Бобораҳим Машраб (1640-1711)

Бобораҳим Мулла Вали (Валибобо) ўғли Машраб ўз ижоди билан ўзбек адабиётида халқчиллик, ижтимоийлик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, жаҳолат ва бидъатта қарши кураш ғояларининг кучайишида, шеърият шаклларининг такомиллашуви ҳамда бадииятнинг камолга эришувида катта ўрин тутган сўз усталаридан биридир.

Машраб фақат оташзабон ижодкор сифатидагина эмас, балки, айни замонда, адолатсизлик ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолат билан асло келиша олмайдиган довюрак шахс сифатида ҳам донг таратган. Халқ тасаввурида у жоҳил амалдорлар устидан кулувчи, ахлоқан тубан кишиларни, мунофиқ дин арбобларини аёвсиз фош қилиб, меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя этувчи ботирсўз, тадбиркор курашчи тарзида шаклланган: одций халқ Машраб тимсолида ўз ишончли вакилини, ўз орзу-интилишларини баралла айта олувчи оташин сиймони кўрган.

Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижод йўли ҳақида маълумот берувчи тарихий манбалар кўп эмас. Унинг номи XVIII—XIX асрларда тузилган айрим тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (Муҳаммад Бадеъ Малеҳоннинг «Музаккир ул-асҳоб», «Тазкираи Фаҳмий», «Мусавваи Абдушшукур Зиё», «Тазкираи авлиёи Мажзуб Намангоний») зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам, узуқ-юлуқ ва бири-бирига зид. Машрабнинг қоддирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида жуда кенг тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги аниқ белгиланган эмас) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчиликда баён этилади, асарларидан намуналар келтирилади.

Машраб фаолиятининг қатор нуқталари аниқ ва тарихан тўғри қайд этилганидан қиссанинг биринчи нусхалари шоирни яқиндан билган ва асарларидан яхши хабардор шахс томондан, ўша даврлардаёқ яратилган, деб тахмин этиш мумкин. Айни замонда, у узоқ йиллар давомида ўзгартириш ва тузатишларга дуч келган, турли тўқималар, янги-янги ривоят, нақллар, саргузашт ва латифанамо лавҳалар билан тўлдирила борилган. Натижада қиссаларда тарихий Машраб фаолияти халқ тасаввуридаги тўқима Машраб ҳамда у ҳақидаги саргузашт — ривоятлар билан қоришиб-чатишиб кетган. Шундай бўлса-да, Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич ўзида жамловчи адабий-тарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.

Бобораҳим Машраб 1640 йилда (ҳижрий ҳисоб билан 1050) Наманганда камбағал косиб-бўзчи Валибобо оиласида дунёга кедди. Қисса маълумотларига кўра, Бобораҳим отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Қиссада бўлажак шоирнинг гўдаклигиданоқ ниҳоятда ҳалол, зийрак, тўғрисўз бўлганлиги, ҳозиржавоб ва мушоҳадалиги билан тенгқурларидан ажралиб туриши алоҳида таъкидланади. Ҳар ҳолда ўз даври билимдонларидан, хусусан дин асослари ва фалсафадан дурустгина бохабар бўлгани учун Наманганнинг сўфий эшони Мулла Бозор Охунд номи билан шуҳрат қозонган Хўжа Убайдулло қўлига таҳсил олишга топширилган. Бобораҳим маълум муддат Мулла Бозор Охундда диний таълимот ва сўфий тариқатлари бўйича билимини опшради, форсий тилни ўрганади, айни замонда, Шарқ шеъриятини, хусусан, унинг йирик вакиллари меросини қизиқиш билан мутолаа қилади.

Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига қўра ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби кошғарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Бобораҳим кўп билимлар соҳиби, фозил Офоқ Хожага сидқидиддан мурид тушади, уни ўзига муршиди комил деб қабул қилади ва етти йил унинг даргоҳида хизматини ўтайди, юмушларини бажариб, сабоқ олади, муридлари қаторида кун кечиради. Қиссаларда таъкидланишича, шеъриятни юксак қадрлаган Офоқ Хожа Бобораҳимнинг ижодий иқтидорини юқори баҳолайди, ҳатто «Машраб» тахаллусини ҳам у тавсия этади. Машраб ғазалларининг бирида учровчи мана бу байтда ҳам худди шу мазмун ифодаланган:

Қуддиса сирриҳу Хожам отимни «Машраб!» дедилар,
Кошғару Ёрканд ичида соҳиби гуфтор ўзим!

Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарғибот-сабоқлари таъсирида яратилган десак, хато бўлмас. Офоқ Хожанинг шахсий хислат-фазилатларини мадҳ этувчи, уни «пиру раҳбар» деб тан олувчи байт-мисралагши таркибида жамъ этган ғазал ва мухаммаслар ҳам («Кошки», «Ўзим» радифли ғазаллар, «Қолмади» радифли мухаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.

Машраб тахминан 1672—73 йилларда ОфоқХожа даргоҳини тарк этишга мажбур бўлди. Шоир ҳаёт йўлини баён этувчи қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизларининг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани расмий сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасидаги жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса ҳақиқатга мувофиқ бўлади.

Машраб Кошғардан 1673 йилда Наманганга — онаси ёнига қайтади. Касалманд онасининг вафотидан кейин ҳеч кими қолмаган шоирнинг қўнимсиз ҳаёти бошланади. Унинг кейинги деярли қирқ йиллик умри доимий сафарда, дарбадарликда, турли ўлкаларда мусофирликда ўтди. Турли адабий-тарихий манбалар, шунингдек, қисса нусхалари Машраб борган шаҳар-юртлари, сафар тартиби ҳақида хилма-хил, кўпинча бири-биридан фарқли маълумотлар беради. Уларда шоирнинг Самарқанд, Хўжанд, Тошкент, Туркистон, Бухоро, Андижон, Бадахшон, шунингдек, Яқин Шарқнинг қатор ўлкаларига борганлиги ҳақида сўзланади. Машрабнинг адабий меросида ҳаёт йўлининг қатор нуқталари жумласида юқорида саналган шаҳар — ўлкаларнинг кўплари зикр этилади. Машрабнинг бирор шаҳар-қишлоққа келиши изсиз ўтмас эди, маълум шов-шувларга сабаб бўларди: оддий халқ самимият ва хурсандчилик билан, ҳоким, амалдорлар, риёкор руҳонийлар эса ҳадиксираб, душман кўзи билан совуқ қарши олардилар.

Машраб қўнимсиз ҳаётининг сўнгги нуқтаси Балҳда ҳам худди шундай бўлди: ҳоким табақа, риёкор руҳонийлар унга ўзларининг ашаддий душмани деб қарадилар ва жисман йўқотиш ниятида бўлдилар. Натижада, «Тазкираи Фаҳмий»да қайд этилганидек, «дар соли 1123 ҳижрий дар Қундуз бафатвои уламо ва ҳукми Маҳмудбий Қатоғон шаҳид карда шуда», яъни «1123 ҳижрий (1711 милодий) йилида Қундузда (Балх вилоятида) уламоларнинг фатвоси ва Маҳмудбий Қатоғон (Балх, Қундуз ҳокими)нинг ҳукми билан шаҳид бўлди». Оташин шоир, довюрак шахс, жасур қалб соҳиби Бобораҳим Машраб осиб ўлдирилди. У худди Мансур Халлож ва Имомиддин Насимий каби ҳурфикр ғоялари йўлида, ўша замонадаги ҳукмрон табақалар ва жоҳил уламолар расмий сиёсатига номувофиқ дунёқараши йўлида қурбон бўлди.

Бобораҳим Машраб мумтоз адабиётимиз буюк намояндаларининг илғор анъаналарини ўрганиб йирик шоир бўлиб шаклланди, камолга етди. У қолдирган меросда, биринчи навбатда, ишқий мавзудаги ғазал-мухаммаслардан ана шу анъаналарнинг баракали таъсирини аниқ кузатиш мумкин. Масалан: Машраб Лутфийнинг машҳур:

Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма,
Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма —

матлаини ўзгартирмай қабул қилиб, уни шу ўйноқи вазн, шу қофия ва радиф, шу руҳда давом эттиради, буюк устозига ҳурмат ҳамда санъатини тан олиши белгиси сифатида ўхшатма ғазал яратади.

Машрабнинг ижодий камолотида, айниқса, Навоий меросининг ижобий таъсири катта бўлди. Шоирнинг энг яхши асарларида биз Навоий ижодига хос фалсафийлик ва дунёсеварликни кўрамиз, мазмуннинг ҳаётийлиги, халқчиллигини, вазн равонлиги ва ўйноқилигини қайд этамиз, мавзу танлаш ва уни бадиий талқинида яқинлик ва ўхшашликни учратамиз. Машраб мухаммасларидан бирида маъшуқанинг учрашув ҳақида ошиққа ваъда бергани, ошиқнинг тунларни бедор ўтказиб, интизорлик билан васл дақиқаларини кутиши тўғрисида сўз боради. Аммо, маъшуқа ваъдани бузади, вафосизлик кўрсатиб учрашувга келмайди. Мухаммас ошиқнинг ана шу ҳолатдаги ҳаяжонини, ҳис-туйғуларини, ҳижронда ёрни кутишдаги нозик кечинмаларини юксак бадиийлик билан ниҳоятда жонли ифодалайди:

Ваъда қилди бир келай деб, кўзга уйқу келмади,
Термуруб йўлида қолдим, шўхи бадхў келмади,
Неча келди шум рақиблар, ул парирў келмади,
Дардидин ўлдим, табиб, дардимға дору келмади,
Мен шаҳиди ишқ бўлдим, қатраи сув келмади.

Ўн икки банд давомида мавзуни шу юксак савияда бадиий таҳлил этувчи бу мухаммас Машраб ижодига Навоийнинг баракали таъсирини кўрсатувчи яққол мисол бўла олади. Бунда улуғ шоирнинг: «Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади» мисраси билан бошланувчи машҳур ғазалидан Машраб илҳомланганлиги кўзга равшан ташланади.

Машраб Навоий меросидан лирикада жиддий ижтимоий мазмун ифодалашни, норозилик оҳанглари ва танқидий фикрларни ишқ-муҳаббат мавзуидаги шеърлар жисмига «жойлаб юбориш» маҳоратини ҳам ўзлаштирди, ижодий ривожлантирди.

Машраб ижодидаги ижтимоий мазмундорлик ва кучли танқидий йўналиш шоирнинг илғор дунёқараши, халқчил фалсафаси, замонасидаги салбий воқеа-ҳодисаларга аниқ танқидий муносабатидан шаклланган. Қатъий айтиш мумкинки, чуқур ижтимоийлик ва кучли танқидий муносабат Машрабнинг умумижодий фаолиятида устиворлик қилган ҳамда яратган кўпдан-кўп асарларининг асл фазилати даражасига кўтарилган.

Шаҳар ва қишлоқлар эзилган оммасининг ғаму ҳасратларга тўла кулфатли ҳаётини бадиий тасвирлаш халқчил шоир ижодида етакчи мавзулардан бири бўлган. Доимо халқ ичида юриб, унинг яшаш шароити ва орзу-интилишларидан яқиндан хабардор бўлган Машраб машаққатли ҳаётни ҳаққоний бадиий лавҳаларда маҳорат билан тасвирлади, ниҳоятда содда, равон, аммо мазмунан залворли мисраларда самимий ҳамдардлик ва юракдан ачиниш туйғуларини таъсирчан ифодалади. Шеърларидан бирида «Азалдин мен дили ғамгин халойиқ хайлини севдим!» деб ёзган шоир бошқа бир ўринда «Ўзимдек хонавайронларни кўрсам зор йиғларман!» дея эзилган оммага тўла хайрихоҳ эканлигани алоҳида таъкидлайди.

Машраб шеъриятида «кўзи ёшли», «бахти қаро», «дард аҳли»га, «ғам хайли»га ҳамдардлик, улар билан ҳамдамлик ғоялари қайта-қайта такрорланиши бежиз эмас.

Машрабнинг «Танҳо» радифли мухаммасида бевосита халқ ва унинг турмуш шароитини ҳаққоний кўрсатувчи лавҳалар чизилган. Ҳар бир ўқувчи юрагини ўртовчи мана бу мисралар шоир ижодининг тўла халқчил моҳиятига ишончли далилдур:

Дили тиғи ситамдин пора бўлган халқни кўрдим,
Тану дарду аламдин ёра бўлган халқни кўрдим,
Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим…

Бобораҳим Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳанглари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир исломнинг асосий назарий қоидаларини шубҳасиз қабул этади. Аммо, айни замонда, ислом таълимотининг бир қатор зоҳирий белгиларини, бирламчи деб ҳисобланган қонун-қоидаларини, шариатнинг айрим кўрсатма-талабларини, фарз-суннатларини тан олмаслик ва паст назар билан қараш ҳам кўзга ташланади, айрим диний рукн-тушунча ва муқаддас деб билинган маросим ва одатларга, талқин ва ақидаларга шубҳа билан қараш, ҳатто, очиқдан-очиқ менсимаслик ва масхараомуз муносабат анча-мунча учрайди.

Турли-туман шакл ва талқинларда жиловланувчи бу дунёқарашнинг бутун моҳият-мағзи шоирнинг қуйидаги қатъий эътирофида ниҳоятда яққол ва лўнда ифодаланган:

Бир Худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлмаса илкимда тиконни на қилай?!

Ҳа, биргина қудратли Яратувчидан бошқаҳамма-ҳаммаси «ғалат», яъни хатодир, дейди шоир. Байтда Машраб биринчи мисра мазмунини иккинчи мисрада ҳаётий ва тасаввуфий рамз-тимсоллар воситасида намоён этади.

Машраб шеъриятида учровчи шаккоклик заминида, жумладан, намоз, рўза, жаннат (беҳишт), Макка, Каъба (байтул-ҳарам), ҳур, ғилмон, дўзах тушунчаларига ҳурматсиз муносабат, баъзан эса очиқдан-очиқ менсимаслик, «бир пулга сотиш»га тайёрлик остида, шунингдек, риёкор, мунофиқ дин арбобларининг аёвсиз фош этиш асосида ана шу эътиқодга буюк ишонч, қатъий садоқат мавжуд. Умуман тасаввуф таълимотида бўлганидек, Машраб ижодида ҳам, фақат Аллоҳнигина тан олиш, якка унгагина чин муҳаббат қўйиш ва унинг васлига талпиниш жараёнида барча «ғалат»ларни рад этиш сўфий адабиётда асрлар давомида қарор топган рамз-тимсоллар, тушунча-иборалар («Ишқ», «Муҳаббат», «Ёр», «Жонона», «Гул», «Май», «Бода», «Висол» ва бошқалар) воситасида амалга оширилган. Шоир шеърларида бу мазмун қатьий кескин руҳда, баъзан, ҳатто қўпол, дағал оҳангда, аммо доимо равшан ифодасини топган:

…Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?!
…Урайинму бошима саккиз беҳишту дўзахин?!
…Кўрмасам бир дам Сени байт ул-ҳарамни найлайин?!
…Икки дунёдин кўзум юмдум Сенинг завқинг билан! .
..Мени девона Машрабға Муҳаббатдин баён айланг,
…Номозу рўзадан фориғ бўлиб сайёра Машрабман!
…Хонақою Каъбадин, Машраб, мурода етмадим!

Юқорида айтилганлар тўла назарда тутилсагина Машраб ижодий меросида кўплаб учровчи бу каби хитоб-таъкидларнинг асл мазмуни, тасаввуфий моҳияти юзага чиқади, фақат шундагина шоир фалсафаси, кузатаётган бош мақсади тўғри баҳоланади.

Албатта Машраб шеъриятининг ҳар бир намунасидан тасаввуфий мазмун ва сўфий рамз-тимсолларни қидириш, ҳар бир ҳолатда маъшуқа мадҳи ва унинг васлига интилиш заминида Яратувчи мадҳи ва унга сиғиниш, талпинишни тушуниш хатодир.

Машраб қолдирган ижодий меросда ҳаётийлик, тирик инсон ва унинг инсоний кечинмаларини ифодалаш, хислат-фазилатларини таърифлаш, орзу-умидлари, шодлик-қувончлари ва ғам-ташвишларини ҳаққоний тасвирлаш ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Бу мавзу асосан, ҳаётий ишқ-муҳаббатни улуғлаш, гўзал ёрни — маъшуқа ҳусну латофатини таърифлаш, ошиқнинг севги-садоқатини, ёр васлига интилишини ишончли тасвирлаш жараёнида таҳлил этилади.

Ҳаётий ишқ-муҳаббат мавзуи Машраб ижодида Шарқ шеъриятининг ғазал, мустазод, мураббаъ ва мухаммас, шунингдек, мусаддас ва мусаббаъ турларида ишланди. Бу гуруҳ асарлари асосида ташвиш ва лаззатларга тўла инсоний севги ётганлигини кўрамиз. Шоир маъшуқа сиймосини чизар экан, шундай бадиий маҳорат намойиш этадики, натижада лирик «мен» кўнглини забт этган ёр ўқувчи кўзи олдида ўзининг бутун аёллик латофати, назокати, ички ҳиссиёти, хулқ-атвори, шарму ҳаёси, нозу жилваси, кийиниши, юриш-туриши билан жонли гавдаланади; ўқувчи ҳам уни ошиқ қаторида севиб қолади, ўзида ҳам қандайдир латиф ҳиссиёт жўш ураётганини, кўнглида нозик кечинмалар туғёнга келаётганини сезади. Худди шунинг учун ҳам ўқувчи ошиқнинг алам-изтиробига, ҳижронда чексиз қийналаётганига ишонади, ошиқ билан ҳамкорликда хаёлга чўмади, эзгу орзуларга берилади, унинг қайғусига шерик бўлади.

Чиндан ҳам Машрабнинг ишқий лирикаси, унинг барча шеърлари каби, ҳаётий мавзуи ва жўшқинлиги, ниҳоятда равон ва ўйноқилиги, халқ қўшиқлари каби содда ва самимийлиги билан тингловчилар қалбига тезда йўл топа билади, уларга бадиий завқ бахш этади. Шоир агар таъбир жоиз бўлса, асарларининг шу фазилатлари билан шеъриятда Машрабона услуб яратди. Айтилган фазилатлар жумласига шўх вазн ва жарангдор радиф-қофиялар танлаш, халқ жонли тилидан ўринли ва унумли фойдаланиш, ҳар бир мисрага суръат ва жўшқинлик бахш этиш маҳоратини ҳам киритиш жоиз.

Машрабнинг адабий мероси тўғрисида сўз борганда унинг мустазод ва мураббаълари хусусида алоҳида тўхташ зарурати бор. Таъкидлаш лозимки, шоир ўтмиш шеъриятимизда энг кўп ва ҳар жиҳатдан етук мустазод яратган ижодкор сифатида бу ўйноқи ва шўх лирик турнинг адабиётимизда узил-кесил мустаҳкамланиши ва бойишига катта ҳисса қўшди. Машраб мустазодларида инсоний севги-муҳаббатни куйлади, шу замин гўзалини мадҳ этди, унинг баркамол чиройи ва латофатини улуғлади, садоқат ва вафодорликни чин ижобий фазилатлар сифатида тарғиб этди.

Шоирнинг бутун ижодий фаолиятига хос бўлган халқона услуб ва бадиий-тасвирий воситалар ранг-баранглиги унинг мураббаъ ва мухаммасларида ҳам кўзга равшан ташланади. Айниқса, ҳар бир банди:

— Эй бод, еткур, ёра саломим!
— Ёрга етар кун борму, ёронлар?! —

мисралари билан якунланувчи романтик руҳда битилган мураббалари ўз ғоявий-бадиий камолоти жиҳатидан алоҳида ажралиб туради.

Машрабнинг лирик шоир сифатида юксак бадиий маҳорати унинг саккиз банд — эллик олти мисрадан ташкил топган мусаббасида ҳам бутун фазилатлари билан юзага чиққан.

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат!
Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам — жонима роҳат!

байт-радифи ҳар бандида такрорланувчи бу мусаббани умуман ўтмиш шеъриятимизда яратилган бу тур асарларининг энг етук намуналари қаторига киритиш мумкин. Машраб кўп бўлмаса-да, форс тилида ҳам қалам тебратди, қатор ғазал, мухаммаслар яратди, «ширу шакар» (муламмаъ) шаклида намуналар битди.

Кўп асрлик адабиётимиз тарихининг энг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Бобораҳим Машраб ижоди шеъриятимизни кўпдан-кўп етук асарлар билан бойитди, унинг кейинги ривожига баракали таъсир кўрсатди.

Табиий ғурур билан фахрия услубида:

— Шуҳрати шеър бобида, Машрабо, мўътабар ўзум!
— Машрабо, ҳар бир сўзингдур гавҳари қимматбаҳо! —

мисраларини битган шоирнинг бадиий баркамол асарлари халқимиз маънавий мулкининг муқаддас ва мўътабар бир қисмига айланган.

ф.ф.д. А. Абдуғафуров