Яшаб қолишга имкон берилган адиб (Андрей Платонов)

Ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб, ўзининг серқирра, аммо ўта машаққатли ижоди билан рус адабиётида чуқур из қолдирган ёзувчи Андрей Платонович Платонов 1899 йил 1 сентябрда Россиянинг Воронеж шаҳрида темирйўл ишчиси оиласида дунёга келди. Биз сўз аввалида “машаққатли” дея бежиз таъкидламадик. Бунинг сабабини билиш эса, асло машаққатли эмас, балки жуда осон. Андрей Платоновичнинг у қадар жуғрофий ёхуд адабий ранг-барангликка бой бўлмаган таржимаи ҳолига бирров кўз югуртирсангиз, ҳаммаси аён бўлади-қолади.

Оила бошлиғи бўлмиш отаси Климентов Платон Фирсович хотини Лабочихина Мария Васильевна билан оз эмас, кўп эмас, нақ ўн бир нафар фарзанд кўради. Андрей фарзандларнинг тўнғичи эди. Кейинги барча фарзандлар бир-биридан фақат бир ёшга фарқ қилар эдилар. Одатда қайси миллатга мансуб хонадон бўлишидан қатъи назар, тўнғич фарзанд (агар у ўғил бола бўлса, алалхусус!) ота-она учун дастлабки суянчиқ ҳисобланади. Ушбу оилада ҳам худди шундай бўлди, 8 яшар Андрей укаларига ғамхўрлик қилиш, рўзғор ишларида ота-она ёнига кириш учун ўзининг меҳнат фаолиятини одатдагидан эртароқ бошлашга мажбур эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳаётнинг аччиқ-чучук сабоқлари, кутилган ва кутилмаган қийинчиликлар бўлажак ёзувчи ижодининг одатдагидан сал ўзгачароқ бошланишига сабаб бўлди. Андрейнинг отаси Платон Климентов 1920 ва 1922 йилларда кетма кет икки марта Меҳнат қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 1928 йилда эса партия сафига қабул қилинган. Бинобарин, меҳнатга чанқоқлик Андрейга кўпроқ отадан юққани кўриниб турибди, боз устига бу меҳнат соф жисмоний кучни талаб қилиб, ҳалоллик, виждон поклиги каби фазилатларнинг униб- ўсишига сабабчи бўлган.

Ёзувчининг болалик ва ўсмирлик йиллари тадрижига бир назар солайлик: 1906 йилда черковдаги бошланғич мактабда, 1909 йилда шаҳардаги тўрт йиллик таълим даргоҳида ўқийди.1913 –15 йилларда мардикорлик билан шуғулланади. 1915 йилдан заводда қурувчи бўлиб ишлай бошлайди. 1918 йилдан Воронеждаги устахоналарда майда касбларни эгаллашга уринади. Ҳавас қилиб бўлмайдиган болалик ва ўсмирлик йилларидан сўнг у темирйўл техника билим юртининг электротехника бўлимига ўқишга киради. Уруш ҳаракатлари тугагач, жануби-шарқий темирйўллар бош инқилобий қўмитасида, “Железный путь” (“Темирйўл”) журнали таҳририятида хизмат қилади. Фуқаролар уруши даврида жабҳаларда фронт мухбири сифатида иштирок этади. 1919 йилдан эътиборан шоир, публицист ва танқидчи сифатида мақолалар ёза бошлайди. 1921 йилда унинг биринчи мустақил асари “Электрификация” китобча бўлиб чиқади. Шунингдек, “Шеърлар” жамоатчилик тўпламида унинг шеърлари эълон қилинади. 1922 йилда Платоновнинг “Мовий теранлик” (“Голубая глубина”) номи остида шеърлар тўплами Краснодарда нашр этилади. 1923 йилда “Матбуот ва инқилоб” (“Печать и революция”) журналида унинг шеърлар китобига атоқли шоир Брюсов ижобий баҳо беради. Губернияда гидрофикация раиси бўлиб ишлаганида у учта электростанция қурдиради, шулардан Рогачевкадаги бирини қулонлар ёқиб юборади.

1924 йил баҳорида Биринчи Бутунроссия гидрологлар съездида у қурғоқчилик пайтида ҳосилни қутқаришнинг омилкор режаларини таклиф этади. 1925 йилда у Воронежга ташриф буюрган В. Б. Шиловский билан ижодкор сифатида суҳбатда бўлади. 1926 йилда у ўзининг “Епифан шлюзлари”, “Ифор йўли”, “Шаҳарлар шаҳри” машҳур шеърларини ёзади. 1931 йилда Андрей Платонов қаламига мансуб “Шубҳаланган Макар” қиссасини “Қизил янгилик” (“Красная новь”) журналида ўқиган Сталин ёзувчига “Талантли ёзувчи, аммо аблаҳ” (“Талантливый писатель, но сволочь”) деб баҳо беради. Шу йили эълон қилинган “Ниф” (“Вирок”) асарини эса Фадеев ва Сталин қаттиқ танқид остига олади. 1934 йили Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатдан қайтиб келган ёзувчи “Тақдир” номли асарини ёзади. Ёзувчини “Правда” газетасининг 1935 йил 18 январь сонида аёвсиз танқид қилиб чиқишади. Шундан кейин барча газета ва журналлар Платоновнинг ҳар қандай асарини қабул қилишдан бош тортадиган бўлиб қолади, илгари қабул қилинганлари ҳам эгасига қайтарилади. Орадан бироз вақт ўтиб, вазият юмшагач, 1936 йилда “Фро”, “Мангулик”, “Уезд боғидаги гувалак уй”, “Учинчи ўғил”, “Семён” ҳикоялари, 1937 йилда эса “Потудань дарёси” номли қиссаси олам юзини кўради.

1938 йилда ёзувчининг Платон исмли ўғли ҳибсга олинади ва 1940 йилда отасининг дўстлари ёрдамида озод қилинади. Аммо қамоқдан сил касаллигини орттириб келган ўғли 1943 йилда вафот этади. Бемор ўғилга қарайман, деб ота ҳам бу касалликни ўзига юқтириб олади. 1946 йилда Андрей Платоновнинг “Қайтиш” (“Иванов оиласи”) ҳикояси эълон қилинади. Бу ҳикояси учун ёзувчи 1947 йилда таъқиб остига олинади, туҳмат қилишда айбланади. 1940-йиллар охирида ёзувчилик билан пул топиш имкониятидан маҳрум бўлган Платонов рус ва бошқирд эртакларини қайта ишлаш ва болалар журналларида чоп эттириш билан машғул бўлади. Платоновнинг дунёқарашида социализмнинг кайта қуришга бўлган ишончдан кўра келажакка шубҳа билан қараш ғояси устун кела бошлайди.

Шуниси қизиқки, айнан Сталиннинг “темир интизом” сиёсати қурбонига айланган ёзувчи зимдан бўлса-да “халқлар отаси” нинг “оталарча” мурувватидан бебаҳра қолмаган ҳам. Унинг оламдан кўз юмгунига қадар асарлари бир босилиб, бир босилмай келиши, аммо ёзувчининг ўзига жисман ё маънан ўта кескин чора кўрилмай, яшаб қолишга имкон берилганини замондошларидан кўпчилиги ошкора бўлмаса-да, орқаваротдан эътироф этишган.

1951 йил 5 январда Андрей Платонов Москвада айнан ўғлидан юқтириб олган сил касаллиги туфайли ёруғ дунё билан видолашди. Адиб Арман қабристонига дафн этилади. Кейинчалик қизи Мария Платонова отасининг асарларини тартибга солиб, чоп эттиради. ХХ аср рус адабиётининг энг кўзга кўринган, фидойи ёзувчиси Андрей Платонович Платонов ўша даврларда ягона сиёсий мақсад бўлган социализмга нисбатан шубҳа билан қарай олган илк яловбардор адиб эди, десак хато бўлмас. Бу нарсани “халқлар доҳийси” берган баҳодан ҳам англаб олиш мумкин.

Ҳозир Воронеж шаҳрида бир кўча, бир кутубхона, бир гимназияга ёзувчи номи берилган, унинг номидаги адабий мукофот ҳам мавжуд, Платонов номидаги халқаро санъат фестивали ўтказиб турилади. Шаҳар марказида хиёбон яқинидаги Воронеж университети биноларидан бири олдида ёзувчига ҳайкал ўрнатилган. Ҳайкал таъмалида “Машинистнинг хотини” ҳикоясидан олинган “Без меня народ неполный” (Менсиз халқ тўкис бўлолмайди) иборасини ўқийсиз. 2011 йил 15 декабрда Воронеж адабий музейида ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган мунтазам фаолият кўрсатувчи кўргазма очилган. Иосиф Бродский ўзининг “Ҳибсдаги ҳалокатлар” эссесида Андрей Платоновни Жеймс Жойс, Роберт Музиль ва Франц Кафка каби адиблар билан бир қаторда тилга олиб ўтади.

Олим Михаил Волохов ижодкорнинг драматургияси ҳақида гапирар экан, уни абсурд театри яратувчилари Беккет ва Ионескто билан тенг қўяди. “Ҳатто улардан ҳам кучлироқ эди, чунки у онг оқими ва маромлилигининг кераклиги бўйича бетакрор нутқни яратиб, аслида виртуаль фикрлаш доирасидан чиқиб кетган эди. У воқеликнинггина эмас, балки бу воқеликни тасвирлашда одамларга қўл келадиган сўзларнинг ҳам ялпи абсурд эканлигини кўрсатиб берди”, дейди.

Ёзувчининг роман, қисса ва ҳикоялари асосида кўплаб спектакллар саҳналаштирилган, йигирмадан кўпроқ фильм яратилган.

Амир Файзулла тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон