Маҳкам Маҳмуд Андижоний. Эврипиднинг ўзбек таржимони

(Шоир ва таржимон Асқар Қосимов ижодига чизгилар)

Бадиий таржима асарлар одатда жаҳон адабиёти дурдоналари бўлгани сабабли таржимонларга шон-шуҳрат келтириш билан бирга, уларга жиддий, улкан масъулият ҳам юклайди. Чунки буюк асарларни таржима қилаётган ижодкор аслият тили, оралиқ тил ва она тилининг битмас-туганмас сўз бойликларини билишдан ташқари, таржима қилаётган асарлар муаллифининг ҳаётини ва ижодини, асар қаҳрамонларининг руҳий оламини ҳис қилиши зарур. Таржимоннинг ўз ижоди ҳам мумкин қадар таржима қилинаётган асар муаллифининг ижодига яқин руҳда бўлса, нур устига нурдир.
Эврипиднинг ижоди жаҳондаги деярли барча мамлакатларда мумтоз жаҳон адабиёти дарсликларида яхши ўрганилади, унинг асарларида кўтарилган ахлоқий, ижтимоий, фалсафий муаммолар ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунга яқин муаммолар – инсон қадр-қиммати, шаъни, ҳар қандай деспотизмга, жаҳолатга, золимларга нафрат, Ватанга, халққа, инсониятга ўз истеъдоди билан хизмат қилиш, жабр-зулмга, ноҳақликка қарши, адолат ва ҳақиқат тантанаси учун кураш идеаллари таниқли шоир ва таржимон Асқар Қосимовнинг ўз ижодида ҳам ёрқин ифодасини топган.
Шоирнинг шўролар истибдоди ҳақида ёзган мана бу сатрларидаги нафосат ва ижтимоий, фалсафий тафаккурга қаранг:

Шудрингдек беғубор, кўзгудек мусаффо
Орзуси бор эди бу кўкатнинг.
Тоза бўлсам дер эди,
Соф бўлсам дер эди…
Лекин у унган жой, афсуски,
Ботқоқлик эди…

Оғир шароитларда ҳам Асқар Қосимов ўзининг гоҳ аламли, оҳ-фиғонли, гоҳ завқли-сурурли, ғурурли шеърлари, достонлари, таржималари билан халқимизнинг миллий онгини, бой маънавий оламини, тарихий хотирасини уйғотиш учун тинимсиз ижод қилди. Асқар гоҳ ирқчилик қурбони, миллий озодлик курашчиси Анжела Девис тили билан:

Фиғоним тошларга етса ҳам, юраги тошларга етмаса найлай?
Мени эрк тарк этиб кетса ҳам, кенгликлар кўзимдан кетмаса найлай?
Орзули дунёда, биродар, толеим бормикан, толеим ёрми?
Тупроққа бўлдим мен баробар. Ҳуқуқим бормикан, ҳуқуқим борми? –

деса, гоҳ Чили шоири Пабло Неруда тили билан:

Монанддир Пиночет чоҳига… Эшитилмас ёруғлик саси…
Бир қушча учишга шайланар. Ошиён ичида айланар.
Чор ёқда нажот йўқ: чирқирар… У сурғак.
Майлига, эс кирар. Парвозга ҳали вақт – ойлар бор…
Ҳудудсиз фазони қучишга менда ҳам аламгир қанот бор, –

деб ҳайқиради.
Асқар Қосимов қатағон қурбони Чўлпон ижодига ҳамоҳанг байтлар ҳам битган.

Мен қўшиқ айтганда чечаклар кулар.
Қуёш ҳам қўйнидан тўкур инжулар…
Тоғу тош қўшиқдан кетади ийиб.
Дарахтлар дам-бадам тугади самар.
Водийлар беқасам тўнини кийиб,
Дарёдан белига боғлайди камар…
Қўзғал, сув тубига чўккан, эй ният,
Бу жунбиш зимнида кўпдир хосият.

Асқар ҳаётсевар, ҳазил-мутойибани нозик тушунувчи, севгини қалб тубида сақловчи, табиат гўзалликларини рассомдай тасвирловчи шоир эди. Шоирнинг:

Бу кеч қўшни чорбоққа
Келин тушди, ёр-ёр.
Иложим йўқ бормоққа,
Кўникаман зор-зор,
Онам айтар: – Зерикмай,
Ўғлим, тўйга бор-бор!
Йўқ, бормайман, боришдан
Ор қиламан, ор-ор! –

деб бошланувчи шеъри ўқувчилар томонидан севиб ўқилади ва тўйларда қўшиқ қилиб айтилади.
Кўпчилик шеърларида Асқар шеърий санъатни нафис, маъноли ва оҳангдор қилиб, ийҳом, мажоз, талмеҳ, тазод, тимсоллардан моҳирона фойдаланар эди:

Қор остида қолди боғлар. Қолди боғлар десам-да,
Ер юзига қўнди зоғлар. Қўнди зоғлар десам-да,
Ёр ўрнидан турмади. Кўзни очиб қўймади.
Қаттиқ экан уйқуси!
…Йўлни тўсди баланд тоғлар. Баланд тоғлар десам-да,
Ўнқир-чўнқир сўлу соғлар. Сўлу соғлар десам-да.
Оҳу воҳлар урмади. Шарҳи ҳолим сўрмади.
Эҳ, йўқ экан қайғуси!

Шўролар даврида тазйиқ остида яшаган ҳар бир миллий зиёлининг тақдири, қисмати акс этган бу шеърда.
Асқар Қосимовнинг жаҳон адабиётидан қилган таржималари ҳақида гапирадиган бўлсак, шоир ўзи севган бир буюк асарни аниқ, адекват, сўзма-сўз таржима қилмай, ўзича қайта баён қилиши (юнонча – парафраза) унинг ижодида ҳам учрайди. У Эсхилнинг машҳур “Занжирбанд Прометей” трагедиясини қисман таржима қилади, қисман сюжетига янгиликлар киритиб ёзади. Бундай ижод Рабле, Сервантес, Свифт асарларининг ёшларга мўлжаллаб, табдил – қайта баён қилиниши ҳам эмас. Аммо шоир Эсхил асарининг сюжетидан ижодий фойдаланади. Қаҳрамонлари ҳам деярли ўшалар: Прометей, Ҳермес, Океан – Уммон. Эсхил асарида Зевс эмас, унинг вакиллари Ҳокимият ва Куч-қудрат қатнашади. Трагедия, фожеий драма прологида Ҳокимият Прометейнинг Зевснинг ҳокимиятига бўйсунмай, раиятга, зулматда, қоронғиликда яшаётган халққа яхшилик қилиб, илоҳлар оловини ўғирлаб, Ер юзига олиб тушганини айб, жиноят деб билиб, жазога лойиқлигини айтади. Драматург Эсхилнинг халқсевар Прометейни жазоловчи олий ҳукмдор Зевсни золим деб қоралаб ёзиши ўша замонда буюк жасорат эди. Асарда темирчи усталар маъбуди Гефест ҳам биродари Прометейнинг ноҳақ жазоланаётганини айтади.
Асқар Қосимовнинг драматик асарида эса бошланғич саҳнада Зевс чиқиб, отаси Кроносни ва титанларни қириб йўқотгани билан мақтанади. У Прометейдан келажакни билгувчи Уч Майра сирини очишни талаб қилади. Прометейга онаси – Адолат маъбудаси Фемида, Хотира маъбудаси Мнемозина ва паҳлавон Ҳеракл (Геркулес) ёрдамга келадилар. Асқар Қосимовнинг бу асарини таржима демаймиз. Бу асар ҳажман жуда кичик бўлишига қарамай, ғоявий-бадиий жиҳатдан Эсхил асарига яқин келиши билан бизни ҳайратлантиради.
Асқар Қосимов Эврипиднинг “Медея”сини аниқ, адекват, аслига ярашиқли таржима қилган. Эсхил ва Софокл драмалари кўпроқ мифология асосига қурилган бўлса, Эврипид драмаларида мифологиядан реал воқеликка яқинлашилади, одамларнинг шахсий ҳаёти, характерлари биринчи ўринга қўйилади.
Арасту “Поэтика” асарида ёзишича, мифологик қарашлар бўйича Медея ўз фарзандларини ўлдирмаган, болалари олтин баррали қўчқорга миниб, бошқа юртга қочиб кетган эдилар, Эврипид драма сюжетида конфликтни, фожеий руҳни кучайтириш учун Медеяни ўз болаларининг қотили қилиб кўрсатган. Ҳақиқатан, Эврипид драмасида фожиа руҳи рашк ва болаларнинг ўлими билан ҳосил қилинган. Эврипид Ясоннинг бевафолигини кечирмаган Медеянинг характерида рашк офатини ишонарли кўрсатиб, томошабинлар бу фожиадан ибрат олсин, Ясон каби бойликка қизиқиб, севгисидан воз кечиб, бевафолик қилмасин, деб Медеянинг қотиллигини тўқиб чиқарган.
Драма бошланишидаёқ, энага Медеянинг гўдаклари бошига ўлим хавфи соя солиб турганидан қўрқинчи, болаларга раҳм-шафқати, дард чекиши, шундан сўнг Медеянинг кучли изтироблари берилади. Бу саҳна русча “аслият”да, оралиқ тилда қуйидагича ифодаланади, энага монологида Медея ва Ясон севгисининг тарихи, бу севги аввалбошидан бало, офатларни келтириб чиқаргани эслатилади:

Но удел Медеи стал иной. Её не любят,
И нежное глубоко страждет сердце.
Ясон детей с супругою в обмен
На новое отдать решился ложе,
Он на царевне женится – увы!
Оскорблена Медея, и своих
Остановить она не хочет воплей.
Она кричит о клятвах, данных ей…

Асқар Қосимов аввал севимли бўлган Медеянинг қадрсизланганидан, ҳақоратланганидан куйинишни ўзбекчада бундай ифодалайди:

Энди уни севмайдилар, меҳрибонлар ҳам
Йиғиштириб қўймоқдалар борди-келдини.
Гулдан-да воз кечарканлар ғунчани кўргач,
Ясон хотин ҳамда бола-чақаларидан
Қўл силтабон шоҳ қизига уйланмоқчимиш.
Шундай қилиб, таҳқирланган Медея бибиш
Шўрликнинг-да фиғонига еру кўк титрар.
Қани, дер, ул аҳду вафо, қани, дер, ул лафз –
Маъбудларни шоҳидликка чақира туриб.
Зеро, улар бетавфиқни кўриб қўйишсин:
Ясон – номард, Ясон – лафзсиз, Ясон – бевафо…

Шундан кейин таржимон Эврипиднинг энага тилидан айтилган шодлигу қайғуда, қаҳру ғазабда ҳаддан, меъёрдан ошиш фожиага олиб келиши ҳақидаги фикрларини ҳам ўзбекона, халқона сўзларда ифода қилган, русчада:

Умеренность, – сладко звучит
И самое слово, а в жизни
Всего нам желанней оно!
Избыток, в разладе с удачей,
И горшие беды на род
При гневе богов навлечет он…

Бу сатрлар ўзбекчада янада рангин ва равон:

Энг сараси, аълоси ҳам – меъёр сақламоқ,
Ҳаётда йўқ шундан бўлак ғазнаи олий!
Эҳтиёждан ошиқроғи омад келтирмас.
У қавмга юклаб қўйиб кўҳ ва кўҳ офат,
Йўлиқтирар маъбудларнинг ўтли қаҳрига…

Бизнингча, бу ерда “эҳтиёждан ошиқроғи” сўзлари ўринли эмас. Бунинг ўрнига “ҳаддан ошмоқ”, “ғазабини босолмаслик тоғ-тоғ офат келтириши”ни айтиш яхшироқ бўлур эди. Арасту ҳаким ҳам “Ахлоқи кабир” асарида барча соҳаларда ҳаддан ошиш, меъёрни билмаслик офат келтиришини айтган. Алишер Навоий ҳам “Беша (ўрмон) шерини, арслонини босиб йиқитган одам паҳлавон эмас, ўз ғазабини боса олган одам паҳлавондур”, деган эди.
Русча матн таржимони (Иннокентий Анненский) Медеянинг ўз аҳволи-руҳиясини томошабинларга арз қилишини бундай ифодалайди:

У вас – и город есть, и дом, и радость жизни…
Печальны вы – вас утешает друг.
А я одна на свете меж чужими,
И изгнана, и брошена…
Здесь ни дома ни матери, – никого…
Хоть бы одна душа, куда причалить
Ладью на время бурос…

Бу сатрларни ўзбек таржимони ҳам аниқ, равшан ифодалайди:

Сиз эгасиз шаҳрингизга, ўз уйингизга,
Дўсту ёрлар юпатишар ғамга ботсангиз.
Мен бўлсам-чи, бегоналар ичра ёлғизман.
Ҳам қувғинди, ҳам мосуво, ҳам суприндиман…
Бунда менинг на уйим бор ва на-да онам,
Кимсасизман – биродарим, қиблагоҳим йўқ…

Адолат юзасидан айтиш керакки, русча матнда бўлган ёрқин ташбеҳ, ўхшатиш – денгизда бўрон турса, қайиғимни асраб туриш учун бирор соҳилим йўқ, – деган ибора ўзбекчада тушириб қолдирилиши яхши бўлмаган. Аммо ўзбек таржимони бошқа кўп ўринларда қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатларини, характерларини кўрсатувчи саҳналарни русча таржимага нисбатан жонлироқ, рангинроқ, равонроқ, маъноларни теранроқ чиқарган. Масалан, драманинг салбий қаҳрамонларидан бири, Коринф шоҳи Креонт, Ясонни қонуний хотини Медеядан, болаларидан ажратиб, ўз қизига уйлантирган тубан шахс Медеяни қасддан хорлайди. Русчада Креонт сўзларида Медеянинг сеҳргарлигидан қўрқув оҳанги сезилади; Медеянинг “Мени нима учун бу ердан ҳайдайсан. Бунинг сири нимада?” деган саволига бундай жавоб беради:

О, тайны нет тут никакой: боюсь я,
Чтобы ты, жена, неисцелимых зол
Не причинила дочери моей.
Во-первых, ты хитра, и чар немало
Твой ум постиг, к тому же, ты теперь
Без мужа остаешься и тоскуешь…

Креонтнинг бу сўзлари ўзбекчага бундай таржима қилинади:

Ҳеч қанақа сир йўқ бунда, ҳаммаси равшан,
Қизгинамга панд берасан, деган хавфдаман.
Устомонсан, ялагансан илоннинг ёғин,
Бир кори ҳол бўлмасин деб, қўрқаман рости.
Боз устига эрсиз қолдинг, ҳижронзадасан…

Таржимон ўзбек, туркий халқларнинг тил бойлигидан оҳори тўкилмаган, пурмаъно сўзларни топиб, юнон драмаси қаҳрамонларининг ички дунёсини, руҳиятини чуқур очиб бера олган. Асар Эврипиднинг “Алкеста”, “Электра”, “Агомемнон”, “Киклоп” каби драмаларига нисбатан ҳажми кичикроқ, лекин реал воқеликка, ҳаётга яқинроқ, ибратлироқдир.
Истеъдодли ҳар бир шоир ўтмишдаги буюкларнинг шоҳ асарларини таржима қилар экан, улардан илҳомланиб, ўзи ҳам нодир асарлар ёзишга, юксакликка интилади. Асқар билан камина ҳамкорликда Апулейнинг “Олтин хўтик ёхуд эврилишлар” романини ўзбекчага таржима қила бошлаган эдик. Аммо, афсуски, шоир бевақт ҳаётдан кетди. Энди бу таржимани давом эттириб, тугатиш каминанинг зиммасида қолди.
Шоир ватанимиз, халқимиз ўтмишидаги жасур миллий қаҳра-монларимизни соғиниб, Истиқлолни орзу қилиб шундай ёзади:

Ҳоҳ-ҳо, яхши ёронлар қани?!
Кўз ташлашга дарду дармонлар қани?!
Ҳоҳ-ҳо, умид, армонлар қани?!
Ҳоҳ-ҳо, ақли ҳайронлар қани?!

Афсуски, нозиктаъб шоир руҳий касалхоналарда азоб тортиб, Истиқлолгача етиб келолмади. У, энди Ватанимиз мустақил, эркин, қудратли бўлганини кўрса, севинчи оламга сиғмас эди. Шоир тирик бўлганида ҳозир қутлуғ 70 ёшини қаршилаган бўлур эди.

«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 7-сон