Марҳабо Қўчқорова. “Сароб”нинг матности сирлари

Ўзбек адабиётшунослигида яратилган энг кўп баҳсларга сабаб бўлган асарлардан бири, шубҳасиз, “Сароб” романидир. Бу асар юзасидан ёзилган, билдирилган фикрларнинг кўплиги, хилма-хиллиги, бир-бирига қарама-қаршилиги ҳам унда қандайдир кучли “БАДИИЙ-ҒОЯВИЙ СИР” яширинганлигини  яна бир карра тасдиқлайди. “Сароб”  нашр этилгандан буён орадан саксон йил вақт ўтибди ҳамки, мунозаралар, баҳслар ҳали ҳам тугагани йўқ. Саксон йил… Бир қарашда бу унчалик катта муддат эмасдек. Аммо яхшилаб ўйлаб қарасак, бир кишининг яшаб ўтган умри билан тенг, ақлга тўлишиб, етилган, пишган кексалик даври фасли билан тенг. Аммо бу ёшга етганлар бор, етмаганлар бор… Ҳамма гап ана шу ета олишда… Демак, “Сароб” саксондан сакраб ўтиб, тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашадиган бадиий жиҳатдан бақувват асарлардан бири бўлгани учун ҳам у яшаб келмоқда.

“Сароб” романи борасидаги илк танқидий чиқишлардан тортиб, то шу бугунги кунга қадар яратилган тадқиқотлар, диспутлар, талқинларни бир дақиқага хаёлдан ўтказадиган бўлсак, битта роман юзасидан қилинган илмий мунозараларнинг ўзи бир докторлик диссертациясига тадқиқот объекти бўла олиши, кишини ажабтовур ҳайратлантиради. Бу борада Ҳ.Мусаевнинг “Сароб” совет романими?” номли илк танқидий чиқишидан тортиб, матншунос О.Жўрабоевнинг илмий-текстологик тадқиқотигача қанчадан-қанча тадқиқотлар, талқинлар, мулоҳазалар билдирилмади, дейсиз? Албатта, “Сароб” романи бўйича яратилган барча тадқиқотларга муносабат билдириш, ҳар бирига тўхталиш бизнинг имконимиздан ташқари иш. Аммо шу илмий ишларнинг энг катталарига тўхталишга, муносабат билдиришга бурчлимиз. Жумладан,  М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматов, Р.Қўчқор, О.Жўрабоевларнинг илмий изланишларига муносабат билдириш, кези келган ўринларда баҳслашиш, ўз шахсий фикрларимизни, янгича талқинларимизни яратишга жазм этдик.

“Сароб” нафақат, танқидчи олимларни, ҳатто муаллифнинг ўзини ҳам энг кўп ўйлантирган, изтиробга солган асарлардан бири. Бундай дейишимизга сабаб, адиб архивида сақланаётган хатларнинг мазмунидир. Абдулла Қаҳҳор шогирди П.Қодировга ёзган мактубларининг деярли ҳар бирида “Сароб” ва унинг рус таржимонларига тўхталади.  Адиб мактублардан бирида “Сароб”даги ижобий типларни қайта ишлаб, кўтариш ниятим йўқ” – деган очиқ жавобни ёзади. Романнинг таржима тарихига назар ташлайдиган бўлсак, “Сароб” рус тилида “Мираж” номи билан бир нечта моҳир мутаржимлар томонидан ўгирилиб, шунингдек, бошқа хорижий тилларда ҳам қайта-қайта чоп этилди.

Жумладан, “Сароб” романи адабиётшунос ва таржимон Вера Смирнова томонидан рус тилига таржима қилиниб, Москвада нашр этилди. Адибнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан Москвада “Бадиий адабиёт” нашриётида адибнинг 2 жилдлиги чоп этилади[1]. Мазкур жилдликнинг нашрга тўплаб тайёрловчиси – Комрон Ҳакимов. Биринчи жилдлик К.Симоновнинг “Қаҳҳор ҳақида сўз” номли кириш сўзи билан очилади. Бу жилдга “Сароб” (В.Смирнова таржимаси), “Қўшчинор чироқлари” (А.Садовский ва С.Малашкин таржимаси) киритилган. Иккинчи жилдга эса “Синчалак” (К.Симонов таржимаси), “Ўтмишдан эртаклар” (К.Симонов ва К.Ҳакимов таржимаси) ҳамда ҳикоялар: “Кўр кўзнинг очилиши”, “Мастон”, “Ўғри”, “Бемор”, “Анор”, “Адабиёт муаллими”, “Жонфиғон”, “Қизлар”, “Кўк конверт”, “Асрорқул”, “Большевиклар”, “Даҳшат”, “Маҳалла”, “Тамошабоғ” (Г.Хантемиров, Т.Калякин, И.Боролина, А.Садовский, А.Наумов, И.Киссен, А.Раҳимий таржимаси) жамланган. Россияда бутун бошли қаҳҳоршунослар авлоди шаклланди. Албатта, уларнинг ҳам  илмий тадқиқотларига, ҳам таржималарига баҳо бериш, илмий-назарий жиҳатдан хулосалар чиқариш фурсати етиб келганига анча бўлди. Биз бу ҳақда тадқиқотимизнинг энг сўнгги бобида қисқа экскурс қиламиз.

“Сароб” романи шу кунга қадар олти маротаба чоп этилди. Хронологик жиҳатдан қаралганда, булар: 1937, 1957, 1967, 1987, 1995, 2017 йиллардир. Шулардан уч нашр адиб ҳаётлигида чоп этилган. Шу боис бир романнинг уч нашри, уч хил вариантлиликни ҳосил қилган. Бу эса айни пайтда адабиётшуносларимизнинг диққатини тортди. Ажойиб адабиётшунос Р.Қўчқор илк бор “Уч Сароб” ҳақида қизиқарли илмий кузатишлар олиб борди[2].  Адиб вафотидан сўнг чоп этилган икки нашр (1987, 1995) ҳам 1967 йилги нашр асосида амалга оширилган. Энг сўнгги нашр 2017 йилда нашр этилди. Уни филология фанлари номзоди, манбашунос олим Отабек Жўрабоев нашрга тайёрлади. Мазкур нашр Ф-1-ФҚ-055213 шифрли “Абдулла Қаҳҳор дастхат қўлёзмалари асосида асарларининг илмий-қиёсий матнларини тайёрлаш ва нашрга ҳозирлаш” мавзусидаги фундаментал лойиҳа доирасида амалга оширилди[3]. Айтиш мумкинки, мазкур 1937 йилги илк нашр асосида тайёрланган “Сароб” ва унинг илмий-текстологик тадқиқоти роман атрофидаги салбий баҳоларнинг урчишига сабабчи бўлган Раҳмон Қўчқор қарашларига жиддий жавоб бўлди. Жилдликка сўнгсўз ёзган О.Жўрабоев таниқли адабиётшунос Р.Қўчқорга шундай жавоб ёзади: “Танқидчи уларга жавоб топиш учун 1920 йилларда чоп этилган “Кокандская автономия”, “Удар по националистической контрреволюции” ва “Против Касымова, против касымовщины” китобларини А.Қаҳҳор диққат билан ўқиб чиққанлигини ва уларнинг ҳошияларига белги-изоҳлар қўйиб кетганлигини таъкидлайди. Шу асосда “Сароб” романининг яратилишида бу китоблар асосий роль ўйнаганлигини далиллашга ҳаракат қилади.

Таъкидлаш жоизки, ижодкор учун реал ҳаётий факт бадиий асарда детал ёки материал бўлиб хизмат қилиши бор ҳодиса. Л.Толстойнинг “Тирилиш” романи яратилиши учун бир суд иши ва ундаги фактлар сабаб бўлган. Стендалнинг машҳур “Қизил ва қора” романи учун ҳам ўз вақтида Францияда шов-шув бўлган бир суд иши ва унинг материаллари асос бўлиб хизмат қилган эди. Ёки XIX аср охирларида фирибгар Виктор Ахматов ҳақидаги далиллар Муқимий, Муҳйи, Қорий, Завқий каби шоирларнинг туркум ҳажвий шеърларига туртки бўлгани маълум.

