Йўлбарс хатти-ҳаракатидан билинади…(Воле Шойинка)

1957 йил янги мавсум очилиш арафасида Лондон театр оламида янги бир хабар пайдо бўлди: “Роял Корт тиэтр” театр труппаси ижодкорлари африкалик истеъдодли ёш драматургни кашф қилишибди. Унинг “Арслон ва марварид” пьесаси шу чоққача саҳнага қўйилган асарлардан тамом ўзгача, исён руҳида битилган эмиш…

Ўтган асрнинг 50-60-йиллари жаҳонда кўплаб давлатлар, хусусан, Осиё ва Африка мамлакатларининг мустақилликка эришиш даври, илғор маданият, санъат, сиёсат ва ижтимоий соҳа намояндаларининг эрк, ватан озодлиги йўлидаги чиқишлари дунё бўйлаб акс-садо бераётган, жаҳон сиёсий харитасида янги-янги номлар пайдо бўлаётган замон эди. Ёш драматургнинг ижодига қизиқиш уйғонишига унинг ватани мана шундай ёш давлатлар пайдо бўлаётган қитъада жойлашганлиги ҳам сабаб бўлгандир балки? Ҳар нечук, Воле Шойинканинг жаҳонга танилиши айнан мана шу нуқтадан бошланади.

Нигериялик драматург, адиб ва шоир Акинванде Воле Бабатунде Шойинка 1934 йил 13 июлда Ғарбий Нигериянинг Абеокут шаҳарчасида туғилган. Ўша пайтда Ғарбий Нигерия Буюк Британиянинг мус­тамлакаси ҳисобланарди. Унинг отаси Самуэль Айоделе Шойинка инглиз тилида таълим бериладиган Муқаддас Пётр бошланғич мактаби директори, онаси Грейс Эниола Шойинка эса хусусий дўконга эга бўлиб, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этувчи, ўзининг билими, зукколиги боис чор-атрофда ҳурмат қозонган аёл эди. Бўлғуси ёзувчининг ота-онаси Нигериядаги энг катта элат – йоруба вакиллари эди. Воле Шойинканинг болалиги ўзига тўқ, маърифатли, серфарзанд оилада ўтган.

Муқаддас Пётр бошланғич мактабини битиргач, Воле Шойинка Абеокут ўрта мактабига ўқишга киради. Ўқиш давомида у ёзган иншолари учун бир неча марта мукофотларга сазовор бўлади. 1946 йилда Ибадандаги нуфузли Ҳукумат коллежига ўқишга қабул қилинади. Бу ўқув юртида Нигерия миллий анъаналари билан бир қаторда Британия мустамлакачилиги таъсири ҳукм сурарди. Коллежни битиргач, бўлажак ижодкор Лагосдаги идоралардан бирида кичик ходим бўлиб ишлай бошлайди, радиопьесалар ва ҳикоялар ёзади, унинг машқлари Нигерия радиосидан эфирга узатилади. 1952 йилда бўлғуси ижодкор Ибадан Университет коллежига ўқишга киради. Бу ҳам Британия ҳукмидаги нуфузли олий ўқув юрти бўлиб, инглиз адабиёти, тарихи, юнон тили ўргатилар эди. Айнан ушбу муассасада таълим олган йиллари ёш йигит мамлакат мустақиллиги йўлида курашаётган озодлик ҳаракати вакиллари билан яқинлашди.

1954 йилда Шойинка Англияга келиб, Лидс университетида инглиз адабиётини ўргана бошлайди, истеъдодли ёш инглиз ёзувчилари билан дўстлашади, таниқли олим Г.Уилсон Найтнинг драма назарияси билан танишади, Европа театри анъаналарини ўрганади, Европа ва Нигерия театр маданиятини ўзаро боғлашга урина бошлайди. 1957 йилда санъат бакалаври унвонини олгач, Лидс­да қолиб, диссертация устида иш бошлайди, америкалик драматург, адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Южин О’Нил ижодини ўрганади. Худди шу даврда ўзининг иккита пьесаси – “Ботқоқлик аҳли” ҳамда “Арслон ва марварид” саҳна асарларини ёзади.

“Ройял Корт тиэтр” труппаси аъзолари билан бўлган ўша тарихий яқинлашувдан кейин ёш драматург ўқишни ташлаб, шу труппага ишга келади. Унинг вазифаси саҳналаштириш учун танланган асарни овоз чиқариб, ифодали ўқиб беришдан иборат эди. Баҳона ортидан сабаб келади, дейишади. Воле Шойинка мана шу кичкинагина лавозими баҳона кўплаб театр арбоблари билан танишади, замонавий инглиз драматургиясидаги асосий йўналишлар ва оқимларнинг моҳиятини ўрганиб чиқади, шу даврда унинг “Ботқоқлик аҳли” ва “Уйдирма” асарлари талабалар саҳнасида қўйилади.

Шойинканинг изланишлари эъти­роф этилиб, 1960 йилда Ибадан Университет коллежи қошидаги Рокфеллер илмий-тадқиқот марказининг драма санъати соҳасидаги мукофотига сазовор бўлади. Шу йили ватанига қайтиб, “Ниқоблар-1960” ҳаваскорлик театр труппасини ташкил қилади. Шойинканинг “Ўрмон рақси” пьеса премьераси тарихий санага – Нигерия ўз мустақиллигини эълон қилган кун – 1960 йилнинг 1 октябрига тўғри келди. Худди шу йили саҳна юзини кўрган “Биродар Иеронимнинг кўргиликлари” сатирик пьесаси Воле Шойинкани Африка қитъаси бўйлаб танитди. Бу пайтда драматург 26 ёшда эди.

Шундан кейинги воқеалар Воле Шойинканинг ижодкор ва фуқаро сифатидаги ижтимоий қарашларини яққол кўрсатиб берди. Бу вақтда драматург Ифа университетида таълим берарди. У “негрофил” деб аталувчи адабий оқим вакиллари билан баҳсга киришади. Мазкур адабий оқим Африка анъаналарининг мутлоқ ҳокимлиги тарафдори бўлиб, Европа маданияти билан яқинлашув миллий маданиятни инқирозга олиб келади, деб ҳисоблар эди. Драматург эса фақат “қора” ўтмишни, Африка тарихини куйлаш билан чекланиш ҳар қандай ривожланишнинг олдига ғов солади, деб ҳисобларди. Унинг назарида мамлакат адабиёти, маданияти, хусусан, театр ва кино санъати ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиши, жаҳондаги илғор анъаналарга эргашиши шарт, фақат инсоният эришган муваффақиятлар ва ютуқларни ўзлаштириш билангина олға силжиш мумкин. У ўзининг матбуотдаги чиқишларидан бирида “Негрофиллар” Африканинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга қодир эмас, ахир йўлбарс мен йўлбарсман, дея ўкириб ўтирмайди, балки ким эканлигини ўз хатти-ҳаракати билан билдириб қўя қолади”, деб ёзади.

Воле Шойинканинг “Йўл” драмаси Лондонда бўлиб ўтган санъат фестивалида намойиш қилинади, Дакар фестивалида театр ҳақида доклад билан чиқади, “Конго ҳосили” пьесаси учун мукофотга сазовор бўлади, “Шарҳловчилар” (“The Interpreters”) романини эълон қилади.

Роман қаҳрамонлари бўлган бир гуруҳ ёш зиёлилар Англия ва АҚШ университетларида таълим олиб, жаҳондаги илғор қарашлар ва анъаналарни ўзлаштириб, янги жамият қуриш умидида ватанига қайтади. Аммо бу ердаги муҳитда ўз ниятларини амалга ошира олмай қоладилар. Романни янги авлод ва мавжуд муҳит ўртасидаги бегоналик руҳи тасвири, ёшларнинг маънавий исёни тимсоли дейиш мумкин.

Роман қаҳрамонлари бўлмиш Секони – муҳандис, Кола – рассом, Саго – журналист, Эгбо – каттагина бир вазирликда котиб, Банделе – университет ўқитувчиси. Улар турли касб кишилари, лекин ҳаммаларини битта тақдир бирлаштириб туради. У ҳам бўлса, жамиятга керакли одам бўлиш ёки ортиқча кишига айланишдир. Улар Африканинг янги замон зиёлилари, ижодкорлар, янгиликка ўч, руҳан мустақил одамлардир. Аммо уларнинг руҳидаги мустақиллик синиб қолмасмикин? Мавжуд муҳит билан бегоналик ҳисси курашга айланармикин? Романнинг бор мағзи ва мазмуни қаҳрамонларнинг дилидаги руҳий исённи фаол ҳаракат этиб кўтаришдан иборат. Бу асарни ўқиган кишининг юрагида момақалдироқ олди сукунати қўзғатадиган хавотир уйғониши, кўнгли гулдирак олди димлиги каби кайфиятдан алағда бўлиши аниқ. Бу асарда Секони яратган, танасини чирмаб олган бўғма илон билан олишаётган курашчи ҳайкали умумлаштирувчи тимсол сифатида бобдан-бобга ўтиб юради. Рассомнинг наздида бу тимсол Африканинг келажагини бўғиб қўяётган кучларга қарши ғазабдир. Роман қаҳрамонларининг назарида мамлакатда ҳукм сураётган муҳит бинонинг ҳашамдор безаклар берилган олд томони холос, унинг ортида эса нураган зиналар, совуқ йўлаклар, чириган тўсинлар бор…

Романнинг баъзи ўринларида тасвирлар насрдан кўра кўпроқ назмий сатрларни ёдга солади. Бу Воле Шойинканинг шоир бўлганлиги сабабли бўлса керак. Бу кайфият, айниқса, Секонининг ижод жараёнини тасвирлашда кўринади.

Ижодкорнинг ҳаётида яна қора кунлар бошланади. Нигерия икки йиллик (1967 – 1969) фуқаролик уруши алангаси ичида қолади. Бунга ибо қабиласининг Нигерия таркибидан чиқишга уриниши сабаб бўлганди. Уруш арафасида Воле Шойинка Энугу ўлкасида ибо қабиласи сардори Чукуемека Одумегва Оджукву билан махфий равишда учрашиб, уни мамлакат таркибидан чиқмасликка чақиради. Лекин уринишлари самарасиз тугайди. Уруш бошланади. Ёзувчининг холис нияти унинг зиёнига айланиб, уни исёнчилар билан тил бириктиришда айблашади. Нигерия ҳукумати раҳбари, мамлакат президенти Якуб Говоннинг буйруғи билан турмага, бир кишилик камерага ташлашади. Ғарбнинг тараққийпарвар ёзувчилари томонидан билдирилган норозиликлар энди уни қутқаролмайди. Воле Шойинка 27 ой мобайнида эни тўрт, узунлиги саккиз фут келадиган тор камерада ётади. Бир фут 30 сантиметрдан сал кўпроқ эканини ҳисобга олсак, ёзувчи икки йилдан ортиқ муддат ичида эни бир ярим метр ҳам келмайдиган, бўйи эса икки ярим метрли ярим қоронғи хонада ётганини тасаввур қилиш мумкин. Ҳибсда ётган чоғида у яқинлари билан кўришолмайди, маҳбуслар учун белгилаб қўйилган бир соатлик сайрга ҳам чиқарилмайди, тиббий ёрдам ололмайди, китоб ва ёзув ашёлари эса инчунин. Шойинкани фақат бир нарса хавотирга соларди. Ишқилиб, бу муҳитда руҳи сўнмаса, ақлдан озиб қолмаса бўлгани. Аммо шундай шароитда ҳам у яширинча шеърлар ижод қилишга имкон топа олади. Яратган шеърларини ёд олади, бўлғуси пьесаларининг қораламаларини миясида пишитиб, хотирасига мустаҳкамлайди.

Ёзувчи фуқаролик уруши тугагач, ҳукумат қўшинларининг Биафра сепаратчилари устидан қозонган ғалабаси шарафига эълон қилинган умумий авфдан кейингина озодликка чиқади. У энди Ибадан университети қошидаги Драма мактаби директори. Воле Шойинканинг “Конго ҳосили” пьесаси қитъа экранларига чиқади, у Европада Африка маданияти ҳақида лекциялар ўқийди, Кембриж, Черчилль-коллежда малака оширади, ўйлаб қўйган пьесаларини ёзиб тугатади, Лондон ва Нью-Йоркда “Инсоннинг ўлими” номли асари чоп этилади. Бу асар ёзувчининг турмада кечирган кунлари ҳақидаги хотиралари эди.

Драматург энди одамлар кўп тўпланадиган истироҳат боғларида намойиш қилинадиган бир актли пьесалар ёза бошлайди. Томошабинлар, унинг “Воньос операси” пьесасини томоша қилишга оқиб кела бошлайдилар. Бу асарда Нигерияда янги нефть конлари топилиши, нефть қазиб олувчи мамлакатлар иттифоқи бўлмиш ОПЕК ташкилотига аъзо бўлиши натижасида пайдо бўлган шов-шувлар қаламга олинган бўлиб, нефть савдоси мамлакатни яшнатиб юборади, деган даъволарнинг қанчалик ёлғон экани фош қилинади.

1979 йилда Чикаго шаҳрида драматургнинг “Ўлим ва қирол отбоқари” пьесаси саҳнага чиқади, 1981 йилда эса “Аке: болалик йиллари” асари эълон қилинади.

Воле Шойинка ўз асарлари орқали Африка маданияти, дини ва фалсафасини жаҳонга танита олган ижодкордир. “Ботқоқлик аҳли”, “Кучли авлод”, “Уйдирма”, “Ўрмон рақси” пьесалари, “Иданре” достони шоир ва ёзувчи Шойинка ижодининг ғоялари – эрк, инсонпарварлик ва маърифат руҳи билан суғорилган.

Мисол тариқасида унинг “Кучли авлод” пьесасини келтириш мумкин. Унда Африкадаги баъзи элатларда ҳукм сурган урф-одат – бахтсизлик ва лаънатлардан, бидъатдан қутулиш ҳақида сўз боради.

Янги йил арафасида қабила аъзоларидан бири қабиладошларининг бошидаги бахтсизлик ва тавқи лаънатни ўз зиммасига олиб, дарё ортига ўтади-да, ер қаърига кўмиб қайтади. Аждодлардан қолган одатга кўра, бу ишни зиммага олиш ихтиёрий бўлиши шарт. Лекин сўнгги пайтларда ҳеч ким бу ишни зиммасига олишни истамай қолган. Чунки бу вазифа жуда оғир. Аввало бу одам ўз исмини йўқотади, қабиладошлари учун шунчаки “Олиб кетувчи”га айланади. Лаънатларни ўз зиммасига олиш ҳам оғир маросим, одамлар ўз бошларидаги лаънатларни “Олиб кетувчи”га ташлашади, яъни йил давомида нима бахтсизликлар кўрган бўлсалар, шуларнинг ҳаммасини “Олиб кетувчи”нинг бошига тушсин, дея тилашади, кейин уни лаънатлаб, калтаклаб, қувиб юборишади. Одамларнинг лаънати ўзининг залвори билан “Олиб кетувчи”нинг қаддини оғир юк мисоли букиб юборади. Шу боис зиммасига “Олиб кетувчи”лик юкланган аксарият одам узоқ умр кўрмайди…

Янги йил яқин, бахтсизликлардан қутулиш шарт, шу боис қишлоқ аҳли бош тортиш қўлидан келмайди, дея соқов бир йигитча – Ифадани “Олиб кетувчи” қилиб танлайди. Қишлоқда ўқитувчилик қилаётган Эман исмли яна бир йигит бўлиб, унинг ота-боболари “Олиб кетувчи”лик қилган, Эман одат ўзининг бошига тушиб қолмаслиги учун ўсмирлик чоғи туғилган юртидан бош олиб кетган эди. Йигит Ифадани бу балодан қутқармоқчи бўлади-ю, лекин қишлоқ аҳли Эманнинг ўзи “Олиб кетувчи”лар авлодидан эканини тасодифан билиб қолади. Энди бош қаҳрамон олдида иккита йўл қолади: ёки рози бўлиш, ёки бу ердан ҳам қочиш. Албатта, Эман қочади, бироқ қаёққа ҳам бора оларди? Ахир ортидан тавқи лаънат қувиб келяпти-ку!

Эман отаси билан юзма-юз келар экан, отаси унга ўз авлодининг вазифасини шундай тушунтиради: “Авлодимиз – ер юзидаги энг кучли авлодлардан, ўғлим. Фақат кучлиларгина ҳар йили дарёдан Лаънатлар қайиғини олиб ўта олади. Бошқалар бу ишни бажаролмай кучдан қолганда, бизнинг авлод одамларнинг лаънатини олиб кетгани учун янада кучлироқ бўлиб бораверади. Мен кетаётган умрнинг ёвузликларини йигирма йилдан кўп вақт мобайнида олиб кетдим. Сен менинг ўрнимни эгаллайсан, деб умид қилгандим”. Лекин Эман аждодларининг ишини давом эттиргиси йўқ. Томирида оқаётган қон эса уни барибир Лаънатлар қайиғи ва дарё томон етаклаб келади…

Орадан беш йил ўтиб, 1986 йилда Воле Шойинка Африка ёзувчилари орасидан биринчи бўлиб “улкан маданий истиқболга эга бўлган театр ва шеъриятни яратгани учун” адабиёт бўйича Нобель мукофотига муносиб деб топилади.

Швеция Қироллик академияси аъзоси Ларе Йюлленстен номзодни таништирар экан: “У ўз пьесаларида ранг-баранг саҳна усулларидан, аввало Африканинг анъанавий санъати, яъни маросим рақслари, ниқоблар ва пантомима, миллий мусиқа ва оҳанглардан, театр ичидаги театр услубидан моҳирона фойдаланади, – дея таъкидлайди. – Шойинка театри Африка маданияти ва оламига таянади. Тан олиш керакки, у жуда маърифатли драматург… Афсоналар, анъана ва маросимлар унинг учун шунчаки маскарад либослари эмас”. Ёзувчи ўзининг Нобель мукофоти берилиши олдидан Қироллик академиясида ўқиладиган лекциясини Жанубий Африкалик эрк курашчиси Нельсон Манделага бағишлайди.

Воле Шойинканинг наздида ушбу юксак мукофот унинг зиммасига янада масъулиятлироқ вазифаларни юклади. Бундан буён ёзувчи шунчаки янги асарлар яратиш билан чекланиши мумкин эмас эди. Мамлакат, қитъа ва жаҳондаги ижтимоий ва маданий ривожланиш силсиласида унинг ўрни янада мустаҳкам бўлиши, умуминсоний тараққиётда унинг улуши яна каттароқ бўлиши зарур эди. Қолаверса, унинг ватанидаги сиёсий ва ижтимоий жараённинг муқим эмаслиги ҳамон уни изтиробга соларди.

1993 йилда Нигерияда демок­ратик сайловлар бекор қилиниб, ҳукумат тепасига ҳарбий диктатор Сани Абача келгач, ёзувчи муҳожирликка жўнашга мажбур бўлади. Шу даврлар ёзувчи учун пуб­лицистик чиқишлар палласи бўлди. “Қитъанинг очиқ жароҳатлари: Нигериядаги инқироз ҳақида шоҳидлик” эсселар тўпламида Нигериянинг мустақилликка эришган 1960 йилдан то Сани Абача режими ўрнатилгунга қадар бўлган тарихини яратади. Ижодкор алам ва изтироб билан Нигерияда маънан айниш палласи бошланди, қадриятлар топтала бошланди, дея ёзади. Унинг миллатпарвар шахс сифатидаги бу чиқиши жавобсиз қолмайди, албатта. Мамлакат ҳукумати Воле Шойинкани ватанига хиёнат қилишда айблайди. Ёзувчи учун бундан ҳам оғирроқ айбни топиб бўлмас эди.

1998 йилда Нигерия ҳукумати ёзувчига қўйилган айбловни олиб ташлади. Шу йили Воле Шойинка ватанига келди. Ва навбатдаги “Хотира юки: авф этиш илоҳаси” эсселар китобини чоп этди. Бу китоб “Очиқ жароҳат…”нинг ўзига хос давоми эди. Ижодкор Африкада ҳамон инсонийликка зид жиноятлар содир этилаётгани, ярашув жараёни қийинчилик билан амалга ошаётгани ҳақида куйиниб ёзади.

Воле Шойинка ўз пьесалари ва романлари, мақолаларини инглиз тилида ёзган. Шеърлари эса она тилиси – йоруба элати тилида битилган. Унинг наср ва драматургиясидан баъзи намуналаргина рус тилига таржима қилинган.

Рисолат Ҳайдарова

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон