Нодира (1792-1842)

Моҳларойим — Нодира XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод этган машҳур шоира, давлат арбоби, маданият ва адабиёт ҳомийсидир. Шоира 1792 йили Андижон ҳокими Раҳмонқулбий оиласида таваллуд топди. Унинг онаси Ойшабегим маърифатли аёл бўлган. Ўзининг оилавий силсиласига кўра Бобур наслига мансуб бўлиб, шоиранинг ота-онаси ҳам даврнинг эътиборли кишилари эдилар.

Моҳларойимнинг таълим-тарбияси шу муҳитда камолотга етди ва у таҳсил йилларида халқимизнинг тарихи, маданияти, илм ва адабиёти равнақидан яхшигина хабардор бўлиб ўсди.

Моҳларойим шеъриятга жуда эрта ҳавас қўйди. Устоз Навоий, Жомий ва Бедил каби алломаларнинг асарларига бўлган эътиқодмандлик билан руҳан баркамоллашиб борди.

Маълумки, бу йилларда Қўқон хонлигини Олимхон идора қиларди. Унинг укаси Умархон эса Фаргона водийсининг нуфузли шаҳарларидан бўлган Марғилонда ҳоким эди. 1807 йилларда илгаридан бир-бирларига кўнгил қўйиб, севишиб келган Умархон ва Моҳларойим турмуш қурадилар. Шу муносабат билан Моҳларойим Марғилонга келади. Кўп ўтмай Қўқон хонлигида давом қилиб келаётган зиддиятлар оқибатида 1810 йили Олимхон қатл этилиб, унинг ўрнига Умархон тахтга кўтарилади. Шундан бошлаб Моҳларойим тақдири Қўқон билан боғланиб қолади. Унинг шоира сифатида кенг кўламда ижод майдонига кириб келиши ҳам шу йилларга тўғри келди.

Нодира Қўқонда хон саройида экан, давлат ишларидан ҳам воқиф бўлиб борарди. Хусусан, адабиёт ва санъат аҳли билан яқинлашишга, кўп асрлик адабиётимиз йўлидан бориб, давр шеъриятини юқори кўтаришга астойдил киришади. Моҳларойим ва Умархоннинг оиласида икки ўғил туғилади. Муҳаммад Алихон ва Султон Маҳмудхонлар ўсиб-улғайиб борадилар. Умархоннинг 1822 йили бевақт вафотидан кейин ёш Муҳаммад Алихон давлатни бошқаришга киришади. Нодира ҳам ёш ўғлининг ёнига кириб мамлакатни бошқариш ишида фаол иштирок эта бошлади.

Нодира давлат ва мамлакат ишларини тадбир ва адолат билан идора қилишда ҳомийлик намуналарини кўрсатаркан, бу йилларда мамлакатда нисбий осойишталик сақланди. Қўшни ўлкалар ва уларнинг ҳукмдорлари билан савдо-сотиқ ва бошқа соҳаларда келишувлар амалга оширилди. Нодиранинг мамлакатдаги қурилишлар соҳасидаги олиб борган ишлари, маданият ва адабиёт борасида кўрсатган ташаббускорликлари шоира девонининг дебочасида таъкидлаб ўтилган.

Шоира келтирган бу маълумотларни унинг замондошлари Нодир, Хотиф ва Мушриф каби тазкира ва тарих асарларининг муаллифлари тўлдирадилар ва тасдиқ этадилар. Шоир Нодир Моҳларойимга бағишлаб ёзган «Ҳафт гулшан» достонида уни олимларга, фозилларга аҳамият бергани, истеъдодли шоирларни ижодга ташвиқ этгани, айниқса, хотин-қизлардан чиққан шоира ва фозилаларни ўз ҳимоясига олгани ҳақида гапиради. Ўша даврда яшаган қози Абдунаби Хотифнинг Нодира ҳақидаги хотиралари ва шоиранинг ҳаёти ҳамда ижтимоий фаолиятига бағишланган, аммо тамомланмай қолган воқебанд достонида шоиранинг илмий ва ижтимоий фаолиятини ишонарли далиллар билан кўрсатишга ҳаракат қилади. Хотиф «Асар ёзишдан мақсадим Нодиранинг оқила, фаҳмли, илм ва сўзнинг қадрига етадиган донишманд аёл эканлигини кўрсатишдир», дейди.

Нодиранинг маданият ва адабиёт ҳомийси сифатидаги сарварлиги алоҳида таъкидланади: «Умархон вафотидан сўнг, — деб ёзади Хотиф, — бу иффат садафининг инжуси кунларни ҳасрату фироқ билан шу тариқа ўтишини ношукурчилик деб билди. У гулистондек Чаҳорчаман боғига бориб, Фарғона, Тошкент, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳарлардан фозиллар, олимлар, хаттотлар, наққошларни ўз хизматига чақиртириб келди. Мамлакат хирожларидан беҳисоб тилла ва жавоҳирларни сарф қилиб бир мадрасаи олий, нақшдор масжид, ҳаммом, карвонсарой бино қилдирди ва мадраса, масжидларга ҳисобсиз вақфлар тайин қилди… Бу кунларда яна китоблар ёздириш ва уларга зеби зийнат беришга фармон қилиб, бир китобхона бино эттирди. Ундаги котиблар, хаттотлар, наққошларга шундай карам ва эҳсонлар кўргуздики, бунинг овозаси атроф оламга машҳур бўлди. Амударёнинг бу томонидаги ёқутқалам котиблар, Мирали рақам роқимлар, Моний каби мусаввирлар бу ерга жамъ бўлдилар. Шундай қилиб, бу аёл ақлу дониш ва яхши фазилатлари билан ягонаи замона, «Нодираи даврон» бўлиб танилди ва халқлар таҳсинига сазовор бўлди»[1].

Бироқ хонликлар ўртасида давом этиб турган муттасил келишмовчиликлар Моҳларойимнинг ўз фаолиятини кенг равнақ топтиришига раҳна солиб турар эди. Оқибат шунга олиб келадики, Бухоро амири Насрулло турли важ-корсонлар билан Қўқон устига бостириб келиб, гўё бу ерда изидан чиққан шариат қоидаларини низомга солмоқчи бўлади. Хонликнинг ҳамма эътиборли кишиларини таъқиб этади ва Моҳларойимни икки ўғли — Муҳаммад Алихон, Султон Маҳмудхон ва набираси Муҳаммад Аминхонни ваҳшийларча қатл этади.

Ўзбек халқининг ажойиб шоирасининг ҳаёти шу йўсинда фожиали якун топади.

Нодира ўзбек мумтоз адабиётидаги улкан бир босқичнинг намояндасидир. Шоира яшаб ижод этган даврда Қўқон хонлигида ўзбек адабиёти кенг ривож топиб, ўзига хос адабий муҳит вужудга келади. Бу адабий муҳит бошида Қўқон хони, Нодиранинг умр йўлдоши Умархон — Амирий турарди.

Моҳларойимдан бизгача ўзбек ва форс-тожик тилларида «Комила», «Нодира» ва «Макнуна» тахаллуслари билан яратилган лирик асарлардан иборат катта мерос етиб келган.

Нодиранинг ҳаёт йўли ва адабий мероси ҳақида Лутфулла Олим, Фитрат, С. Айний, В. Зоҳидов, В. Абдуллаев, Ўткир Рашид, Т. Жалилов каби олим, шоирлар ва айниқса, унинг ўз даври адабиётидаги ўрни ҳақида А. П. Қаюмов яратган тадқиқотлар диққатга сазовор. Адабиёт тарихига оид манба ва тазкираларда Нодиранинг катта мерос эгаси эканлиги қайд этилса-да, лекин 60-йилларгача ҳам шоира лирикасининг жуда кам қисми маълум эди. Кўп йиллик изланишлар натижасида шоира меросининг бир қатор манбалари аниқланди. Ушбу сатрлар муаллифининг тинимсиз изланишлари натижасида шоира девонининг қўлёзмалари топилди, уларни ўрганиб, таҳлил этиш бўйича илмий ишлар давом эттирилди. Натижада ўтган давр ичида Самарқанддан шоиранинг Комила тахаллуси билан ўзбек ва форс-тожик тилларида жамланган, ўзи барҳаётлик даврида кўчирилган девони маълум бўлди. Ўз навбатида шоиранинг Нодира тахаллусидаги асарларидан иборат девони Наманган шаҳридан топилди. Тошкентда эса Макнуна тахаллуси билан яратилган форс-тожик тилидаги шеърлари жамланган яна бир девони аниқланди[2].

Шоиранинг Комила тахаллуси билан жамланган катта илк девони ўз даврида машҳур бўлган. Кейинчалик шоиранинг маданият ва адабиёт соҳасидаги фавқулодда ташаббускорлик фаолияти ва гўзал истеъдодини тақдирлаган замондошлари унга «Нодираи даврон» номини муносиб кўргач, Нодира девони ҳам юзага келган эди. Айни пайтда шоиранинг форс-тожик тилидаги девонига сўзбоши ёзган номаълум адибнинг таъкидлашича, ушбу девон Умархон вафотидан сўнг жамланган бўлиб, ундаги форсий шеърларга шоира теварагидаги фозилларнинг маслаҳати билан Макнуна тахаллуси қўйилган. Шундай қилиб, бу учта тахаллусда ёзилган девонлар ўн минг мисра атрофидаги шеърларни ўз ичига олади.

Нодиранинг ўзбек ва форс-тожик тилидаги девонлари шу тилларда ёзилган дебочалар билан бошланади. Ушбу дебочаларни шоиранинг ҳаёт йўли, ижод боскичлари, уни ўраб турган адабий муҳитнинг хусусиятлари, сўз бораётган девонларнинг мундарижалари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлган манба сифатида баҳолаш мумкин.

Шоиранинг юқорида сўз бораётган девонлари қўлёзмаларини кўздан кечирар эканмиз, уларда Шарқ адабиёти, хусусан, ўзбек адабиётининг тематикаси, жанр хусусиятларига хос бой манзарани кўрамиз. Айни пайтда Моҳларойим ўтмишнинг теран анъаналаридан баҳраманд бўлиб яратган ғоявий ва бадиий етук асарлари алоҳида диққатга сазовордир.

Нодира ижод борасида Алишер Навоийни ўзига устоз деб билди. Навоий ижодининг асосий мазмуни унинг инсонпарварлиги билан изоҳланади. Нодира инсоннинг руҳий ҳолатини баланд оҳангларда тараннум этади. Шоирнинг «Азиз» радифли ғазалининг:

Келди ашраф барча олам аҳлидин,
Йўқтурур дунёда инсондин азиз. —

мисралари бевосита Навоийнинг «Жондин сени кўп севарман, эй умри азиз» сўзлари билан бошланувчи рубоийсини эсга солади.

Нодира шеърият майдонига қадам қўяр экан, бу йўлда Жомий, Фузулий, Бедил, Бобур ва Машраб шеъриятидан ҳам баҳраманд бўлди. Нодира шу улуғ устозлари изларидан бориб, асарларида инсонни ўраб турган борлиқ ва унинг нашъу намоларидан баҳра олди. Нодира ҳаётни севади, уни қадрлайди, у Муҳаббат Аллоҳ таоло томонидан инсонлар қалбига солинган мангу ёғду эканлигини куйлади:

Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,
Гар одамсан муҳаббат ихтиёр эт!..

Куйиб эй Нодира, олам элиға
Муҳаббат шевасини ошкор эт!

Шоира ҳиммат, сабр, қаноат, номус, ҳаё хислатларини маърифат, яъни худо васлига эришишни яқинлаштирувчи манзиллар сифатида қайд этади, одам ана шу шарафли хислатларни мукаммал ўз руҳига сингдириб олиши ва уни собитқадамлик билан кўнгил ганжинасида асрамоғини образли бир тарзда тасвирлайди. Одамзод шу сифатлардан маҳрум бўлар экан, у риё йўлига кириб кетади.

Нодира ўз ижодида дунёвийлик билан бир қаторда тасаввуфнинг нақшбандия йўналишига асосланган бир бутунлик билан инсоннинг жамият ва табиатга муносабатини ҳам, илоҳий муҳаббат йўлидаги руҳий дунёсини ҳам жуда гўзал ва жонли мисраларда ифодалаб беради. Шоира учун ишқ, гўзаллик, ундан завқлана билиш керак. Ишқнинг нашъасини ҳам, дардини ҳам куйиб, ёниб куйлаш, ҳис қилиш шарафдир. Шоира «Оташ аст» радифли ғазалида:

Дар каломам нест, Макнуна, ба ғайр аз сухтан,
Дафтарам мажмуаи доғу китобам оташ аст[3].

Мазмуни:

Мен Макнунанинг сўзларида куйишдан бошқа нарса йўқ,
Дафтарим доғ тўпламию китобим оташдир, —

деб ёзган эди. Нодиранинг ишқ-муҳаббат мавзуидаги шеърларида шу муҳаббатни юксак поғонада тутиб турувчи вафо ва садоқат ҳислари ҳам улуғланади:

Бўлса то умру ҳаётим боқий,
Мени илгимдуру домони вафо[4].

Нодира инсон қалбида юксак ахлоқ-одоб чўғи бўлмас зкан, у ишқ-муҳаббатни қадрлай олмаслигини таъкидлайди ва «беадаб кирма муҳаббат даштиға», дейди.

Нодира табиат мафтуни эди. Унинг бир қатор шеърларида сафоли баҳор айёмининг кириб келиши, Наврўз туфайли шодиёна тароналарнинг бошланиши, боғларда гулларнинг очилиши билан уларнинг ранг-баранг либос кийиши, муаттар ҳидлар таратиши ажойиб образларда куйланади. Нодира шеърларида ислом руҳи, тасаввуф таълими ва ҳаёт фалсафасини чуқур идрок этган ҳолда ҳаётга ҳаммавақт умидбахш нигоҳ билан қарайди ва ундан яхшилик уруғини қидиради.

Шундай қилиб, Нодира лирикасининг мавзулар доираси қанча кенг бўлса, ундаги маънолар ҳам шу даражада залворли. Шу залворли маъноларни юзага чиқаришда шоира томонидан қўлланган бадиий воситалар унинг катта маҳоратидан дарак бериб туради.

Нодира шеъриятига қаттиқ ихлос қўйганлардан бири унинг замондоши ва издоши Дилшод — Барно (1800—1905) эди. Дилшод Нодирага алоҳида шеърлар бағишлар экан, уни «илм-адаб ва назм осмонининг юлдузи», «ушшоқлар ғазалхони», «шакар сочувчи булбул» сифатлари билан таърифлайди.

Ўз давридаёқ шеърият маликасига айланган Нодира бизнинг замонамизга ҳам нафис сўз санъаткори сифатидаги фазилатлари билан кириб келди. Нодира меросининг катта ва кичик қўлёзмалари халқимиз қўлига етиб келиши билан улар матний жиҳатдан ўрганилиб, бир қатор нашрлар юзага чиқди. Жумладан, шоиранинг 60-йилларда чоп этилган илк сайланмаси кейинча шоира асарларининг алоҳида жилдлари сифатида бойиди (Нодира. Девон, 2-жилд, 3-китоб, 1968—72-йиллар). 1968—72 йилларда шоиранинг икки том, уч китобдан иборат ўзбекча ва форс-тожик тилидаги девони мухлислар қўлига етиб борди (форсий ғазаллари насрий таржимаси билан). Нодира асарлари Тожикистон ва Афғонистонда чоп этилди, уларнинг русча таржималари Санкт-Петербурглик шарқшунос олим С. Н. Иванов таржимасида рус китобхонларига ҳам етиб борди.

1992 йилда мамлакатимизда шоира таваллудининг 200 йиллиги Қўқон, Андижон ва бошқа шаҳарларда кенг нишонланиб, пойтахтимизда ўтказилган илмий анжуманлар ва тантанали кечалар билан якунланди. Шу йилларда «Давр Нодираси», «Эй сарви равон» китоблари чоп этилди. 1994 йилда «Фан» нашриёти «Увайсий ва Нодира шеърлари»дан иборат ўзбек шоирлари баёзи туркумли яна бир янги нашрни китобхонларга ҳадя этди. Бадиий адабиётда эса Нодира образи гавдалантирилди, драма, роман, кинофильмлар яратилди. Шаҳар ва қишлоқларда бу ҳассос ижодкор номи билан аталган кинотеатрлар, кўчалар, кутубхоналар ва маданият масканлари мавжуд.

ф.ф.д. М. Қодирова

[1] Қаранг: М. Қодирова. Нодира (ҳаёти ва ижоди), ЎзР ФАнинг «Фан» нашриёти. Тошкент, 1965, 91—97-бетлар.

[2] Шоира девонларининг қўлёзмалари ЎзРФА Беруний номидаш Шарқшунослик институти ва Ҳ. С. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти фондларида сақланмоқда.

[3] Нодира. Асарлар, 2-жилд, 1-китоб, 228-бет.

[4] Нодира. Эй сарви равон, 20-бет.