Маъмур Умаров. Мольер асарлари ўзбек саҳнасида

Мольер тахаллуси билан жаҳонга машҳур буюк француз комедиянависи Жан-Батист Поклен 1622 йил Париж шаҳрида, қирол саро­йида деворга гулқоғоз ёпиштирувчи уста оиласида туғилган. Мольер 1635–1639 йиллари Париждаги Клермон коллежида ўқийди, ҳуқуқшунос дипломини олиб, 1640–1641 йиллари судда адвокат сифатида фаолият кўрсатади.

Отасининг касбидан ҳам, адвокатликдан ҳам актёрликни устун қўйган Жан-Батист Поклен 1644 йилнинг 28 июлидан бошлаб Мольер тахаллуси билан саҳнага чиқа бошлайди. Бу даврда актёрлик эътиборли касб ҳисобланмагани учун ижодкорлар томошада тахаллус билан қатнашишлари лозим эди. Мольер ёшлик йиллари тақдирнинг турфа зарбаларига дучор бўлади, ўн ёшида туғишган онаси, тўрт йилдан сўнг эса ўгай волидаси ҳам вафот этади, боз устига адвокатлик, актёрлик, театр қарзлари учун ҳибсга олиниб, кўплаб қийноқларни бошдан кечиради. Озодликка чиққач, турли театр труппалари билан дунё бўйлаб гастроль сафарларига отланади, бу ҳодисалар Мольерни ҳаёт қоидалари, одамлар характери ва театр қонуниятларини чуқур ўрганишига кўмак беради.

Мольер 1658 йил труппаси билан Парижга қайтиб, қирол театрида томошалар кўрсатади. 1660 йил “Сганарелла ёхуд сохта … эр” номли илк комедияси намойиш этилади. 1662 йили 40 ёшли Мольер оила қуради. 1663 йилдан бошлаб қирол унга минг ливр миқдорида нафақа тайинлайди. 1664 йили “Элид маликаси” комедияси қиролликдаги ортиқча дабдабалар, тантаналар калака қилингани учун эътибор қозонади. 1665 йили “Дон Жуан” комедияси саҳналаштирилиб, шов-шувли тарзда 15 марта ўйналгач, ҳукумат босими билан тўхтатиб қўйилади.

Дон Жуан ҳақида кўплаб ҳикоя, ривоят, афсонаю латифалар машҳур бўлган бир пайтда, мазкур кўҳна ва оммабоп сюжетнинг комедияга айланиб, саҳнага қўйилиши Мольернинг шуҳратини ошириб юборди. Чунки Дон Жуан қиёфасидаги мунофиқлик, фирибгарлик, айёрлик каби иллатлар айнан комедия руҳиятига мос тушар эди.

1666 йил “Мизантроп” ва “Зўраки табиб” асарлари саҳна юзини кўради. 1667 йил муаллифга оламшумул муваффақият келтирган “Тартюф” асари саҳналаштирилиб, гулдурос қарсаклар ила кутиб олинади, бироқ асарда кўтарилган кескин ижтимоий-сиёсий воқелик – сохта диндорлар ниқобининг фош этилиши томошанинг тўхтатилишига сабаб бўлади. Қирол танқид остига олинган Мольер театрини сақлаб қолиш мақсадида труппага “Қирол актёрлари” даражасини бериб, ғазнадан мояна ажратади.

1668 йил Мольер сермаҳсул ижод қилиб, “Жорж Донден ёки аҳмоқ қилинган эр”, “Мажбурий тўй” ҳамда “Хасис” комедияларини ёзади ва ўзи саҳналаштиради. Драматургияда тобора муваффақиятга эриша бошлаган Мольер 1669 йили “Жаноби де Пурсоняк”, 1670 йили “Ажойиб ошиқлар” ва “Дворянликдаги мешчан”, 1671 йили “Психея” ва “Скапеннинг найранглари”, 1672 йили “Олима аёллар” ва “Никоҳ мадҳи”, 1673 йили “Сохта бемор” каби асарларни яратади ва саҳнага қўяди. Айниқса, улар орасида катта довруқ қозонган “Сохта бемор” комедиясида бош қаҳрамон Оргон ролини Мольернинг ўзи ижро этади. Спектакль тўртинчи бор намойиш қилинаётганида, Мольернинг томоғидан қон оқа бошлайди, томошабинлар эса бу ҳолатни Оргоннинг жон аччиғидаги талвасаси деб қабул қилишади. Машҳур актёр, драматург ва театр арбоби Мольер саҳнадан уйига олиб борилгунича, ҳаёт билан видолашган эди. Афсуски, ижодкорнинг жасади бир муддат хору зор бўлади, руҳонийлар уни диндорларни масхара қилгани учун дафн этишни тақиқлайди. Буюк драматургнинг турмуш ўртоғи Арманда Бежар қиролдан ёрдам сўрайди ҳамда Париж архиепископининг рухсатидан сўнг уни кўмишга, тобутини авлиё Иосиф қабристонига олиб боришга эришади, театр труппасига эса ўзи раҳбарлик қила бошлайди. 1680 йили Мольер труппаси “Бургенд меҳмонхонаси” труппаси билан бирлашиши натижасида машҳур “Комеди франсез” театри вужудга келади.

Мольернинг 29 та комедияси, 17 жилдли асарлар тўплами жамланган бўлиб, бу асарларда инсон қадр-қиммати, никоҳ ва оилани муқаддас деб билиш, эрнинг оиладаги мақомини улуғлаш, муҳаббатни ардоқлаш, зўраки никоҳни қоралаш, меросхўрларга ўз ҳуқуқини эслатиш каби ижтимоий масалалар ёритилган. Шунингдек, мижғов расмиятчилар, саводсиз мансабдорлар, хасис бойлар, ахлоқсиз ва шаллақи безорилар, анқов табиблар, тамагир ҳуқуқшунослар, бешафқат ота­лар, танти хонимлар, иккиюзламачи ва сохта диндорлар қаттиқ кулги остига олинади. Унинг комедияларини ўқиб ёки томоша қилиб, кулгининг “тахир маза”сини туйиш мумкин. “Ҳар сафар Мольер комедиялари билан учрашгач, обдон куласан, шундан сўнггина фикратингда йиғлаш эҳтиёжи пайдо бўлади”, деб ёзган эди тадқиқотчилардан бири.

Мольер комедияларининг ижобий қаҳрамонлари – содда ва меҳнаткаш халқ, зеҳни ўткир, кескин вазиятларда тўғри хулоса чиқарувчи шахслар, ўз хўжаси ва оиласи шаънини ҳар нарсадан устун қўювчи хизматкорлар. Улар ноҳақликни кечирмайди, хақиқатдан юз ўгирмайди, адолат қарор топиши учун астойдил курашади. Бундай фазилат соҳиблари Мольер фалсафасининг асоси, эстетик идеали эди. Хизматкорлар хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин – фикри тиниқ, сўзлари ҳаётий, суҳбати самимий, ҳазил-мутойибага бой, ҳаракатлари мақсадли. Шу боис драматург асарлари ҳар қандай томошабин нигоҳини зумда сеҳрлаб олади ва воқеаларни диққат билан кузатишга чорлайди.

Мольердан 127 йил кейин дунёга келган буюк немис шоири ва маърифатпарвари Иоганн Вольфганг Гёте умри давомида француз адибининг ижодий меросини ўрганганини шундай изоҳлайди: “Мен Мольерни яхши кўраман ва навқирон давримдан бошлаб бутун онгли ҳаётим давомида ундан таҳсил олганман. Ушбу ажойиб ижодкор билан ғойибона бўлса-да, суҳбат қилиш илинжида ҳар йили унинг асарларини такрор ва такрор ўқийман. Мен Мольерни фақатгина бадиий услуби учунгина эмас, балки табиий ва жозибали сўзлари учун қадрлайман”.

Маълумки, кулги ҳаётни кам-кўсти, инсонни бори фазилату камчилиги билан англашга кўмак беради. Комедия эса ҳозирча сезилмаётган, бироқ келажакда ижтимоий хавф туғдириши мумкин бўлган масалаларга диққатимизни қаратади.

Мольер комедияларидаги бош мавзу – чин севгига қурилган оила ва уни асраш бўлиб, бу ғоя оддий халқ вакили бўлган персонажлар тилидан қуйидагича изоҳланади:

— ким севса, қоядек қаттиқ бўлиши керак;

— муҳаббат – буюк мураббий;

— рашкчининг муҳаббати кўпроқ нафратга ўхшайди;

— севган инсоннинг иродасига бўйсуниш – муҳаббатнинг энг олий исботидир;

— одамлар муҳаббатдан масрурланиб, ҳар сафар ақлини йўқотишади;

— ҳар бир одам севадиган инсони томонидан осонликча алданиши мумкин;

— севгида чидаб бўлмайдиган нарса бу – жимжитликдир;

— гўзал аёлнинг барча гуноҳларини кечириш мумкин;

— ким севгини билмабди, демак, у дунёга келмабди;

— севги барча мангу нарсалар орасида энг қисқа давом этадиган ҳодисадир;

— аёллар ўзларига кўпроқ сарф-харажат қилганларни ёқтиради;

— ақл муҳаббатни бошқармайди;

— инсон фақат ҳаракатига эмас, балки ҳаракатсизлигига ҳам жавоб беради;

— тақдирлашнинг энг яхши услуби – қўлингизга ниманидир қистиришлари;

— тана қартайганда, ахлоқ мустаҳкамланади;

— ҳасадгўйлар ўлади, аммо, ҳасад – ҳеч қачон;

— грамматика ҳатто шоҳларга ҳам амр беради.

Юқоридаги ҳикматлар никоҳ ва оилани муқаддас деб билувчи миллатимиз учун ҳам аҳамиятга эга десак, хато бўлмайди.

Энди буюк драматург асарларининг юртимиз театрларидаги саҳна талқинлари ҳақида сўз юритсак. Мольер комедиялари ўзбек томошабинларига 1925 йилдан бери таниш. 1924–1927 йилларда Москвадаги Ўзбек маориф уйи қошидаги театр-студияда таҳсил олган актёрлар Мольернинг “Хасис” комедиясини саҳналаштиради. Асарни атоқли режиссёр Маннон Уйғур она тилимизга таржима қилади ва студия педагоги В.Канцель томонидан саҳнага қўйилади. Маннон Уйғур ўз хотираларида спектакль устидаги ижодий жараён бир йил давом этгани ва бу изланишлар индивидуал характер ва серқирра образлар яратиш йўлида мустаҳкам замин ҳозирлаганини таъкидлайди. Студиячилар “Хасис” спектаклини 1925–1926 йиллардаги таътил вақтлари ўзбек саҳнасида намойиш этгани тарихдан маълум. 1927 йил Озарбайжоннинг Боку театр техникумида таҳсил олган бир гуруҳ ўзбек актёрлари Мольернинг “Жорж Донден ёки аҳмоқ қилинган эр” комедиясини саҳнага қўйишади. Буюк ўзбек маърифатпарвари Абдулҳамид Чўлпон спектаклнинг бадиий савияси, ютуқ-камчиликларини таҳлил қилиб, матбуотда “Жўрж Дандин” сарлавҳали мақоласи эълон қилади. “Бу сафар қўйилғон асарни янглиш танланғон дея олмаймиз. Муни танлаш билан бокули талабаларимиз яхши иш қилғонлар. Асар, энг ялгари, битта-яримта актўрни ўсдиришга, тарбия қилишға ярайди”, – деб ёзади адиб  (мақола “Зарафшон” газетасининг 1927 йил 16 июнь сонида босилган).

2015 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти “Жаҳон адабиёти дурдоналари” номли тўпламнинг 1-жилдини чоп этди. Бу қимматли китоб Мольер ҳақидаги изоҳлар ва унинг “Тартюф” асари билан бошланиши ҳам бежиз эмас.

Профессор Акмал Саидов ва Луқмонжон Исоқовлар тўпламга мумтоз комедиянинг 1941 йил атоқли адибимиз Ойбек маҳорат билан ўгирган таржимасини киритган. Изоҳлардан бирида “Буюк Шекспирнинг “Отелло”сидан сўнг Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри – М.У.) театри репертуари классик драматурглардан бири – Мольернинг “Тартюф”и билан янада бойиди (асар режиссёр Николай Ладигин томонидан саҳналаштирилган эди). Бу, ҳеч шубҳасиз, театр ижодий жамоаси жаҳон маданий меросини забт этиш сари дадил қадам ташлаётганидан далолат беради”, – деб таъкидланган. Шунингдек, Мольер асарларидан “Зўраки табиб” 1949 йил, “Скапеннинг найранг­лари” 1950 йили ўзбек тилига таржима қилиниб, саҳналаштирилгани ҳақида ҳам маълумот берилган.

Мамлакатимиз театрларининг Мольер комедияларини саҳна­лаштириш жараёнида орттирган тажрибалари саҳна санъати билан боғлиқ ўқув тизимига ҳам татбиқ қилинади. Маннон Уйғур ва В.Канцеллар актёрларни тарбиялаш ҳамда маҳоратини оширишда Мольер яратган характерлар дастуриламал бўлишини англаб етишган эди. 1965 йилдан бошлаб Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти – М.У.) институтида жаҳон мумтоз драматургияси, хусусан, Мольер комедияларини диплом спектакли сифатида саҳналаштиришга алоҳида аҳамият қаратилади. “Зўраки табиб” (режиссёр Раҳим Сайфуддинов), “Жаноби де Пурсоняк” (режиссёр Нина Тимофеева), “Мизантроп” (режиссёр Арсен Исмоилов), “Скапеннинг найранглари” (режиссёр Жаббор Жўрақулов), “Сохта бемор” (режиссёр Лола Хўжаева), “Дворянликдаги мешчан” (режиссёр Сергей Каприелов) каби диплом спектаклларида истеъдодини кўрсатиб, характер яратган актёрлар кейинчалик ўзбек театрининг таниқли намояндаларига айланишди. Ўша йиллари институтда бўлажак актёрларни ўқитишда учта диплом спектакли тайёрлаш: учинчи курснинг биринчи ярмида ёшлар муаммоси билан боғлиқ; иккинчи ярмида комедия, тўртинчи курснинг биринчи ярмида эса драма ёки трагедия саҳналаштириш олий таълим талабига айланган эди. Бу жараёнда Мольер қаҳрамонлари талаба-актёрлар учун комедияда характер яратиш мактаби бўлиб хизмат қилган. Олийгоҳни тамомлаб, юртимиз театрларида фаолият бошлаган ёш актёрлар ўз маҳоратларини тоблаш учун Мольернинг “Зўраки табиб” ва “Скапеннинг найранглари” комедияларига қайта-қайта мурожат қилиб турганлар.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистон Ёшлар театри репертуаридан Мольернинг “Зўраки табиб” ва “Тартюф” комедиялари (режиссёр Наби Абдураҳмонов) мустаҳкам ўрин эгаллади. Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театрида ёш режиссёр Асқар Холмўминов “Тартюф” комедиясини “Фирибгар Тартюф” номи билан саҳнага олиб чиқди. Таъкидлаш лозимки, етмиш беш йиллик танаффусдан сўнг классик асарнинг яна академик театр саҳнасига қайтиши маданий ҳаётимизда ўзига хос воқеа бўлди.

Маълумки, Мольер ижодининг чўққиси бўлмиш “Тартюф” – шеърий услубда ёзилган комедия. Назмий асарлар эса актёр учун туйғулари ва ҳиссиётини тўла намоён этишга бирмунча ноқулайлик туғдиради, шу боисми аксарият саҳна ижодкорлари шеърий асарлардан хавфсирайди.

Икки оғиз спектаклдаги актёрлик ижролари хусусида. Фирибгар Тартюф ролини гавдалантирган таниқли актёр Тоҳир Саидов, Дорина характерини яратган актриса Муяссар Бердиқулова ва Дамис роли ижрочиси Фаррух Зиёев ўз қаҳрамонларининг хатти-ҳаракати, феъл-атворини маҳорат билан кўрсатиб беришди. Ижрочиларнинг нутқлари равон, мақсадлари аниқ ва ҳаракатлари табиий.

Саҳналаштирувчи рассом Миржалол Холиқов томонидан ишланган саҳна декорациялари асар ғоясини очишга хизмат қилади, либослар (рассом Севара Зуннунова) ва саҳна безаклари ҳам француз маданиятига хос. Режиссурага келсак, мизансаҳналар қурилган, характерлар аниқланган, темпо-ритмда ҳам муайян тадриж бор. Театр жамоаси ўз имкониятларидан келиб чиқиб, саҳна санъатининг бош мезони – бадиий-эстетик дидни намоён қилишга эришган деб, дадил айтса бўлади.

“Фирибгар Тартюф” спектаклининг янги талқини юқорида эслаган эътирофларимизни яна бир бор қувватлашга имкон беради. Албатта, спектаклнинг талайгина фазилату ютуқларини таъкидлаган ҳолда, айрим таклиф-истаклар айтмоққа ҳам эҳтиёж сезилади.

Маълумки, ҳар бир саҳна асарининг авж нуқтаси – “кескин бурилиш” (перипетия) ҳисобланади. “Тартюф”да шу ҳодиса Эльмира эри Оргонга риёкор Тартюфнинг бузуқ қиёфасини кўрсатиш учун пинҳона учрашув ташкил этган саҳнада содир бўлади. Эсимда, анча йиллар муқаддам Москва бадиий академик театрида машҳур режиссёр Анатолий Эфрос саҳналаштирган “Тартюф”да бу саҳнага ниҳоятда эҳтиёткорона ёндашилган, нозик эҳтирослар, ноз-карашмалар, илмоқли репликалар томошабинларнинг тўхтовсиз олқишига сазовор бўлган эди. Наздимизда, режиссёр шу саҳнага янада аниқлик киритиб, тўпориликдан холи, миллий менталитетимизга мос топилмалар билан бойитса, бу воқелик завқли томошага айланарди.

Шунингдек, Мольер комедиясига кўра Тартюфнинг фирибини хизматкор Дорина биринчилардан бўлиб пайқайди, уни фош қилишга бел боғлайди. Энага сифатида тарбиялагани беғубор қиз Мариананинг соф муҳаббати учун астойдил курашади ва якунда оила шаънини сақлаб қолади. Агар режиссёр бу масалага ҳам чуқурроқ назар ташлаб, режиссёрлик урғусини Доринанинг фаол ҳаракатларига қаратса, ўз-ўзидан томоша ечимида аниқлик пайдо бўларди. Яна бир истак шуки, фикримизча, спектаклда Ойбек домла амалга оширган таржимадан фойдаланишга эҳтиёж бордек.

Дарвоқе, Мольернинг “Тартюф” комедияси яқинда олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Талабалар театр студиялари фес­тивали”да Ўзбекистон Миллий университетининг “Ҳумо” жамоаси томонидан ҳам намойиш этилди. Ёш режиссёр Валишер Юнусов саҳналаштирган спектакль ажойиб декорациялари, ранг-баранг либослари ва ёрқин мусиқий композицияси билан кўпчиликнинг ёдида қолди.

Машҳур шекспиршунослардан бири “Ҳамлетни ўйнаган актёр профессионал ёки ҳаваскор бўлишидан қатъий назар доимо улуғланган”, – деб ёзган эди. Шу фикрни ҳеч иккиланмай, Мольернинг “Тартюф” комедиясига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Чунки ушбу образни яратган актёр катта маҳорат чўққиларини забт этади.

Шу маънода Мольер асарларининг ўзбек театрлари саҳнасида қўйилиши билан боғлиқ мавзу ўз тадқиқотчиларини кутаётган долзарб илмий масаладир. Бугун жамиятимизнинг барча соҳалари қатори янги босқичга кўтарилаётган Ўзбекистон театрлари миллий ва жаҳон драматургиясининг мумтоз намуналарини қайта саҳналаштирмоқда. Шубҳасиз, мумтоз асарлар томошабин маънавий дунёсини бойитиш билан бирга, саҳна ижодкорлари учун баланд минбар, юксак фикрлар манбаи бўлиб хизмат қилажак.

«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон