Семён Липкин (1911-2003)

Семён Израилевич Липкин (6 сентябрь 1911, Одесса, Херсон губерниясия — 31 март 2003, Переделкино, Москва, Россия) — рус шоири, таржимон. Шоира Инна Лиснянскийнинг эри. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968).

ОЙ ЁҒДУСИ

Шаҳарлик йигитлар титкилаб юрар,
Излаб деҳқонларнинг уйидан буғдой,
Саҳрога сочилган капалар узра
Туркий қилич янглиғ ярақлайди ой.

Деҳқон оиласи билади равшан:
Улар Котовскка жўнайди бешак,
Қозоқлар ерига кетади ундан,
Сўнг синф сифатида тугайди, демак,

Қизил вагонларда уйқусиз нигоҳ,
Эгри ҳақиқатдан сўзлар плакат…
Гоҳо денгиз қадар энгашар гиёҳ,
Гоҳо шамолларда тиклар мағрур қад.

Пойлашар бу камқон аёллар сабрин —
Хўмрайган халқ кўзи турар тош ёриб.
Ҳатто бадраф билар қизларнинг жабрин,
Соқчилар туришар изидан бориб.

Ярим очиқ ҳолда ёпилар эшик:
Кўз олдида турсанг соқчи хотиржам.
Ёдимдадир саҳро — дард тўла бешик,
Ойнинг ёғдусига чўмган ғуж-ғуж ғам.

Одессада менинг бир танишим бор.
Ўтди энди даври — вақт уни йиқди.
Қочолмади таниш қисматдан зинҳор,
У ҳам ўн саккиз йил ўтириб чиқди.

Эсларми у қандай қилганин қулоқ?
Қандай излаганин уйлардан ғалла?
Шамолни-чи, майса бўлганин улоқ?
Эсларми сўнган ой нурин бу палла?

ШОҲИД

Тушундингми, атомдан ёмон
Парчаланса ногаҳон юрак,
Мумкин эмас ахир ҳеч қачон
Аҳмоқона ҳузурни суймак,
Мумкин эмас биз учун тўхташ,
Зеро, кўп йўл ўтилди босиб,
Ахир оддий шоҳиддан яккаш
Чиқар бўлса пайғамбар ўсиб.

ЁЗ БОШИ

Унутса қиз, юз бурса ёр, сотса дўстинг даст —
Ўтиб кетар, ҳаммаси ўтар…
Адашибди қаҳри қаттиқ Экклезиаст,
Ҳеч бир нарса ўтмаскан магар.
Туғилар қиз унутмоққа отасин яна,
Хотин тағин қилар хиёнат,
Дўстинг яна сотаверар — айланар таъна:
Ҳеч бир нарса ўзгармас албат.
Сену менинг қалбимизда қолар умрбод,
Неки бунда рўй бериб ўтар,
Зеро ўлим хаёлийдир, биз ҳам барҳаёт,
Ҳеч бир нарса ўтмаскан магар.
Ахир жўка англай туриб гулга бурканар,
Қушлар сурар жарангдор хаёл,
Шундай бўлган, бўлар доим ва жўнаб кетар
Бизга қайтиб келмоққа алҳол.

* * *

Терган чоғим сўзга ҳарфларни бир-бир,
Туғилган мазмундан кутганда исмат,
Англаб етган эдим олдиндан дилгир,
Қандай ҳисоб-китоб қилишин қисмат.

Етмай қолишини туйнукка бўйим,
Ўз таним қисишин югандан бадтар.
Қўрққан оддий халқнинг нигоҳин, ўйин
Қандай сақлашимни ўлимга қадар.

Телба аср бўлиб мен билан ҳамроҳ,
Ғазабга минароқ кўтарди чўқмор,
Болалигимдаёқ сезгандим, эвоҳ,
Эканим ўзимнинг эрксиз исёнкор.

Аммо сирли эди менинг ҳаётим,
Яшадим ғалати тушуниб ҳар дам
Илоҳий суянчиқ —махфий қанотим —
Дунёда ҳақиқат мавжудлигин ҳам.

Енгилмас курашнинг дастидан афгор
Келар бўлсам агар дилда алам, ранж,
Ҳатто берди менга ожизлик мадор,
Ҳатто топа билдим ўкинчдан қувонч.

КУЛ

Тиришишди қуёш ҳам, куз ҳам,
Дарахтларда баргларни ёқди.
Зарангларнинг насли ҳам бу дам
Ерда ётиб, чанг аро боқди.

Қиёфаси, бўёғи бўлак,
Тани, кўрки, таъми ҳам ўзга,
Бир-бирига ўхшамас барглар,
Лекин бари ётар қалашиб.

Қизилида — ҳиндунинг юзи,
Сариғи бу — ҳа, тўғри, мўғул.
Бу дунёда яшил барг ўзи
Баҳра топмай ёнди, бўлди кул.

Ночорликка қолмаймиз ҳайрон,
Гўё шундай ётишга маҳкум.
Лагер чанги, кузги барг-хазон
Инграр оёқ остида маъсум.

Нечун кузги сукунат аро
Тушган барглар узра турибмиз,
Бизлар олиб ўзга бир ҳаво,
Гуноҳимиз билмай юрибмиз.

Шоҳиддир тол, қуриган ёнғоқ,
Уларнинг ҳам умри мураккаб.
Бўлмасам ҳам бегуноҳ япроқ,
Баргдан яхши бўлсам не ажаб.

Аёл менга қайғую нажот,
Гоҳ номусдан қаддим бўлган дол.
Етажакман мен шундай, наҳот —
Лагеру куз хазони мисол.

ЁШ ОНА

Печь уетида ётарди Настя,
Ерда эса йўловчи «начфин»*.
Қўйдек ювош иккита кекса
Бир бурчакда пишиллар секин.

Деразадан мўралар гилос,
Қозиқдевор кўздан яширин.
Кекса кампир эшитар бехос
Ялангоёқ ўтганин «начфин».

Қиз қўрқади, ранжийди эркак
Ва қизийди суҳбат оҳиста.
— Керак эмас, бу нима керак!
— Жоним, керак! — дер майор аста.

Донмас, ҳозир Бугдан ҳам йироқ,
«Начфин» ўзин иши билан банд,
Ажралолмай қўрқинчдан бироқ,
Настя кўрди қўчқордай фарзанд.

Маънисиз бахт ҳуснидан жўшиб,
Бенаф чирой ишқи этиб хун,
Настя чўчиб, асирга тушиб,
Ёшлик ҳусни барқ уриб тун-кун.

Кўзга кўчиб журъатсиз туғён,
Қувлик, ҳайрат қўшилиб кетар,
Ёлғиз унинг ўзига аён
Ширин бахтга ўзин бахш этар.

Қиз жуда ҳам ҳали бокира
Онасидек покиза, маъсум.
Ўғлин кўзи эслатмас сира
Бирон кимса кўзларин бу зум.

Чаросмиди? Қанақа кўзи?
Қўй кўзмиди? Ё чағиртошми?
Қанақайди у ҳарбий ўзи?
Келишганми? Кексами, ёшми?

Ҳали олдда ғусса тўла шом,
Яшириндир эски жароҳат.
Ҳар вақт ҳозир таънаю дашном,
Юпатишу қўпол ҳақорат.

Бола билан тушар Донга қиз,
Қулмоқ гуллар, кезар дайди ел,
Сикетанлик хонимни шу кез
Унга қараб чизар Рафаэль.
______________
Начфин — молия бошлиғи.

Эргаш Муҳаммад таржимаси