Ҳабибулла Зайниддин. Қиссанавис адиб

Ўрта Осиё халқлари орасида илму фан, адабиёт ва санъатнинг кўплаб порлоқ намояндалари етишиб чиққан. Шундай сиймолардан бири 1485 йили Ҳиротда дунёга келган зукко олим, адиб ва шоир Зайниддин Маҳмуд ибн Абдужалил Восифий бўлиб, у ўз замонасидаёқ темурийлар салтанатининг пойтахти, Алишер Навоийдек буюк мутафаккир бошчилик қилган Ҳирот адабий муҳитида оғизга тушиб шуҳрат топган эди.

Биз Зайниддин Маҳмуд Восифийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида унинг ягона улкан асари бўлмиш “Бадоеъул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) орқалигина фикр юрита оламиз. Восифий бу асарини асосан эсдалик сифатида ёзган. У султон Ҳусайн Бойқаронинг набираси Мўмин Мирзонинг ўлдирилиши ҳақида ёзар экан, ўшанда ҳижрий 903 (мелодий 1497-98) йили ўзининг ўн икки, ўн уч ёшларда бўлганлигини гапиради. 1511 йили Ҳирот шоҳ Исмоил Сафавий томонидан ишғол этилганда Восифий 26 ёшда бўлган экан. Шунга кўра, унинг таваллудини тахминан 1485-86 йилларга тўғри келишлигини билиш мумкин. Унинг отаси — Абдужалил Ҳиротнинг олим ва фозил кишиларидан бўлиб, Зайниддин Маҳмуд ёшлигидан шеъриятга ҳавас қўйиб, 12—13 ёшидан шоир сифатида танила бошлаган эди.

Восифий эсдаликларидан шу нарсалар ҳам маълумки, у араб, форс тилларини ва замонасидаги диний-дунёвий илмларни пухта эгаллаган, ғоятда тиришқоқ, ўта заҳматкаш, қатъиятли, ростгўй, кучли хотира, ўткир зеҳн, истеъдод ҳамда жамики эзгуликларга йўғрилган олижаноб инсоний фазилатлардаги улкан қалб эгаси бўлган. У Ҳиротдаги мадрасани хатмлаб, Мирзо Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Фаридун Ҳусайн Мирзога котиблик, унинг ўғилларига эса муаллимлик қилган.

XVI аср бошларида Ўрта Осиё ва Хуросонда яна суронли алғов-далғовлар бошланиб кетди, кучайган ўзаро феодал урушлар бошқа илм-фан, санъат аҳллари сингари Восифий бошига ҳам бирдай оғир мусибатларни келтирган. Бу ҳолни биз унинг Машҳадга қилган сафар кечинмаларида ва 1507 йили Ҳирот Шайбонийхон томонидан ишғол этилганидан кейин содир бўлган воқеалар жараёнида рўйи-рост кўришимиз мумкин. Шарқий Хуросонни Эрон подшоҳи Исмоил Сафавий истило этган вақтларда эса, ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнгандай, бутун-бутун мамлакатларни бу балою офатлар ўз домига тортган ҳолда омонсиз қирғинлар талайгина истеъдод соҳиблари, илм-фан, адабиёт ва санъат дарғаларининг ёстиғини қуритган бўлса, уларнинг бир қисмини жаҳолат-разолат қурбонларига айлантирди. Тарихнинг заррин саҳифалари Мирзо Ҳайдар Дўғлотий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Биноий, Султон Али Машҳадий, ўша замоннинг машҳур мусаввири Камолиддин Беҳзод сингари кўплаб ажойиб сиймоларнинг ҳаётлари нақадар аянчли, фожиали кечганидан ҳикоя қилади.

Албатта, Восифий ҳам ана шундай аччиқ тақдир “марҳаматларидан” четда қолмаган. Кажрафтор фалак уни ҳаддан зиёд ҳаёт синовларига дучор этган. Хусусан, унинг “Бадоеъул-вақоеъ” асарида бу нарсаларга атрофлича кенг ўрин берилган.

Юқорида биз Зайниддин Восифий умрининг айни навқиронлик йиллари ҳар иккала мамлакатда бесаранжомлик авж олган даврларга тўғри келгани ҳақида қайд қилиб ўтган эдик. Булардан бири адибнинг она ватани бўлмиш Ҳиротнинг даставвал 1507 йили Муҳаммад (Шоҳбахтхон) Шайбонийхон томонидан таланиши эди. Қиссанавис адиб бу ваҳшиёна талон-тарож ва қирғинликларнинг бевосита ҳам билвосита жонли гувоҳи бўлди, халқ бошига тушган даҳшатли фожиаларни ўз кўзи билан кўрди.

