Яков Рапопорт. “Шифокорлар иши” юзасидан эсдаликлар

1953 йилнинг 13 январида жуда тор доира кишилари биладиган, билганларнинг айримлари теварак-атрофдан узиб ташланганлиги учун ичини ёра олмайдиган бўлсалар, бошқалари катта бир тор доира дейишга ҳам арзимайдиган кишиларгагина юрагини бўшата оладиган ҳодиса очиқ-ойдин бўлиб қолди.
Ушбу кун барча марказий газеталар “Хроника” рубрикаси остида ТАССнинг қуйидаги билдиришини эълон этган эди:
Бир гуруҳ зараркунанда шифокорларнинг қамоққа олиниши бирмунча вақт илгари Давлат хавфсизлиги ташкилоти томонидан нотўғри даволаш йўли билан Совет Иттифоқининг кўзга кўринган арбоблари умрини қисқартиришни мақсад қилиб олган террорчи шифокорлар тўдаси фош қилинди.
Ушбу террорчи тўда аъзолари қуйидагилардан ташкил топган экан: терапевт шифокор, профессор М.С.Вовси; терапевт шифокор, профессор В.Н.Виноградов; терапевт шифокор, профессор М.Б.Коган; терапевт шифокор, профессор П.И.Егоров; отоляринголог шифокор, профессор А.И.Фельдман; терапевт шифокор, профессор Я.Г.Этнигер; невропатолог шифокор, профессор А.М.Гринштейн; терапевт шифокор Г.И.Майоров.
Ҳужжатлардаги маълумотлар, текширишлар, медицина экспертларининг хулосалари ҳамда маҳбусларнинг эътирофига кўра, мазкур жиноятчилар халқнинг яширин душманлари бўлиб, беморларни зарарли йўллар билан даволаб, уларнинг соғлиғига зиён етказиш билан машғул бўлганликлари аниқланди.
Тергов жараёнида аниқландики, террорчи тўда аъзолари ўзларининг шифокорлик мавқеидан фойдаланиб ва касаллар ишончини суиистеъмол қилиб, уларнинг саломатлигига қасддан зарар етказганлар, касаллик тарихининг холис маълумотларидан атайлаб кўз юмганлар, уларнинг касаллигига мос келмайдиган нотўғри ташхис қўйиб, нотўғри даволаш билан умрларига завол бўлганлар.
Жиноятчилар ўртоқ А.А.Ждановнинг хасталигидан фойдаланиб, касалига нотўғри ташхис қўйганлар ва унинг миокард инфаркти бўлганлигини яшириб, ушбу оғир касалликка тўғри келмайдиган парҳез белгилаш билан унинг ўлимига сабаб бўлганликларини ўзлари эътироф этишди. Тергов жараёни ҳалокатли парҳез белгилаш, ўткир таъсир қилувчи дорилар бериш каби нотўғри усуллар қўллаш билан ўртоқ А.С.Шчербаковнинг умри қисқартирилиб, уни ўлим томон етаклаганини ҳам аниқлади.
Жиноятчи шифокорлар, аввало, совет аскарий раҳбар ходимлари саломатлигига путур етказиб, мамлакат мудофаасини кучсизлантириб ишдан чиқаришга интилганлар. Жумладан, улар маршаллар А.М.Василевский, Л.А.Говоров, И.С.Конев, армия генерали С.М.Штеменко, адмирал Г.И.Левченко ва бошқаларни сафдан чиқаришга уринганлар, бироқ жиноятчиларнинг қамалиши уларнинг жирканч режаларини бузиб юборди ва улар ўз ниятларига ета олмадилар.
Инсон номига иснод келтирувчи, фан ходими унвонини булғовчи, илм байроғини топтовчи қаттол шифокорларнинг барчаси чел эл разведкасининг айғоқчилари эканлиги тасдиқланди.
Террорчи тўда аъзоларининг аксарияти (М.С.Вовси, М.Б.Коган, А.И.Фельдман, А.М.Гринштейн, Я.Г.Этингер ва бошқалар) Америка разведкаси томонидан бошқа мамлакатлардаги яҳудийларга гўё моддий кўмак кўрсатиш учун тузилган “Жойнт” яҳудий халқаро буржуа-миллатчилик ташкилоти билан алоқада бўлишган. Бу ташкилот аслида Америка разведкаси раҳбарлигида кўпгина мамлакатларда, жумладан, Совет Иттифоқида кенг жосуслик, террорчилик ва бошқа қўпорувчилик фаолиятини олиб боради. Маҳбус Вовси терговда, СССРнинг раҳбар ходимларини қириш ҳақида АҚШдан москвалик шифокор Шимелиович ва машҳур яҳудий миллатчиси Михоэлслар орқали кўрсатма олганлиги ҳақида баён қилди.
Террорчи тўданинг (В.Н.Виноградов, М.Б.Коган, П.И.Егоров каби) аъзолари Англия разведкасининг эски айғоқчилари бўлиб чиқди.
Тергов ишлари яқин орада тугалланади.
Билдиришнинг матни анча замон ўтганлиги учунгина эмас, балки унда ҳамма нарса очиқ айтилмаганлиги учун ҳам изоҳу шарҳга муҳтождир. Масаланинг бир томони яна шундаки, ушбу билдиришда зикр этилганлардан ташқари миллати рус бўлмиш бир сира шифокорлар ҳам қамалган эдилар (В.Х.Василенко, В.Ф.Зеленин, В.С.Преображенский, М.Н.Егоров), яҳудий маҳбуслар тўдаси эса И.А.Шершевский, М.Я.Серейский, Я.С.Темкин, А.М.Гринштейн, Б.И.Збарский, М.И.Певзнер, И.И.Фейгел, В.Е.Незлин, А.А.Вилк каби профессорлар билан “яхшилаб тўлдирилган” эди. Ушбу қаторда мазкур сатрларни битувчи камина ҳам бор эди. Яна бир ажиб ҳолат: мазкур “иш” қўзғатилиб, гуноҳкорлар ҳибсга олингунга қадар юқорида номи тилга олинган М.Б.Коган, М.И.Певзнер ва Я.Г.Этнигер (бу зот 1951 йилда ҳибсга олиниб, қамоқда вафот этган эди)лар ўлиб бўлган ва улар ўлимидан сўнг “қамалгандилар”. ТАСС билдиришида зикр этилган Шимелиович ва “таниқли буржуа миллатчиси Михоэлс ҳам ҳаётдан кўз юмган бўлиб, Боткин касалхонаси бош шифокори Б.А.Шимелиович 1952 йил августида Яҳудий антифашист қўмитаси аъзолари билан биргаликда туҳматга учраб отилган, Давлат Яҳудий театрининг бош режиссёри, СССР халқ артисти С.Михоэлс 1948 йилда Минскда юк машинаси босиб кетиши каби шубҳали вазиятда ҳалок бўлган эди.
Шуни таъкидламоқ керакки, ўша чоғда совет жамоаси руҳий жиҳатдан “шифокорлар иши” бунёдга келиши учун (бошқа бирон “иш”га ҳам, албатта) тап-тайёр эди. 1948 йилдан бошланган “космополитизмга қарши кураш” жараёнида, “асли зоти тайини йўқ космополитлар” ёппасига яҳудийлардан иборат эканлиги (асосан, адабий, мусиқий ва театр танқидчилари) ойдинлашиб қолганди. Э.Багрицкий, М.Светлов, В.Гроссманлар ижоди қораланди, ҳатто консерваториянинг катта залидан Менделсоннинг портрети олиб ташланди.
Ёзувчилар ичидаги космополитизмга қарши курашчилар яҳудий ёзувчилар асарларини миллатини белгилаб бўлмайдиган тахаллуслар билан эмас, балки тўлиқ исми шарифлари билан эълон қилишларини талаб қилиб чиқдилар. Бу жараёнда антисемитизм ҳақида ошкора гапирилмаса ҳам, тадбирнинг йўналиши буни очиқ кўрсатиб турарди.
“Зараркунанда шифокорлар” қамалиши ҳақидаги билдириш эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, газеталарда Л.Ф.Тимашук “зараркунанда шифокорларни фош этишда ҳукуматга кўрсатган ёрдами учун” Ленин ордени билан мукофотлангани ҳақидаги СССР Олий Советининг фармони чиқди. Бир ҳафта муқаддам “зараркунанда” деб аталганлар энди очиқ-ойдин “қотил” деб номланар ва бу жиноятчилар фаолиятини фош этувчиси эса Кремл касалхонасининг камсуқум шифокори, бир панада юрган оддий аёл эди. Газета ва радио муҳарририятларига оқиб келаётган минглаб хатлар тиббиёт саҳнасида ҳеч кимнинг назарига туша олмаган бу аёлни янги миллий қаҳрамонга айлантириб улгурди. Мен бу аёлни кўкларга кўтариш заминини таҳлил қилмоқчи эмасман (балки бу аёл шундай иш тутишга зўрлангандир), бироқ бу тадбир “Шифокорлар иши ёхуд инсон зоти ғаддорлари” ижодкорлари ниятига тўлалигича мос эканлигини жараённинг давоми кўрсатиб турарди: “аҳолининг катта бир қисми, жумладан, тиббиёт ходимлари ТАСС билдириши мазмунини ва Л.Ф.Тимошукнинг мукофотланишини шундайлигича қабул қилди. Таъсир икки хил кўринишда намоён бўлди: бир томондан, “инсон зоти ғаддорлари”га қарши ваҳшиёна нафрат, иккинчи томондан, “оқ халат кийганлардан” қотилдан қўрққандек чўчиш ваҳимаси.
Омма орасида турли миш-мишлар тарқалиб кетди. Миш-мишлар орасида “аниқ, тайинли” хабарлар ҳам бўлиб, уларда туғруқхоналарда туғилган чақалоқлар ўлдирилгани ёки касалхонада беморнинг айнан шифокор кўриб кетгандан сўнг вафот этгани ва ўша шифокор шу замони қамоққа олиниб отилгани ҳақида гапириларди. Поликлиникаларга қатнаш сийраклашди, дорихоналар сўппайиб қолди.. Ўша кезда мен ишлаётган Назорат институтига қўлида пенициллиннинг бўш флаконини текширтириш учун бир жувон келди. Унинг айтишича, боласи ўпкаси шамоллагани учун унга пенициллин берган ва боланинг аҳволи бирданига оғирлашган. Антибиотиклар билан тананинг чиқишмаслиги тез-тез учраб турадиган ҳолат, бироқ бу аёл боласининг оғирлашишини пенициллин дориси ичига заҳар қўшилганидан, деб билишини ҳамда бундан буён боласини мутлақо даволатмаслигини айтарди. Мен унга бундай йўл тутишингиз болангизни нобуд қилади, десам, у менга жавобан: майли, мен ўз қўлим билан берган заҳардан ўлганидан кўра, касалдан ўлса ўлақолсин, деди.
Матбуот ҳам жунбушни алангалатишга хизмат қиларди. “Крокодил” журналида очиқ тажовузкор ҳажвий суратлар чоп этиларди.
“Шифокорлар иши” гарчи қамалганлар орасида рус шифокорлари ҳам бўлишига қарамай, антисемит йўналиши касб этди. Қамалган руслар ҳам асли рус эмас экан, деган миш-мишлар кезиб юрарди, бунинг ҳам асоси топилган эди: рус фамилиялари сўзма-сўз яҳудий тилига таржима қилинарди, масалан, Виноградов — Вайнтрауб, Зеленин — Гринбаум каби. Устига-устак, миш-миш тарзида эмас, балки “юқоридан ахборот” сифатида “зараркунанда шифокорлар устидан бўладиган очиқ суд уларни ўлимга ҳукм қилади ва баъзиларини очиқча омма олдида отадилар, бу эса ўз навбатида яҳудийларни қирғин қилишга сабаб бўлади. Шунинг учун, халқнинг ғазаб ва нафратидан яҳудийларни сақлаб қолиш учун уларни Сибирда махсус тайёрланган жойларга кўчириш кутилмоқда” деган гаплар тарқатилган эди.
“Халқ нафрати, ғазаби”ни ифода этишга яҳудий миллатига мансуб машҳур мусиқачилар, артистлар, адабиётшунослар, ҳарбийлар ҳам жалб қилинганди. Улар ўзлари муҳарририятларга йўллаган хатларида “инсон зоти ғаддорларини” қоралаб, уларни аёвсиз жазолашни талаб этишлари лозим эди. Хатнинг матни тайёрлаб қўйилган бўлиб, шундай хатга қўл қўйганлардан бирининг менга айтишича, муаммо хатнинг мазмунида эмас, балки “ғаддорлар”ни қандай сифатлар билан бадном қилишда қолган эди.
Бундай имзо қўйиш тақдим этилганларнинг деярли барчаси, ушбу ҳужжат мазмунига эътибор ҳам бермай, ҳатто ўқиб чиқмай бефарқ ҳолда қўл қўйиб берганлар. Мен имзо чекканларнинг — кимга қарши имзо чеккан бўлса, худди шулар билан бир қаторда ўша замон қурбонларининг исмларини билмайман, бироқ оқибатини билган ҳолда тақдим этилган хатларга имзо чекишдан мардона бош тортганларнинг исми шарифини тилга олиб ўтишни ўзимнинг бурчим деб биламан. Менга аён бўлган бу мардлар: СССР халқ артисти Марк Рейзен, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, ўша чоғда генерал-полковник, кейинроқ армия генерали Яков Крейзер, ёзувчи Иля Эренбурглардир. Шукрки, ўша ҳужжат ёруғ дунё юзини кўрмаган, аммо воқеанинг ўзи кўп нарсага имо қилади…
“Шифокорлар иши” тарихига назар ташланса, дастлаб бу борада қамалган ва мазкур “иш” бошланишида турган киши ажойиб шифокор, Сталиннинг шахсий шифокори бўлиш каби бахтиқароликка тақдир қилинган В.Н.Виноградов эканлиги кўринади.
Умрининг охирларида Сталин қон босими ва мия артериосклерози билан оғриган. Унинг миясида қон айланиши тез-тез бузилиб туриши оқибатида қисман қон қуйилишлари бўлиб турганлиги унинг вафотидан сўнг (у мияга ялпи қон қуйилишидан ўлган) мия тўқималарининг патологоанатомия ёриб кўриш натижасида тасдиқланган. Бундай ўзгаришлар (хусусан, миянинг пешона доирасидаги, яъни руҳий фаолиятни бошқарувчи қисмидаги) ва унинг оқибатида руҳий жиҳатдан усиз ҳам қаттиққўл, шафқатсиз мижозининг касалини янада авж олдирган.
1952 йилнинг бошларида В.Н.Виноградов сўнгги бор Сталиннинг ҳузурида бўлиб, мижозининг саломатлиги ёмонлашганини кўради ва касаллик варақасига тўлиқ парҳезга ўтиш ҳамда ҳар қандай фаолиятни тўхтатиш лозимлигини қайд қилади. Таъкидламоқ лозимки, Сталин ўлимидан кейин профессор Виноградов қўйган ташхис тўлалигича тасдиқланди. Бироқ “доҳий” тирик чоғида ўз касбининг устаси, қўли енгил шифокорлик сиёсий соддалик билан қўшилиб унинг эркига чанг солди, сал бўлмаса ҳаётига чанг солишига бир баҳя қолди. Унинг тавсияси Сталинни ҳар қандай фаолиятдан, табиийки сиёсий фаол фаолиятдан четлатишга уринди, деб баҳоланди. Сталиннинг даволанишининг назоратчиси ҳисобланмиш Берия Виноградовнинг хулосаси ва тавсиясини Сталинга етказганида, у мислсиз ғазабланиб, тутоқиб бақиради: “Кишанга солинсин!”
Профессор қамоққа олинади.
Бироқ ўттизинчи йиллар мезони бўйича “профессор Виноградовнинг иши” жуда тор бўлиб, ўрнашиб қолган анъанага номувофиқ эди, уларга кенг миқёсли, яъни бирор гуруҳнинг, гуруҳ бўлганда ҳам жосус ва террорчилардан иборат гуруҳнинг фитнаси керак эди. Шунинг учун ҳам Кремлнинг даволаш-санитария бошқармасида қама-қама бошланди, бу ерда биринчи бўлиб бошқарма бошлиғи профессор А.А.Бугалов қамалди. Шу тариқа бу тобора ўпқон тусини олаётган тадбир бошқармадан Совет арбобларини даволовчи кўплаб моҳир ва таниқли шифокорларнинг йўқолиб кетишига олиб келди. Қамалмаганлари эса ишдан ҳайдалиб, бир панада мени олиб кетгани келиб қолармикан, деган қўрқувда қолди. Шундай аросатда қолганлар орасида В.Р.Менжинский ва Г.И.Оржоникидзе кабиларнинг мурдасини ёриб текшириб кўрган ҳамда уларнинг ўлими сабаби сохталаштирилганини яхши билган йирик совет патологоанатоми А.И.Абрикосов ҳам бор эди.
“Шифокорлар иши” ўзининг илк чоғида ҳали миллий бир бўёққа эга бўлмаган эди, бироқ кейинроқ Давлат хавфсизлиги вазирлиги махсус муҳим ишлар бўйича тергов бўлимининг бошлиғи М.Б.Рюминнинг уринишлари билан у “яҳудий ўзанига” оқизиб юборилди. Рюмин Сталинга Америка разведкаси ташкил этган “яҳудий буржуа миллатчилари” тўдаси борлигини ва бундай фитначилар мавжудлигини маҳбус профессор Я.Г.Этнигер кўрсатмалари бўйича СССР Давлат хавфсизлиги вазири Абакумов ҳам билишини айтади. Лекин, Рюминнинг сўзларидан келиб чиқилса, Абакумов номаълум сабабларга кўра олган мазкур маълумотларини сир тутган ва Я.Г.Этнигер фош қилиб қўймаслиги учун, қамоқда уни ўлдиртиради. Натижада, Абакумов мансабидан айрилади, ҳатто қамалади ҳам. Рюмин эса маҳбуслардан “яҳудий буржуа миллатчилари фитнаси” мавжудлиги ва улар Совет арбобларига нисбатан даволашда террор қўллашни мақсад қилиб олганликлари ҳақида далил суғуриб олишга жон-жаҳди билан киришади. Унинг бу жаҳдига Сталиннинг ўлимигина нуқта қўйди, бу товламачи ҳасадгўйнинг нияти жуда содда экан: қамалган хўжайинининг бўш жойини эгаллаш.
Нафсиламбирини айтганда, шифокорларнинг сиёсий важлар асосида ҳукм қилиниши йигирманчи ва ўттизинчи йилларда ҳам бўлган эди, бу шифокорларнинг алоҳида бир шахслари билан чегараланган эди. Сана жиҳатдан бу борада дастлабки иш, менимча, хирург Холиннинг — йигирманчи йиллар охирида тўсатдан ғойиб бўлиб қолган иши эди. Менга айтишларича, унинг қамалиш сабаби М.В.Фрунзени операция қилишда қатнашишидир. Миш-мишларга кўра, бу аччиқ ичак операцияси Сталиннинг азми билан ўтказилган эди. Миш-мишлардан Сталин операция муваффақиятсиз чиқишидан умидвор эди деган маънони илғаб олиш мумкин. Айтгандай, ушбу имо таниқли совет ёзувчиси Борис Пилнякнинг “Сўндирилмаган ой ривоятлари” асарига сюжет бўлган.
Шифокорлик касбини сиёсий мақсадда қурбон қилиш жиноятининг дастлабки қурбони доктор Холин бўлса, ажаб эмас. Ҳаёт бу фақат муқаддима эканлигини кўрсатди.
Ўнг троцкийчилар қаноти устидан СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси 1938 йил ўтказилган анча шов-шувли жараёнда А.М.Горький, В.Р.Менжинский ва В.В.Куйбишевларни “зарарли усуллар билан даволаб” ўлдиришда уч шифокор айбланди. Булар доктор И.Н.Казаков, доктор Л.Г.Ловин ва профессор Д.Д.Плетневлар эди. Уларнинг дастлабки икки нафари отиб ўлдирилган, профессор Плетнев эса бир умр қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Кекса авлод ўқувчилари А.М.Шверникнинг КПССнинг XXII съездидаги чиқишини эсласа керак, шунда у, жумладан, шундай деган эди: “1937 йилда Молотовга Совнарком раиси сифатида ташқи ишлар халқ комиссарлигида ишловчи бир профессор мурожаат қилади. У Молотовга отаси қамалгани, бу бирор англашилмовчилик оқибати деб ўйлаши ва отаси тақдирини ҳал этишга аралашишни сўраб ёзади. Бу бир инсоний илтимосни кўриб чиқиш ўрнига Молотов ариза устига: Ежовга! Ҳалиям бу профессор НКВДда эмас, Ташқи ишлар халқ комиссарлигидами? — деб ёзади. Шундан кейин хат муаллифи қонунсиз равишда қамалган”. У мутлақо йўқ бўлди. У доктор Л.Г.Левиннинг тўнғич ўғли эди.
Мен баралла тахмин қиламанки, Д.Д.Плетнев ва Л.Г.Левинларни айбдор қилинишида “А.М.Горькийни ўлдириб юбориш”даги шубҳа эмас, балки 1932 йилда содир бўлган аниқ бир ҳодиса, яъни Сталиннинг хотини А.С.Аллилуева чаккасига ўқ отиб ўз жонига қасд қилишидир. Ўлимнинг ҳақиқий сабабини Кремл касалхонаси бош шифокори А.Ю.Канель, унинг ўринбосари Л.Г.Левин ва профессор Д.Д.Плетневларгина биларди (Канель ва Левинлар қотилликнинг эртаси куни А.С.Аллилуевани тўшакда ўнг чаккасидаги ўқ жароҳати билан ётган ҳолда кўришган). Бу уч нафар шифокорнинг ҳаммасига, у кўричак хуружи натижасида ўлган, деган тиббий бюллетенга имзо чекиш таклиф этилган, лекин учаласи ҳам рад этган. Бюллетенга бошқалар имзо чекишди, бебош шифокорлар тақдири эса фожеага юз бурди (Тўғри, А.Ю.Канель бир оз олдинроқ — 1936 йилда ўлган эди).
Мана, энди саҳнада якка “зараркунанда шифокорлар” замони тугаб, давлат хавфсизлиги ташкилоти ходимларининг тазйиқи ва “юқори доира”нинг фатвоси туфайли саҳнага бир тўда “шифокор зараркунандалар” бўлиб чиқа бошлади.
…1951 йилнинг ёзида мен директорнинг ўринбосари лавозимида (директор А.И.Абрикосов) ва лаборатория мудири сифатида ишлаётганим СССР МФАнинг Морфология институти тарқатиб юборилди, лекин мен тез орада ўз касбим ва унвонимга лойиқ ишга — А.А.Тарасевич номидаги Инфекцияга қарши дори-дармонларни илмий назорат қилиш Давлат институтида патоморфология лабораториясига мудирликка эришдим.
Менинг тиббий мутахассислигим — патологоанатом, шунинг учун ҳам касални текширишнинг энг охириги босқичида — ёриб кўришда иштирок этаман. Ҳар қандай ўлим, агар у табиий ўлим бўлмаса, тиббиётнинг ҳаёт учун курашдаги мағлубиятидир, ёриб кўришнинг мақсади ҳам, мағлубиятни четлаш учун ҳамма имкониятлар ишга солинганми ёки йўқлигини аниқлашдир. Ҳар бир алоҳида олинган мазкур жараён оғир, қийиндир ва жарроҳдан ҳам юқори малака, ҳам холислик талаб этади. Ёриб кўришнинг асосий вазифаси ва клиник йўйимнинг аниқлиги, фалокатга олиб келган касаллик табиати даволовчи шифокор томонидан тўғри белгиланганлиги, даво муолажаларининг мақсадга мувофиқлиги ва унинг ёриб кўриш натижасида аниқланган касаллик табиатига мувофиқлигини текширишдан иборат. Бу, айниқса, жарроҳлик аралашган ҳолатларга кўпроқ тааллуқлидир. Бемор ҳали тирик чоғидаги йўйим жуда қўпол хато бўлган тақдирдагина патологоанатом хастанинг қисматига у қандай таъсир қилганлиги ҳақида хулоса чиқариши мумкин.
Изоҳларим гўё ишга тааллуқли эмасдай кўриниши мумкин, бироқ “шифокорлар ишига” менинг мутахассислигим бевосита дахлдор. Бу ишни уюштирганлар назарида патологоанатом анча муҳим ва салмоқли зот эди, чунки у “зиёнли мақсадлари” йўлида “террорчи шифокорлар фаолияти” изларини хаспўшлаб, уларга шерик бўлиши мумкин. “Шифокорлар иши”ни ўйлаб чиқарган нияти қора, ўзлари чаласавод ва олчоқ кимсалар шифокорларнинг холис тадқиқ этиш мураккабликларини таҳлил қила олмас эдилар, аммо улар бунга интилмаганлар ҳам, аниқроғи, бу ҳолат ушбу “ишда” уларга халақит берарди. Узоқ муддат ижодий ва техник зиёлиларни, зукко ҳарбийларни, олимлар Совет ҳукумати ва коммунистик партия ходимларини қирғин қилишда ҳам халақит қилиб келганди…
“Зараркунанда шифокорлар” қамалиши ҳақида ТАСС билдириши эълон этилган куннинг эртаси — 14 январда мен Шаҳарнинг 1 касалхонаси бош шифокори Л.Ф.Чернишев ҳузурига чақирилдим. У киши мен ўриндошлик асосида жарроҳлик лавозимида ишлаётганим сабабли, мазкур касалхонадан бўшатилганим ҳақидаги буйруқни қўлимга тутқазди. Ҳайдалишим важи юзаки эканлиги равшан эди, чунки профессор унвонли бўлим бошлиқларининг кўпчилиги учун профессорлик лавозимини эгаллаб турган ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланарди. Шу аснода, бош шифокор буйруқнинг адолатли-адолатсиз эканлигини суриштириб ўтирмасликни қатъий бир оҳангда тавсия қилдики, бу юқори ташкилотлар иродаси ёки жилла қурмаса улар билан келишилганлигига ишора эди. Унинг тавсиясисиз ҳам ҳамма нарса ойдин эди. Обрўли олим, салоҳиятли мутахассис (мен ўша чоғда шунга эришган эдим), КПСС аъзоси, ҳукумат мукофотлари, жумладан, Ленин ордени совриндори бўлган бир кишини касалхонадан ҳайдаш важларини мен жуда аниқ англардим.
Жарроҳлик (прозектура)га буйруқ дараги мен келгунча маълум экан, у ерда ҳамма мотамсаро эди. Биргаликда ўттиз йил ишлашганимиз лаборантим фельдшер Е.Х.Рожкованинг кўз ёшлари мени эзиб юборди.
Ҳайдалишдан икки кун ўтгач, менга касалхонадан қўнғироқ қилишди ва ТАСС билдиришига бағишланган митингга таклиф этишди. Билдиришда асосий зараркунандалар қаторида профессор Я.Г.Этнигер номи ҳам бўлиб, у киши билан менинг орамиздаги шахсий ва амалий алоқаларимиз ҳеч кимга сир эмасди. Касалхонадан ҳайдалган киши сифатида мен таклифдан бош тортишим мумкин эди, бироқ митингда қатнашишдан онгли равишда бош тортган, деб айбламасликлари учун мен боришга қарор қилдим. Мен шунчаки қатнашиб қўя қолмай, балки ўша кезлардаги тушунчам асосида кечаётган ҳодисаларга муносабатимни ҳам билдирмоқчи бўлдим.
Нутқимда мен кўпчилиги билан дўстлашган, кўп йиллик қадрдоним бўлган шифокорларнинг мудҳиш жиноятлари ҳақидаги хабардан ларзага келганлигимни айтдим. Мен уларнинг ҳурмат ва обрўга сазовор эканлигини ҳам билар эдим, бу ерда ҳозир бўлганлар кўпчилиги каби уларнинг бундай қабиҳликлар қилишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Бу кишилар ҳақида узоқ йиллар танишлик натижасида ҳосил бўлган таассуротларим яхшилаб ниқобланган мақсад натижаси эканлигини ҳали ҳам тасаввур қила олмаяпман, Этнигер кўпдан бери ватан хоини ва мумкиний қотилликни кўрганларига мен қўшила олмайман, акс ҳолда менинг фуқаролик ва партиявий бурчим ҳисси буни пайқаган бўлар эди, деб сўзладим.
Мен учун қаро кун бўлган 1953 йилнинг 3 феврали яқинлашиб келарди. Шу кезларда менинг дўстларим ва таниш-билишларимнинг қамалиши ва бошқа аломатлар теварагимда портлаётган снарядларнинг навбатдагиси менга аталганини очиқ-ойдин англаб етдим.
Хотиним билан қамалиш эҳтимоли ҳақида бир неча бор суҳбатлашганмиз. Хотиним негадир, даҳшати ҳақида миш-мишлар кезиб юрган қийноқларга бардош бермай, талаб қилинган кўрсатмаларга қўл қўйганлар отиб юборилишига ишончи қатъий эди. Шунинг учун у мендан собит ва қатъиятли бўлишни, бутун мардликни ишга солиб, ўйлаб чиқарилган жиноятларни тан олиб имзо чекмасликни илтижо қиларди. Унинг бу илтимосини доим эсда тутдим, қамоқдаги энг оғир дамларимда у менга катта мадад берди.
Ўша куни тунда соат бирларда уйга қайтдик ва тун ярмида лифтни қулфлаб уйига кетадиган лифтчи аёлни кўриб ҳайрон бўлдик. Унинг ёнида боксчи келбатли фуқаро кийимидаги киши турарди (сўнг аён бўлдики, тезкор гуруҳ ходими экан, қамоққа олишга келган экан).
Юқорига кўтарилиб, хонамиз эшигини очдим, кираверишда КГБ кийимида (қоракўл ёқали яшил палто ва қоракўл қулоқчин) яна бир киши мени тиржайиб кутиб олди. Бундай учрашувга мен руҳан шу даражада тайёр эдимки, оғзимдан “Э-э, ассалом” деб юборибман, шекилли. Бу жасорат ҳам, сертакаллуфлик ҳам эмасди, менимча, ўлимни кутиш даҳшатини ажал бартараф қилиши эди. “Меҳмон” менинг такаллуфимга чўнтакларимни титкилаб, ўрганиб кетган одатий саволларидан берарди: “Қуролинг борми?” Ўзича қаноат ҳосил қилиб, у мени емакхона томон ўтказиб юборди. Бу ерда кийими олдингиларникига ўхшаш бир кексароқ полковник ва МГБ формасида икки-уч кичик ҳарбий зобит ҳамда қути ўчган фаррошимиз билан уй хизматкоримизни кўрдим.
Полковник менга уйда тинтув ўтказиш ҳамда мени қамоққа олиш ҳақидаги ордерни кўрсатди. Мен уни ўқиб ҳам чиқмадим, фақат берилган санасига кўзим тушди: 2 феврал экан. …Зинадан тушиб кетаётганимизда полковник: — Қўшниларимиз учраб қолса, командировкага кетяпман денг, деди.
Унинг бу маслаҳати менга эриш туюлди, чунки ўша кезларда МГБ (Москва Давлат хавфсизлиги) ходимлари кузатувида қанақа “командировкага” борилишини билмайдиган зотнинг ўзи йўқ эди.
Кейинги воқеалар жамини мен худди тушимда кечгандай тасаввур қиламан, эсимда, айрим парчаларигина яхши сақланиб қолган бўлиб, яхлит манзара ҳосил қилиш қийин. Эсимда қолгани шуки, дастлабки воқеанинг мен учун катта фожеа эканлигини англаб етмадим, ҳатто машинада олиб кетаётганларида мени нималар кутаётганига ўзига хос синчков бир қизиқиш ҳисси қамраб олганди.
Буни узоқ кутмасликка тўғри келди. Машина Лубянка ҳовлисида тўхтади. Қисқа муддат боксда бўлдим, сўнг бир хонага олиб киришди. Бу ерда давлат хавфсизлигининг ёш ходими ҳарбий кийимда стол ёнида ўтирган экан, унинг чўзиқ юзида қатъият, зукколик, айёрлик бир пайтда ифодаланиб тургандай кўринди менга. Менинг эҳтиёткорлик билан берган саломимга (хушмуомалалик кўникмаси?) терговчи зўрға илғаб олиш мумкин бўлган бош ирғашу мўрашга ўхшаган қандайдир овоз чиқариб алик олгандай бўлди.
Сўнг эса ҳеч қандай “берди”сиз эълон қилди:
— Сиз яҳудий миллатчиси, совет халқи душмани сифатида қамоққа олиндингиз. Қилган жиноятларингизни гапириб беринг.
Бу баёнотдан бўйнимга нимани осиб қўйишар экан, деган қизиқишим қаноат ҳосил қилган бўлиб, бироз енгил тортдим: мен яҳудий буржуа миллатчиси бўлмаганлигимни исбот қилишим осон эди, совет халқи душмани эканлигимни исботлаш эса ҳеч гап эмас. Олдинроқ айтиб қўяқолай, қаттиқ янглишган эканман, мен МГБ ходимлари яҳудий буржуа миллатчиси тушунчасини қандай тушунишлари, изоҳлашлари ва умуман унинг мазмунини мутлақо билмас эканман.
Мен Ватанимга содиқлигим, уни самимий севиб, унга меҳрим чексизлигига кўплаб далил ва исботлар келтиришим мумкин эди, бироқ ғурурим бундай қилишга имкон бермасди. Бу шахсий ғурур қамоқда ҳам мени тарк этмади, агар эсимдан чиқмаган бўлса ўшанда мен терговчига ҳеч вақт яҳудий буржуа миллатчиси бўлмаганим ва совет халқига қарши ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни қатъий ва ишончли тарзда билдирдим. Терговчи айбловни такрорлади ҳамда яширмай жиноятларимни гапириб беришимни талаб қилди. Менга нисбатан қўйилаётган айбларни ойдинлаштиришни ана шунда менга ёпиштирилаётган жиноятни содир этган ёки этмаганлигимни айтишим мумкинлигини билдирдим. Бу гап унга яшиндай таъсир қилди ва менга: “Э-э-э, йўқ. Сиз ўзингиз, сўзлаб беришингиз керак”, — деди. Маълум бўлдики, бу ерда айблов бўйнига қўйилмайди, балки уни терговга тортилганлар ўйлаб топиши керак экан. Мен бундай йўл тутишдан қатъий бош тортганлигимни пайқаган терговчи таҳдид қилди: “Ё керакли кўрсатмаларни бериб шу ерда қоласиз, гарчи бу ер оромгоҳ бўлмаса-да, шарт-шароити анча тузук, оёқ тираб туриб олсангиз, мен бошлиқларга етказаман ва сизни махсус жойга ўтказадилар”.
Бу пўписа мазмунини ўша пайтларда англаб етмасдим, шунинг учун унга парво қилмадим. Бир соатлар чамаси оёқ тираб туриб олганимдан сўнг терговчи нималарнидир ёза бошлади, кейин маълум бўлдики, у тергов баёнини ёзган экан. Мен шу ерда биринчи бор баённома деб аталмиш услуб билан танишдим. Битик савол ва жавобдан ташкил топган бўлиб, бу ҳужжатнинг бошланиш қисмини хотирамда сўзма-сўз тиклашга уринаман.
С ў р о қ. Сиз — Рапопорт яҳудий буржуа миллатчиси, халқ душмани сифатида қамалдингиз. Жиноятларингизни баён қилинг.
Ж а в о б. Мен ҳеч қанақа жиноят содир этмаганман.
С ў р о қ. Ёлғон ва мунофиқона (айнан шундай “мунофиқона” деб ёзилганлиги аниқ эсимда) баён.
Ж а в о б. Ҳеч қандай мунофиқлик йўқ.
С ў р о қ. Гапни бурманг ва ўзингизнинг қабиҳ қилмишларингиздан сўзланг.
Ж а в о б. Менинг ҳеч қандай қабиҳ қилмишларим йўқ.
С ў р о қ. Рапопорт, сиз қабиҳ қилмишларингизга жавоб беришдан қутулиб кета олмайсиз.
Ж а в о б. Мен ҳеч қанақа жиноят қилмаганман…
Ёзилганларни менга ўқитиб, имзоси билан тасдиқлаб, менинг ҳам имзо чекканимга қаноат ҳосил қилгач, терговчи кетди.
Бир фурсатдан кейин унинг ўрнига бир кимса кириб келди ва менинг елкамга сартарошларнинг ишлатилавериб унниқиб қолган матосини ташлади. Мени маҳбуслик мақомига ўтказиш удумига биноан сочимни қиртишлаб олиб ташлади. Кейин мажбурий ғуслга навбат келди. (Кейин билдимки, МГБ қамоғида озодаликка қатъий риоя қилишган.) Ювинганимдан сўнг мени бир илиқ батарея ёнига олиб келиб “Баданингни қуритиб ол” деб буюрдилар. Ушбу буйруқни астойдил бажаришга киришар эканман, менинг шимим, костюмим ва ботинкам синчиклаб кўздан кечирилди. Қандайдир фирмалар ёзуви бўлган тугмалар қирқиб олинди, шим унда қолган ягона ёзувсиз — “саводсиз” тугма ва менимча, ўз хўжасига садоқат туфайлигина тушиб кетмай турарди. Агар тугмаларда қандайдир ашаддий антисовет ташвиқоти юргизадиган ёзувлар бор, деб гумон қилмасангиз шим ва костюмлар тугмаларини қирқиб олиш сирига етишингиз амримаҳол. Ботинканинг боғичлари ечиб олиниши тушунарли, яъни ўшалар ёрдамида ўзини осиб қўйишнинг олди олинади.
Сочим олинган, ювинтирилган ва тугмасизлантирилган ҳолда мени махсус машинага тиқишди. Авом орасида “қора қарға”, ёки содда қилиб “қарғача” деб аталмиш машинада мени ноаниқлик томон элтдилар.
Ўша онларда, кейинроқ хотинимнинг сўзлаб беришича, хонадонимизда эринмай тинтув ўтказишаётган бўлиб, дастлаб у умидворлар мўлжалини чиппакка чиқарадиган (хусусан, уй эгасининг террористик ташкилотга тааллуқли киши эканлигини кўрсатувчи далиллар борасида) натижа билан тугайди. Бироқ шу тобда катта матоҳ — заҳар топилади! У картондан қилинган қутичадаги атропин ампуласи бўлиб, сиртига инсон бош чаноғи акс этган сурат ёпиштирилган нарса эди. Бу топилмага менинг уйимдан пулемет топилганига тенг изоҳ берилди: заҳар бу шифокор террористнинг қуроли бўлиб, у мўмингина мижозларини ўлдиришдан бошқа нарсага ярамайди!
Топилма ҳақида хабар шу заҳотиёқ тарқатилиб, ўша даҳшатли қутича синчиклаб ўрганилади ва сурғучли муҳр билан муҳрланади. Кейинроқ уни менга терговчи кўрсатди ва “Заҳар сизга нима учун керак бўлиб қолди? Қамалмоқчи бўлганларида ичмоқчимидингиз?” — деб сўради. Мен унга, заҳар ичишимга ҳеч қандай асос йўқ, шунинг учун бунга уринишимга ҳам ҳожат йўқлигини айтдим.
Қуйидаги ампулаларнинг бири очилгани ва ундаги модда текширилиб, ампуладагилар заҳар эмас, балки дори эканлиги маълум бўлганлигини пайқадим. Бироқ терговчида мен кишиларни заҳарлашим ҳақидаги тахминидан қайтадиган кайфият кўринмасди.
Менга айб қўйиш учун далил бўладиган ашёлардан бири ўтмас бир фин пичоғи ҳамда ўртасида фашистлик свастикаси бўлган кичкина қизил байроқчаларни топилиши эди. Пичоқни менга Корел жабҳасидаги госпиталлардан бирининг бошлиғи совға қилган бўлиб, ўша вақтларда фин пичоғи жабҳа совғалари удумига кирганди. Фашистик байроқча эса менинг зафар ғаниматим эди: биз Ригани халос қилганимизда, немис штаби ёзув курсисидан топиб олганман, буни ўша байроқчага “Рига, 13 октябр, 1944 й.” деган битигим ҳам тасдиқлайди.
Менинг изоҳларимдан сўнг терговчи бу масалаларга қайтмаган бўлса ҳам, пичоқ ва байроқча мени қораловчи ашёвий далиллар бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин эди. 1944 йил “орган” томонидан “Оталаримиз учун ўч оламиз” (бунга қатағон қилинган совет ва партия ходимларининг болалари, жумладан, отиб ўлдирилган РСФСР Халқ комиссарлари совети раиси Д.Н.Сулимовнинг ўғли ҳам аъзо бўлганлиги ҳақида овозалар) деган фитначилар гуруҳи фош этилгани ва фитна қатнашчиларининг бири уйида тинтув пайтида болалар ўйнаб юриб Москва теварагидан топиб олган немис пулеметининг эгилиб кетган стволи топилгани, болалардан бири тергов қийноқларига чидамай, Сталин Арбатдан ўтаётганида ўша пулеметдан уни отишни мўлжаллашганини тан олганлиги ҳақидаги гаплар менинг эсимдан чиққан эмасди. Эгилиб кетган пулемет стволи каби аҳмоқона ашёвий далил судда шубҳа ҳам уйғотмади, ҳатто Сталин отилиши керак бўлган уйнинг деразаси Арбатга эмас, ҳовли ичига қарагани ҳам судни ўз фикридан қайтара олмади. Ана шунинг учун ҳам тергов мендан топилган атропин, фин пичоғи ва фашистик байроқчани осонгина унутиб юборишига ишончим йўқ эди.
Ҳар куни биз билан нон-қатиқ бўлган, бизнинг оиламизни яхши билганларга менинг қамалишим қандай таъсир кўрсатди? Кейинроқ хотинимнинг айтиши бўйича, унга нисбтан умуман ҳамдард бўлишган, бироқ бу ҳамдардлик сукунатли ҳамда маънисини англаш қийин бўлган. Аҳён-аҳёнда менинг ҳақимда бироз сергакланиб бўлса ҳам сас чиқариб сўраган кимсалар ҳам бўлган экан.
Жиддий ва фаол ҳамдардлар ҳам бўлганлигини, булар орасида биздан бир қават пастда яшаган Беклемишевлар оиласини чуқур ва доимий миннатдорчилик билан тилга олишим лозимдир. Оилабоши Владимир Николаевич Беклемишев машҳур энтомолог олим, СССР МФАсининг академиги Тургенев, Толстой, Чехов каби рус ёзувчилари асарларида акс эттирилган, ҳозир йўқолиб кетган инқилобгача бўлган рус зиёлилари тоифасидан эди. Оила кўркига қувноқ, оқкўнгил ва киришимли хотини — Нина Петровна ҳам бир безак бўлиб тушган эди.
Владимир Николаевич менинг қамалишимга ўзига хос бир муносабатда бўлди. Бошқалар мени хотинимни кўрганда, яқин дўстларим ҳам, салом-алик қилишдан ўзини олиб қочишган бир пайтда, хотиним билан учрашиб қолганда Владимир Николаевич бошидан шляпасини олиб, худди боши ерга теккунча таъзим бажо қилиб юрган. Бу таъзим фақат ҳамдардликни эмас, азобга гирифтор этилган инсонга таъзимни ифодалар эди. Нина Петровна эса, менинг қамалишимнинг илк кунларидаёқ бизникига келиб хотинимга моддий ёрдам таклиф этган.
Кўп йиллар болаларимга энагалик қилган Ксения хола бизнинг оиламизга содиқ ва меҳрибонлигича қолди. Болаларимиз вояга етгач ҳам, Ксения хола бизнинг уйимизда лифтчи сифатида ишлаб қолди. Мени қамашганида у роҳибдан “яҳудий учун ҳам Худога илтижо қилса бўладими”, деб сўраган экан. У, бўлади, деб жавоб берибди. Ксения хола шу тариқа мени Худодан сўраб олганини, бўшаганимдан сўнг гапириб берди. Яна бир бошқа қари жуҳуд аёл ҳам бўшашим учун дуо қилиб юрган экан. Тинимсиз дуо қилишдан ташқари уч кун рўзани ҳам менга атаб тутибди. Агар православ ва яҳудий худоларининг биргаликдаги иродалари билан таҳлика остида қолган бир худосиз қутқарилмаса Арши аъло ўрнидан қўзғалган бўларди.
Инсоний олижаноблик ва дардкашликнинг бу қадар самимий кўринишини, бир умр эсдан чиқармасман.
Бошқа тоифа кишилар борлиги, шубҳасиз, табиийки, улар менинг қисматимга ва умуман менга ўзгача муносабатда эдилар. Улар орасида руслар ҳам, яҳудийлар ҳам бўлиб, бу борада миллат ҳеч қандай аҳамиятсиз экан. Мен эсдаликларимда уларни тилга олмаслигимнинг боиси, ундайлар йўқлиги ёки камлигида эмас, балки менинг қисматимга муносабатда ўшаларнинг характер хусусиятлари ва туйғулари заминидаги нарсаларнинг намоён бўлиши эди.
Энди мен ўша чоғларда бўлган жойимга — якка кишилик камерага қайтайлик. Бу ерда устига юпқа тўшак тўшалган темир кароват, устида ошхона сервиси бор (алюмин товоқ, эмалланган кружка ва қошиқ) столчалар жиҳозни ташкил этади. Камера тор бўлиб, эни бир ярим, бўйи уч мертча келади, темир эшик рўпарасидаги деворда унинг деярли шипга уланган жойида панжарали дарча, эшикнинг ўнг томонида панжарага ўралган марказий иситиш тизимига уланган батареяси бор. Яккалик камеранинг жуда катта устун томони — кароват рўпарасидаги деворда водопровод крани бор бўлиб, канализацияга уланган.
Икки кеча мижжа қоқмай қийналганимдан кейин ёлғиз қолгач, ўзимни кароватга ташладим, шу ондаёқ “махсус камера” нима эканлиги сабоғини олдим. Осмондан тушгандай кўз ўнгимда қамоқ назоратчиси кийимида бир аёл пайдо бўлди ва: “Тур ўрнингдан! Кундузи ётиш тақиқланади!” деб бақирди. Мен икки тун ухламаганимни айтиб уни юмшатмоқчи бўлдим, аммо бу унга парво қилмади. Жуда ҳолдан тойганим учун бир неча дафъа ётишга уриндим, бироқ эшикдаги тешикдан кўз узмай тикилиб турган бу “шарпа аёл” ўша лаҳзада олдимда пайдо бўлар ва мени тик қаққайиб туришга мажбурлар эди.
Биринчи кун кечаси уйқусираб толиқиб кароватда ўтирганимда қўшни камера томонидан кимнингдир тақиллатаётганини эшитиб қолдим. Бир жавоб бермоқчи ҳам бўлдим, бироқ иғво бўлса-чи, деган хаёлга бориб, ўзимни тийдим. Кўриб бўлмас қўшним ҳам охири тинчиб қолди.
Терговчи талаб қилган кўрсатмаларни беришдан бош тортганимдан кейин мени олиб келишган махсус қамоқдаги шарт-шароит ҳақида сўзлаб беришнинг ҳам пайти келди.
Соат олтида камерага ташқи олам билан боғлаб турадиган дарча очилиб, назоратчининг “турилсин!” деган овози тарқалади. Бунинг маъниси: тик туриш вақти етганлиги, эрталабки ювиниш ва бир пиёла қамоқ кофеси, бир кеча-кундузлик нон улуши, икки чақмоқ қанд, бир товоқ буғдой бўтқалардан иборат емакни қабул қилишга тайёргарлик деганидир. Нонуштадан кейинги оғир ўйларни тушлик бузади. Тушлик ичида пашшадай ҳажмда бир неча гўшт парчалари бўлган шчи ҳамда бир товоқ бўтқадан иборат бўлади. Кейин кечки овқатгача (бир товоқ ичида майда балиқ гўшти парчалари бўлган шўрва ва чой деб аталадиган ичимлик) хаёл суриш, сўнг эса терговдан аввалги оғир дамлар бошланади.
Роппа-роса 21.30 да, уйқудан ярим соат олдин, назоратчи пайдо бўлади. Тонгги соат бешгача чўзиладиган тергов бошланади, расмийлаштирилган уйқу вақтидан бир соатгина насиб этади. Бироқ ушбу бир соатни ҳам ўз вазифасига йўналтиришнинг иложи бўлмай қолади: бир томондан терговчи билан ўтказилган кўп соатлик олишувдаги асабий чарчоқни тарқатиб бўлмаса, иккинчи томондан, талаб этиладиган маҳбуснинг шахсий парҳези халақит беради. Қамоқ маъмурияти шахсий парҳез ҳақида шунчалик астойдил қайғурадиларки, терговдан сўнг тез-тез ғусл қилишга жўнатади. Ғуслдан қайтасиз, қарабсизки, “турилсин!” деб бақириб туришибди. Шу зайлда кун кетидан кун уйқусиз ўтаверади.
Баъзида мен кундузи тик оёқда туриб мизғирдим, бироқ мадорсиз оёқларим гавдамни ушлаб туролмай, шу заҳоти уйғониб кетардим. Агар ўтирган ҳолда кўзим юмилиб кетса, дарров кўзимни очиб, ўрнимдан туришим ҳақида буйруқ-бақириқ эшитардим.
Айниқса, кўринишидан ваҳшатли, тишлари чирик бир назоратчи ниҳоятда қутурган, бадфеъл эди. Кўпдан бери ухлай олмаганим учун уйқуни қочира олмаётганим, бунга кучим етмаётганини бир инсонга тушунтирганча тушунтиришларимнинг фойдаси йўқ эди. “Уйқунг босса ювин. Бўлмаса ўзим чўмилтириб қўяман” дерди у.
Қамоқдаги тузумнинг энг муҳим унсури уйқудан маҳрум қилиш бўлиб, тергалувчининг иродасини синдиришга йўналтирилгани тайин эди. Ҳозирги кунда; мутлақо уйқусиз қанча вақтни ўтказганимни айта олмасам керак, бироқ мен фаҳмимни ўтмаслашишигача олиб борадиган уйқусизликка чидай олишимга кўзим етмасди.
Бир куни мен ўзимни тута олмадим ва терговчига мени уйқудан маҳрум этишгани учун норозилик баён қилдим ва жавобига нима эшитдинг денг: “Сизни бу ерга ухлаш учун эмас, ишлаш учун олиб келишган”. Унинг жавобидаги “ишлаш” феъли мени тонг қолдирди. Аслида ҳам бу унинг учун “иш” эди, бироқ нега энди бу мен учун ҳам иш бўлиши керак!..
Узоқ муддат таомга мутлақо ҳушим бўлмади. Илм тили билан айтилса, руҳий анорексия содир бўлиб, баъзан у церебрал кахексияга, яъни бош миянинг мўътадил ишлашининг бузилишига айланиши мумкин (руҳий жароҳат олган руҳий касаллар, марказий асаб тизимининг айрим органик жароҳати). Қамоқдаги менинг назоратчиларим бу ҳолатни одатий бир ҳолатга йўйишди: бу норозилик ойлиги. Ҳар қандай норозилик, хусусан тутумли қамоқда, ўрнида бостирилиши керак. Бинобарин, бир куни (адашмасам, қамалишимнинг тўртинчи ёки бешинчи куни) камерамга давлат хавфсизлигининг семиз полковниги (маълум бўлишича, қамоқнинг собиқ бош шифокори) кириб келди. Унга мен истамаганим учун эмас, балки еёлмаётганим учун овқатланмаётганимни тушунтиришимга қарамай, зўрлаб овқатлантиришлари ҳақида пўписа қилиб чиқиб кетди. Унинг дўқи амалга ошишидан чўчиб, мен берилган овқатни қайтармай, канализацияга оҳиста тушириб юборадиган бўлдим.
Менинг камерамни сукунат ўраган деб бўлмасди, қулоғимга яқин ва узоқ олам товушлари етиб келарди. Маҳбусларнинг баланд овозли бақириқлари (улар, ҳушини йўқотганлар бўлиб, ўша овозлар ҳозир ҳам қулоғимдан кетмайди) яқин оламдан бўлса, қамоқхонага қўшни жойлашган аэродинамик қувурларнинг шовқини эшитилар, бу шовқин деворни ларзага келтирарди. Уни дастлаб мени биринчи бор сайрга — баланд бетон деворлари билан ўралган майдончага — олиб чиққанларида эшитдим (бу ердан осмоннинг бир парчаси ва соатли миноранинг учигина кўринарди). Бу қўрага тушганим замон қувурлар шовқини — гулдураши эшитилди. Бу тасодифан тўғри келиб қолгани аниқ, бироқ ўша чоғда хаёлимга бу бетон қутига мени отиш учун олиб келдилар, даҳшатли гувиллаш эса, ўқнинг овозини босиш учун, деб ўйлагандим.
Ана шунақа сайл қилганман… Бора-бора бу гулдурашга кўникиб кетдим, ҳатто ундан фойдаланиш йўлини ҳам топдим: гўё шовқиндан қулоғимни бекитган бўлиб палтомнинг ёқасини кўтараман, аслида эса кўзимни назоратчидан яшириб, юмиб мизғиб оламан.
Терговчим менга айтмагунича, қайси қамоқда эканлигимни ҳам билган эмасман. Менинг саволимга у “Лефорд қамоғида” деб бамайлихотир жавоб қилди. Этим жимирлаб кетди, чунки Москва қамоқлари ичида даҳшати билан довруғи кетган эди. Негадир бу ердан ҳеч ким тирик чиқмайди. Лефордга қамалишнинг ўзи ўлим ҳукмига тенг, деб ҳисобланарди. Хотинимнинг мени Лефордда, деб ўйлашининг ўзи талвасага солиб қўярди, шукрки, у мени Лубянкада деб билган.
Лефорддаги уйқусиз тунларим, якшанбада танаффус оларди, чунки терговчи Совет Иттифоқининг барча фуқаролари каби ўзининг дам олиш ҳуқуқидан фойдаланарди. Терговчи мени қаерда эканлигимни билдириб қўйиш билан бирга, менга алоҳида таскин берувчи оҳангда отилишим хавфи йўқлигини ҳам айтиб қўйди. Менинг келажагимни башорат қилиш билан бир қаторда, у мендан ўз-ўзимни энг оғир жиноятларда айблаб, ўша жиноятларга тўлиқ иқрор бўлишимни ҳам кутган кўринади. Мен қаердалигимни, кимларга боғлиқлигимни аниқ билиш билан бирга, менга қўйилган моддалар моҳиятини ҳам англар эдим (58—8—советларга қарши ташвиқот; 58—10—фаол террористик ҳаракатлар; сўнгги — 58—11-модда эса юқоридагиларни тасдиқлаб кучайтирувчи бўлиб, ўша ҳаракатларни кўпчилик орасида, уюшган ташкилот таркибида амалга оширишни англатарди). Шунинг учун айбланган ҳар бир моддада олий жазо тайёр бўлгани ҳолда, мени бундай жазодан истисно тутишларига ишона олмасдим.
Шифокор-қотилларнинг террористик ҳаракатида иштирокимнигина эмас, балки бундай ҳаракатнинг ўзи бўлганлигини ҳам мени бўйнимга қўя олмаганига қаноат ҳосил қилгач, терговчи бошқа бир йўл тутди. “Сиз бообрў одам мавқеидасиз-у, лекин ўзингизни аҳмоқлардай тутяпсиз”, — деди-да, менга М.С.Вовсининг терговда ўзини қандай тутишини мисол келтира бошлади.
— Мана, Вовсини олинг, ўзини ақлли киши эканлигини кўрсатди, бу билан у ўз жонини сақлаб қолиши мумкин. Шунда мен унинг ўзи менга ўлим жазоси хавфи йўқлигини айтганлигини эсига туширдим. Унинг жавоби шундай бўлди: “Энди, буёғи халқнинг талабига боғлиқ”. Халқ албатта отилишимни талаб қилишини менинг иштирокимда у ва касбдошларининг отилиши жараёни ҳақидаги суҳбатидангина эмас, қамалишимдан олдинги эшитганларим асосида яхши билардим. Тўғрисини айтсам, характеримдан келиб чиққан ҳолда мен бундай хавфни тасаввур қила олмасдим. Мен учун у ҳали мавҳум бир ҳолат бўлиб, фақат амалга ошиши олдидагина ойдин бир кўриниш касб этиши мумкин эди.
Ҳали тунги бедорлик давом этаётган, яҳудий буржуа миллатчилигининг ялпи кўриниши ва унинг террористик ҳаракатларида менинг иштироким масаласини тергаш тугамаган эди.
Яҳудий буржуа миллатчилиги нима эканлигини фаҳмлашда менга терговчининг ўзи кўмак берди. Бунинг учун у маҳбуслардан бирининг СССР ФА Морфология институти тазйиққа учраган яҳудий ходимларини мен қандай ҳимоя қилганлигим ҳақидаги кўрсатмасини ўқиб берди. Бу кўрсатма ҳақиқатга мос эди: мен ростдан ҳам, бор гуноҳи миллати бўлган бу ходимларни иш жойида ва турмушида атайлаб тўсиқларга дуч қилинганларга ёрдам беришга интилганман. Тўғриси, мен тушуна олмайдиган ҳолат бор эди: қонун билан ман этиладиган ана шундай сунъий тўсиқлар яратиш жиноят ҳисобланмай, жабрланганларни ҳимоя қилиш жиноят — яҳудий буржуа миллатчилиги жиноятчи деб ҳисобланишини ҳазм қила олмайман. Мана шу нуқтада терговчи билан менинг нуқтаи назарим мос тушмади, тушиши ҳам мумкин эмасди.
Менинг илмий-жиноий таржимаи ҳолим ранг-баранг бўлиб чиқди. Терговга менинг Лепешинский ва Бошянлар кашфиётига муносабатимдан ташқари академик Лина Селомоновна Штерн тадқиқотлари ҳимояси йўлида “патологиядаги янги йўналиш” ташвиқотчилари билан бўлган баҳс-мунозарада чиқишим ҳам маълум экан. Тергов мени И.П.Павлов таълимотининг ашаддий душмани деб топди, аслида мен ушбу таълимотни бачканалаштиришга қарши эдим, холос. Икки семиз жилдли “иним”да менинг чиқишларимдан парчалар ҳам ўрин олган эди. Бир куни тўсатдан шундай деб қолди: “Замонамизнинг буюк олими бўлмиш Бошянни ўлик отга қиёслаб, қанчалик тубан кетганимизни биласизми!” Ҳақиқатан ҳам Моховойдаги анатомик бино аудиториясида Бошян деган кимсанинг кашфиёти муҳокама қилинган бўлиб, соғлиқни сақлаш идорасининг бир улуғ арбоби уни тиббиётдаги янги “Инжил” даражасига кўтариб қўйган эди. (“Эски микробиология тугади — мана сизга янги микробиология!”) Чаласавод ва шарлатан Бошян ўзининг китобчасида Пасте таълимотини оёғини осмондан илиб, бузиб, микроорганизмлар ўз-ўзидан пайдо бўлади, деган назариясини илгари суради (кейинроқ у кўзбўямачи сифатида фош этилди, илмий даражалари бекор қилиниб, бедаракликка шўнғиди). Ушбу “даҳо”ни мен ростдан ҳам “ўлик от”га менгзаб тахминан шундай деган эдим: “Менинг ихтисослигим бўлмагани учун вирусологик томонига тўхтамайман. Бироқ муаллиф ўлик отларни ёриб кўриш баённомасини ҳам бунга киритган. Мен бир патологоанатом сифатида қайд этишим керакки, бундай баённомаларни олим киши ёзишига кўзим етмайди, уни от ўз ўлими олдидан ёзган. Бу ўлаётган отнинг алаҳсирашидир!” Мана, менинг тубанлик даражам!
Ўша замоннинг А.Я.Вишинский каби улуғ алломаси томонидан асосланган ҳуқуқий билим бўйича сабоқ олишимга тўғри келди. Мен қамалгунимга қадар гуноҳим аниқланиб, жазоим тайинланган бўлса-ю, гўё содир этган жиноятларимни нега ва нима учун бўйнимга олишим зарурати борлигига қизиқдим. Терговчи менга айбланувчининг жиноятини (бу жиноят терговчилар томонидан ўйлаб чиқарилган бўлса ҳам) бўйнига олишининг аҳамияти ва мавқеини бажонидил тушунтириб бериш билан бирга мен иштирок этган антисовет тўдаси Вишинский бўйича ҳатто икки кишидан ҳам иборат бўлиши ҳамда антисовет режаларига эга бўлмай, советларга қарши суҳбатлашгани ҳам кифоя қилишини билдирди.
Терговчи мени айбимга — яҳудий буржуа миллатчиси эканлигимга иқрор қилиш бўйича бир неча кеча-кундузлик ўз фаолияти якунидан ҳам, менинг ўзимдан ҳам қониқмади. “Бу қанақа маълумот бўлди: Хаимни ишдан бўшатишди, Абрамни ишга қўймади. Бундай маълумотни мен ҳар қандай маҳаллий қўмитадан билиб олардим” — деб хитоб қилди у. Мен ҳам — ҳар қанақа маҳаллий қўмитадан билиб олиш мумкин бўлганидан ортиқ маълумот бера олиш имконига эгамаслигимни айтдим. Шунга қарамай, бор маълумотларнинг ўзи мени РСФСР Жиноий кодексининг 58—8, 58—10, 58—11-моддаларида айблашга етарли деб топилди.
Тергов кейинги босқичга — шифокорларнинг террористик фаолиятида менинг иштироким масаласига кўчди. Мени буржуа яҳудий миллатчиси эканлигим ҳақидаги ҳатто — ҳаракат ва хулосаларни (давлат хавфсизлиги шарҳи бўйича, албатта) инкор қилган бўлсам, террорни, хусусан, ҳибсга олинган клиник шифокорлар томонидан уюштириши ҳақидаги ўй-фикрни ҳам, уларда менинг иштирокимни ҳам қатъиян ва узил-кесил рад қилдим. Уларнинг барчасини танишимни, кўпчилиги билан фақат иш юзасидан мулоқот бўлмай, дўстона алоқаларимиз борлигини, улар ўз ишига содиқ, ажойиб шифокорлар эканлиги учун ҳам ўз мижозларига зиён-заҳмат етказиши мумкин эмаслигини айтдим. Ушбу масаладаги менинг собитлигим унинг жиғига тегди, шекилли, қуйидаги савол билан мени издан чиқармоқчи бўлди: “Ҳали эркинликда юрган вақтингизда — 13 январда ТАССнинг бу ҳақдаги билдиришини ўқиганмидингиз?“ Ўқиганман, аммо билдиришдаги бирор гапга ишонмадим, дейишдан бўлак чорам қолмаганди. “Ҳали сиз бу МГБнинг бўҳтони деб ҳисоблайсизми?!” дея дағдаға қилишди.
Эртаси куниёқ қасд олинди (ҳозир қайси кунлиги ёдимда йўқ). Одатга хилоф равишда, мени кундузи, тушликкача терговга чақиришди. Терговчимни бу маҳалда иш ўрнида кўришга кўникмаган эканман. Доимий савол “қани” ўрнига дабдурустдан “Кўрсатма берасизми, йўқми?” деб қолди. Мен “йўқ” дедим. “Турилсин! Қўллар орқага олинсин!” Орқамдан темирнинг шақиллаши эшитилди, билакларим темир қўлкишан билан сиқилди. Агар тавсифлаб берсам, муҳим давлат сирини ошкор этган бўлмасам керак, бунинг устига унинг тузилиши илгари мен киноларда кўрган қўлкишанларга мутлақо ўхшамайди.
Қўлкишаннинг ўртаси тўртбурчак ясси қулф бўлиб, юзаси саккизу саккиз, қалинлиги икки сантиметр келади. Қулфнинг икки четига икки сурилувчи ҳилол шаклида қисқич ўрнатилган бўлиб, ораси яқинлашади ва узоқлашади. Яқинлашадиган учи тишли бўлиб, яқинлашганда қисқичнинг бир тиши иккинчиси орасига киради ва билакни билагузук каби ўраб олади. Орқага олинган икки қўл қимирламаган ҳолда билагузуклар қўшилиб қулфлангандай бўлади. Қўлларни бўшатиш учун беихтиёр ҳаракат бўлганида — қўлларнинг кескин ҳаракатида қисқичнинг тишлари фақат бир томонга юриб, кейинги оралиққа шиқ этиб киради. Бундан “билагузук”нинг айланаси қисқаради ва бироздан сўнг кафт ва бармоқлар пуфакдай шишиб кетади.
Қўлкишан кунига уч марта беш-ўн дақиқага — овқатланиш ва ҳожат чиқариш учун ечилади. Ухлашда қўллар олдинга ўтказилиб кишанланади. Кишанлаш ва уни ечиш назоратчининг вазифаси ҳисобланиб, бу жараёнда унинг маҳбусга муносабати ва ўз характери намоён бўлади. Назоратчилардан бири кишанлашда қаттиқ оғриқ-азоб берувчи ҳаракатлар қилишни ёқтирарди. Бу ҳолларда кўпроқ чап қўлим азоб берарди. Бошқа бир назоратчи эса, аксинча, кишанлашда ўзини гўё айбдордай тутарди, ҳатто бир марта “Шундай иш қилишга мажбурмиз” деган эди (бундай дейишга, ҳатто маҳбус билан гаплашишга унинг ҳуқуқи йўқ эди). У бу гапни мен “билагузук“ни унчалик таранг қилмаслигини илтимос қилганимда айтди ва агар “билагузук” бўш қўйилса, лиқиллаб турилган жойини чақа қилишини тушунтирди. У ҳар гал қисқични қулфлашдан олдин энг беозор ҳолатни танларди. Қўлкишаннинг ўзига хос тузилишига, кишаннинг бирор жойи қичишса қашишга ёки бурни оқса артишга имкон бермасди, бу эса яҳудий буржуа миллатчиси учун ҳам энг зарур инсоний эҳтиёждир.
Қўлкишан билан тақдирланиб камерага жўнатилдим. Бу жараён туғилган туйғу ақлдан оздирадиган даражада эди — менинг машаққатли, жон суғуриб олувчи, аммо кўника бошланган ҳаётимга қўлкишан суқилиб кирган эди. Кишанлашнинг ўзи хавфли-хавотирли эди, ахир мени қочиб кетмасин, деб қўлимга кишан урмадилар-ку! Қўлкишан азоб беришнинг қўшимча бир воситаси, қўлкишан урилган кишининг туйғуси ерга урилиши, унинг ҳеч ким эмаслиги нишонаси эди.
Қўлкишанни ўлимга ҳукм қилинганларга тақилишини эшитганим бор эди, бу ўринда қўлкишанни мен жаримачилар ва уларга хос эрксизликларга маҳкум эканлигимни тасдиғи сифатида қабул қилдим.
Ўзимнинг ожизлигимни ҳис қилиш ҳамда қўпол зўрликка қаршилик туйғусида бирдан бошимни деворга ура бошладим. Югуриб келган назоратчилар биргаликда ҳаяжонимдаги портлашни тўхтатишди ва менга: “Нима, деворни тешмоқчимисан? Эҳтиёт бўл, пастга тушиб кетасан” — дедилар. Бир қават пастда карцерлар жойлашган эди…
Терговчи гўё менинг жиноий ниятларим заминининг асосини топгандай йўл тута бошлади: “Яҳудийларни таъқиб этишади: ишлатмайди, турмушини оғирлаштиради. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Албатта, бунга қарши курашиш керак! Курашнинг ягона йўли — террор, яҳудийларни тазйиқ қилишнинг ташкилотчилари бўлиш раҳбарларни ўлдириш, бу терговчи менга тан олдириши керак бўлган кўрсатма эди. Бу тазйиқлар МКдан бошланганини сиз ўзингиз айтингиз. Демак, ушбу йўриқларни берувчилар билан курашмоқ керак”. Давомида, у мени ҳам рози бўлишим керак бўлган унча мураккаб бўлмаган мантиқий хулосани ўртага ташлади: ушбу йўриқларнинг муаллифлари масъул раҳбарлар экан, демак, террорчи шифокорларнинг зарбаси айнан ўшаларга қарши йўналтирилган. Мен бундай талқинларни очиқ туҳмат сифатида кескин рад қилдим ва яна ўз камерамга дабдала бўлган ҳолда қайтарилдим.
Ҳар гал тергашдан кейин бирон-бир ўринда хол қўйиб қўймадимми, деб тунги сўроқ-суриштиришларни миридан-сиригача хаёлимдан қайта ўтказдим. Бошқа маҳбусларга зиён етказадиган бирон-бир сўз айтиб қўйган-қўймаганимни ҳам ўйлардим.
Менимча, доимий хавфсираганим алжирашлар, сотиб қўйишлар менинг кўрсатмаларимда йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак терговчи қизиқиб: “Мана сиз дўстларингизни ҳимоя қиляпсиз, балки улар сизнинг ҳақингизда нималар деётгани ўқиб эшиттирилса, сизга қизиқ бўлар?” деб бир неча бор ғулғула солгандир. Ўртоқларим берган кўрсатмаларда, афсуски, менга нисбатан шубҳа қўзғовчи жойлари бўлиши эҳтимол. Кейинроқ, эркинликка чиққанимизда М.С.Вовси ва В.Н.Виноградовларга уларга нисбатан ўйлаб чиқарилган жиноятларга иқрор бўлганликларини сўзлаб бердилар. М.С.Вовсининг менга айтишича, ундан немис жосуси бўлганлигини ҳам бўйнига олиш талаб этилганида у йиғлаб туриб шундай деган экан: “Нима керак ўзи сизларга, ахир мен Американинг ҳам, Англиянинг ҳам жосуси бўлганлигимни бўйнимга олдим-ку, бу камми? Немислар Двинскда оилами бутунлай қириб ташлашган…” Жавобан сўкиш эшитган, талаб кучайган: “Ў профессор, ў мараз, етар шунча эзмаланганинг. Энди немис жосуси бўлганингни тан ол!” М.С.Вовси немисларнинг ҳам жосуси бўлганлигини эътироф этиб имзо чекади (унинг айтганларини мен деярли сўзма-сўз келтирдим). Бошқалардан ҳам тахминан шундай талаб қилинган ва улар буни бажаришган.
Бундай тан олишларнинг фожиаси ўйлаб чиқарилган жиноятларга шахсий жавобгарлик билангина чегараланиб қолмасди. Жиноят “ташкилот ичида” содир этилиши назарда тутилгани (58—11-модда) боис, иштирокдошларини номини сотиш лозим эди. Шунинг учун бўйнига олган киши тергов жараёнининг айбдор мақомли иштирокчисигина эмас, балки фош қилувчига ҳам айланарди.
Биз бўшатилганимиздан кейин 1952 йилнинг ёзи ёхуд кузида (ҳали оммавий қама-қама бошланмасдан) қамалган аёл Кремл касалхонаси шифокори С.Е.К. қамоқ вақтида бошидан кечирган энг оғир вазиятни сўзлаб берди: “М.С.Вовси, В.Н.Виноградовлар билан юзма-юз қилишганда, беморларни даволашда сен бизнинг зарарли топшириқларимиз ва тавсияларимизни бажаргансан, деб ўзларига қарши кўрсатма беришга ундаганлар. “Мен уларга: Мирон Семенович, Владимир Никитович, нималар деяпсизлар? Қанақа зарарли топшириқлар берибсизлар, қайси касалга зарарли тавсиялар қилгансизлар-у, мен уни бажарган эканман?! — дедим. Шу сўзлардан кейин М.С.Вовси ва В.Н.Виноградовлар менга ёпишиб кетишди: “Йиғиштиринг бунақа гапларни! Бари эсингиздан чиқиб кетдими? Эслатиб қўямиз”. Ушбу учраштирув иштирокчиси бўлмиш В.Х.Василенко эса ўзини анча босиқ тутди. Мен худди жиннилар орасига тушиб қолгандай бўлдим”. Сўзлар экан (унинг гапларини айнан келтирдим) С.Е.К. титрарди, доим очиқ юрадиган чеҳрасида ўша юзма-юз қилишни эслаш даҳшати намоён бўлди. Шундай қилиб “ёрилганлар” айбловчи гувоҳларга айланарди. Бу жиддий, жуда жиддий масала: руҳий ва жисмоний сиқувга бардош бера олмаганларга қандай муносабатда бўлмоқ керак! Қамоқдан чиққанимда бу борада менинг аниқ жавобим бор эди. Ҳа, уларни айблаш жуда бўлмаганда танбеҳ бериш ўринли. Ўша дамларда мен “ёрилганларга” дуч келсам ўзимни қандай тутишимни ҳали яхши билмас эдим. Сўнгги кезларда ўзимдаги бундай иккиланишларни енгандай бўлдим. Турфа кишиларга бир хил ўлчов қўйиш, фавқулодда вазиятларда бир хил хатти-ҳаракат талаб қилиш уларнинг шахсий ўзига хосликларини ҳисобга олмасликка олиб келарди.
Ростдан ҳам, киши танкка дуч келиб, унга қарши енгиш учун интилиши, айни ўша киши сичқонни ёки шприцни кўрганда ўтакаси ёрилиши мумкин-ку! Менинг бир машҳур олим дўстим бор эди, ўша агар мени қамашганларида ярим соатдаёқ пишиб етилиб, талаб қилинган ҳамма нарсага қўл қўярдим, деб тан олди. Халқ орасида 1937-38 йилларда маҳбусларни қаттиқ қийнашгани ҳақидаги қўрқув асорати ҳали тарқамаган эди. Масалан, В.Н.Виноградовнинг айтишича, қийноқлар бошланмасдан олдинроқ барча қўйиладиган айбларга, ҳатто Англия ва Франция жосуси айбловига ҳам иқрор бўлишга шай бўлган. Қамоқдан бўшатилганидан ўн беш йил ўтгач ажойиб шифокор, оқкўнгил профессор М.С.Вовси оғир касалга — оёқ саркомасига гирифтор бўлади ва унинг оёғини кесиб ташлаш зарурати туғилади (шундан кейин у тез орада вафот этди). Операциядан кейин уни кўргани бордим. У бироз ҳаяжонли кўринарди: “Ҳозирги ҳолатимни ўша вақтдаги ҳолатим билан қиёслаб бўладими? Ҳозир оёғимдан ажрадим-у, лекин инсонликда қолдим, у ерда мен инсонликдан чиққандим”, — деди у менга. Оёқдан ажралиш, шишнинг авж олиши каби аянчли ҳолатни арзимас бир нарса деб қабул қилиш учун қандай ички фожиани бошдан кечириш кераклигини тасаввур қиласизми!
Ҳозир тергов чоғидаги хатти-ҳаракатларимни синчиклаб қайта чиғириқдан ўтказар эканман, бутун жисмоний имкониятларим ва қатъиятларимни қанчалик сафарбар қилмайин, барибир, охиригача сабот билан тура олмадим деб ўйлайман.
Бир куни терговчи агар ҳамма нарсага иқрор бўлмас эканман, мени бошқалар қўлига топширишига тўғри келишини (бошқа қаттиққўлроқ кишига, шекилли) маълум қилди. Бир куни қийноққа тортилган кишининг бўкириши ва золим қамоқхона ходимининг сўкиниши қўшни хонадан эшитилди. Бечоранинг дод-войи, вақти-вақти билан силласи қуриган кишининг хириллашига уланиб кетарди. Тикилиб турган терговчи олдида ўзимни бепарво тутишга уриндим (буни қандай эплай олганим менга қоронғи), эртасига мени терговга олиб келганларида эса, безгак тутгандай титраб, бутун иродамни тўплаб, кутилаётган қийноқларга дош беришга чоғландим. Терговчи аҳволимни пайқади, ҳатто мулойимлик билан шифокорни чақиришни таклиф этди. Мен рад қилиб дедим: “Сиз мени қийнамоқчисиз-ку ахир, шифокорнинг нима кераги бор?” У кесатди: “Тўйдан олдин ноғарами?” Билдимки, лоақал шу бугун мени қийноқ кутмаяпти. Гоҳ-гоҳида бўлгани каби (яширмасам ҳам бўлади) кўзимдан ёш оқди, бироқ собитлигимга бу ёшлар ҳеч вақт заҳмат етказмаган.
Қамоқда якка ўтириш қанчалик оғир кечганлиги тафсилотини баён қилиб ўтирмайин, бироқ мен ўз-ўзимга камерамдан ташқаридаги оламни эслаб туришни, ўша оламни тўлалигича ақлим хотирасида, кўнглим хотирасида маҳкам ушлашни, ўша оламда эркинлик чоғимда менга ардоқли нарсаларни эсимдан чиқармасликни асосий вазифа қилиб олганимни таъкидламаслигимнинг иложи йўқ.
Мен учун тушликдан сўнгги ва кечқурунги оғир сукунат бағрида қўлларим кишанланган ҳолда қимирламай вақт ўтказиш изтиробли эди. Бу изтиробдан қутулиш даркор эди, мен уни топдим. Хаёлан умумий патология курси мундарижасини (айнан, умумий патология, патологик анатомия эмас, чунки тиббий институтларда бундай курс ўқитилмагани учун мен бу соҳага анчадан бери маълумот тўплаб юрардим) туза бошладим. Хусусан, урушгача патологик жараёнлар танлаб жойлашиши механизми муҳим умумпатологик муаммо борасида китоб учун (афсус, ёзилмай қолиб кетди) материаллар тўплаб қўйилганди. Кўз олдимда аудиторияни тасаввур қилиб, умумпатология курси бўйича ўзимнинг илмий тажрибаларимдан мисол келтириб, бир тизимга туширилган курсни ўқишни бошладим. Афсус, ўша пайтда хаёлимга келган ажойиб фикрларни ёзиб қўйишнинг имкони бўлмади, кейинроқ эса уларни тиклашнинг иложи бўлмади. Зеҳнимнинг бу машғулоти мени охир-оқибат қисмат (бу олдиндан тайин қилинган) ҳақидаги оғир ўйлардан холи қилибгина қолмай, фақат танадан ташкил топган инсонни эмас, инсоний ўзлигимни сақлаб қолишга ёрдам берди…
“Бу қанақа кўрсатма ўзи? Итга суяк ташлагандек… Бошқалардан ўрнак олсангиз бўлмайдими — улар ҳаётини сақлаб қолишмоқда. Сизни эса ҳатто очиқ судга ҳам қўйиб бўлмайди…” шундай гаплар билан терговчи менга таъна қилиб турарди. Бу гаплардан қачондир “оқ халатли қотиллар” устидан очиқ суд бўлишини ва бунда уларнинг кўпчилиги аввалги йирик жараён иштирокчилари бўйинларига даҳшатли айбловларни олиб отилиб кетганлари ва ўлимидан кейин оқланганлари каби ҳодиса такрорланишини билиб олдим.
Яна билдимки, улар мени тавба қилишимга ҳам, афсус чекишимга ҳам умид боғламайдилар. Бу эса менга қувват бахшида қиларди. Чунки қамалишимдан анча олдин нозик ва жасур умр йўлдошим Софья Николаевнани хоҳиши билан келган қароримга хиёнат қилмаганимни англатарди. Терговчи ғуруримга тегиш учун қилган интилишларига мен бефарқ эдим. Зотан, мен обрўли кишилар ҳурматини қадрлар ва бу хислатни қамоқда ҳам сақлаш билан бирга ўз-ўзимга ҳурматни ҳам асраб қолишни истардим. Якка ўтирган ҳолларимда Рилеевнинг Петропавловск қалъасида қалай товоққа тирнаб ёзган қуйидаги мисралар билан бошланувчи тўртлигини тез-тез эслардим: “Қамоқ менга шаън келтирар, келтирмас ситамлар…” Айтгандай, Рилеев Лефордда бўлганида товоққа ёза олишига гумоним бор, чунки бир куни бир парча совунга бир сўзни ўйиб ёзмоқчи бўлдим (бу сўз терговчи билан навбатдаги учрашувда бирон-бир важни эслатиши керак эди), шу заҳоти эшик очилиб назоратчи совунни талаб қилди. Ўйилган сўзни шошилинч ўчиришга тўғри келди…
Москва Давлат хавфсизлиги идорасини тўлалигича чулғаб олган фитналарни фош қилиш ғоясига фидойиликдан терговчи ҳам холи эмасди. Тўғрида, катта бошлиқлар “шифокорлар иши” каби кенг миқёсли фитнани фош этган бўлса, нега энди у ҳам ўз хизмат ҳолати амалига мутаносиб кичик бўлса ҳам ўз фитнасини фош этмасин!
Бир марта “фитначилардан” бири, менинг борлигимни унутиб қўйиб, 1-шаҳар касалхонасидаги шифокорлар ишини фош этиш чизмасини берилиб чиза бошлади. Ажойиб манзара эди бу? Кўз олдига уни тинглаётган аудиторияни ҳамда катта бошлиқлар вакилларини аниқ келтириб, у тахминан қуйидаги гапларни тез-тез айта бошлади: Марказга бош шифокор, барча иплар унга уланади…” деб бир қисми қамалиб улгурган 1-шаҳар касалхонаси ходимлари томон иплар чизилди. Жазавага тушган, ҳеч нарсани кўрмай қолган терговчи хаёлидаги кўрсаткични у фош қилган фитна чизмасига қадар ва тасаввуридаги аудиторияни ҳайратга соларди. Ҳақиқий ижодий жазава эди бу! Аҳволим, ҳолатим мотамсаро бўлишига қарамай, қаҳ-қаҳ уриб кулишдан тийина олмадим. Менинг кулгум унга ҳам ўтди, беихтиёр жилмайиб кейин баралла кула бошлади, бироқ тезда ўзини босиб, тўхтаб қолди. Ушбу қисқагина саҳна парчаси менга кўп сабоқ бўлди, унга кенг бўлмаса ҳам ҳарҳолда 30-40 йиллар сиёсий жараёнининг даҳшатли драматургияси сирлари туғилиши ҳақида етарлича таассурот туғдирди.
Менга тақилган террористик фаолиятимга далил сифатида терговчи бир куни Г.М.Маленков шаънига “Худо жазосини берсин” деган айғоқчи томонидан етказилганини айтди (баённомада у керакли даражада яъни “қаҳр-ғазаб билан” ёки “шундай бир даҳшатли важоҳат билан” каби иборалар орқали сифатланганига шубҳаланмаса ҳам бўлади). Бу ифода нари борса сўкиш, ҳақорат сифатида талқин қилиниши мумкин-ку ахир, деган саволимга терговчи: “Худо жазолаши учун ўлиш керакми ахир. Демак, сиз ўртоқ Маленковга ўлим тилагансиз”, — деди ажабланган бир қиёфада.
Бир кун (феврал охири, март бошлари бўлса керак) менинг ихтиёрий тарзда иқрор бўлишим муҳлати кун сайин эмас, соат сайин қисқариб бораётгани ҳақида огоҳлантириб, қуйидагиларни ҳам билдирди: “Мен сизга душман эмасман, — деди-ю, шу заҳоти, лекин дўст ҳам эмасман, деб қўйди. Билиб қўйишингизни истардимки, тергов жараёни кетишини шахсан ўртоқ Сталиннинг ўзи кузатиб бормоқда ва у сизнинг кўрсатмаларингиздан мутлақо рози эмас. Мана шуларни ҳисобга олсангиз олинг, олмасангиз ўзингиздан кўринг”.
Сталинга ҳавола қилишига ишонқирамадим, зотан, “шифокорлар иши”да менинг мавқеим шунчалик эмаслигини сезардим. XX съезднинг ёпиқ мажлисида Н.С.Хрушчев ўқиган маърузадан кейингина Сталиннинг “шифокорлар иши”га, хусусан, тергов учун зарур бўлган кўрсатмаларни беришда оёқ тираб туриб олганларга эътибор беришни тавсия қилганлиги тасдиқланди. Бироқ ўша чоғда мен терговчининг билдиришини пўписа деб тушунган эдим.
Кечқурунги суриштиришларнинг бирида терговчи мен унга бугун жиноий маҳбус сифатида эмас, балки эксперт сифатида кераклигимни айтиб, қатор саволлар берди: “Чейн-Стокс нафаси нима? Бундай нафас қай ҳолларда учрайди? Ундан қутулишнинг йўллари қанақа? Чейн-Стокс нафаси хасталигига йўлиққан киши соғайиб кетиши мумкинми? Мен бу касаллик моҳиятини тушунтирдим. Физиологик жиҳатдан гўдакларга хослиги, катталарда эса мия шиши, мияга қон қуйилиши оқибатида бош мия ва нафас олиш марказлари шикаст топганида содир бўлишини, жумладан, уремияда тўғридан-тўғри нафасга эмас, балки уни келтириб чиқарувчи сабабга таъсир этмоқ муҳимлигини ҳамда бу жуда даҳшатли аломат бўлиб, унга дучор бўлган киши кўпинча ўлиши мумкин (мен “муқаррар” сўзи ўрнига “мумкин”ни ишлатдим)лигини ҳам тушунтирдим. Терговчи барча айтганларимни қолдирмай ёзиб олишидан, унинг терговидаги маҳбуслардан бирининг касаллик тарихи билан боғлиқ эканлигини пайқадим. Шундан сўнг терговчи жуда бир оғир касални даволаш учун қайси йирик мутахассисни тавсия қила олишимни сўради. Йирик рутбадаги мутахассис шифокорлардан қайси бирлари ҳали ҳам эркинликда юрганлигидан хабарим йўқлигини айтиб, терговчини қийин бир аҳволга тушириб қўйдим, чунки мен қаттиқ тутумли қамоқхона деворларидан ташқарида бўлаётган ҳодисалардан хабардор бўлишим мутлақо ман этилган эди.
Терговчи ҳам саволини такрорлади, мен энди қуйидагича жавоб қилдим: “Виноградов зўр шифокор, бироқ у сизларда. Вовси ҳам ажойиб шифокор-у, уям сизларда. Энг яхши йўйимчи Этнигер ҳам сизларда.
Катта тиббий тажриба эгаси Василенко ҳам сизларда. Қўли енгил ака-ука шифокор Коганларнинг бири ўлган, иккинчиси сизларда. Агар невропатолог керак бўлса, энг йирик даволовчи невропатолог деб Гринштейнни биламан, бироқ у ҳам сизларнинг қўлингизда. Отоларинголог зарур бўлса Преображенский ва Фельдманларни тавсия қилардим-у, уларнинг иккаласи ҳам сизларда-да”. Жуда оғир касални даволаш учун йирик мутахассислар номини айтиб тавсия қилар эканман, мен “у сизларда” деган қисқа сўзни қўшиш билан, эркинликда қолганлар номини менга айтсангиз, улардан қайси бири малакали даволовчи эканлигини ўз билгимча аниқлашим мумкин демоқчи эдим. Терговчи ўйланиб туриб-туриб бир неча кишининг исми шарифини тилга олди, бироқ мен уларнинг бирортасига ҳам (гарчи уларнинг икки нафари фанда номлари жаранглаб эшитилса ҳам) ҳибсдаги шифокорлар савиясига яқинлашадиган бир тавсиф бера олмасдим. Терговчи ҳайрон бўлиб қолди, номи тилга олинганларнинг бири, тиббий фанлар академиясининг академиги эканлигини рўкач қилиб баҳсга киришмоқчи ҳам бўлди. Мен унга, сиз академикни эмас, балки билимдон, тажрибали шифокорни тавсия этишимни сўраяпсиз-ку, академик билан билимдон шифокор айнан бир нарса эмас, шунинг учун ҳам номи тилга олинганлардан фақат бир нафарини, уни ҳам айрим нуқсонлардан кўз юмиб тавсия этишим мумкин, дедим…
Озодликка чиққач, Сталиннинг касаллиги ҳақидаги газеталарда эълон этилган ахборотларни ўқиб, ўша саволлар менга нега берилганлигини тушундим. (Яна шуни ҳам билдимки, эксперт сифатида қамоқда бўлган профессорлар М.С.Вовси ва А.М.Гринштейнлар ҳам жалб қилиниб, Сталиннинг даволовчи шифокорлар савиясига тахминан мен берган баҳога яқин баҳо беришган экан).
Ихтисослик нуқтаи назаридан юқори малакали “оқ халатли қотиллар” аниқлаган экспертиза ҳодисалари ривожи асносида ўз тасдиғини топди. 5 мартда оғир бемор оламдан ўтди ва “ўлиш зарурати” шу йўсинда тасдиқланди. Ўша кезларда бу ўлим мени ва кўплаб бошқалар ҳаётини сақлаб қолганлигини билмас, ҳатто хаёлимга ҳам келтирмас эдим…
Мартнинг дастлабки кунларига нисбатан ҳеч нарса ўзгармагандай кўринарди: ўша — қўлкишан, ўша тергашлар, бироқ тергаш бироз ўзгарган — терговчи сал ялқовлашганми, сўроқларидаги ҳаяжон миқдори камайгандай, мени диванга ўтириб олиб мудрагани-мудраган ва айбдордай уйғониб жилмайиб қўядиган назоратчига ташлаб чиқиб кетадиган одат чиқарди. Мен ҳам мизғиб олиш имкониятини қўлдан чиқармасдим.
Хуллас, “виждонан иқрор бўлиш”ни суғуриб олиш давом этаётган эса-да, бу жараённинг шашти пасайган эди.
Тўққизинчи март куни (бу санани яхши эслаб қолганман) тўсатдан кундузи сўроққа чақириб қолишди, мени бошқа бир хонага стол ёнида нотаниш полковник ҳамда ўша жонга теккан терговчим ўтирган хонага олиб киришди. Қиёфаси менга совуқ кўринган полковник оғзини очиб гап бошлаганиданоқ ташқи қиёфаси ичига мослиги аён бўлди: сўроқлари сўкинишга бой, кўзларида инсониятга нафрат ўти ёнарди.
Полковник сўроқларига жавоб берар эканман, ҳар қандай шифокорлар ишида хатолар учраши, айрим ҳоллар, яъни бу хатолар эҳтиётсизлик оқибатида бўлган жуда кам учровчи ҳолатлар ҳисобга олинмаса, хато ва камчиликлар ҳеч қандай суд ташкилотлари иштирокисиз очиқ клиник-анатомик конференцияларда муҳокама қилинишини айтдим. Бундай хатолар кўпчиликда, ҳатто жуда малакали жарроҳларда ҳам амалда учраб, бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилади, ҳатто иш ёриб кўришгача боради. Клиницист ва патологоанатом орасидаги муносабат ҳақидаги берган жўнгина ахборотимга у: “Биз уларга ҳали кўрсатиб қўямиз,” деган дағдаға билан жавоб берди. Кимга ва қанақа қилиб кўрсатишини у айтмади.
Полковник суриштиришининг асосий мавзуи менинг Г.М.Маленковга муносабатим эди (ўша вақтда, Сталин вафотидан сўнг бирданига у СССР министрлар совети раиси этиб сайланганини менинг унга салбий муносабатим аҳамияти полковник кўз ўнгида кескин ўсиб кетганлигини билмас эди). Айғоқчилик дараклари янги “энг биринчи” шаънига менга нафи кам бўлган маълумотларни етказган эди. Мен ҳам буни кескин инкор этмадим. Тарихимизнинг давоми менинг айтганларим башорат тарзида эканлигини кўрсатди, аммо ўша дамларда мен башоратчилик билан шуғулланишни истамасдим. Шундай улуғ рутбали киши шаънига менинг айтганларим мақтов эмасди ахир. Ўша замон ўлчовига кўра бу гаплар давлат жинояти ҳисобланиб, полковник қўлида у жуда катта қурол эди. Шунинг учун ҳам давлат хавфсизлиги полковниги билан менинг “суҳбатим” ҳеч кутилмаган натижага олиб келган эди: қўлкишанимни ечишни буюрди.
У мен билмаган нарсаларни биларди: бугун Сталинни дафн этишмоқда, “шифокорлар иши” кетиши сусайиб, “оқ халатли қотилларни айблаш” шамолда тарқаган тутунни эслатмоқда. Шундай экан, менга қандайдир айб тақаш зарур эди. Шукрки, бу мўлжал ҳам таги бўш чиқди.
Полковник билан “суҳбат”дан сўнг терговчи тергаш давом этишини айтган бўлса-да, унинг илгариги важоҳати ва шаштидан ҳеч нарса қолмаган эди, у худди ўзаги суғуриб олингандай, бўшашган бир ҳолда ишлар эди. Тунги тергашларда узоқ вақт йўқолиб кетар, тонгга яқин келиб, наридан-бери ярим бетлик баённомани тўлдирган бўларди. Буларнинг ҳаммаси иш шунчаки, хўжакўрсинга кетаётганидан дарак берарди. Бундай баённомаларни ўқиш ҳам зерикарли эди…
Кечқурун 14 мартда камерамга назоратчи кирди, мени терговчим хонасига эмас, бир қават пастга олиб бориб, синчков тиббий кўрикдан ўтказишди, кейин яна астойдил “қора қарға” шаклига киритишди, бир оздан сўнг мен ўзимни Лубянка қамоқхонасининг ички ҳовлисида кўрдим, у ердан мени боксга олиб бориб жойлаштирдилар.
Бокс нима эканлигини ўқувчимга тушунтирмоқчиман ва умид қиламанки, уларнинг бу танишиши ушбу сатрлар билан чекланиб қолгай.
Бокс — бу оддий бир шкаф бўлиб, долан бўйлаб сўроққа ёки бошқа бир эҳтиёжга кузатиб борилган маҳбусни шу даҳлиздан олиб юрувчи бошқа маҳбуслар билан учраштирмаслик эҳтиёти қилиниб олиб бориб тиқиб қўядиган жой. Ҳар ернинг ўз анъанаси бор. Лефортда бундай учрашув эҳтимолини назоратчи бармоқларини шақиллатиб билдирса, Лубянкада эса, белбоғининг темир тўқасига калитни уриб қўяди. Ишорат турига қараб маҳбуслар ўзи қайси қамоқда эканлигини билиб оладилар. Ушбу шақиллатиш ва тақиллатиш қамоқ доланларидаги мозор сукунатини бузувчи ягона нарсадир.
Боксда ўтирар эканман, телефон жарангини, кейин навбатчи менинг номимни тилга олганини эшитдим. Кейин бокснинг эшиги очилиб, мени доланга ундан лифт билан юқори қаватга олиб чиқишди.
Хонада эшикнинг қаршисидаги ёзув курсисида фуқаро кийимида, бақалоқ, сочи оқ, айни пайтда генераллиги сезиладиган киши ўтирарди. У аввалроқ сўроқ вақтида қисқа муддат қатнашганлиги боис, мен уни танидим. Чап томондаги сандалда бефарқ бир кўринишда таниш полковник — 9 марта мени тергаган полковник ўтирарди. Хона ичида терговчи ҳам борлигини кейинроқ кўрдим.
Оҳанг ва шакл жиҳатидан, мутлақо кутилмаган бир тарзда генерал менга салом берди:
— Ассалому алайкум, Яков Львович!
Мен “Ваалайкум” деб алик олдим, салом ва унинг шаклидан хурсанд бўлишдан кўра кўпроқ ҳайрон бўлдим. Бундай маҳкамаларда ҳозиргига ўхшаган салом бирон-бир даҳшат нишонаси ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун генералнинг ҳам ачиниб, ҳам синовчан назарини эҳтиёт қараши билан қарши олдим, ҳамда унинг навбатдаги иборасига ҳам диққат қилдим: “Профессор нега бу аҳволда?” Биринчи навбатда менга нисбатан “профессор” сўзини ишлатиши таъсир қилди. Кўриниш масаласига келсак, профессорнинг аҳволи улуғворликдан анча йироқ эди: сочим қиртишлаб олинган, ориқлаб кетган юзимда бурнимдан бошқа нарса қолмагандай эди (кейин билсам қамоқда ўн тўрт кило озибман), шалвираб турган шимимни ягона тугма ушлаб туради. Савол полковникка қаратилган бўлса ҳам, ҳаяжондан ўзимни тута олмай жавобни мен бердим: “Кўриниш, қиёфа? Яҳудий террористига хос чўчитувчи бир қиёфа бўлса керак”. Менга жавоб берган бўлиб, генерал қуйидагиларни айтди: “Яков Львович, терговда бўлган нарсаларни унутинг. Тергов — бу тергов, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин”. Мен унинг гапларида кечирим сўраш борлигини илғадим. “Энди бор гапни очиқча айтаверинг, аслида нима бўлган эди. Айтган гапларингиз учун ҳеч қандай жавобгарлик бўлмаслигига кафиллик бераман”. Тўхтамасдан, ҳеч нарса бўлмаганлигини, яъни ҳалол совет кишилари, Совет ҳукумати ва унинг ишларига содиқ кишилардан бошқа ҳеч нарса бўлмаганлигини, агар бирон нарса бўлган бўлса ҳам бу тиббий олимларни миллат жиҳатидан сунъий равишда қатламларга ажратиш ва яҳудий тиббиётчиларини тазйиқ қилиш ҳодисасини мени ва менга ўхшаганларни яҳудий буржуа миллатчилигида айблаш бўлди. Вовси борасидаги саволга, Мирон Сергеевични бир неча ўн йилдан бери билганим учун унинг минозидан келиб чиқилса, ҳеч қандай сиёсий арбоб бўла олмаслигини айтдим. Бунинг устига Вовси Улуғ Ватан уруши йилларида Қизил Армиянинг бош терапевти бўлганлиги, ҳаракатдаги қўшинда дунёда илк бор терапевт хизматини ташкил қилишнинг ўзи унинг кимлигини кўрсатиб турибди. Хуллас, мен Вовсини антисовет террористик ташкилот бошчиси сифатида ҳеч ҳам кўз олдимга келтира олмасдим. С.М.Микоэлснинг туғишган укаси ва Мирон Сергеевичнинг амакиваччаси М.С.Вовси ҳам гўё бу “ташкилот”га аъзо эмиш.
Мен ҳибсдаги, Виноградов, Вовси, Василенко, Этнигер, ака-ука Коганлар, Гринштейн, Преображенскийлар билан кўп йиллик таниш эканлигим ҳамда уларнинг барчаси том маънода ҳақиқий шифокорлар эканлиги, улардан бирортаси ақлдан озган бир ҳолатда уларга тақилган жиноятни содир этиши мумкинлигини, бироқ уларнинг барчаси бир вақтда ақлдан озиб, ушбу жиноятга қўл урган, деб ўйлаган кишининг ўзини ақлан соғлом деб бўлмаслигини айтдим.
“Маърузам” қанча чўзилганини билмадим, бироқ мен фақат ўзимни эмас, совет тиббиётини, совет фанини, умуман, соғлом идрокни ҳимоя қилганлигимни биламан. Ҳибсга олинганлар бўйинларига олганлигига қарамай, мазкур маҳбуслар ўз беморларини террор йўли билан нобуд қилганликлари ҳақидаги айблов тўлалигича уйдирма, бўҳтон эканлигини, яъни генералнинг ўзи айтганидек, “тергов пайтида ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини” тасдиқлашга интилдим.
Барча гапларимни тинглаб, генерал менга сўнгги саволини берди:
“Америка масаласи-чи? Бу ҳақда ўзаро гап-сўзлар бўлгандир?”
Гап менинг Америкага кетиш ниятим бор-йўқлигида эканлигини сездим-у, кўзларимга ёш келди. Жавобим қисқа бўлди: “Мен коммунистман, бутун умримни ўз мамлакатимга бағишладим, қизларим комсомол, ҳеч қанақа Америка-памерика йўқ менинг хаёлимда”.
Менга деганларимнинг ҳаммасини ёзиб бериш таклиф этилгач, генерал анчадан бери лоқайд бир қиёфада ўтиргандай кўринган полковник томон ўгирилиб, якун ясагандай бўлиб деди: “Ҳаммаси равшандай”. Унинг жавоби ҳам: “ҳа, равшан” бўлди. Хонадан чиқаётиб унинг ёнидан ўтар эканман: “Мана энди… қандайдир қўлкишанларми-ей…”
Унинг бу йўсиндаги кечирим сўрашига мен: “Нима ҳам қилардик, ҳар кимнинг ўз техникаси бўлар экан. Масалан, менда микроскоп…”
…Қолган воқеалар тушимдагидай.
Шиплари паст, қизиқ бир шаклдаги кенг бир хонада пайдо бўлдим. Ўртада кароват — қамоққа хос ашқол-дашқоллари билан стол ва стул. Бу одатий бир камера эмас, балки шошилинч жиҳозланган ертўла бўлиб кўринди. Стол устида бир неча тоза қоғоз, қаламуч ва сиёҳдон. Генералнинг таклифига кўра ўзаро суҳбатимизни батафсил ёзишим керак эди, бироқ кечган тун ҳодисаларидан толиққан ва ҳаяжонланган ҳолимда дабдурустдан ўтириб “маъруза” ёзишга мадорим йўқ эди. Назоратчидан гарчи тутумга мос келмаса ҳам, бироз мизғиб олишга рухсат сўрадим. Изн берилди, бироқ ундан фойдаланиш иложи бўлмади: ҳаяжон ҳорғинликни босиб қўйди.
Бор қоғозларни бирпасда тўлдириб ташладим, қоғоз миқдори менинг илҳомим кўламини ҳеч ҳам ҳисобга олмаган экан. Яна қоғоз сўрагандим — малол келди, зеро бу ерларда баённома ҳукмларнинг лўндалигига кўникма ҳосил бўлиб бўлган. Ёзилган қоғозларимни ҳаммасини назоратчига бердим, қоғозларим тақдири менга қоронғи.
Мени энди тезлик билан бўшатишади, деб ўйладим, бироқ эртасига мени яна “қора қарға” шаклига киритиб, эски қадрдоним — Лефорт қамоғи камерасига тиқишганида менинг аҳволимни кўрсангиз эди! Наҳотки, “орган” шу даражадаги ихтирочи бўлиб, бўлган воқеалар саҳналаштирилган бўлса! Уларнинг мушук-сичқон ўйинини ёқтириши ва ўйин мушук ғалабаси билан тугайдиган турли ижодий ранг-баранг қилғилиқлари борлиги аён эди. Йўғ-е, деб ўйладим, ҳаммаси жуда ҳам сидқидилданга ўхшайди. Лекин Лефорт минтақасида иқлим анча юмшагани равшанлашгани билан ҳам барибир ғулғула мени тарк этмади.
Муҳими, тергаш-суриштириш тўхтатилди. Аввал бошида кўникилган соатларда кутдим, бироқ ётар палла келди ҳамки, мени ҳеч ким безовта қилмади. Ўзимча, қўшни этигининг тарақ-туруғи билан ечилиши ва гумбурлатиб отилишини ҳар кеча эшитиб, сўнг бемалол уйқуга кетадиган ҳардамхаёлга ўхшаб қолганлигимни сездим. Зеҳним Лубянкага келтирилишимнинг давоми бўлишини англарди, бироқ ҳануз ташқи оламдан узиб ташланган ҳолда сақлардилар. Охири қандай тугаши ҳақида ҳар қанча ўйламай, ҳеч вақт фикримга тўлиқ оқланишни йўлатмас эдим, зеро Лефорт қамоғи тутқунларидан бу ҳануз ҳеч кимга насиб этмаганди, бунинг устига, ўша замон — Сталин замонаси ўлчовига биноан мен унча тоза ҳисобланмасдим: Маленковни сўкканман (Хайриятки, Сталинни эмас, бўлмаса пешонамдан отишлари нақд эди), яҳудийларга баъзан муносабат нотўғри бўлганлигини тасдиқлаганман… Шунинг учун ҳам якун сифатида кўз ўнгимга сургун, нимагадир Гурев шаҳрига — сургун қилиниши келаверарди. Бир масалада қатъий қарорга келиб қўйгандим: агар четга чиқариб юбориш билан мамлакат ичида сургун қилинишлардан менга танлаш имконияти берилса, мен ичкаридаги сургунни танлардим, чунки вазият ўзгаргандан кейин ўз мамлакатимда одатий ҳаётга қайтишим имконияти бўларди. Вазият ўзгариши масаласида менда ҳеч қандай иккиланиш йўқ эди. Сталин замонасининг алламбало бир алғов-далғов аломатлари юзага чиқиб қолган, жиноятчи содир этмаган жиноятлари учун самовий орзулар оғушида ўз-ўзига жазо танларди.
То йигирма биринчи мартгача шу алфозда давом этиб, ўша кундан эса мени Лубянкага кўчириш қайта бошланди. Бу гал мени бирваракайига ўн-ўн икки киши ўтирган катта хонага олиб киришди. Ўтирганлар орасида фақат ўша таниш полковник, кўкрагига “Фахрий чекист” нишони тақилган ҳарбий кийими билан ажралиб турар, қолганлари одми кийимда эдилар. Полковник йиғилишни, агар уни жўн бир йиғилиш турига киритиш мумкин бўлса, олиб борарди. У кўпроқ бамайлихотир суҳбатга ўхшаб, барча аъзолар ҳеч қандай чекловсиз иштирок этиб, фикр билдириши мумкин эди, муҳими шундаки жиноятчи ҳисобланиш ҳам бундан истисно эмас. Мен генерал ҳузурида, суриштириш ва тергаш жараёнида айтганларимни такрорладим.
Йиғилишдаги (ўша кезларда мен билмай буни суд деб ўйлаган эканман) муҳит мени ажаблантирди, бинобарин, бу ерда мени айблашмас, балки менга уқтиришарди. Орадан анча-мунча вақт ўтгандан сўнггина бу суд эмас, балки давлат комиссиясининг МГБ ичида ўйлаб чиқарилган “шифокорлар иши”ни қайта кўриб чиқиш йиғилиши эканлигини фаҳмладим. Менимча, совет фуқароларининг турмуш маромини, жумладан, уларнинг конституцияда кафолатланган фуқаролик ҳақларини тиклаш бўйича СССРнинг янги ҳукуматининг илк тадбирларидан бири мана шу эди. Гарчи бу ғайриодатий йиғилиш якунида ҳеч қандай қарор, кўрсатма қабул қилинмаган бўлса-да, мен йиғилишдан кетишда ўзимни айбланувчи деб ҳис этмадим, барибир. Охирида бўлса ҳам полковникка бир савол беришдан тийина олмадим: Мен Совет жамиятига тўлақонли фуқаро сифатида қайта олармиканман?” Жавоби ўйлантирадиган, тагдор бўлиб чиқди: “Бу сизга боғлиқ, сизнинг кечаётган ҳодисаларга қандай қарашингизга боғлиқ”. Ушбу йиғилишдан сўнг яна мени камерамга қайтаришди.
Китоб ўқиб ўтирган эканман (номи-ю муаллифи эсимда йўқ) камерага ўқдай отилиб назоратчи кирди ва лаш-лушларимни тезлик билан йиғиштиришимни талаб этди. Қаерга, нимага ва қанчага кетаётганимдан у мутлақо бехабар эди, мени бўшатиб юборишлари ҳақидаги фикр унинг ўйига сиғмас эди. Қолган-қутган емак-ичмакларимни олсаммикин, деган саволимга у: “Олавер, олавер, борган жойингда асқотади”, деб жавоб берди.
Яккалик камерам билан айрилиш ажиб бир туйғу ҳосил қилди. Бу ерда бутун бошли умр мажмуаси жам бўлгандай эди: оғир кечинмалар, турли таассуротлар билан бир қаторда остонадан ҳатлаб чиқсам мени нима кутаётган экан деган хавотир — булар ҳаммаси йиғилиб бир унсурга — ноаниқ бир нимага айлангандай, бу ерда кўнглимнинг бир қисми чўкиб қолаётгандай.
Яна ўша Лубянка ҳовлиси, ўша таниш киравериш ва қўлимда тугуним билан ўтирганим бокс-чулан. Телефон жиринги ва ундан сўнг навбатчининг менинг исмимни тилга олишини эшитаман.
Эшик очилади, қовоғи солиқ, чўтир капитан кузатувида лифтда юқорига кўтариламан ва ёлғиз ўзим (капитан эшик ортида ҳолида) ҳайҳотдай хонага кираман. Бу ерда мени сочига оқ оралаган бақалоқ генерал кутиб олади. У “Салом, Яков Львович” деб менга қўлини узатди. Қўл қисишдик, шуниси ўзи мен учун жуда катта гап, умидли гап эди.
— Аҳволлар қалай, Яков Львович? — деб сўрайди генерал.
— Мени вазиятимдаги киши аҳволи қанақа бўларди? — деб саволига савол билан жавоб бердим.
Генерал менга қандайдир дардкашлик билан, ҳатто қизиқувчанлик билан тикилгандай бўлиб, хонада у ён-бу ён юриб, сўнг менга мурожаат қилди:
— Хўш, сизнинг ишингиз бўйича тергов тўхтатилиб, тўлиқ оқланганингиз ҳамда бугуноқ бўшатилишингизни билдириш учун таклиф қилдим.
Йиғлаб юбордим…
— Тезда уйингизда бўласиз, сизни кузатиб қўйишларини буюрдим, — деди генерал ва давом этиб, — турли қоғозвозлик, расмиятчилик учун бир ярим соатлар вақт кетади. Пастда телефон бор, қўнғироқ қилиб уйингиздагилар сизни кутиб олишини айтиб қўйсангиз ҳам бўлади…
Эркинликда ўзимни қандай тутишим, яъни қамалиш ва қамоқда бўлган вақтимда бўлган нарсалар ҳақида чурқ этмаслигим керакмасми деган маънода савол бердим ва шундай жавоб олдим: “Ғайриқонуний ва асоссиз равишда қамалган инсон ўзини қандай тутса, шундай тутасиз”. Шундай деб у хайрлашди ва менга тилак тилади (мазмуни ҳозир эсимда йўқ). Мен эса, ўша сепкилли капитан кузатувида Лубянка доланидан сўнгги бор йўл юрдим. Ўзимга-ўзим бир нарсалар деб валдирадимми ёки юзимда қандайдир бир нарса акс этганиданми, ҳарҳолда менинг кузатувчимнинг метиндай қимир этмас юзида ҳам жилмайишга ўхшаш нарса кўринди…
Қўлимда 1953 йил 3 апрел санаси қўйилган СССР Ички ишлар вазирлигининг маълумотномаси. Унинг матнини тўлиқ келтираман:

МАЪЛУМОТНОМА

1898 йилда туғилган фуқаро Яков Львович Рапопортга берилган шу ҳақдаким, у 1953 йилнинг 3 февралидан 1953 йилнинг 3 апрелигача СССР Давлат хавфсизлигининг собиқ вазирлигида тергаш ишлари юзасидан бўлди.
РСФСР жиноий-процессуал кодексининг 5-моддасига биноан Я.Л.Рапопорт иши бўйича тергов тўхтатилди.
Я.Л.Рапопорт ҳибсдан тўлиқ оқланиб, озод қилинди.

СССР ИИВ (МВД) бўлим бошлиғи А.Кузнецов.

Миямга ярқ этиб урилди: “…Давлат хавфсизлигининг собиқ вазирлиги-да! Тақдиримда кутилмаган ва кескин ўзгаришларга олиб келган улкан ўзгаришлар бўлибди-да, қамоқдалигимда! Бир зумда шуларни англадим-у, бироқ бу ўзгаришлар тани менга қоронғилигича қолаверди.
Маълумотномани ўқиб чиққанимдан кейин ҳибсга олинишимда тортиб олинган паспортим, фан доктори дипломим, профессорлик аттестатим ҳамда партия билетимни қайтариб беришди. Партбилетим ҳатто маълумотномадан ҳам кўпроқ озодлигим рамзи эди. У мени фақат жиноий боқимдангина эмас, партиявий, ижтимоий-сиёсий назардан ҳам оқланганим гувоҳи бўла оларди.
“Қоғозбозлик тизими” бўш келмади: “барча ҳужжатларим билан ҳам мени қайтадан ўша боксга жўнатишди. Бўлаётган ҳодисалар ҳужжатли, аниқлигига қарамай, мени охирига бориб ҳамма нарса оёғи осмондан келса, бирор зўр чиқиб оқимни орқага ўзгартириб юборса нима қиламан, деган шубҳа қийнарди…
Каталогимнинг хонаси икки бор очилди, икки гал отилиб чиқишга шай эдим, бироқ эшик яна ёпиларди. Биринчи марта нарсаларим солинган тугун беришди, иккинчисида, тугунда кўзойнакнинг ғилофи бор-йўқлигини бир ташвишли овоз билан суриштиришди ва уни ҳеч қаердан топилмаётганини ҳам айтишди. Ростдан ҳам, бир тийинга ҳам қиммат ғилоф бўлган эди, бироқ у топилгунча мени ушлаб туришларидан чўчиб, менимча, ғилоф бўлмаган эди, дедим. Ҳа, чиндан ҳам, бу ерларда тартиб бор…
Тоқатсизланардим. Генералнинг бир ярим соат вақт кетади деган ваъдасига орқа қилиб (ундан кўп вақт кечган эди) муштим билан, ҳатто оёғим билан эшикни тақиллата бошладим. Эшикни очган аскарий киши, сиздан олиб қўйилган қийматли нарсаларингизни қайтаришга ҳам анча вақт кетади, деди. Аввал фаҳмламадим. Кейин билсам, гап облигация қоғозлари ва орденлари устида экан. Қайтарилган мукофотлардан Ленин орденини дарҳол пиджагимга тақиб олдим, ниятим: хотиним кўрган заҳоти, маълумотномани ўқиб чиқмасданоқ озод бўлганимга қаноат ҳосил қилсин. Кўкрагимда Ленин, чўнтагимда бошқа орденлар билан яна боксга қайтдим. Ҳарҳолда, бу жой дунёга келганидан буён менга ўхшаган маҳбусни кўрмаган бўлса керак.
…Москва бўйлаб тунги йўл юриш мазкур юришнинг таассуротларини ифодалашга ожизман. Қайғули сир-асрорлари афсона ва даҳшатларига тўла нариги дунёнинг тубсиз-чексиз уммон гирдобларидан, қайтиб келмас ердан қайта келгандай, қайта туғилгандай. Ўша кездаги ҳолатимга кучли ҳаяжонли портлашгина мос келарди, лекин ундай бўлмади, фақат тунги Москванинг кишилар сийраклашиб қолган таниш бинолари, кўчалари томошасидан ва Горький кўчасидаги нурли рекламадан майин бир лаззат олдим. Ҳамма нарса жойига тушганида, ҳозир Моссовет майдони, ундан сал кейин Пушкин ҳайкалини кўришим тайинлигидан хушнуд эдим.
Мени олиб кетишаётгани йўқ, балки ўзим кетяпман, мана, хоҳласам, машинани тўхтатиб ундан тушиб қолишим мумкин деган фикр ҳам ўтиб турди. Лекин мен ёлғиз эмасдим, икки кузатувчим бўлиб, улар бегуноҳ азоб тортган профессорга бир иззат-эътибор белгисидай эди. Менинг йўлдошларимдан бири кексароқ полковник орқа ўриндиқда ўтирар ва юрагини қўли билан ушлаб оғриқдан шикоят қиларди, мен эса ачиниб, маслаҳат бердим…
Машина Новопесчаная кўчасига бурилиб, темир дарвозадан ўтиб ҳовлига кирди ва тўхтади. Учаламиз машинадан тушиб, кираверишдаги телефондан хотинимга соғ қайтганлигимни билдириб қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аммо қайтганлигимни дастлаб хотиним эмас, балки тўртинчи қаватдан, мен подъездга киришим билан, Тоиси лақабли қора итчамиз хурсанд ҳуриб, уйга бутун келганлигимни ҳамда “шифокорлар иши” тугатилганини маълум қилди.
Палтом тугмаларини ечиб олдимни очиб юбордим, мақсад кўкрагимда Ленин ордени борлигини хотинимга кўрсатиш эди, у кўрди…
Кузатишиб келган полковник қўнғироқ қилиб олишга рухсат сўради, мен эса унинг гапларини беихтиёр эшитишимга тўғри келди.
— Ўртоқ генерал, — деб ҳисоб берди у, — Яков Львовичнинг уйидан қўнғироқ қиляпман.
Генералнинг саволига жавоб берди шекилли:
— Ҳа, кўзёшлари ҳам, хурсандчилик ҳам… — деди.
Ва ниҳоят хотиним иккаламиз қолгандагина ўз уйимдалигимга қаноат ҳосил қилдим. Бемалол у хонадан бу хонага шунчаки юришим, истасам ошхонага ёки ваннага киришим мумкин эди. Мен озод, эркин эканлигимни туйдим. Хотиним ётишим кераклигини айтди (тун оғиб қолган эди), бироқ ҳаяжоним шу даражада эдики, уйқу тўғрисида гап бўлиши мумкин эмасди, гўё уйқу эркинлигим устидан золимлик қиладигандай.
Ваннага кириб соқол олишни истаб қолдим, гарчи бунинг зарурати бўлмаса-да, ўз соқол олиш асбобим, ўз сочиғим, ўз ойнамдан фойдаланиш иштиёқи шундай қилдирди. Бу мен учун озодлик рамзи эди.
Хотиним тўсатдан сўраб қолди: “Иосиф Виссарионович ўлганидан хабаринг борми?” Ҳеч кутилмаган бу савол кейинги чоғларда мени қуршаб олган зулматни ярқ этиб ёритиб юборган яшиндай менинг ва менга ўхшаганларнинг тақдиридаги ўзгаришни равшан қилиб юборди. Давлат хавфсизлиги вазирлиги нима учун собиқлигини ва бундай ўзгаришлар совет халқи ҳаётида якка эмаслиги ҳамда бу эврилишлар барчаси бир кишининг ўлими билан боғлиқлигини англадим.
Ушбу фожиа, ушбу қисмат менинг ҳаётимни асраб қолганлиги ҳақидаги фикр миямга урилди. Бироқ бу фожиа аввалроқ қаёқда эди, ахир минглаб кишилар бунга ета олмади-ку, деган ўй ҳам келди.
Тўртинчи апрел тонгида радиодан мен ҳеч қачон унута олмайдиган қуйидаги хабарни эшиттиришди:

СССР Ички ишлар вазирлиги билдириши

СССР Ички ишлар вазирлиги Совет давлати арбобларига қарши террористик, жосуслик ва зараркунандалик ишларида айбланган шифокорлар гуруҳининг дастлабки тергов материалларини синчиклаб текшириб чиқди. Текшириш натижасида профессор М.С.Вовси, профессор В.Н.Виноградов, профессор М.Б.Коган, профессор Б.Б.Коган, профессор П.И.Егоров, профессор А.И.Фельдман, профессор Я.Т.Этнигер, профессор В.Х.Василенко, профессор А.М.Гринштейн, профессор В.Ф.Зеленин, профессор Б.С.Преображенский, профессор А.А.Попова, профессор В.В.Закусов, профессор А.Шершевский, шифокор Г.И.Майоровлар собиқ Давлат хавфсизлиги вазирлиги томонидан нотўғри ва ҳеч қандай қонуний асоссиз (мазкур иш бўйича) ҳибсга олиниб терговга жалб этилганликлари маълум бўлди.
Текшириш шуни кўрсатдики, номи тилга олинганларга нисбатан қўйилган айбловлар сохта ҳамда тергов ходимлари таянган ҳужжатли маълумотларнинг эса таги бўшдир. Аниқландики, давлат хавфсизлиги вазирлиги тергов бўлими ходимлари томонидан маҳбуслардан олинган уларнинг айбини тасдиқловчи кўрсатмалар совет қонунларида қатъиян ман этилган тергов усулларини қўллаш билан олингандир.
Ушбу ишни текшириб чиққан СССР Ички ишлар вазирлиги махсус тергов комиссияси хулосасига кўра, мазкур иш бўйича ҳибсга олинган М.С.Вовси, В.Н.Виноградов, Б.Б.Коган, П.И.Егоров, А.И.Фельдман, В.Х.Василенко, А.М.Гринштейн, В.Ф.Зеленин, Б.С.Преображенский, А.А.Попова, В.В.Закусов, А.Шершевский, Г.И.Майоров ва бошқалар уларга қўйилган террористик, зараркунандалик, жосуслик айбловларидан РСФСР жиноий кодексининг 4- ва 5-моддалар бўйича мутлақо оқланганлар ва ҳибсдан озод этилганлар. Терговни нотўғри йўл билан олиб борган айбдорлар ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилганлар.
Мана шу тарихий бир билдириш остида “Правда” газетасида учта кичик хабар босилган эди. Уларнинг сарлавҳасига эътибор беринг: “Мичурин боғларида баҳор”, “Она-Ер бўйлаб саёҳат”, “Ишчилар ўз савияларини кўтармоқдалар”. Бу хабарлардан кейин, газета саҳифасининг энг тагида “СССР Олий Совет Президиумида” рубрикаси остида қуйидаги билдириш босилган эди:
“СССР Олий Совети Президиуми ўзининг 1953 йил 20 январдаги шифокор Л.Ф.Тимашукнинг Ленин ордени билан мукофотланиши борасидаги фармонини, ҳозирги пайтда юзага қалқиб чиққан воқеаларга суянган ҳолда нотўғри деб ҳисоблайди ва уни бекор қилади”.
Журнал нашр саҳифалари чегараланганлиги боис, мен ўша кунлар, менинг умримдаги энг бахтли кунлар ҳамда ундан кейинги куну ойлар фақат менинг эмас, балки кўпчиликнинг тақдирида муҳим ва қизиқарли воқеа-ҳодисалар ҳақида тўлиб-тошиб батафсил баён қилишимга имкон бермайди. Бироқ бир ҳодиса, “шифокорлар иши”нинг сўнгги нуқтаси бўлмиш ҳодисани, яъни ушбу ишни бошлаб берган, фақат худонинг шафқати туфайлигина ишни охирига етказа олмаган кишилардан бирининг қисмати билан боғлиқ ҳодисани ушбу мақолага қўшмаслигимнинг имкони йўқ. Бунинг учун мен 1954 йилнинг 23 июлида марказий газеталарда чоп этилган бир хабарни кўчириб бераман, холос.

СССР ОЛИЙ СУДИДА

1954 йилнинг 2—7 июл кунлари СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси ўзининг суд йиғилишида РСФСР Жиноят кодексининг 58-7-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбланувчи М.Д.Рюминнинг ишини кўриб чиқди. Суд тергови аниқлашича, собиқ Давлат хавфсизлиги вазирлигида аввал катта терговчи, кейинроқ махсус муҳим ишлар бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган чоғида Рюмин, ўзининг мансабпарастлик ҳирсини амалга ошириш учун совет халқининг яширин душмани сифатида ҳаракат қилиб, тергов маълумотларини сохталаштиради ва туҳматдан ташкил топган иш яратади. Ҳамда шунга асосан қатор совет фуқароларини, жумладан, кўзга кўринган тиббиёт ходимларини ҳибсга олади.
Судда гувоҳлар берган кўрсатмаларда Рюмин совет қонунлари тергов жараёнида қўллашни ман қилган усуллар билан маҳбусларнинг ўзларига ва ўзгаларга қарши Ватанга хоинлик, зараркунандалик ва жосуслик қилганликлари ҳақида кўрсатма беришга зўрланган.
Кейинги тергов суриштиришларидан маълум бўлдики, бўйнига мазкур айбловларни олган маҳбуслар фаолиятида ҳеч қандай жиноий ишлар бўлмаганлиги учун бу ишга тортилган фуқаролар тўлиқ оқландилар.
Рюминнинг зараркунандалик фаолияти ниҳоятда хавфли эканлиги ҳамда унинг жиноятлари оқибатлари оғирлигини ҳисобга олиб, СССР Олий Судининг Ҳарбий Коллегияси Рюминни олий жазога — отишга ҳукм қилди.
Ҳукм ижро этилди.

Бахтиёр Ўрдабек таржимаси.

“Дружба народов” журналининг 1988 йил 4-сонидан олинди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон