Суръат Мирқосимов. Ватаннинг оташин куйчиси

Рабиндранат Тагор таваллудига 155 йил тўлди

1971 йилнинг апрель ойидан хизмат тақозосига кўра оилам билан бир қанча муддат Ҳиндистонда истиқомат қилдик. Бу ерда яшаган бир неча йил давомида ҳинд халқининг Тагор даҳоси ва ижодига эҳтироми юксак эканига кўп бор гувоҳ бўлдим.

Ҳиндистонда май ойи бошида нафақат Калькутта шаҳри, балки бутун Ғарбий Бенгалия штатида ҳаёт шиддат билан жонланиб кетади. Сабаби, буюк ёзувчи, драматург, шоир, фан ва жамоат арбоби Рабиндранат Тагор таваллуд топган кун – 7 майдан бошлаб то шу ойнинг охиригача мамлакатнинг катта-ю кичик шаҳар-қишлоқларида турли-туман тадбирлар ўтказилади. 1971 йилда мен иштирок этган асосий тадбирнинг биринчи кечаси Тагорнинг драмалари, иккинчиси – қўшиқлари, учинчиси – шеърлари, тўртинчиси – романлари, бешинчиси – ҳаётига бағишланган эди. Мазкур тадбирда мамлакат ҳукумати аъзолари, штат раҳбарлари ва жамоат арбоблари ўзига хос чиқишлар билан қатнашдилар. Айниқса, Калькутта шаҳридан тахминан 70-80 километр узоқликдаги Шантиникетан шаҳарчасида Тагор ташкил этган болалар ўқув мактаби ва Вишва Бхарати номли олий таълим даргоҳида бўлиб ўтган тадбирлар мен учун ҳануз ёрқин хотиралардир. Адиб туғилган кун бутун Ҳиндистонда миллий байрам сифатида нишонланиб, марказий радио, телевидение ва уларнинг штатлардаги бўлимларида махсус эшиттиришлар, кўрсатувлар ташкил этилди, матбуотда эса кўплаб мақолалар, эсселар, улуғ шоирга бағишланган шеърлар босилди.

Рабиндранат Тагор ғоят сермаҳсул ижод қилди, қизғин фаолият юритди. Унинг элликка яқин шеърий тўплами, ўндан ортиқ роман ва қиссалари, қирққа яқин пьесаси, ўз даврининг турли муаммолари ёритилган юздан ортиқ фалсафий эсселари жаҳон адабиётининг нодир намуналари қаторидан жой олган. Бундан ташқари, у бастакор сифатида икки мингга яқин қўшиқ ёзган. Дунёда икки мустақил мамлакатнинг миллий мадҳиясига муаллифлик қилган бошқа шоир бўлмаса керак. Тагор эса шундай шараф эгасидир. Унинг 1911 йили ёзилган “Жанаганамана” (“Қалб қўшиғи”) асари 1950 йил 26 январь куни Ҳиндистон Республикасининг расмий мадҳияси сифатида янграган. 1905 йили ёзилган “Менинг олтин Бенгалиям” қўшиғини эса 1971 йили мустақилликка эришган Бангладеш парламенти янги давлатнинг мадҳияси деб эълон қилган.

1910 йили бенгал тилида ва 1912 йили инглиз тилида чиққан “Гитанжали” (“Фидойилик қўшиқлари”) шеърий тўплами учун адиб 1913 йил адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ушбу воқеа сабаб истеъдод ва иқтидорларга бой ҳинд халқининг халқаро обрўси янада ўсди. Буюк Британия қироллиги томонидан Тагорга “рицарь” унвони берилиши ва у кишига “сэр” деб мурожаат қилиниши ҳақида махсус фармон эълон қилингани ҳам адибнинг мақоми нақадар баланд бўлганидан далолат беради.  Аммо 1919 йил 13 апрелда Ҳиндистоннинг Панжоб штати Амритсар шаҳридаги машҳур Жалианвала боғида панжобликларнинг ҳосил байрами – “Байсакхи” нишонлаётган пайтда инглиз аскарлари минглаб иштирокчиларни ўққа тутганига норозилик сифатида Тагор ушбу унвондан воз кечади. Америкалик тадқиқотчи олим Алекс фон Тунзелман “Ҳинд ёзи” (“Indian summer”) китобида ёзишича, ушбу воқеадан ўн тўрт ой ўтгач, Маҳатма Ганди ҳам ўзига 1915 йил тақдим этилган “Кайзери Ҳинд” (“Ҳинд ҳукмдори”) медалини қайтариб топширади. Қизиғи шундаки, Маҳатма Ганди бутун дунёга машҳур бўлган “сатяграха” – куч ишлатмай озодлик учун кураш ҳаракатини ҳам шундан сўнг бошлайди. Тагор эса уни қўллаб-қувватлайди.

Рабиндранат Тагор Нобель мукофотига сазовор бўлгандан кейин жаҳон ҳамжамиятида нафақат унинг ижоди, балки ҳинд халқининг ҳаёт тарзи, маданияти, санъатига қизиқиш кучаяди. Шу сабаб турли давлатлардаги ёзувчилар уюшмалари, жамоат ташкилотлари Тагорни ўз мамлакатларига меҳмон сифатида таклиф эта бошлайди. Масалан, Тагор 1913 йил АҚШга сафар қилади ва ҳинд маданияти бўйича қизиқарли маъруза ўқийди. Умуман, Тагор қаерга ташриф буюрмасин, суҳбатига ноил бўлаётганларни миллати билан таништирарди. Хусусан, биринчи жаҳон урушидан сўнг у қатор Европа давлатларида бўлади ва Ҳиндистон ҳақида мазмундор маърузалар ўқийди. Ушбу ташрифлари давомида у ўз даврининг машҳурлари – физик олим Альберт Эйнштейн, англиялик драматург Бернард Шоу, франциялик ёзувчи Ромен Роллан, англиялик файласуф Бертран Рассел, россиялик рассом Николай Рерих, япониялик шоир Кокудзо Окакуро ва бошқалар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатади.

Тагорнинг хулосасига кўра, Ватан тараққиёти, аҳолининг фаровон ҳаётга эришиши учун ҳамма илм ва маърифатга эга бўлиши лозим. Адиб бу борада ибрат кўрсатиб, кўплаб амалий ҳаракатларга ҳам киришади. Жумладан, ҳозирги Ғарбий Бенгалия штатининг Шантиникетан қишлоғида ўз ҳисобидан болалар учун аввал замонавий мактаб, сўнгра Вишва Бхарати университетига асос солади. Серқирра истеъдод эгаси бўлган Тагор уйи, мактаб ва университет бинолари лойиҳаларини ҳам ўзи чизган эди.

Шу ўринда ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги алоқага ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Зиёлиларимиз ўртасида Рабиндранат Тагорнинг ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш ХХ асрнинг ўрталарида, Ҳиндистон давлатининг биринчи Бош вазири Жавоҳарлаъл Неру ҳамда унинг қизи Индира Ганди хонимнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан янада кучайди. Хусусан, мазкур ташриф аввалида, яъни 1956 йил июнда Тагорнинг машҳур “Инқироз” романи асосида тайёрланган “Ганг дарёсининг қизи” спектакли саҳналаштирилди. Адиб ҳикоялари, шеърлари Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов каби етук санъаткорларимиз томонидан радио орқали ўқиб эшиттирилди. Шу йиллар ичида ёзувчининг саккиз жилдли асарлари нашр этилди.

Кейинги йилларда ўзбек ўқувчилари орасида Тагор асарлари анча оммалашиб, китоблари қайта-қайта нашр этилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳозирда дунёнинг қудратли мамлакатлари орасидан ўзига хос ўрин эгаллаётган Ҳиндистоннинг бугунги иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти, маънавий ривожида Рабиндранат Тагорнинг ўзига хос ҳиссаси бор. Ҳинд халқи бу ҳақиқатни қайта-қайта эътироф этган ҳолда, уни миллат тимсоли, ҳинд халқи қалбининг кўзгуси сифатида юксакларга кўтаришади. Зеро, адиб ижоди бундай эътироф ва баҳога ҳар жиҳатдан муносибдир.

«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 5-сон