“Бадоеъул-вақоеъ”да тарихан баён қилинишига кўра, темурийлар ўртасидаги ҳукм сурган ноаҳллик, доимий равишда бўлиб турадиган адоват, низо ва зиддиятли можаролар, табиийки, инқирозни, муқаррар ҳалокатни пайдо қилади, холос. Худди шундай ҳалокатни тезлаштирган ташқи ғанимлардан биринчиси Дашти Қипчоқ томондан қўшин суриб келган кўчманчи ўзбеклар бўлса, иккинчиси Исмоил Сафавий бошчилигидаги Эрон қўшинлари бўлган.

Кўчманчи ўзбеклар хони — Жўжжихон авлодидан бўлмиш Муҳаммад Шайбонийхон нафақат Мовароуннаҳрни, балки отни қамчилаб, бутун Шарқий Хуросонни ҳам босиб олишга муваффақ бўлган. Маълумки, бу пайтларга келиб, шарти кетиб парти қолган темурийзода Мирзо Ҳусайн Бойқаронинг (1439-1507 йил) қўлидан энди ҳеч нарса келмасди, бунинг устига бу султон орадан кўп ўтмай Аллоҳга омонатини топшириб ёруғ дунё билан видолашди ҳам. Бу ҳол эса ҳалокатли вазиятларни тезлаштирган ҳолда, ишни баттар чуқурлаштириб юборди. Уруш алангаси авжга олиб кетган эди. Тож-тахт учун давом этган беҳуда қон тўкишлар, курашлар, ўзаро феодал тўқнашувлар авжига минди. Натижада Шарқий Хуросон ҳам душман қўлига ўтди. Шундай қилиб, “бўлинганни бўри, айрилганни айиқ ер” деганларидай, темурийлар салтанати йўқлик сари равона бўлди.

Восифий Хуросоннинг иккинчи марта Эрон қўшинлари томонидан ишғол қилингани ҳақида ҳикоя қилар экан, ўзининг шиапарастлар қўлида қарийб шаҳид бўлаёзганини, фақатгина бир бахтли тасодиф туфайли зўрға омон қолганини ҳис-ҳаяжон билан баён этади. Шундан кейин қиссанависнинг машаққатли йўли бошланган.

У дастлаб Мовароуннаҳрга қочади, Самарқандга келиб у ерда бир ой чамаси яшагандан кейин Бухорога ўтади. Бу ерда ҳам аҳвол яхши эмаслигини кўрди ва шундай бўлса-да, бир оз вақт тургач, Сабронга (бу шаҳар Туркистон шаҳридан 40—50 чақиримча масофада жойлашган) йўналиб, у ерда ҳам озроқ давр турган. Сўнг Фанокент, Тошкент, Шаҳрисабз шаҳарларига ҳам сафар қилди. Шундай қилиб, у қаерга бормасин, бирдай ўша замонда юз берган хонавайронлик келтирувчи тинимсиз давом этган қирғинбарот жангу жадалларнинг оқибатида барча оғиргарчиликнинг залворли юки оддий меҳнаткаш халқ зиммасига тушганлиги боис, турмуш ниҳоятда ёмонлашганлигини ўз кўзи билан кўради. Кажрафтор фалак гардиши адиб Восифийни шундай сарсон-саргардонлик гирдобига улоқтирдики, бундай ҳол уни анча ғам-ғусса, чорасиз ташвишларга солган. “Бадоеъул-вақоеъ”да муаллиф Восифий бундай ҳолларни бадиий тарзда беками-кўст ёритганини ҳам кўрар эканмиз, унинг қаерларда, қай бир шаҳарларда, овулларда бўлмасин, у ерларга ўзининг ноқулай ташрифлари ихтиёрий бўлмаганини мусофирона ғариб ҳаёти тасдиқлаб турарди. Адиб шаҳарларда бўлганда уни гоҳ мадрасалардаги талабалар ҳужрасида, гоҳида эса олиму фузалолар, шоирлар анжуманларида, гоҳида оддий халқ орасида кўрамиз. У маҳаллий ҳокимлар саройида хизмат қилиб юрган чоғларида турли-туман соҳаларнинг соҳиблари, илм-фан эгалари билан бевосита мулоқотда бўлган. Маърифат, маданият ва давлат йўлида жонкуярлик билан жуда кўп иш қилгани унинг асари саҳифаларидан яққол кўриниб туради. Бу улкан оташқалб эгаси узоқ вақт ҳижронликда бўлиб, ҳаётнинг аччиқ қисматларию, машаққатларини торта-торта “ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ” ва яна “ўлмаган жондан умид” деганларидай ниҳоят ёруғ умидли кунларга ҳам эришади. Дастлаб у шайбонийлардан Келдимуҳаммадхон ноиблик қилган Сирдарё бўйидаги Шоҳруҳия шаҳрида яшаган. Сўнгра Тошкент ҳокими Севинчхожахон вафот этгач, унинг ўрнига ўтирган ўғли Келдимуҳаммадхон туфайли Тошкентда катта эътиборга сазоворли иззат-ҳурмат топди ва шу шаҳарда бир умрга турғун бўлиб қолган. 1529 йили Келдимуҳаммадхон Мовароуннаҳр султони бўлган Убайдуллохон бошчилигида Сафавийга қарши Шарқий Хуросонга қараб қўшин тортганида Восифий ҳам унга бевосита ҳамроҳ бўлганлигини яна унинг ўзининг қимматли асари бўлмиш “Бадоеъул-вақоеъ” орқали биламиз.

“Бадоеъул-вақоеъ” асари 1532 йилгача тарихан кечган барча воқеаларни ўз ичига олади. Зайниддин Восифий Хуросон ва Мовароуннаҳрда кечирган ҳаёти, ўз кўзи билан кўрган воқеаларни беҳад юксак бадиий маҳорат билан ғоятда жонли тарзда тасвирлаган.

Мазкур асар ниҳоятда қимматли бўлиб, XV асрнинг иккинчи чораги, темурийлардан Мирзо Шоҳруҳ ҳукмронлиги даврига ҳамда ундан кейинги ва сўнгги темурийзодалар, Мовароуннаҳрда Султон Али Мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Мирзо Бобур, Хуросонда Мирзо Ҳусайн Бойқаро замонидаги муҳим аҳамият касб этувчи тарихий воқеалар ҳақидаги маълумотлар унда етарлича салмоқли ўрин эгаллаган. Жумладан, энг қалтис пайтларда ҳам бу фоний дунёнинг ўткинчилигини унутиб, бир ёқадан бош чиқара олмаган темурий ҳукмдорлар ўртасидаги жанжаллар, айниқса, Ҳусайн Бойқаро фармонбардорлик қилган Хуросон пойтахти Ҳиротда ўша даврдаги низо, бегуноҳ қон тўкишлар ўқувчи эътиборини ўзига тортади. Масалан, китобда “Султон Ҳусайн Мирзонинг Хуросон вилоятидаги вазири аъзами Низомулмулк Ҳавофий ҳикояти” деган қисмида келтирилган ҳикоятидаги жоҳил амалдорларнинг билимсизларча олий мартаба — лавозимларга тайинланиши, шусиз ҳам куни битиб бораётган давлатни баттар ҳалокат сари етаклаган. Ушбу бобда баён қилинишича, шоҳ саройидаги фитна, фисқу фужур, шаҳзодаларнинг тож-тахт учун қонли курашлари кескин авж олади. Жумладан, “Султон Ҳусайн Мирзо: “Менинг салтанатим дуржида шундай бир лаъл борки, бирор бошқа подшоҳ хазинасида бўлмаган… — Хуросон тоши билан тахминан олтмиш ман келади… Шу аснода Хожа Низомулмулк пайдо бўлди. Подшоҳ: Мен сизга таъриф қилган лаъл мана шу”, деди.

Дунёнинг ҳақсизлиги ва подшоҳлар вафосизлигини кўрингки, шунда йил лаълни каҳрабога айлантирди!”1 Яъни, 1498 йил сентябрида Мурғоб дарёси ёқасида турган Ҳусайн Бойқаро мастлигида ўз хотини Ҳадичабегим ва вазири аъзам Низомулмулкнинг фитнасига учиб, суюкли набираси Муҳаммад Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақидаги буйруққа имзо чекиб юборади. Эртаси кун подшоҳ кайфи тарқаб ўзига келгач, қилиб қўйган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, азият чекади, аммо энди вақт ўтгандаги пушаймондан не наф дегандек, бу машъум воқеадан кейин кўп ўтмай, Ҳусайн Бойқаро Низоммулмулкни икки ўғли ва барча яқинлари билан қўлга олади. Низоммулмулкнинг кўз ўнгида аввал унинг икки ўғлини қатл эттириб, пўстига сомон тиқтиради, сўнг Низоммулмулкнинг ўзини тириклайин пўсти шилдирилади ва унинг барча яқинлари ҳам қатл эттириб, сомон тиқилган пўстларини дорга остиради. Ана шундай қилиб лаъл каҳрабога айланганлигини кўрамиз.

Қиссанавис муаллиф Зайниддин Восифий ўша вақтларда ўсмир бола бўлиб, отаси билан воқеа рўй берган қалъада (Ихтиёриддин қалъаси) бўлганлигини ва буларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўрганлигини ҳам ана шу мазкур асарида қайд этиб ўтади.

Ниҳоят, юқорида айтиб ўтганимиздек, темурийлар салтанатининг қўлдан кетиши кўпгина зиёбахш қалб эгаларининг, жумладан, асар муаллифининг ҳам дарбадарлик, сарсон-саргардонлигига сабаб бўлди. Зайниддин Восифийнинг Самарқандга келгандан кейинги бошидан кечирганлари, 1511—1512 йиллардаги воқеалар, Бобурнинг сўнгги бор Нажмий соний бошлиқ кучли Эрон қўшинлари ёрдамида Мовароуннаҳр пойтахти Самарқанд тахтини эгаллаши ва яна кўп ўтмай Хожа Убайдуллохон бошлиқ шайбонийлар томонидан қувилиши, шаҳар аҳолисининг ўша вақтларда “бало келса устма-уст” дегандай, бир томондан ҳаддан ташқари қаттиқ келган қиш даҳшатларидан, иккинчи томондан эса аёвсиз очлик, муҳтожликдан қирилиб кетиши каби ҳақиқатлар асарда рўйи-рост ўз аксини топган. Масалан, китобнинг “Самарқанд совуғи ва қиш шиддати, қаҳатчилик ва очарчилик туфайли…” деб номланадиган бобида муаллиф “Самарқандда вазминчилик ва қаҳатчилик шу даражага етдики, халқ фалак дастурхонидаги ою қуёш патиридан ўзга юмалоқ нон кўрмасди” (“Бадоеъул-вақоеъ”, 28-б.) деб тасвирлар экан, мадраса талабаларининг оғир, аянчли аҳволини ҳикоя қилади, чеккан азоб-уқубатларини бирма-бир ҳаққоний тарзда кўрсатади ва айни вақтда шу мушкул аҳволдан халос бўлиш учун ўзи томонидан амалга оширилган бир қатор нажотли тадбирларни баён этади, ўша даҳшатли воқеаларни китобхон кўз олдида гавдалантиради.

Зайниддин Восифий Тошкентда яшаган вақтида китобдаги “Ҳазрати Убайдуллохоннинг вазири тавсифида” бобида бу ўлканинг беқиёс гўзаллигини илҳом билан тасвирлаган. Қиссанавис адиб ўз асарида шаҳардаги боғ-роғларга таъриф берар экан, турфа хил нозу неъматлардан ҳайратланади. Ўн икки дарвозали Тошкент шаҳри қалъасининг метиндай мустаҳкамлигини таъкидлайди. Шунингдек, у Феруза, темир конлари ҳақида ҳам маълумотлар беради. Восифий қаламга олган жойларда дегрезлар яшаганлигини бошқа кўпгина манбалар ҳам тасдиқлайди. Восифийнинг ушбу ўлка ҳаётини жуда яхши билишини, Тошкент шаҳри ва вилоятининг таъриф-тавсифларга сиғмайдиган гўзал бир диёр эканлигини, ҳар томонлама тараққий этган жуда фаровон маданий марказлардан саналишлигини кўрсатишидан ҳам кўрса бўлади. Бу ўлкани Восифий айниқса, гул фаслларида бамисоли сепини ёйиб, оламга кўз-кўз қилган соҳибжамол келинчакка ўхшатса, тупроғини зарга, зилол сувларини гавҳари замзамга ўхшатади. Кўкка бўй чўзган ҳашаматли жимжимадор биноларидан эса, само юлдузлари ҳам рашк қилади, боғ-роғларининг васфини баён этмоққа қалам ожиз қолувчи жаннатдан айнан нишона, деб таърифлайди.

Маълумки, Амир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари Ҳирот осмонининг чарақлаган ёрқин юлдузи, Хуросон халқининг бирдан-бир таянчи, тинчлик қалқони — нажоткори бўлганидек, ўша пайтларда Тошкент хонининг улуғ вазири аъзами (бош вазири), аср нодири бўлган фуқаропарвар Жалолиддин Юсуф Қошғарий ҳам ана шундай Тошкент шаҳри осмонининг порлоқ қуёши, шу ўлка аҳлининг меҳрибон ғамхўри, нажоткори бўлганлигини, юрт ободончилиги, илм-фан, маданият, маърифат ва санъат йўлида фидойи инсонлиги, жамики илм-ижод аҳлига бош-қош, раҳнамо бўлиб, уларга ҳар томонлама кўмак ила рағбат кўрсатганлигини ҳам худди шу Зайниддин Восифийнинг асаридан биламиз. Яна бу улкан қалб эгаси бўлган сиймойи азизуллоҳ Жалолиддин Юсуф Қошғарий айни бир вақтда нафақат давлат арбоби, балки замонасининг беқиёс истеъдодли ҳунарпарвар мусаввири ҳам бўлганлиги тўғрисида Зайниддин Восифий маълумот беради.

Биз Зайниддин Восифийнинг табаррук қадамжой бўлган Тошкентда кечган ҳаёти давомидаги фаолияти, яъни, қандай хизматларда бўлганлигини бўлак манбаларда кўрсатилмагани учун билмасдик, унинг мазкур китобида адибнинг ўзи маълумот беради. Жумладан, у: “Бир куни олижаноб… вазир хожа Жалолиддин Юсуф Қошғарий хонасида эдик. Мазкур хожа улуғ хон ҳазрати мулозиматидан келиб, бу каминани ҳузурларига чорлаётганлари ҳақида хушхабар келтириб, дедилар: “Бугун ҳазрати хон мажлисида Тошкентнинг акобиру улуғлари, уламою фузалоси жам бўлган эди. Илму уламо фазилатлари борасида сўз борарди… Аълоҳазрат хон дедиларки, “илло алҳамду валминнату”ки мунаввар замиримизда лавҳи ва кўнглимиз саҳифасига илм соҳиблари иззату икроми битиклидир… Шундай экан, энди биз суюкли саодатманд фарзандимиз, салтанатимизнинг кўрар кўзи ва қудрати… Наврўз Аҳмадхонга муаллимлик ва сабоқ бериш мансабига… илмий ва адабий фазилатлари… билан маъруф бўлган мавлоно Камолиддин1 Восифийни тайинлаймиз. Чунончи, маъқул хислатлари ва ёқимли шамойили бу саодатманд фарзандимизга камолот асбобидан таҳсил беришда ва одобу адолат расм-русмларини камолга етказишда жидду жаҳди етарлидир…”

Иттифоқо шу куни саодатли соатда ихтиёр қилиб, улуғ хожа тегишли тайёргарликни кўриб, девонхонада бу каминани мажлисга таклиф қилди. Ҳазрати Султон Наврўз Аҳмад мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг назмий сарфини ўқишдан бошлади. Унинг жидду жаҳди шу қадар эдики, эрта тонгдан намозгаргача, кечқурундан шомгача мутолаа ва баҳс зикри билан машғул бўларди. Бир лаҳза ҳам унинг хаёли сабоқдан ташқари чиқмасди. Баъзида тезрафтор қалам жиловини сахий бармоқлар ихтиёрига бериб, руҳият ҳандасаси бўлмиш хат қоидаларига машғул бўларди. Андоқ фурсатда “илм қаламдандир” сўзи ёрдамида сулс тавқеъики, насх ғуборини замон хушнавислари риқоъсига сепарди; гўзаллар хатти райҳонидек диллар таълиқини таҳрир қиларди. Хат ва қалам сурмоқ фанларида, иншо турлари ва фасоҳатли жумлалар тузишда замонасининг илғорларидан бўлиб қолди…” — деб ёзадики, бундан унинг ҳукмдор саройида мударрислик хизматида муқим бўлиб қолганлигини кўрамиз. Адибнинг бу китоби барча асрларда ҳам ўз қадр-қимматини заррача йўқотмай маънавий озуқа бўлган ҳолда мутлоқ қўлдан тушмай келганлиги ҳам шубҳасиздир. Мазкур китобнинг таржимаси масаласига келсак, уни XIX асрнинг бошларида асли хоразмлик бўлган замонасининг забардаст олими, маърифатпарвар шоир ва муаррих мавлоно Диловорхўжа форс-тожик тилидан туркий — эски ўзбек тилига тўла таржима қилиб, китоб ихлосмандларига туҳфа этган эди. Бу ҳақда олим ва мутаржим Диловорхўжанинг ўзи китобнинг муқаддимасида: “…Жумладан, Муҳаммадризо Қушбеги бу камина фақирга хитоб айлаб дедиларки, “Адиб Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъул-вақоеъ” китоби форсий тили бирлан битилмишдир, магар они туркий тилиға таржима қилинса, ўйлайдурменким, туркий халқинға бешак ажойиб туҳфа бўлғон бўлур эрди ҳамда китобнинг марғуб хосиятлариндин бисёр баҳра олғайлар эрди”, фақирға ҳам бул иш маъқул ва мақбул бўлғониндин сўнгра, тарих санаи ҳижрий 1241 (мелодий 1825 йили) эрдиким, хайирли ишға қўл уриб, Восифийнинг китоби туркий тилинға таржима бўлди. Бул китобнинг сўзсиз назири йўқ эрди”1 — деб ёзади. Бир оз вақтлар ўтиб, 1875 йилга келганда бу китоб номаълум хаттот томонидан рус қоғозида 360 варақ, яъни 720 бетдан иборат этиб кўчирилган. Ҳозирда мавлоно Диловорхўжанинг ушбу таржимаси ҳам Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий тадқиқот институтининг қўлёзмалар фондида сақланади. Тарихчи олим, мутаржим Наим Норқулов эса мазкур “Бадоеъул-вақоеъ” асарининг форсий тилидаги нусхасидан фақат озгина бир қисминигина танлаб олиб, уни сўзбоши, қисқача луғат ва изоҳлар билан ўзбек тилига қайта муваффақиятли ўгирган.

Зайниддин Восифий ўзининг мазкур китобини 1532 йили ёзиб тугаллаганлиги ҳақида ҳам унинг шу асарида қайд этилган. Адибнинг ундан кейинги ижоди борасида бу асарда ҳам бошқа ўша даврларга оид асарларида — манбаларда кўрсатилмаган. Аммо унинг 1566 йили 81 ёшларида Тошкент шаҳрида оламдан ўтганлиги тўғрисида гапирилади. Қадимий қўлёзмалар илмининг зукко билимдон сардори, Шарқшунослик илмий тадқиқот институтининг собиқ катта илмий ходими бўлган, қарийб тўқсон йил умр кечирган (у кишининг таваллуд топган йили 1899 йил, риҳлатлари 1988 йилдир) Абдулла ота Насировнинг ҳаётлик вақтларидаги бир суҳбатда айтганларига қараганда биз қаламга олган қиссанавис Зайниддин Маҳмуд Восифийнинг қабри Шайх Зайниддин мақбараси яқинида дафн этилган экан.

“Бадоеъул-вақоеъ” муаллифи XV аср ўрталаридан XVI асрнинг қарийб ўрталаригача кечган Ўрта Осиё, хусусан, Мовароуннаҳр ҳамда Шарқий Хуросонда бўлиб ўтган тарихий ҳаётни чуқур эҳтирос билан ҳаққоний тасвирлашга ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам ўз вақтида бу нодир асардан шарқшуносликнинг кўп етук ва машҳур олимлари: В.В.Бартольд, В.Э.Бертельс, А.О.Якубовский, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов, Т.Н.Қориниёзий, А.Н.Болдирев, атоқли ўзбек адибларидан Ойбек, Уйғун, Иззат Султон, Шайхзода ва бошқалар ўз илмий ижодий ишларида кенг фойдаланганлар. Атоқли адиб Садриддин Айний ўзининг “Намунахои адабиёти тожик” китобида бу асарни юксак бадиий кўтаринки руҳда амалга оширилган “Ўрта Осиё ва Хуросон халқлари тарихининг узвий равишдаги ёрқин кўзгусидир” деб атаган эди. Шунга кўра, Зайниддин Восифийнинг мозийдан садо берувчи бу асари ўзбек тилига тўлиқ нашр этилар деган умиддамиз. Зеро, шундай қилинганда сўнмас сиймолар бўлмиш барча улуғ аждодларимизнинг руҳи поклари илло шод этилган бўлур эди.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 6-сон