Амир Темур ҳазратларининг ҳайратомуз сирли узуклари ҳақида бу кунга келиб янги маълумотлар аён бўлди. Чунки бу қимматбаҳо дурдона Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликларидан бири бўлиб, тарих зарварақларида тенгсиз, мисли кўрилмаган топилмадир. Шу боис, ушбу мақолада ана шу машҳур узук ҳақида фикр юритамиз. Баъзи бир хорижий мамлакатларда эълон қилинган тарихий маълумотларда Амир Темур тамғаси зарб қилинган бу нодир буюм Австрия ёки Италиядаги музейлардан бирида тарихий ёдгорлик сифатида сақланиб келинаётганлиги тахмин қилинади.
Афғонистоннинг атоқли тарихшунос олимлари — академик Иноятилло Шаҳроний, Нуриллохон Толқоний, Абдулҳамид Мубориз ва Устод Халилло Халилий жанобларининг дарий тилида чоп этилган мақолаларида ҳам ушбу сирли узук тилга олинади. Уларнинг қўлларида бўлган бирламчи ҳужжатлар таҳлили бўйича соҳибқирон Амир Темурнинг ушбу узуги ҳақида муфассал маълумотлар берилади.
Ушбу мақола орқали Ўзбекистоннинг илмий жамоатчилиги ва Амир Темур жамғармаси масъул ходимларини ушбу мавзуга диққат-эътиборларини қаратмоқчиман. Шояд бу ёдгорлик бўйича тегишли илмий изланишлар олиб борилса ва халқимизга ушбу ноёб, бебаҳо буюм ҳақида батафсил маълумотлар берилса.
Афғонистонда чоп этилган Абдулҳамид Мубориз ва Устод Халилло Халилийларнинг мақолаларида ушбу узук ҳозир қаерда, қайси мамлакатда ёхуд қайси шахсий коллекцияда эканлиги мавҳум бўлиб қолаётганлиги таъкидланади. Афғонистоннинг маданият вазири муовини лавозимида ишлаб келган Абдулҳамид Муборизнинг “Тарих даҳасидаги асосий қонун” китобида ёзилишича, 1973 йили 27 майида Афғонистоннинг собиқ подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ Рим шаҳридан жияни Муҳаммад Довудга мактуб йўллаб, топилмани қайтаришни илтимос қилган экан:
“Олийқадр Муҳаммад Довудхон жаноби олийларига!
Ниҳоят самимий қизғин саломларни Сизга йўллаб, барча аркони давлатларингиз билан Сизга соғлиқ-саломатлик, узоқ умр ва келажак ишларингизда улкан ютуқ, омадлар тилаб, қон-қариндошларингиз номидан қуйидаги илтимоснома билан мурожаат этаман. Албатта, каминангизнинг ҳурмат ва илтимосини бажо этгайсиз. Менинг иш жойимда Султон Ҳусайн Байқародан қолган бир дона нодир қўлёзма ва бир дона қимматбаҳо узукни менга юборсангиз бас деб умид қиламан. Менга бошқа мулку давлат керак эмас”.
Ушбу мактубдан дарак топган “Арк” саройининг бош қўмондони генерал Муҳаммад Зиё юқорида номи қайд этилган нодир қўлёзма ва узукни пинҳона олиб, Австрияга жўнайди ва у ердан сиёсий бошпана сўраб, шу мамлакатда қолади. Нурилло Толқонийнинг сўзларига қараганда: “Ушбу узук Австриядаги музейлардан бирига катта маблағ эвазига сотилган”. Бошқа олимлар Зоҳиршоҳ жанобларининг ўзлари Италиядаги музейлардан бирига ушбу ноёб топилмани совға қилиб юборган деган фикр-мулоҳазаларни ҳам баён этишган.
Бу тахминларнинг қайси бири ҳақиқатга тўғри келишини ҳозирча ҳаёт бўлган 91 ёшли Муҳаммад Зоҳиршоҳ жаноблари аниқлик киритиши мумкин.
Афғонистондаги “Мажаллаи Орёна” журналининг 1333 ҳижрий-шамсий йил, 9-сон, 13-15-бетларидаги марҳум Устод Халилло Халилийнинг “Султон Ҳусайн Байқаро оромгоҳи” деган мақоласида ушбу узук собиқ Афғонистон подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ жанобларига ҳадя қилинганлиги тўғрисида мукаммал маълумот берилган.
Ҳозирда Америка Қўшма Штатлари шаҳарларидан бирида илмий-тидқиқот олиб бораётган тарихшунос олим, академик Иноётилло Шаҳроний жанобларининг таъкидлашларича, бу узук соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлиб, унинг гардишида қуйидаги сўз “Рости-русти” “Куч адолатдадир” ибораси борлигини ва бошқа белгиларни таҳлил этади. Айнан шу сўзлар соҳибқиронга тегишли эканлиги тарихий маълумотлар ўз аксини топганлиги ҳаммага маълум. Бу олимнинг фикрича, аслида бу узук илк бор турк хоқони Ўғузхонга тегишли бўлган. Ушбу бебаҳо дурдона турк хоқонлиги сулолаларидан авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтиб, IX асрда Холид Бинни Бармак қўлига келиб тушганлиги ҳақида ҳам ривоят бор.
Айтишларича, турк шаҳзодаларидан бири Бағдод шаҳрига сафар қилиб, Холид бинни Бармакнинг ҳузурига киришга изн сўрайди. Подшоҳнинг ижозати билан унинг қабулига қадам қўяди. Холид бинни Холиднинг сонига боғланган, уни барча хавф-хатардан, таомига заҳарли моддалар аралаштирилганлиги ва бошқалардан огоҳ қилувчи мослама дарҳол тебрана бошлайди. Подшоҳнинг амри билан ушбу шаҳзода ҳибс этилиб, тинтув ўтказилади, қўриқчилар унинг қўлидаги узукни мусодара қилишади. Узук таҳлилдан ўтказилганда қимматбаҳо бриллианти борлиги, гавҳарнинг тагида эса махсус заҳар сақланадиган чуқурча ўйилганлиги аниқланади. Холид Бинни Бармакнинг мосламаси ва шаҳзоданинг қўлидаги узук бир хил сеҳрли кучга эга эканлиги тадқиқотлардан кейин маълум бўлади. Бу икки жисм ўз эгаларига ташқи ва ички хавф-хатар ёки таомга заҳарли моддалар аралаштирилган бўлса, дарҳол огоҳ этувчи белгиларни намоён қилиш хусусиятига эга бўлган.
Бу ғаройиб узук билан Ҳусайн Бойқаро бармоқларидан олинган узук бир хил хусусиятларга эга эканлиги Халилло Халилий мақоласида ишонарли очиб берилади. У мазкур узук Ҳусайн Байқаро мақбарасидан топилганлигини ҳамда айни бир буюм эканлигини тахмин қилади.
1965 йилда Ҳирот шаҳрида Хўжа Абдулла Ансорийнинг таваллуд топганлиги минг йиллигини нишонлаш муносабати билан ўтказилган жаҳон халқаро қўлёзмалар илмий конференциясида Султон Ҳусайн Байқаро ва Мир Алишер Навоий қабрларини очиб, тегишли тадқиқотлар ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу қарорга асосан Ризо Моил Ҳировий, аллома Устод Халилло Халилий, академик Салоҳиддин Салжуқий ва бошқа бир қанча хорижий экспертлар иштирокида қабрлар очилиб, тадқиқотлар олиб борилди. Шунда Ҳусайн Байқаро жасадининг ўнг қўл кўрсаткич бармоғида ғаройиб узук топилади. Олимлар уни ўрганишни бошлайдилар. Устод Халилло Халилий бу ноёб топилмани ўз қўли билан Муҳаммад Зоҳиршоҳга туҳфа қилади. Мазкур далилларга асосланиб, шуни хулоса қилиш мумкинки, бу ажойиб-ғаройиб топилма соҳибқирон Амир Темурдан унинг авлодларига мерос бўлиб ўтган.
Шарқшунос Турғун Файзиевнинг “Ҳусайн Байқаронинг сирли ўлими” асарида шундай ёзади: “Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Султон Ҳусайн Байқаронинг жасади ўзи қурдирган мадраса гумбази остига дафн этилган. Мадраса Мусалло ёнига қурилган бўлиб, ўзининг салобатли ва муҳташамлиги билан кишини лол қолдиради. Бироқ XIX асрда, Афғонистон амири Абдураҳмонхон замонида инглиз мушовирлари “Руслар Ҳиротни забт этмоқчи, бинобарин, баланд ва улкан миноралар уларнинг замбаракларига нишон бўлиши муқаррар” деб минораларни бузиб ташлашни маслаҳат берадилар. Шундан сўнг маҳаллий ҳукмдорлар мадраса минораларининг остига динамит қўйиб портлатадилар. Натижада бир неча осориатиқа ёдгорликлар култепага айланади. Жумладан, Султон Ҳусайн Байқаро қурдирган мадраса ҳам вайронага айланади. Байқаро қабри вайроналар орасида, очиқ майдонда қолиб, бир оз ерга чўккан, устига ўрнатилган мармар тош “Санги ҳафт қалам” эса бир томонга оғиб қолган.
Султон Ҳусайн Байқаро мақбараси қошига қўйилган “Санги ҳафт қалам” мармар тоши ҳақида “Пири Ҳирот” асарида қуйидаги жумлалар ёзилган: “Санги ҳафт қалам” жаҳондаги хаттотлик санъатининг бебаҳо дурдоналаридан бўлиб, Ҳусайн Байқаро томонидан шахсан ўз қабрига атаб буюртирилган қабр тоши эди. Бу қабр тошини сангтарош нодир хаттотлик безаклари билан безашга етти йиллик умрини сарфлаган. Аммо тақдир тақозоси билан 1496 йил Байқаронинг суюкли фарзанди Шоҳ Ғариб Мирзо вафот этади ва бу қабр тоши ёдгорлик сифатида шаҳзоданинг қабрига қўйилади. Султон Ҳусайн Байқаронинг буйруғи билан ўша моҳир сангтарош томонидан тамоман янги қабр тоши ясалади ва у вафотидан сўнг қабрига ўрнатилади.
Бу қисқа мақола ниҳоясида яна шуни илова қиламиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг айтишига кўра, ушбу тарихий узук бугунги кунда Америкада Нью-Йорк шаҳридаги “Метрополитен” музейининг “Ислом бўлими”да сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шунга асосланиб, Муҳаммад Али ушбу шаҳарга борганда, музейга қадам ранжида қиладилар, аммо бир тасодиф туфайли шу бўлим таъмирлаш учун ёпилган бўлиб, уни кўролмайди.
Бундай нодир ёдгорлик ва қўлёзма асарлар қаерда сақланишидан қатъи назар, тарихимиз, маданиятимиз ифтихори, буюк Турон-Туркистон халқларининг бой мероси ҳисобланади.
Бошқа бир маълумотларга қараганда, соҳибқироннинг қўлларида бўлган зарҳал қилич ҳанузгача Эрон мамлакатининг Машҳад шаҳридаги музейда, салобатли совут кийимлари эса Туркияда, “Темур тузуклари” ва Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” қўлёзмаси Франциядаги музейлардан бирида эканлиги қайд қилинган.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон