Олимжон Суяров (1991)

Олимжон Суяров 1991 йили туғилган. Гулистон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

ТУН

Ярим тун, ёмғирлар тирнар деразам,
Туюлар шамолнинг тирноғи каби.
Гўё мен ўзимни тутиб бермасам,
Бостириб киргудай кўринар таъби.

Бутун нигоҳимни ойнага тираб,
Қишки дарахтлардай қолдим мунғайиб,
Нажоткор сўз излар лабларим титраб.
(Наҳот, ҳамон қўрқсам шунча улғайиб).

Яшириб не қилдим қўрқаман ҳамон,
Шу тун ваҳимаси уйқум ўчирди.
Ахир, олисдаги муштипар онам,
Тунги шамоллардан жуда чўчирди.

БАҲОР

Сен очган гулларнинг чечаги
Аритар қаҳратон зангини.
Қиёфанг ҳамон шу – кечаги,
Айт, баҳор, шодлигинг янгими?

Табассум югуриб лабимга,
Дарахтдан излардим куртакни.
Сўнг таскин берганча қалбимга,
Овутиб қўярдим юракни.

Кунларга тарқатиб таскинлар,
Мен кутиб яшардим кўкламни.
Шаънингга ўқилди таҳсинлар
Ва гулга кўмдинг сен ўлкамни.

Шамолнинг ҳам силласи қуриб,
Дарахтни уйғон деб силташар.
Куртаклар кетади барқ уриб,
Юраклар гупирар, дил тошар.

Майсани оҳиста авайлаб,
Ёмғирни бир майин тўкардинг.
Қалбимга қувончлар жо айлаб,
Илк бора юракда кўкардинг.

АРИ

Дераза олдида изиллар ҳамон,
Хонага қамалиб қолган бир ари.
Ўзини уради ташқари томон,
Аммо ҳеч ўтолмас ойнадан нари.

Ҳадеб деразага бош ураверар,
Эркидан ажралиб қолган бу ари.
Лек фақат олдинга интилаверар,
Маҳкум бўлганини билгани сари.

АРМОН

Энди сени қилмам безовта,
Мени ҳам қўявер ҳолимга.
Ишқ ўтин қалаган косовда,
Чўпон бўлай бор армонимга.

Йиллар келар бўридек бўлиб,
Армонларим бир-бир ғажийди.
Ёшланади кўзларим кўриб,
Нима қилай? Жоним ачийди.

Ўртаса-да у фироқ дарди,
Йиллар этди баридан халос.
Мана, бугун соч ҳам оқарди,
Лек битта армоним йўқолмас.

У титади юрак қўримни,
Кул ичидан ҳамон чўғ излар.
Йиллар бўлиб келган бўрини
Ўша армон бир-бир бўғизлар.

***

Юрагингиз кўзлаб қоқ,
Отган эдим найзалар.
Бу ўқларим энди, оҳ,
Ўз кўксимга қайтсалар.

Севгим изҳор айлашга
Нетай? Етмади қурбим.
Орзуларим алмашган,
Армондан қаср қурдим.

Дил ярам битмас ҳануз,
Нигоҳингиз ўқ урган.
Борай дейман-у, афсус,
Никоҳингиз ўқилган.