоти қўйиб чиққан, одамлар эса уларни ердан томоша қилган жуда узоқ замонлардан қолган бўлса керак.
Айрим қўшнилар шу оилага ёқай деб йўлдан тош териб, уларнинг томорқасига ирғита бошлабди.
Оиланинг ўзида бўлса, тош йиғиш муқаддас одатга, гўё Худо йўлидаги бир ибодатга айланибди.
Ёшлар бот-бот тош йиғишга қарши бош кўтарар, қариялар эса уларга дўқ уриб, мушт ўқталар экан.
Ёшлар тошга қарши нутқлар сўзлар, қариялар эса қатъий оҳангда:
– Оталаримиз шундай йўл тутган, биз ҳам шу йўлдан қайтмаймиз, – деб таъкидлар экан.– Боболаримиз биздан кўра ақллироқ бўлган: ҳамонки улар томорқага тош қўйибдими, демак, биз ҳам, болаларимиз ҳам тош қўяди!
– Олам биздек бандаларнинг мулки эканмики, уни ўнглаймиз ё ўзгартирамиз, десак. Ақлли от ғилдиракнинг изидан юради, шундай қилса, оёғини қайириб, майиб қилмайди…
Қариялар ана шунга ўхшаш қанча-қанча ҳикматни қалаштириб ташлабди, тўғрисиям, олам олам бўлгандан бери шундай ҳикматлар устида туради-да!
Ёшлар шунда ҳам исёндан тўхтамаса, қариялар “Товуқданам ақллироқ бўлишни хоҳлаб қолган тухумларни тошга уриб синдирамиз-а”, деб пўписа қилишармиш.
Неча-неча йиллардирки, ёшлар яшагани бошпана, егани нон топиш илинжида ўз жонажон уйи, қадрдон оиласидан ўзга юртларга бош олиб кетар экан.
Чунки эски уйларида туришга тоб-тоқати қолмаган экан.
Тошлар уюми эса кун сайин эмас, соат сайин кўкка бўй чўзиб борар эмиш.
Гоҳида тош ўрнидан кўчиб, уйга қараб юмалармиш.
У ҳатто дераза ва эшикларни ҳам тўсиб қўярмиш.
– Ҳечқиси йўқ, – дер эмиш шунда ҳам уйдагилар.
Шоти қўйиб, мўридан чиқишармиш.
Ҳаво етмаяпти, дейсизми? Яна ҳечқиси йўқ! Агар оз еб, оз яшасак, шу ҳавоям етади.
Дарвоқе, еганиям ҳеч вақо йўқ эмиш.
Ҳаммаёқ тош бўлса, қайси ерни ҳайдаб, қайси экинни экасиз?!
– Жиллақурса, тошларни бир жойга уйгани изн беринг, – деб ёлворар экан ёшлар қарияларга. – Осмонга қараб ҳар қанча ўсса ҳам, майли. Фақат ерда оз жой эгалласа бўлгани. Бир парча ер очайлик – ҳайдагани, эккани!
– Муртадлар! – деб дағдаға қилар экан қариялар. – Ўлсак ҳам бунга рози бўлмаймиз.
Реб Шлойме шундай дея тин олди, кафтига бир чимдим тамаки солди.
Биз – тешиккулчаларни ҳам эсдан чиқариб, унинг оғзига анграйиб қолган болалар – ҳаяжондан энтикиб нафас олдик. Орамиздан кимдир савол берди:
– Олмос тарихини биладиган одам нега жим ўтирган, қарию ёшни нега муросага келтирмаган?
– Ҳм… – дея бир ҳўрсиниб олди-да, сўнг жавоб берди реб Шлойме. – Ҳамма бало шунда-да. Вақт ўтгани сайин олмос унутилиб кетган.
Ё бирорта ота тўсатдан қазо қилган-у, ўғлига васият қолдирмай кетган, ё ўғил отанинг гапини ёлғонга йўйган-у, ўзи эса боласини алдашни хоҳламаган. Бу ёқда бўлса қарию ёш тош устида жанжални қизитиб юборган.

Шлойме ҳикоясини тугатди.
Биз эса ўз-ўзимизни саволга тутамиз: ўша олмос нима эди аслида?
Ҳар хил тахминларга борамиз:
– Яҳудийлик диними?
– Ўн муқаддас аҳкомми?
– Яқинингни ўзингдек сев, деган амрми?
Бироқ реб Шлойме лом-мим демайди, лабларида сирли табассум жилваланади.
– Қани, шумтакалар, – деб бақириб беради сўнгра у тўсатдан, – уй-уйларингизга жўнанг-чи! Шом тушиб қолди…

ШИША СИНИҒИ

Узоқ бир қишлоқнинг овлоқ гўшасида заргар яшаган экан. У қўли гул уста, моҳир ҳунарманд экан. Лекин унинг шу қадар моҳирлиги на ўзининг ва на мижозларнинг хаёлига келмаган экан. Уста уззукун тер тўкиб, авом учун тақинчоқ ясар экан: узук дейсизми, сирға дейсизми, бошқа зеб-зийнатми. Аммо боёқиш ҳар қанча тер тўкмасин, амал-тақал кун кечирар эмиш.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, у тасодифан машҳур бўлиб кетибди. Шу қишлоқлик бир киши қизини шаҳарлик бойга узатибди. Келинчакни заргар ясаган тақинчоқлар билан безатиб, янги уйига тушириб боришибди. Бойнинг эса заргарлик буюмларига анча-мунча ақли етаркан – нима қилса ҳам савдогар-да, дунё кезган одам! У келинчакнинг узук ва сирғаларини “Оҳ, оҳ!” дея суқланиб томоша қилибди. Шу кундан бошлаб қишлоқлик заргарнинг довруғи шаҳарга ёйилибди. У энди шаҳардан ҳам буюртмалар ола бошлабди. Бироз вақт ўтгач эса шаҳарга кўчиб келибди. Ахир, бу ерда мижозлари жуда кўпайиб кетибди-да!
Энди гапни шаҳардан эшитинг! Шу ерлик бир бойникига помешчик дўсти меҳмон бўлиб келибди – савдо-сотиқ ишлари важиданми, бирор оилавий тантана сабабми ёхуд шанба кунлари ичига қийма солиб димланадиган балиқ еганими, буниси бизга қоронғи. Дастурхон безатилган, хотин-халаж ясанган… Табиийки, зеб-зийнат масаласида помешчикнинг диди янаям ўткир – у меҳмонхонага кирган ҳамоно бир тўғнағич кўзига оловдек кўринибди.
– Қаердан сотиб олгансиз, ким ясаган? – деб сўрабди у дарҳол.
Шу воқеа баҳонасида заргарнинг довруғи помешчиклар орасида ҳам ёйилибди.
Сир эмаски, ҳар бир губернатор йил сайин губерня казо-казоларига бал бериб туради. Ахир, расми-русми шунақа-да! Бу губерня бошлиғи ҳам худди шундай зиёфат ташкил қилибди. Табиийки, помешчиклар балга хотин ва қизлари билан келибди. Уларнинг бари ўша заргар ясаган тақинчоқларга бурканган экан. Губернатор узук, сирға, тўғнағич ва маржонларга боқиб, ҳайрат ичида қолибди: ахир, ҳеч қачон бунақа нафис буюмларни кўрмаган экан-да!
– Ким ясаган буларни?
– Фалончи заргар.
– Шунақа денг…
У эртасигаёқ заргарнинг уйига одам юборибди. Заргар тез орада губернатор маҳрамига айланибди.
Шоҳ губерняни тафтиш қилгани юксак мартабали амалдорини жўнатадиган бўлибди. Таомилга кўра, бу олиймақом меҳмонни патнисда нон-туз билан кутиб олиш лозим экан. Хўш, патнисни ким ясайди? Ким бўларди, ўзимизнинг заргар-да! Хулласи калом, олиймақом меҳмон пойтахтга қайтишда, патнисни ўзи билан олиб кетибди. Энди заргарнинг довруғи пойтахтга ҳам ёйилибди.
Шу орада бир воқеа юз берибди: эски шоҳ қазо қилиб, янги шоҳ тахтга ўтирибди. Эски шоҳнинг эски тожини хазинага жўнатишибди-да, янги шоҳга янги тож ясашга киришишибди. Мамлакатнинг тўрт тарафидан энг моҳир заргарлар йиғиб келинибди, улар орасида бизнинг заргаримиз ҳам бор экан. У янги тож ясашда шунақаям кўп тер тўкибдики, охир-оқибат, янги шоҳнинг муборак назарига тушибди.
Хуллас, бошига бахт қуши қўнибди!
Энди қишлоқи заргар пойтахтда, саройда яшай бошлабди. Кечаги ҳақир банда бугун шоҳнинг хос кишисига айланибди. Унинг ҳузурига ҳатто айрим мансабдорлар ҳам кира олмас эмиш…
Таассуфки, қисмат чархпалаги бетўхтов айланади: у энг юқори нуқтага кўтарилганда (бизнинг заргар учун бундан ортиқ юксалиш бўлиши мумкинми), пастга қараб эниш бошланади.
Киборлар даврасига тушиб қолган заргар энди янги тақинчоқлар ясамай қўйибди. Эскиларини эса ҳар куни кўраверишганидан меъдага тегиб кетибди. Кўнгил қурғур мудом янгилик тиласа, на илож?! Устига устак, қай бир гўрдан янги заргар чиқибди-ю, бозори чаққон бўлиб кетибди. Бизнинг заргарнинг эса ёруғ кунлари адоғига етибди. Начора, бу дунёда бахту бахтсизлик эгиз юради: биров кўкка юксалса, бироқ жарга қулайди.
Янги заргар эски уста босиб ўтган поғоналар бўйлаб юқори ўрлабди. Эски заргар эса энди худди шу поғоналар бўйлаб юқоридан пастга энибди: пойтахтдан губерня марказига, губерня марказидан уезд марказига, уезд марказидан ўз қишлоғи, ўз уйига… Яна авом учун узук, сирға ясашга киришибди.
Бундан ҳам баттар тубанлашиш бўлмаса керак?! Фақир-бечоралар қимматбаҳо тақинчоқни бошига урадими?! Хуллас, боши қотганча, аро йўлда қолибди.
Бу ҳам оздек, шунақаям чатоқ замон келибдики, тўйлардан дарак йўқ эмиш, аммо рақобат кучайгандан кучаярмиш…
Йиғлаган кўзга – ёш, тилаган оғизга – ош, дейишади. Бир гал заргарнинг қорнини очлик итдек таталаганда, уйда ўтиролмай тентираб юриб, кўчадан оддий шиша идишнинг, ким билсин, сув қуйилганми, май ё дорими, бир бўлак синиғини топиб олибди-да, уйига элтиб, сайқаллашга киришибди. Уста шиша парчасига ишлов бергани сари у шунақаям ярқираб борармишки, нақ мўъжизанинг ўзи дейсиз! Унда камалакнинг етти ранги жилоланиб, нур таратар эмиш. Устанинг ўзи ҳам ҳайратда эмиш – у қўлидан бунақа санъат келишига ҳеч ишонмасмиш. У узоқ тимирскиланиб, бир узук топибди-да, унга шиша синиғини кўз қилиб ўрнатибди, сўнг бирорта гўл кимсани топиб, алдаб пуллагани йўлга чиқибди…
Ўзи йўлда кетармиш-у, юраги така-пука эмиш. Унга ёш бир йигит дуч келибди – икки юзи ял-ял ёнармиш. “Балки куёв бўлаётгандир, – деб хаёлидан ўтказибди заргар, – никоҳ узуги керакдир.” Шу хаёлда йигитни тўхтатибди. Буни қарангки, адашмабди ҳисоби: йигитчага никоҳ узуги керак эмас экан-у, аммо қайлиғига совға олмоқчи экан. Хўш, нима қипти, узук бўлса узук-да! Шиша ярқ этиб, кўзини қамаштирган заҳоти йигит унга ёпишиб олибди-да:
– Қанча туради? – деб сўрабди.
Нарх айтгани эса заргарнинг тили айланмас эмиш. Ахир, ҳеч ҳам бировни алдамаган экан-да! Охири саволга савол билан жавоб қайтарибди:
– Қанча берасиз?
Йигитча, бу узукни ҳамёним кўтармаса кераг-ов, деб кўнглидан ўтказибди-ю, аммо таваккал чўнтагидан танга чиқариб, ярим ҳазил, ярим чин оҳангда:
– Бир талер, – дебди.
Заргар йигитнинг чап қўлига узукни тутқазибди-да, ўнг қўлидан тангани юлқиб олиб, қовоқхонага қараб йўртиб кетибди – очлик азобидан қутулиш керак-ку, ахир!
Йигит, бу одам, ҳойнаҳой, жинни бўлса керак, деб хаёлидан ўтказибди. Умуман олганда, жинними-соғми, неча пуллик иши бор унинг. Йигит ана шу хаёлда қайлиғининг ёнига йўл олибди.
Начора, аёл зоти ўзи енгилтабиатроқ бўлади: унинг маҳбубасига шу тобда бирйўла икки йигит ошиқ экан: бири бой-бадавлат оиладан бўлиб, каттакон мулк вориси ҳисобланса, бошқаси шу ерда жойлашган отлиқ полк гусари бўлиб, бошида жиғаси, ёнида қиличи, кўксида аксельбанти, тагида учқур оти бор экан. Қай бирини танласам экан, дея қиз боёқишнинг роса боши қотармиш. Айниқса, гусар: бугун шу ерда бўлса, эртага, Худо билсин, қаерда бўлади?! Хулласи калом, қиз икки ўт орасида сарсон экан.
Шу пайт йигит келиб қолибди. Қиз уни очиқ юз билан қабул қилибди. Айниқса, узукни кўриб роса қувонибди: у жудаям мафтункор экан!.. Икки ёш, таомилга кўра, ширин суҳбат қуриб, чақчақлашиб ўтирибди.
Бироқ қани энди вақт дегани тўхтаб турса! Оқшом тушиб, гусарлар пункти – бозор тарафда труба ва барабан овози янграбди – кечки сигнал берилибди.
Қиз бирдан гусар хушторини эслаб қолибди-ю, “Қоронғи тушди, кеч бўлди! Гап-сўз бўлмайлик тағин!” – деб йигитни қисталанг қила бошлабди. Тезроқ кета қолсин, дея лабини ўпичга тутибди-да, йигитни дарвозадан чиқариб юборибди.
Ўзиям роса вақтида хайрлашган экан. Йигит тор кўчани кесиб ўтиб, муюлишда кўздан ғойиб бўлган заҳоти бошқа ёқдан “тўп-тўп-тўп” этиб, отлиқ пайдо бўлибди. У девор остида тўхтабди, отдан ирғиб тушибди, арқонни харига боғлабди. Сўнг зинада қилич ва наҳал овози эшитилибди, эшик ғайқиллаб очилибди…
Орадан кўп вақт ўтмай “келинга туҳфа” “куёвга совға”га айланибди. Гусар узукни бир амаллаб жимжалоғига тақиб олибди!..
Шошманг, эртак тугашига ҳали анча бор. “Олмос”нинг манглайига шунақаям юксак толе битилган эканки…
Тонг отибди, шарқда уфқ яллиғланибди. От ҳалиям тор кўчада туёғи билан ер тепинар, лекин бу овоз гусарнинг қулоғига етиб бормас экан.
Бир пайт труба овози янграбди – тревога берилибди. Кечаси полкка катта бир генерал келибди. Шунга гусарларни уйқудан уйғотиб, машқ майдонига чорлашаётган экан…
Оббо, кўрик ўтказилади шекилли! Гусаримиз жимжалоғида узуги билан сапчиб ўрнидан турибди-да, оти боғланган жойга қараб чопмоқчи бўлибди. Аммо тўрга илинган балиқ қандай қилиб осон қутулсин?! Қиз гусарнинг бўйнига оппоқ билакларини чирмабди, аммо йигит қизнинг қўлчаларини қайириб ташлабди. Шунда қиз чопқиллаб борибди-да, гусарнинг жиғаси ва қиличини беркитибди… Улар яна ва яна, қайта ва қайта хайрлашибди. Охири, не машаққат ила қизнинг бағридан қутулиб чиқибди!
Гусар “тўп-тўп-тўп” этиб зинадан тушибди, туни билан оч қолган, аммо хожасини кўриб, кайфияти кўтарилган отга сакраб минибди-да, машқ майдонига ўқдек учибди. Рота аллақачон саф тортиб, честь бериб турган эмиш. Эскадрон командири ротага қаҳр билан боқиб, энди чангитиб сўкишга оғиз жуфтлаган пайтда… кўзига бир нима ярқираб кўринибди. Командирнинг юзига дарров қон тепчибди, гусарнинг жимжалоғидан узукни суғуриб олибди.
– Ўғирладингми?
Гусар нуқул дудуқланар ва: “Жаноби олийлари… Нега ундай дейсиз?.. Қандай қилиб энди… Бундай шубҳага бориш… Худонинг ўзи асрасин!..” – дея олар эмиш, холос.
Нима қилсин бечора! Шундоқ-шундоқ бўлганди, деёлмайди-ку! Ахир, ўртада бир ойимқизнинг шаъни бор-а! Шунда беихтиёр оғзидан: “Сотиб олдим!” деган сўз чиқиб кетибди.
– Қанчага? – деб ғазаб билан сўроққа тутибди зобит.
“Чатоғим чиқди-ку, – деб ўйлабди гусар, – қанча турарикин ўзи бу матоҳ?”
– Йигирма талерга!
“Гусарда шунча пул қаердан бўлсин!” – Зобит яна чангитиб сўкишга оғиз жуфтлаган пайтда… катта генерал мансаби пастроқ бошқа генералларни эргаштириб оқ отда келиб қолибди.
Генерал қичқирибди:
– Салом, азаматлар!
Эскадрон жўр бўлиб ҳайқирибди: “Соғ-омон бўлинг, жаноби олийлари!”
Гўё момақалдироқ гумбурлаб, ер титрагандек бўлибди.
Дарҳол кўрик бошланибди. Буни қарангки, гусаримиз хизмат қилаётган эскадрон мардлик кўрсатибди: отни худди шунқордек учиришибди, ўқни нишонга бехато уришибди. Гусарларга “ташаккур” эълон қилинибди, “арақ”қа рухсат этилибди. Эскадрон командири эса полковникликка кўтарилибди. Ҳаммаёқда – ўйин-кулги, кайф-сафо! Бу кўнгилхушлик… бир ой, икки ой тўхтамабди.
Гусаримиз эса шу орада хизмат муддатини тугаллаб, шод-мамнун ҳолда истеъфо олибди-да, уйига равона бўлибди: ҳар қалай, осон қутулиб кетди! Тағин нима панд берди, денг? Қаёқдаги бемаъни бир узук, машқ майдонига кечикиб келиш!
Полк эса командири билан бошқа шаҳарга кўчиб ўтибди. Агар бир фожиа юз бермаганда, ҳамма узукни эсидан ҳам чиқариб юборар экан.
Омад кетса чатоқ-да, полкда отларга ўлат оралабди. Шўрликларга одамнинг раҳми келади, албатта. Учқур отлар худди ҳақир пашшалардек ўлиб ётса-я!.. Ҳамманиям ўзига яраша душмани бўлади. Айниқса, жуда тез ўсган зобитнинг… Хуллас, командирга бир ғаним чиқибди-да, ҳукуматга чақув хатлари жўната бошлабди: сули – чатоқ, уни сули дейишга тил ҳам бормайди!..
Ҳолбуки, уруш арафаси экан. Бундай вақтда қаттиққўллик ҳаддан ортади. Ҳукумат текширувга катта бир генерални жўнатибди. У тўсатдан бостириб келиб, тўппа-тўғри омборга кирибди. Сулиларни кўздан кечирибди, ҳатто ҳидлаб ҳам кўрибди. Сўнг штабга кирибди-да, полковникни тез топиб келтиринг, деб буюрибди. Полковник етиб келса, генерал хўмрайганча, курсида ястаниб ўтирган экан. Полковник ҳадеб қаддини ғоз тутар, честь берар, тиззалари қалтирар эмиш…
Яна “олмос” ишнинг пачавасини чиқарибди.
Генерал кўз қирини ташласа, “олмос” худди чақмоқдек ярқирабди. У ўрнидан сапчиб турибди-да, ваҳший ҳайвондек ўкирибди:
– Порахўр!
Ҳа-да, камбағал оиладан чиққан полковникда бундай йирик, бундай қимматбаҳо олмос қаердан ҳам бўлсин!
Генерал унинг бармоғидан узукни суғуриб олибди-ю, буни ҳам ҳисоботга тиркамоқчи бўлибди:
– Қанчага олгансан?
Полковник қарасаки, ишлар пачава. Боёқиш қандай қилиб ростини айтсин?! Шунда унинг оғзидан беихтиёр бир сўз чиқиб кетибди:
– Минг талерга!
Генерал кўзларини қисганча, полковникка шубҳаланиб боқибди. Полковник эса, гапим ишончлироқ чиқсин, деган ниятда қўшимча қилибди:
– Уни бир минг бир талерга жаноби олийларига сотишим мумкин!
Генерал бошини қуйи эгганча, қоғозга алланималарни ёзибди.
Биринчиси – текширув ҳақида ҳисобот бўлиб, унда полкдаги сули ҳар қанча мақтовга лойиқлиги битилган экан. Иккинчиси – бир минг бир талерга вексель бўлиб, бу пул илк талаб қилингандаёқ тўланиши зиммага олинган экан.
Шундан сўнг генерал пойтахтга қайтибди.
Мана энди энг қизиқ жойига келдик.
Тақдир ўйинларини қарангки, ўша узук бир кун шоҳ саройида пайдо бўлиб қолибди.
Бир кун шоҳнинг хотини хаёлга чўмиб кетибди – рўмолчаси тиззасидан гиламга сирғалиб тушибди. Яқинда фрейлина лавозимига тайинланган ёш, гўзал сарой хоними рўмолчани гиламдан олибди-да, шоҳнинг хотинига узатибди.
Шоҳнинг хотини эса узун киприкларини хиёл кўтарганча, виқор билан ташаккур демоққа шайланиб, лабларини очибди-ю, шу туришида қотиб қолибди. Гап нимада, деб ўйлайсиз? Сабаби яна ўша “олмос” – у фрейлинанинг бармоғида ярқираб турган эмиш. Узук шоҳнинг хотинини сеҳрлаб қўйибди. У тақинчоқни диққат билан кўздан кечирибди: йўқ, бунақа олмосни ҳалигача шоҳ хазинасида ҳам, унинг тожида ҳам кўрган эмас экан! Шоҳнинг хотини сўрабди:
– Бу сенгга қаердан тушиб қолди?
Сарой хоними қизариб-бўзарибди, вужудини титроқ босибди – боёқишнинг ҳеч тили айланмас эмиш.
Демак, бир балоси бор бунинг! Шоҳларнинг хотини ҳам жуда рашкчи бўлади. Ахир, шоҳдан бошқа ким ҳам бунақа узук совға қилиши мумкин?! Шунда у ғазабга минибди-да, дарҳол ҳукмдорнинг олдига кириб, унга узукни кўрсатибди. Қани, шоҳ нима деркин, шуни билмоқчи бўлган-да!
Шоҳнинг эса бу узукдан ҳечам хабари йўқ экан. Аммо у узукка маҳлиё бўлибди-қолибди – ахир, бундай ёрқин, бундай тоза олмосни ҳеч қачон кўрмаган экан-да. Шу қадар йирик, яна бирортаям нуқсони йўғ-а!.. Шоҳ узукдан кўз узолмас, унга боқиб тўймас эмиш.
Шоҳнинг хотини бу узукни фрейлинанинг бармоғидан ечиб олганини айтибди. Шунда шоҳ: “Ўша хоним узукни қаердан олган, бунинг менга сариқ чақачалик қизиғи йўқ. Ахир, бу ерни сарой деб қўйишибди, саройда эса ҳар бало бўлиши мумкин! Аммо бу узук подшоҳдан бошқа ҳеч кимга муносиб эмас”, – дебди у буйруқ оҳангида. Сўнг эса: “Фрейлинага узук ҳақи, албатта, ортиғи билан тўланади”, – деб қўшиб қўйибди.
Шундай қилиб, узук шоҳга ўтибди.
Олмосга дарҳол ҳукмдорнинг исм-шарифи ва давлат герби ўйиб туширилибди – узук энди шоҳ муҳрига айланибди. Шоҳ пул ҳисоб-китоби, фуқаролар ҳаёт-мамоти, сиёсатга оид ҳужжатлар остига шу муҳрни босар экан. Узук ҳатто бир сонияга бўлсин, бирор одамнинг қўлига ўтса, у тенгсиз куч-қудратга эга бўларкан: кимни қачон хоҳласа, ўшанда яксон этиш, кишанбанд қилиш, зиндонга солиш, дорга остириш… ҳуқуқини қўлга киритар экан.
Сарой хонимини рози қилиш учун эса шоҳ олмос баҳосини аниқлашга заргарларни тўплабди. Улар жуда узоқ талашиб-тортишибди-ю, аммо бир қарорга кела олмабди: олмос қийматини бирови – чорак, бирови – ярим, бирови – бир… миллион талерга баҳолар эмиш. Хўш, энди нима қилмоқ керак? Шунда шоҳнинг эсига собиқ заргари тушиб қолибди-ю, “Топиб келинсин!” деб буйруқ берибди.
Шоҳ амри – вожиб!
Лекин заргар сувга чўккандек ғойиб бўлган эмиш. Уни ҳамма ердан сўраб-суриштиришибди. Бир ой қидириб, икки ой қидириб… охири дарагини топишибди. Ўша чекка қишлоқ, овлоқ гўшага шоҳ фармони жўнатилибди.
Ўз-ўзидан аёнки, кичкина уезднинг кичкина бошлиғи фалон заргар шоҳ ҳузурига жўнатилсин деган буйруқ олса, демак, у бир вақтлар шоҳ хазинасини ўмарган-у, энди жинояти очилиб қолган, деган хаёлга боради. Хуллас, шўрлик заргарни қўл-оёғи кишанланган, юраги ваҳимадан така-пука бўлган, чалажон ҳолга келган бир алфозда саройга жўнатишибди. Пойтахтга етиб боргунча, роса азоб тортибди бечора.
“Заргар топиб келтирилди”, дея хабар беришибди шоҳга. Кишанларни ечиб олмоқчи бўлиб, эндигина “Лекин…”, дея сўз бошлашган экан, жанггоҳдан нохуш хабар келгани боис тажанг бўлиб турган шоҳ:
– Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ, – деб гапни кесибди.
Оқибатда, заргарни қай аҳволда олиб келишган бўлса, шу аҳволда шоҳ ёнига киритишибди.
Шоҳ унга қараб ҳам қўймабди. Фақат “олмос”ни узатиб:
– Шунинг нарҳи қанча? – деб сўрабди.
– Ҳеч қанча! – деб жавоб берибди заргар.
– Нима дединг? Нега энди?
Аёнлар ҳам шоҳга жўр бўлибди:
– Нега энди? Шоҳ муҳрининг-а… Ҳечам қиммати йўқми?
– Дунёдаги энг йирик олмос кўз қилиб қўйилган-ку! – дер эмиш улар баб-бараварига.
Заргар эса бамайлихотир:
– Бу – ҳечам олмос эмас! – деб жавоб берибди.
– Қанақасига энди? Уни юз минглаб талерга баҳолашяпти-ку!
– Улардан кўра менга аёнроқ!
Шу ерга келганда шоҳнинг қути ўчибди, овози қалтираб дебди:
– Нег-га… сенга аёнроқ?
– Шунинг учунки, – деб жавоб берибди заргар хотиржам, – уни ўзим шу қўлларим билан ясаганман.
У узукни қачон, қандай ясаганини сўзлаб бермоқчи бўлиб, оғиз жуфтлабди-ю, аммо… бир сўз ҳам айтолмабди.
Уни тез тутиб, зиндонга ташлашибди.
Хўш, яна нима қилишсин?!
Шу “олмос” билан қанча фармонлар муҳрланган, қанча ер-мулк тортиб олинган ё ҳадя қилинган, қанча одам мансаб отига минган, қанча одам эса зиндонга ташланган, дорга осилган, боши кесилган, ахир!.. Фармонлар – ўз кучида турибди, бундан кейин ҳам яна кучида қолади. Шоҳ ҳам ўз тахтида ўтирибди, бундан кейин ҳам яна тахтида ўтиради! Узук ҳам, ҳеч шак-шубҳасиз, шоҳ муҳри бўлиб қолади!.. Ҳамонки узук – шоҳ муҳри экан, демак, узук кўзи ҳам – олмос!
Бош вазир ана шундай қарор чиқарибди.

Рус тилидан Муҳиддин Раҳим таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 11-сон