Мунаққидга кўра, романдаги миллатчи гуруҳ билан боғлиқ ва яна бошқа айрим ўринлар, баъзи суҳбат-диалоглар ҳам юқоридаги ҳар уч китобдан ўзлаштирилган. Шу билан ўша даврдаги миллатчиларни эса “қосимовчилар, бадриддиновчилар суд процессларининг романга кўчиб ўтган руҳини юмшатишга, оҳангини сал бўлсада, ўзгартиришга уринган” (49-бет) дея фикр билдирилади”[4].

О.Жўрабоев аниқ далиллар билан кўрсатганидек, ёзувчи бадиий асарни ҳаводан олиб ёзмайди. Балки ҳаётий, тарихий, суд ҳужжатларини ўрганиб, санъат асари яратади. Олимнинг фикрларига қўшимча равишда айтишимиз мумкинки, америка ёзувчиси Теодор Драйзер ҳам “Америка фожиаси” роман-дилогиясини суд ҳужжатлари асосида ёзган. Мазкур роман дунё китобхонларига жуда яхши таниш. Унда ҳомиладор бўлиб қолган қиз ўз йигити Клайд томонидан ўлдирилади. Олий Суд Клайдга ўлим жазосини тайинлайди, у электр стулга ўтқазилади. Романнинг қисқа сюжети – шу. Ёзувчи Т.Драйзер мазкур воқеа ҳақида газетадан хабар топади. Сўнгра, ёзувчи шу ишнинг суд ҳужжатлари билан батафсил танишиб чиқиб, бутун дунёни ларзага солган “Америка фожиаси” роман-дилогиясини яратди. Шундай экан, Р.Қўчқорнинг “Сароб”нинг дунёга келишида ҳаётий материал бўлиб хизмат қилган суд ҳужжатларидан фойдаланишини “айблов” сифатида талқин этиши илмий этикага, адабиётшунослик методологиясига тўғри келмайди. Р.Қўчқорнинг “Қарзга берилган нур” тадқиқотини ўқиганимизда, адабиётшунос олимнинг эмас, ёзувчининг изидан тушган изқувар ҳолатини ҳис этдик. Зеро, адабиётшунос “изқувар” эмас, “судловчи”  (“оқловчи” ёки “қораловчи”) эмас, унинг вазифаси асарга холис ва одилона баҳо беришдир. Раҳмон Қўчқор эса А.Қаҳҳорни изма-из пойлайди, у қайси китобларни диққат билан ўқиган, ҳошияларига қандай белгилар қўйган… ва ҳакозалар ҳақида фикр юритади. Биз бундай таҳлил методини қабул қила олмадик. Бу адабиётшунос олимнинг таҳлили эмас. Детектив асарларга хос “ақлли изқувар шахс”нинг ишига ўхшайди. Иккинчидан, бугунги кунда Абдулла Қаҳҳор уй-музейида Р.Қўчқор фойдаланган икки китоб ҳам йўқолган. Музей бойлиги ҳисобланган адиб дастхати билан ёзилган ҳар қандай кичик бир парча қоғоз ноёб ҳужжат сифатида сақланади. Биз Р.Қўчқор адиб китоб ҳошияларига  белгилар қўйиб, ўқиган икки суд китобларини фойдаланишга олиб, қайтариб бермаганликда айбламоқчи эмасмиз. Аммо факт шундан иборатки, уй-музейда шу икки ва бошқа А.Қаҳҳор кутубхонасига тегишли адибнинг қўлёзмалари баъзи бир ноинсоф тадқиқотчилар томонидан олиниб, музей фондига қайтарилмаган. Музей директорлари  (К.Қаҳҳорова ва Н.Жалолова) ҳам музейшунослик қонун-қоидаларини теран англамаган ҳолда кўпгина китоблар ва ҳужжатларнинг талон-тарож этилишига йўл очган. Бу гап фақат Абдулла Қаҳҳор уй-музейига тегишли эмас. Барча музейлардаги ҳужжатлар, китоблар, экспонатлар, жиҳозлар, ашёлар кўз қорачиғидек асралиши, келажак авлодга бус-бутун ҳолда етказиб берилиши ҳар бир Ўзбекистон фуқорасининг елкасида турган муқаддас бурчдир. Мавзудан бироз чалғиб кетдик. Ўрни келганда, дилимизни анчадан бери вайрон этиб юрган муаммоларни ҳам айтиб олдик.

“Сароб” романи мураккаб давр 20-30 йиллардаги ижтимоий-сиёсий, тарихий даврни қамраб олган. Коммунистик мафкурани, социалистик тузумни барпо этиш учун турли ислоҳотлар ўтказилаётган (ер-сув ислоҳати), тарғибот-ташвиқот ишлари авжига чиққан бир пайт эди. Мана шундай алғов-далғов мураккаб давр манзаралари ёш ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романида акс этмаслиги мумкин эмас эди. Адабиётшунос Н.Каримов “Сароб” романига баҳо берар экан, ёш бўлишига қарамасдан, бундай катта романни яратиши бироз шубҳали, деб ёзади. Яна бир ёш тадқиқотчи “Сароб” романини америка ёзувчиси Жек Лондоннинг “Мартин Иден”и билан қиёслаб, улар ўртасидаги типологик ўхшашликлар ҳақида мақола эълон қилди. Аслида, бу икки роман ўртасидаги баъзи бир нозик типологик ўхшашликлар О.Шарафиддинов томонидан анча илгарироқ айтилган. Ҳақиқатан ҳам олимларимиз ва ёш изланувчиларимиз жуда тўғри таъкидлаганларидек, икки роман ўртасида, хусусан, Мартин Иден ва Саидий, Руфь ва Мунисхон образлари ўртасида, қолаверса, роман бадиий композициясида ўхшаш параллеллар кузатилади. Аммо бу дегани Абдулла Қаҳҳор тўғридан-тўғри Жек Лондоннинг тақлидчиси бўлиб қолди, дегани эмас. Бундан ташқари, “Сароб”ни М.Горькийнинг “Клим Самгиннинг ҳаётидан”, М.Шолоховнинг “Тинч Дон” романлари билан қиёслаб, уларнинг типологик ўхшашликлари ҳақида мулоҳазалар, тадқиқотлар ёзган олимларимиз ҳам бор[5]. Албатта, дунё адабиёти намуналари билан ўзбек адабиёти дурдоналарини қиёслаб, ажойиб кузатишлар, илмий изланишлар қилиш адабиётшунослигимизниг алоҳида йўналиши. Аммо, ҳар қандай ўхшашликлар бўлишига қарамасдан, “Сароб” романи ўзбек миллий тарихидан ажаратиб ёзилмагани шоён ҳақиқатдир. Хусусан, истеъдодли ёзувчи Ўзбекистон халқ ёзувчиси П.Қодировнинг қуйидаги мулоҳазаси бизга ниҳоятда маъқул тушди: “Саидий муносабати билан Григорий Мелехов ёки Мартин Иден каби жаҳонга машҳур адабий образларни жуда шартли равишда эслаш мумкин. Чунки тарихий даврларда ҳам, инсоний характерларда ҳам катта фарқлар бор. Уларнинг фожиавий тақдирларида ҳам ўхшашлик йўқ эмас, лекин Саидийга нисбатан Мартин Иден ёки Григорий Мелеховдаги улкан миқёс, курашчан руҳ, катта жасорат, фавқулодда фаоллик хийла бошқача. Аслида шундай бўлиши керак, чунки классиклар анъанасига эргашиш қуруқ тақлиддан юқори турадиган ижодий мустақилликни талаб қилади. Бир нарсани таъкидлаш керакки, “Сароб” китобийликдан узоқ турадиган асардир. Романнинг ёзилиши учун ҳаёт ва воқелик ҳал қилувчи асос бўлиб хизмат қилганини Абдулла Қаҳҳор ўз таржимаи ҳолида махсус кўрсатиб ўтади. Саидий, Мунисхон, Муродхўжа домла ва бошқа типдаги персонажларни ёзувчи ҳаётда кўрган. Олдин ўтган адибларнинг тажрибаси эса шундай одамлар тўғрисида ҳам асар ёзиш мумкинлигига уни ишонтирган ва реалистик методнинг йўлларини кўрсатган”[6].

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий роман жанрининг тўнғич намунаси “Ўткан кунлар”дек буюк бадиий энциклопедик асарни яратган бўлса, ундан сўнг, Абдула Қаҳҳор  “психологик роман” жанрининг илк намунаси “Сароб”ни яратди. Чунки, асарда икки ўт орасида қолган қаҳрамоннинг оғир кечмиши, дил қийноқлари бадиий тафтиш этилади. Унда “совет мафкурасини” қабул қилиш керакми, ёки “Мустақил Миллий Туркистон мухторияти”ни тузиш керакми? – деган савол ўртасида сарсон бўлган қаҳрамон Саидийнинг психологик ҳолати ва алал-оқибат ҳаёти фожиа билан якунланган мураккаб шахс трагизми маҳорат билан талқин қилинган.  Маълумотларга кўра, бу роман ёзувчининг ўз дастхати билан битган битикка кўра 1930-1934 йилларда ёзиб, тугатилган. Бу ҳақда Отабек Жўрабоев илмий текстологик тадқиқотда матностида “Сароб”нинг 1937 йилги нашр вариантида 1930-1934 йил санаси қўйилмаганлигини, кейинги икки нашрда, яъни 1957, 1967 йилардаги нашрда шу саналар қўйилганини кўрсатган[7]. Бу икки нашрни кўрганимизда, биз ҳам бунга гувоҳ бўлдик.

Р.Қўчқор, О.Жўрабоевларнинг тадқиқотлари асосида, ҳамда “Сароб”нинг уч вариантини кўздан кечириш асносида биз ҳам ўзимизнинг мулоҳазаларимизни баён этишга жазм этдик. Аввало, шуни таъкидлаш ўринлики, Р.Қўчқор ҳамда О.Жўрабоев жуда тўғри, одилона ўрганганларидек, “Сароб”нинг биринчи варианти анча мукаммал, бош қаҳрамон Саидийнинг фожиаси психологик, бадиий мантиқий жиҳатдан етарли даражада асосланган. Кейинги нашрларда тушиб қолган “Саримсоқнома” боби ёзувчининг жамият ҳақидаги, инсон ҳақидаги муҳим бадиий концепциясини ўзида акс эттиргани учун ҳам “Сароб”дек муҳташам асарнинг муҳим занжири узилган. Қолаверса, Саидийнинг ўлими биринчи вариантда ниҳоятда асосли, ишончли, мантиқий изчилликда якунлангани ҳолида кейинги икки нашрда “Қўпорувчилик” хатти-ҳаракати билан алмаштирилиши мутлақо ўзини оқламаган. Кўрсатилган мана шу муҳим сабабларга кўра, қолаверса, “Сароб”дек асарнинг совет мафкурасини гуллаб-яшнаган даврда ўз ўрнини топиб кетиши учун ёзувчи давр билан, мафкура билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлганини инобатга олиб, муаллифнинг асл муддоа-мақсади 1937 йилда нашр этилган илк вариантда тўла маънода акс этганини таъкидламоқчимиз. Шунинг учун кўрсатилган фактларга биноан  “Сароб” романининг  матностига беркинган кўпдан-кўп янги маънолари, сирлари ҳақида азиз ўқувчиларимиз билан фикрлашиш учун 1937 йилги илк нашр варианти асосида тайёрланган 2017 йил вариантни асос қилиб олдик.

“Сароб” романининг илк парчаси “Саримсоқнома” номи билан кичик муқовали китоб шаклида чоп этилган[8]. Юқорида айтганимиздек, “Саримсоқ исмли етим бола” ҳақидаги қистирма ҳикоя 1957, 1967, 1995 йилги нашрларда тушиб қолган. Тўғрироғи, Абдулла Қаҳҳор “Сароб” романини танқидий мулоҳазалардан сўнг “қизиллаштириш” мақсадида асарнинг энг муҳим ўқ чизиқларидан бирини қайта ишлаб, таҳрирлаб, бира тўла романдан шу лавҳани олиб ташлаган. Мазкур “Саримсоқ” исмли етим бола ва унинг отаси ҳақидаги қистирма лавҳа “Сароб”нинг (1937, 2017) 19 бобида баён этилади. “Саримсоқ” ҳақидаги ҳикоя романга қуйидаги муаллифнинг кириш сўзи билан киритилади: “Ҳюго “Буюк аср” номини олган ўн еттинчи асрда одамдан-одамга ўюнчоқ – эрмак ёки буюм қилиш ҳунари бўлганидан хабар беради. Касб-кори шу бўлган мураббийлар болани олиб бир аъзосига ўсгани эрк бермаган ёки қийшиқ ўстурган, ё бўлмаса бирон бошқа иш қилиб уни одамгарчиликдан чиқатурған, кулкили бир аҳволга солганлар. Бундай майиб қилиш турли туман йўллар билан бўлган. Майиблардан бир хиллари шоҳга ва Тангрининг ердаги кўланкаларига зарур бўлган.

Бирига бундай майиблар эрмак учун бўлса, бошқасиға ўзининг юзлаб хотинларини асраш учун ва яна бирига ибодат хўрини “масъум товуш” билан айтдиришга керак бўлган. Бу ҳозир ҳам йўқ эмас: Рўмо папасига ҳозир ҳам “масъум товуш” керак, хитой хотини ҳозир ҳам қатиғроқ шамолда юролмайди…

Йигирманчи аср одами  Ниёзмат ҳожи учун эса бу девона йигит эрмак эмас, буюм ҳам.” [9].

А.Қаҳҳор романга “Саримсоқ” ҳақидаги қистирма лавҳани киритиш учун гапни Виктор Гюго маълумотлари билан бошлайди. Зеро, Гюгонинг “Кулаётган одам” (“Человек который всегда смеятся”) асарида туғилиши билан оғзининг икки чети йиртилиб, кулиб турган одам қиёфаси шаклига киритилган бир йигитнинг тақдири  ҳикоя этилади.  Оғзи атайлаб йиртилган йигит доим юзига чодир тутиб юради. Кулги усталари билан (масхарабозлар билан биргаликда) одамларга кўнгилочар саҳналар уюштиришда оғзи йиртиқ одам  “Кулаётган одам роли”ни ўйнайди.   Йигит чодирини очиши билан “Кулаётган одам”ни кўриб, одамлар қаҳқаҳ уриб кулишади. Оломон атайлаб “мажруҳ” этилган “Кулаётган одам” устидан гурра-гурра кулишади. У одам-ку! У-чи? Ўйлаб кўрайлик, жамият томонидан, кимларнингдир, фойдаси учун, шахсий молиявий манфаати йўлида, ғайриинсоний мақсадлар йўлида мажруҳ этилган кўнгил кулаяптимикан?  Бу кўнгилочар саҳналарда оғзи йиртиқ одам номери энг қизғин саҳна кўринишига чиқади. Бу роман асосида ишланган фильмни шахсан ўзим болалигимда тамоша қилган, даҳшатга тушганим эсимда. Аммо ёзувчининг нима демоқчи эканлигини чуқур англамаган эдим. Ёшим қирқдан ошганида, бу фильмнинг, бу романнинг муҳим бадиий мақсадини, ёзувчининг бадиий ниятини англаб етдим.

Абдулла Қаҳҳор “Сароб” романида Виктор Гюго қаламга олган  “одамзодни атайлаб, туғилгандан бошлаб, майиб-мажруҳ қилиш, ўйинчоқ, эрмак, яна аллақанча мақсадлар йўлида фойдаланиш” каби жиддий ғайриинсоний иллатга, фожиага эътибор қаратганини таъкидлаб, Гюго қаламга олган ижтимоий муаммони ўз романида  ота-онадан эрта етим қолган Саримсоқ ҳаёти мисолида очиб беришга ҳаракат қилади. Саримсоқ жисман майиб этилмаган бўлса-да, жамият томонидан, хусусан, унинг хўжайини Ниёзмат ҳожи томонидан маънавий мажруҳ этилгани лавҳаларда ёрқин акс этади. Романдаги таъсирчан лавҳалардан бири айнан шу “Саримсоқ” ҳақидаги ҳикоя. Бизнингча, ёзувчи Саримсоқнинг Ниёзмат ҳожи ва бошқа қароллар, хизматкорлар томонидан масхара қилиниши, мазахланишида жаҳолатга ботган жамиятга, башариятга ИСЁН қилади.

Саримсоқ ҳақидаги ҳикояни муаллиф ўзбек халқ эртакларига хос эртакчи-ровий услуби билан баён этади. Фикрларимизни далиллаш мақсадида ҳикоянинг бошланмасини мисол келтирамиз: “Бундан ўн саккиз йил бурун бу қишлоқнинг бир бурчагида мусофир бир темирчи бўлар эди. Бошқа темирчилардай унинг дам босатурғони, босқончиси йўқ. Асбоб ускунаси, қулай деб турган пачоққина дўконига яраша, унинг турар жойи шу дўкон эди. У ўзи якка. Ўлган хотинидан Саримсоқ номли етти яшар бир ўғул қолған…”[10]  

Негадир эртакнамо бу ҳикоя бизга ёзувчининг отаси темирчи уста Абдуқаҳҳор ва унинг яккаю ёлғиз ўғли Абдулланинг ўзини, уларнинг оғир ҳаётини эсга туширмоқда. Тадқиқотимизда таҳлил методи сифатида қўллаб келаётганимиз ёзувчининг биографик асари “Ўтмишдан эртаклар”га юзланамиз. Қиссанинг деярли ҳар бир саҳифаси қишлоқма-қишлоқ тентираган Абдуқаҳҳор аканинг оиласи (ота, она ва ўғил) бошига тушган кўргиликлар, касби тақозаси билан боғлиқ темирчилик ишлари билан тўлғазилган. Қиссадаги шундай парчалар билан “Саримсоқ” ҳикояси парчаларини таққослаб кўрамиз.

“Ўтмишдан эртаклар”дан: “Дадам вофурушнинг саксанта ўроғини бериш, шу билан бирга арпага ўроқ тушгунча яна кўпгина ўроқ ясаб қўйиш учун азондан хуфтонгача дўкандан чиқмай қўйди; оғир ишда Кулала тез-тез дам бериш учун мени дамга солди. Мен ҳам шулар қатори ишлаб, куни бўйи дам босар эдим”[11].

“Саримсоқнома”дан: “Қишда деҳқончиликка, рўзғорға керакли асбобларни тоблаб, чархлаб, баъзан янгисини қилиб кун кўради. Буғдой, жувори пишиғида эса енгил чархини елкасига солиб, ўғулчасини етаклаб дала айланади – ўроқ чархлайди”[12].

“Ўтмишдан эртаклар”дан: “Дадамнинг иши кўпайиб кетди шекилли, бир куни эрталаб “Шогирд топгунимча бир-икки кун қарашмасанг бўлмайди” деб мени дўканга олиб кетди ва дамга солди. Мен ҳар куни дадамга ўхшаб саҳарда бориб, хуфтанда қайтмасам ҳам, кун ёришганида бориб, қоронғу тушмасдан қайтар эдим. Куни бўйи дамнинг арқонини тортаман, қўйвораман,  тортаман, қўйвораман… Мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ, гапириш керакмас, дамдан ҳар қанча зериксам ҳам шунга хурсанд эдим”[13].

“Саримсоқнома”дан: “Темирчи ҳам буюм чархларди. Хусусан ўроқ кўпайиб кетди. Кичкина Саримсоқ тошабинлар ичида ўлтуруб ҳар йиқитишда қичқирар, ҳамма болалардай чапак чалар ва отасининг кўрмай қолғанига афсус қилғандай орқасига қараб қўяр эди. Кечқурун ишдан бўшаган шу атрофдаги ўроқчилар булоқбўйига оқа бошладилар. Темирчи ишини битиргандан сўнг ўғлини излаб топди-да, ўзи ҳам ўлтуриб қолди. Кураш майдонида бир неча жуфт полвонлар бел ушлашиб юрарлар, ҳали тенгини топмаганлар эса белбоғини эшиб, боғлаб, ё ўртада ўлтурар, ё жавлон уриб юрарлар эди”[14].

“Сароб”даги  “Саримсоқнома” ҳикояси қаҳрамонлари Темирчи ота ва етти яшар Саримсоқ образлари билан “Ўтмишдан эртаклар”даги Абдуқаҳҳор темирчи билан ёш Абдулла ўртасида нақадар ўхшашликлар борлигини юрак-юрагимиздан ҳис этамиз. Агар “Саримсоқнома” билан “Ўтмишдан эртаклар”даги бундай паралелларни келтириб, аллақанча парчаларни мисол қилсак, ҳурматли китобхоннинг вақтини ортиқча ўғирлаган бўламиз. Хулоса шуки, Абдулла Қаҳҳор отаси Абдуқаҳҳор ака ва ўзининг ҳаётини қайта ишлаб, “Сароб” романига мазкур қистирма ҳикояни киритади. Биз бу ҳикоя ҳақида узоқ ўйладик. Нима учун адиб бундай ачинарли ҳикояни романга тамсил этди? Саримсоқнинг отаси “қўтос”дек келадиган полвон билан курашиб, боши қаттиқ ерга урилиб, ҳушидан кетади, кўкрак суяги синиб, катакдек дўконида бир ойга яқин ётиб, вафот этади. Бу курашни буғдой боғи билан мукофотлаётган Ниёзмат ҳожи уюштиради. Агар теранроқ разм солсак, темирчига нисбатан Ниёзмат ҳожининг муносабатларида ҳам “Ўтмишдан эртаклар”даги тез-тез тилга олинган “келгинди” салбий сифатига урғу берилади.

“Саримсоқнома”дан: “Бирданига қирқ етти боғ ютқазған Ниёзмат ҳожи жириллаб яна тўқсон тўрт боғ тикди ва ўрнидан туриб, бир келгинди, қишлоқнинг манаман деган йигитларининг шохини синдиришига чидаёлмаслигини билдирди”[15]. Бу беихтиёр бизга “Ўтмишдан эртаклар”даги темирчи Абдуқаҳҳор акага нисбатан “Келгинди ит”, “Шайтонарава”, “Мусофир”, “бахтсиз одамлар” сифатида ачиниш, камситишиларини эсга солиб юборади. Отасидан айрилиб қолган Саримсоқ Ниёзмат ҳожи уйида хизматкор бўлиб вояга етади.

“Саримсоқнома”дан: “Саримсоқ  йигирма ёшга етганда савдойи бир йигит бўлди. Ҳожи нима берса кияди. У емайтурғон овқат йўқ. Ишқилиб чайнаганда юмшоқ бўлиб, ютиш мумкун бўлса бўлди. Тўйганини билмайди, аммо емасдан бир ҳафта юрса ҳам овқат талаб қилмайди. Нимани буюрилса шуни қилади. Сигирнинг бўйнига тушган канани териб ташлашдан тортиб, ўзи якка замбарда гўнг ташишгача унинг иши. У овқат сингари ишни ҳам бир-биридан фарқ қилмайди. Бу ҳожига кўп ёқар эди…”[16]. Мана шу нуқтадан бошлаб, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романига қистирма ҳикоя сифатида киритган “Саримсоқнома”нинг, янада аниқроғи, “Сароб”нинг муҳим  ғояси, тўғрироғи, ёзувчининг асл бадиий нияти ойдинлашади.  Ниёзмат ҳожи хонадонида олдинига  “Ана, отанг келаяпти” деган мазахлардан сўнг, “жиннига” чиқарилган Саримсоқ Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси қаҳрамони Фахриддиннинг янгича бадиий қиёфаси эканлигини англаб етдик. Адиб ҳаётида кўрган-кузатган, билган Ғаффоржон, Бабар, Мадрайим каби қариндошлари ва қишлоқдошларининг “савдойи”, “ночор”, “фикрлай олмайдиган” образини мужассамлаштириб, “Сароб”да Саримсоқ образида умумлаштиришга муваффақ бўлди. Юқорида айтганимиздек, Саримсоқнинг болалигига тегишли баъзи деталлар ёзувчининг ўзи ва темирчи отаси, уларнинг кундалик  ҳаёти билан параллеллик касб этса, Саримсоқнинг улғайиб, “савдойи бир йигит”га айланиши “Ғаффоржон”, “Бабар”, “Мадрайим” (“Ўтмишдан эртаклар”), Фахриддин (“Бошсиз одам”), Қобил бобо (“Ўғри”) характери ва уларнинг ҳаёти билан ўхшашлик касб этади. Асар таҳлилига янада чуқурроқ кирадиган бўлсак, “Сароб”нинг бош қаҳрамони Саидий фикрлайдиган инсон. Ўз-ўзидан романда Саримсоқ ва Саидий образлари бир-бирига қаршилантирилади. Аммо бу қаршилантириш билинар-биланмас тарзда кечадики, романда бу зидма-зидлик бўртиб кўзга ташланмайди.

Саидийнинг одамларни икки тоифага ажратиб, мулоҳаза юритиши ҳам бу фикрларимизни исботлайди. “Мия механизми бутунлар”  (ақллилир – яъни фикрлайдиганлар) ва иккинчиси, “мия механизмидан винти тушиб қолганлар” (ақлсизлар, фикрлай олмайдиганлар). Мана романдаги қуйидаги парчага диққат қаратсак: “Унинг учун мия механизмаси бутун кишилардан бири – Илҳом. У Саидийнинг тилига тез тушунади. Англатилиши қийин бўлган фикрларни ифодалаш учун бир-икки оғиз сўз ва қўл ёки юз ҳаракати кифоя эди. Бир куни “сиёсат ёмон” демакчи бўлганини Илҳомга кўз ва юз ҳаракати билан англатишга муваффақ бўлиб шунча завқ қилдики, ичида “ер юзида иккита ақлли одам бор: бири – мен, иккинчиси – Илҳом” деди”[17].

Саидийнинг одамларни икки тоифага бўлиши беихтиёр рус ёзувчиси М.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи қаҳрамони Расколников назариясини ҳам ёдга туширади. Абдулла Қаҳҳор мустақил фикрлай олмайдиган одамлар образини “Бошсиз одам”да илк бор Фахриддин қиёфасида бадиий акс этирган бўлса, “Сароб”да Саримсоқ, Кенжа, Теша, Барот сингари қатор кишилар образини “Бошсиз одам”лар сифатида талқин этади. Қизиқ бир парадокс хаёлимизга келаяпти. Совет жамиятига коммунистик ғояларни тарғиб-ташвиқ этиш, ҳамда шўро давлатини барпо этиш учун Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда,  “Бошсиз одам”лар, Чингиз Айтматов таъбири билан эса “Манқуртлар” керак эди. Совет жамияти собиқ СССР ҳудудида мана шундай “Бошсиз одамлар”, “Манқуртлар” жамиятини барпо эта билди. Ёзувчи асарларининг катта қисми советлар мафкурасининг ижтимоий-сиёсий ғоялари, совет воқелиги, совет қаҳрамонининг қаҳрамонликлари ва шонли меҳнати тараннумига бағишланган бўлса-да, “Сароб”да шўро сиёсатига, ер-сув ислоҳотига муносабатда иккиланаётган, шубҳаланаётган Саидий образининг бош қаҳрамон сифатида тасвирланиши, унинг атрофидаги ҳамтовоқлари Муродхўжа домла, Илҳом, Мухторхон, Ёқубжон сингари бир тўда “аксилинқилобчилар тўдаси” қуюқ салбий бўёқлар билан яратилган бўлса-да, романдаги “Бошсиз одамлар”га нисбатан муаллифнинг аччиқ кинояси, пародияси кишини ҳайратлантиради. Тўғри, ўз вақтида “Сароб”даги бош қаҳрамон ва унинг дўстларининг салбий тип, салбий қаҳрамон сифатида талқин этилиши кўпчилик адабиётшуносларни ғазаблантирди. Шунинг учун ҳам “Сароб” совет романими – деган мулоҳаза юзасидан катта тортишувлар бўлиб ўтди.

Романга тамсил этилган ҳикоя қаҳрамони Саримсоқ Ниёзмат ҳожи хонадонидан бош олиб чиқиб кетиб, шўролар сафига қўшилади. “Телба”, “Жиннисифат” деб характеристика берилган Саримсоқ бирданига “қизиллар” сафига қўшилиб, унда фикрий уйғониш бошланиши роман сюжетида ифодаланган бўлса-да, назаримизда, бу ечим ўзини тўла оқламайди. Чунки, бутун умр болалигидан бошлаб, аёвсиз равишда хўрланган, таҳқирланган бир одамнинг бирданига “ақли расо, ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган” бўлиб қолиши ишонарсиз чиққан. Назаримизда, Саримсоқ образи динамикасидаги бундай ечим тўлақонли бадиий асосланмаган. Жамият масхаралаган, мазах қилган, эрмак қилган, “ўйинчоқ одам сифатида” фойдаланилган, айни пайтда китобхонни қаттиқ ачинишга ундайдиган бу образ динамикаси муаллиф томонидан сунъий равишда тезлаштирилади. Чунки Совет адабиёти шуни талаб қилар эди. Абдулла Қаҳҳор ҳам ушбу ижтимоий буюртмага бўйсунади.

Саримсоқ Ниёзмат ҳожининг  уч яшар қизини “олабўжи” образига кириб (қовоғини тўнтариб, кўзининг қизилини чиқариб, салкам уч соат терлаб-пишиб тентаклик қилади) овқат ейишга мажбурлайди. То бу тантиқ, ажабтовур қизча томнинг устида ўтириб овқатланаман деб, томдан йиқилиб тушиб, оламдан кўз юмгунча, Саримсоқ Ниёзмат ҳожининг қизи учун “ўйинчоқ одам — олабўжи” ролини ўйнашга мажбур бўлади. Муаллифнинг “ўйинчоқ-одамга” айланган Саримсоқ ва Саримсоқ типидаги кишилар ҳаётини тасвирлашдан мақсади мана шундай ғайриинсоний муносабатларга чек қўйиш кераклигини зимдан таъкидлаш эди. Ёзувчи жамиятда одам одам ўрнида кўрилиши кераклигини урғулайди.

Саримсоқ ва Саримсоқ типидаги одамларга зидма-зид равишда Саидий образи фикрлайдиган инсон. Саидий машҳур ёзувчи бўлишни, “Ўзбек адабиётининг фахри”га айланишни истайди. У шахсий ҳаётда кўп омадсизлик ва бахтсизликларга гирифтор бўлади. Отаси ўзини осади, онаси эрта вафот этади, яккаю-ягона опаси ҳам оёқлари шол бўлиб қолиб, Саидийнинг қарамоғида қолади. Романда Саидийнинг Мунисхон билан илиқ севги-муҳаббатга тўла муносабатлари асарнинг нурли саҳифаларини ташкил этади. Ўзбек совет адабиётшунослигининг таниқли қаҳҳоршунослари М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматовлар Саидий образини зўр бериб, “индувидуалист”, “худбин”, “шахсиятпараст”га чиқаришди. Эҳтимолки, “Сароб”нинг бош қаҳрамони Саидийга нисбатан ортиқ даражада бўрттириб ёпиштирилган бу ёрлиқлар романнинг тарих ғилдиракларидан эсон-омон ўтиб келишига ҳам мустаҳкам пойдевор, чиқиш эшиги бўлиб хизмат қилган бўлса, не ажаб…

О.Шарафиддинов шундай ёзади: “Гап шундаки, “Сароб” романининг асосини ташкил қилувчи ғоявий ният худбинликни ёхуд индивидуализм иллатини бадиий тадқиқ қилишдир. Маълумки, худбинлик инсоният тарихидаги энг қадимий ва энг хавфли иллатдир. Фақат ибтидоий жамоа тузуми шароитидагина, ҳали айрим шахс жамоадан алоҳида ажралиб чиқмаган, ҳали айрим одамнинг манфаати кўпчилик манфаатидан ташқари идрок этилмаган бир вазиятда худбинлик ҳам йўқ эди. Бироқ синфлар шаклланиши билан, манфаатлар фарқлана бориши билан худбинлик ҳам шаклланади ва у ривожлана бора-бора инсон шахсиятини ич-ичидан емирувчи кучга айланади”[18]. Кузатиб турганимиздек, домланинг қарашлари Социалистик жамият ва ундан сўнг “коммунизм”ни барпо этиш ғояларини ишлаб чиққан, пролетар синфининг даҳолари Энгельс, Маркс ва Владимир Ильич Ленин ғоялари билан қаттиқ қуроллангани сезилиб турибди.

У.Норматов эса мана шундай ёзади: “Романда Саидий билан Мунисхонни ҳалокатга олиб келган руҳий маънавий омиллар, жумладан, улар табиатига хос худбинлик, шахсиятпарастлик, шуҳратпарастлик ҳақида кўп ёзилди. Бунинг учун муайян асослар бор, албатта. Етакчи қаҳрамонлар, биринчи галда, Саидий характери, руҳияти, хатти-ҳаракатлари, қисмати синчиклаб кузатилса, табиатига хос энг характерли жиҳат унда қатъият, сабот, “шахси бутунлик”, мустақил фикрлаш ва иш тутишнинг етишмаслигида эканига иқрор бўласиз”[19]. Домланинг қарашларида О.Шарафиддинов фикрларига нисбатан анча эркин муносабат сезилади. Чунки, У.Норматов бу фикрларни 2000 йилларда ёзаяпти. О.Шарафиддинов домла эса “Сароб” ҳақидаги талқинларини 1988 йилда ёзган. Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳам олимларимизнинг бадиий асарга муносабатини ўзгартирди.

“Сароб”га ортиқча чиранишлар, ортиқча бўяб-бежашларсиз, сокин тафаккур, босиқ нигоҳ билан қараб кўрайлик-чи?! Унинг матностида қандай яширин сирлар, ғоялар, ёзувчининг умуминсоний дардлари бор экан? Шу мулоҳаза юзасидан Саидий ҳаётини тафтиш этиб кўрамиз. Қолаверса, роман бош қаҳрамонлари Саидий ва Мунисхон, шунингдек, Эҳсон, Теша, Шафрин, Салимхон, Сорахон, Муродхўжа домла, Муҳаммаджон каби образларнинг ҳаётий замини, реал асослари, прототиплари билан қизиқиб кўрамиз.

Саидийнинг институтга кириши, дўстлар орттириши (Эҳсон, Шафрин, Мунисхон, Теша…) бадиий адабиётлар билан ошно тутиниши, ўзининг илк ҳикояларини газеталарга жўнатиши, ич-ичида “Ўзбек адабиётининг ифтихорига” айланишни орзу қилаётган образ негадир бизга Абдулла Қаҳҳорнинг ўзини эслатаверади.

Саидий образига шу кунга қадар салбий бадиий маънолар  (“худбин”, “шахсиятпараст”) юклаб келинди, баъзи адабиётшуносларимиз эса Саидий тимсолида Чўлпон шахсиятини кўргандек бўлишди. Бизнинг фикри ожизимизча эса, Саидий образи ёш Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаёти ва кечинмалари, ҳиссиётларини қисман бўлса-да ўзида жамулжам этган, деган хулосага келдик. Адабий танқидчилик тарихидан маълумки, ёзувчи ўзи босиб ўтган ҳаёт сўқмоқларини, ўз кечинмаларини, яқинлари ҳаёти ва қисматидан таъсирланиб, асар яратсагина, чинакам бадиий санъат асарининг кашфиётчиси сифатида алқанади. Бадиий ижодда “тўқима” қанчалик муҳим роль ўйнамасин, лекин ўша “тўқима”га замин бўлувчи реал ҳаёт, қисмат, туйғулар, романтик кечинмалар, ижтимоий-сиёсий-маиший муҳит гўзал санъат асарини ундирувчи серҳосил, унумдор замин вазифасини ўтайди.

Саидий образи характерига кўчган камгаплик, босиқлик, ўз қобиғига ўралиб, бегонасираб яшаш қайсидир маънода Абдулла Қаҳҳордан кўчгандек. Комил ишонч билан айтишмиз мумкинки, Саидийнинг дўсти Эҳсон образининг ҳаётдаги прототипи адибнинг “Истиқбол” мактабидаги дўсти Муҳаммаджон Қулматов. Нима учун бундай хулосага келганимизни, адибнинг ўз қўли билан ёзган “Озгина ўзим ҳақида” таржимаи ҳоли билан исботлашга ҳаракат қиламиз.

Таржимаи ҳолда М.Қулматов ҳақида шундай дейилади: “Истиқболдаги” ҳаммактабларимдан бири Муҳаммаджон Қулматов учраб қолди. Унинг отаси Қулмат қизил соқчи бўлиб, босмачиларга қарши курашда ҳалок бўлган эди. Муҳаммаджон Ўрта Осиё давлат университетининг медицина факультетига киргани тайёргарлик кўраётган экан. Шу одам катта иш ва кўп пул деб саводсиз қолаётганимни менга айтиб кўнглимга ғулғула солди, бу йил тайёрлик кўриб, келаси йилдан Москва университетининг адабиёт факультетига киришимни маслаҳат берди. Мен кўндим”[20].

“Сароб” романи қаҳрамони Эҳсоннинг таржимаи ҳоли: “У Саидий билан дўст эди. Бу дўстлик оталарини ҳам муносабатдор қилған эди. Эҳсоннинг отаси ҳар куни қечқурун кўчалардаги чироғларга ёғ қуйиб ёки уларни ёқиб юрганида, албатта Саидийнинг отасини кўриб ўтар, баъзан кечалари келиб дамини ҳам босар, мувофиқ иш топилса босқонни урар эди. Саидийнинг отаси машина-босқон, машина-дам билан ишлайтурған катта бир корхона очмакчи бўлиб, анчагина темирчиларни тўплади ва бу ишга талай сармоя ҳам харжлади-да иш бошланмасдан синиб ер билан яксон бўлди. Бу борада Эҳсоннинг отаси ўз хоҳиши билан қизиласкар бўлиб, босмачилар билан курашда ҳалок бўлди. Саидийнинг отаси синишдан тикланаолмай ўзини осди. Эҳсон, отаси ўлмасдан бурун мактабдан ҳайдалди”[21].

Кузатиб турганимиздек, Эҳсон образи учун Абдулла Қаҳҳорнинг Қўқондаги намунали мактаб “Истиқбол”даги  мактабдоши Муҳаммаджон Қулматовнинг ҳаёти, унинг таржимаи ҳолига доир баъзи деталлар ҳаётий асос бўлиб хизмат қилган. Абдулла Қаҳҳор умрининг охиригача М.Қулматов билан яқин дўстона муносабатда бўлган. Ҳақиқатан ҳам М.Қулматов Мосвага бориб тиббиёт институтини тугатган. У медицина фанлари доктори, профессор даражасигача чиққан.

“Сароб” романи қаҳрамони Эҳсон Саидий билан дим ва тор ижара ҳужрада яшаб, имтиҳонларга тайёргарлик кўриб, Москва Давлат университетининг медицина факультетига ўқишга киради. У рус дўсти Шафрин ёрдамида рус тилини пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Абдулла Қаҳҳор билан М.Қулматовнинг Тошкент шаҳрига келиб, имтиҳонларга тайёргарлик кўриб,  ҳужрадош, мактабдош, болалик дўсти билан бирга яшаши каби ҳаётий воқеалар шундайлигича “Сароб” романига кўчган.

Абдулла Қаҳҳор архивида сақланаётган №3682, №3683, №3684 рақамли ҳужжатлар адибнинг дўсти М.Қулматовга ёзган хатларидир. Ҳар уч хат эски ўзбек ёзувида ёзилган[22]. Бу хатлар 1963, 1964, 1966 йилларда ёзилган. Шунингдек, №2253 рақамли ҳужжат эса М.Қулматовнинг 1956 йил, 30 август санаси билан Абдулла Қаҳҳорга ёзган мактуби. Мазкур хат ҳам араб ёзувида битилган. Шу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг дўсти М.Қулматовга ёзган бир хатининг мазмунини тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола этсак, фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.

“Муҳаммаджон!

Мен сизга куракча бериб энди саломатлингизга қарарсиз, қолган умрингизни тинч-осойишта, асраб-авайлаб ўтказурсиз десам, Рустами достоннинг занглаган қиличини кўтариб ибрат майдонига кирмоқчисиз шекилли!

Сўнгги тўққиз ой таъсирида хуржунини йўқотган қозоққа ўхшаб эс-ҳушингизни йўқотиб қўйибсиз. Сиз айтган туҳматчилар Тошкентда 1-2 ва Самарқандда 3-4 тагина эмас. Қолган умрингиз булар билан курашишга, улар устидан арз-дод қилишга эмас, ҳатто уларни санаб сонини билишгаҳам етмайди! Ким айтади Сизни дунё кўрган, минг гирдобга тушиб чиққан киши, калласи тўла илм ба олам деб! Наҳотки, сиз “катталар”га токи Московга арз қилишингиз билан олам гулистон бўлақолса! Сиз биродарга гап маҳқуллашингиздан бурунроқ ўлигингиз биронта урамат коридорида қолиб кетади. Шундақ бўлишига сал қолдику!

Яна қайтариб ўтинаман: куракчани маҳкам ушланг, саломатлингизни яхшиланг, бир кун бўлса ҳам узоқроқ умр кўриш йўлини кўзланг, болаларингиз ва ёр-дўстларингиз ҳурмати иззатингиз билан пенсияга чиқинг, қолган умрингизни пенсионери олам яралб иззат-ҳурматда ўтказинг! Оламни латта ҳиди тутиб кетса, авввал ўзингиздан хабар олинг!

Абдуллоҳ             10.III.64

Бу хатни Зотга ўқиб беринг!

Мен Зотдан хафаман, ёнигизда туриб наҳот сиздан шунчалик бехабар бўлса! Шогирдларингиз билан орани бунчалик бузилишига йў қўймаслиги, сизни ақл-идрок билан иш тутишга мажбур қилиши мумкин эди”[23].

Хат мазмунидан англашилмоқдаки, Муҳаммаджон Қулматов билан Абдулла Қаҳҳор ниҳоятда яқин дўст бўлган. Улар бир-бири учун қайғурган, жон куйдирган. Шунингдек, архивдаги М.Қулматовнинг крилл ёзувида ўзбек ва рус тилларида ёзган бошқа хатлари ҳам бор. Масалан, №2670 рақамли ҳужжатда М.Қулматов Абдулла Қаҳҳорга тиббиёт йўналиши бўйича ёзган илмий мақоласи матнини тўлиқ ҳолда жўнатади. Ҳужжат машикада крилл ёзувида, рус тилида ёзилган. Кейинги ҳужжат №2243 рақами билан сақланган. Мазкур ҳужжат ҳам М.Қулматовга тегишли бўлиб, рус тилида ёзилган мактубдир.

Абдулла Қаҳҳор ўз таржимаи ҳолида Павел исмли рус йигитининг унга рус тилини ўргатгани, ўзига хос таълим, сабоқ методини қўллагани ҳақида ёзади. Бизнингча, Абдулла Қаҳҳор ўз ҳаётида учратган ва рус тилини қунт билан ўрганишда унга ёрдам қўлини чўзган Павел исмли киши “Сароб” романи қаҳрамони Шафрин образи учун ҳаётий асос, прототип вазифасини ўтаган.

Саидийнинг одамови, камгап, ўз қобиғига ўралиб яшаш характери назаримизда Абдулла Қаҳҳорнинг ўзининг руҳияти. Саидий Шарифни ҳам, Шафринни ҳам ёқтирмайди.

Романдаги яна бир диққатга сазовор лавҳалардан бири Сорахоннинг пашшаларни тутиб, уларнинг бошини қирқиб ташлаш саҳнаси саналади. Бу лавҳа романнинг иккинчи бўлими 16 фаслида акс этган: Эски иш бўлмаси Сорахоннинг истироҳат бўлмаси бўлиб қолған. Саидий эшикни очиб кирганида ерда, гилам устида эмаклаб юриб, нима биландир машғул бўлган Сорахон ирғиб ўрнидан туриб бўйнига осилди.

– Шу тирикми, ўлукми? – деди у гиламга ёйилган оқ рўйжанинг устидаги пашшани кўрсатиб.

Саидий қўлидағи журнални кўрпача устига ташлаб ўлтурди. Сўнгра, бармоғи билан пашшани қимирлатиб кўрди. Пашша тирик, аммо карахт эди

– Тирик.

– Нега тирик?

– Чунки қмирлайди, – деди Саидий рўмолчаси билан юзидаги терни артиб.

Сорахон қийқириб кулди. Сўнгра худди фавқулодда бир нарса кўргандай Саидийнинг бошига тикилиб, секин қўлини кўтарди.

– Қимирламанг, қимирламанг!.. Жуда семизи, яхшиси экан…

Саидий ҳайрон бўлиб тек турди. Сорахон пашшани кафтига қамаб, муштини Саидийнинг қулоғиға тутди.

– Эшитдингизми?

Пашша ғинғиллар эди.

– Эшитдим… Хўш?

– Мана ҳозир кўрасиз… Йўқ, тўхтанг… Аввал айтингчи, жони бор нарсанинг бошини узиб ташланса ўладими, йўқми?

– Дарров ўлмайди.

– Юрадими, учадими?

– Юради!

– Учади!

– Учса ҳам бошли жонивордай учмайди-да. Бир кўтарилиб, даррав ерга тушади.

– Учади. Боши бордай учади.

Саидий кулди.

– Сўйилган товуқни кўрмаганмисан? Питиллайди, кўтарилиб-кўтарилиб тушади, аммо буни учиш, деб бўладими?

– Учади. Шарт боғлашаман. Нимадан?

– Ҳа, хўп. Нимадан ахир?

– Сиз ютғузсангизми, хон атлас кўйлаклик олиб берасиз. Мен ютғузсам нима десангиз майли…

Саидий илжайди ва деволга суяниб қараб турди. Сорахон кафтига қамаған пашшани секин олиб қанотидан ушлади ва кичкина қайчича билан бошини кесиб қўйиб, юборди. Пашша кўтарилиб уйни бир айланди-да, дераза ёнига бориб тушди. Ундан кўзини узмай қараб турган Сорахон, бориб пашшани олди ва юқориға ирғитди. Пашша яна учди.

– Кўрдингизми?! – деди Сорахон севиниб.

– Кўрдим, аммо…

Сорахон унинг сўзини кесди:

– Ҳа, ҳа, энди ғиррамлиқ қиламан дейсиз!

Саидий хон атлас кўйлаклик олиб беришга рози бўлди. Сўнгра ёнбошлаб журнални варақлай бошлади. У, босилиб чиққан ҳикоясини Сорахонга кўрсатмакчи, хурсандчилигини бўлушмакчи эди. Аммо Сорахон ҳамон пашша билан овора эди. Ярим соатдан кейин пашша қимирламай қолди. Сорахон пашша тутуш учун атайлаб асал суртулиб қўйилған тарелка ёнига борганда, Саидий чақириб олди[24].

Нима учун романда бу қадар бемаза тасвир ўрин олган? – деган ҳақли савол туғилади. Бизнингча, бу ҳаётий лавҳанинг тагида метафоралашган жиддий ижтимоий-сиёсий бир муаммо яширин. Яъни Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” метафорик образи 1929 йилда “Фахриддин” образида намоён бўлган бўлса, “Сароб” романида “Сорахон” тимсолида мужассамлашди. Сорахонни ҳар йили қаттиқ ўқитишга, таълим беришга бел боғлаган ота қизи тарбияси борасида ҳеч бир ижобий амалий натижага эриша олмайди. Сорахон – 20-30-йиллардаги “Бошсиз одамлар”нинг рамзий умумлашма тимсоли бўлиши билан бирга, бошсиз одамлар ҳукуматини барпо этган “Советлар мамлакати” Сорахоннинг романда алоҳида бир саҳна, аоҳида бир ҳаётий лавҳа сифатида из топган юқоридаги фаслда акс этган. Бошсиз одамлар  жамияти Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудийларни қатл этган қаттол жамиятга рамзий ишоралардир, эҳтимол. Қарангки, Сорахон қайчи билан пашшанинг бошини қирқиб, завқланади. Бошсиз жонзотни пайдо қилади. Яхшилаб ўйлаб кўрайлик, бу совет режимининг ақлли кишиларни қатл этиб, бошсиз одамлар фожиасини томоша қилаётган манфур ниятли қаттол сиёсат эмасми?! Ўйлантирадиган гаплар – бу!.

Нима бўлганда ҳам биз бу лавҳанинг романга бежиз киритмаганини ҳис этдик. Сорахон типидаги “Бошсиз одам”лар тўдаси Абдулла Қаҳҳорнинг ҳажвий сатирик қалами билан доимо қораланди.

Тўғри, романда жадидлар образи ниҳоятда қора ранглар, қора бўёқлар билан тасвирланади. Қаҳҳорнинг икки ўт орасида қолган руҳий ҳолати, билишимизча, “Сароб”да тўа маънода акс этган. Шу жиҳатдан қаралганда, мазкур даврни бадиий акс эттирган Ўрта Осиё халқларининг Бальзаги даражасига кўтарилган Садриддин Айний ўзининг “Дохунда” романида Қаҳҳорга нисбатан анча холис позицияда туриб, жадидлар образини тасвирлайди. Шунга қарамасдан, “Сароб” романи ўзининг бутун мураккабликлари-ю, муваффақиятлари билан бундан кейин ҳам яшаб қолишига ишонамиз.

“Сароб”да шахснинг емирилиши жуда маҳорат билан, босқичма-босқич динамик тарзда очиб берилган. Бундан ташқари, “Сароб”да шахснинг емирилиши фожиасидан ташқари, жамиятда авж олган порахўрлик, ичкиликбозлик, кўзбўямачилик, ақлсизлик, фикрсизлик, сотқинлик, хиёнат ва разолат каби кўпдан-кўп салбий иллатлар маҳорат билан фош этилган.

“Сароб” романидаги Сорахон, Мунисхон, Муродхўжа домла каби кўплаб образларнинг ҳар бирининг ҳаётий асослари бор. Уларни кейинги галги тадқиқотларимизда янада чуқурлаштириб нияти билан “Сароб” ҳақидаги кузатишларимизга нуқта қўямиз.

Марҳабо Қўчқорова,

филология фанлари номзоди

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти

________________

[1] Каххар А. Избранные произведения. В двух томах. Том первый. Романы. Москва: Художественная литература, 1977. (Составитель: Камран Хакимов). 494 с; Каххар А. Избранные произведения. В двух томах. Том второй. Певести. Рассказы. Москва: Художественная литература, 1977.  398 с.

[2] Қўчқор Раҳмон. Истеъдод қадри. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.  — 108 б; Шу муаллиф. Мен билан мунозара қилсангиз. –Тошкент: Маънавият, 1998. – 96 б.

[3] Қаҳҳор А. Сароб / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. -Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – 420 б. (Нашрга тайёрловчилар: О.Жўрабоев, М.Қўчқорова).

[4] Қаҳҳор А. Сароб / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 401-402.

[5] У.Норматов.  Ҳақиқат ва Сароб. Ёзувчи П.Қодиров билан суҳбат. /У.Норматов.  Устоз ибрати. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2007. – Б. 84-107.

[6]  У.Норматов.  Ҳақиқат ва Сароб. Ёзувчи П.Қодиров билан суҳбат. /У.Норматов.  Устоз ибрати. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2007. – Б. 100.

[7] Қаҳҳор А. Сароб / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 392. Изоҳ: Биз ҳам ҳар учала нашрни кўздан кечириб, мутоала қилиб, шу ҳолатга гувоҳ бўлдик. – таъкид бизники. – М.Қ.

[8] Қаҳҳор А. Сароб / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – 420 б.

[9] Қаҳҳор А. Сароб / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 115-116.

[10] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 116.

[11] Қаҳҳор А. Ўтмишдан эртаклар / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 1-жилд. Қиссалар. Тошкент: Янги аср авлоди, 2015. – Б. 133.

[12] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 116.

[13] Қаҳҳор А. Ўтмишдан эртаклар / Танланган асарлар. 3-жилдлик. 1-жилд. Қиссалар. Тошкент: Янги аср авлоди, 2015. – Б. 106.

[14] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 117.

[15] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 118.

[16] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 122.

[17] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 219.

[18] Шарафиддинов О. Абдулла Қаҳҳор.   — Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1988. – Б. 61.

[19] Норматов У.  Мафкуравий-сиёсий тазйиқ  ва истеъдод қудрати /  Устоз ибрати. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2007. – Б. 16.

[20] Қаҳҳор А. Озгина ўзим ҳақимда / Шарафиддинов О. Абдулла Қаҳҳор.   — Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1988. – Б.

[21] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б. 13.

[22] Абдулла Қаҳҳор архиви каталоги. – Тошкент: Муҳаррир, 2011. – Б. 99-100. (Эски ўзбек ёзувидан табдил қилувчи ва тавсифчи О.Жўрабоев).

[23] Абдулла Қаҳҳор архиви каталоги. – Тошкент: Муҳаррир, 2011. – Б. 99-100. (Эски ўзбек ёзувидан табдил қилувчи ва тавсифчи О.Жўрабоев).

[24] Қаҳҳор А. Сароб. / Танланган асарлар. 3-жилдлик.  2-жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2016. – Б.  319.